1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Куёвнинг келин ҳузурига дастлабки кириши

05:00 / 15.02.2017 6232 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўй тугаб, меҳмонлар тарқалиб кетганда сўнг одатда куёвнинг ўзлари учун тайёрланган хоналарида кутиб ўтирган келин ҳузурига дастлаб киришига алоҳида эътибор берилиши турган гап. Албатта, бир умрлик савдо бўлмиш никоҳли ҳаётни амалий бошлаш ҳодисаси алоҳида ҳис-ҳаяжон, орзу-истаклар билан тўлиб-тошган бўлиши бор. Бундай пайтда қилинадиган ҳар бир иш, босиладиган ҳар бир қадам ва айтиладиган ҳар бир сўз умр бўйи эсда қоладиган бўлиши ҳам табиий.


Шунинг учун бўлса керак, одамларда бу ҳодисага алоҳида аҳамият бериш одати бор. Ушбу муносабат ила келажак ҳаётнинг бахтли бўлишига оид, деб ўйланган ирим-сиримлар ҳам кўпайган. Айниқса аёллар ичидаги гап-сўзлар, келин-куёвга бериладиган маслаҳатлар ҳам кўпайиб кетган. 

Баъзи жойларда авваллари келиннинг ризқи ўзи билан кирсин, деб, янги уйга кириб келаётган келиннинг бошига нон боғлаб қўйишар, келин билан куёв ўз хоналарида дастлаб кўришганда ким иккинчисининг оёғини олдин босиб олса, оилада ўшанинг гапи ўтадиган бўлади, дейишарди. Яна келин-куёвга ойнани кўрсатиб, қандайдир саволлар беришар ва ўша саволларга мос жавоб беришни талаб ҳам қилишар эди. Ҳатто баъзи китобларда куёв уйнинг бурчагида оёғини ювиши ва яна нималардир қилиши кераклиги ҳақида ёзилган ҳам экан. Одамлар ўша ёзилган нарсаларга амал қилиш ёки қилмаслик борасида саволлар ҳам беришганди.

Эҳтимол, бундан бошқа гап-сўзлар, бидъат- хурофотлар ҳам бордир. Эҳтимол, кўплари йўқолиб ҳам кетгандир. Лекин шаръий тушунчаларда бу ҳақда қандай кўрсатмалар борлиги билан ҳар бир мусулмон шахс қизиқиши турган гап. Уламолар куёв келиннинг олдига биринчи бор кирганида нималар қилиши кераклиги ҳақида унча кўп гапларни айтмаганлар ва ривоятларни келтирмаганлар. Бу тўғрисида ушбу сатрларни ёзишдан олдин ҳозирги воситалар орқали ҳам қидириб кўриб, жуда кўп нарса йўқлигига ишонч ҳосил бўлди. Яъни маълумот кўплигидан қай бирини олиш қийинлашадиган даражада эмаслиги аён бўлди. Ўзимиз аввал ёзган баъзи нарсаларга кейин топган маълумотларни қўшиб, тақдим этишга ижозат бергайсиз.

Дастлабки маълумот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳанинг олдиларига тўйдан кейин биринчи киришларидан олдин қилган ишлари ва дуолари ҳақидадир.

«Тўй кечаси бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Али ибн Абу Толибга:

«Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилмоқ керак», дедилар.

Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу:

«Менда бир қўчқор бор!» деди.

Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келишди. Ана ўша нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди. Зиёфатдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толибга:

«Менга учрамагунча бир нарса қилмай тур», дедилар. 

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳа турган жойга бордилар-да, у кишига:

«Менга сув келтир», дедилар.

Келинликка тайёрланиб олган Фотима розияллоҳу анҳа бир идишда сув келтирдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у сувдан Фотима розияллоҳу анҳанинг кўксиларига ва бошларига сепдилар-да:

«Аллоҳим, мен Сендан бунга ва бунинг зурриётларига шайтони рожиймнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман», дедилар.

Сўнгра У зот яна сув келтиришни талаб қилдилар. Бу сафар Али ибн Абу Толиб бориб, ҳалиги идишда сув келтирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ҳам худди Фотима розияллоҳу анҳага қилган ишларни ва дуоларни қилдилар ва:

«Аллоҳим, икковларига барака бергин, икковларининг устиларидан барака нозил қилгин ва икковларининг зурриётларини баракали қилгин», дедилар.

Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки муаввизатайнни тиловат қилдилар ва:

«Ўз аҳлинг олдига Аллоҳнинг исми ва баракаси ила киравер», дедилар».

Ушбу иқтибосдан куёвнинг келин олдига биринчи бор киришидан олдин қавмнинг катталари қиладиган ишлар ва дуолар ҳақида маълумот олишимиз мумкин.

– Куёв келиннинг олдига биринчи бор киришида хурсандлик, очиқ чеҳра ва мулойимлик билан кириши кераклиги китоб¬ларимизда тавсия қилинган. Чунки келин ҳис-ҳаяжонда, хавфда, хижолат ва ўзгача ҳолатда туради. Куёв бисмиллаҳни айтиб, ўнг оёқ билан салом бериб киради. Сўнгра келиннинг пешонасига қўлини қўйиб туриб, қуйидаги ривоятда келган дуони ўқийди.


Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилишади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қачон бирингиз бирор аёлга уйланса ёки ходим сотиб олса, «Аллоҳумма! Иннии асъалука хойраҳаа ва хойра маа жабалтаҳаа ъалайҳи. Ва аъузу бика мин шарроҳаа ва мин шарро маа жабалтаҳаа ъалайҳи», десин
». 

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Сендан унинг яхшилигини ва Сен унга берган жибиллият – ахлоқнинг яхшисини сўрайман. Ҳамда сендан унинг шарридан ва Сен унга берган жибиллият – ахлоқнинг ёмонидан паноҳ сўрайман».

Келин-куёвга бошқалар дуо қилишлари билан бирга, уларнинг ўзлари ўзларига ва бир-бирларига дуо қилишлари ҳам жуда яхшидир. Албатта, ўшандай бахтли соатларда Аллоҳ таолодан ўзига ва умр йўлдошига бахт-саодат тилаб, дуо қилмоқ муҳимдир.

Сўнгра икковлари биргаликда, куёв имом бўлиб, келин орқада иқтидо қилиб, икки ракъат намоз ўқисалар, жуда ҳам яхши бўлади. Ҳар ким ўзи ўқиса ҳам бўлаверади.


Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қачон бирингиз бирор аёлга уйланса, қўшилиш кечасида икки ракъат намоз ўқисин, у(келин)га ҳам ортида икки ракъат намоз ўқишини айтсин. Албатта, Аллоҳ уйда яхшиликни (пайдо) қилувчидир
».

Баззор ривоят қилган.

Албатта, бу каби намозлар хайрга, баракага, яхшиликка сабаб бўлиши турган гап. Мусулмон инсон учун намоз унинг ҳаётидаги энг азиз нарсадир. 

Юқорида келтирилган нарсалар куёв ва келинлар учун уларнинг биринчи кечаларида истаса, қиладиган ишлар ва дуолардан иборатдир. Яхши умид ила қилса, гўзал иш бўлади. Аммо қилмаса, шаръий жиҳатдан ҳечқиси йўқ. Буларни қилмаганлар, бу ишларни қилмаган эдик, энди нима бўлади, каби хаёлларга бормасликлари лозим.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2012 йил юртимизда Мустаҳкам оила йилиrdquo, деб эълон қилинди. Оиланинг мустаҳкамлиги жамиятни кучли ва мустаҳкам бўлишига энг асосий сабабдир. Чунки катта жамият давоми...

9160 05:00 / 15.02.2017
Аллоҳ таоло .Агар роса ҳаракат қилсангиз ҳам хотинлар ўртасида адолатли бўла олмайсизлар. Бир йўла мойил бўлиб кетиб, баъзисини муаллақага ўхшатиб қўйманг. Агар давоми...

5344 05:00 / 14.02.2017
Аллоҳ таоло .Ва уаёлларнинг ҳудди зиммаларидаги бурчларига ўхшаш ҳақлари маъруф ила бор. Эркаклар улардан даражалидирлар,, деган Бақара, 228.Шарҳ Ушбу ояти давоми...

14577 05:00 / 14.02.2017
Азалдан жамият ва турли диний таълимотларда оила муқаддас саналиб, уларда оилавий муносабатларга алоҳида эътибор қаратилган.Оила жамиятнинг асосидир. Оилалар давоми...

3989 05:00 / 15.02.2017