1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Исроилиёт ва уларни ривоят қилишнинг ҳукми

09:57 / 25.03.2017 4375 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: у киши дедилар: «Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳ ўз пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган ҳали эскирмаган яп-янги хабарлари бор  китобингиз орангизда бўла туриб Аҳли китоблардан ҳеч нарса ҳақида сўраманг. У Китоб Аҳли китоблар Аллоҳнинг китобини бузиб ўзгартирганликлари ва ўз қўллари билан ёзиб туриб, уни озгина пулга сотишлик учун: «бу Аллоҳнинг ҳузуридан нозил бўлган», деганликларини сизларга айтиб қўйгандир. Ёки сизларга берилган илм улардан савол сўрашликдан сизларни қайтармайдими? Аллоҳга қасамки улардан ҳеч бири сизларга нозил қилинган китоб ҳақида сизлардан савол сўраганликларини кўрмадик»


         Биз айрим нотиқларнинг суҳбатларида бўлганимизда, баъзи бир муносабатларда иштирок этганимизда, қолаверса пайғамбарлар тарихи ҳамда панду насиҳатга доир китобларни варақлаганимизда Одам атонинг қайси дарахт мевасидан егани,  Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасининг катталиги ва у билан боғлиқ тафсилотларни, Довуд алайҳиссалом ҳақларидаги куракда турмайдиган гап сўзларни ва ҳоказоларни эшитамиз ёки ўқиймиз. Ҳатто уларнинг ботил гаплар эканлигини аниқ билгандан кейин ҳам улар ҳақида балки ростмикин(!) деган шубҳаларга тушиб қоласан киши.


         Қачон сабр ҳақидаги мавъизага қулоқ тутсангиз Айюб алайҳиссаломни Аллоҳ имтиҳон қилгани ҳақидаги хабарларни албатта зикр қиладилар. Қуръонда ҳам ҳадисда ҳам тафсилоти келтирилмаган бундай хабарларни ривоят қилиш билан  пайғамбарлар шаънига туҳмат ёки бўҳтон қилаётганликларини билмайдилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Аҳли китобларнинг ана шу каби қиссаларини зикр қилганларга саксон дарра урдираман деган эканлар. Чунки улар анбиёларга бўҳтон қилаётган бўладилар.


Исроилиёт- бу Қуръони каримда келган ҳукмлар ва қиссаларнинг тафсирлари ва ривоятлари мажмуасидир. Уларнинг қаҳрамонлари Қуръони каримда номлари зикр қилинган аввалги даврда яшаб ўтган шахслардир. Агарчи  бу исм ўзининг ташқи кўриниши билан яҳудийликни кўрсатиб турган бўлса-да, исроилиёт деб номланишининг сабаби ё унинг аслига қараб бўлган. Чунки аслида насронийлар ҳам Бани Исроилга мансубдирлар. Ёки устун қўйиш юзасидан бўлган. Чунки бундай хабарларнинг кўпроғи яҳудийлардан нақл қилинган. Ёки бошқа сабаблари ҳам бўлиши мумкин.


 Кўпгина исроилиётлар Каъбул Аҳбор ва Ваҳб ибн Мунаббиҳ сингари Исломни қабул қилган яҳудийлар орқали тафсир китобларига кириб келган. Аммо кейинроқ фақат мусулмон бўлган яҳудийлар билан кифояланиб қолинмасдан кўпгина мусулмон муфассирларнинг ўзлари ҳам қиссаларни тафсир қилишда яҳудийларнинг китобларига мурожаат қилганлар.


Ибн Жарирнинг замонидан бошлаб бугунги кунга қадар ёзилган тафсирлар ичида камдан- кам китобларгина исроилиётлардан холи деб айтиш мумкин. Тўғри, ана шу ривоятларни танқидий нуқтаи назар билан нақл қилган муфассирлар ҳам бўлган. Айниқса уларнинг мутааххиринлари Аҳли китобларнинг китобларини ўқиб ундаги бузиш ва ўзгартиришларни билганлар. Аммо бу ҳам кенг қамровли бўлмаган. Ана ўша танқидий нуқтаи назар билан ривоят қилганларнинг ўзлари ҳам кўпгина ўринларда кўплаб исроилиётларни ривоят қилганлар.


 Ибн Халдун ўзининг «Муқаддима»сида исроилиётга оид ривоятларнинг кўплиги сабабларини зикр қилиб шундай деган: «Мутақаддиминлар бу борада яъни нақлий тафсир борасида жам бўлганлар. Бироқ уларнинг китоблари ва нақл қилганлари ичида яхшиси ва ёмони, мақбули ва мардуди бор. Бунинг сабаби шуки, араблар аҳли китоб ҳам аҳли илм ҳам эмас эдилар. Уларда саҳройилик ва уммийлик устунлик қилар эди.


Кишининг  қалбида борлиқдаги сабаблар, яратилишнинг аввали, борлиқнинг сирларига доир иштиёқ уйғотадиган нарсаларни билишга қизиқсалар албатта улар ҳақида ўзларидан олдинги Аҳли китоблардан сўрар эдилар. Улардан истифода олар эдилар. Улар Таврот аҳли бўлган яҳудийлар ва уларнинг динларига эргашган насронийлардир. Араблар орасидаги бугунги Таврот аҳллари улар сингари саҳройидирлар. Таврот ҳақида ҳамма Аҳли китоблар билган нарсадан бошқа нарсани билмайдилар. Уларнинг яҳудийликни қабул қилган “Ҳимяр” аҳлидандирлар. Улар Исломни қабул қилгач  ўзлари билган илмлари билан қолдилар. Шулар орасида эҳтиёткор бўлиш лозим бўлган шаръий аҳкомларга алоқаси бўлмаган нарсалар- яратилишнинг аввали ҳақидаги хабарлар, бўлиб ўтган воқеа ҳодислар ва жангу жадаллар ҳамда шу кабилар бор эди. Улар Каъбул Аҳбор, Ваҳб ибн Мунаббиҳ ва Абдуллоҳ ибн Салом кабилардир. Шундай қилиб тафсир китоблари улардан нақл қилинган ривоятлар билан тўлиб кетди»... Муқаддимату Ибн Халдун. 279 саҳифа.


Уламоларнинг, хусусан муфассирларнинг ушбу исроилиётга муносабатлари уч хилдир:


А- уларнинг ораларида Ибн Жарир Табарий сингари исроилиётларни иснодлари билан кўплаб зикр қилганлари бор. Ва улар иснодларини зикр қилишлик билан уларнинг уддасидан чиқмоқдамиз деган ўйда бўлганлар.


Б- уларнинг ораларида худди кечаси ўтин тергувчи кишига ўхшаб кўплаб исроилиётларни зикр қилган ва кўпинча иснодларисиз келтирганлар бор. Бунга Бағавийнинг тафсирини мисол келтириш мумкин. Ибн Таймия унинг тафсири ҳақида шундай дейди: «У Саълабийнинг мухтасаридир. Лекин у ўз тафсирини мавзуъ ҳадислар ва бидъат фикрлардан эҳтиёт қилган». Саълабий ҳақида гапирар экан  «У кечаси ўтин терадиган кимсага ўхшайди. Тафсир китобларидан нима бўлса- саҳиҳ, заиф ва мавзуъ эканига қарамасдан нақл қилаверади».


С- уларнинг ораларида Ибн Касирга ўхшаб кўплаб исроилиётларни зикр қилганлар бор. Аммо улар бошқалар зикр қилган гапларни заифга ёки мункарга чиқарганлар.


Д- уларнинг орасида Муҳаммад Рашид Ризо сингари исроилиётларни рад қилишда муболағага кетиб улардан ҳеч нарсани ўзининг тафсирида зикр қилмаганлар бор.


Замонамизга яқин муфассирлардан бўлган Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ (вафоти 1250 ҳижрийда)нинг тафсири исроилиётларнинг озлиги билан бошқа тафсирлардан ажралиб туради. Ҳатто унда учрамайди ҳам. Бор бўлса ҳам раддия қилиш учун келтирилган. Ҳатто Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ исроилиётларни қаттиқ танқид қиладиган муфассирлардан эди. Зотан у имкони бўлган жойда исроилиётни танқид қилиб ўтади.


Имом Олусий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1270 ҳ) ўзининг тафсири «Руҳул Маоний»да ривоятларни қаттиқ текширади, хабарларни диққат билан ўрганади. Ва исроилиётларни бутунлай инкор қилади.


Ана шу исроилиётлар тафсир илмига салбий таъсир қилган. Чунки ёлғон- яшиқ  ва уйдирма бўлган кўпгина қиссалар бу илмга кириб келган. Ана шу нарса уламоларни уларга қарши курашга ундаган. Уларни ривоятни текшириш меъйорларига солиб ўрганишган. Уларнинг мақбул ва мардудини аниқлашда шариатнинг мезонига солишган.


Исроилиётга уларни яҳудийлар ва насронийларнинг ўзларидан олдинги ўтган умматлари, анбиёларининг қиссалари ҳақидаги ривоятларидир деб таъриф беришимиз мумкин. Исроилиётдаги  яҳудийлик тарафининг насронийлик тарафидан устун келишининг сабаби шуки, илк исломий даврларда улар мусулмонлар билан бир юртда яшар ва кўпроқ аралашиб юрар эдилар. Дарҳақиқат Қуръонда ҳам Таврот ва Инжилда ворид бўлган мавзулар   зикри келгандир.


Масалан Одам алайҳиссалом, у кишининг ерга тушишлари ҳақидаги қисса, Мусо алайҳиссаломнинг ўз қавми яҳудийлар билан бўлган қиссаси, Исо алайҳиссалом ва оналари Марям қиссаси шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси бизга эслатма ва ибрат бўладиган даражада қисқача тарзда Қуръони каримда ворид бўлган хабарлардир. Ўша қиссаларнинг тафсилотлари ҳақида унда тўхталиб ўтилмаган.


Мусулмонлар Қуръондаги ана шу қисқачаликнинг ўз шариатларига хилоф келмайдиган тафсилотларини олдинги динларнинг вакилларидан топдилар ва уларга мурожаат қилдилар, улардан кўчирдилар. Ана шу хабарларнинг саҳиҳлиги ёки саҳиҳмаслигини текшириб ҳам ўтирмадилар.


Аллоҳ таоло Қуръонда аҳли китобларнинг ўз китобларини бузиб юборганликларининг хабарини бериб: «калималарни ўз жойидан бузиб-ўзгартирувчилар», дейди.


Яна: «Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин!»


Шунингдек Пайғамбар ҳам ўз асҳобларига аҳли китобларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш кераклигини  баён қилиб: «Аҳли китобларни тасдиқламанг ва уларни ёлғонга ҳам чиқарманг», дейдилар.


Бироқ мусулмонлар аҳли китоблардан нақл қилишда бепарво бўлиб кетдилар ва шу тариқа исроилиётлар тафсир китобларига кириб келди.


Исроилиёт ва уларнинг маъсур тафсирларга таъсири:


Уламолар исроилиётларни учта қисмга бўладилар:


Биринчиси: мақбул: бу- саҳиҳлиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали саҳиҳ нақл билан маълум бўлган хабарлар. Масалан «Каҳф» сурасидаги «Ўз даргоҳимиздан раҳмат ва Ўз тарафимиздан илм ўргатган» банданинг Хизр алайҳиссалом эканликларини таъйин қилишлик. Чунки Бухорийнинг «Саҳиҳ»ининг тафсир китоби(Мусо алайҳиссаломнинг Хизр алайҳиссалом ҳузурларига боришлари ҳақидаги боб ва Хизр алайҳиссаломнинг  Мусо алайҳиссалом билан қилган суҳбати ҳақидаги боб)да  келган саҳиҳ ҳадисларда бу нарса ворид бўлган. Бу нарса Муслимнинг «Саҳиҳ»ида (Хизр алайҳиссаломнинг фазилатлари ҳақидаги боб)да ҳам ворид бўлган.


Ёки шариат тарафидан уни қувватлайдиган шоҳиди бор бўлган хабар. Бунга Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган кўпгина қиссаларни мисол қилиш мумкин. Масалан Кифл қиссаси ва бошқаларни. Талҳанинг мавлоси Саъддан. У Ибн Умардан ривоят қилади. Ибн Умар деди: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир гап айтаётганларини эшитдим. Агар уни бир ёки икки марта эшитган бўлсайдим. Ҳатто етти мартагача санаб ўтди. Лекин мен у кишидан ундан ҳам кўп марта эшитдим. Мен расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундоқ деяётганларини эшитдим: «Бани Исроилдан бўлган Кифл ўзи қилган гуноҳлардан сақланмас эди. Бир хотин унинг олдига келиб, унга яқинлик қилиш эвазига олтмиш динор берди. Қачонки у хотиннинг эр ўз хотинига ўтирадиган жойига ўтирган эди хотин қалтираб йиғлашга тушди. Кифл унга: «Сени нима йиғлатди? Мен сени мажбур қилдимми?» деди. Хотин: «Йўқ, лекин мен бу ишни ҳеч ҳам қилмаганман. Мени бу ишга муҳтожлик мажбур қилди», деди. Шунда кифл унга: «Сен ўзинг қилмаган ишни қиласанми? Боравер, берганим сенга ҳадядир», деди. «Йўқ, Аллоҳга қасамки, бундан кейин асло Аллоҳга исён қилмасман», деди ва ўша кечаси вафот этди. Тонгда унинг эшигига: «Аллоҳ Кифлнинг гуноҳини кечирди», деб ёзиб қўйилган эди».». Аҳмад (4747) ва Термизийлар (2496) ривоят қилиб, ҳасан ҳадис деб айтган. 


Итга сув берган Бани Исроиллик зинокор аёлни Аллоҳ мағфират қилиб, уни жаннатга киргизгани ҳақидаги қисса. Абу Ҳурайра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. У киши дедилар: «Бир зинокор хотин иссиқ бир кунда қудуқ атрфида айланиб ётган бир итни кўриб қолди. Чанқоқдан итнинг тили осилиб қолган эди. Хотин дарҳол ўзининг оёқ кийимини ечиб олиб, унга сув берди. Натижада Аллоҳ у хотинни мағфират қилди». Ҳадисни Аҳмад (10583), Бухорий(3280) ва Муслимлар (5998)ривоят қилишган.


Аллоҳ имтиҳон қилмоқчи бўлган Бани Исроиллик кўр, кал ва моховга чалинган уч кишининг қиссасини Бухорий ривоят(3277) қилган. Бунга Бухорий ва бошқаларнинг Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадислари мисол бўлади:


«Яҳудий олимларидан бирлари расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, деди: «Эй Муҳаммад, бизлар кўрамизки, Аллоҳ осмонларни бир бармоғи устига, ерларни бир бармоғи устига, дарахтларни бир бармоғи устига, сув ва юлдузларни бир бармоғи устига ва бошқа халоиқларни  бир бармоғи устига қилиб қўйиб: «Мен Подшоман», дейди», деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудий олимнинг сўзининг тасдиғи ўлароқ кулиб юбордилар  ҳатто у зотнинг тишлари кўриниб кетди. Сўнгра расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳнинг қадрини тўғри тақдирламадилар. Ҳолбуки, ер борлигича Унинг сиқимидадир. Осмонлар эса, Унинг қудрат қўлига йиғилгандир. У зот улар ширк келтираётган нарсалардан пок ва юксакдир» (Зумар:67) оятини ўқидилар».


Иккинчиси: сукут сақланган хабарлар: улар саҳиҳлиги ёки ёлғонлиги маълум бўлмаган хабарлар. Бу қисмдаги хабарларни ривоят қилишлик эслатма ва ибрат учун жоиз. Унинг рост ва ёлғонлигига ишонмаймиз. Бунда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Ҳурайра ривоят қилган амрларига итоат қиламиз. «Аҳли китоблар иброний тилидаги Тавротни ўқир, уни араб тилида аҳли Исломга таржима қилиб берар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли китобларни тасдиқ қилманг ва ёлғончига ҳам чиқарманг. Ва: «Биз ўзимизга нозил қилинган ва сизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик», денглар дедилар». Бухорий ривояти. (4485 ,7362 ,7582)


Абу Саид Худрийдан: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олманглар. Кимда ким мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олган бўлса, уни ўчириб ташласин». Яна дедилар: «Бани Исроилдан ривоят қилингиз ва ҳараж йўқдир. Мендан ривоят қилинг ва менга ёлғон тўқиманг». Яна дедилар: «Кимда ким менга ёлғон тўқиса, (Ҳаммом: «қасд қилган ҳолда», деган бўлсалар керак, дейди) бас, дўзахдан ўзига жой ҳозирласин». Аҳмад, Доримий, Муслимлар ривоят қилишган.


Имом Молик -раҳимаҳуллоҳ- дедилар: «Бундан мақсад улардан –яъни Аҳли китоблардан- бўлиб ўтган яхши ишларни ривоят қилишликнинг жоизлигидир. Аммо ёлғонлиги маълум бўлган хабарларни ривоят қилиш жоиз эмас». Фатҳул Борийдан.


Учинчиси: мардуд хабарлар: бундай хабарларнинг ёлғонлиги маълум бўлади. Чунки улар бизнинг шариатимиз билан чиқишмайди ёки ақлга тўғри келмайди. Уни тасдиқ қилиш ҳам, қабул қилишу ривоят қилиш ҳам  дуруст бўлмайди. Агар муфассир уни ўзининг тафсирида ривоят қиладиган бўлса уни тушунтириб ўтиши вожиб бўлади. Бундай хабарлар сирасига Юсуф алайҳиссаломнинг қиссасини, Довуд алайҳиссаломнинг қиссасини, Айюб алайҳиссаломнинг қиссасини ва бошқаларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бундай хабарларнинг мардуд бўлишига сабаб уларнинг шариатимиз мезонларига тўғри келмаслиги ва ақлга мувофиқ эмаслигидир.


Ибн Касир ўзининг тафсири муқаддимасида «Мендан биргина оятни бўлса ҳам еткаринг. Бани Исроилдан ривоят қилинг ва ҳараж йўқдир. Кимда ким менга ёлғон тўқиса бас ўзининг жойини дўзахдан ҳозирлайверсин» ҳадисини зикр қилганидан сўнг шундай деган:


«Лекин бу билан исроилиёт хабарларини далил- исбот ва эътимод  қилиш учун зикр қилинмайди. Чунки улар уч хилдадирлар: биринчиси: бизнинг қўлимиздаги китоблар орқали уларнинг тўғрилигини билсак унинг тўғри эканлигига гувоҳлик берадиган нарсалар. Буларни ривоят қилиш дуруст. Иккинчиси: биздаги далиллар ёрдамида уларга хилоф бўлганидан  ёлғон эканлиги маълум бўлган нарсалар. Учинчиси: сукут сақланган хабарлар. На бу қабилдан ва на у қабилдан эмас. Шунинг учун уларга ишонмаймиз ва ёлғонга ҳам чиқармаймиз. Юқоридаги шарт асосида уларни ривоят қилиш жоиздир. У хабарларнинг кўпларидан динга фойда етмайди. Шунинг учун Аҳли китобларнинг уламолари бу борада кўп ихтилофга борадилар. Ана шу сабабдан муфассирлар орасида ҳам ихтилоф бор. Масалан Каҳф эгаларининг исмлари, итларининг ранглари ва ададлари, Мусонинг асоси қайси дарахтдан бўлганлиги, Иброҳим учун Аллоҳ тирилтирган қушларнинг исмлари кабилар. Ўлдирилган одам сигир гўштининг қайси бўлаги билан урилгани, Аллоҳ Мусо билан қайси дарахтдан туриб сўзлашгани ва булардан бошқа хабарларки, Аллоҳ таоло Қуръонда улар ҳақида аниқ гапириб ўтмаган. Уларни аниқ қилишда ҳам бандаларнинг на динлари ва дунёларида фойдаси тегмайди. Аммо Аҳли китобларнинг улар ҳақидаги ихтилофини зикр қилиб ўтишлик жоиздир. Чунки Аллоҳ таоло ҳам: «Ҳали улар: «Учтадирлар, итлари тўртинчиларидир», дерлар. Ва: «Бештадирлар, итлари олтинчиларидир», деб ғайбга тош отарлар. Ва: «Еттитадирлар, итлари саккизинчиларидир ҳам», дерлар», деган». Ибн Касир тафсири 131.


Биз  ўша жойга етганимизда  гапларни батафсил келтириб ўтишимиз, уларнинг саҳиҳини кўрсатиб нотўғрисини ботилга чиқаришимиз керак бўлади.


Ислом инкор қилган ва ёлғон эканлигига шоҳидлик берган хабарлар ботил бўлади. Бунга мисол қилиб Бухорийнинг Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ушбу ривоятини келтириш мумкин: «Яҳудийлар агар эр ўз хотинининг олд тарафига орқа томонидан туриб яқинлик қилса боланинг кўзлари ғилай бўлиб туғилади, дер эдилар. Шунда: Бақара сурасидаги: « Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг. Ўзингиз учун (яхшилик) тақдим қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз. Мўминларга башорат бер» оят нозил бўлди».


Аҳли китоблардан дийндаги масалалардан бирортаси ҳақида сўрашлик ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу нарса ҳаромдир. Имом Аҳмад Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Сиз Аҳли китоблардан ҳеч нарса ҳақида сўраманг. Чунки улар ўзлари адашган ҳолларида сизларга ҳаргиз тўғри йўл кўрсатмайдилар. Чунки сизлар ё ботилни тасдиқлайсиз ёки ҳақни ёлғонга чиқарасиз. Агар Мусо ораларингизда тирик бўлганида менга эргашмоқдан ўзгаси унинг учун ҳалол бўлмас эди».


Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: у киши дедилар: «Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳ ўз пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган ҳали эскирмаган яп-янги хабарлари бор  китобингиз орангизда бўла туриб Аҳли китоблардан ҳеч нарса ҳақида сўраманг. У Китоб Аҳли китоблар Аллоҳнинг китобини бузиб ўзгартирганликлари ва ўз қўллари билан ёзиб туриб, уни озгина пулга сотишлик учун: «бу Аллоҳнинг ҳузуридан нозил бўлган», деганликларини сизларга айтиб қўйгандир. Ёки сизларга берилган илм улардан савол сўрашликдан сизларни қайтармайдими? Аллоҳга қасамки улардан ҳеч бири сизларга нозил қилинган китоб ҳақида сизлардан савол сўраганликларини кўрмадик».  


Яхшилаб эътибор берадиган бўлсак исроилиёт хабарларнинг асосан тўртта шахсдан ривоят қилинганини кўрамиз. булар: Абдуллоҳ ибн Салом, Каъбул Аҳбор, Ваҳб ибн Мунаббиҳ ва Абдулмалик ибн Абдулазиз ибн Журайжлардир.


1. Абдуллоҳ ибн Салом: Абдуллоҳ ибн Салом ибн Ҳорис- буюк саҳобий бўлган. Куняси Абу Юсуф. Заҳабий «Сияр»ида  у кишини яҳудий олими, имом, жаннат башоратини олган, ансорларнинг иттифоқдоши ва пайғамбарнинг хос саҳобаларидан бири бўлган деб ёзади. Бани Қайнуқоъ яҳудийларидан бўлган.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Оли Имрон сурасининг 113 ва 114 оятлари Абдуллоҳ ибн Салом, Саълаба ибн Саъия ва Асад ибн Убайдлар ҳақида нозил бўлганини айтади.


Ботил нарсани нақл қилмаган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мусулмон бўлган. Икки Саҳиҳ ва бошқа китобларда келганидек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини жаннати деб шоҳидлик берганлар. Ибн Салом пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кам ҳадис ривоят қилган. Аҳли китоблардан ҳам кам ривоят қилган. У киши яҳудийларнинг олими, уларнинг ўзлари берган шоҳидлик билан энг илмлиларидан бири бўлган. Исроилиётлардан Ибн Салом орқали келганлари агарчи уларнинг китобларида ҳозир мавжуд бўлмасада албатта тасдиқ қилиниши керак бўлади. Чунки уларнинг китобларидаги кўп нарсалар ўчириб юборилгани аниқ бўлган. Абдуллоҳ ибн Салом ҳақларида фақат жоҳил ёки Аллоҳ ва Унинг расулини ёлғонга чиқаргувчи одамгина ёмон гумонга боради.


Бухорийнинг Саҳиҳида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага келганликлари ҳақидаги хабар Абдуллоҳ ибн Саломга етиб келганида у кишидан айрим нарсаларни сўраш учун у зотнинг ҳузурларига келган ва: «Мен Сиздан пайғамбардан бошқа ҳеч кимса билмайдиган уч нарса ҳақида сўрайман. Қиёматнинг биринчи аломати нима? Жаннат аҳли ейдиган биринчи таом қайси? Нима учун бола ўз отаси ёки онасига тортади?» деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Бу ҳақида Жаброил ҳозиргина менга хабар қилди», дедилар. Ибн Салом: «У яҳудийларнинг душмани бўлган фариштадир», деди.


Пайғамбар дедилар: «Қиёматнинг биринчи аломатига келадиган бўлсак, бас у одамларни машриқдан мағрибга ҳайдаб тўплайдиган оловдир. Жаннат аҳлининг биринчи ейдиган таомлари эса балиқнинг жигаридаги ортиқча еридир. Аммо бола эса агар эрнинг суви хотиннинг сувидан ўзиб кетса бола ўшанга тортади ва агар хотиннинг суви эрнинг сувидан ўзиб кетса бола унга тортади».


 Абдуллоҳ ибн Салом «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Сиз Аллоҳнинг расулисиз деб гувоҳлик бераман», деди. «Эй Аллоҳнинг расули, деди ибн Салом, яҳудийлар бўҳтончи қавмдирлар. Улар менинг мусулмон бўлганимни билишларидан олдин улардан мен ҳақимда сўраб кўринг». Яҳудийлар келганларида пайғамбар алайҳиссалом: «Абдуллоҳ ибн Салом сизларнинг ичингизда қандай одам?» дедилар. Улар: «Яхшимиз, яхшимизнинг ўғли. Энг фозилимиз, энг фозилимизнинг ўғли», дедилар. Шунда пайғамбар алайҳиссалом: «Агар Абдуллоҳ ибн Салом мусулмон бўлган бўлса-чи?» дедилар. Улар эса: «Уни бу ишдан Аллоҳнинг Ўзи сақласин», дедилар. Пайғамбар яна қайтариб сўрадилар. Улар эса олдинги жавобни бердилар. Шу пайт Абдуллоҳ уларнинг олдига чиқиб: «Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллооҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳи», деди. Улар эса: «Ёмонимиз, ёмонимизнинг ўғли», дедилар ва уни ёмонотлиқ қилдилар. Абдуллоҳ: «Эй  Аллоҳнинг расули, мен ана шундан қўрқаётган эдим», деди. 369937234210


Абдуллоҳ ибн Салом Мадинаи Мунавварадан четга чиқмаган. У ерда панду насиҳат бериш, дин илмларини ўргатиш билан машғул бўлган. Етмиш ёшни қоралаб қолган Ибн Салом қирқинчи ҳижрий санада Мадинада вафот этади ва ўша ерда дафн этилади. Розияллоҳу анҳу


2. Каъбул Аҳбор: Тўлиқ исми Абу Исҳоқ Каъб ибн Мотиъ ал Ҳимярий бўлиб, яманлик яҳудийлардандир. Исроилиётларнинг энг кўп қисми айнан ана шу Каъбул Аҳборнинг ҳиссасига тўғри келади. Имом Заҳабий ўзининг «Сияр»ида у киши ҳақида қуйидагиларни ёзган:


«Каъбул аҳбор- у Каъб ибн Мотиъ ал Ҳимярий ал Ямоний, олиму аллома. У яҳудий бўлган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин мусулмон бўлган. Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Ямандан Мадинага келган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари билан ҳамнишин бўлган. Уларга Бани Исроилнинг китобларидан сўзлаб берган. Ажоиботларни ёддан билар эди. Саҳобалардан суннатларни ўрганган. Исломи чиройли, дини мустаҳкам ва фозил уламолардан бўлган. Умар, Суҳайб ва бир қанча саҳобалардан ривоят қилган. У кишидан Абу Ҳурайра, Муовия, Ибн Аббослар ривоят қилишган. Бу саҳобанинг тобеиндан ривоят қилиши қабилидан бўлиб, бунақаси кам учрайди. Шунингдек у кишидан Умарнинг мавлоси Аслам, Каъбнинг хотинининг ўғли Табийъул Ҳумайрий, Абу Салом ал Асвадлар ҳам ривоят қилганлар. Тобеинлардан Ато ибн Ясор ва бошқалар каби бир қанчалари ундан мурсал тарзда ривоят қилганлар. Сунани Абу Довуд, Термизий ва Насоийларда ҳам у кишидан ривоятлар учрайди. Шомда маскан тутган. Саҳобалар билан бирга қўшилиб жанг қилган. Холид ибн Маъдон Каъбул Аҳборнинг: «Қўрқувдан йиғламоғим ўзимнинг вазнимча тиллони садақа қилмоқдан кўра мен учун яхшироқдир», деганини ривоят қилган. Каъб Усмон розияллоҳу анҳунинг халифаликларининг охирги йилларида жангга кетаётиб Ҳимсда вафот этади. Дарҳақиқат у илмнинг идишларидан бири бўлган».3489


Каъбул Аҳборнинг Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида Исломни қабул қилганлиги ҳақида ривоятлар бор бўлса-да,  Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида мусулмон бўлгани кўпгина олимлар тарафидан тасдиқланган. (Қаранг: Ибн Ҳажарнинг «ал Исоба»си: 3315)


Каъбул Аҳборнинг Исломга кириши билан боғлиқ воқеани Ибн Жарир Табарий ўзининг тафсирида “Нисо” сурасидаги «Эй китоб берилганлар! Юзларни бузиб, орқаларига бурмасимиздан ёхуд уларни шанба одамларини лаънатлаганимиздек лаънатламасимиздан олдин сизлардаги нарсани тасдиқловчи бўлиб келган нарсага иймон келтиринг. Аллоҳнинг иши амалга ошгусидир» оятининг тафсирида келтирган.


Ийсо ибн ал Муғийрадан: «Биз Иброҳимнинг ҳузурида Каъбнинг Исломи ҳақида музокара қилиб қолдик. Шунда у: «Каъб Умарнинг замонида мусулмон бўлган, Байтул Мақдисга қараб кетаётганида Мадинадан ўтади. Умар унинг олдига чиқадилар ва: «Эй Каъб, мусулмон бўл!» дейдилар. Каъб: «Сизлар Китобингизда: «Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар»ни ўқимайсизларми? Мен Тавротни кўтарганларданман!» деди. Кейин Умар уни тарк қилдилар. Қачонки Ҳимсга етиб келганида у ердагилардан бирининг маҳзун овоз билан: «Эй китоб берилганлар! Юзларни бузиб, орқаларига бурмасимиздан ёхуд уларни шанба одамларини лаънатлаганимиздек лаънатламасимиздан олдин сизлардаги нарсани тасдиқловчи бўлиб келган нарсага иймон келтиринг. Аллоҳнинг иши амалга ошгусидир»ни тиловат қилаётганини эшитади. Шунда оятнинг унга ҳам тегишидан қўрққан Каъб: «Эй Роббим, иймон келтирдим! Эй Роббим, мусулмон бўлдим!» дейди.сўнгра қайтиб Ямандаги аҳли олдига келади. Кейин уларни мусулмон қилиб олиб келади», деди». (Тафсири Табарий)


Каъбул Аҳбордан кўплаб исроилиётлар ворид бўлган бўлсада, уларнинг бирортасини у пайғамбар алайҳиссаломга нисбат бермагани учун ҳараж йўқдир. Улардан шариатимизга мувофиқ келадиганларини қабул қилиб, мувофиқ келмаганларини тарк қилиб кетилаверади. Қолайверса, Каъбул Аҳборга нисбат берилган исроилиётларнинг ҳаммаси ҳам аслида шундай эмас. Чунки пайғамбарнинг номларига сохта ҳадислар тўқиган дин душманларининг у кишининг номларига ҳадис тўқишлари осон нарсадир. Аввал бошда яҳудий бўлган Каъбнинг Умар розияллоҳу анҳудек зот билан яқин юришларининг албатта таъсири бўлган. Имом Заҳабий айтганидек Ибн Аббос, Муовия ва Абу Ҳурайрадек буюк саҳобаларнинг у кишидан ривоят қилишлари у кишининг чиройли мусулмонлардан бўлганига далолат қила олади. Саҳобаларга таъна тошларини отадиган рофизийлардан бўлиб қолмаслик учун ҳам тобеинларнинг улуғларидан бўлган Каъбул Аҳбор ҳақларида одоб сақлашлик оқил мусулмоннинг вазифасидир.


Каъбул Аҳбор ҳижрий ўттиз тўртинчи йилда бир юз тўрт ёшида вафот қилган. Розияллоҳу анҳу.


Ваҳб ибн Мунаббиҳ:  Бу кишининг тўлиқ исмлари Ваҳб ибн Мунаббиҳ ибн Комил  ибн Сайж Абу Абдуллоҳ Санъоний бўлиб, ҳижрий ўттиз тўртинчи йилда халифа Усмоннинг замонларида таваллуд топган. Машҳур ва буюк тобеинлардан ҳисобланади. У кишининг асли Хуросоннинг Ҳиротидан бўлиб, форсларга мансубдир. Отаси Мунаббиҳ Кисронинг замонида у ердан чиқиб кетган бўлган. Набий алайҳиссаломнинг даврларида Исломни қабул қилган Ваҳбнинг исломи чиройли бўлган. Яманда истиқомат қилган. Ҳумом ибн Мунаббиҳ, Миъқал ибн Мунаббиҳ ва Ғийлон ибн Мунаббиҳларнинг укаларидир.


Ваҳб ибн Мунаббиҳ Ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Абу Саид, Нуъмон ибн Башир, Жобир, Ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ва Товуслардан илм олган.


Ваҳб ибн Мунаббиҳ ҳадисни кам ривоят қилган. У исроилиёт ва Аҳли китобларнинг саҳифалари борасида жуда илмли бўлган. Имом Аҳмад у киши ҳақида: «У форсларнинг улуғларидан бўлган». Ижлий у кишини ишончли тобеин, Санъонинг қозиларидан бўлган, дейди. Абу Заръа ва Насоийлар у кишини ишончли одам дейдилар.


Ваҳб ибн Мунаббиҳдан кўпгина ҳикматли гаплар нақл қилинган. Шулар жумласидан:


Мўмин билиш учун қарайди, тушуниш учун гапиради, саломат бўлиш учун сукут сақлайди ва бой бўлиш учун хилватда бўлади.


Имон яланғочдир. Унинг либоси тақво, зийнати ҳаё ва моли фиқҳдир.


Уч хислат борки кимда улар мавжуд бўлса яхшилик топади: саховат, азиятга сабр қилиш ва ширинсуханлик.


Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Ваҳб ибн Мунаббиҳдан биргина ҳадис ривоят бор. Унда Ваҳб ибн Мунаббиҳ ўзининг акаси Ҳумомдан ривоят қилган.


Ваҳб ибн Мунаббиҳ ҳижрий бир юз ўн тўртинчи йилнинг Муҳаррамида вафот этган.


4. Абдулмалик ибн Абдулазиз ибн Журайж:


 Абу Холид – ёки Абулвалид,- Абдулмалик ибн Абдулазиз ибн Журайж асли румлик насронийдир. У Макканинг уламоларидан ва муҳаддисларидан бири бўлган. Ҳижозда китоб ёзган биринчи шахс ҳам удир. Тобеинларнинг даврларида исроилиётнинг қутби бўлган. Биз агар Ибн Жарир Табарийнинг тафсирига мурожаат қилиб, насронийлар ҳақида ворид бўлган оятларни варақлайдиган бўлсак ана шу оятларнинг тафсирида Ибн Жарир келтирган ривоятларнинг аксари у доим «Ибн Журайж» деб таъбир берадиган Абдулмаликка бориб тақалади.


Ибн Журайж ўз отасидан, Ато ибн Рабоҳдан, Зайд ибн Асламдан, Зуҳрий ва бошқалардан ривоят қилган. Ундан эса икки ўғли Абдулазиз ва Муҳаммадлар, Авзоий, Лайс, Яҳё ибн Саийд Ансорий, Ҳаммод ибн Зайд ва бошқалар ривоят қилишган.


Абу Саид Ибн Журайжни 80 ҳижрийда туғилган дейди. Аммо вафот этган санадида ҳар хиллик бордир. Баъзилар 150 ҳижрийда десалар яна баъзилари 159 ҳижрийда вафот этган дейдилар. Бундан бошқа ривоятлар ҳам бор.


Ибн Журайж –ривоятларда келганидек- Ҳижозда биринчи бўлиб китоб ёзган кишидир. Уни ҳадисларни тўплаб китоб ҳолига келтирган кишилардан Молик ибн Анас ва бошқалар табақасидан деб ҳисоблаганлар. 


Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал шундай дейди: «Мен отамга: «Биринчи бўлиб китоб ёзган киши ким?» деб савол бердим. У киши: «Ибн Журайж», дедилар». Ибн Уяйна шундай дейди: «Биродарим Абдурраззоқ ибн Ҳумомдан Ибн Журайжнинг: «Менинг китоб ёзишимга ўхшатиб ҳеч ким китоб ёзган эмас», деганини эшитдим». Ибн Журайж илм талабидан кўплаб сафарга чиққани маълумдир. У Маккада туғилган, сўнгра, кўпгина шаҳарларни кезиб чиққан. Жумладан Басрага, Яман ва Бағдодга сафар қилган. Ибн Халдун «ал Ибар»да шундай ёзади: «У илмни ёши улғайиб қолганидагина талаб қилган. Агар ёшлигида илм талаб қилганида эди албатта бир қанча саҳобалардан илм олган бўлар эди. Чунки унинг ўзи: «Мен араб шоирларининг шеърларини ва насабларини ўрганиб юрар эдим. Шунда менга: «Атони маҳкам тутганингда эди...», дедилар. Бас, мен ўн саккиз йил Атодан ажралмадим», деган эди».


Тафсирларда Ибн Журайжнинг Ибн Аббосдан қилган кўплаб ривоятлари бор. Уларнинг ичидан саҳиҳи ҳам, саҳиҳ эмаслари ҳам бор. Чунки унинг мақсади ўзи жам қилаётган ишида саҳиҳларини танлаш бўлмаган. Аксинча ҳар бир оят ҳақида зикр қилинган саҳиҳ ва саҳиҳ эмас ривоятларни ривоят қилаверган.


Унинг адолати ҳақида гапирадиган бўлсак,  уламоларнинг ҳаммалари уни бир овоздан ишончли деб айтмаганлар ва ривоятларини ҳам тўғри демаганлар. Уларнинг Ибн Журайж ҳақидаги фикрлари бир- бирлариникидан фарқ қилади: бирлари ишончли деса, яна бирлари заийф дейдилар. Ал Ижлий Ибн Журайжни маккалик ишончли киши деган. Сулаймон ибн Назр ибн михлад ибн Язийд эса Ибн Журайждан кўра ростгўйроқ одамни кўрмаганман дейди. Яҳё ибн Саийд: «Биз Ибн Журайжнинг китобларини омонат китоблар деб санар эдик. Агар уларни Ибн Журайжнинг ўзи сизга нақл қилмаганида эди ундан фойдаланилмас эди». Ибн Маийн Ибн Журайжни ундан нақл қилинган барча ривоятларида ишончли деган. Яҳё ибн Саийд Ибн Журайж ўта ростгўй одам эди. Агар у «менга ривоят қилди», деса, демак, уни эшитган, агар «менга хабар берди», деса, демак, уни ўқиган, агар «менга деди», деса, демак, у шамолга ўхшаш бир гапдир.


Дорақутний: «Ибн Журайжнинг тадлисидан сақлангин. Чунки у жуда ёмон тадлисдир. У фақат ўзи эшитган мажруҳ хабарнигина тадлис қилади», деган. Ибн Ҳиббон уни ишончлилар қаторида санаб: «У аҳли Ҳижозларнинг фақиҳларидан, қориларидан ва пухта олимларидан бири бўлган, у тадлис ҳам қилган», дейди. Заҳабий «Мийзонул иътидол»да у ҳақида шундай ёзади: «У ишончли олимларнинг биттаси бўлиб, тадлис ҳам қилади. Унинг тўқсонта хотинга никоҳи мутъа билан уйланган эканига ҳамма иттифоқ қилган. У бу ишни жоиз деб билар эди. Ўз замонида Маккаликларнинг фақиҳи бўлган». Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал деди: «Отам: Ибн Журайж ирсол қиладиган ана шу ҳадисларнинг баъзилари мавзуъ ҳадислардир. Ибн Журайж уларнинг қаердан олаётганига эътибор қилмас эди», дедилар.  Хазражий ўзининг «Хулоса» асарида Ибн Журайжнинг ишончли эканлигига (сиҳоҳи ситта) олтита саҳиҳ китоб эгаларининг барчалари иттифоқ қилганликларини ёзади.


Булар уламоларнинг Ибн Журайж ҳақидаги қарашлари ва ҳукмлари эди. Биз кўрдикки, уларнинг кўплари уни тадлис қиладиган ва айрим ривоятлари билан ишончсиз кишига ҳукм қилдилар. Шундай бўлса-да, Имом Аҳмад у кишини илмнинг идишларидан бўлган деб таъриф беради. Биз унинг бу гапига қўшиламиз. Аммо у тўғриси нотўғриси билан аралашиб кетган илмнинг идиши бўлган. Имом Аҳмад фақат ана шу нарсани назарда тутган деб ўйлаймиз. Бунинг далили эса Имом Аҳмаднинг Ибн Журайж ҳақида сал аввалда ўтган гапларидир.


Имом Молик розияллоҳу анҳу Ибн Журайжни қаердан олаётганига эътибор қилмайдиган киши деб билар эди. У ҳақда Имом Моликнинг «Ибн Журайж тунда ўтин тергувчи киши эди», дегани ривоят қилинган.


Ана шу кишилар исроилиётнинг қутблари бўлишган. Тафсир китобларида сочилиб кетган ривоятларнинг кўпи уларга бориб тақалади. Уларга нисбат бериладиган ривоятлар саҳиҳ бўладими ёки улар номига уйдирма бўладими, барибирдир. Зотан сиз уларнинг қийматларини билиб олдингиз. Ривоят қилинадиган исроилиётларнинг қийматини ҳам, нимани ривоят қилиш жоиз-у, нимани ривоят қилиш жоиз эмаслигини ҳам билиб олдингиз. 


Алоуддин Ҳофий



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таъолога беадад ҳамду ndash саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.Ҳозирги кунимизда давоми...

5287 19:50 / 22.04.2017
ЯХШИЛИК ВА СИЛАИ РАҲМ КИТОБИҲусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг машҳур .Китабул бирри ва сила, Яхшилик ва силаи раҳм китоби асарининг шарҳли таржимасиШайх Муҳаммад давоми...

3819 14:06 / 15.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимИсломнинг инсоният маданиятидаги таъсири ва инсониятга фазлу марҳаматиАллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад давоми...

9597 09:42 / 22.03.2017
Масжидга эрта бориш, намоз вақти киришини масжидда кутиб ўтириш, шу аснода жим ўтирмай зикр, дуо, Қуръон қироати ва нафл намоз билан машғул бўлиш Аллоҳнинг давоми...

3796 10:25 / 27.03.2017