1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Имом Барзанжий ва унинг мавлид асари ҳақида

10:32 / 24.03.2017 8132 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир роҳим


Мана Робиъул аввал ойи ҳам кириб келди. Бу ой инсоният учун нажот умидини тақдим этган, улкан бахту саодатлар эшиги очган ойдир. Бу ой бутун оламларга раҳмат ва баракот манбаи бўлган зотнинг қуёши дунё узра илк бор порлаган ойдир. Бу ой икки жаҳон сарвари, Одам болаларининг афзали, охир замон Пайғамбари севикли Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ойдир.

Бу ой барча мусулмонлар учун қадрли бўлган, муҳим фурсат ҳисобланган ойдир. Шу боис, бутун Ислом олами бу ойни ўзгача тайёргарлик билан кутиб олади ва мусулмонлар истиқомат қилаётган деярли барча мамлакатларда бу ой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш ойи сифатида ўтказилади. Жумладан, бизнинг юртимизда ҳам мавлид китобларини ўқиш, шу ниятда йиғинлар уюштириш анъанага айланган.

Мавлид маросимлари Ислом оламда кенг тарқалганидан, унинг жоизлиги хусусидаги асарлардан ташқари, бундай йиғинларни қандай ўтказиш ҳақида ҳам алоҳида рисолалар битилган, мавлид китобларга шарҳлар ёзилган.

Ўрта Осиё ва бошқа кўплаб мусулмон мамлакатларда мавлид маросимларида Жаъфар Барзанжийнинг мавлид асарларини ўқиш урф бўлган. Хўш, Барзанжий ўзи ким бўлган? Қачон яшаб ўтган? У кишнинг мавлиди нима учун кенг тарқалган?  Бизнингча, бу саволлар кўпчиликни қизиқтирса керак. Шу боис, фурсатдан фойдаланиб, сиз азизларга ушбу мазмунда ўзимиз билган, ўқиганларимиздан қўлдан келганича маълумот беришга ҳаракат қилдик. Бу камтарона уриниш муҳтарам ўқувчилар учун мавлид ойи туҳфаси бўлса, ажаб эмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи манфаатли қилсин.


Имом Барзанжий ва унинг мавлид асари



Исми ва насаби: Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг тўлиқ исми қуйидагича: Саййид Жаъфар ибн Ҳасан ибн Абдулкарим ал­Мазлум ибн Муҳаммад ибн Абдурросул ал­Барзанжий ал­Мусавий ал­Ҳусайний аш­Шофеъий ал­Маданий. Имом Барзанжийнинг насаби Жаъфар Содиқнинг ўғли Мусо ал­Козим орқали имом Ҳусайн ибн Алий розияллоҳу анҳумга бориб тақалади ва Пайғамбаримизнинг авлодларидан ҳисобалнади. У кишининг лақаблари Зайнулобидийн бўлган.

Барзанжийнинг ота­боболари Мадинаи Мунавварада шофеъий мазҳабининг йирик уламоларидан бўлган.

Таваллуди: Жаъфар Барзанжий 1126 ҳижрийда Мадинаи Мунавварада илм­маърифатли оилада таваллуд топган.

Ҳаёти: Жаъфар Барзанжий ёшлигида ота­онаси қўлида таълим олади, хусусан отаси Саййид Ҳасандан Қуръони Каримни таълим олади. Шайх Исмоил Яманийдан Қуръони Каримни ёд олади ва бир нечта устозларга ўқиб беради. Жумладан, Шайх Юсуф Соиъидий, Шамсуддин Мисрий, Саййид Абдулкарим ибн Ҳайдар Барзанжий, Саййид Атоуллоҳ Ҳиндий, Саййид Муҳаммад Ҳаёт Санадий, Шайх Юсуф Курдий. 

Кейин Маккаи Мукаррамага сафар қилиб, у ерда беш йил илм талабида бўлади, кўплаб уламолардан таҳсил олади. Жумладан, Атоуллоҳ ибн Аҳмад Азҳарий, Абдулваҳҳоб Тантовий, Аҳмад Ушбулий.

Тасаввуфда у кишининг устозлари Мустафо Бакрий ва Атийятуллоҳ Ҳиндийлар бўлган ва у кишига тариқатда мазкур Мустафо Бакрий, Саййид Муҳаммад Табарий ва Шайх Муҳаммад Тоййиблар ижоза берган.

Жаъфар Барзанжий келишган, юзи порлоқ, чиройли, қошлари туташган, оҳукўз, қирра бурунли, қалин соқолли, овози баланд, буғдойранг, кўркам киши эди. Унинг ахлоқи ҳам кўриниши каби гўзал эди. У жуда ҳам камтар, тавозели, кўнгли тоза, кечирмли, кенг феълли одам эди.

Уни ўз даврининг «Нававий»си, дейишарди ва «Кичик Шофеъий» деб аташарди. У етук олим, фақиҳ, муҳаддис, сер ибодат обид, жуда ҳам моҳир адиб, ўткир нотиқ, фазилатли солиҳ киши бўлган. 

Жаъфар Барзанжий етук олим бўлиб етишгач, 1159 ҳ. Рамазон ойидан бошлаб Мадинаи Мунавварада Масжиди Набавийда дарс беришни бошлаган. У киши кўп илмларда чуқур билимга эга эди. Хусусан, шофеъий мазҳабидаги фуруъий масалаларда жуда ҳам моҳир бўлган. Унинг дарс беришдаги маҳорати ҳам барчани қойил қолдирар эди.

Мадинаи Мунавварада шофеъий мазҳаби бўйича муфтийлик мансабига Жаъфар Барзанжийнинг катта бобоси Муҳаммад ибн Абдурросул ал­Барзанжий (1103ҳ) давридан бошлаб ушбу оила уламолари сайланар эди. Жаъфар Барзанжий ҳам илм ўз навбатида ушбу хизматга ўтган ва умрининг охиригача шофеъи мазҳаби бўйича Мадина муфтийси лавозимида ишлаган. Ушбу оиланинг мазкур мансабда хизмат кўрсатган охирги вакили 1365 ҳ.да вафот этган Саййид Муҳаммад Закий ибн Аҳмад Барзанжий бўлган.

Имом Жаъфар Барзанжийга айрим кароматлар ҳам нисбат берилган. Жумладан, бир йили қуғоқчилик бўлади. Шунда Жаъфар Барзанжий Ҳарамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларида хутба қила туриб, ёмғир сўраб дуо қилади. Бирдан булут келиб, ёмғир ёға бошлайди, Мадина кўчалари сел бўлиб оқади. Бу воқеа ҳақида ҳатто шоирлардан бири шеър ҳам битади.

Имом Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳи 1177 йили Шаъбон ойининг чоршанбасида Мадинаи Мунавварада вафот этади ва Бақеъ қабристонига қўйилади. Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олсин ва ётган жойларини жаннат боғларидан айласин. Амин.

Ёзган асарлари:

1.    «Иқдул­жавҳар фи мавлиди Набиййил­азҳар». Бизда мавлид китоби деб танилган асар мана шу.

2.    «Ал­Кашф ал­Муҳаммадий». Тарихга оид.

3.    «Изоату ад­дарорий фи шарҳи «Саҳиҳ ал­Бухорий». Ибн Ҳажар Асқалоний шарҳининг талхиси.

4.    «Ал­ишаъаҳ фи ашротис­саъаҳ».

5.    «Ар­ровдотул­анзаҳ фи манақиби саййидина Ҳамзаҳ». Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг ҳаётлари ҳақида.

6.    «Жалиятул­куроб фи асҳаби саййидил­ажам вал­ароб». Бадр ва Уҳудда қатнашган саҳобалар ҳақида.

7.    «Ал­Бурд ал­муҳбар ал­ҳаваший фи манақиби аш­шайх Аҳмад ал­Қашаший». 

8.    «Аш­Шақоиқ ал­утружжийя фи манақиби ас­садатил­барзанжийя».

9.    «Ал­Жаний ад­даний фи зикри набзатин мин манақиби ал­Қутбу ар­Роббаний ас­Саййид Абдулқодир ал­Жийлоний».

10.    «Ал­ғосн ал­вардий фи ахбари ас­Саййид ал­Маҳдий».

11.    «Фатҳур­Роҳман ъала ажвибати ас­Саййид Рамазон».

12.    «Ал­Бирр ал­ъажил биижабати аш­шайх Муҳаммад Ғофил.

13.    «Ал­Файз ал­Латиф биижабати Наиб аш­шаръ аш­шариф».

14.    «Қиссотул миърож».

Имом Жаъфар Барзанжий ўзининг мавлид китобини насрда ёзгандан кейин уни назмга солиб шеър ҳам қилган. Бизда кўпроқ у кишининг насрий асарини ўқиш урф бўлган. Унда муаллиф ҳамду санодан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларини бирма­бир санаб ўтади. Кейин у зотнинг таваллудлари арафисдаги ҳолатлар ҳақида сўз юритади. Ундан кейин у зотнинг туғилишлари ва гўдаклик даврларини баён қилади. У зотнинг Ҳалима онамиз тарбияларада кечирган кунларини, «Шаққи садр» воқеасини зикр қилади. Кейин эса йигитлик пайтларини, Хадича розияллоҳу анҳога уланишларини айтиб ўтади. Ундан кейин илк ваҳий ҳодисасини, кейин эса Меърож воқеасини баён қилади. Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари, у зотнинг ахлоқлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтади. Асарнинг охирини мавлид йиғинларига мос бир дуо билан якунлайди. 

Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг назмий мавлиди ҳам худди шу тартибда битилган. Фақат унда маълумотлар бироз чегараланган. 

Аслида Барзанжийнинг мавлиди каби насрий ва назмий мавлидлар кўп. Мисол учун, Абдурраҳмон Дуйбаъийнинг «Мавлиду Дуйбаъий» асари каби. Аммо бутун Ислом оламида, хусусан, бизнинг диёрларда айнан Барзанжийнинг мавлиди кенг тарқалган ва барча томонидан қабул қилинган. Бунинг, албатта, ўзига яраша сабаблаи бор. Жумладан:

1.     Асарнинг тили ўта адабий ва енгиллиги. Чунки, асарнинг тили агар ёқимли бўлмаса, кишини зериктириб қўяди. Бу ерда муаллифнинг ўта моҳир адиб эканликлари иш берган.

2.     Асарда берилган маълумотларнинг ишончлилиги. Барзанжий мавлидида маълумотлар анча сараланган. Кўп мавлид китобларда тўқима гаплар кўпайиб кетган. Бу эса, албатта, уламоларнинг эътирозига сабаб бўлади.

3.    Асарнинг тузилиш. Барзанжий мавлиди назм бўлиб маълум шеърий вазнга туширилган ҳам эмас, шу билан бирга, тўғри насрий ҳам эмас. Балки иккисининг орасидаги услубда ёзилган. Бу услубни «наво» услуби ҳам дейилади. Унда гаплар сажъ ‒ қофия билан тугайди, аммо шеърий вазнга солинмайди.

4.     Асардаги тартибнинг гўзаллиги. Барзанжий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини қисқа шаклда ёритиб ўтар экан, унда воқеалар ривожини тарихий тартибда олиб борган. 

5.    Асарда муаллиф ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатини, шавқ­завқини қалам тили билан ифода эта билган ва мўмин кишининг ўз Пайғамбарига қандай муҳаббатда бўлишини бир қисм кўрсата олган. Бу, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли қалбларни ром қилиши турган гап. 

Асар кичик бўлиб, шунга қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидаги асосий нуқталарни қамраб олгани. Асарнинг қисқалиги, маълумотларни лўнда қилиб бергани уни осон ёдлаш имконини берган. Шу билан бирга, у сийрат борасида қимматли маълумотларни ўз ичига олган. Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг мавлидлари кенг тарқалишига яна бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Хусусан, у кишининг китобни ёзишдаги ихлос­муҳаббатлари бунга асосий сабаб бўлган бўлса керак.

Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг мавлидига кишиларнинг қанчалар эътибор берганини, муҳаббат қилганини айрим уламоларимиз томонидан бу асарга турли шарҳ ва назиралар ёзилганидан ҳам билиб олиш мумкин. Жумладан:

1.    «Ал-қовлул мунжий ъала мавлидил­Барзанжий». Мавлид шарҳи. Муаллиф: Муҳаммад ибн Аҳмад Алий Моликий. 1269 ҳ. Робиъус соний ойида ёзиб тугатилган.

2.    «Ал-кавкабул анвар ала иқдил жавҳар».  Барзанжийнинг Мадинаи Мунавварадаги авлодларидан Жаъфар ибн Исмоил ибн Саййид Зайниддин ибн Саййид Жаъфар Барзанжий (1250­1317ҳ) томонидан ёзилган шарҳ. Асар 1279 ҳ.с. шаъбон ойида ёзиб битирилган.

3.    «Талҳинус­сонжи шарҳу мавлид ал­имам ал­Барзанжий». Абдурраҳим Моликий ал­Журжовий. Асар 1321/1903 санада Мисрда чоп қилинган.

4.    «Аш­Шаҳид ал­Мунжий лил­Мавлид ал­Барзанжий». Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Солиҳ Хазражий қаламига мансуб назира. Муаллиф унда Барзанжийнинг насрий мавлидидан иқтибос келтириб, шеърий мавлид битган.

5.    «Фатҳул вадуд ъала шарҳил мавлуд». Марғилонлик машҳур олим Фозилжон Махдум Марғилонийнинг ўзбек тилидаги шарҳи.

Жаъфр Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг мавлидлари кенг тарқалишига яна бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Хусусан, у кишининг китобни ёзишдаги ихлос¬муҳаббатлари ва халқ орасидаги маконатлари бунга асосий сабаб бўлган бўлса керак.

Аллоҳ ўтган азизларимизни Ўз раҳматига олсин ва бизларни уларга яхшиликда эргашишимизни насиб этсин.


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўша пайтда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак умрларидан қирқинчи йилини ўтказар эдилар. Дунё жар ёқасига келиб қолган эди. Турли давоми...

4061 18:18 / 09.12.2017
2670. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмнинг ичида ўрта бўйли новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, тиниқ рангли ndash ўта давоми...

2980 17:29 / 29.11.2017
Мавлид воситадир, мақсад эмасШаръий насс ndash ҳужжат бўладиган матн билан талаб қилинган, тарғиб қилинган фарз, вожиб, суннат амаллар асл мақсад ҳисобланади. Бундай давоми...

4576 09:10 / 01.10.2021
Ассалом алайкум ҳурматли устозлар. Менинг ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳурматим чексиз. Аллоҳдан у кишини тушимда кўришни, жаннатларда қўшни давоми...

1938 16:05 / 03.11.2019
Аудиолар

137637 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57704 14:35 / 11.08.2021