1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Исрофгарчиликдан сақланайлик

10:10 / 24.03.2017 5049 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Одамни яратгандан сўнг унга турли нозу неъматларни ато этиб, мана шу неъматларнинг шукрини қилишликка буюриб, исрофгарчиликдан қайтарди.

Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълум ва маъруфдирким, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, муътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”.

Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари ҳаражат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ таоло томонидан ҳам ман этилган.

Мазкур суранинг қуйидаги бошқа бир ояти каримасида шундай марҳамат қилинади:

“(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз.

 Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан:

“Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!”

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:

“Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам муътадиллик яхшидир” – дейилади.

Тежамкорлик тўғрисида эса Пайғамбаримиз (сав) ҳадисларида шундай марҳамат қилинади:

“Тежимкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди” – деб таъкидланади.

Хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш бўлмоғи даркорлиги тўғрисида Расули Акрам (сав) шундай деганлар:

“Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир”.

Ушбу ҳадис билан биз ҳозирги кундаги ўтказилаётган тўй ва эҳсонларимизнинг ҳолатига назар солсак!

Тўйларимизда аслида бир-икки қорни оч бормаса, фақатгина қорни тўқлар таклиф қилинади. Улар учун қанча мол-дунё сарф қилсангиз билан аслида таомнинг, эҳсоннинг ҳақдорлари қолиб қорни тўқлар еган таомда барака йўқдир. Яқинда бир акамиз эрталаб бўладиган қизининг никоҳ валиймаси деб ном олган ошга 18000 АҚШ доллари кетгани ҳақида гапириб, қизимни бахтли бўлишини ҳохлайман деб қолдилар. Аслида шу ва шунга ўхшаш, тўйни дабдаба ва исроф қилиб ўтказган инсонларимизнинг фарзандари қанчалик бахтли ва тинч ҳаёт кечирмоқда?

Бахт ва тинчликни пул билан сотиб олиб бўладими? Тўйлари ниҳоятда дабдаба ва бидъат хурофотлар билан ўтган, ФҲДЁ бўлимларининг энг номдорида эру-хотин деб қайд қилинган, никоҳини машҳур уламо ва имом домлаларимиз ўқиган, энг қиммат машиналардан 20-30 таси билан йўлларни банд қилиб сайр қилган ва ниҳоят энг қиммат тўйхонада никоҳ базми деб номланган зиёфатни ўтказиб ким ўзарга ва хўжакўрсинга исроф қилиб тўй қилаётган биродарларимизнинг фарзандлари қанчаси бахтли ҳаёт кечирмоқда, тинч тотув яшамоқда ёки қанчаси ажрашиб, судда мол талашмоқда?

Хўш, харажати ва исрофи кўп тўй, келин-куёвнинг бахтли бўлишлигига ва тинч тотув яшашига кафолатми?..

Ҳамма нарса пул ва моддий эҳтиёж билан боғлиқми? Келин ўз ҳақ-ҳуқуқларини, келинлик ибо ва ҳаёси, диний ва дунёвий илми борми? Қайнота, қайнона ва куёвнинг барча қариндошларининг ҳурмати ва иззатини биладими?

Ҳудди шунингдек куёв ҳам, ўз ҳақ-ҳуқуқларини, эрлик масъулиятлари, келиннинг нафақаси ва барча эҳтиёжлари учун у масъул эканини биладими? Қайнота, қайнона ва келиннинг барча қариндошларининг ҳурмати ва иззатини биладими?

Юқоридаги мисолимиздаги ўз қизининг оши учун пулини сарфлаб қорни тўқларни чақириб зиёфат ёки ўз тили билан айтганда ноҳор оши қилиб, 18000 АҚШ доллар кетган акамиз ва ўзи бир камбағал, ёрдамга мухтож лекин икки норасида боласи билан қийналиб турган ногирон қўшнисига 2000 сўмга 4 дона иссиқ нон олиб уларнинг ҳолидан ҳабар олган бир мусулмон амакини бир кўз олдингизга келтириб кўринг.

Икки етим бола олиб борилган нонларга талпиниб, берилган насибаларига қаноат қилиб, кейинги насибасини кутиб турган болаларга қилинган 2000 сўм нафақа, эҳсон афзалми ёки  қорни тўқларни чақириб 18000 АҚШ доллар исроф қилган акамизнинг эҳсони афзалми?

Берилган неъматлардан инсонлар шукр ва ибодат билан фойдаланишлари лозим. Бунинг акси бўлса, у исроф деб аталади.

Аллоҳ таоло инсонларни мавжудотлар ичида энг мукаррами этиб яратиб, унинг барча моддий ва маънавий эҳтиёжларини беришни ўз кафолатига олган. Аллоҳ таоло инсонларни исрофнинг барча кўринишидан қайтаради ва унинг ёмон оқибатини ҳам баён этиб беради. Бунга кўплаб оят ва ҳадисларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Жумладан: "Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз. Ва енглар, ичинглар, (лекин) исроф қилмангизлар. Зеро, У исроф қилувчиларни севмайди".

Ушбу оятдан маълум бўладики, ейиш, ичишда ва кийинишда ҳам исрофга йўл қўймаслик керак. Чунки исрофгарлар Аллоҳнинг муҳаббатидан маҳрумдирлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган Ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сени икки хислат: фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер", деб марҳамат қилганлар.

Халқимиз рўзғоридан орттирганини эҳсон қилишга шошилади. Лекин бу эҳсонлар жойига тушсагина, савоб оламиз, исрофга йўл қўйсак, аксинча, гуноҳкор бўлиб қолишимиз мумкин. Ҳолбуки, бугун баъзи ҳолатлардаги тангликларнинг асосий сабаби ҳам исрофдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Тадбирли бўлиш – ярим ризқ”, - деб марҳамат қилдилар. Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълум ва маъруфдирки, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошиш, исроф, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай марҳамат қилади:

“Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!”.

Барчамизга яхши маълумки, мол-дунё Аллоҳ таоло томонидан бандаларга берилган неъматлардан бири ҳаётимиздаги зебу зийнатларидандир. Инсонлар ҳаётининг бардавом этишида ва уларнинг турли манфаатлари йўлида мол-дунё зарурий бир омил эканига ҳеч шубҳа йўқдир. Ҳар бир оқилу доно бу ҳақиқатни яхши билади ва шунинг учун улар мол-дунёларини беҳуда нарсаларга сарфлаб, уни исроф қилмайди.

Аллоҳ таоло мол-дунёни беҳуда сарфламасликка, ҳатто уни тасарруф этишда ноқобил инсонларга бермасликка тавсия қилиб бундай дейди:

“(Қарамоғингиздаги) ақли норасоларга Аллоҳ сизларга (ҳаёт) туруми қилиб қўйган молларингиз (етимларнинг омонат моллари)ни бериб қўймангиз, балки ўша (моллар)дан едиринг, кийдиринг ҳамда уларга яхши гапиринг!”.

Исрофгарчилик – мол-дунёни беҳуда сарфлашнинг бир кўриниши ҳисобланади. Имом Журжоний исрофни сифатлаб бундай дейди: “Исроф – бу нафақа қилишда чегарадан чиқишдир”.

Суфёни Саврий бу ҳақда бундай деган: “Аллоҳ тоатидан бошқа нарса йўлида қилинган озгина нафақа исрофдир”.

Ибн Аббос айтганлар: “Кимики бир дирҳамни беҳуда сарфласа, исроф қилган бўлади”.

Исрофгарчилик жамият ва умматга зарари бўладиган ёмон ахлоқий сифатлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло бизларни бундан огоҳлантириб бундай дейди:

“Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”.

Нафақа қилиш ва мол-дунёни сарфлашда ўртача йўлни ушлаган ва унга амал қилган инсонларни Аллоҳ таоло мадҳ этиб, бундай дейди:

“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”.

Бошқа бир оятда эса:

“(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.

Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан:

“Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик яхшидир”, - дейилади.

Тежамкорлик тўғрисида эса Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида бундай марҳамат қилинади:

“Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди”.

Демак, юқорида зикр этилган ояти карима ва ҳадиси шарифлар маъно-мазмунларидан огоҳ бўлиб ва ибрат олиб, ҳар бир-биримиз меъёрдан ташқари харажат қилишдан, исрофгарчиликка йўл қўйишдан сақланишимиз лозим бўлади. Чунки, исроф фақат марака-маросимларни тежамсиз ўтказишгина эмас, балки вақтни, умрни бепарво, бесамар ўтказиш ҳам катта исрофдир. Фойдасиз ишлар билан машғул бўлиш, куч-қувват ва салоҳиятни юрт манфаати йўлида ишлатмаслик, соғлик қадрига етмаслик кабилар ҳам исрофдир.

Беҳуда исрофгарчилик йўллари ва сабабларидан айримларини зикр этамиз:

Биринчиси: Одатда исрофгар кишининг исрофнинг барча турларидан қайтарувчи илоҳий таълимотлардан бехабарлигидир. Исрофгар бу дунёда ҳасрат-надоматда, охиратда эса қаттиқ азоб-уқубатда қолади.

Иккинчиси: Оила-муҳит таъсири. Киши исрофгар оилада тарбия топса, у ҳам аста-секин беҳуда исрофгарчилик йўлига ўтиб қолади.

Учинчиси: Табиий ҳаёт қонун-қоидаларидан бехабар яшаши, ҳаётда бир маромда яшашликка ўрганмаслик. Ҳожати-заруриятдан ортиқ мол-дунё, сиҳат-саломатликни эҳтиёт қилмаслик.

Тўртинчиси: Кўплаб кишилар ҳаёт бошланишида оғир қийинчилик ва ҳаёт неъматларидан маҳрум ҳолда яшайдилар ва иқтисодий аҳволлари яхшиланиб, бой-бадавлат бўлишса муътадилликни тамоман унитиб, исрофгарчилик йўлига ўтадилар.

Бешинчиси: Исрофгарлар билан дўстлашиш ва улар билан муомалада бўлиш.

Олтинчиси: Манманлик қилиш, ўзини жуда сахий ва олийжаноб деб кўрсатиш, одамларнинг олқиш ва мақтовларига эришаман деб мол-мулкини беҳуда исроф қилиш.

Еттинчиси: Бошқаларга кўр-кўрона тақлид қилиш ва ҳеч бир мулоҳазасиз, охир-оқибатини уйламай исроф йўлини тутиш.

Булардан ташқари катта ва узлуксиз ҳалол меҳнат эвазига топилган мол-дунёни гиёҳвандлик, ароқхўрлик каби ношаръий йўлларига сарфлаш ҳам катта гуноҳ бўлади ва исрофгарчилик ҳисобланади. Керагидан ортиқча таом, озиқ-овқат сотиб олишга зиёда мол-дунё сарфлаш, ортиб қолган таом ва егуликларни ахлат челагига ташлаш ҳам энг ёмон кўрилган исрофгарчилик қаторига киради.

Исрофгарчилик тўғрисида жуда кўп гапирилишига қарамай, ҳануз ҳам бу борада лоқайдликлар учраб турибди. Мисол учун, ичимлик сувидан фойдаланганимизда хали ҳам исрофгарчиликка йўл қўйилмоқда. Баъзи хонадонларга кирилганда ёки маҳаллада, кўча-куйда ёинки бозорларда фойдаланиш учун ўрнатилган сув жумракларининг аксарияти қишин-ёзин очиқ холда қолиб кетиши мутлақо мусулмончиликка тўғри келмайди.

Бошқа бир Ҳадисда "Ҳар бир исроф харомдур" дейилган. Юқоридаги оят ва Ҳадисда айтилганидек, еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳдир ва харомдир.

Умар ибн Хаттоб (р.а.) ўғғиллари Осимга насиҳат қилиб, шундай деди: "Эй ўғғлим! Таомни қорнинг тўйгунича емагин, кийиминг-ни ҳам эскирмагунича ташламагин. Аллоҳ берган ризқни фақат қорнига ва эгнига ишлатадиган қавмлардан бўлмагин"

Аллоҳ таоло неъматларини исроф қилмасдан, уларни ғғанимат билиб, қадрига етишлик ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: "Беш нарсани беш нарсадан аввал ғғанимат бил. Ҳаётингни ўлимингдан, соғғли-ғғингни касал бўлишингдан, бўш вақтингни машғғул бўлишингдан, йигитлигингни кекса бўлишингдан ва бойлигингни фақир бўлишингдан аввал ғғанимат бил".

Дарҳақиқат, исроф фақатгина еб-ичишгагина эмас, балки инсоннинг ҳаётига, унинг бойлигига, ёшлик даврига ва соғлиғига ҳам тааллуқлидир. Шу билан бирга, хайр-эҳсон қилишда ҳам исрофга йўл қўймасдан, мўътадил бўлиш талаб қилинади.

Ҳозирги кунда тўй ва маърака-маросимларда маълум даражада исрофгарчиликлар бўлаётгани ниҳоятда ачинарли. Айниқса, тўйдан кейинги дабдабабозликлар ниҳоятда авжига чиққан. Шу билан оилалар тинч-тотув бўлиб кетса-ку майли, қанча-қанча оилалар арзимаган "қилди-қилмади", деган гап-сўзлар билан бузилиб кетяпти. Демак, ўткинчи орзу-ҳавасни деб ҳаётимизни машаққатга тўлдириб, охиратда ҳам бўйнимизга оғғир жавобгарликни илиб олмайлик.

Яна шу нарсани ҳам таъкидлаб ўтмоқчимизки, азизлар, алҳамдулиллаҳ, Яратганга ҳамду санолар бўлсинки, бизнинг халқимиз меҳмондўст, саховатли халқдир. Урф-одатимизга кўра ўтказиладиган диний ва миллий маросимларимиз жуда кўп. Лекин афсуски, бу маросимларни ўтказиш асносида ортиқча такаллуф ва исрофгарчиликларга йўқ қўйилади. Ошу нонлар ортиқча тайёрланиб, ортиб қолган емишлар ҳайвонларга берилади ёки ташлаб юборилади. Бу эса динимиз таълимотига мутлақо зиддир.

Саҳобаи киромлардан бирлари Расули Акрам (с.а.в.)дан тўйни қандай қилиш ҳақида сўраганларида, Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом: "Битта қўй сўйгин", деганлар. Мен бир неча қўй сўйишга қодирман, деб қайта-қайта сўраганларида, "Эй молинга Худо барака бергур, битта қўй сўйгин" деганлар. Шундай экан, ҳар бир мўмин мусулмон ҳаёти мобайнида турли хил исрофларга йўл қўймасдан, илоҳий китобларда зикр қилинган оят ва ҳадисларга мувофиқ яшамоқлари лозимдур.

Бинобарин, юқорида келтирилган оят ва ҳадисларга амал қилайлик. Аллоҳнинг нозу неъматларини суистеъмол қилмай, тежамкорлик ва тадбиркорлик ила ҳаёт кечирайлик. Айниқса, ризқу рўзимизнинг асосий рамзи бўлмиш нон ва сувни қадрига етайлик ва эъзозлайлик. Шундагина Ҳақ таоло ўз неъматларини янада зиёда қилажак, иншоаллоҳ.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг рушту ҳидоятидан адаштирмасин. Барчаларимизни Ўзининг берган неъматларига шукр қиладиган бандаларидан қилиб ношукрлик, исрофгарчилик каби иллатлардан Ўз паноҳидан асрасин!

 

 

     Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Тошкент шаҳридаги

“Хўжа Аламбардор” жомеъ масжиди имом хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизларнинг ичимиздан ҳазрат каби улуғ алломаларни чиқарган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Ўзидаги мукаммал шариат илмларини уламоларга мерос қилиб давоми...

6960 17:25 / 27.03.2017
1. Бу тафсирнинг исмиБу икки улуғ олимлар ушбу тафсирларига ном қўймаганлар. Балки уламолар ўртасида муаллифларга нисбатан Тафсири Жалолайнrdquo ёки Жалолайнrdquo давоми...

4249 11:18 / 27.03.2017
Аҳмад Маҳмуд Ҳазиний. Нодирхон Ҳасан, quotФанquot нашриёти.Абу Исо Термизий. Саҳиҳ Термизий, quotҒафур Ғуломquot нариёти, 1993 йил.Абу Мансур Мотуридий. Х.Исломий, quotҒафур давоми...

11955 14:17 / 15.03.2017
Ушбу венгерча кроссвордда Қуръони каримда зикр этилган 25 пайғамбар номлари яширинган.1. Биринчи пайғамбар, Қобил ва Ҳобилнинг отаси 4. 2. Жаброил фаришта биринчи давоми...

4223 14:20 / 15.03.2017