1446 йил 18 жумадис сони | 2024 йил 20 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

1 - 5. Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин.

02:56 / 22.03.2017 3658 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 اهدِنَا الصِّرَاطَ المُستَقِيمَ۝

5. Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин.

Ҳидоятга – тўғри йўлга бошлаш луғатда бирор нарсага лутф билан йўллаб қўйишни англатади. Уламолар наздида ҳидоятга – тўғри йўлга бошлаш бир неча даражали бўлади:

а) Аллоҳ инсонга қўшиб яратган туйғуларнинг ҳидояти – йўл кўрсатиши. Мисол учун, чақалоқнинг биров ўргатмаса ҳам онасини эмиши, хавф яқинлашганда кўзини юмиши, қорни очганда йиғлаши ва ҳоказолар ана шу ҳидоятлар жумласига киради. Бу эса илмий тилда «туғма инстинкт» дейилади. Лекин ушбу тоифадаги ҳидоят инсоннинг барча талабларини қондира олмайди. Улар фақатгина баъзи бир эҳтиёжларни қондириши мумкин, холос.

б) Инсон аъзоларининг ҳис қилиши ҳидояти – йўл кўрсатиши. Мисол учун, ҳидлаш, эшитиш, кўриш, ушлаб кўриш каби сезгилар орқали маълум бир нарсаларга ҳидоят топса бўлади, лекин булар ҳам кифоя қилмайди. Уларнинг ҳаммаси маълум бир чегарагача ярайди, холос. Мисол учун, кўз маълум узоқликдаги ва маълум катталикдаги нарсаларнигина кўра олади. Баъзида эса ҳис қилиш аъзолари хато қилиши ҳам мумкин. Мисол учун, сароб саҳродаги чанқаган кишига сув бўлиб кўриниши ҳаммага маълум. Кўриниб турибдики, иккинчи тоифадаги ҳидоят биринчи тоифадаги ҳидоятдан устун ва тўлароқ бўлса ҳам, инсонни икки дунё бахт-саодати ила таъминлашга мутлақо етишмайди. Шу ўринда «Ундан ҳам мукаммалроқ ҳидоят борми?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволга «Ҳа, ундан ҳам мукаммалроқ ҳидоят бор, у ақл ҳидоятидир», – деб жавоб берилади.

в) Ақл ёрдамида инсон юқорида зикр қилинган воситалар ожиз қолган нарсалардан ҳидоят топади, уларнинг хатосини тузатади. Масалан: сувда бирор нарсанинг аксини синган ҳолатда кўриш мумкин. Бу кўзнинг хабари, лекин ақл акси сувда шундай кўринаётган нарсанинг аслида бутун, тўғрилигига ҳидоят қилади. Касал одамга ширин таом ҳам нордон туюлиши мумкин, лекин ақл у таом аслида ширин эканини билдиради.

«Демак, ҳамма нарсани ақл орқали ажратиб, саодат йўлини топиб кетса бўлар экан-да?» деган савол туғилади. Кўпчилик «Ҳа!» – деб жавоб ҳам беради. Лекин мусулмонлар «Ақл ҳам тўла ҳидоятга қодир эмас, дунёга назар солинг: ҳар ким ўз ақлини ишга солиб, турли йўлга кирмоқда ва ҳар ким ўзиникини тўғри, деб даъво қилмоқда. Лекин ҳаммалари бир-бирларига хилоф иш қиладилар. Кўпинча улар ақлга ор бўладиган нарсаларни ҳам қонун-қоида қилиб олаверадилар. Шунинг учун ақлнинг ўзи инсонни икки дунё бахт-саодати йўлига етарли даражада ҳидоят қила олмайди. Ақлнинг устидан ҳам ҳукмини ўтказувчи ҳидоят бор», – дейишади. У эса тўртинчи – энг олий даражадаги ҳидоятдир.

г) Илоҳий – диний ҳидоят. Инсонни яратган Аллоҳ уни икки дунё саодатига эриштирувчи йўлни ҳам билади. Шунинг учун бандаларига диний кўрсатмалар юбориб, уларни тўғри йўлга солиб туради. Бу кўрсатмаларнинг сўнггиси Исломдир.

Шунинг учун ҳам мусулмонлар ушбу ояти каримани намозларида доимий равишда ўқиб, Аллоҳ таолодан ҳидоят сўраб, ўзлари эришган Ислом ҳидоятида бардавом қилишини тилаб турадилар.

(Фотиҳа сураси, 5-оят)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Эй иймон келтирганлар Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг ва мусулмон бўлган ҳолингиздагина ўлинг. Аллоҳнинг арқонини биргаликда маҳкам тутинг ва тарқоқ давоми...

5515 00:03 / 30.03.2017
Эй иймон келтирганлар Сабр ва намоз ила ёрдам сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир. Бақара 153. Ислом умматига Аллоҳ таоло улкан масъулиятни бутун дунёни давоми...

8808 08:45 / 20.12.2017
«Сизлардан вафот этиб, жуфтлар қолдираётганлар эса, улар яъни аёллари ўзлари тўрт ою ўн кун кутарлар. Муддатлари етганда ўзлари борасида яхшилик билан қилган давоми...

4399 09:10 / 15.03.2018
Эй одамлар, сизларни ва сиздан олдингиларни яратган Роббингизга ибодат қилинг. Шоядки, тақво қилсангиз. Бақара 21Ушбу оятда умумбашарга қарата нидо этилмоқдаки, давоми...

4335 17:13 / 24.07.2017