1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Умму Заръ ҳадиси

05:00 / 14.02.2017 5835 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«Ўн бир аёл ўтириб ўз эрлари хабарларидан ҳеч нарсани беркитмасликка аҳду паймон қилишибди.
Биринчи аёл:
«Менинг эрим тоғ устидаги озғин туя гўштидир. Паст эмаски, олдига чиқилса, семиз эмаски, рағбат қилинса», деди.
Иккинчи аёл:
«Менинг эрим, (яхшиси)унинг хабарини тар-қатмайман. Чунки ҳеч нарсани қўймай айтишимдан қўрқаман. Агар айтадиган бўлсам, ич-ки-ю ташқи айбларини айтаман», деди.
Учинчи аёл:
«Эрим – новча, сўтак, қилиғи совуқ. Агар (сифатини) нутқ қилсам, талоқ қилинаман. Агар айтмай сукут қилсам, осилиб–муаллақ қоламан», деди.
Тўртинчи аёл:
«Менинг эрим Тиҳоманинг кечасига ўхшайди. Иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам эмас. Хавфи ҳам йўқ, малоли ҳам йўқ», деди.
Бешинчи аёл:
«Менинг эрим агар дохилда бўлса, йўлбарс, хорижда бўлса, шер. Билган нарсасини сўрамайди», деди.
Олтинчи аёл:
«Менинг эрим агар таом еса, паққос туширади. Шароб ичса, охиригача сипқоради. Ёнбошласа, ўраниб олади. Хоҳишни билиш учун қўлини тегизиб ҳам кўрмайди», деди.
Еттинчи аёл:
«Менинг эрим эси паст, мижози суст, иши юришмаган, нима дардки бўлса, унда бор. У (бошингни) ёради ва (жисмингни) жароҳатлайди ёки ҳаммасини сенга жамлайди», деди.
Саккизинчи аёл:
«Менинг эрим – уни ушлаш қуённи ушлашдир, ҳиди эса заъфароннинг ҳидидир», деди.
Тўққизинчи аёл:
«Менинг эримнинг устунлари баланд, қиличининг сопи узун, қули кўп, уйи гапхонага яқиндир», деди.
Ўнинчи аёл:
«Менинг эрим моликдир. Молик бўлганда ҳам қандоқ моликдир. Сен айтганлардан яхши моликдир. Унинг туялари қўрада кўп туриб, яй-ловда оз чиқадир. Қачон уднинг овозини эшитсалар, ўзларининг ҳалок бўлишига ишонч ҳосил қилурлар», деди.
Ўн биринчи аёл:
«Менинг эрим Абу Заръдир. Абу Заръ бўлганда ҳам қандоқ Абу Заръдир. Қулоғимни тақинчоққа тўлғазди. Икки билагимни ёғга тўлғизди. У мени улуғлади, ўзимга ўзим улуғ бўлиб кўриндим. У мени олганда аҳлим кичик жойда оз қўй сақлар эди. Бас, мени кишнаш, ўкириш, хирмон ва ғалвир аҳлидан қилди. Унинг ҳузурида сўзласам, сўзим ёмон олинмади. Ухласам, тонггача ухлайман. Ичсам, тўйиб ичаман.
Абу Зарънинг онасига келсак, Абу Зарънинг онаси қандоқ ҳам она! Унинг юк сандиғи оғирдир, уйи кенгдир.
Абу Зарънинг ўғлига келсак, Абу Зарънинг ўғли қандоқ ҳам ўғил! Ётар жойи бўйра учун пўстлоқ сидириб олинган жойча. Бир улоқнинг қўли уни тўйғазади.
Абу Зарънинг қизига келсак, Абу Зарънинг қизи қандоқ қиз! Отасига итоаткор қиз. Онасига итоаткор қиз. Кийимини тўлдирган қиз. Кундошини куйдирган қиз.
Абу Зарънинг чўрисига келсак, Абу Зарънинг чўриси қандоқ ҳам чўри! Гапимизни ҳеч таратмайди. Таомимизни ҳеч бузмайди. Уйимизни қуш уясига ўхшатиб, ҳас-чўпга тўлдирмайди.
Абу Заръ сут мешлари чайқатилиб турганда ташқарига чиқди. У икки боласи худди икки йўлбарсча каби қўлтиғи остидаги икки анорини ўйнаб турган аёлни кўрди. Мени талоқ қилиб, уни никоҳлаб олди.
Ундан кейин бир шарафли кишига никоҳландим. У учқур от минган, хоттий найза тутган эди. У менга кўп неъматларни тўкиб ташлади. У менга ҳар тур ҳайвондан жуфтлаб берди ва:
«Эй Умму Заръ! Ўзинг егин, аҳлингга ҳам бергин!» деди. Унинг менга берган ҳамма нарсаси Абу Зарънинг энг кичик идишича ҳам бўлмади», деди.
Оиша:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен сен учун Абу Заръ Умму Заръга қандоқ бўлса, шундоқ бўлдим», дедилар», деб айтди
».

Икки шайх ва Насоий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бошқа ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мен сенга улфат ва вафода Абу Заръ Умму Заръга қандоқ бўлса, шундоқман, фироқ ва жафода эмас», дейилган. 

Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: 

«Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! Сиз мен учун Абу Заръ Умму Заръга бўлгандан яхшисиз», деганлар.

Ушбу ҳадиснинг Умму Заръ ҳадиси деб номланиб қолишига икки сабаб бор. 

Биринчиси - ўн бир аёлнинг ичидан энг охиргиси Умму Заръ ўз эрини қойилмақом қилиб мақтаганидан ва исмини айтиб зикр қилганидан. 

Иккинчиси ва асосийси - Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умму Заръни зикр қилганларидан.

Зубайр ибн Баккорнинг ривоятида: 

«Оиша Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига аёллар билан кирсам, эй Ои-ша, мен сен учун Абу Заръ Умму Заръга қандоқ бўлса, шундоқман, дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Заръ ва Умму Заръ нима?» дедим», деб бошланган. 

Кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур гапларни айтиб берганлар. Оиша онамиз эса, кейинчалик кишиларга айтиб берганлар ва муҳаддисларимиз китобларига киритганлар. 

Бу асарда қадимги аёлларнинг ақл-заковати, тил хусусидаги, балоғат, фасоҳат ва киноя услубларидаги маҳоратлари олий даражада ўз аксини топган. Энг муҳими, аёлларнинг эркакларга нисбатан бўлган ички дунёси очиқ-ойдин баён этилган. Баён этилганда ҳам умумий равишда эмас, умр бўйи бирга яшаб, синаб кўрган тажрибали аёлларнинг ўз эрларига берган баҳолари ҳар қандай бўёқлардан холи тарзда келтирилган.

Бу ҳадисни муҳаддис уламолар ўз мутахассисликлари бўйича батафсил равишда ўрганиб чиққанлар. Шунингдек, тил, балоғат, фасоҳат уламолари ҳам кераклигича ўрганганлар.

Энди эса оила масалалари бўйича шуғулланувчилар, эр-хотин ораларидаги алоқаларни ўрганувчи илми нафс (психология) мутахассислари ҳам буни чуқур ўрганиб чиқсалар яхши бўлур эди.

Келинг, биз ҳам ушбу ҳадисни «Ҳадис ва Ҳаёт» китобимизда жорий бўлган услубимизга биноан, кучимиз ва ақлимиз етганича ўрганиб чиқайлик.

Ушбу ҳадис Оиша онамиздан ривоят қилинган. Зубайр ибн Баккорнинг ривоятига қараганда ҳадиснинг бошидан охиригача Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан келиб чиққани собит бўлади. 

Бошқа ривоятларга қараганда эса, ўн бир аёлнинг гапини Оиша онамиз келтирганлар-у, Пай-ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўз гаплари билан таъкидлаб қўйганга ўхшайдилар. 

Шунинг учун ҳам уламолар ушбу ҳадиснинг ҳаммаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари билан собит бўлганлиги ёки баъзиси гаплари билан, баъзиси тасдиқлари билан собит бўлганлиги ҳақида икки хил фикр юритадилар.

«Ўн бир аёл ўтириб, ўз эрлари хабарларидан ҳеч нарсани беркитмасликка аҳду паймон қилишибди». 

Мазкур ўн бир аёл кимлар эканлигини баҳс қилиб топишга уринган уламолар ҳам бўлган. Уларнинг баъзилари ўша аёлларни яманлик десалар, бошқалари маккалик, дейишади. Мазкур аёлларнинг кўпларининг шахслари ҳам аниқланган. Ана шу эътибордан қарайдиган бўлсак, уларнинг баъзилари яманлик, баъзилари маккалик, десак ҳам бўлади. 

Баъзи ҳолларда аёллар тўпланиб қолишса, аёлларга хос суҳбат уланиб кетади. Ўша ўн бир аёл ҳам эрлари ҳақидаги гапларни яширмай, очиқ-ойдин айтишга тушадилар.

«Биринчи аёл:

«Менинг эрим тоғ устидаги озғин туя гўштидир. Паст эмаски, олдига чиқилса, семиз эмаски, рағбат қилинса», деди».

Бу аёл ким эканлиги, исми, отасининг исми аниқланмаган. Аёл ўз эри ҳақида юқори савияда истиора, ташбиҳ ила ўта балоғатли ва фасоҳатли гап қилган. Ҳаммалари ҳам шундоқ гап қилганларини эслаб қўймоғимиз керак. Эр ҳақида менинг эрим, деган иборадан ўзга бевосита сўз ишлатмаган. Аёл ўз эридан шикоят қилмоқда.

Ўша вақтда энг ёмон гўшт туя гўшти ҳисобланган. Унинг нохуш ҳиди ҳам бўлиб, бунинг устига ўта озғинлиги ёмоннинг ҳам ёмони дегани бўлади. Аёл ўз эрининг эркакларнинг ичида энг ёмони, энг бадхулқ–сассиғи эканини айтмоқда. Тоғ устидалиги эса, ўзи ярамас бўлишига қарамай мутакаббир эканига ҳам ишорадир. У бадхулқ, ярамас, мутакаббир бўлгани учун ҳам биров яқинига келишни хоҳламас экан. 

Албатта, аёл кишига бундоқ эркак мутлақо ёқмайди. Аёлига хуш келаман, деган эркак мазкур сифатлардан узоқ бўлиши лозим.

«Иккинчи аёл: 

«Менинг эрим, (яхшиси)унинг хабарини тар-қатмайман. Чунки ҳеч нарсани қўймай айтишимдан қўрқаман. Агар айтадиган бўлсам, ичкию ташқи айбларини айтаман», деди».

Иккинчи аёлнинг исми Амра бинти Амр ат-Тамиймий экан. Бу аёл ҳам эридан куйган экан. Айтса тили, айтмаса дили куяр экан. Аммо айтмаса, озроқ куяр экан. Мабодо айтадиган бўлиб гап очса, эрининг ички ва ташқи айблари шунча кўп эканки, чидамасдан ҳаммасини гапиришга мажбур бўлар экан. Агар гапирса, эри эшитиб қолса, унинг ҳозирги куни ҳам ҳолва бўлиб қолиши турган гап экан. Шунинг учун гапни қисқа қилиб қўя қолди. Афсуски, шундоқ эркаклар ҳам бор.

«Учинчи аёл: 

«Эрим новча, сўтак, қилиғи совуқ. Агар (сифатини) нутқ қилсам, талоқ қилинаман. Агар айтмай, сукут қилсам, осилиб – муаллақ қоламан», деди».

Бу аёлнинг исми Ҳубо бинти Каъб ал-Ямонийдир. Бу аёл эрининг бўйи узун–ақли пастлигидан, унинг шикоятларига қулоқ солмаслигидан шикоят қилмоқда. Агар унинг айбларини айтса, талоқ қилиб юбориши мумкин. Айтмаса, аёлни муаллақ ҳолида қолдиради, ўзи хотин ўрнида кўрмайди, талоқ қилиб бошқа эрга тегишига ҳам имкон бермайди.

Демак, аёлига бепарволик билан муносабатда бўладиган, унинг шикоятларини эшитмайдиган, бадхулқ эркаклар ҳам хотинларига ёқмас экан.

«Тўртинчи аёл: 

«Менинг эрим – Тиҳоманинг кечасига ўх-шайди. Иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам эмас. Хавфи ҳам йўқ, малоли ҳам йўқ», деди».

Бу аёлнинг исми Муҳаддар бинти Абу Ҳурумадир. У эридан хурсанд экан. Эридан қўрқадиган, ёмон ахлоқли нарсалар содир бўлмас экан. Шунингдек, малол келадиган тасарруфлар ҳам содир бўлмас экан. У мўътадил инсон экан. Бундай одамдан аёли шикоят қилмас экан.

«Бешинчи аёл: 

«Менинг эрим агар дохилда бўлса йўлбарс, хорижда бўлса шер. Билган нарсасини сўрамайди», деди».

Бу аёлнинг исми Кобиса экан. У ушбу гаплари билан эрини мадҳ қилмоқда. Уй ичида йўлбарс-дир, дегани кўп ухлашига ишора экан. Чунки йўлбарс кўп ухлайдиган ҳайвон экан. Шу билан бирга, йўлбарс кўп сакрайдиган ҳайвонлигидан жинсий алоқага ҳам ишора бор, деб таъвил қилганлар ҳам бор. Қисқа қилиб айтганда, у киши уй ичида хотинига эрлик қилар ва бошқа нарсаси ила иши бўлмас экан. 

Ташқарида эса, арслон каби шижоат ила юриб, дўстларга меҳрибон, душманларга муросасиз бў-лар экан.

«Билган нарсасини сўрамайди», дегани уйнинг майда-чуйда нарсаларига аралашиб, сўраб-суриштириб, тажанглик қилмаслигига ишорадир. Албатта, бундоқ сифатларга эга бўлган эрлар хотинларига жуда ҳам ёқадилар.

«Олтинчи аёл: 

«Менинг эрим агар таом еса, паққос туширади, шароб ичса, охиригача сипқоради, ёнбошласа, ўраниб олади, хоҳишни билиш учун қўлини тегизиб ҳам кўрмайди», деди».

Бу аёлнинг исми Ҳинд экан. У эрини мазаммат қилмоқда. Бу эркак қорин бандаси экан. Овқатни кўрса, ўзини унга ташлар ва уни паққос тушириб бўлмагунча бошини кўтармас экан. Ичимлик ичадиган бўлса ҳам очкўзлигидан охирги томчисигача қўймай сипқарар экан. Қорин тўйгандан кейин қайғу кетиб ёнбошласа, хотин билан иши йўқ, ўзи ўраниб-бурканиб олар экан. Хотинимнинг хоҳиши борми, деб қўл теккизиб қўймас ҳам экан.

Ушбу аёлнинг эрига ўхшаш эрлар ўз хотинларига ҳам, ўзга хотинларга ҳам ёқмасликлари турган гап.

«Еттинчи аёл: 

«Менинг эрим эсипаст, мижози суст, иши юришмаган, нимаики дард бўлса, унда бор. У (бошингни) ёради ва (жисмингни) жароҳатлайди ёки ҳаммасини сенга жамлайди», деди».

Бу аёлнинг исми Ҳуба бинти Алқама экан. У эридан шикоят қилишда истиора ишлатмасдан, тўғридан тўғри, лекин ўта балоғатли сўзлар ишлатибди. Ҳуба эрини дунёдаги энг ёмон эркак сифатида васф қилибди. Унинг эрининг эсипаст экан. Шунинг учун ундан оқилона тасарруф содир бўлмас экан. Устига устак мижози сустлиги учун жинсий маънода ҳам ҳеч нарсага ярамас экан. Нима иш қилса, ёмонлик билан тугар экан. Дардга чалинган бўлиб, дунёдаги ҳамма дардлардан унда бор экан. Энг ёмони бўлган-бўлмаганга хотинини уриб, бошини ёрар ёки танига жароҳат етказар, гоҳида эса ҳам бошини ёриб, ҳам тан жароҳати етказар экан. Бу эркакда ҳамма ёмонликлар жам бўлган экан, ҳам аҳмоқлик, ҳам жинсий ожизлик, ҳам дардмандлик ва ҳам ёмон ҳаёт кечириш.

«Саккизинчи аёл: 

«Менинг эрим, уни ушлаш, қуённи ушлашдир, ҳиди эса заъфароннинг ҳидидир», деди».

Бу аёл Ясир бинти Авс деб номланар экан. У ўз эрини қисқа сўзлар билан яхшилаб мадҳ қилмоқда. Унинг эрининг танаси қуённинг танасига ўхшаш юмшоқ, ўзи эса юмшоқ феълли яхши одам экан. Шу билан бирга, доимо хушбўй бўлиб юрар экан ва одамлар ҳам уни яхши гаплар билан эслашар экан.

«Тўққизинчи аёл: 

«Менинг эрим – устунлари баланд, қиличининг сопи узун, қули кўп, уйи гапхонага яқиндир», деди».

Уламоларимиз бу аёлнинг исмини аниқлашга муяссар бўлмаганлар. Аммо бу аёл эрини мақтаётгани аниқ. У ўз эрини устунлари баланд, деган ишора ила икки хил мақтовга сазовор демоқчи. 

Биринчиси, аслзода, дегани. Устуни узун, яъни, баланд мартабали хонадондан, демоқчи. 

Иккинчиси эса, бой бўлгани учун баланд уй қурган, ҳамманинг уйидан ажралиб туради, бева-бечоралар ва мусофирлар ҳам узоқдан кўриб ёрдам сўраб келадилар, дегани.

«Қиличининг сопи узун» бўлиши, новча, келишган қоматли одам, деганидир.

«Қули кўп»лиги эса сахийлик аломатидир. Уйига меҳмон кўп келади, уларни зиёфат қилиш учун кўп ўтин ёқилади ва бинобарин, ўчоғига кўп кул тушади.

«Уйи гапхонага яқин»–биз гапхона, деб таржима қилган сўз матнда «нодий» деб келган. Нодий ҳар қабиланинг умумий мажлисхонаси бўлган. Кишилар ўша ерга тўпланиб зарур масалаларни ҳал қилганлар. Уйнинг ўша жойга яқин бўлиши, уй эгасининг фикри ўткир, обрўси зўр эканлигига ишорадир, шунинг учун гапхонадагилар зарурат юзасидан унга тез-тез мурожаат қилиб турадилар. Албатта, бундоқ сифатларга эга эрлар билан хотинлари фахрланадилар.

«Ўнинчи аёл: 

«Менинг эрим – моликдир. Молик бўлганда ҳам қандоқ моликдир. Сен айтганлардан яхши моликдир. Унинг туялари қўрада кўп туриб, яйловда оз чиқадир. Қачон уднинг овозини эшитсалар ўзларининг ҳалок бўлишига ишонч ҳосил қилурлар», деди».

Ўнинчи аёлнинг номи Кабила бинти Арқам экан. У ўз эрининг ўта бой ва сахийлиги билан фахрланмоқда. Молик–бой дегани. У эр ўз туяларини меҳмонга сўяман, деб кўпроқ қўрада ушлаб турар экан. Меҳмон келиб, уни хурсанд қилиш учун уд ила мусиқа чалиш бошланса, туялар ҳам, меҳмон келганга ўхшайди, энди бизни сўяр эканлар, деб туришар экан.

«Ўн биринчи аёл: 

«Менинг эрим – Абу Заръдир. Абу Заръ бўлганда ҳам қандоқ Абу Заръдир»

Бу аёлнинг исми Умму Заръ Отика бинти Акмийл ибн Соъада ал-Яманиядир. 

Ҳадис ушбу аёлнинг номи ила Умму Зарънинг ҳадиси номини олган. Эътибор берадиган бўлсак, ўн бир аёлнинг ичида битта Умму Заръгина эрининг кунясини айтиб, менинг эрим Абу Заръдир, демоқда. Ундан кейин унинг шаънини улуғлаш учун, «Абу Заръ бўлганда ҳам қандоқ Абу Заръ» деб қўшиб қўймоқда. 

Ўн бир аёлнинг ичида эри ҳақида энг узоқ сўз юритгани ҳам айнан шу Умму Заръдир. Келинг, унинг сўзларини яхшилаб ўрганиб чиқайлик.

«Қулоғимни тақинчоққа тўлғазди». 

Бу унга эри турли зебу зийнат, тақинчоқлар, исирға ва бошқа нарсаларни беармон олиб бериб рози қилганини билдиради. Албатта, бундоқ нарса ҳар бир аёлга жуда ҳам ёқиб тушади.

«Икки билагимни ёққа тўлғизди». 

Биз «билак» деб таржима қилган сўз матнда «азур» деб келган ва қўлнинг чиғаноқ билан елка орасидаги қисмини англатади. Демак, Умму Заръга эри Абу Заръ фаровон турмуш шароитини яратиб берган, у нозу неъматнинг ичида яшаб, ҳатто билакларини ҳам ёғ босиб, семириб кетган. Бундоқ олиймақом шароитда яшаш қайси аёлга ёқмайди, дейсиз.

«У мени улуғлади, ўзимга ўзим улуғ бўлиб кўриндим». 

Демак, Абу Заръ Умму Зарънинг қадр-қийматини юқори қўйган, натижада авваллари бу нарсага унча эътибор бермай юрадиган Умму Заръ ўзини-ўзи қадрлайдиган бўлиб қолган.

«У мени олганда аҳлим кичик жойда оз қўй сақлар эди. Бас, мени кишнаш, ўкириш, хирмон ва ғалвир аҳлидан қилди».

Демак, Умму Заръ арзимаган қўйи бор, тор ва ночор маконда яшайдиган оиланинг қизи бўлган. Абу Заръ эса, оти, туяси, экин-тикини ва дон-ду-ни жуда кўп оила аъзоси бўлган. Умму Заръ унга текканидан кейин бечораҳол оиланинг соддагина қизидан, катта ва бой-бадавлат оиланинг бекасига айланган.

«Унинг ҳузурида сўзласам, сўзим ёмон олинмайди». 

Аёл киши учун унинг сўзлаган сўзи сўз ўрнида қабул қилиниб, эътиборга олиниши катта мартабадир. Унинг ҳар гапини, шу ҳам гап бўлди-ю, сенга гапиришни ким қўйибди, каби танбеҳлар билан қарши олиш эса катта мусибатдир. Абу Заръ ҳеч қачон Умму Зарънинг гапини ерда қолдирмас экан. Бу ҳол ҳам аёл киши учун катта қувонч келтиради.

«Ухласам тонггача ухлайман». 

Яъни, тўйиб ухлайман. Уйқумни бузадиган нарса йўқ. У ишим қолди, бу ишни қилишим керак эди, деган ташвиш йўқ экан. Чунки ҳамма ишни хизматкорлар амалга оширар эканлар.

«Ичсам тўйиб ичаман». 

Иссиқ ўлкаларда чанқаш кўп бўлади. Ўшандоқ шароитда чанқоқбосди ичимликни тўйиб ичиш ҳам бахт-саодат, фаровон турмуш аломати ҳисобланади.

Хотин киши эри билан яшаганда, унинг қариндош-уруғлари билан ҳам муомалада бўлиши муқаррар. Айни ўша эрнинг қариндошлари билан бўладиган муомала ҳам аёл кишининг шахсий ҳаётига таъсир қилиши турган гап. Умму Заръ бу томондан ҳам хурсанд экан.

«Абу Зарънинг онасига келсак, Абу Зарънинг онаси қандоқ ҳам она!» 

Демак, Умму Заръ қайнонадан ҳам ёлчиган экан. Унинг қайнонаси жуда ҳам яхши аёл экан. Таърифига сўз йўқ экан.

«Унинг юк сандиғи оғирдир, уйи кенгдир». 

Абу Зарънинг онаси ҳам бой ва сахий хотин экан. Унинг бисоти кўплигидан юк сандиқлари оғир бўлиб кетган экан. Уйининг кенглиги эса, кўп меҳмон қабул қилишга ишорадир.

«Абу Зарънинг ўғлига келсак, Абу Зарънинг ўғли қандоқ ҳам ўғил!»

Бу етук инсон бўлмиш Абу Заръ фарзандларини ҳам яхши тарбия қилганидан дарак беради.

«Ётар жойи бўйра учун пўстлоқ сидириб олинган жойча».

Арабларда бўйрани дарахт танасидан сидириб олинган пўстлоқдан тўқилади. Бундан Абу Зарънинг ўғли жуда ҳам йиғинчоқ йигит экани, ўзини қўйиб юбориб, талтайиб кетган эркатой эмаслиги келиб чиқади.

«Бир улоқнинг қўли уни тўйғазади».

Бир улоқ, деб таржима қилинган лафз матнда «Жафра» деб зикр қилинган бўлиб, тўрт ойлик урғочи улоқчани англатади. Бундан эса, Абу Зарънинг ўғли ўзини таомга урмаган, нафсини жиловлаб олган йигит экани келиб чиқади.

«Абу Зарънинг қизига келсак, Абу Зарънинг қизи қандоқ қиз! Отасига итоаткор қиз. Онасига итоаткор қиз».

Абу Заръ қизини ҳам яхши тарбиялаб ўстирган экан. У қиз ота-онасини ҳурмат қиладиган, уларнинг гапидан чиқмайдиган бўлиб ўсган экан.

«Кийимини тўлдирган қиз».

Бу қиз келишган қоматли, бўлиқ, кийимлари ўзига ярашган гўзал қиз экан.

«Кундошини куйдирган қиз».

Бу қиз ўзининг хуш ахлоқи, ҳусни жамоли ва бошқа фазилатлари билан бошқа аёлларнинг ҳавасини келтириб юрадиган етук қиз экан.

«Абу Зарънинг чўрисига келсак, Абу Зарънинг чўриси қандоқ ҳам чўри!» 

Етук инсон бўлгани учун Абу Заръ ҳатто хизматкор чўриларни ҳам энг яхши ҳолда тутар экан.

«Гапимизни ҳеч таратмайди».

Абу Зарънинг чўриси одобли, итоаткор, вафодар бўлганидан оиланинг гапини ташқарига чиқармас экан. Бу хизматкорлардаги энг яхши фазилатлардандир.

«Таомимизни ҳеч бузмайди».

Хизматкор қизнинг асосий ишларидан бири таом пишириш экан. Таомни ҳеч бузмай, аъло даражада пиширадиган хизматкор нодир хизматкордир.

«Уйимизни қуш уясига ўхшатиб ҳас-чўпга тўлдирмайди». 

Яъни, тоза-покиза тутади.

«Абу Заръ сут мешлари чайқатилиб турганда ташқарига чиқди».

Бу баҳор пайтида чиққанига ишорадир. Ўшанда сут мешлари чайқатилиб, ундан ёғ олиш авжига чиққан пайт бўлади.

«У икки боласи худди икки йўлбарсча каби қўлтиғи остидаги икки анорини ўйнаб турган аёлни кўрди».

Бу васфлар ўша аёл келишган, насли пок ва тоза, кўрган одам ҳавас қиладиган, яхши бола туғадиган аёл эканлигига ишорадир.

«Мени талоқ қилиб, уни никоҳлаб олди».

У аёлдан яхши фарзандлар орттирмоқчи бўлди.

«Ундан кейин бир шарафли кишига никоҳландим».

Умму Заръ Абу Заръдан ажрашгандан кейин бир асли-насли яхши кишига эрга теккан.

«У учқур от минган, хоттий найза тутган эди».

У одам чавандоз ва баҳодир инсон экан.

Хоттий найза Баҳрайн томондаги Хот деган номга нисбат берилган бўлиб, ўша вақтнинг энг яхши найзалари ўша ерда қилинар эди. Энг яхши баҳодирларгина хоттий найза тутар эдилар.

«У менга кўп неъматларни тўкиб ташлади».

Иккинчи эр ҳам бой-бадавлат ва сахий одам экан. Умму Зарънинг маишат маъносида ҳолати аввалгидек қолди.

«У менга ҳар тур ҳайвондан жуфтлаб берди ва «Эй Умму Заръ, ўзинг егин, аҳлингга ҳам бергин!» деди».

Аёл кишига эри томонидан қариндош-уруғларига бирор нарса берилиши, ўзига бергандан ҳам яхши ёқади.

«Унинг менга берган ҳамма нарсаси Абу Зарънинг энг кичик идишича ҳам бўлмади».

Бундан Умму Заръ молу дунё, фаровон турмушнинг эмас, ҳақиқий инсоний муносабат, ҳақиқий муҳаббатнинг гадоси эканини кўрсатади. Кўз очиб кўрганига етмайди, дегани шу бўлади.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган эрларнинг ичида хотинига энг ёққани, албатта, Абу Заръ бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гаплар зикр этилганидан кейин Оиша онамизга: 

«Мен сен учун Абу Заръ Умму Заръга қандоқ бўлса шундоқ бўлдим», дедилар».

Аммо Абу Зарънинг томонидан Умму Зарънинг талоқ қилиниши маъқул иш бўлмагани учун, фақат фироқ ва жафода эмас, деб қўшиб ҳам қўйдилар. Ушбу ҳадисдан уламоларимиз кўпгина фойдалар чиқарганлар, баъзиларини эслаб ўтамиз: 

1. Шахси маълум бўлмаган аёлнинг яхши фазилатларини васф қилиш мумкинлиги.

2. Аёлига муҳаббат изҳор қилиб, унинг кўнглини кўтариб туриш яхшилиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳо-га қилганларидек.

3. Бошқа уммат вакилларининг яхши фазилатларидан ўрнак олиш жоизлиги. Агар шариатга хилоф бўлмаса.

4. Аёл киши эрининг яхшиликларига шукр қилиши лозимлиги. 

Ибн Умардан Имом Насаий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эрига ношукрлик қилган аёлга Аллоҳ назар солмайди», деганлар.

Ҳеч шубҳа йўқки, аёлларнинг ўз эрлари ҳақидаги ушбу чин кўнгилдан чиққан мулоҳазаларини диққат билан ўрганиш ҳар бир эркакка ҳам, аёлга ҳам кўпгина фойдалар келтиради.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
164. 121. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам.Албатта, Аллоҳ азза ва жалла махлуқотларни халқ қилди. Уларни яратишдан фориғ бўлганида давоми...

4053 05:00 / 07.03.2017
Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо ўша алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз давоми...

13018 05:00 / 14.02.2017
Ибн Шиҳоб Саълаба ибн Абу Молик Қаразий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.У киши улов миниб, уч авратга риоя қилганлиги билан машҳур бўлган Абдуллоҳ ибн Сувайднинг давоми...

5463 05:00 / 14.02.2017
Ушбу бобда отаонанинг фарзанд олдидаги бурчлари, уларнинг фарзандларига нисбатан маданияти ҳақида сўз юритилади. Албатта, болага меҳрмуҳаббат кўрсатиш, унга давоми...

3380 05:00 / 04.03.2017