1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Азоннинг жорий бўлиши ва ҳикмати

15:26 / 24.03.2017 3706 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар Мадинаи мунавварага келганларида ҳануз азон машруъ бўлмаганди. Намоз вақтини билишда қийналишарди. Гоҳида эрта келиб қолар ва намозни узоқ муддат кутиб қолишарди. Кўп вақт кутиб қолиш натижасида баъзи ишларини бажариб олишга улгуришмасди. Гоҳида эса ишлари билан машғул бўлиб жамоат билан намоз ўқиш шарафидан маҳрум бўлиб қолишарди. Бу иккиси ҳам уларни қийинчиликка қўйди. Бир куни улар бу ҳақида маслаҳат қилишди. Баъзилари Пайғамбар с.а.в.га намоз вақти кирганда байроқ тиклаб қўйиш маслаҳатини бериб, мусулмонлар байроқни кўриб намоз вақти бўлганини билиб намозга келади, дейишди. Бу нарса Пайғамбар с.а.в.га ёқмади. Баъзилари насронийлар каби қўнғироқ чалишни маслаҳат беришди. Бу ҳам Пайғамбар с.а.в.га ёқмади. Яна баъзилари яҳудийларнинг дуди каби дуд чалишни яъни, карнай чалишни маслаҳат бериб, мусулмонлар бунинг овозини эшитиб намозга келишади дейишди. Буниси ҳам Пайғамбар с.а.в.га ёқмади. Чунки Пайғамбар с.а.в. яҳудий ва насронийларнинг ваҳийга таянмасдан қилган ишларида уларга мувофиқ келишни истамасдилар. Саҳобалар бир қарорга кела олмасдан тарқалиб кетдилар. Абдуллоҳ Ибн Зайд ансорий р.а. ҳам Расулуллоҳ с.а.в.нинг бу ташвишларига шерик бўлди. Унга тушида азон кўрсатилди. У киши Пайғамбар с.а.в.нинг ҳузурларига келиб кўрган тушларини айтиб берди. Пайғамбар с.а.в. “Аллоҳ сенга яхшиликни кўрсатибди”, деб қабул қилдилар ва Билол р.а.га “Эй Билол, тур, намозга чақир” дедилар. Яъни, инсонлар эшитишлари учун баланд жойга чиқ, Абдуллоҳ ибн Зайднинг айтганларига қулоқ сол ва у билан одамларни намозга чақириб азон айтгин, дедилар.

Билол р.а.нинг овози баланд, узоқроққа етадиган, ёқимли ва жозибали бўлиб, эштувчини ўзига тортадиган бўлгани учун Пайғамбар с.а.в. Билол р.а.ни азон айтиш учун ихтиёр қилдилар. Шу билан бирга Билол р.а. Исломдан қайтарилиб, диндан чиқиши учун азобланаётган чоғида иймонда собит туриб тавҳидни ифодаловчи “Аҳад, Аҳад” калималарини айтиб тургани сабабли тавҳид билан бошланиб, тавҳид билан якунланадиган азонни айтиш ва илк муаззинлик шарафига мукофот тариқасида муяссар бўлди.

Билол р.а.нинг намозга чақириб азон айтаётганларини Умар р.а. эшитиб ридоси судраб чиқиб, шошилиб Пайғамбар с.а.в.нинг ҳузурларига келиб: “Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, ё Расулуллоҳ, у кўрганни мен ҳам кўрдим”, дедилар. Пайғамбар с.а.в.: “Ваҳий сендан ўзиб кетди”, дедилар.

 Яъни, азон туш билан собит бўлмаган, балки ваҳий билан собит бўлган. Аммо бу кўрилган тушлар ваҳий билан бирга ёнма-ён рўй берганди.

Азоннинг ҳикмати: Эшитиш ва таъаммул қилишга азондан кўра ҳақлироқ калималарни билмайман. Муаззиндан кўра ҳидоятга чақирувчироқ даъватчини билмайман. Борлиқда баланд янграгувчи бу калималар бизга Аллоҳни ва Унинг ҳаққини эслатади. Бу калималар бизга бу ҳаётга нима учун келганимизни ва қайси амалларни бажариш учун яратилганимизни эслатадиган калималардир. 

Бу калималар Одам боласини тўғри йўлни топишликка ва ана шу йўлда собит туришга ва эгри йўлдан эҳтиёт бўлиб, ундан узоқда бўлишга чақиради.

Муаззин “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деб таъкидлаб айтган чоғда, гўёки инсонга: “Ўз нафсинг атрофида айланиб юравермай, сени тарбиялаган, сени етук қилиб яратган буюк Роббингни эслагин, барча ҳаракату-саканотларингда Уни қасд қилгин, шунда У Зот вақтинг ва ҳаракатингда сенга барака беради”, деётгандек бўлади. “Ким охират ҳосилини истаса, Биз унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз.” Шууро-20

Муаззин “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллооҳ” деб такрорлаб айтаётганда гўёки инсонга: “Эй инсон, Аллоҳдан ўзга илоҳдан қўрқмагин, барча ишлар Унинг ёлғиз Ўзига қайтувчи ва Унинг Ўзигина ишларни ҳал қилувчидир. Унинг ҳукмини эса ҳеч ким рад қила олмас. У манъ қилган нарсани бера оладиган, У берган нарсани эса манъ қила оладиган бирор кимса йўқ. Қадрли нафсингни кўтар, қаддингни ростлаб бошингни тик тут, Аллоҳгагина сажда қилгин. Ана шундай қилсанг Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга тиз чўкмайсан, тобеъ бўлмайсан!”, деётгандек бўлади.

Муаззин “Ашҳаду анна Муҳаммадар Росуулуллооҳ” деб такрорлаб айтаётган чоғида, гўёки бу сўзлари билан иқтидо қилишга ва унинг изидан эргашиб боришга лойиқ бўлган комил инсоннинг суратини гавдалантириб, бу инсон иймон, тақво, ахлоқ ва истиқоматда барчага гўзал намуна бўлган ёлғиз Муҳаммад с.а.в. эканлигини билдираётгандек бўлади. Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир. Аҳзоб-21

Муаззин “Ҳайя ъалас солааҳ” деб такрор айтаётган чоғида, гўёки инсонни Роббисининг ҳузурида Уни ҳамд билан поклашга ва Ундан савобларни кўпайтириб олишга тарғиб қилаётгандек ва яна эътиқодда бир бўлган мусулмон биродарлари билан жамоат намозида жамланиш ва Аллоҳ учун дўст бўлиш шарафига муяссар бўлишга чақираётгандек бўлади. У беш вақт азон айтиб яъни намозга чақириб бизга ушбу оятни эслатиб қўяётгандек бўлади. “Бас, тунга киришингизда ҳам, тонгга киришингизда ҳам Аллоҳни поклаб ёд этинг. Осмонлару ердаги ҳамду сано Уникидир. Оқшомда ва пешинда ҳам (поклаб ёд этингиз)”. Рум 17-18 (“Тунга киришингизда” лафзидан шом ва хуфтон намозлари, “тонгга киришингизда” лафзидан бомдод намози, “оқшом ва пешинда” лафзларидан эса аср ва пешин намозлари ирода қилингандир.)

Муаззин “Ҳайя ъалал фалааҳ”ни таъкидлаб икки марта айтаётган чоғида инсонни самарали меҳнат ва нажот берувчи ҳаракатга чорлаётгандек бўлади. Чунки экин экиб ҳосил йиғмаган деҳқонланлар қанча-қанча! Ҳаракат қилиб, йўлга отланиб мақсадга етмаганлар қанча-қанча! Лекин намозхонларнинг уринишини Аллоҳ таоло зое қилмас, уларнинг саъю-ҳаракатларини Ўзи сиротул мустақимга бошлагай! “Иймoн кeлтиргaн вa сoлиҳ aмaллaрни қилгaн зoтлaр эсa, aлбaттa, Биз яxши aмaллaрни қилгaн кишининг мукoфoтини зoе қилмaсмиз.” Каҳф-30. “Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир.” Ҳажж-54

Муаззин яна такрорлаб “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар”ни айтган чоғида эса инсонни ўтказаётган қимматли узоқ умри ва ҳаёт машаққатларида ғоятда хушёр бўлишга чорлаётгандек. Чунки инсон уйидан чиқиб ўзи ва аҳлининг нафақаси, манфаати учун ишига, меҳнати  ва касби-корига боради. Муаззиндан эшитаётган такбир жарангги эса уни Роббисини қасд қилишга, ҳар ишини унинг розилиги учун қилишга чақиради. Инсон қачонки ўз нафсини Роббиси учун тақдим қилса, шунда у ўзини бой, Аллоҳдан ўзга барчадан беҳожат эканлигини ҳис қилади ва ўзининг имконияти, куч-қудратига ишонади. Аммо ким нафсини ортиқ билиб, уни устун қилса, Аллоҳни унутса, ўзининг кимлигини ҳам унутади ва натижада мазкур нарсалардан маҳрум бўлади. “Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У зот уларга ўз шахсларини унуттирди. Ана ўшалар, фосиқдирлар.” Ҳашр-19

Муаззин барча бут ва санамларни қулатиш учун азонни тавҳид калимаси “Лаа илааҳа иллаллооҳ”ни баралла айтиш билан якунлайди. Бугунги кунда олам тошдан бўлган бут-санамларга эгилмайди. Лекин мол ва ҳукм дунёсининг тирик санамлари бўлмиш ҳайбатли шахсларга ғоятда фидокорона садоқат кўрсатмоқдалар. Подшоҳларнинг подшоҳи бўлмиш Аллоҳ таолодан қўрқиш ўрнига кўпроқ улардан қўрқмоқдалар. “Улардан қўрқасизми?! Агар мўмин бўлсангиз, қўрқишингизга лойиқ зот Аллоҳдир!” Тавба-13

Азон калималари Аллоҳни танишликка комил йўл ва етук даъватдир. Олов ёқиб унинг чақнатиб нур сочиши, қўнғироқнинг жаранглаши ёки дуд яъни, карнайнинг овози каби нарсалар билан кифояланиб, азон айтиб намозга чақиришдан беҳожат бўлиш асло мумкин эмас. Чунки азон билан эришилган нарсага ундан бошқа бирорта нарса билан эришиб бўлмайди.

Азон муқаддас динимиз Ислом динининг шиорларидан бўлгани учун уни тўғри талаффуз қилишимиз лозим бўлади. Унинг калималари фақатгина ердан осмонга чиқадиган оддий калималар эмас, балки осмондан яъни, “малаъул аъло”дан ерга нозил қилинган калималардир. Муаззин азонни гўзал қилиб айтса унинг даъвати ҳам гўзал бўлади. Уни қанча тўғри айтсак шунча кўп савобга эришамиз. Аммо унга эътиборсиз қаралса ва нотўғри айтиб маъно бузилса, гуноҳкор бўламиз. 


Сидиқметов Қудратуллоҳ,

“Кўкалдош” ислом билим юрти мударриси,

“Аҳмаджон қори” жомеъ масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ислом ва янги минг йиллик, caveat lector . Биз мусулмон сифатида ишга киришишдан олдин камида иккита тараддудга эҳтиёж сезамиз.Биринчидан, гарчи мустақил бўлмаган давоми...

3027 09:36 / 22.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимИсломнинг инсоният маданиятидаги таъсири ва инсониятга фазлу марҳаматиАллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад давоми...

9600 09:42 / 22.03.2017
Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилиб айтади Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга ташвишлардан чиқиш йўлини пайдо қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирурrdquo давоми...

3350 16:49 / 27.03.2017
Инсон зотига ақл билан бирга нафс ҳам ато этилган. Токи жон танани тарк этмагунча инсон вужудида ақл ва нафс ўртасида кураш боради. Ақл инсон мақомини фаришталар давоми...

8478 17:22 / 27.03.2017