1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Илм — инсон зийнати

10:07 / 24.03.2017 3701 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Ислом дини инсонларни илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда илмли кишиларнинг мартабаларини юксак даражаларга кўтаришини баён қилиб:

 “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” — деган (Мужодала сураси, 11-оят). Ушбу оятдан ҳам кўриниб турибдики, илмли кишиларнинг мартабаси Аллоҳ таолонинг назарида юксакдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб:


“Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки, илмни мерос қилиб қолдирганлар”, — деганлар (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти). Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу шундай деганлар:  “Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирини танлашликка буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ва подшоҳликка ҳам эришдилар”. Ҳазрати Али каррамллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”. Ҳакимлар: “Илм ўрганинг, зеро у фақирликда давлат, бойликда зийнатдир”, — деганлар.

Маълумки, ўрта мактаб ва Олий ўқув юртларида янги ўқув йили бошланди. Ўқувчи ва талабалар илм олиш мақсадида мактаб ва олийгоҳларга бормоқдалар. Албатта, ёшларнинг келажакда бирор касб ва ҳунар эгаси бўлишлари биринчи навбатда ўзларининг, қолаверса, ота-оналарининг ҳам орзу умидларидир. Аммо, ана шу орзу умидлар ўз-ўзидан рўёбга чиқиб қолмаслигини барчамиз яхши биламиз. Бунинг учун талаба ва ўқувчилар илм йўлида уйқудан,  баъзи бир кўнгил хушликлардан кечмоқларига тўғри келади. Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини  сўрайдилар”, — деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.

Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, мусулмончиликда дунёвий фанларнинг ўрни йўқ деган нотўғри эътиқодда бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб, уларни бир биридан ажратиш мумкин эмас. Ҳазрати Одам алайҳиссалом дунёвий илм туфайли фазилатга эга бўлиб, фаришталарнинг таъзимига сазовор бўлдилар.

Дунёвий илм одамга ҳурмат ва фазилат келтирар экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида марҳамат қилиб: 

“Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, — деганлар (Ибн Адий ва Байҳақий ривоятлари). Бундан ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади. 

    Яна шуни қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган барча пайғамбарлар, шу жумладан Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларига фақат диний таълим бериш учун юборилмаганлар, балки дунёвий ишларга, турмуш қуриш, тижорат, зироат, уй-рўзғор ишлари ва бадан тарбияга оид каби билимларни ўргатганлар.

Ёшларни дунёвий илмлар соҳиби ва ҳунарли бўлишга тарғиб қилиш энг муҳим масалалардан экан, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб:

“Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар”, — деганлар. Инсоннинг келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишиши аввало, унинг ёшлигида олган одоб-ахлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: 

 “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, — деб  марҳамат қилганлар. Тўғри, бола ёшлик қилиб илмнинг аҳамиятини тушунмаслиги мумкин. Шунинг учун биз ота-оналар ўз фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга илму-фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз даркор. Уларнинг мактаб ва ўқув юртларида яхши ўқиб, турли касб ҳунарларни тўла эгаллашга тайёрлаш ҳам ўзимизга боғлиқ. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятли бурчларидан эканини чуқур англаб, бор куч-ғайратимизни шунга сарф қилмоғимиз лозим бўлади. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасак, бунинг оқибати  яхши бўлмайди.

Ёшларнинг илмли ва маърифатли бўлиши муҳим масала экан, уларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясининг масъулияти биринчи навбатда, уйда ота-она, боғчада тарбиячи, ўрта ва олий ўқув юртларида муаллим ва устозлар, кўча-кўйда эса маҳалла оқсоқоллари зиммасидадир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: 

 “Ҳар бирингиз бир раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулсиз, — деб таъкидлаганларидек, ота-оналар, қолаверса, ёшлар таълим ва тарбияси билан шуғулланишга мутасадди бўлган кишилар бу ишга жавобгар шахс эканликларини ҳис қилмоқлари лозимдир.

    Аллоҳ таоло ёшларимизни илму маърифатли бўлиб, эл-юрти учун хизмат қиладиган аҳли солиҳлардан бўлишларини насиб этсин.


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Тошкент шаҳридаги  “Хўжа Аламбардор” жомеъ масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, унинг бахтусаодатда яшашу учун Ўзининг шариатини туширди. Пайғамбарлар юборди. Китоблар нозил қилди. Дунёда эзгуликнинг синоними давоми...

5323 20:26 / 21.04.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймБизни Ўзининг охирги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан қилган ва .Батаҳқиқ сизлар учун давоми...

3832 17:17 / 27.03.2017
Аллоҳ таъолога беадад ҳамду ndash саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.Ҳозирги кунимизда давоми...

5294 19:50 / 22.04.2017
Мусулмоннинг барча иши пухта ва мукаммал бўлиши керак Чин мусулмоннинг шахсияти барча ижобий хислатларни ўзида мужассамқилиб, салбийларидан йироқ бўлади. давоми...

4213 21:33 / 21.04.2017