1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Тил офатлари

17:53 / 15.03.2017 10853 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тилдан келадиган офатлар кўп ва турли-туман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Одам табиатида ҳам уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим туриш орқали бўлади. Бу жуда катта фазилатдир. Жим туриш ҳимматни жамлайди ва фикрни софлайди.

Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», дедилар». 

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Бир куни юриб бораётганимизда у зотга яқинлашиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», дедим.

«Батаҳқиқ, буюк нарсани сўрадинг. Зотан, у Аллоҳ муяссар қилган кимса учун жуда ҳам осондир. Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Ҳамда намозни қоим қиласан. Закотни адо қиласан, Рамазон(рўзаси)ни тутасан, Байтни ҳаж қиласан, – дедилар. Сўнгра: – Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми: рўза сақловчидир. Садақа худди сув оловни ўчиргандек хатоларни ўчиради. Кишининг тун ичида ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир», деб «Ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур», оятини тиловат қилдилар. 

Сўнгра эса: «Сенга ишнинг боши, умуртқа поғонаси ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар берайми?» дедилар.

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дедим.

«Ишнинг боши Исломдир. Унинг умуртқа поғонаси намоздир. Унинг ўркачининг чўққиси эса жиҳоддир, – дедилар. Сўнгра дедилар: – Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарсанинг хабарини берайми?» 

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Набийси», дедим. Бас, у зот тилларини ушлаб:

«Мана буни тийгин!» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Набийси, биз гапирган нарсамиз учун албатта (иқобга) олинамизми?» дедим мен.

«Онанг азангни тутсин, эй Муъоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юзтубан (ёки тумшуқлари ила) туширмаса, нима туширар эди!» дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Тилдан кўра қамоқда туришга ҳожатлироқ нарса йўқ», деган.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Икки қулоғингни оғзингдан сақла. Оз гапириб, кўп эшитишинг учун сенга битта оғиз, иккита қулоқ берилган».

Мухаллад ибн Ҳусайн: «Эллик йилдан бери узр айтишга сабаб бўладиган бирор оғиз сўз айтмадим», деган экан.

Каломнинг офатлари

Биринчи офат – кераксиз сўз.

Вақтнинг қадрига етган одам уни фойдасиз нарсага сарфламайди. Чунки Аллоҳ таолонинг зикрини қўйиб, кераксиз гап-сўзлар билан машғул бўлган одам гавҳарни қўйиб, тезакни олган билан баробардир. Бу эса умрни бекор ўтказишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», дедилар». 

Тўртовлари ривоят қилишган.

Ибн Амрдан ривоят қилинади: 

«Ким сукут сақласа, нажот топади».

Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Саъийддан ривоят қилинади:

«Одам боласи тонг оттирса, унинг аъзоларининг барчаси тилга: «Бизнинг ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқ! Биз сенга боғлиқмиз. Тўғри бўлсанг, тўғримиз. Эгри бўлсанг, эгримиз», дейдилар».

Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра айтади: «Гапнинг ортиқчасида яхшилик йўқ». 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади:

Ҳакимлардан биридан: «Сени бунчалик ҳикматга нима етказди?» деб сўралганда, «Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман», деб жавоб берган экан.

Иккинчи офат – ботил сўзга киришиш.

Ботил сўз ичкиликбозлик мажлислари, фосиқларнинг қилмишлари каби нарсалар ҳақидаги гаплардир. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда билиб-билмай бир сўзни айтади ва шу туфайли дўзахнинг мағриб билан машриқ орасидан ҳам чуқур жойига тушади», дедилар».

Аҳмад, Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Жанжал ва тортишувлар ҳам ботил гапга яқин нарсалардир. Уларда бировнинг хатосини исбот қилиш учун низолашилади. Бунга бировдан устун келиш истаги сабаб бўлади.

Агар масала динга тегишли бўлса, мункар нарсани инкор қилиш ва тўғрисини баён қилиб бериш зарур. Аммо гап дунё тўғрисида бўлса, талашиб-тортишиб ўтиришнинг кераги йўқ. Бу офатнинг давоси ўз фазлини изҳор қилишга сабаб бўлган кибрни синдиришдан иборат.

Жанжал ва тортишувлардан каттароқ офат хусумат қилишдир. Айниқса ботил йўл билан ва илмсиз равишда хусумат қилиш жуда ҳам ёмон иш. Чунки у қалбларни ҳасадга тўлдиради, ғазабни қўзитади ва бировларнинг обрўсига тил теккизишгача олиб боради. Шунинг учун ҳақ эгаси ҳам хусуматлашишдан иложи борича ўзини олиб қочгани афзал. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сенинг хусуматчи бўлиб туришинг гуноҳкорлик учун етарлидир», дедилар».

Термизий ривоят қилган. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ учун одамларнинг энг ёмон кўрилгани ашаддий хусуматчидир», дедилар».

Икки шайх ва Насоий ривоят қилишган.

«Ашаддий хусуматчи» сулҳни қабул қилмайдиган, жанжални пулга сотиб оладиган шахсдир.

Учинчи офат – гапда чуқур кетиш.

Бу нарса оғизни тўлдириб, қофиясини келтирган ҳолда гапириш ила бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, менга энг ёмон кўринадиганингиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ бўладиганингиз кўп гапирадиганингиз, оғзини тўлдириб гапирадиганингиз ва мутакаббирлик учун гапирадиганингиз», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Албатта, маърузачиларнинг қофиясини келиштириб, гўзал гапиришлари бу жумлага кирмайди. Чунки улар диний таълимотларни кишиларга етказиши учун одамларга таъсир қиладиган чораларни кўришлари зарур.

Тўртинчи офат – фаҳш, сўкиш ва ачитиб гапириш.

«Фаҳш» сўзи қабиҳ, уят, шармсизлик маъноларини англатади.

Уламолар фаҳшни қуйидагича таърифлайдилар:

Журжоний: «Фаҳш соғлом табиат нафрат қиладиган ва мустақийм ақл нуқсон санайдиган нарсадир», деган.

Роғиб: «Фаҳш – қабиҳлиги катта бўлган гаплар ва ишлардир», деган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида:

«Сен: «Роббим фақатгина ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳга Ўзи ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан ўзингиз билмайдиган нарсани гапиришингизни ҳаром қилган, холос», деб айт», деган (33-оят). 

Аввал айтилганидек, фаҳш иш улкан қабиҳликдир. Бундай ишлар хоҳ ошкора, хоҳ яширин бўлсин, барча-барчасини Аллоҳ ҳаром қилган.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларни васф қилганида уларнинг фаҳшдан четда бўлишларини таъкидлаган:

Аллоҳ таоло Шуро сурасида: 

«Катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир»деган (37-оят). 

Уламоларимиз: «Фаҳш ишлар, деганда шаҳватга тааллуқли гуноҳлар кўзда тутилади», дейдилар. Фаҳш ишлар ичида катта гуноҳлар қаторига кирадиган зинокорлик ва баччабозлик кабилари ҳам бор, катта гуноҳлар сирасига кирмайдиганлари ҳам бор. 

Инсон икки дунёда ҳам олий мақомга эришмоқчи бўлса, улкан гуноҳлар, фаҳш иш ва сўзлардан четда бўлмоғи лозим. Бунга эса фақат иймон билан эришилади. Қалби соф иймонга тўла кишигина катта гуноҳларни ва бузуқ ишларни қилмайди. Улардан четда бўлган соф иймонли бандаларгина Аллоҳ таоло ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларга соҳиб бўладилар.

Бу қабилдаги гапларни гапиришни шариат ман қилган. Улар чиркинликлар манбаси ва ёмонликлар уясидир.

«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ уятсизликни ва уятсиз гаплар гапирилишини хуш кўрмайди», дедилар».

Абу Довуд яхши иснод ила ривоят қилган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мўмин киши таъначи, лаънатчи, фоҳиша ва базий (сўконғич, аччиқ сўзли) бўлмайди», дедилар».

Фаҳш ва уятсизлик кўп ҳолларда уят гапларни очиқ-ойдин айтиш билан бўлади. Одатда бу нарсалар жинсий алоқага оид гапларни бешармлик ила гапириш орқали юзага чиқади. Аҳли солиҳлар ундай ибораларни ишлатмайдилар.

Сўкиш ва ачитиб гапиришни араб тилида «базоъа» дейилади. Бу сўз луғатда тилда мавжуд бўлган, рост бўлса ҳам, аччиқ ва уятсиз гапни англатади.

Уламолар уни қуйидагича таърифлайдилар:

Ғаззолий: «У қабиҳ саналган нарсани очиқ-ойдин сўзлар билан ифодалашдир», деган.

Муновий: «У калом рост бўлса ҳам, нутқдаги фаҳш ва қабиҳликдир», деган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, у билан урушиш куфрдир», дедилар».

Маълумки, фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилмоқда. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради.

Одатда одамлар сўкишга унчалик эътибор бермайдилар. «Сўкса сўкилиб қолармиди», деб кетаверадилар. «Фалончи бўлганидан кейин сўкади-да», деган ноўрин мулоҳазаларни ҳам айтадилар. Аслида эса сўкиш гуноҳ ва қабиҳ иш бўлиши билан бирга, ўзидан кўра каттароқ гуноҳ ва ҳалокатларга элтувчи йўл ҳам ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш ҳалокат жари ёқасига келиб қолишдекдир», дедилар».

Баззор ривоят қилган.

Жарнинг ёқасига келгандан сўнг унга тушиб кетиш ҳеч нарса бўлмай қолади. Демак, сўкишга эътибор бермай, «Сўкса нима бўпти», дейиш мутлақо нотўғри ишдир.

Хусусан, сўкишни кўп ишлатадиган одамлар катта гуноҳларга сабаб бўладилар. Улар олий илм даргоҳларини битирган, катта мансабларни эгаллаган, яхши кийиниб, яхши яшаётган бўлишлари ҳам мумкин. 

Модомики, ичларида яхшиликка амал қилдирувчи куч йўқ экан, ўзларининг сўзларини тузатолмас эканлар, ким бўлишларидан қатъи назар, фосиқ бўладилар, маданиятсиз, тубан инсон ҳисобланадилар. 

Ўзаро муомалада биринчи бўлиб сўккан одам катта маънавий жиноят қилган бўлади. Орадаги ҳурмат ва иззат, ўзаро тушуниш пардасини йиртган, ёмонликка йўл очган бўлади.

Бешинчи офат – мазаҳ.

«Мазаҳ» арабча сўз бўлиб, аслида ҳазил-мутойибани англатади. Бинобарин, ҳазил-мутойиба учун рост гапларни гапириб, озроқ мазаҳ қилиш жоиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳақ гаплардан четламаган ҳолларида ҳазил қилар эдилар. Ул зотнинг бир кишига: «Эй икки қулоқли», бошқа бировга: «Сени туянинг боласига миндирамиз», деганлари ривоят қилинган. 

Қари кампирга: «Кампирлар жаннатга кирмайдилар», деганлар ва сўнгра Воқиъа сурасидаги «Албатта, Биз у(ҳур)ларни дафъатан, махсус яратдик. Бас, уларни бокиралар қилиб қўдик», оятларини ўқиганлар. 

Бошқа бир кампирга: «Кўзида оқи бор эрингми?» деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазил-мутойибаларида уч нарса мужассам бўлган:

1. Ҳақ бўлган.

2. Аёллар, болалар ва заиф кишилар билан бўлган.

3. Нодир (камдан-кам) бўлган.

Бу ҳолатлар доимий равишда ҳазил қилиб юришга далил эмас. Нодир нарсанинг ҳукми доимий нарсанинг ҳукмига ўхшамайди. Мисол учун, бир одам ҳабашларнинг ўйинини кечаю кундуз томоша қилиб, бунга «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларни томоша қилганлар», деб ҳужжат келтириши нотўғри бўлади.

Ҳазил-мутойибада ҳаддан ошиш ва бардавом бўлиш ман қилинган. Чунки бу иш одамнинг виқорига футур етказади. Турли гина ва кўнгил қолиши ҳолатларини келтириб чиқаради.

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ғазотларига чиқдилар. Ул зотнинг саҳобаларидан бирлари бир кишининг ўқдонини олиб, ҳазил учун беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топмасдан, хавфга тушди. Ундан кула бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб:

«Нимага куляпсизлар?» дедилар.

«Йўқ. Аллоҳга қасам. Фақат Фалончининг ўқдонини ҳазиллашиб беркитиб қўйган эдик, у қўрқиб кетди», дейишди.

«Мусулмонга мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас», дедилар».

Умар ибн Абдулазиз: «Мазаҳдан сақланинг. У кек пайдо қилувчи аҳмоқликдир», деган.

Ҳакимлардан бири шундай дейди: «Мазаҳ сўкиш-у, аммо эгаси кулдиради, холос».

Иброҳим Нахаъий: «Мазаҳ тентаклик ва кибрдир», деган.

«Мунсурул ҳикам»да: «Мазаҳ худди олов ўтинни егандек, ҳайбатни ейди», дейилган. 

Ҳакимлардан баъзиси: «Кимнинг мазаҳи кўпайса, ҳайбати йўқолади», деган.

Олтинчи офат – масхара ва истеҳзо.

«Масхара» сўзи луғатда «бировни ҳақир – паст санаш» ва «хор билиш» маъноларини англатади.

Уламолар масхарани қуйидагича таърифлайдилар:

Муновий: «Масхара маънавий жиҳатдан ақлни паст санаш ва ҳиссий жиҳатдан ишни хор санашдир», деган.

Ибн Камол: «Масхара – масхара қилинганнинг наздида арзийдиган, масхара қилувчининг наздида эса арзимайдиган нарсадир», деган.

Масхара қилиш –хорлаш йўли ила бировни кулгига олиш, пастга уриш, кўпчилик орасида айбини ошкор қилишдир. Гоҳида гап ва амалга тақлид қилиш билан, имо-ишора ёки лақаб қўйиш билан ҳам масхара бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида:

«Батаҳқиқ, сендан олдинги расуллар ҳам истеҳзо қилинганлар. Бас, уларни масхара қилганларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олди», деган (41-оят).

Пайғамбарларни истеҳзо қилган кофирларга азоб тушди. Улар бу дунёнинг ўзидаёқ азобга дучор бўлдилар. Сени масхара қилаётганлар ҳам, вақт ғаниматлигида эсларини йиғиб, тавба қилмасалар, аввал бу дунёда, кейин у дунёда азобга учрайдилар. Чунки уларни Аллоҳ таолонинг азобидан сақлайдиган ҳеч бир куч йўқ.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида:

«Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиганларни Аллоҳ масхара қиладир ва уларга аламли азоб бўладир», деган (79-оят).

Қуръони Каримда мўмин-мусулмонлар бировни масхара ва истеҳзо қилишдан қайтарилган.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасинлар), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир»деган (11-оят).

Албатта, ўзгаларни масхара қилиш ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади. 

Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради.

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Одамларни масхара қилувчиларнинг бири учун жаннатдан бир эшик очилади. Бас, унга: «Бу ёққа кел», дейилади. У ғам-ғуссаси ила келганида эшик ёпилади. Бу ҳол улардан бирига жаннатдан эшик очилиб, «Бу ёққа кел», дейилганда, ноумидликдан келмайдиган бўлгунича давом этади», дедилар».

Байҳақий ривоят қилган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Дин насиҳатдир китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суратда дунёнинг энг кучли футбол жамоаларидан бирида тўп сурувчи, замонамизнинг машҳур футболчиларидан бири бўлган Садио Мане. Жамоаси Лига кубогини қўлга давоми...

3992 11:30 / 05.08.2022
Америкалик бева аёл ҳолати аъло даражада бўлган мерседес автомашинасини бир долларга сотиши ҳақида эълон берди. Кўпчилик буни ҳазил деб ўйлаб, ушбу эълонга давоми...

5156 17:00 / 09.08.2022
Биз .мулойимлик, деб таржима қилган сўз арабчалар .рифқ, деб айтилади ва қўполликнинг зиддини англатади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл давоми...

4190 05:00 / 03.03.2017
Саломлашиш деганда кишиларнинг учрашган чоғда биринчи бирshyбирларига тилак маъносида сўз айтишлари тушунилади. Саломлашиш ҳамма миллатларда қадимдан мавжуд. давоми...

3979 05:00 / 04.03.2017
Аудиолар

135087 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55364 14:35 / 11.08.2021