1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Расулуллоҳнинг ҳаётларидан лавҳалар (12-қисм)

02:37 / 17.03.2017 5619 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганиш

12-қисм 

АХЛОҚ 

(Давоми) 

МАҲБУСНИНГ САДОҚАТИ

Мурдос Хорижий Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг қамоқхонасида маҳбус эди. Соқчи унга айтди:

– Мен сени қўйиб юбормоқчиман. Агар ҳар ҳафтада бир маротаба уйингга бориб келишингга рухсат берсам, қамоқхонага қайтиб келасанми?

– Ҳа, – деди у.

Шундай қилиб, ҳар ҳафта бир марта уйига бориб келар эди.

Хаворижлардан баъзилари ўлимга маҳкум бўлишди. Миршаб Ибн Зиёд билан маслаҳатлашди. Ибн Зиёд қамоқдаги хаворижларнинг ҳаммасини ўлдиришга буюрди. Бу пайтда Мурдос қамоқдан ташқарида эди. Уй аҳли:

– Жонингни эҳтиёт қил. Агар қамоқхонага борсанг, сени ўлдиришади, – деди.

– Мен Аллоҳга хиёнатчи ҳолатимда рўбарў келишни хоҳламайман! Зиёднинг ўғли золим киши, қўриқчини ўлдириб қўяди, – деб қамоқхонага қайтиб борди.

Соқчига айтди:

– Сенга бирор озор етмасин, деб қайтиб келдим. Хўжайининг бизнинг шерикларимизни нима қилишга азм қилган бўлса, мени ўша жойга олиб туш!

Шунда соқчи жавоб берди:

– Хоҳлаган жойингга кетавер! Аллоҳ сенга нажот берди!

СЕН ЎЗИНГ ОИЛАНГ БИЛАН Е!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аъробий келди ва:

– Эй Аллоҳнинг расули! Ҳалок бўлдим ва ҳалок қилдим! – деди.

– Сени нима ҳалок қилди? – сўрадилар Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Рамазонда, рўза ҳолимда аёлимга воқеъ бўлиб қолдим.

– Қул озод қил, – дедилар у зот алайҳиссалом.

– Имконим етмайди.

– Икки ой пайдар-пай рўза тут.

– У нарсага эса тоқатим етмайди.

– Олтмиш мискинга таом бер.

– Менда таом бериш учун молим йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир замбарда ўттиз соъ хурмо олиб келдилар ва:

– Мана буни садақа қил, – дедилар.

– Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг расули, бу нарсага икки Лоба (Мадинаи мунавваранинг атрофидаги тошлоқ жойлар) орасида мендан кўра муҳтожроқ киши топилмайди, – деди аъробий.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто озиқ тишларигача кўринди. Сўнг унга айтдилар:

– Сен ўзинг оиланг билан е!

ҲОТАМТОЙНИНГ ХУЛҚИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Тай қабиласининг ғазоти тамомига етди. Асирлар у зот алайҳиссалом ҳузурларига олиб келинди. Уларнинг орасидан бир аёл ўрнидан туриб сўз бошлади:

– Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)! «Хўп» десангиз, арабларга мени кулгу қилмай, ўз йўлимга жўнатиб юборсангиз. Шундай қиларсиз, деб умид қиламан. – Сўнг илтимоси қабул бўлиши учун ўз шаънини эслатиб қўйди: – Менинг отам очларни тўйдирар, мазлумларни озод қилар, муҳтожларга ёрдам берар, ҳожатмандларнинг талабини асло қайтармас эди. Мен Ҳотам Тай (Той)нинг қизиман!

– Эй қизгина! Дарҳақиқат, отангнинг ахлоқи исломий ахлоқ эди. Отанг мусулмон бўлганида эди, биз унга раҳмат сўраган бўлар эдик, – дедилар Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам. Сўнг асҳобга юзландилар: – Арқонни бўшатинглар. Қўйиб юборинглар. Унинг отаси ахлоқларнинг мукаррамини яхши кўрар эди.

ТЎҒРИСЎЗ СОВЧИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу укаларига Қурайш аёлларидан бирининг қўлини сўраб бордилар ва уларга шундай дедилар:

– Бизларни яхши танийсизлар. Қул эдик, Аллоҳ таоло бизларни озод қилди. Залолатда эдик, Аллоҳ таоло бизларни ҳидоят қилди. Камбағал эдик, Аллоҳ таоло бизларни бой қилди. Мен сизлардан қизларингизни укамга сўраб келдим. Берсаларингиз – Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин! Бермасаларингиз – Аллоҳ улуғдир!

Улар ўзаро маслаҳатлашишди. «Билолнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги аввалгилардан эканини, ҳамроҳлигини ва мақомини ҳам яхши биласизлар», деб қизларини беришга рози бўлдилар.

Улар қайтишар экан, укалари деди:

– Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидаги аввалгилардан эканлигимиз ва бирга доимий ҳамроҳлигимизни айтиб, бошқасини айтмай қўяверсангиз бўлмасмиди?

– Мен ҳақ сўзни айтдим ва сенга ҳақ никоҳни раво кўрдим! – деб жавоб бердилар Билол розияллоҳу анҳу.

ТЎҒРИ СЎЗЛИК

Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий хутбани чўзиб юборди. Шунда намозни ўз вақтида адо қилишга харис бўлган бир киши ўрнидан туриб:

– Ҳой намознинг амири! Вақт сенга қараб турмайди. Тангри узр қилмайди! – деди.

Ҳажжож уни ҳибс қилишликка буюрди. У одамнинг қавми Ҳажжожнинг олдига келишди. Уни «мажнун» дея қўйиб юборишини сўрашди.

– Ҳақиқатан ҳам мажнунлигига иқрор бўлса, қўйиб юбораман, – деди Ҳажжож.

Ундан сўрашган эди:

– Аллоҳ сақласин! Аллоҳ таоло менга бундай бало берган, деб ўйламайман. Мени мажнунликдан сақлаган, – деб жавоб берди.

Ҳажжожга шундай деб айтишган эди, ундаги тўғри сўзлик фазилати ҳурматидан уни қўйиб юборди.

АДОЛАТЛИ ҲАКАМ

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан менинг ўртамизда гап ўтиб қолди.

– Ўртамизга ким ҳакам бўлсин? Абу Убайда ибн Жарроҳга рози бўласанми? – дедилар.

– Йўқ. У кўнгли бўш одам. Сизнинг фойдангизга ҳукм қилиб қўяди, – дедим.

– Отангга рози бўласанми?

– Ҳа, – дедим.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сен айтиб бер, – дедилар.

– Ўзингиз айтинг! – дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Бу (Оиша) – шундай-шундай, – дедилар.

– Тўғри гапиринг! – дедим.

Абу Бакр қўлларини кўтариб, менга тарсаки тушириб айтдилар:

– Ҳой Умму Руммоннинг қизи! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Тўғри гапиринг!» дейсанми?! Агар у зот тўғри гапирмасалар, унда яна ким тўғри гапиради?!

Оғзимдан қон оқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртамизга тушдилар ва Абу Бакрга:

– Биз сендан буни истамаган эдик! – дедилар.

Кейин кийимимга оққан қонларни ювар эканлар:

– Қара, сени у кишидан қандай сақлаб қолдим, – деб айтдилар».

КЕЧИРИМЛИЛИК – ОЛИЙ ФАЗИЛАТ

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан ота бир укалари Муҳаммад ибн Ҳанафийя ўрталарида бир оз қўполлик содир бўлиб қолди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя акасига хат ёзди:

«Ассалому алайкум! Сизнинг отангиз ҳам, менинг отам ҳам – Али ибн Абу Толиб. Демак, бу томондан мен сиздан афзал бўла олмайман, сиз ҳам мендан афзал бўла олмайсиз. Аммо менинг онам Бани Ҳанифадан бўлган бир аёл, сизнинг онангиз эса – Фотимаи Заҳро! Жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, менинг ер юзи тўла онам бўлса ҳам, сизнинг онангизга тенг бўла олмайди. Менинг хитобим сизга етиб бориши биланоқ мени рози қилиш учун етиб келинг. Чунки сиз фазл соҳиби, бинобарин, шундай олийжанобликка лойиқ ва муносибсиз».

Имом Ҳусайн Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг хатини ўқиб, қаттиқ таъсирландилар. Унга нисбатан бўлган фикрлари яхшиликка ўзгарди. Бориб укаларини рози қилдилар. Ўзларига муносиб бўлган олийжанобликни адо этдилар.

ЎЗИНГГА РАВО КЎРМАГАННИ 

БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРМА

Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Ёш йигит келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

– Эй Аллоҳнинг расули! Менга зино қилишликка рухсат беринг, – деди. Одамлар ҳайқириб юборишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса:

– Уни яқинроққа келтиринглар, – дедилар. Йигит яқин келиб, рўпарага ўтирди. – Ўша нарсани онангга раво кўрасанми?

– Йўқ! Аллоҳ мени сизга фидо қилсин! – жавоб берди у.

– (Бошқалар ҳам) оналарига ўша ишни раво кўрмаслар. У ишни қизингга раво кўрасанми? – сўрадилар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Йўқ! Аллоҳ мени сизга фидо қилсин! – жавоб берди яна йигит.

– Шундай. Одамлар ҳам у ишни қизларига раво кўрмаслар. Синглингга шу ишни раво кўрасанми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аммаси, холасини сўрадилар. Йигит ҳар сафар «Йўқ! Аллоҳ мени сизга фидо қилсин!» дер эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Шундай. Одамлар ҳам уни раво кўрмаслар», дер эдилар.

Сўнг муборак қўлларини унинг кўкрагига қўйиб: «Эй Аллоҳ! Унинг қалбини поклагин, гуноҳини кечиргин, фаржини асрагин!» деб дуо қилдилар. Шундан сўнг йигитнинг энг ёмон кўргани зино бўлиб қолди.

УМАР ИБН АБДУЛАЗИЗНИНГ ОДОБИ

Халифа Умар ибн Абдулазиз одатига кўра раъиятнинг ҳолини билиш учун ёнида миршаб билан айланиб чиқди. Масжидга кирди. Қоронғуда ухлаб ётган одамнинг олдидан ўтаётиб, унга қоқилиб кетди. Киши бошини кўтариб:

– Нима, жиннимисан?! – деди.

– Йўқ, – дея жавоб берди халифа.

Миршаб уни калтакламоқчи бўлиб ҳаракат қила бошлаган эди, халифа уни тўхтатди:

– Ундай қилма. У бор-йўғи мендан «Жиннимисан?» деб сўради, мен «Йўқ!» деб жавоб бердим, холос.

МЎМИН БИР КОВАКДАН ИККИ МАРТА ЎЗИНИ ЧАЁНГА ЧАҚТИРМАГАЙ!

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўкди ва ҳажв қилди. У зот алайҳиссалом уни ўлдиришни буюрдилар. У йиғлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлворди. Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам уни авф қилдилар.

Лекин бу одам яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўкиш ва ҳажв қилишда давом этди. У зот алайҳиссалом уни ўлдиришни буюрдилар. У яна йиғлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан авф қилишларини сўраб ёлворди. Аммо бу сафар Набий алайҳиссалом шундай дедилар:

– Аллоҳга қасамки, Макканинг кўчаларида «Мен Муҳаммаднинг устидан икки марта кулдим!» деб юришингга йўл қўймайман! Ўлдиринглар уни! Мўмин бир ковакдан икки марта чаёнга чақтирмагай!

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг 

«Қабасотун мин ҳаётир Расул» 

китобидан Асака туман бош имом-хатиби 

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони каримда фиръавндан ташқари унинг яқин хизматкорларидан бири ndash Ҳомоннинг исми ҳам тилга олинади. Аммо қизиғи шундаки, Тавротда, Мусо алайҳиссалом ва у давоми...

6676 17:00 / 30.12.2018
Иккинчи бобАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ таоло .Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен давоми...

2913 21:00 / 05.05.2019
Савол Болалигимизда катталар бизларни .Бемаҳалда ёлғиз юрма, жин чалиб кетади, деб қўрқитишарди. Улғайгач, одамларнинг .Фалончига жин кириб олибди, ҳеч қандай давоми...

4953 18:30 / 08.07.2020
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иситма ва барча оғриқлар учун, .Бисмиллаҳил кабири, аъузу биллаҳил азийми, мин шарри кулли ирқин наъарин ва мин шарри ҳаррин давоми...

19449 18:05 / 10.11.2019