1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Қурғоқчилик сабаблари

10:09 / 24.03.2017 2758 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Атмосферанинг бузилиши кўплаб табиий бўҳронларга, табиатнинг бузилиши, иқлим ўзгариши, бир сўз билан айтганда табиатга хос қонунларнинг ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Масалан, қишда иссиқ бўлиб, баҳор ёки ёзда қор ёғиши, баъзи ҳудудларда сув тошқинлари, баъзиларида эса қурғоқчилик каби нохуш ҳолатлар кузатилмоқда. Тўғри, қурғоқчилик бўлишида табиий-моддий омиллар муҳим ўрин тутади. Аммо унинг маънавий сабаблари ҳам борки, биз қуйида шу хусусда сўз юритамиз.

Маълумки, Аллоҳ таоло осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида Ер юзини кўм-кўк майсалар ва дарахтлар билан буркайди. Бу бандаларга берилган улуғ неъматдир. Лекин бандалар қилаётган номаъқул ишлар туфайли сувнинг кам бўлиши, қурғоқчилик каби ҳолатлар кузатилади. Бунга асосий сабаб қуйидагилар:

                1. Аллоҳнинг амрига бўйсунмаслик, У Зот мўъжиза ва оятларини писанд қилмаслик.

Аллоҳ таоло айтади:

“Дарҳақиқат, Биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олишлари учун (қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан ушладик. Шундай кейин ҳам қачон уларга яхшилик келса, улар: “Бунга ўзимиз ҳақдормиз”, дейишди. Агар уларга бирон ёмонлик етиб қолса, Мусо ва у билан бирга бўлган кишилардан бадгумон бўлдилар. Огоҳ бўлсинларки, албатта, уларнинг кўргуликлари фақат Аллоҳнинг ҳузуридандир. Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар. Улар (Мусога): “Сен бизларни сеҳрлаш учун қандай оят-мўъжиза келтирсанг ҳам биз сенга ҳаргиз имон келтирувчи эмасмиз”, дедилар. Бас, Биз уларнинг устларига тўфон, чигиртка, бит, бақа ва қонни очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибру ҳаво қилдилар ва осий қавм бўлдилар” (Аъроф, 130-133).

Демак, Аллоҳ таоло саркаш ва осий бандаларни Ўзи билган мусибат ва балолар билан имтиҳон қилар экан.

2. Сувнинг қадрига етмаслик, уни исроф қилиш.

Аллоҳ таоло берган неъматни бандаси қадрласа, унинг ўукрини бажо келтирса, ўша неъматни яна зиёда қилади. Бироқ, қайси неъмат исроф қилинса, унинг қадрига етилмаса, Аллоҳ таоло ўша неъматни бандасидан олиб қўяди.

Аллоҳ таоло айтади:

“Ва Биз осмондан (аниқ) ўлчов билан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, уни Ерга жойлаб қўйдик. Шак-шубҳасиз, Биз уни кетказишга ҳам Қодирмиз” (Муъминун, 18).

Бошқа оятда шундай дейилган:

(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Хабар берингларчи, агар сувларингиз (Ер тубига) сингиб кетса, у ҳолда (Аллоҳдан ўзга) ким сизларга оқар сув келтира олади?!” (Таборак, 30).

3. Нисобга етган молдан закот бермаслик.

Ҳар қандай мол, у хоҳ савдо, хоҳ зироат, хоҳ чорвачилик ёки бошқа кўринишда бўлсин, агар нисобга етса, ундан закот чиқариш лозим. Қайси молдан қанча закот чиқарилиши фиқҳ китобларида муфассал баён қилинган. Биз бу ерда нисобга етган молдан закот бермаслик қурғоқчиликка сабаб бўлишини эслатмоқчимиз.

Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар:“Агар бир қавм закотни бермасалар, Аллоҳ уларни қурғоқчиликка гирифтор қилади” (Табароний “Авсат”да, Байҳақий “Шуъабул ийман”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган. Ҳокимнинг ривоятида: “Агар бир қавм закотни бермасалар, Аллоҳ улардан ёмғирни ман қилади”, дейилган. Ҳоким: “Бу ҳадис Муслим шартига кўра саҳиҳдир, аммо иккиси уни ривоят қилишмаган”, деган).

Ушбу ривоятга кўра, бировнинг ҳаққини бермай, фақат ўзини ўйлайдиган бахил кимсалар Аллоҳ тарафидан турли балоларга дучор бўладилар. Ушбу ҳадисда шундай офатларнинг бири келтирилмоқда. Унда айтилишича, закотни бермаслик қурғоқчилик, сувнинг кам бўлиши, ёмғир ёғмаслиги, оқибатда ризқ-насибанинг камайиши, очарчилик ва қийинчиликларга сабаб бўлар экан.

Одат, закот деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларидан чиқарилади. Бу икки соҳа бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ва иккисининг фаолияти ва ривожида сув муҳим ўрин тутади. Энди ким деҳқончилик қилиб, мўл ҳосил олсаю, ҳақдорларга улуш ажратмаса, ҳосилнинг ўндан ёки йигирмадан бирини беришга қизғанчиқлик қилса, катта нарсани йўқотади. Унинг бу қилмиши сувнинг кам бўлишига, натижада касбидан барака кўтарилишига сабаб бўлади.

Чорвачиликда ҳам худди шундай. Юзлаб, минглаб қорамол ва қўй-эчкилари бўла туриб, уларнинг закотини адо қилмаслик молнинг завол топишига сабаб бўлади. Бу биринчи навбатда сув тақчиллиги билан юз беради. Сув бўлмагандан кейин Ердан ўт-ўлан ва гиёҳлар ўсиб чиқмайди. Ўт ва ҳашаксиз чорвачилик қилиб бўлмайди. Шу сабаб бизлар масаланинг бу жиҳатига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

4. Тарозидан уриб қолиш.

Бировнинг ҳаққини ейиш, омонатга хиёнат қилиш, савдо-сотиқда тарозидан (метр, килограмм, узунлик ва х.к.) уриб қолиш касб-кордан баракани кетказади. Бу нарса қийинчилик, озиқ-овқат тақчиллиги ва қурғоқчиликка сабаб бўлади.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир қавм аҳдни бузсалар, Аллоҳ уларнинг устидан душманларини ғолиб қилиб қўяди. Агар улар ўлчовдан уриб қолсалар, ўсимликлардан ман қилинадилар ва қурғоқчиликка гирифтор бўладилар”, дедилар” (Ибн Мардавайҳ ривояти).

Насоий Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда: “Агар (одамлар) ўлчов ва тарозидан уриб қолсалар, қурғоқчилик ва озуқа танқислигига учрайдилар”, дейилган.

Бундан юқоридаги ҳадисда закотни адо қилмаслик бандалар бошига оғир мусибатлар ёғилишига сабаб экани айтилган бўлса, бу ерда тарозидан уриб қолиш, бировга ўлчаб ёки тортиб бераётганда кам қилиб бериш каби ҳолатлар ёмон оқибатларга олиб келиши таъкидланмоқда. Бундан маълум бўладики, бировнинг ҳаққини ейиш, ҳаром йўллар билан бошқалар молини ўзлаштириш ризқнинг камайиши, бараканинг кўтарилиши ва турли хил оғир ҳолатларнинг келиб юзага келишига сабаб бўлади.

Аллоҳга ҳамдлар айтамиз, юртимиздан аввалдан сув сероб бўлиб келган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишини Парвардигоримиздан сўраймиз. Аммо юқоридаги жиҳатларга диққатли бўлиш, неъматларни ўрнида сарфлаш, исрофдан узоқ бўлиш ва Аллоҳнинг амрига бўйсуниш барчаларимизнинг бурчимиздир.

Бирон неъматга эришгач, унинг бардавом бўлиши учун қуйидагиларга эътибор қаратишимиз лозим. Биз шариллаб оқиб турган анҳор, кўл ёки дарёларни кўрганимизда, “маа шаа-аллоҳу лаа қуввата иллаа биллааҳ”, деб айтишимиз лозим.

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло бирон бандасига аҳли, моли ёки фарзандларида бирон неъмат берганида, у: “Маа шааллоҳу лаа қуввата иллаа биллаҳ”, деб айтса, то умрининг охригача Аллоҳ таоло у бандадан ҳар бир офатларни даф қилади. Сўнгра “агар боғингга кирганингда...” оятини тиловат қилдилар” (Абу Яъло, Ибн Мардавайҳ,  Байҳақий “Шуъабул ийман”да ривоят қилган).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан қилинган бошқа ривоят ушбу ҳадиснинг маъноси янада равшанроқ ифодаланган: “Кимки ўз молида бирон нарсани кўриб, ундан кўзи қувонча, бас, “маа шааллоҳу лаа қуввата иллаа биллаҳ”, деб айтсин. Шунда бу молга офат тегмайди” (Байҳақий “Шуъабул ийман”да ривоят қилган).

Шунингдек, ёмғир кам ёғган пайтларда кўп истиғфор айтиш талаб этилади. Шунингдек, Аллоҳдан ёмғир сўраб дуо қилишмиз лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳумма соййибан нафиъан”, деб фойдали, баракали ёмғир сўраб дуо қилардилар. Биз у зотга эргашиб, доим ўзимизни Аллоҳга муҳтож эканимизни изҳор қилиб, Аллоҳдан ҳожатларимизни раво қилишини сўраак, мақсажга мувофиқ бўлади. Аллоҳ таоло устимизга баракали ёмғир ёғдириб, бу билан ризқимизга барака берсин, омийн!

 

Одилхон қори ИСМОИЛОВ

Тошкент шаҳридаги

“Шайх Зайниддин” жомеъ

масжиди имом хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ривоят қилинишича, Алий розияллоҳу анҳу ҳайит намозидан олдин намозгоҳда бир қавмнинг намоз ўқиб турганини кўрдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2494 15:16 / 27.03.2017
Ҳалқимизда маййит чиққан хонадон эгаларининг зиёфат уюштириб дастурҳон ёзиш одати, марҳумлар хотирасига бағишланган маърака ва маросимлар ўтказиш анаъанаси давоми...

3573 15:42 / 22.04.2017
Ислом шариатида ҳалоллик муҳим ўрин тутиб, у инсон умри хотиржам, осойишта ва фаровонлик билан ўтишига гаров, десак муболаға бўлмайди. Шунинг билан бирга жамият давоми...

4934 14:04 / 24.03.2017
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизларни шайтон йўлларидан юрмасликка, ундан эҳтиёт бўлишга чақириб шундай дейди quotЭй, имон келтирганлар Ёппасига итоатга киришингиз давоми...

3087 10:10 / 27.03.2017