1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Ажабланган кишининг «субҳаналлоҳ» дейиши

05:00 / 13.03.2017 3176 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим:
«Бир чўпон қўрадаги қўйларини боқиб юрганида бирдан бўри ҳужум қилиб, битта қўйни олиб қочди. Шунда чўпон бўрининг орқасидан қувди. Қочиб бораётган бўри орқасига бурилиб:
«Йиртқичлардан бошқа ҳеч ким қолмайдиган кунда бунинг мендан бошқа чўпони бўладими?» деди».
Одамлар:
«Субҳаналлоҳ!» дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен бунга иймон келтираман. Абу Бакр ҳам, Умар ҳам» дедилар
».

Шарҳ: Бир кун келадики, ҳеч ким мол-мулкига қарамай қўяди. Қўйим бор эди, деб қарашга тоқати ҳам, имкони ҳам қолмайди. Қўрадаги чорвалар эгасиз қолади. Ана ўша кун қиёматда бўлади.
Кишиларнинг бу ҳадиси шарифда бўрининг гапирганидан ажабланиб «Субҳаналлоҳ!» дейишлари ушбу бобнинг очилишига сабаб бўлган экан.
Ушбу ҳадисдан ана шундай кун келишига иймон келтириш лозим эканлигини келиб чиқмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай кун келишига ўзлари иймон келтириб, сўнг ҳазрати Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумаларни қўшиб қўйишлари бу икки зотнинг қандай улуғ мақомга эга эканликларига далил бўлади.
Шунинг учун ҳазрати Абу Бакрнинг, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумаларнинг фазллари тўғрисидаги ҳужжат-далиллар тўпланганда ушбу ҳадиси шариф ҳам келтирилади. Бу улуғ саҳобаларнинг исмларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан қўшиб зикр қилганлар.
«Субҳаналлоҳи!» аслида зикр учун ишлатиладиган лафз эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо бу ерда зикрдан бошқа маънода, ажабланиш маъносида ишлатилмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан бу ҳадисни далил қилиб баъзи уламолар зикр лафзларини ўзининг асл маъносида бошқа маънода ишлатиш мумкинлигини олганлар.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозада эдилар. Бас, бир нарсани олиб, уни ерга уриб-уриб ўтирардилар. Бироз ўтгач:
«Албатта, сизлардан ҳар бирингизнинг дўзахдаги жойи ва жаннатдаги жойи ёзиб қўйилгандир», дедилар.
«Ё Аллоҳнинг Расули! Биз ўша китобимизга суяниб, амални тарк қилавермаймизми?» дейишди.
«Амал қилинглар. Бас, ҳар ким нима учун халқ қилинган бўлса, ўша унга муяссар қилинган. Ким аҳли саодатдан бўлса, унга аҳли саодатнинг амали осон қилинади. Ким аҳли шақоват – бадбахтлик аҳлидан бўлса, унга бадбахтлик амали осон қилинади» дедилар ва «Фа амма ман аҳто ваттақо ва соддақо бил ҳусна, фасануйассируҳ лил юсро» (Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал(сўз)ни тасдиқ қилса)ини ўқидилар
».
Шарҳ: Демак, Аллоҳ Таоло иймон келтирган, солиҳ амал қилган бандага жаннатнинг йўлини осон қилиб қўяди, куфр, исён, гуноҳга ружуъ қўйган кишига эса дўзахнинг йўлини осон қилиб қўяр экан.
Ушбу ҳадисдан «Пешонага ёзилганини кўрармиз, амал қилмай қўяверайлик» дейиш мўмин-мусулмон кишига дуруст эмас эканлигини билиб оламиз. Солиҳ амал қилаверсак, Аллоҳ Таоло бизга саодат йўлини осон қилиб қўяр экан. Акс ҳолда дўзахнинг йўлини осон қилиб қўяр экан, банда шу томонга бурилиб кетар экан.
Демак, қазои қадар ҳақида «Банданинг дўзахи ёки жаннати эканлиги аввалдан ёзиб қўйилган», деган эътиқод амал қилманглар, деган маънони билдирмас экан, чунки қазои қадар ҳақидаги эътиқод Аллоҳ Таолонинг илмига хос нарса экан.
Қазои қадар масаласи Аллоҳнинг илми чексиз эканлигини кишиларга тушунтириш учун жорий қилингандир. Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло азалдан Ўзининг азалий илми билан Ўзи яратган маҳлуқотларнинг аввалу охирини билади. Агар бир киши эртага менга нима бўлишини Аллоҳ билмайди, деса кофир бўлади.
Чунки Аллоҳ таоло бандасига эртага нима бўлишини билмаса, унинг илоҳлиги қолмайди. Худди шунингдек, Аллоҳ Таоло ҳар бир банданинг охир оқибат – охиригача, қиёматгача – дўзахга ёки жаннатга киргунча аҳволи қандай бўлишини билади. Агар биттагина банданинг аҳволини билмайди, десак ҳам Аллоҳнинг илми чексиз, деган эътиқодга хилоф қилган бўлиб, кофир бўлиб қоламиз, бундан Аллоҳ сақласин.
Бу масала Аллоҳнинг ўзига хос масала. Аллоҳ билади, билмай қолиши мумкин эмас. Лекин сиз билан биз – бандалар эртага ёки беш-ўн дақиқадан, балки бир лаҳзадан кейин нима бўлишини билмаймиз.
Бизга «Қазои қадарни изланглар, уни баҳс қилиб, охирига етинглар», деган буйруқ берилмаган. Бизга «Иймон келтиринглар, эътиқод қилинглар, ибодат қилинглар, амал қилинглар, куфрдан, исёндан, амалсизликдан четланинглар» деган буйруқ бор. Шуларни қилишимиз керак.
Ана шунинг учун ушбу ҳадиси шарифда жуда улкан масала баён қилинган. Буни биз жуда яхши тушуниб олишимиз керак. Келтирилган оятдан кўриниб турибдики, ким садақа қилса, тақво қилса, шаҳодатни тасдиқласа, унга жаннатнинг йўли осон қилиб қўйилар экан.
Демак, мана шу амалда бардавом бўлиш, Аллоҳ Таолонинг жаннат йўлини осон қилиб қўйишидан умидвор бўлиш керак. Бу эса Аллоҳнинг фазлига боғлиқ нарса.
«Бас, ҳар ким нима учун халқ қилинган бўлса, ўша унга муяссар қилинган».
Нима учун яратилган бўлса ўша унга осон бўлиши амалга боғлиқдир. Бу сабабнинг ўз сабабчисига боғланишидан иборатдир. Бас, шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Амал қилинглар!» деган буюруқлари сабабларга ва бизнинг ихтиёримиз ва имконимиз доирасидаги ишларга боғлиқдир. Ана ўшандай ишларни қилишга бўлган амрга бўсинишимиз ва уларга амал қилишмиз мутлубдир. Бизнинг ихтиёримиз ва имконимиздан ташқари ишларга шариатнинг амри боғлиқ бўлмайди.
Ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳида Мулла Али қори раҳматуллоҳи алайҳи «Мирқот» китобида қуйидагиларни ёзади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саодат иши аввалдан китобда борлиги ҳақида хабар берганларидан кейин эшитиувчилар уни амални тарк қилишга ҳужжат қилиб олмоқчи бўлдилар. Бас, шунда У зот бу нарса икки ишга боғлиқ бўлиб улардан бири иккинчисини ботил қилмаслигини билдирдилар. Уларнинг бири ички, бошқаси ташқидир. Уларнинг иккисига ҳам амр қилинган. Ғойибдаги ичики нарсага хавф боғланган. Кўриниб турган ташқи нарсага умидворлик боғланган. Ушбу икки нарса бирлашганда бандада иймон сифатлари, итқон наътлари ва эҳсон мартабалари мукаммал бўлади. Бас, амалларни бахтиёрлик ёки бахтсизликка сабаб қилманглар. Балки уларнинг аломати деб билинглар. Бу худди ризқ ўлчанганига қармай касбга амр қилинганига ва ажал белгиланган бўлишига қарамай тиб ила даволанишга амр қилинганига ўхшайди».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни етти нарсага амр қилдилар, етти нарсадан қайтардилар. Бизни жанозаларга давоми...

3860 05:00 / 13.03.2017
Бу сарлавҳа остидаги бобда кофир қавмларнинг вояга етмай ўлиб кетган ёш болалари ҳақида келган таълимотлар ҳақида сўз кетади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан давоми...

3020 05:00 / 13.03.2017
Баъзи бир чаласавод кишилар илмли одам динсиз бўлади, кишининг илми қанча кўпайса, унинг динсизлиги ҳам шунча ортади, деб ўйлайдилар. Ҳақиқатда эса ҳеч бир замонда давоми...

3042 05:00 / 13.03.2017
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг ҳижрий 1431 йил 7 зулқаъда, мелодий 2010 йил 15 октябрда қилган жумъа хутбалариАлҳамдулиллаҳ. давоми...

5829 12:30 / 15.03.2017