1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ўтган азизларнинг вақтни авайлашлари

14:47 / 22.04.2017 3047 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўтган азизларнинг вақтни авайлашлари ва уни зое қилишдан ҳазар қилишлари

Ўтган азизлар яъни салафи солиҳлар вақтни зое қилишдан ҳазар қилардилар. Фузайл ибн Иёз: Жумъадан жумъагача айтган сўзиларини санаб бера оладиганларни биламан (яъни шу даражада кам гапиришган). Ўтган азизлардан бирининг олдига киришиб: сизни бирор нарса билан машғул қила оламизмикин? дейишди. У зот шундай дедилар: тўғри айтдиларинг, ўқиётган эдим сизлар сабабли ўқишдан тўхтадим! Бир обид киши Сирри Сақатийнинг олдига келди. Унинг ҳузуридаги жамоатни кўриб: бекорчилар тўхтаб ўтадиган жойга айланиб қолибсан! деди ва ўтирмасдан жўнаб кетди.

Зиёрат қилинган киши юмшоқлик қилаверса кўргали келган одам бемалол ўтираверади. Азият бераётганига парво ҳам қилмайди. Бир гуруҳ кишилар Маъруф Кархийнинг ҳузурида ўтиришарди. Узоқ ўтириб қолишди. Шунда у зот: Қуёш фариштаси унинг ҳаракатини секинлатгани йўқ, қачон турмоқчисизлар?! деди.

Ўтган азизларнинг вақтни муҳофаза қилишларидан гўзал намуналар

Ўтган азизлардан бир гуруҳи лаҳзаларни муҳофаза қиларди. Довуд Тоий нон бўлакларини ивитиб қўярди ва: ивитилган бўлакни оғизга солиш билан нон ейиш орасида эллик оят ўқиш фарқи бор, дерди. Усмон Боқилоний доим Аллоҳни зикр қилиб юрарди. У зот шундай деган: мен ифтор вақтида ейиш сабабли зикрдан машғул бўлиб қолганим сабабли гўё руҳим чиқиб кетаётгандай ҳис қиламан! Ўтган азизлардан бири дўстларига насиҳат қилиб шундай деган: менинг олдимдан чиққанларингда алоҳида-алоҳида кетинглар, шояд сизлардан бирингиз йўлида Қуръон ўқиб кетса, агар тўпланиб кетсаларингиз гаплашиб кетасизлар.

Билгинки, замон шундай қийматлики унинг бирор лаҳзасини зое қилиб бўлмайди. "Саҳиҳ"да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис келган:

مَنْ قَالَ سُبْحَانَ اللَّهِ الْعَظِيمِ وَبِحَمْدِهِ. غُرِسَتْ لَهُ نَخْلَةٌ فِى الْجَنَّةِ

"Кимки "Субҳаналлоҳил азийм ва биҳамдиҳи" деса, у учун жаннатда битта хурмо экилади."[1]

Ҳа, одамзот улкан савоблари бор қанчадан-қанча соатларни зое қилиб юборади?! Ушбу кунлар экин экадиган фурсатлар кабидир. Уруғ қадамасдан ўтириш ё ҳафсаласизлик қилиш ақлли кишиларнинг ишими?

Вақтни ғанимат билишга кўмак берадиган нарсалар баёни

Вақтни ғанимат билишга кўмак берадиган нарсалар: имкон қадар ёлғиз бўлиш, одамлар билан кўришганда  саломлашиш билан ё энг муҳим ишлар билан кифояланиш, кам ейиш, чунки ейишнинг кўп бўлиши узоқ ухлашга ва кечани зое кетказишга сабаб бўлади. Кимки ўтган азизларнинг сийрати ҳақида тафаккур қилиб кўрса ва мукофотга аниқ ишонса, зикр қилганларим унга аниқ равшан бўлади.

Ўтган уламоларнинг ҳимматлари олий бўлгани ва таснифларининг кўплиги

Ўтган уламоларнинг ҳимматлари олий бўлган. Бунга уларнинг умрларининг қаймоғи бўлган ёзган асарлари далолат қилади. Афсуски кўплаб асарлари бизгача етиб келмаган. Чунки толиби илмларнинг ҳимматлари заифлашган ва улардан мухтасар асарлар талаб қилишга ўтишган. Муфассал асарлар учун рағбатлари етишмаган. Сўнгра улар муфассал асарларнинг ичидан булар дарс қилиб ўқишадиган миқдорда қисқартириб беришган. Натижада китоблар йўқолиб кетган улардан нусхалар кўчирилмаган!

Шундай экан комил толиби илмнинг йўли улар қолдириб кетган китоблардан хабардор бўлишдир. Толиби илм кўп мутолаа қилсин, шунда у олдингиларнинг илмларидан, уларнинг фикрини ўткирлайдиган ва астойдил интилишга бўлган азму қарорини ҳаракатга келтирувчи олий ҳимматларидан  хабардор бўлади. Зеро бирор бир китоб фойдадан холий бўлмайди.

Ўзимиз билган анави дангасаларнинг сийратларидан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз. Уларда илм йўлига қадам қўяётган толиби илм эргашадиган олий ҳимматни топа олмаймиз. Тақводор киши ўзига намуна қилиб оладиган парҳезкорни ҳам учратмаймиз. Аллоҳ, Аллоҳ паноҳ бергин, сизлар ўтган азизларнинг сийратларини мулоҳаза қилишларингиз, уларнинг таснифлари-ю хабарларини мутолаа қилишингиз лозим. Уларнинг китобларини кўп ўқиш, уларнинг ўзларини кўриш демакдир. Шоир айтганидек:

فاتنى أن أرى الديار بطرفي       فلعلى أرى الديار بسمعي

Масканларни кўзларим-ла кўриш насиб этмади

Шояд масканларни қулоқларим-ла кўрсам.

 

Ибн Жавзийнинг илмдаги рағбати ва китобларга қаттиқ ёпишиши

"Мен ўз ҳолим ҳақида айтадиган бўлсам, китоб мутолаасидан ҳеч тўймаганман, агар ўзим ўқиб кўрмаган бирор китобни кўриб қолмсам гўё хазинанинг ичига тушгандек бўлиб қолардим.

Низомия мадрасасидаги китоблар рўйхатига қараганман. Олти минг мужаллад атрофида китоб бор эди. Абу Ҳанифа китоблари рўйхати, Ҳумайдий китоблари рўйхати (Муҳаммад ибн Фаттуҳ Андалусий, Бағдодий, ибн Ҳазмнинг дўсти), шайхимиз Абдулваҳҳоб Анмотий китоблари рўйхати, Ибн Носир китоблари рўйхати ва  Абу Муҳаммад Хашшоб китоблари рўйхатлари эди. Буларнинг бари оғир эди. Булардан бошқа ҳам қодир бўлганимча китоблар рўйхатларига қараганман[2].  Агар мен: йигирма минг мужаллад китоб ўқиб чиққанман десам, кўп айтган бўламан, лекин китоб ўқишда давом этаяпман.

Мазкур китобларга назар солиб, ўтган азизларнинг сийратларини мулоҳаза қилишни, уларнинг ҳимматлари, ҳифзлари ва ибодатларининг миқдорини мулоҳаза қилдим. Илмларининг ўқимаган одам билмайдиган даражада ажойиблигини билдим. Натижада инсонлар талпинаётган беҳуда нарсаларни назарга илмайдиган, толиби илмларнинг ҳимматларини ҳақир кўрадиган бўлдим. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин". 

Ҳар бир нафас хазинадир, сен хазинанг бўш бўлишидан ҳазар қилгин.

Имом Ибн Жавзий роҳматуллоҳи алайҳ ўғилларига насиҳат қилиб ёзган "Лафтатул кабид фи насиҳатил валад[3]" номли латиф рисолаларида фарзандларини вақтни ҳифз қилишга ундаб шундай деганлар: " эй ўғилчам, билгинки, кунлар соатларни тарқатади, соатлар нафасларни тарқатади, ҳар бир нафас хазинадир, сен бирор нафаснинг ҳам ҳеч нарсасиз кетишидан ҳазар қилгин. Агар ҳеч нарсасиз кетса, қиёмат кунида бўш хазинани кўриб надомат чекасан!

Ўтказаётган ҳар бир соатингда уни нимага сарфлаётганинга эътибор бер. Соатларингни имкон қадар энг яхши ишларга сарфла. Нафсинга эътиборсиз бўлма. Уни имкон қадар энг яхши ва энг гўзал ишларга ундагин. Қабр сандиқларига унга йўлиққан кунингда хурсанд бўладиган нарсаларингни жўнатиб тургин".   

Ибн Жавзий бир кунда тўрт рисола асар ёзарди

Ҳофиз Ибн Ражаб "Зайлу тобақотил Ҳанобила" номли китобида Ибн Жавзийнинг таржимаи ҳоли ҳақида қуйидагиларни ёзган: " Бирор бир фан йўқки унинг ўша фан тўғрисида бирор таснифи бўлмаса. Ундан таълиф этган асарлари тўғрисида сўрашганда: уч юз қирқдан ортиқ, деб жавоб берган. Улар орасида йигирма мужалладлилари ҳам, битта рисолаликлари ҳам бўлган. Муваффиқ Абдуллатиф шундай деган: Ибн Жавзий бирор вақтини зое кетказмаган. Бир кунда тўрт рисола асар ёзган. Ҳар йили унинг эллик билан олтмиш мужаллад оралиғидаги асарларининг хабари тарқаларди".

Ибн Жавзийнинг вақтни тежагани сабабли қўли билан икки минг мужаллад асар ёзгани

Заҳабий "Тазкиротул ҳуффоз" асарида, Ибн Ражаб "Зайл"да қуйидагиларни айтган: "Ибн Жавзийнинг набираси Абу Музаффар шундай деган: Бобомнинг умрлари сўнгида минбар устида шундай деганларини эшитганман: Мана бу бармоқларим билан икки минг мужаллад ёздим". Ибн Вардий "Татимматул мухтасар фи ахбарил башар" номли китобида қуйидагиларни айтган: " Айтилишича Абул Фараж ибн Жавзий ёзган рисолаларни жамлашиб унинг умрига тақсимлашган, шунда унинг ҳар бир кунга тўққиз рисола тўғри келган".  

Ибн Жавзий вафот этганда уни ювиш учун қаламларининг қириндилари билан сув иситишгани ва қириндиларнинг ортиб қолгани

Қуммий "Ал-куно вал алқоб" номли китобида қуйидаги ривоятни нақл қилган: " Ибн Жавзийнинг ҳадис ёзишда учлаган қаламларининг қириндилари тўпланган. У катта бир уюм бўлган. Ибн Жавзий вафот этганидан сўнг уни ювишда сувни ушбу қириндилар билан иситишни васият қилган эди. Ўша қириндилар сувни иситишга етиб ортиб ҳам қолган".

Устоз Абдулҳамид Алважий "Муаллафоту ибн Жавзий" номли китоб ёзган. Бу китобни Ироқ сиқофа ва иршод вазирлиги (маданият ва тўғри йўлга йўналтириш вазирлиги) 1385-ҳижрий санада Бағдодда чоп этган. Мазкур китобда бу зотнинг қаламига мансуб баъзилари ўн мужалладдан ортиқ, баъзилари бир неча саҳифадан иборат катта кичик беш юз ўн тўққизта китобнинг номи келтирилган. Қолаган асарлари келтирилмаган.

Ибн Таймиянинг: Ибн Жавзийнинг асарлари мингдан ортиқ дегани

Муқаддимасида қуйидагича нақл қилган: " Ҳофиз ибн Ражаб Ҳанбалий "Зайлу тобақотил Ҳанобила"да зикр қилишича, Ибн Таймия ўзининг "Ажвибатул Мисрия" сида шундай деган: " Шайх Абул Фараж Ибн Жавзийнинг таснифу таълифи кўп бўлган. Унинг турли хил таснифотлари бўлган. Ҳатто уларни санаб мингдан ортиқ эканини билдим. Сўнгра у зотга тегишли один учратмаган китобларни ҳам кўрдим".

Заҳабийнинг: Ибн Жавзийдек тасниф қилган бирор кишини билмайман дегани

Ҳофиз Заҳабий "Тазкиротул ҳуффоз"да Ибн Жавзийнинг асарлари кўлигини зикр қилгандан сўнг: "Уламолардан ушбу кишидек тасниф қилган бирортасини билмайман" деган. Сўнгра Муваффиқ Абдуллатифнинг Ибн Жавзий тўғрисидаги сўзларини нақл қилган: " У бирор вақтини зое кетказмас эди. Бир кунда тўрт рисола ёзарди. Яъни дарс бериш, таълиф қилиш, сўровчиларга фатво бериш билан биргаликда шунчалик ёзишга вақт топарди. Унинг барча илмлар билан боғлиқлиги бор эди".

Абдулғоний Мақдисийнинг вақтни муҳофаза қилиши ва тартиблаши

"Тазкиротул ҳуффоз"да ҳижрий 541- санада туғилиб, 600-санада вафот этган ҳофиз Абдулғоний Мақдисий роҳматуллоҳи алайҳнинг таржимаи ҳоллари тўғрисида қуйидагилар келган: "Имом, ислом муҳаддиси, дин тақводори Абу Муҳаммад Абдулғоний ибн Абдулвоҳид Мақдисий Жаммаъилий, сўнгра Димашқий Солиҳий Ҳанбалий кўплаб китоблар соҳибидирлар. Абу Тоҳир Силафийдан минг жуз ёзган. Бу зот жуда ҳам кўп ёзарди. Доимо нусха кўчириш билан, тасниф этиш билан, ҳадис ривоят қилиш билан, Аллоҳга ибодат қилиш билан банд эдилар. Вафот этгунларича шу ҳолатда бардавом бўлдилар.

Бу зотнинг шогирдлари Зиё Мақдисий шундай деган: "Бирор вақтларини  зое кетказмасдилар. Бомдодни ўқиганларидан сўнг Қуръондан ёки кўпинча ҳадисдан таълим берардилар. Сўнгра туриб таҳорат қилардилар ва Фотиҳа ва муъаввизатайнлар[4] билан то пешин яқинлашгунча уч юз ракаат намоз ўқирдилар. Сўнгра пешингача озгина ухлаб олардилар. Кейин то шомгача дарс айтардилар ё нусха кўчирардилар. Агар рўзадор бўлсалар оғизларини очардилар. Хуфтонни ўқиганларидан сўнг тун ярмигача ё ундан кўпроқ ухлардилар. Сўнг таҳорат олиб намоз ўқирдилар, сўнг бомдодгача яна қайта-қайта таҳорат олиб намоз ўқир эдилар. Кўпинча етти ё ундан ҳам кўпроқ таҳорат қилардилар ва: аъзоларим ҳўл бўлиб намоз ўқишни хуш кўраман, дердилар. Сўнгра бомдоддан олдин озгина ухлаб олардилар. Доимий одатлари шу эди". Бу зот қирқдан ортиқ нафис қимматбаҳо киоблар ёзиб қолдирганлар. Булар ҳақидаги кенг маълумотларни Ибн Ражабнинг "Зайлу тобақотил ҳанобила" китобидаги бу зотнинг таржимаи ҳолларидан ўрганишингиз мумкин.

 Фахриддин Розий овқатланишга кетган вақтидан афсусланарди

Табиб, муаррих Ибн Аби Усайбиъанинг "Уюнул анба фи тобақотил атибба" номли асарида тафсир, усулул фиқҳ ва калом илмлари олими бўлган имом Фахриддин Розийнинг таржимаи ҳоли баён қилинган. Муҳаммад ибн Умар Фахриддин Розий роҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 543-санада туғилиб, 606-санада 63 ёшларида вафот этганлар. Бу зот баъзилари ўттиз икки жузли, баъзилари эса бир неча саҳифалар бўлган икки юзга яқин китоб ёзиб қолдирганлар. Фахриддин Розийнинг таржимаи ҳоли ҳақида Ибн Аби Усайбиъанинг қуйидаги сўзлари келган: "Бизга Қози Шамсиддин Хуъий шайх Фахриддиннинг шундай деганини гапириб берди: Аллоҳга қасамки, овқатланиш вақтида илм билан машғул бўлолмай қолишдан афсусланаман. Чунки ҳар бир вақт ва замон азиздир. 

  

Абдулқодир Пардаев

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

[1] Термизий ривояти.

[2] Ушбу рўйхатларини зикр қилиш билан номларини айтган кутубхоналарнинг барча китобларини ўқиб чиққанларига ишора қилганлар. Низомия ўз даврида Бағдоддаги энг катта кутубхона бўлган. 

[3] "Фарзандга насиҳат тўғрисидаги жигарлар илтифоти".

[4] Фалақ ва Нос суралари.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ўзининг энг сўнги ва комил динини мукаммал ахлоқи ҳамида соҳиби бўлмиш сарвари олам Муҳаммад савга нозил қилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Муҳаммад давоми...

11305 15:06 / 24.03.2017
Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, унинг бахтусаодатда яшашу учун Ўзининг шариатини туширди. Пайғамбарлар юборди. Китоблар нозил қилди. Дунёда эзгуликнинг синоними давоми...

5237 20:26 / 21.04.2017
Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади у киши дедилар .Эй мусулмонлар жамоаси Аллоҳ ўз пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил давоми...

4285 09:57 / 25.03.2017
Халқимиз азалазалдан юртимиз равнақи учун курашган, унинг эркинлиги, мустақиллиги учун ҳаракат қилган инсонларини доимо хотирлаб келади. Мана шундай инсонлар давоми...

1216 13:35 / 13.12.2023
Аудиолар

135124 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55400 14:35 / 11.08.2021