1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди...

12:32 / 15.03.2017 5627 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади». Муслим ва Ибн Можа ривоят қилишган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадиси шарифда инсонларнинг қадр-қиммати Аллоҳ томонидан қандай ўлчаниши ҳақида гап кетмокда. Аллоҳ таолонинг раҳмат назарига муяссар бўлиш учун нималарга эътибор бериш керагу ва аксинча, нималарга эътибор беришнинг кераги йўқлиги кўрсатилмоқда.

Қадимдан турли жамиятларда инсон қадри турли нарсаларга боғлиқ бўлиб келган. Ҳар бир жамият ўз мафкурасидан, дунёқарашидан, инсон зотига муносабатидан келиб чиқиб, уни турлича тақдирлаган.

Қайсидир бир жамиятда кучли инсон энг яхши ва энг қадрли ҳисобланган. Бошқа бир жамиятда эса ҳукмдор, амалдор инсон қадр топган.

Ҳиндларда олий диний табақадан туғилганлар, яҳудийларда яҳудий бўлиб туғилганлар энг яхши одам ҳисобланган. Қолганларга уларнинг малайлари деб қаралган.

Худосизлар жамиятида эса иймонсиз бўлса-да, давлатга кўп фойда келтирган одам қадрланган ва ҳоказо.

Шу билан бирга, инсон қадрининг одамлар ўйлаб чиқарган ўлчовлари ичида турли тузум ва фикрларни умумлаштириб турувчи нарсалар ҳам бўлган. Кишининг сурати ва мол-мулки ана шу жумлага киради. Ҳар бир инсонда аслида чиройли сурат ва мол-дунёга иштиёқ бўлади. Исломий тарбия эса ўша иштиёқни меъёрга солиб, тўғри йўлга йўллаб туради. Исломий тарбия бўлмаган жойда бу иштиёқ меъёрдан чиқади, мафкурага айланиб, одамлар уларнинг ташқи суратлари, қўлларидаги мол-мулкларига қараб қадрланадиган бўлиб қолади.

Ислом инсон қадрини бундай адолатсиз шаклда ўлчашга қадимда ҳам қарши эди, ҳозир ҳам қарши. Ислом назарида ҳусну жамол ва мол-дунё ҳаётнинг моҳияти эмас, балки ҳаётнинг бир василаси, холос.

Исломда инсоннинг қадр-қиммати қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Ислом назарида қалби пок, иймонли инсон дунёдаги барча гўзал суратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг солиҳ амали дунёдаги барча молу дунёдан устундир.

Аллоҳ таоло инсонни ташқи суратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди.

Аллоҳ таоло инсонни молу дунёсига қараб эмас, солиҳ амалига қараб такдирлайди.

Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина, инсонлар ўзларининг ҳақиқий қадрларини топадилар. Ана шунда ҳар бир инсон иложи борича қалбини поклашга, солиҳ амал қилишга интиладиган бўлади. Турли ўткинчи ҳою ҳаваслар, молу дунёга ҳирс кўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли қора танли қул Билол Ҳабаший инсон зоти мушарраф бўлмаган шарафга, яъни Каъбаи Муаззама устига чиқиб, илоҳий мадҳия - азон айтишга эришди.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Мадинада қул қилиб сотилган Салмон Форсий розияллоҳу анҳу охирги замон Пайғамбарининг яқин маслаҳатчисига, аҳли байтига айланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақларида: «Салмон биздан - аҳли Байтдан-дир», деб марҳамат қилдилар.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли аввалда қул қилинган Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Ислом жамиятидаги энг ҳурматли шахслардан бири бўлдилар.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Рум империясига қарши урушаётган мусулмонлар ўзларининг музокарадаги вакиллари сифатида асли қора қул бўлган Ато розияллоҳу анҳуни танладилар. У кишини кўрган румликларнинг бошлиқлари у кишининг хунуклиги ва зан-илигига ишора қилиб: «Биз бу одамни кўриб, қўрқиб кетяпмиз, бошқа тузукроқ вакилингиз йўқми?» дейишди.

Шунда мусулмонлар: «Ичимизда энг тузук ва яхшимиз шу. Агар буни кўриб қўрқаётган бўлсангиз, ишингиз тамом бўлибди. Чунки бизнинг орамизда бунга ўхшаганлар жуда кўп», дейишди.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли мусулмон стами Имом Бухорийни ўзининг ҳадисдаги амири деб, у кишининг китобларини Қуръони Каримдан кейинги энг саҳиҳ китоб деб эълон қилди ва ҳозиргача эъзозлаб келмоқда.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Замахшарий, Имом Абу Мансур Мотуридий ва бошқа юзлаб имомларимиз араб бўлмасалар-да, қалблари иймонли, ўзлари солиҳ амалли бўлганлари учун вафотларидан минг йилдан кўп вақт ўтгандан кейин ҳам Ислом уммати томонидан номлари эъзозлаб келинмоқца.

Худди шундай гапларни Ибн Сино, Фаробий, Беруний, Хоразмий, Улуғбек каби кўплаб алломаларимиз ҳақида ҳам айтишимиз мумкин.

Инсоният ҳалокатдан қутулиши учун, мусулмонлар мусибатдан чиқишлари учун юқоридаги ҳадисга қатъий амал қилишлари керак. Инсоннинг қадрини ўлчаш учун инсон ўзи тайёрлаган бузуқ тарозини эмас, Холиқи тайёрлаган одил тарозини ишлатиши лозим. Ана шундагина у ўз қалбини поклашга, солиҳ амаллар қилишга ўтади.

Шу мақомда яна билиб қўйиш лозимки, Ислом инсон қадрини унинг қалбига ва солиҳ амалига қараб ўлчар экан, ташқи гўзаллик ва молу дунёни ҳам инкор қилмайди. Чунки булар ҳам инсон учун зарур ва яхши нарса, аммо иймон ва солиҳ амал ўрнига ўта олмайдиган, кейинги ўриндаги нарсалардир. Улар инсон қадрини ўлчаш учун меъёр қи-либ олинадиган эмас, балки иймон ва солиҳ амаллар йўлида хизмат қилиши лозим бўлган нарсалардир.

Ҳақиқий мўмин-мусулмон киши қалби иймон билан гўзал бўлган ҳолда, Аллоҳ берган моддий имкониятларни Аллоҳ кўрсатгандек ҳалол-пок йўлга сарфлаб, амали солиҳ ишлар қилиб яшайди. Молу дунёга чин дилдан муҳаббат қўйиб, ҳою ҳавасга берилиш мўмин-мусулмон учун ётдир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Бугунги кунимизда мусулмонларнинг тушкун ҳолини кўриб, ҳафсаласи пир бўлаётганлар кўп. Лекин, ушбу ҳадис бошқа оят ва ҳадислар билан бир қаторда келажакИслом ва давоми...

6430 05:00 / 13.03.2017
Маълумки, салла ислом динининг шиорларидан ҳисобланади. quotСаҳиҳи Бухорийquotнинг Бадриддин Айний шарҳида асарнинг 10жузида салла ҳақида ворид бўлган ҳадислар давоми...

5611 05:00 / 14.03.2017
Ушбу оятни илк бор ўқиган одам ғариб маъно чиқариб, шундай ўйга бориши мумкин .Аллоҳга ишониб, унинг ягоналигини эътироф этганим иймон келтирганим эмасми Такроран давоми...

3636 12:15 / 15.03.2017
АШУРО КУНИНИНГ ТАРИХИ Ашуро куни ҳар йилда бир марта келадиган улуғ кундир. Бу кунни улуғлашнинг ўзига хос сабаблари бор. Бу кунда катта ҳодисалар бўлган. Бу кун давоми...

7526 12:33 / 15.03.2017