1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Садоқатнинг самараси

16:50 / 27.03.2017 2651 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дарахтнинг буюклиги у йиқилганда яхшироқ бўй кўрсатади дейилганидек, устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг улуғликлари, фазилатлари вафотларидан сўнг янада яққол намоён бўлмоқда. Ортларидан бутун эл дуо қилиб, минглаб, балки сон саноқсиз хатми Қуръонлар бағишлаб, беҳад ҳайру эҳсонлар йўллади. Шоирлар шеъру марсиялар битиб, қаламкашлар саҳифа қоралашга тушди. Буларнинг барчаси бежиз эмас, холис ва беминнат қилинган улуғ хизматларнинг, самимий садоқатнинг самараси, албатта. Аллоҳнинг ер юзидаги уйлари бўлмиш масжидларга Шайх ҳазратларининг номлари берилиши эса мазкур жараёнинг чўққиси, гултожиси бўлди десак, муболаға бўлмаса керак. 

Шу йил март ойида Жанубий Кореяда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳнинг номларидаги илк масжид фаолият бошлаган эди. Куни кеча худди шу номдаги дунёдаги иккинчи масжид мусулмонлар хизматига топширилди. 

Кеча 26 май куни Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳрида «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад» масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Чимкент вилояти бош имом хатиби Аҳмаджон домла, у кишининг ўринбосари Бекайдар Ҳожи ва бошқа фаоллар иштирок этдилар. Маросимга Ўзбекистондан Шайх ҳазратларининг ўғиллари  Исмоил ҳожи, шогирдлари Абдулҳаким қори ака, Муҳммад Нофеъ домла, Ҳасанхон Яҳё, Ҳусайнхон Яҳё ва бошқа мухлислар ташриф буюришди.

Очилиш маросими Қозоғистон вақти билан кундузги соат 12.00да бошланди. Йиғилишни вилоят бош имоми ўринбосари Бекайдар Ҳожи жаноблари олиб бордилар. Йиғилиш икки юрт қорилари вакиллари – Ҳусайнхон Яҳё ва Исломбекларнинг Қуръон тиловатлари билан бошланди. Илк сўзга чиққан вилоят бош имоми Аҳмаджон домла устоз Шайх ҳазратларининг фазилатлари, дину элга қилган хизматлари, хусусан, мусулмонларнинг тўғри эътиқод ва амалда бўлишлари йўлида олиб борган саъй ҳаракатлари ҳақида сўзлар экан, бу илмий фаолият нафақат Ўзбекситон, балки Қозоғистон жумҳурияти учун ҳам катта аҳамиятга, таъсирга эга бўлганини таъкидлади. Ушбу масжидга Шайх ҳазратларининг номлари берилиши айни муддао бўлиб, икки Республика ўртасидаги қадимий дўстликнинг рамзи ва Қозоғистон мусулмонларининг улуғ Устозга бўлган эҳтиромлари намунаси эканини айтиб ўтди. Аҳмаджон домла ўз нутқи асносида ушбу эзгу ишда бош қош бўлган ҳукумат ва диний идора раҳбариятига алоҳида миннатдорчилик изҳор қилди.

Шайх ҳазратларининг ўғиллари Исмоил ҳожи ака сўзга чиқиб, ушбу хайрли ишдан жуда ҳам мамнун эканини изҳор этди ҳамда ўзи, оила аъзолари, падарибузруквори Шайх ҳазратларининг шогирду мухлислари номидан бу улуғ ишга бош бўлган, ҳисса қўшган барча мўмин мусулмонларга ўз миннадорчилигини билдириб, ташаккур айтди. Шу билан бирга, Шайх ҳазратларининг «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва Ҳаёт»  ва бошқа асарлари тўпламини янги масжидга совға сифатида топширди.

Ундан кейин Шайх ҳазратларининг катта шогирдларидан, устоз Абдулҳаким қори ака нутқ сўзлади. У киши Шайх раҳматуллоҳи алайҳни хотирлаб, муфтийлик пайтларида қилган хизматлари, минтақада ҳозир бир масжидга Ҳазратнинг номлари берилган бўлса, ул зот ўлкада минглаб масжид ва ўнлаб мадарасаларнинг очилишига сабаб бўлганлари, уларни халқ хизматига топширганлари, собиқ тузумдан кейин Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг оммавий равишда ҳаж ибодатини адо этиш бахтига мушарраф бўлишларидаги хизматларини эслаб ўтди. Хусусан, сўнги йилларда илмий фаолиятлари, бетакрор асарлари билан мусулмонларнинг диний билимларини юксалтириб, минтақада барқарорликни таъминлаш борасида улуғ хизматлар қилганларини ва бу жорий садақа, иншааллоҳ, қиёматга қадар ўз мевасини бериб боришини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг Ўзбекистон халқи номидан Қозоғистон жумҳуриятининг раҳбару фуқароларига, Диний идора раҳбариятига, ушбу масжиднинг барпо этилишида хизмат қилган барча азизларга миннатдорчилик изҳор этиб, бу иш икки халқ ўртасидаги азалий алоқаларни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирди.

Сўнги навбат Ҳасанхон Яҳё Абдулмажидга берилди. У киши масжидга юртимизнинг улуғ фарзанди, Устоз ҳазратларининг номи берилгани хоссатан барча шогирду мухлисларни жуда ҳам хурсанд қилганини айтар экан, бугун Ўзбекистондан келган меҳмонларнинг ташрифини ушбу миннатдорчиликнинг рамзи сифатида қабул қилишларини сўради. Кейин Андижонга қарашли Бўз шаҳри бош имом хатиби Абдулаҳад қори ака тарафидан ушбу масжиднинг очилишига атаб ёзилган шеърни ўқиб берди. Назм тинловчилар тарафидан зўр қизиқиш билан қарши олинди. Унда шоир Шайх ҳазратларининг айрим фазилатлари ва ушбу масжид ташаббускорларига, Чимкент халқига олқишлар ҳамда ўзбек қозоқ халқларининг азалий бирдамликларини куйлаган эди. Суҳбат Устоз ҳазратларига атаб ёзилган марсиядан бир банд ўқиш билан тамомланди.

Шундан сўнг масжид хонақоҳига кирилди. Тасмани вилоят бош имоми Аҳмад Ҳожи ва Исмоил ҳожи ака биргаликда қийдилар. Масжидда яна суҳбат ва тиловатлар давом этди. Қувайт жамғармасининг Қозоғистондаги вакили Ёсир Алвоний Шайх ҳазратлари билан бўлган учрашувларини эслаб: «Шайх жаноблари фақат ўзбек халқининг олими эмас, балки бутун Ислом оламининг олими, намояндаси эдилар. Мен бир икки бор қурган қисқагина суҳбатимдаёқ бунга амин бўлган эдим», деб таъкидлади ва жамоатни янги масжид билан муборакбод этди. Йиғилиш Ҳасанхон Яҳёнинг пешин намозидан сўнги тиловати билан якунланди.

Намоздан чиқишга мезбонлар зиёфат ташкил қилишди. У ерда ҳам маърифий суҳбатлар ва икки юрт ҳаққига хайрли дуолар бўлди.


Масжид ҳақида



Масжидга бундан роппа роса бир йил олдин пойдевор қуйиш бошланган эди. Хонақоҳнинг ичи 600 кв метрдан ортиқ бўлиб, 1000дан ортиқ намозхонни сиғдиради. Масжид ҳовлиси эса бунга икки баробар катта. Хонақоҳга кириш чиқиш эшиги иккита, меҳробга қарама қарши тарафда. Бино замонавий иситгич ва совутгич воситлари билан тўлиқ таъминланган. Таҳоратхоналар ҳам замон талабига жавоб берадиган савияда. Хонақоҳга киришда ҳам алоҳида бет қўл чайқаш учун шароит ҳозирлаб қўйилган. Хонақоҳ томининг маркази гумбаз шаклида. Том ва деворлар рангин нақш ва ёзувлар билан безатилган. Хонақоҳ ичида икки тарафда баланд қилиб солинган айвон иккинчи қават ҳисобланади. Ҳар икки қаватнинг ҳам ери исийди. 

Масжидни барпо қилишдаги асосий ташаббускорлар Абдулваҳҳоб ота ўғиллари Абдураҳим ҳожи ва Комилжон ҳожилардир. Масжидга 2015 йил 21 май куни «Шайх Муҳаммад Содиқ» номидаги жомеъ масжид сифатида рухсат олинди. Ҳозирча масжидга Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида таҳсил олган Чимкентликлардан бири Исматуллоҳ қори имом хатиб этиб тайинланди. Масжид ёнидаги «Эмин Охун ота» номидаги эски масжид шу ердаги «Таҳфизул Қуръон» – Қуръон ёдлатиш мадрасаси ихтиёрига топширилди.


Ислом.уз портали 

27.05.15



























Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони каримнинг бир нечта оятлари ва ҳадиси шарифларда истиғфор айтиш Аллоҳ таолонинг фазли билан ризқнинг кенгайишига сабаб экани айтилган.Қуръони каримда давоми...

6959 20:15 / 22.04.2017
Ушбу бўлимда ниятни холис қилиш, ёмон гумонга бормаслик, бирор амал қилганда уни ихлос билан бажариш лозимлиги ва кишиларни яхшиликка чақиришнинг фазилатлари давоми...

7685 09:35 / 25.03.2017
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 10 март куни оламдан ўтдилар. 11 март куни пешинда жанозалари Кўкчаrdquo масжидида ўқилиб, Шайх Зайниддин бува давоми...

4151 16:49 / 27.03.2017
Умр оқар сув каби жуда тез ўтиб кетяпти. Ўтган умримиз қайтиб келмайди. Муҳаммад ибн Восеъдан Қандай тонг оттирдингизrdquo деб сўрашганида у киши Кун ўтган сари давоми...

2917 10:16 / 27.03.2017