1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Аллоҳнинг борлигини баён қилувчи энг катта далил

12:30 / 15.03.2017 5828 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг ҳижрий 1431 йил 7 зулқаъда, мелодий 2010 йил 15 октябрда қилган жумъа хутбалари)


Алҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога неъматларига мувофиқ, зиёдасига кофий ҳамдлар бўлсин! Эй Роббимиз, Важҳинг жалоли ва салтанатинг азаматига муносиб ҳамдлар Сенга хосдир. Эй Аллоҳ, Сен Субҳонсан. Мен Сенга сано айта олмайман. Сен Ўзингга Ўзинг сано айтгандексан. Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Унинг шериксиз эканлигига гувоҳлик бераман. Саййидимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг қули, расули, танлагани, халили ҳамда юборган набийларининг энг хайрлиси эканлигига, шунингдек, Аллоҳ у зотни бутун оламларга баширу назир қилиб юборганлигига шаҳодат келтираман. Аллоҳим, саййидимиз Муҳаммад ва у зотнинг олига қиёматга қадар доимий ва тўхтовсиз салоту салом ва баракотлар юборгин. 

Эй мусулмонлар, сизларга ва ўз гуноҳкор нафсимга Аллоҳдан тақво қилишни тавсия қиламан. Аммо баъд. 

Эй Аллоҳнинг бандалари! Албатта, биз яшаб турган бу олам Аллоҳнинг борлигига, бирлигига, салтанатига, азаматига далолат қилувчи аломатлар, очиқ-ойдин белгилар билан тўладир. Бу белгиларни эрта-ю кеч осмонда ва ернинг барча нуқталарида кенг ёйилиб ётганини кўришингиз мумкин. Ўсимликларда, ҳайвонларда, тоғу тошларда, денгизу дарёларда, қўйингчи, барча нарсада Аллоҳнинг борлигию бирлигига далиллар тўлиб ётибди. Қолаверса, инсоннинг ўзида ҳам бунга далил кўп. 

Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй, инсонлар!) Ерда ишонувчилар учун аломатлар бордир, ўзларингизда ҳам. Ахир, (уларни) кўрмайсизми?!” (Зарият, 20-21). 

Бу далиллар Аллоҳнинг борлигини билдириш билан бирга инсоннинг Унга бандалигини ҳам англатади. Лекин Аллоҳнинг борлигига ва бирлигига далолат қилувчи энг катта далил деб қуйидагиларни айта оламан. 

Сен ўз зеҳнида кўпгина илм-маърифат юкини кўтариб юрган, турли-туман маданиятлар соҳиби бўлган инсонни кўрасан. Аммо ўша инсон ҳақдан бўйин товлашда, юз ўгиришда, ўзини катта олишда давом этаверади. Нафсининг сўзига кириб, қайсарликда туриб олаверади. У икки кўзи билан Аллоҳнинг яратган нарсаларига назар солади, бироқ ўша назар солаётган нарсаларида Аллоҳнинг яккалигини сўзлайдиган бирорта далилни кўрмайди. Унга Аллоҳнинг борлигига далил бўлувчи нарсаларни гапирсанг, кўзлари билан у ёқ, бу ёққа аланглайдию, лекин улардан умуман ибрат олмайди. Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали нозил қилинган оятларни унинг қулоғига эшиттирсанг, қулоғи кар одамдек, ҳеч нарсани англамайди. У билан мантиқий ва илмий далиллар асосида тортишасан, ўша далилларни унга сўзлаб, тушунтириб берасан, аммо қалбида қулфи бордек, ақли идрокдан тўсиб қўйилгандек, ҳеч нарсани англамайди, ҳис қилмайди. Бу инсон Аллоҳга мутакаббирлик қилгани сабабли Аллоҳ уни бу дунёдаёқ мана шундай азобга дучор этган. Яъни кўзига парда тортиб қўйган, ўша парда сабабли ҳеч нарсани кўра олмайди. Қулоғига ҳам “карлик”ни уриб қўйган, ўша сабабли ҳеч нарсани эшитмайди. Ундай кимсалар ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: 

“Уларнинг қалблари ва қулоқларига Аллоҳ муҳр уриб қўйган. Кўзларида эса, парда (бор). Улар учун улкан азоб (тайёрлаб қўйилгандир)” (Бақара, 7). 

Мана шу Аллоҳнинг биру борлигини билдирадиган энг катта далилдир. Ақл бор, лекин Аллоҳ уни фаолиятдан тўхтатиб қўйган. Икки кўз кўради, лекин Аллоҳ азза ва жалла ўша икки кўздан кўриш, идрок қилиш қобилиятини олиб қўйган. Қулоқ ҳам бор, лекин Аллоҳ таоло бу қулоқлар соҳибига Ўз азобини бу дунёдаёқ тезлатиб, унга “карлик” мухрини уриб қўйган. Инсон ўз зеҳнида Аллоҳнинг биру борлигига далолат қилувчи илм-маърифатни юк қилиб олиб юради, лекин унинг қалбидаги кибр, манманлик, ҳаққа бўйсунмаслик деган иллатлар Аллоҳнинг азоби унга тезроқ келишига сабаб бўлади. Бу азоб мазкур инсоннинг сезгиси, ақли билан Аллоҳнинг борлигини кўрсатувчи далилларнинг ўртасини ажратиб қўяди. Ушбу ҳолат Аллоҳнинг борлигига энг катта далилдир. 

Аллоҳ таоло улар ҳақида яна шундай дейди: “Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилингач, улардан юз ўгирган, ўзи қилиб ўтган (гуноҳ)ларини унутиб қўйган кимсадан кўра ким золимроқдир?! Дарҳақиқат, Биз (Қуръонни) англамасликлари учун уларнинг дилларини пардалаб, қулоқларини оғир қилиб қўйдик. Демак, агар Сиз уларни ҳидоятга чақирсангиз ҳам сира ҳидоятга юрмаслар” (Каҳф, 57). 

Оятдаги “Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилингач, улардан юз ўгирган” дегани мутакаббирлик қилиб юз ўгирган деганидир. 

Бошқа оятда У Зот бундай деб марҳамат қилади: “Ер (юзи)да ноҳақлик билан кибрланиб юрувчилар (онги)ни оятларимиз (идроки)дан четлатиб қўяжакмиз. (Улар) ҳар қандай мўъжизани кўрсалар ҳам унга имон келтирмагайлар. Агар тўғри йўлни кўрсалар, уни (ўзларига) йўл қилиб олмагайлар. Мабодо нотўғри йўлни кўриб қолсалар, уни (ўзларига) йўл қилиб олгайлар. Бу(нинг сабаби) оятларимизни ёлғонга чиқаришлари ва улардан ғофил бўлганларидир” (Аъроф, 146). 

Яна Алоҳ азза ва жалла шундай дейди: “Борди-ю, уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам, “шаксиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган қавмдирмиз”, – деган бўлур эдилар” (Ҳижр, 14-15). 

Эй Аллоҳнинг бандалари! Инсонни Мавлоси ва Холиқини басират кўзи билан, қалб кўзи билан кўришдан тўсадиган нарса битта – қайсарлик, мутакаббирликдир. Қадимда кофир бўлган қавмлар ёки ҳозирги асримизда кофир бўлиб, Худони инкор қилаётганлар мутакаббирлик, кибр туфайли шундай бўлган. Кибр шундай ёмон иллатки, у туфайли инсон билан Аллоҳ ўртасида парда, тўсиқ ҳосил бўлади. Дунёнинг турли бурчакларида яшовчи кишиларни ғафлатдан уйғотиш, огоҳлантириш учун улар устига тушаётган ҳар хил балолар, огоҳлантиришларни деярли ҳар куни эшитиб, кўриб, билиб турибсизлар. Мутакаббир кимса бундай огоҳлантиришларга парво ҳам қилмайди. Бирор аъзоси яхшилик сари ҳаракатланиб ҳам қўймайди, ақли уйғонмайди. Аммо Аллоҳ кибрдан сақлаган зотлар бу балолар аслида ҳаддан ошувчиларни қўрқитиш, ухловчини уйғотиш, ғафлатдагиларни огоҳлантириш учунлигини яхши билишади. 

Аллоҳ таоло айтади: “То Аллоҳнинг ваъдаси келгунича (яъни Макка фатҳ қилингунича), куфрдаги кимсаларга ўзларининг қилмишлари сабабли турли балолар етар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (офат) тушар (ва уларни нотинч қилар). Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмагай” (Раъд, 31). 

Бир неча йиллар олдин Жануби Шарқий Осиёга келган сунами деб аталмиш Аллоҳнинг азобини, огоҳлантиришини эсламайсизларми?! Мутакаббир кимсалар бу даҳшатни кўриб ҳам “Бу табиат ҳодисаси”, “Бу табиат инжиқлиги” дедилар. Мазкур “Табиат инжиқлиги” бир лаҳзада ўша соҳилдаги кўп одамларни ўз қаърига тортиб кетди. 

Ёки Туркиянинг денгиз соҳилларидан бирида жойлашган дам олиш масканида ўйин-кулги қилиб, ичимлик ичиб “дам олаётган”лардан бири Қуръонни масхара қилиш, Аллоҳнинг Китобини истеҳзо қилиш мақсадида маст ҳолда ўзича таржима қилгани, бошқаси эса Қуръондан “Менинг дардимга шифо бер” деб сўраб, уни масхара қилгани учун нима содир бўлганини бир эслангларчи! Ўша заҳоти денгиз қирғоққа келиб, у ердаги барча нарсаларни ютиб юбормадими?! 

Аммо мутакаббирликдан қутилган кишилар ўша мудҳиш воқеани ўз кўзлари билан кўрганларида ёки ўзоқ-яқиндан кўриб, эшитганларида, қалблари Аллоҳнинг қўрқуви билан, Уни улуғлаш ҳисси билан тўлиб, иймонлари янада зиёда бўлди. Мутакаббир кимсалар эса бу нарсаларни кўриб-эшитиб ҳам ҳеч нарсани ҳис қилмадилар, уларнинг қалбларида ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмади. Улар ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: 

“Борди-ю, уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам, “шаксиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган қавмдирмиз”, – деган бўлур эдилар” (Ҳижр, 14-15). 

Американинг Флорида шаҳрида бўлган бўронни эсламайсизларми? Ахир ўша бўрон дарахтларни илдизи билан қўпориб, машиналарни осмонга учириб, биноларни вайрон қилиб ташламадими?! Мутакаббир кимсалар шундай воқеаларни ўз кўзлари билан кўрсалар ҳам “Табиат ҳодисаси” деб тураверадилар. Ақлини ишлатган кишилар эса бундай ҳодисалар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятининг тасдиғи эканини биладилар: 

“То Аллоҳнинг ваъдаси келгунича (яъни Макка фатҳ қилингунича), куфрдаги кимсаларга ўзларининг қилмишлари сабабли турли балолар етар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (офат) тушар (ва уларни нотинч қилар). Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмагай” (Раъд, 31). 

Эй Аллоҳнинг бандалари! Барчамиз мутакаббирликдан озод бўлганимиз учун Аллоҳга ҳамд айтамиз. Зеро, бу Аллоҳнинг буюк фазлидир. 

Эй Мавлойимиз! Бизларни мутакаббирликдан, қайсарликдан қутқарганинг учун Сенга ҳамд айтамиз. Сенинг марҳаматинг сабабли кўзларимизни парда қоплаб олмади. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг борлигига, бирлигига, салтанатига далолат қилувчи далилларни кўра оламиз. Эй Аллоҳ, қулоқларимизни “кар” қилиб қўймаганинг учун Ўзингга ҳамд айтамиз. Биз сенинг мўмин бандаларингмиз, мутакаббир эмасмиз. 

Эй Аллоҳнинг бандалари! Ҳозир кузнинг охирги кунларида турибмиз. Ҳадемай қишнинг совуқ шабадаси ҳам эса бошлайди. Устимиздан кунлар шу тарзда ўтаверади. Бизчи? Биз ҳам ўзгаришга ҳаракат қиламизми? 

Эй чанқоғинг босилиши учун оғзингни очиб, осмонга қараб турадиган, қорнинг тўйиши учун Аллоҳнинг ризқини кутиб осмонга тикилиб турадиган ёки ризқинг ердан чиқишини кутиб, кўзларини ерга қадаб турадиган инсон! Чанқоғинг босилиши учун сувга муҳтожсан. Қорнинг тўйиши учун таомга муҳтожсан. Шундай махлуқларга муҳтож бўла туриб, уларни яратган Холиққа мутакаббирлик қилишинг тўғрими? Юқорида айтилган вайронагарчиликларни сен яна табиат ҳодисаси деб атайсанми? Бундай фалокатлар бизларни огоҳлантириш, улкан азоб борлигини билдириб қўйиш учун доим келаверади. Мен аввало ўзимга, кейин сизларга айтаман, огоҳлантираманки, Аллоҳнинг ғазабига рўбарў бўлманглар! Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ишларни қилишдан сақланинглар! Биз бандамиз. Шундай бўлгач, Аллоҳ билан Унинг бандаси бўлиб муомала қилайлик. Агар ҳис-туйғуларимиз, қалбларимиз, ақлларимиз бу нарсага ишонмаса, яқинда ўлим тўшагига ётганимизда бу нарсаларга ишониб қолади, аммо унда кеч бўлади. Қани менга умрини беҳуда ўтказган, Аллоҳнинг динини, Китобини масхара қилган мутакаббирларни кўрсатингларчи! Энди ўша мутакаббирларнинг ўлим тўшагидаги, олдига ўлим фариштаси киргандаги аҳволини кўрсатингларчи! У ўлим фариштасини ўз кўзи билан кўради. Шу пайтда унинг мутакаббирлиги қаерга кетади? Қайсарлиги қаерга кетади? Ёки бир кун келиб ичадиган сувимиз йўқ бўлиб қолса, ўша мутакаббир кимса нима қилади? Сувнинг йўқ бўлиб қолиши ҳақиқатдан узоқ ишми? Йўқ, асло ҳақиқатдан узоқ иш эмас! 

“Айтинг: “Хабар берингиз-чи, агар сувингиз (ер қаърига) сингиб кетса, бас, ким сизларга оқин сувни келтира олур?!” (Ўзидан бошқа ҳеч ким)” (Мулк, 30). 

Аллоҳ таолодан бундай ҳолга тушиб қолишдан паноҳ сўраймиз. У Зот шунча кўп гуноҳ қилишимизга қарамай, бизни икром қилиб, сувимизни тўхтовсиз бериб туради. Аллоҳдан юз ўгирувчи, Аллоҳнинг динини масхара қилувчи, ўз нафсларини, ақлларини ўзлари “табиат” деб атаган нарсага қул қилувчи кимсалардан сўрангларчи, улар бу пайтда нима чора кўришар экан. Чанқоқларини қондирадиган сувни қаердан келтириша олар экан. Қоринларини тўйдирадиган таомни қаердан топишар экан. Инсон заифдир. 

Аллоҳ таоло: “Инсон заиф қилиб яратилгандир” деган (Нисо, 28). 

Заиф инсоннинг ҳаётидаги энг хунук ва энг ёмон нарса унинг мутакаббирлик қилишидир. Заиф бўлишига қарамасдан, ўзининг заифлигини унутиб, мутакаббирлик қилади. Банда бўлишига қарамасдан, ўзининг бандалигини унутиб, мутакаббирлик қилади. Кибри нимани буюрса, шуни қилаверади. Агар ҳолимиз шу тарзда ўтаверса, оқибатимиз нима бўлишини, ишимиз қаерга бориб тўхташини нафсимиздан сўрайлик. Куз ўтиб, қиш келяпти. Қиш ҳам ўтади. Вақт, замон ўтаверади. Ўзимизни тузатайлик! Кибрдан халос бўлайлик! Бандалигимизни эсимизга олайлик! Сизларга мана шу сўзларимни айтдим. Улуғ Аллоҳдан гуноҳларимни кечиришини сўрайман.    


Нозимжон Ҳошимжон таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Парвардигорингиз Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун дуоларингизни ижобат қилайrdquo ndash дедиrdquo Ғофир, 60 деб марҳамат қилган. Бошқа бир давоми...

4192 05:00 / 14.03.2017
Маълумки, Исломдан олдин хамрхўрлик жуда кенг ёйилган эди. Кишилар хамрхўрлик билан фахрланишар, бу борада мусобақа қилиб, бирбирларидан ўтишга ҳаракат этишарди. давоми...

3430 05:00 / 13.03.2017
1. Ўлим фариштасини кўриш. Агар киши саодат аҳлидан бўлса, ўлим фариштасини чиройли суратда кўради. Ўлим фариштаси ва у билан бирга келган раҳмат фаришталари давоми...

9767 12:18 / 15.03.2017
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мелодий 1989 йил 16 июнда қилган жумъа хутбалариАлҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога давоми...

5635 12:24 / 15.03.2017