1447 йил 29 шаъбон | 2026 йил 17 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

«... ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди»

03:15 / 22.03.2017 4522 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди», дедилар».  

Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «мўмин бўла олмайди» деганларидан мурод, комил иймонли мўмин бўла олмайди, деганларидир. Чунки бу ерда гап эътиқод ҳақида эмас, майл ҳақида кетмоқда. Эътиқод бўйича, агар бирор киши нафақат ота-она ёки болани, балки бошқа ҳар қандай шахсни ҳам Расулуллоҳдан афзал кўрса, кофир бўлиши турган гап. Ушбу ҳадисдаги муҳаббатдан мурод ота-она ёки болага бўладиган меҳр-шафқат ҳам эмас, бошқа инсонга бўладиган ишқ ҳам эмас. Балки, маҳбубга нисбатан фидокорлик ва ҳар бир нарсани қурбон қилишга тайёр туриш ҳамда маҳбубнинг амрини бажариб, унинг розилигини топишга уринишдир. Демак, мўмин банда учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу масалада ўз ота-онасидан ҳам, боласидан ҳам, бошқа барча одамлардан ҳам устун туришлари керак.

Уламоларимиздан Абу Зинод муҳаббатни учга бўладилар:

1. Улуғлаш ва таъзим муҳаббати асосан ота-онага бўлади.

2. Раҳм-шафқат муҳаббати асосан фарзандларга бўлади.

3. Ўзаро гўзал хислатларни қадрлаш муҳаббати ўзга одамларга нисбатан бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда ўзларига нисбатан муҳаббатнинг уч тури ҳам бошқаларга бўлган муҳаббатдан устун бўлгандагина инсоннинг иймони комил бўлишини қайд қилмоқдалар. Бу муҳаббат у зотнинг ҳаётлик пайтларида шахсларига нисбатан бўлса, энди ҳам шахсларига, ҳам динларига, ҳам суннатларига нисбатан бўлиши керак.

Саҳобаи киромларнинг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари дунё тарихида учрамаган муҳаббатдир. У зотнинг амрларига бўйсуниш, қайтарганларидан қайтиш ва бошқа нарсалар у ёқда турсин, тупурган тупуклари ерга тушмас эди. Саҳобалар уни қўлларини тутиб илиб олиб, юзларига суртар эдилар. Шунинг учун бу улуғ инсонлар қисқа муддатда дунёнинг кўп жойларига Ислом динини тарқатишга муваффақ бўлдилар. Буюк Ислом маданиятининг пайдо бўлишига эришдилар. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларини устун тутганларида у кишининг шариатларига тўлиқ амал қилдилар ва дунёда ҳаммадан устун бўлдилар. Қачонки улар молу дунёнинг, бола-чақанинг, турли маъшуқаларнинг муҳаббатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатидан устун қўйганларида, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларини қўйиб, бошқа «шариат»ларга амал қилганларида ҳаммадан орқада қолдилар. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Амр ёки Абу Амра Суфён ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг расули, менга Исломдаги бир сўзни айтингки, мен бу ҳақда сиздан бошқа бирор давоми...

3497 08:25 / 16.01.2018
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиБир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан.Қайси Ислом амали яхшироқ, деб сўради. У зот .Таом давоми...

4300 06:00 / 02.10.2018
Абу Холид Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Олдисотди қилувчига ажралмасларидан олдин ихтиёр бордир. Агар давоми...

3502 08:15 / 20.12.2017
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда кетаётганларида қулоғи кичкина бўлган ўлимтик бир эчкининг олдидан ўтиб давоми...

4088 08:20 / 15.07.2018
Аудиолар

231225 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

149751 14:35 / 11.08.2021