1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Йигирма еттинчи фасл мурид (толиб) асосларини ҳақида

09:55 / 25.03.2017 2789 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи уламолар айтади: халқ уч нарса билан (Аллоҳдан) тўсилади.

1. Дунёни яхши кўришлик билан

2. Раисликни (бошлиқликни) талаб қилиш билан

3. Аёлларга итоат қилиш билан


Орифлар айтади: уч нарса бандаларни Аллоҳ азза ва жалладан узиб қўяди.

1. Иродада (истагида) сидқни камлиги

2. Йўл тутишда илмсизлик

3. Ёмон уламоларни ҳавоий нафс билан нутқ қилиши


Баъзи уламоларимиз айтади: талаб қилинган нарса тўсилган, далил йўқ ва ихтилоф мавжуд бўлса ҳақ очилмай қолади. Ҳақ очилмаса мурид (толиб) ҳайратда қолади.

Мурид (толиб) етти хислатдан чорасиздир.

1. Иродада (тоат ишларни исташда) содиқ бўлишдан чорасиздир. Унинг аломати оғир кунга тайёргарлик кўрмоқ

2. Тоатга сабаб қидиришдан чорасиздир. Унинг аломати ёмон дўстларни тарк этмоқ

3. Ўз нафсининг ҳолини танимоқдан чорасиздир. Унинг аломати нафснинг офатларини аниқламоқ (аниқ билмоқ)

4. Аллоҳни танийдиган олим билан ўтиришдан (ҳамсуҳбат бўлишдан) чорасиздир. Унинг аломати у олимни бошқалардан устун қўймоқ

5. Насуҳ тавбадан чорасиздир. Насуҳ тавба билан тоатни ҳаловатини топади ва тоатда бардовам бўлишда мустаҳкам бўлади. Насуҳ тавбанинг аломати ҳавои нафсни сабабларини кесмоқ ва нафс рағбат қилган (қизиққан) нарсалардан тақво қилмоқ

Изоҳ: насуҳ тавба гуноҳга қайтмайдиган тавбадир.

6. Шариат илми ёмонламаган, ҳалолни таъма қилишдан чорасиздир. Ўша ҳалолнинг аломати шариатга мувофиқ келадиган мубоҳ амал сабабли ҳалолдан талаб қилмоқ

изоҳ: толиб доимо Аллоҳдан ҳалол ризқ ва ҳалол амалларни таъма қилиши зарур.

7. Яхши ишларда ўзига ёрдамлашадиган солиҳ дўстдан чорасиздир. Солиҳ дўстнинг аломати яхшилик ва тақвода унга ёрдамлашмоғи ва гуноҳ ва адоватдан уни қайтариб турмоғи

Бу етти хислат иродани қувватлантиради. Ироданинг тиргаги фақатгина шу етти хислатдир. Айнан шу етти хислат тўрт нарсадан ёрдам олади. У тўрт нарса ирода тиргагининг асослари ва қувватидир.

Тўрт нарса:

1. Очлик

2. Бедорлик

3. Жим турмоқ

4. Хилват

Ушбу тўрт нарса нафсни зиндонга солади. Нафсга таъзиқ ўтказади ва зарба беради. Нафс ушбу тўрт нарса билан кишанланади ва нафснинг сифатлари заифлашади. Ушбу тўрт нарса билан нафсни (эгасига нисбатан) муомаласи гўзаллашади. Тўрт нарсаниниг ҳар бири учун қалбда гўзал сунаът (иш маҳсули) бор.


Очлик

Очлик қалб қонини камайтиради, натижада қалб оқаради. Қалб оқарганда у нурланади ва очлик юракнинг ёғини эритади. Юракнинг ёғи эриганда қалб юмшайди. Қалбни юмшаши ҳамма яхшиликни калитидир. Чунки қалбни қотиши ҳамма ёмонликни калитидир. Қалбнинг қони камайганда душманни (шайтонни) қалбдаги йўли тораяди. Чунки қалбнинг қони душманнинг макони. Қалб юмшаганда душманни қалбдаги ҳукмронлиги заифлашади. Сабаби, қалб дағаллашганда душман қалбга ҳукмронлик қилади. Файласуфлар айтади: жон қон демакдир. Уларнинг ҳужжати: инсон ўлса жисмидан фақатгина қони руҳи билан қолади дейди. Файласуфларнинг олимлари айтади: қон жоннинг макони. Ушбу гап саҳиҳроқ. Чунки шу гап тавротдаги гапга тўғри келади. Мусанниф айтади: тавротда ёзилганки: эй Мусо томир ема, чунки у ҳар бир жонни маконидир. Бу сўз пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Албатта шайтон одам боласининг қон томирида юради, уни юриш жойини очлик ва ташналик билан сиқинглар”, деган ҳадисларини тасдиқлайди.

Куфа уламолари жонни қон деб тариф бериб айтади: қачонки сувда ниначи, ўргимчакка ўхшаш оқувчи қони бўлмаган ҳашоратлар ўлса, сувни нажас қилмайди. Киши оч қолганда қони камаяди. Қони камайганда душманни қалбдаги йўли тораяди. Қоннинг макони бўш бўлиб қолганлиги учун нафс заифлашади. Исо алайҳиссаломдан келтирилган хабарда айтилади: Исо алайҳиссалом айтади: Эй ҳаворийлар жамоаси қоринларингни оч қўйинглар ва жигарларингни ташналикка солинглар. Жасадларингни турли-туман қимматбаҳо либослардан яланғочланглар, шоядки шунда сизларнинг қалбларингиз зуҳд ҳақиқати ва мусаффо қалб билан Аллоҳни кўрса (мушоҳада қилса). Очлик зуҳдни калити ва охиратни эшигидир. Очликда нафсни хорлаш, нафсни сакинати (тинчланиши), нафсни заифлашиши ва нафсни синиши бордир. Очликда қалбни тирилиши ва қалбни салоҳияти (ислоҳга келиши) бордир. Очликдаги энг кичик манфаат жимликни устун кўришликдир. Жимликда эса ҳар хил гуноҳлардан саломатлик бордир. Гуноҳлардан саломат бўлиш эса ақлли кишиларни мақсадидир.

Изоҳ: киши оч бўлганда кўп гапиришликка тоқати қолмасдан, жим туришликни лозим тутади.

Саҳл раҳматуллоҳи алайҳ айтади: Яхшиликнинг барчаси шу тўрт хислатда жамлангандир. Ушбу тўрт хислат билан валий бандалар валийлик мақомига етгандир. У тўрт хислат очлик, бедорлик, жим турмоқ, одамлардан ажрамоқдир (кўпроқ хилватда бўлмоқдир). Кимки очликка ва зарарга сабр қилмаса, Аллоҳни валий бандаси бўла олмайди. Абдул Воҳид ибн Зайд Аллоҳга қасам ичиб айтадики: Сиддиқ очлик ва бедорлик билан Сиддиқга айланади, чунки очлик ва бедорлик қалбни ёриштиради ҳамда сайқаллайди. Қалби ёришган киши ғайбни мушоҳада қилади. Қалбни сайқаллашда иймонни мусоффалашиши бор. Қалбни ёриштириш ва сайқаллаш қалбни оқартиради ҳамда юмшатади. Шунда қалб гўёки мусоффо ойнадаги ёруғ юлдузга айланиб қолади. Ғайбни ғайб билан мушоҳада қила бошлайди. Боқий дунёни (охиратни) мушоҳада қилгани учун ўткинчи дунёдан тақво қилади. Охиратни жазосини зарарини қалб кўзи билан кўрганлиги учун, ҳавоий нафсининг бу дунёдаги насибаларига бўлган рағбати камаяди.

Изоҳ: ғайбни ғайб билан мушоҳада қилиш, қалб билан охиратни мушоҳада қилиш. Иккиси ҳам ғайбдир.

Киши охиратни ва охратдаги олий даражаларни мушоҳада қилганлиги учун тоат ибодатга рағбати кўпаяди. Шунда у учун келажак дунё (охират) ҳозирги дунёга (нақдга), ҳозирги дунё (нақд) эса, ғоибга айланиб қолади. Ғоиб ҳозирга ва ҳозир йўқ бўлувчига айлади. Ҳозирга айланган ғоибни талаб қилиб, унга рағбат қилади. Йўқ бўлувчига муҳаббат қўймайди ва уни талаб қилмайди. Келажак дунёни (охиратни) талаб қилиб, унга рағбат қилади. У киши учун дунёни айблари очилади. У киши учун ботиний сирлар зоҳир бўлади. Яширинган алдов ундан кетади. Шу пайтда киши ҳақ мўминга айланади. Ҳорис ул – Ансорий бу ҳолатни васф қилиб айтади: Нафсим дунёдан нафратланди. Мен гўёки Роббимни Аршига очиқ назар солмоқдаман. Гўёки мен жаннат аҳли бир-бирлариникига меҳмонга бораётганларини ва дўзах аҳлини бир-бирларидан қочаётганларига назар солмоқдаман (мушоҳада қилмоқдаман).

Изоҳ: Бу зот ушбу ибораларда қалблари очилиб, охиратни қалблари билан мушоҳада қилиш мақомига етганларини васф қилмоқдалар.

Шунингдек, Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам мўминнинг қалбини васф қилиб айтадилар: қалблар тўрт хил бўлади: унда чироқ нур сочиб турадиган тоза қалб. У мўминнинг қалби. Қалбни тоза бўлиши дунёда тақво қилиш билан бўлади.

Қалбни ҳаводан холий бўлиши ва қалбда чироқни нур сочиб туриши иймон нури бўлиб, банда у билан ғайбни мушоҳада қилади. Баъзи уламолар айтади: кимки қирқ кечани холис бедор бўлиб ўтказса, у учун осмон салтанати (эшиги) очилади. Уламолар айтади: ҳамма яхшиликлар тўрт нарсада жамланган, шулар жумласидан кечасида бедор бўлишни ҳам зикр қилган. Билингки уламолар узоқ вақт қоим ҳолатда бедор бўлиб, уйқу ғолиб келганда ухлайдилар. Шунда улар учун сирлар кашф бўлади, қалб Аллоҳни қудратини мушоҳада қилади. У Аллоҳга яқинлашади ва унга яхшиликлар тушади. Аллоҳнин валий бандаларини сифати: очлик устун келганда емоқ, уйқу ғолиб келганда ухламоқ ва зарурат бўлганда гапирмоқдир. Кимки Аллоҳ учун кечасида бедор бўлса, кундузида Аллоҳни шариатига хилоф иш қилмайди. Чунки у Аллоҳнинг хизматида кечасини бедор ўтказди. Бир куни Ҳасан Басрий (р.а.) бозорга кириб, бозор аҳлини шовқин-сурон кўтариб, кўп гапириб турганларини кўриб, буларни кечаси ёмон кеча бўлган деб ўйлайман. Булар қайлула қилмаганлар деди. Хабарларда келганки: Қайлула қилинглар, чунки шайтонлар қайлула қилмайдилар. Тунни бедор ўтказиш учун кундузги қайлуладан куч олинглар.

Изоҳ: Қайлула кунни ярмидаги уйқу.

Аллоҳ таоло айтадики:

153. Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар.

Оятни тафсирида айтилганки: рўза билан тунни қоим қилиш учун Аллоҳдан мадад сўранг. Яна айтилганки: очлик ва тунги намоз билан нафсга қарши курашишда Аллоҳдан мадад сўранг. Яна айтилганки: сабр ва намоз билан қайтарилган нарсалардан сақланишда Аллоҳдан мадад сўранг деганидир.


Жим туриш

Жим турмоқ (камгаплик) ақлни кўпайтиради, парҳезни ўргатади ва тақвони жалб қилади. Аллоҳ жим турмоқ (хислати) сабабли бандага (Қуръон ва ҳадисни) софлигича тушунмоқ ва очиқ илм ила (ҳар қандай қийинчиликдан) чиқадиган жой ато қилади. Ҳамда у банда жим турмоқни устун қўйганлиги сабабли Аллоҳ уни тўғри сўз ва тўғри амалга муваффақ қилиб қўяди. Баъзи саҳобалар айтадилар: Жим туришни ўттиз йил оғзимга тош солиб юриб ўргандим. Қачонки бир калимани гапирмоқчи бўлсам, тош билан тилим ғулдирар (тушунарсиз гапирар) эдим, шунда мен гапирмай жим турардим. Баъзи саҳобалар айтадилар: Менга фойда бермайдиган бир калимани гапирганим учун ўз нафсимни зиммасига икки ракат намоз юклаб, ҳар бир гапирган калима учун икки ракат намоз ўқидим, у (икки ракът намоз) мени нафсим учун осон бўлди. Менга фойда бермайдиган бир калимани гапирганим учун ўз нафсимни зиммасига бир кун рўза тутишни юкладим. У ҳам мени нафсим учун осон бўлди, гап гапиришдан тийила олмадим. Фойда бермайдиган бир калимани гапирганим учун ўз нафсимни зиммасига бир дирҳамни садақа қилишни юкладим, у мени нафсим учун оғир бўлди. Шунда фойдасиз гап гапиришдан тийилдим.

Изоҳ: Саҳобалар фойдасиз гаплардан ўзларини сақлаш учун нафсларини жазолаш билан тарбиялаганлар. Бу ҳам инсон яхши ишни одат қилишлиги учун саҳобалар томонидан қўлланган услуб.

Уқба ибн Омир айтади: Эй Аллоҳнинг Расули нажот нимада? Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Тилингга эгалик қил ва уйингни кенгайтир, қилган хатоларинг учун йиғла. Жомиъул Мухтасарда келтирилган хабарда Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:“Кимники саломат бўлиши хурсанд қилса, жим турмоқни лозим тутсин!” Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуга намоз, рўза ва бошқа нарсаларга васият қилиб, васиятларини охирида: “Уларнинг ҳаммасидан кўпроқ ўзингга лозим тутадиган нарсага далолат қилайми? У мана будир”, деб қўллари билан тилларига имо қилдилар. Муоз розияллоҳу анҳу “эй Аллоҳнинг Расули бизлар қиёматда тилларимиз билан гапирган сўзлар сабабли тутулгувчимизми?”, деди. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Онанг сендан ажрагур, эй Муоз! Инсонлар фақатгина ўз тилларининг ҳосили сабабли дўзахга тумшуқлари тубан йиқиладилар. Сен гапирмай жим турсанг саломат бўласан. Агар гапирсанг у сенинг фойдангга ёки зарарингга бўлади” - дедилар.

Абдуллоҳ ибн Суфён оталаридан ривоят қилиб айтадилар: Мен айтдим: Эй Аллоҳнинг расули менга исломдаги, мен у ҳақида сиздан кейин бирор бир кишидан сўрамайдиган нарсани васият қилинг. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Роббим Аллоҳ деб айт! Сўнгра унда мустаҳкам бўл!” Абдуллоҳ ибн Суфён: Ундан кейин нимадан тақво қилай деди, бошқа бир лафзда. Абдуллоҳ ибн Суфён Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламга: Менга энг зарарли нарсани хабар беринг деди. Росулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламга: “будир”, деб тилларига имо қилдилар. Бир хабарда келтирилади: банда тилини сақламагунича Аллоҳга ҳақиқий тақво қилолмайди.

Ҳадисда келтирилади: “Банданинг қалби тўғри бўлмагунича ўзи ислоҳга келмайди ва тили тўғри бўлмагунча қалби тўғри бўлмайди”. Ибн Масуъд (р.а.) айтадилар: Тилдан кўра доимо қамоққа (зиндонбанд қилинишга) ҳақлироқ бирор бир нарса йўқ. Баъзи салафлар (саҳобалар) айтади: Тақвони қидирдим, тилдан кўра тақвоси оз бирор аъзони кўрмадим.

Изоҳ: Тақво қилишлик қийин бўлган аъзо тилдир. Инсон билмаган ҳолда тил билан катта гуноҳ сўзларни айтиб қўйиши мумкин.

Баъзи уламолар айтади: Бир банданинг тили тўғри бўлганда унинг бошқа амалларини ислоҳга келганлигини билдим. Унинг тили ўзгарганда бошқа амалларини фасод бўлганлигини (бузулганлигини) билдим. Баъзи ҳакимлар айтади: Ақл кўпайганда калом камаяди, ақл камайганда калом кўпаяди. Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: Калом илмининг уламолари зиндиқлардир. Бу тоифани баъзилари айтади: Чиройли гапирадиган киши кўп, лекин чиройли гапирадиган кишининг ҳоли сукутдир. Зуннун Ал-Мисрий айтади: Хавф кишини хавотирга солади, ҳаё эса сокин қилади.

Баъзи орифлар айтади: Илм икки қисмга бўлинади: унинг ярми сукут, ярми эса илмни қаерга қўйганингни (нимага ва кимга сарфлаганингни) билмоғингдир. Заҳҳок ибн Мазоҳим айтади: Мен уларнинг фақатгина жим туришни ва тақвони таълим оладиганларини кўрдим. Бугунги кунда улар каломни (гапиришни) таълим олмоқдалар. Ҳасан Басрий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Тўрт нарса фақатгина жим туришни ажиблигидан топилади: у ибодатнинг боши, камтарлик, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилмоқ, дунё нарсаларини камайиши”.

Ҳаммод ибн Зайд айтади: Мен Аюбга айтдим: Илм бугунги кунда кўпми ё ўтган замонда кўпмиди? У айтди: Эй ўғилчам! Бугунги кунда калом кўп, илм ўтган замонда кўп эди. Айтиладики: Одамлар олимни жим туриши илмидан, гўёки унинг гапиргандаги илмидан манфаат олгандек манфаат олар эди.

Изоҳ: Олим киши жим туришлиги билан ҳам одамларга жим туриш илмини ҳолати билан таълим беради.

Баъзи уламолардан: Фалончи илмлими ёки фалончими? деб сўралса. У киши: Фалончи илмлими ёки фалончи кўп гапирадими, деб сўрагин дея, илм билан каломни ажратар эди. Хуросонлик бир уламодан вафоти яқинлашиб қолган пайтда: сиздан кейин кимни ҳузурида ўтириб илм ўрганайлик, бизни бир кишига далолат қилинг деб сўралди. У киши: фалончини ҳузурида ўтиринглар деб: вақтини жимликда ўтказадиган, ибодатли, унчалик илм билан танилмаган кишини зикр қилди. У кишига: Фалончида биз сўрайдиган ҳамма саволга жовоб берадиган илм йўқ дейишди. У киши мен буни биламан, лекин унинг ҳузурида шундай тақво борки, билмаганлиги сабабли гапирмайди.

Изоҳ: Билмаганини гапирмаслик кишини тақвосига далолат қилади. У киши ўз шогирдларини тақволи, уларга билмаган нарсасида сукут қилишни таълим берадиган бир кишига далолат қилди.

Аъмаш айтади: Шундай каломлар борки унинг жавоби сукутдир. Баъзи салафлар айтади: Жим туришлик олим кишини зийнатлайди ва жоҳилнинг айбини беркитади. Аъмашдан бошқа бир киши айтади: Жим туриш олим жавобидир. Бошқа бир хабарда айтилади: Жим туриш олимнинг зийнати ва жоҳил учун шармандалик.

Изоҳ: Жоҳил эса билмаганлиги учун жим туради. Билмаслик шармандаликдир.

Баъзи уламолар айтади: Шайтон учун гапирганда илм билан гапирадиган, сукут қилганда ҳалимлик билан сукут қиладиган, ҳалим олимдан кўра ашаддийроқ нарса йўқ. Шайтон айтар экан: Унга қаранглар, унинг сукути менга гапиришидан кўра ашаддийроқ.

Баъзи салафлар айтади: Гапиришни таълим олганингдек, жим туришни ҳам таълим олгин. Калом сени ҳидоят қилса, жим туришлик сени сақлайди, жим туришда сен учун икки хислат бор.

1. Жим туриш билан ўзингдан илмсизроқ кишидан илмсизликни даф қиласан

2. Жим туриш билан ўзингдан олимроқ кишини илмини биласан

Баъзи уламолар айтади: “Билмайман”ни ўрганасан, “биламан”ни ўрганмайсан. Агар сен “билмайман” десанг сенга уни ўргатишади, тоингки сен уни билиб оласан. Агар “биламан” десанг сендан уни сўрайдилар, тоингки уни билмай қоласан. Уламолар айтади: Агар олим киши “биламан” деган сўзида хато қилса, ўзи билан жанг қилувчи билан мусибатланади.

Изоҳ: агар олим киши билмайдиган нарсасини биламан деб айтса, унинг мусибати бунга бошқа бир билувчини қарши чиқишлигидир.

Исо алайҳиссалом айтади: Яхшиликнинг ҳаммаси уч нарсада.

1. Жим туришда

2. Каломда

3. Назарда

Кимни жим туриши тафаккур бўлмаса у саҳвда(янглишишда)дир. Кимни каломи зикр бўлмаса у лағувда(беҳудаликда)дир.

Кимники назари ибрат бўлмаса у лаҳвда(бекорчиликда)дир.

Баъзи уламолар айтади: Инсонларга бир замон келадики, у замонда уларнинг энг афзал амаллари уйқу, энг афзал илмлари жим туриш бўлади. Ҳаром кенг тарқалганлиги сабабли уларнинг энг афзал ҳоллари очлик бўлади. Яъни, бу амаллар фасод ва илм иштибоҳли бўлгани сабаблидир.

Баъзи уламолар айтади: Жим туришлик ақлни уйқуси, гапириш эса ақлни уйғоқлигидир. Ҳар бир уйғоқлик уйқуга муҳтож бўлади. Ақлли киши жим турганда унинг ақли жамланади ва фаросати ҳозир бўлади. Ибн Аббоснинг Мужоҳидга қилган васиятида айтилади: Сени қизиқтирмайдиган (сенга алоқаси бўлмаган) ўринда гапирма, у сен учун саломатроқ йўлдир. Чунки сен хатодан омон бўлмайсан. Гапни ўз ўрни деб билмагунингча сени қизиқтирмайдиган (сенга алоқаси бўлмаган) ўринда гапирма. Қанча-қанча уни қизиқтирадиган (унга алоқаси бўлган) ўринда гапирувчилар ҳам гапни ўз-ўрнидан бошқа жойга қўйиб балога гирифтор бўлиб қолган.

Баъзи уламолар айтади: Кишининг тақвоси сўзида зоҳир бўлади. Хабарда келади: Кимники каломи кўпайса нуқсони (айби) кўпаяди, кимники нуқсони кўпайса қалби қотади. Айтиладики: Калом камайса савоб кўпаяди. Саҳобалар айтадилар: Саломатликнинг ўндан тўққизи жим туришликда. Айтилади: Киши ҳар бир ҳазл, мазаҳ ёки лағв калимаси учун беш ўринда унга танбеҳ бермоқ ва англатмоқ учун тўхтатиб қўйилади.

1. Бу калимани нима учун гапирдинг? Сени қизиқтирадиган (сенга алоқаси бўлган) ўринда гапирдингми? дейилади.

2. Гапирган гапинг сенга фойда бердими? дейилади.

3. Агар у гапни гапирмаганингда сенга зарар бўлармиди? дейилади.

4. Сукут сақламайсанми? Оқибатда саломатликни ундирар эдинг, дейилади.

5. Унинг ўрнига “субҳаналлоҳ вал ҳамду лиллаҳ” калимасини айтгин! Уни савобини қўлга киритасан дейилади.

Айтилади: Ҳар бир айтилган калима учун уч девон очилади.

1. Нима учун гапирдинг? деган девон.

2. Қай ҳолда гапирдинг? деган девон.

3. Ким учун гапирдинг? деган девон.

Агар киши бу уч саволдан нажот топмаса қиёматда ҳисоб-китоб учун узоқ туриб қолади.

Ҳасан Басрий айтади: Мўмин кишини тили қалбининг орқасида бўлади. Гапиришни истаган пайтда тафаккур қилади. Агар у гапдан фойда бўлса гапиради. Агар зарар бўлса ўзини тияди. Мунофиқнинг қалби эса тилининг учида бўлади. Яъни, қалбига келган сўзни гапиради, ундан тўхтамайди ва қайтмайди.

Хабарда келтирилади: Олимнинг офати: у учун калом жим туришдан кўра ажиброқ бўлмоғидир. Каломда зийнат бериш (лоф-қоф уриш) ва зиёдалик бордир. Жим туришда эса саломатлик ва ғанимат бордир.

Набий салаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваъзларида айтилади: Ўз айби билан шуғулланиши бошқаларни айби билан шуғулланишидан уни машғул қилиб қўйган кишига ва молини ошиқчасини инфоқ қилиб, сўзини ошиқчасини тутиб турган кишига тубо (жаннатдаги бир дарахт) бўлсин. Жим туриш ҳақидаги хабарлар жуда кўп биз уларни ҳаммасини жамлашни қасд қилмадик.


Хилват

Хилват қалбни халқдан фориғ қилади. Холиқнинг иши учун фикрни жамлайди ва бир ишда мустаҳкам бўлишга азму-қарор қилишни қувватлантиради. Чунки одамларга аралашишда азму-қарорни кучсизланиши, фикрнинг сочилиши ва ниятнинг заифлашиши бор.

Изоҳ: киши одамларга аралашганда, уларни ҳойи ҳаваслари дунёга шунғиб кетганларини кўриб, фикри чалғийди, тоат ва яхши ишлар учун қилган азму-қарори заифлашади.

Хилватда киши нафснинг дунёдаги насибаларини кўзи билан мушоҳада қилмаганлиги учун нафснинг дунёдаги насибалари тўғрисидаги фикрларини камайтиради. Чунки кўз қалбнинг эшиги ундан қалбнинг офатлари кириб келади. Шунда қалбнинг шаҳват ва лаззатлари пайдо бўлади. Баъзи уламолар айтади: Кимники вақти кўпайса (у вақтни бекор ўтказса) ҳасрати давомий бўлади. Хилват кишига иймонни ва маъбуднинг зикрига боғланишни мушоҳада қилдирганлиги учун охират ғамини жалб қилади ва охират тўғрисида фикрлашни янгилайди. Хилват бандаларни ёд этишни униттиради.

Хилват эсон-омонликнинг (саломатликнинг) энг улуғдир. Ҳадисда келадики: “Аллоҳдан саломатликни сўранглар. Бандага иймондан кейин саломатликдан афзалроқ нарса (неъмат) берилмагандир”.

Хабарда келтирилади: Одамлардан узлатда (ёлғизликда) бўлишлик саломатликдир. Ҳадисда расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан офиятни сўрашликни тавсия қилишлари ва офият ҳамма ҳолатда иймондан кейинги фазилатли неъматлиги, офиятни фазлини ифодалайди. Мурид (толиб) жамоатда топа олмайдиган лаззат, ҳаловат ва зиёдаликни хилватда топмагунча, ошкораликда топа олмайдиган жонланиш, қувватни сирда (махфийликда) топмагунича содиқ мурид бўла олмайди.

Шунингдек, дўстлашиши ваҳдатда (танҳоликда) ва роҳатланиши хилватда бўлмагунча ва энг гўзал амали сирда (махфийликда) бўлмагунича содиқ мурид бўла олмайди.

Изоҳ: Танҳоликда дўстлашиш Аллоҳ билан дўстлашишдир. Хилватда руҳий роҳатланиш Аллоҳни ибодати ёки зикри билан бўлади. Махфийликда гўзал амал қилиш ихлос билан бериё қилинган амал бўлади.

Суфён Ас-саврийдан у зот Бишр ибн Ҳарсдан ривоят қилади: Бишр ибн Ҳарсдан айтади: Қачонки сен танҳоликдан узоқлашиб, халқ билан улфатлашсанг сен ҳақингда риёдан хотиржам бўлмайман.

Абу Муҳаммад айтади: Яхшиликнинг ҳаммаси бу тўрт хислатда жамланган. Бу тўрт хислат билан Аллоҳнинг валий бандалари валийлик мақомига етган. Улар: очлик, жимлик, халқдан ажраш ва кечалари бедор бўлмоқ.

Абдулазиз Саҳл раҳимаҳуллоҳдан келтиради: Валий кишини халққа аралашиши хорлик ва халқдан ёлғиз бўлиши азизликдир. Мен кўп Аллоҳ азза ва жаллани валий бандаларини ёлғизликда кўрганман.

Баъзи орифлар айтади: Танҳоликка улфат бўлиш йўлнинг мавжудлигини аломати, тавбадан кейин иродани қўлга олиш сидқ аломатидир.

Изоҳ: танҳоликка улфат бўлган кишини борадиган йўли бор. Тавбадан кейин иродани қўлга олиб гуноҳлардан тийилиш тавбасида ростгўйлик аломатидир.

Биз зикр қилган тўрт нарсани (очлик, бедорлик, жим турмоқ ва хилватни) ушбу хислатларнинг зидди бўлган: тўлиқ, кўп ухлаш, кўп гапириш, одамларга кўп аралашишдан устун қўйишлик итоатда бардовам бўлишликка азму-қарор қилмоқликдир. Ушбу тўрт нарса билан қалб очилади, садр кенгаяди ва хулқ гўзаллашади. Бу тўрт нарсани зидди (тўқлик, кўп ухлаш, кўп гапириш ва халққа кўп аралашиш) дунё ва ғафлатни эшиклари, ҳовойи нафснинг йўлларидир. Тўқликда қалбни қотиши ва қалбни зулмати бор. Бу тўрт нарсани зиддида нафс сифатларини қувватланиши ва нафс насибаларини (кенг) тарқалиши бор. Нафсни қувватланиши ва кенгайишида иймонни заифлашиши ва қалб нурларини ўчиш (сўниши) бор.

Нафснинг заифлашишида, нафс табиатининг сўнишида иймонни қувватланиши ва иймон нурининг шуъласининг кенгайиши бор. Бунда бандани Аллоҳга яқинлашиши ҳам кузатилади. Тўқлик дунёга рағбат қилишни калити. Баъзи саҳобалар айтади: Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васалламдан кейин биринчи пайдо бўлган бидъат тўқликдир. Чунки бир қавмни қорни тўқ бўлса шаҳватлари уларга туғён қилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: айтадилар: Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам ва асҳоблари ихтиёрсиз ҳолда оч юрардилар. Ибн Умар айтади: Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинганидан буён қорнимни тўйғизганим йўқ. Бу Ҳажжожни замонида бўлган эди. Абу Ҳужайфанинг ҳадисида келтирилади: У зот Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида кекирдилар: Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам унга: Кекиригингни бизлардан тийгин! Дунёда сизларни узоқ вақт қорни тўқ бўлганларинг охиратда кўп қорни оч бўладиганларингдир. Абу Ҳужайфа айтади: Аллоҳга қасамки ўша кундан бугунга қадар қорнимни бирор марта таом билан тўлдирмадим, қолган умримда ҳам Аллоҳ азза ва жалла мени бундан сақлайди деб умид қиламан. Шунга кўра дунёда бандани қорнини очлиги тўқлигидан кўра кўпроқ бўлиши мустаҳабдир. Бу эса авлиёларнинг аломати.

Бир киши икки очликни охирги чегарасига етказиб икки очлик ўртасида бир марта еса, унинг тўқлиги очлигидан кўп бўлган бўлади. Кимки тўлиқ очқолгандан кейин ўртача тўйиб таом еса, унинг тўйиши, (ейши) ва очлиги мўтадил бўлибди. Кимки бир кунда икки марта овқат еса ёки қорни очқолмасдан қорнини тўйғизиб таомланса, унинг тўқлиги очлигидан кўп бўлибди. Бу макруҳдир. Тўйгандан кейин яна емоқ ҳам макруҳдир. Қорин тўйишидан олдин қўлни таомдан кўтармоқ тўқликдан очликни кўплигидир. Бу эса ўртача ҳолдир.

Ҳишом Ҳасандан ривоят қилиб айтади: Аллоҳга қасамки бир нечта қоринлари тўймайдиган қавмни кўрдим. Улар яшаш учун ейди токи нафсини ейишдан қайтарганда, ўзини озиган ҳолда ейишдан тиярди. Улар қимматбаҳо кийимлар киймас эди, аҳлига таом пиширишни буюрмас эди, остига қалин тўшак солмас эди.

Жаъфар ибн Ҳайян Ҳасандан айтади: Мўмин киши ҳамма қорнига емайди. У зот доимо ўз қўл остидагиларга бу васиятни қилар эди. Саврий айтади: Икки хислат қалбни қотиради: Доим тўқ бўлиш ва кўп гапириш.

Макҳул айтади: Уч хислатни Аллоҳ азза ва жалла яхши кўради улар: оз ейиш, оз ухлаш ва оз сўзлаш. Уч хислатга Аллоҳ азза ва жалла ғазаб қилади улар: кўп ейиш, кўп ухлаш ва кўп сўзлаш. Доимий уйқуда узоқ ғафлат, ақлни камайиши, зийракликни нуқсонга учраши ва қалбнинг унитиши (эътиборсизлиги) бор. Бу нарсаларда умирни беҳуда нарсалар билан ўтиб кетиши бор. Умрни беҳуда нарсалар билан ўтиб кетишида ўлгандан кейин ҳасрат бор.

Набий салоллоҳу алайҳи васалламдан: у зот айтдилар: Сулаймон алайҳиссаломга оналари айтди: Эй ўғилчам! Кечасида кўп ухламагин! Кўп уйқу қиёматда бандани фақир (камбағал) ҳолга солиб қўяди.

Изоҳ: Қиёматдаги фақир (камбағал)лик савоблардан камбағал бўлиб қолишдир.

Айтилади: Бани Исроил қавмида ибодатли ёш йигитлар кўп ибодат қиларди. Уларга кечки таомлари келтирилганда, ичларидан бир олим йигит туриб: Эй шогирдлар кўп еманглар, кўп есаларинг чанқаб кўп сув ичасизлар ва ухлаб қоласизлар, натижада кўп зарар кўрасизлар.

Баъзи салафлар айтади: Мўминнинг энг паст ҳолати ейиш ва ичиш ҳолатидир. Мунофиқнинг энг афзал ҳолати эса ейиш ва ичиш ҳолатидир.

Баъзи кишилар ҳакимларга айтди: Бизларга қилганимизда кундузи ҳам ухлайдиган бир ишни сифатлаб беринг. Шунда ҳакимлар айтди: Эй сизлар бунча ақлсиз кишисилар, ўзи умрларингни ярми уйқу бўлса. Уйқу ўлим бўлса. Сизлар умрларингизни тўртдан учини уйқуга ва тўртдан бирини ҳаётга (тирикликка) айлантиришни истайсизларми? У киши айтди: Қанақасига? Ҳакимлар айтди: Агар сен қирқ йил яшасанг (ярми уйқуга кетиб) у йигирма йил бўлиб қолади. Сен яна уни ўн йилга айлантиришни истайсанми?


Хулоса

Киши Аллоҳга яқин бўлиши учун одамлардан хилватда бўлиши тавсия қилинган. Чунки киши одамлар билан кўп аралашиб юрса уларни дунёга шунғиб, дунё ҳойи ҳавасларига берилиб кетганларини куриб, унинг ҳам фикри чалғиб, қалби дунё ташвиши билан тўлиб Аллоҳдан узоқлашади. Одамлардан хилватда бўлиш эса, аслида қалбни дунё фикри-зикридан холий қилиш йўлида тасия қилинган ишдир. Демак хилватда бўлиши қалбни дунё зикридан холий қилиш мақсадида йўлга қўйилган амал эканлиги маълум бўлди. Кейинги валий зотлар кишини ташқи кўриниши хилватда бўлмасдан ботини (қалбини) хилватга солиш мумкинлигини баён қилганлар. Хусусан Боҳовиддин Нақшбандий қуддуса сирруҳ “хилват дар анжуманд” яъни, анжуманда хилват таълимотини юқори сурганлар. Бунда киши ўзи халқнинг орасида, қалби хилватда бўлиб, Аллоҳга боғланиб, Аллоҳни зикр этади. Бу йўл энг яхши йўлдир. Бунда киши халқдан ажрамай зоҳири дунё ишини бажаради ва ботини охират ишини бажаради. Шунда хилватдан кўзда тутилган мақсад бўлмиш, қалб хилвати ҳам амалга оширилади. Лекин киши ўзи халқ орасида бўлиб, қалбида хилват ҳосил қилиш малакасини ўзида ҳосил қилиши керак.


Кўп гапириш

Кўп гапирган кишини парҳези камаяди, тақвоси йўқолади, қиёмат куни ҳисоби чўзилади. Қиёмат кунида ундан ҳақ (савоб) талаб қилувчилар кўпаяди. Унинг амалини ёзиб борувчи, гувоҳ фаришталар кўп бўлади, доимо Аллоҳдан юз ўгиради. Чунки гапириш тилнинг кабира гуноҳларини калитидир. Кўп гапирган инсон ёлғон, ғийбат, чақимчилик, туҳмат, ёлғон гувоҳлик, покиза аёлни зинокорликда айблаш, Аллоҳга келтирган иймонида ёлғон тўқиш каби гуноҳларни қилиши мумкин.

Кўп гапиришда ўзини қизиқтирмайдиган (унга алоқаси бўлмаган) ўринда гапириш ва фойдасиз гапларга шўнғиб кетиш бор.

Хабарда келтирилади: Одам боласининг кўп хатоси тилидадир. Қиёмат кунида инсонларнинг гуноҳи кўплари ўзини қизиқтирмайдиган (унга алоқаси бўлмаган) гапларга кўп шўнғиб кетганларидир. Тилда кишилар учун (ёлғон-ёшиқни аралаштириб) сўзни зийнатлаш бор. Тилда сохтакорлик, баландпарвозликка сидқ (ростгўйлик) тушунчаларини ўзгартириш бордир. Тилда юмшоқлик ва ҳаво аҳлига (ҳавоий ишиларга) тилёғламалик бор. Буларни бир бандада жамланишида унинг қалбини паришон бўлиши (сочилиши) бор. Қалбни паришон бўлишида фикрни бўлиниши ҳам кузатилади. Фикрни бўлинишида у бандани Аллоҳга яқинлик мақомидан тушиши ҳам бор.

Ибн Аббос Мужоҳидга қилган васиятида айтади: Ҳалим ва нодон киши билан бирга юрманглар! Ҳалим киши сени қовиради (хуноб қилади). Нодон киши эса сенга озор беради. Хабарда келтирилади: Бир банда қисқа калима гапирса у сабабли шундай зарарга йўлиқадики, ер ва осмон оралиғидан узоқроқ масофада пастга шўнғийди. Бошқа бир лафзда: Банда бир қисқа калима гапирса у сабабли жаҳаннамга етмиш хариф пастга шўнғийди. Луқмони ўз ўғлига айтди: Эй ўғилчам, сен гунг бўлиб, сўлагинг кўкрагингга оқиб яшамоғинг сен учун бир қавмнинг орасида сени қизиқтирмайдиган (сенга алоқаси бўлмаган) гапларни гапириб юрмоғингдан яхшидир.

Хабарда келтиради: Бир киши бир ёмон калимани гапиришни бошласа, сўнг инсонлар шу ва шунга ўхшаш калималарга шўнғиб кетишсалар, у инсонларнинг гуноҳларининг мислича гуноҳ аввал ёмон калимани гапиришни бошлаган кишининг зиммасида ҳам бўлади.

Хабарда келтирилади: Ёмон хабарни фақатгина ёмон кишигина келтиради (тарқатади).

Иброҳим ибн Адҳам ҳаётидан ҳикоя қилинади: Иброҳим ибн Адҳам билан бир киши дўстлашиб, унга ёмон хабар келтирса у билан ажрашар эди.

Изоҳ: ёмон хабардан мурод иғво, бўҳтон гаплар.

Ҳадисда келтирилади: Бир киши икки қулоғи эшитган ва икки кўзи кўрган нарсани гапирса Аллоҳ таоло уни, мўминлар ўртасида фаҳшни (бемаъни гапларни) тарқатиб юришни яхши кўрадиган кимсалардан қилиб ёзиб қўяди.

Али розияллоҳу анҳу айтади: Одамлар орасига фаҳшни (бемани гапларни) тарқатиб юрувчи киши, у амални бажаргувчи кишига ўхшайди.

Хабарда келтирилади: Аҳли суффанинг баъзи фақирлари Аллоҳ азза ва жаллани йўлида шаҳид бўлишди. Шунда унинг онаси: Жаннат сенга муборак бўлсин: Аллоҳ йўлида жанг қилдинг ва расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилдинг. Шаҳид ҳолингда қатл этилдинг, сенга жаннат муборак бўлсин деди. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам: Уни жаннатийлигини қайердан биласан? Балки ўғлинг дунёда ўзига фойдаси бўлмаган гапларни гапиргандир ёки унга зарар бермайдиган гапларни гапиришдан бахиллик қилгандир. Бошқа бир лафзда: Балки у ўзини қизиқтирмайдиган (ўзига алоқаси бўлмаган) гапларни гапириб юрган ва уни беҳожат қилмайдиган гапларни гапиришдан бахиллик қилгандир.

Хабарда келтирилади: баъзи саҳобалар бир кишини: У жуда уйқучи деди. Шунда Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам: Биродарларингизни ғийбат қилибсиз ундан сизларни кечиришлигини сўранглар дедилар. Бошқа бир хабарда саҳобалар бир кишини: фалонча нақадар ожиз деди. Шунда Росулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам: уни (гўштини) едиларинг дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадисларида келтирилади: Оиша розияллоҳу анҳо: Бир аёлни унинг сочи нақадар узун экан деди. Бошқа бир лафзда: У аёл калта экан деди. Шунда Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам: Сиз шундай бир калимани гапирдингизки, агар у калима денгиз сувига аралаштирилганда унга аралашиб кетар эди. Бу сўз шиддатдаги муболағани васфидир. Ғийбатни васфи тўғрисидаги маъноларни жамлагувчи хабар Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинди. У зот айтдилар: Бир киши биродари ҳақида унда бор нарсани гапирса уни ғийбат қилган бўлади.

Абона Анас розияллоҳу анҳудан у киши Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда ғийбатни ундан ашаддийроқ тури зикр қилинди. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Ғийбат - сен бир биродаринг ҳақида бир гапни гапирсанг уни, у ҳақида айтган гапингдан поклолмайдиган (оқлолмайдиган) гапдир. Бу ниҳоятда шиддатли гап ва ғийбат чегарасиниг энг чўққиси. Ғийбат луғавий исм, унинг шаръий маъноси “инсон ғойиб бўлди”дан олинган. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам ғийбатни тафсир қилиб айтадилар: Ғийбат - банда ўз биродари ҳақида ундаги бор нарсани гапирмоғидир. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам ғийбат ҳақида: Ғийбат - зинодан ашаддийроқ деб, уни улуғ гуноҳ санадилар. Қачонки банда бир биродарини ғоиблигида у ҳақида аниқ биладиган, у ҳозир бўлганида гапира олмайдиган ёки уни камситадиган ё айтган гапи ҳақида биродарини оқлолмайдиган гапни гапирса уни ғийбат қилибди. Агар жим туришликда ғийбатнинг ўзидангина саломат қолишлик бўлганида эди, бунинг ўзи ҳам катта бойлик бўлар эди.

Изоҳ: Ваҳолангки жим туришликда ғийбатдан бошқа гуноҳлардан ҳам саломат қолиш бор.

Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: Одам боласини ҳамма каломи унга зарар беради, фойда бермайди, магарам учта (уч хил калом) унга фойда беради: яхшиликка буюриш ёки мункардан қайтариш ё Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилмоқ.


Ҳар хил одамларга кўп аралашиш

Одамларга аралашиш яхши амалларга қувват бўладиган, инсондаги азму-қарорни заифлаштиради.

Изоҳ: азму-қарор деганда, яхши амаллар, тоат ишларни қасд қилишни тушунамиз.

Яхшилик ва тақвода кўмаклашувчи одамлар кам бўлганлиги, гуноҳ ҳамда удвонда кўмаклашувчи одамлар кўп бўлганлиги сабабли, одамларга аралашиш, хилватда банда ўзига ватан қилиб олган, узил-кесил ҳал қилинган (мустаҳкам) тугунни ечади.

Изоҳ: Киши хилватда яхши амаллар, тоат ишларни қалбига тугади. Одамларга аралашганда эса дунёга чалғийди ва ушбу яхшилик тугунни ечилади.

Одамларга аралашишда, киши дунё аҳлини дунёга юзланганларини кўрганлиги учун, дунёнинг нақд нарсаларига талаб ва ҳирсни кучайиши бордир.

Одамларга аралашишда ғофил кишиларга қараб хизматдан кучсизланиб (бўшашиб) қолиш ва дангаса кишилар билан бирга ўтириш билан тоат қилишга малолланиш бор. Жоҳилларни каломини тинглаганлиги, дунё болаларини ўликларига назар солганлиги сабабли муомаладаги ҳаловатни нуқсонга учраши, илм нурини, фаҳмлашлик ҳиссини кетиши бор. Исо алайҳиссалом айтади: Ўликлар билан ўтирманглар қалбларинг ўлади. Исо алайҳиссаломдан сўралди: Ўликлар кимлар? Исо алайҳиссалом айтади: Дунёни яхши кўрувчилар ва дунёга қизиқувчилар.

Ҳасан Басрий, Аллоҳу азза ва жаллани:

22. Тириклар билан ўликлар тенг бўлмас. (“Фотир”) сўзи ҳақида айтади: Улар камбағаллар ва бойлардир. Камбағаллар Аллоҳ азза ва жаллани зикри билан тирик бўладилар ва бойлар эса, дунё устида ўлик бўладилар. Одамларга аралашиш, бекорчилар ва ғофиллар билан бирга ўтиришнинг энг катта зарари, уларни кўриб, иймонни заифлашишидир.

Банда имтиҳон қилинадиган энг зарарли, уни халокатига омил бўлувчи, бандага ғойибдан ваъда қилинган, очиқда таҳдид қилинган нарсалардан уни тўсадиган, узоқлаштирадиган ва иймонини заифлаштирадиган ашаддий нарса, бу - Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам уммати тўғрисида хавф қилган энг хатарли нарса иймонни заифлашишидир. У зот айтганлар: Мен умматим устида қўрқадиган нарсаларимнинг энг хавфлиси иймонни заифлашиши. Иймонни заифлашишини асли дунёга рағбат қўйиш, дунёдан фахрланиш, дунё болаларига тазарруъ қилиш, дунё болаларидан таъма қилишдир.

Изоҳ: Дунё болалари: дунёга муҳаббат қўйган, дунёни ҳамма нарсадан устун қўядиганлардир.

Ибн Масуъд айтганлар: Бир киши ўз уйидан дини билан чиқиб кетади ва ўзи билан бирга динидан бирор нарса бўлмаган ҳолда уйига қайтади.

Изоҳ: бу жумла киши дин ва иймонидан енгилгина ажраб қолишлиги мумкинлигини ифодалайди.

Баъзи тобеинлар айтади: Бир банда бир неча яхши хислатлар узра хилватда ўтиради кейин одамларга чиқади, хилватда туккан (яхшилик) тугунларини одамлар бирма-бир ечиб, ҳамма тугунлари ечилади.

Изоҳ: ҳар бир ёмон киши билан гаплашганда хилватда қасд қилган яхши амалидан воз кечаверади.

Иймонни қувватланиши ҳамма яхши амални аслидир. Чунки уни иймонни қувватланишида қайтадиган жойига (охиратига) шошилиш, яшаб турган жойида фоний дунёга рағбатни камайиши бор. Иймонни қувватланишида боқий дунёга рағбатни кўпайиши, ҳирсини заифлашиши, таъмагирликни йўқолиши ва дунё юмушларидан бўшаб, масканидаги мустаҳаб (фазилатли) бўлган амаллар билан шуғулланиши бор. Буларнинг барчасида кишини амалларидаги ихлосини зида бўлиши, ўз ҳолатини тасарруф қилишидаги зуҳдини ҳақиқати, дунёвий орзу-ҳавасларни қисқариши, амалларни гўзаллашиши бордир. Аллоҳ таоло бандани қабрига киргунига қадар, борадиган жойини зиёрат қилгунига қадар (қабрга киргунига қадар) дунё билан фахрланиб юришини васф қилиб айтади:

1. “Кимники кўп” сизни машғул қилди.

Яъни, сизларни фахрланиш шунчалик машғул қилдики, ҳатто қабрларни зиёрат қилишдан ҳам машғул қилди. Сўнгра айтадики:

5. Йўқ! Агар сизлар аниқ илм ила билганингизда эди.

Яъни, агар сизлар аниқ илм ила билганингизда эди, охират учун солиҳ амал қилиш сизларни ўйин кулгудан машғул қилиб қўярди. Дунёда фахрланишдан кўра охират учун амал қилиш билан шуғулланар эдингиз. Аниқ илм йўқлиги сабабли дунёда фахрланиш сизларни охират амалларидан машғул қилиб қўйди. Аллоҳ таоло айтади:

9. Йўқ! Улар шак-шубҳада, ўйнамоқдалар.

12. «Бас, бизни ортга қайтар, яхши амал қиламиз. Албатта, биз ишониб етдик«, дейишларини кўрсанг эди.

Сўнг Аллоҳ уларни иккинчи марта қўрқитди, уларни машғул қилган неъматлар ҳақида сўраб таҳдид қилиб айтди:

3. Йўқ! Сизлар тезда биласизлар.

4. Яна йўқ! Сизлар тезда биласизлар.

5. Йўқ! Агар сизлар аниқ илм ила билганингизда эди.

6. Албатта, жаҳаннамни кўрасизлар.

7. Ва яна, албатта, уни ишонч кўзи билан кўрасизлар.

8. Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласизлар.

Бандаларни тавбадан кесадиган ва тавба қилувчиларни тўғриланишдан оздирадиган уч нарса бор. Касб қилиш, инфоқ қилиш ва мол-дунёни жамлаш. Бу уч нарса халққа боғлиқдир. Халқ мавжуд бўлса у уч нарса ҳам мавжуд бўлади. Кишини халқдан ёлғиз бўлиши билан у уч нарса йўқ бўлади. Кимки бу уч нарсадан тақво қилса халқдан тақво қилибди. Кимки халққа рағбат қилса бу уч нарсага рағбат қилибди.

Изоҳ: киши кўпинча ҳаромдан касб қилиши ва ҳаромга инфоқ қилиши мумкин. Шунингдек, молни жамлаш мол-дунёга муҳаббат қўйишдандир.

Саврий айтади: Ким инсонларга аралашиб юрса уларга ёқадиган ишларни қилади. Ким уларга ёқадиган ишларни қилса иккиюзламачилик қилади, ким иккиюзламачилик қилса улар дуч келган нарсага дуч келади натижада улар ҳалок бўлганидек ҳалок бўлади.

Баъзи солиҳлар айтади: Мен Аллоҳнинг халқдан узилган баъзи валий бандаларига айтдим: Яхши амалларни амалга ошириш йўли қандай бўлади? Бир марта айтдим: Сиз мени бир амалга далолат қилингки, мен уни қилсам ҳамма вақт давомий равишда қалбим Аллоҳ билан бирга бўлсин. Шунда у айтди: Халққа қарама уларга қараш зулматдир. Мен айтдим: Мен ундан чорасизман. У айтди: Уларни каломини тинглама, уларнинг каломи қаттиқдир. Мен айтдим: Мен ундан чорасизман. У айтди: Улар билан муомала қилма, улар билан муомала қилиш хавотирлидир. Мен айтдим: Мен уларни орасида эканман улар билан муомала қилишдан чорасизман. У айтди: Уларни орасид турмагин, уларни орасид туриш ҳалокатдир. Мен айтдим: Бу иллатдир. У айтди: Эй сен! Ғофилларга қарайсан, жоҳилларни каломини эшитасан, бекорчилар билан муомала қиласан яна ҳамма вақт давомий равишда қалбинг Аллоҳ билан бирга бўлишини истайсан, бу бўлмайдиган ишдир.


Хулоса

Киши доимо яхши кишиларга яқин бўлиб, уларгагина аралашиши керак. Ёмонларга аралашганда уларни таъсирида дунёга берилиб, охиратни унутиб қўяди. Ҳатто улар иймонини заифлашишига сабаб бўлиб қолиш эҳтимоли ҳам бор.

Қалблар озуқаси китобини йигирма еттинчи бобини таржимаси ниҳоясига етди. Аллоҳга ҳамд бўлсин!


Қодиров. Ҳ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусталаҳулҳадисга доир Жарҳ ва таъдилrdquo ҳамда Тафсир ибн Абу Ҳотимrdquo номи билан машҳур бўлган Тафсирrdquo китоблар муаллифи Абдураҳмон ибн Абу Ҳотим арРозий давоми...

4717 15:15 / 22.04.2017
Дуо ndash ибодат турларидан бири бўлиб, инсон руҳига қўшиб яратилгандир. Қийинчилик вақтида ўзўзидан, биров ўргатмаса ҳам ҳар бир одам Аллоҳга илтижо давоми...

11228 10:11 / 24.03.2017
Ҳаракатда баракат... Ҳар бир нарсага эришишда озмикўпми меҳнат талаб қилинади. Инсон Худога таваккул ва дуо қилиб, ризқ талабида ҳаракат қилса, албатта, ноумид давоми...

2799 21:39 / 21.04.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади Аллоҳ умматимнинг хаёлларидан ўтган нарсаларни, агаруни гапирмасалар ёки давоми...

3485 15:00 / 24.03.2017