1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Исроф моҳияти

10:06 / 24.03.2017 9548 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Исроф” сўзи асли арабча бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нест-нобуд қилиш”, увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади.

 

Муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида:

وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلاَ تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

”Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деб айтган (Аъроф, 31).

Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ берган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир.

Исроф нематлар билан боғлик экан, демак ўз-ўзидан у бир неча турларга бўлинади:


Сувни исроф қилиш.

Аллоҳ таоло  Қуръони каримда бутун инсониятга қарата шундай марҳамат қилади:

أَفَرَأَيْتُمُ الْمَاءَ الَّذِي تَشْرَبُونَ (68) أَأَنْتُمْ أَنْزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنْزِلُونَ (69) لَوْ نَشَاءُ جَعَلْنَاهُ أُجَاجًا فَلَوْلاَ تَشْكُرُونَ

“Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдиргувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?” (Воқеа, 68-70).

Дарҳақиқат, ўтаётган ҳар бир кунимизни сувсиз тасаввур қила олмаймиз. Маълумотларга қараганда, Ер юзасининг 70 фоизидан кўпроқ қисми сув билан қопланган бўлса, унинг бор йўғи 3 фоизигина ичимлик (чучук) сув ҳисобланар экан. Инсон танасининг ҳам 3/2 қисми, яъни 60-70 фоизи сувдан иборат. Сув нафақат инсоният, балки бутун махлуқот, ҳайвонот олами, ўсимликларнинг  ҳаёти ва тириклик манбаидир.

Сув нафақат истеъмол, балки покланишимиз учун ҳам муҳимдир. Аллоҳ таоло  Анфол сурасининг 11-оятида:

وَيُنَزِّلُ عَلَيْكُمْ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً لِيُطَهِّرَكُمْ بِهِ

“Сизлар покланишингиз учун У осмондан сув туширур”, дея хабар берган.

Сувни исроф қилишнинг ҳар хил кўринишлари бор. Аксарият кишилар тарвуз-қовун, ичимликларни салқинлатиш ёки машиналарни ювиш учун жуда кўп миқдорда тоза ичимлик сувини ишлатадилар. Бу исрофдир. Ўша мева ёки ичимликларни бошқа йўқ билан ҳам совутиш, машина юваётганда бир челакка сув олиб, увол қилмасдан ювиш ҳам мумкин-ку, ахир.

Сув бизларга Аллоҳ берган буюк неъматлардан биридир. Аллоҳ бандаларига берган неъматларидан унумли фойдаланиб, исрофгарчиликка йўл қўймасликка буюради. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш дунёвий (глобал) муаммо даражасига кўтарилган бир паллада қўни-қўшни, ёру дўстларимизни сувни тежашга чақирсак, дунёда ютуқларга, Охиратда эса Аллоҳнинг розилига сазовор бўламиз.


Таҳоратдиги исроф.

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар ва бир мудд сув билан таҳорат олар эдилар. (Муттафақун алайҳ). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъминан, 0,688 литр сув билан таҳорат қилардилар. Бу нарса ҳаммамизга ўрнак бўлиши лозим.

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Бир куни Саъд таҳорат қилаётган чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва унга қарата: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?!”, дедилар. Шунда Саъд розийаллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” дея ажабланди. Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гарчи оқар дарёда бўлсанг ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатиш исрофдир”, дея  унга танбеҳ бердилар (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Аввалги пайтларда таҳорат учун сув алоҳида идишга олиниб, оз-оздан қуйиб амалга оширилган. Ҳозирда эса, махсус труба ва кранлар орқали сув ўтказилиб, сувдан фойдаланишда жуда қулайлик пайдо бўлган. Аммо бу, сувдан хоҳлаганича фойдаланиш, уни исроф қилиш мумкин, дегани эмас. Балки, бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилиб, тежамкорлик йўлига ўтишимиз ҳаммамиз учун бирдек зарур.

Аслида водопровод жўмрагини бир оз жилдиратиб таҳорат қилса бўлади. Лекин, афсуски кўпчилигимиз сувни шариллатиб оқизиб қўйган ҳолда таҳорат қиламиз. Ахир, бу исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас-ку! Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу соҳада қилган насиҳатларига қулоқ тутилса, аҳолини сув билан таъминлашдаги кўпгина муаммолар ўз ечимини топган бўлар эди.


Озиқ-овқатдаги исроф.

Аллоҳ таоло  айтади: ”Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас” (Аъроф, 31).

Баъзи салаф уламолар, Аллоҳ ушбу оятда табобат илмининг ярмини жамлаган, дейишган.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтади: “Таом ва ичимликни исроф қилмаган ҳолда истеъмол қилсанг, Аллоҳ сенга ҳалол қилади”.

Амр ибн Шуъайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Исрофга йўл қўймай ва такаббурлик қилмаган ҳолда е, ич, кийин ва садақа қил”, деганлар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Бошқа бир ривоятда келтирилишича, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Исроф қилмаган ҳолингизда енглар, ичинглар, кийининглар, чунки Аллоҳ Ўз неъматларини бандаларида кўришни хоҳлайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳофиз Абу Яъло “Муснад”да келтиришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нафсинг хоҳлаган ҳар нарсани еяверишинг ҳам исрофдир” деб айтганлар.

Киндий розийаллоҳу анҳу Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони – қориндир. Кишига ҳаракат қилиши учун керак бўлган миқбордаги таом кифоя қилади, ёки  бўлмаса қорнини уч қисмга бўлсин, бир қисми таом учун, бир қисми сув учун, яна бир қисми нафаси учундир” (Имом Аҳмад ривояти).

Зайд ибн Аслам: “Исроф қилманглар” оятини “Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни еманглар, бу исрофдир”, дея тафсир қилган.


Ноннинг қадрига етиш.

Ота-боболаримиз қадимдан нонни эъзозлашга, уни исроф қилмасликка чақириб келганлар, бир дона увоқни ҳам териб ейишга даъват қилганлар. Бунинг асосида ҳам динимиз таълимотлари муҳим ўрин тутади.

Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйга кирдилар ва тўсатдан кўзлари тўкилган увоқларга тушди. Уларни териб олдилар ва тозалаб едилар. Сўнгра: “Карим (сифатли Аллоҳ таоло берган неъматлар)ни қадрлагин! Зеро, у (неъматлар) бирон қавмдан олиб қўйилса, бошқа қайтиб берилмайди!” дедилар” (Ибн Можа ривояти).

Ҳаким Термизий “Наводирул усул”да ривоят қилган ҳадисда: “Эй Оиша, Аллоҳнинг неъматларига яхши муносабатда бўлгин! Агар у неъматлар бирон қавмдан олиб қўйилса, камдан-кам ҳолларда қайтиб келади”, деб келтирилган.

Аллоҳ таоло берган неъматларнинг катта-кичиги бўлмайди. Барчаси У Зотнинг яхшилиги, лутфу карамидир. Ким мана шу нарсага амал қилса, неъматларни катта-кичикка ажратмай, барчасини бирдек қадрласа, Аллоҳнинг неъматларини тан олган ва У Зотга шукр қилган бўлади. Ўз навбатида Аллоҳ таоло бундай бандага неъматларни бардавом ва зиёда қилади.

Ноннинг увоғи ёки бир бурда нон ҳам аслида бутун ноннинг кичкина бўлагидир, холос. Кўзимизга илмаган ушоқ ҳам йиғилса, бутун нон бўлади. Шундай экан, бизлар барча неъматларнинг қадрига етиб, уларни кичик санамаслигимиз лозим. Акс ҳолда, киши неъматларга нонкўрлик қилган бўлади. Неъматларни қадрлашни, уларни кичик санамай барчасига бирдек яхши муомалада бўлишни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганишимиз керак. У зот бу борада ҳам бизга ўрнакдирлар.

Умуман олганда, нон бандаларнинг энг асосий ризқи ҳисобланади. Ҳадисларнинг бирида нонни эъзозлаш, уни увол қилмаслик лозимлиги таъкидланган. Мусо ат-Тоифий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Нонни ҳурматланглар (яъни, қадрига етинглар). Чунки Аллоҳ уни осмоннинг баракотидан туширган ва Ернинг баракотидан чиқарган” (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Бизда ортиб қолган овқатларни ташлаб юбориш исроф, деган тушунча бор. Бу тўғри. Аммо қорин тўйгандан кейин ортиқча таом ейиш ҳам исроф эканини биламизми?!


Кийимдаги исроф.

Инсон ўзига керакли, фақат ҳожатига етарли либос кийиши керак. Мода ортидан қувиб, сон-саноқсиз кийим-кечак ва турли либосларни сотиб олиш исроф ва бу такаббурликка олиб боради.

 Садақа, инфоқ-эҳсондаги исроф.

Муҳтож кишиларга садақа ва эҳсонлар қилиш динимиз талаби ва бунинг учун бандаги улуғ савоблар ваъда қилинган. Аммо бу соҳада ҳам меъёрдан ошилса, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади.

وَلاَ تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلاَ تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورًا (سورة الإسراء ، 29)

وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا (سورة الفرقان ، 67)

 Саховат яхши фазилат. Саховат хасислик ва исроф ўртасидаги меъёрий бир босқичдир. Садақа ва эҳсонларда исрофгарчилик қилиш кўпинча кимўзарга тўйлар қилиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва шу каби кўринишда намоён бўлади. Унутмайликки, хоҳ амали, хоҳ молу давлати билан бўлсин, риёкорлик қилиш банданинг охиратдаги аҳволини ёмонлаштиради.

Табиий ресурслар (газ, электр токи ва шу каби)ларни исроф қилиш.

Бу неъматларни исроф қилиш бизда нисбатан олиб қараганда озроқ. Сабабини билсизми? Бизда бир тушунча бор. Қайси неъмат арзон бўлса, уни хоҳлаганча ишлатиш мумкин. Нархи қиммат нарсаларни тежаш керак. Бу нотўғридир. Сабаби Аллоҳ берган неъматларнинг қадри унинг инсонлар наздидаги баҳоси, қиймати билан ўлчанмайди. Бизда газ ва шу каби неъматлар, одатда тежаб ишлатилади. Сабаби эртага унинг пулини тўлаб қўйишни ўйлаймиз. Сув ва шу каби “арзон” ёки “текин” неъматлар хоҳлаганча тасарруф қилинаверади. Сабаби пулимиз кетмайди-да. Йўқ, биз неъматларни катта-кичикка ажратмасдан, барини қадрлашимиз керак. Ким билади, биз ҳозир қадрига етмаётган нарса вақти келиб, энг қимматбаҳо нарсага айланар. Неъматлар бардавом бўлсин, заволга учрамасин, десак, вақтида уларни қадрига етайлик.

Бир юқорида моддий неъматлар исрофи ҳақида гапирдик. Лекин исрофнинг энг ёмон кўриниши маънавий соҳадаги исрофгарчиликдир. Буларга асосан қуйидаги икки нарса киради:


Умрни исроф қилиш.

Аллоҳ таоло бандасига берган энг қадрли неъматлардан бири айнан умрдир. Унинг қадри шундаки, бошқа барча неъматларни қайта тиклаш, қўлдан чиқаргач яна унга эришиш мумкин, аммо умр бундай эмас. Ўтган кун бошқа қайтиб келмайди. Шу сабаб умрни исроф қилишдан узоқ бўлишмиз лозим.


Илм ва истеъдодни исроф қилиш.

Илм эгаллаш улуғ фазилат. Илм соҳиби бўлгач, уни ҳаётга тадбиқ этиш – илмига амал қилиш ва ўзгаларга илм ўргатиш ҳар бир зиё аҳлининг бурчидир. Акс ҳолда ўзгаларга ўргатилмаган ёки амал қилинмаган илм исрофдир. Бунинг учун банда охиратда жавоб беради.

Биз Аллоҳга суюкли халқлардан, Аллоҳга маҳбуб умматлардан бўлишни хоҳласак, исрофдан сақланайлик, Аллоҳ таоло берган ҳар бир неъматни катта-кичик демасдан қадрига етайлик. Шунда Аллоҳ таоло неъматларини янада зиёда қилиб беради.

Одилхон қори Юнусхон ўғли (Шайх Зайниддин жомеъ масжиди имом хатиби)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломда кийиниш маданиятиЛибос бу ndash Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. У инсонни иссиқсовуқдан давоми...

6531 21:36 / 21.04.2017
quot quot. .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади У киши айтдиларРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Мен сизларга отасидан ҳам, боласидан ҳам ва давоми...

2927 15:03 / 22.04.2017
Албатта, суннатнинг ботиний тарафини тиклаш ҳам унинг шаклий, бошқача қилиб айтганда, шаръий тарафини тиклаш билан аҳамият жиҳатидан баробардир. Унинг шаръий давоми...

3524 11:40 / 04.05.2019
Аллоҳ таоло бу оламни, ундаги мавжудотларни, энг онгли ва ақлли махлуқ саналган инсонларни не сабабдан яратган Холиқу Зулжалол бундай дейди .Мен жин ва инсни яъни, давоми...

5137 10:06 / 24.03.2017