1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Майин сўз қилманг!

13:58 / 16.03.2017 10513 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду-саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи  васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

يَٰنِسَآءَ ٱلنَّبِيِّ لَسۡتُنَّ كَأَحَدٖ مِّنَ ٱلنِّسَآءِ إِنِ ٱتَّقَيۡتُنَّۚ فَلَا تَخۡضَعۡنَ بِٱلۡقَوۡلِ فَيَطۡمَعَ ٱلَّذِي فِي قَلۡبِهِۦ مَرَضٞ وَقُلۡنَ قَوۡلٗا مَّعۡرُوفٗا ٣٢

«Эй Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг, яна қалбида касали бор бўлган таъма қилиб юрмасин. Гапирганда яхши гапни гапиринглар» (Аҳзоб сураси, 32-оят).

Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳ: «Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларини одоб сақлашга буюряпти. Ва бу борада умматнинг барча аёллари ҳам уларга тобеъдирлар», деганлар.

Мазкур одоб эса «Майин сўз қилманг», «Гапирганда яхши гапни гапиринглар», деган амрларда ўз ифодасини топган. Шу билан бирга у амрлар фақатгина тақво қиладиган аёллар учун эканлиги ҳам таъкидланган. Албатта, тақво қилмайдиган аёлларда бундай одоблар мужассам бўлмайди.

Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳ: «Аёллар ўз эрларига гапирадиган оҳангда овозларини майин ва назокатли қилиб бегона эркакларга гапириши мумкин эмаслигини Аллоҳ таоло баён этяпти», деганлар. (Демак, аёллар ўзидаги майинлик, назокат, латофат ва овоздаги оҳанглар ёқимлилигини ўз эрлари учунгина хос қилишлари керак экан.)

Мазкур ҳикматлар юзасидан Исломнинг асосий устунларидан бири бўлмиш намоз ўқишда ҳам аёллар учун овоз чиқариб қироат қилиш, азон ва такбир айтиш ман этилган. Шунингдек, аёллар ҳар қандай ибодатлар жараёнида, ҳаттоки ҳаж учун эҳром кийганда айтиладиган талбия («Лаббайкаллоҳумма, лаббайка...»)ни ҳам овоз чиқармасдан айтадилар.

Мазкур қайтариқнинг сабабини ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи оятнинг давомида «Яна қалбида касали бор бўлган таъма қилиб юрмасин», деб баён этган.

Муфассир уламоларимиз «Қалбдаги касаллик – мунофиқлик ёки шаҳвоний ҳирсдир», деб маъно берганлар.

Одатда мунофиқлар мўмина-муслима бўлган аёлларни камситиш, айблаш, ҳақорат қилиш ва обрўларини тўкиш учун ҳеч нарсадан қайтишмаган. Бунинг учун заррача бўлса-да, имконият топилса, пашшадан фил ясаб, ҳамма ёққа жар солишган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мўмина аёлларни товушни баланд қилиб, ҳамма эшитадиган даражада майин ва назокатли сўзлашдан қайтарган. Сабаби нафақат мунофиқлар, балки қалбини шаҳвоний ҳирс эгаллаган, тақводан эса мутлақо бегона бўлган инсонлар таъма қилиб, аёлларга нисбатан фисқу фужур ва ҳар хил шаҳвоний гап-сўзу ҳаракатлар қилиб қолиши мумкин.

Тақводор аёллар эса, албатта, қалбида касали борлар учун мазкур имкониятлар пайдо бўлмаслигига бутун вужуди ила ҳаракат қилади. Аммо бетақво бўлган аёллар ўзларини бозорга солиб, ён-атрофдаги эркакларнинг эътиборини жалб қилиш учун ҳар хил воситалардан фойдаланадилар. Ва бу ишлари билан нафақат ўзлари, балки қалбида касали бўлган ҳар қандай кишини ҳам жаҳаннам сари етаклайди. Ана шундай воситалардан бирини Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада:

..وَلَا يَضۡرِبۡنَ بِأَرۡجُلِهِنَّ لِيُعۡلَمَ مَا يُخۡفِينَ مِن زِينَتِهِنَّۚ ٣١

«Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар» (Нур сураси, 31-оят), деб баён этган.

Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилиши ва охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган.

Қуръони карим илоҳий қонун-қоидаларнинг умумий мажмуаси бўлгани учун ҳар бир нарсани тўлиқ тафсилотлари билан келтирмаган. Биз сўз юритаётган мавзуда ҳам ана шу ҳикмат ўз ифодасини топган. Ҳозирги кундаги аёллар атрофдаги эркакларни ўзларига жалб қилиш учун қандай усул ва воситалардан фойдаланаётган бўлсалар, уларнинг барчаси юқоридаги оятнинг ҳукми остига киради.

Ҳозирги давримиз алоқа воситалари ва интернет ўта ривожланган давр бўлгани учун юқорида зикри ўтган салбий ҳолатлар ҳам ўзгача тус олиб, баъзи бир тушунмаган, илмсиз ёки бетақво, беҳаё, фосиқа, фожира аёллар учун айни имкониятлар майдонига айланиб қолди. (Биз бу ўринда тушунмаслик, билмаслик ёки адашишлик натижасида мазкур ишларга қўл ураётган аёл-қизлар ҳақида гапирмаяпмиз.)

Бир куни устозимиз Шайх ҳазратлари билан тўйхоналардан бирида ўтирган эдик. Шунда тўй бошилардан бири таклифномани олиб келиб, ҳазратнинг қўлларига тутқазди. Ҳазрат эса таклифномага шунчаки юзаки бир назар ташладилар-да, уни тескари қилиб хонтахта устига қўйдилар. Ва менга қараб: «Одамлар шуни ҳам билишмайди. Аслида таклифномага нафақат келиннинг номини, балки умуман аёлларнинг исмини ёзиш одобсизликдир. Шунинг ўзи баъзи бир нохуш ҳолат ва фитналарни келтириб чиқариши мумкин. Ахир шу таклифномага «Фарзандларимизнинг никоҳ тўйларига таклиф этамиз», деган ёзувни ёзиб қўйсалар бўлди-ку», дедилар.

Шунда мен ҳаётимизда ниҳоятда кўплаб хатолар, одобсизликлар содир этилаётгани ва унинг натижасида эса қанчадан-қанча гуноҳ-маъсият ҳамда турли-туман жиноятлар амалга оширилаётганини мулоҳаза қилдим.

Кўпинча бирор хонадоннинг уй телефонига сим қоқсангиз, одатда аёл киши гўшакни кўтариб жавоб беради. Ёки эшик қўнғироғини чалсангиз ҳам, албатта, ичкаридан аёл кишининг майин, назокатли ва ўта ўзига жалб қилувчи оҳангдаги овози эшитилади. Ё бўлмаса, тўғридан-тўғри эшикни очиб, ичкарига таклиф қилади. Мана шундай ҳолатлар фитнага олиб бормаслигига ким кафолат беради?

Шу ўринда бир йигитнинг бошидан ўтган воқеани келтириб ўтамиз:

«Ўртоғим билан савдода шерик эдик. Савдо молларимиз эса унинг уйида тургани учун доимо мен ҳам у ерга бориб турар эдим. Ўртоғим менга ўта ишонганидан ўзи йўқлигида ҳам, хотини ёлғиз бўлса ҳам, уйига киришимга рухсат бериб қўйган эди. Унинг хотини эса менга ўта гўзал муомала қилар эди. Тўғриси, мен ўзимнинг хотинимдан ҳеч қачон бундай муомалани кўрмаганман. Бора-бора мен ўртоғимнинг хонадонига бемалол, хоҳлаган пайтимда кириб-чиқадиган бўлдим. Унинг хотини ҳам секин-секин менга кўникиб, эркин, очиқчасига муомала қиладиган бўлди. Охири мен ўртоғимга хиёнат қилдим. Ва ўртоғим бундан хабардор бўлиб қолди. Энди нима қилишни билмай юрибман».

Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Бирор киши эшикни тақиллатса, аёл киши жавоб беришга мажбур бўлиб қолса, дағал овоз ила қўпол муомала қилиб, эшикни очмасдан туриб жавоб берсин», дейдилар. Баъзилар бу ҳолатнинг ҳикматини тушунмасдан, қўполлик ва маданиятсизлик деб баҳолайди. Ваҳоланки, мазкур «қўполлик ва маданиятсизлик» замирида иймон-эътиқод, вафо ва садоқат бордир. Қўштирноқ ичидаги «маданият ва майинлик» остида эса бевафолик ва хиёнат мавжуд. Шу ўринда «Интернет саҳифаларида ўз суратларини ташвиқот қилаётган аёл-қизлар, бор зеб-зийнатларини кўз-кўз қилиб, барчага намойиш этаётган риёкор ва бузуқи хотинлар, уларга масъул бўлган ота-она, ака-ука ёки эр қаёққа қараётган экан?» деб ўйлаб қоласан.

Баъзилари эса ўзларининг қад-қоматларини ўлчамларигача бирма-бир ёзишади. Неча ёшда, қандай мучал ёки бурж остида туғилгани, маълумоти қандайлиги, манзили ва ҳаттоки телефон рақамларигача ёзиб қўяди. Энг ачинарлиси эса, мазкур ҳолатда баъзи бир таниқли, маҳалла-куй, атрофда обрўли, эътиборли бўлган хонадонларнинг аёл-қизлари эканлигидир. Албатта, бундай салбий ҳолатлар дунё бўйича кенг ёйилиб, туб қўйиб, палак ёйиб, қора булут каби бутун ер юзини қамраб олаётган «оммавий маданият»нинг кўринишларидан биридир. Бу иллат ҳозирда вабо касали каби ҳамма жойга бирдек тарқаб боряпти. Бунда инсонларнинг миллати, маданияти, ҳаттоки дини, иймон-эътиқоди ҳам фарқ қилмаяпти. Бунинг исботи эса бир пайтлар дунёга илм-маърифат бўйича устозлик қилган, буюк алломалар юрти бўлган жонажон ватанимизнинг фарзандлари ҳам ана шу дардга мубтало бўлаётганидир. Мазкур иллатларнинг янада кенгроқ ёйилиб, ривожланиб боришига диний саводсизлик асосий сабаблардан бири, десак, муболаға бўлмайди.

Минг афсуслар бўлсинки, юртимиз мўмин-мусулмонларининг кўпчилиги динимизнинг асл ғояси ва моҳиятини тўлиқ тушуниб етмагани туфайли «Дин – фақатгина саноқли баъзи ибодатлардангина иборатдир», дейди. Аслида эса динимиз аҳкомлари инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олганини ва уларнинг илоҳий қонун-қоидалар остида бажарилишини таъминловчи низомлар мажмуаси эканини билишмайди. Шунинг учун ҳам қатъий буйруқлар ила жорий қилинган ибодатларни адо этади-ю, мазкур ибодатларни амалга ошириш учун сабаб ва восита бўладиган амалларга эътибор бермайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло қатъий ҳаром қилган гуноҳлардан тийилади, лекин уларга олиб борадиган омилларга эргашади.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муслима аёл фақат мусулмон эркак билангина турмуш қуриши мумкин. Ғайридин эркакка эрга тегиш муслима аёлга қаттиқ ман қилинган. Бу борада эркак аҳли китоб бўлса давоми...

3240 05:00 / 14.02.2017
Ато ибн Абу Робаҳдан ривоят қилинади.Абу Ҳурайранинг Байтни тавоф қилиб юриб, .Фақат аҳли аёлдан ортганини садақа қилиш бор, деб нидо қилаётганини кўрдим,.Шарҳ Ато давоми...

3186 05:00 / 14.02.2017
Эру хотин бирбирлари билан яқинлик қилаётган, жимоъ қилишаётган вақтида устларини чойшаб, кўрпа ёки шунга ўхшаш нарсалар билан ёпиниб олишлари мустаҳабдир. давоми...

5754 05:00 / 15.02.2017
Юқоридаги .Бош кўтариш содир бўлганда, деб аталган сарлавҳа остида битилган сатрларда эрхотиннинг ўзаро муносабатларидан пайдо бўладиган муаммолар ва уларни давоми...

6260 19:35 / 23.04.2018