1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

ИЛМ ОДОБЛАРИ ҲАҚИДА

05:00 / 13.03.2017 4852 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Бу тарзда илмий суҳбатлар қуриш нафақат оғир вақтларда, балки оддий ҳолатларда ҳам серфойдадир. Биров шахсий дарс олади. Яна бир киши диний китобларни ўқийди. Шунингдек, матбуот ва ахборот воситалари орқали исломий фикрлар, маълумотлар ва бошқа нарсалар билан таниш бўлиши ҳам мумкин. Масжидларда, бошқа оммавий жойларда бўлаётган маърузалар ва илмий суҳбатлардан фойдаланиши ҳам мумкин. Лекин, ўзига ёш, жинс, турар жой, ҳунар ва бошқа жиҳатлардан яқин кишилар доимий равишда маълум вақтда тўпланиб, бир илмли кишидан таълим олишининг ўзгача манфаати ва файзи бор. Бундай ҳолатда ҳеч кимдан тортинмай билмаган нарсани бемалол ўрганиш, сўраб олиш, баҳслиш мумкин. Шу билан бирга исломий биродарлик ришталари ҳам қувватланади. Кишилар бир-бирларига қизиқади ва кўпгина фойдалар ҳосил бўлади...

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор калимани гапирадиган бўлсалар, тушунарли бўлиши учун, уни уч марта қайтарар эдилар. Агар бирор қавмнинг олдига келиб салом берсалар, уч марта салом берар эдилар». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишмиз.
Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг бу ривоятларини ушбу бобда келтиришдан муаллифнинг мақсади олим одамнинг дарс бераётганда, бошқача бирор маълумотни етказаётганда эшитувчи тушинадиган қилиб, гапириши лозимлигини англатишдир. Чунки, икки ҳолатда ҳам илм етказаётган бўлинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳим нарсаларни эшитувчиларга очиқ-ойдин, тушунарли бўлиши учун уч марта қайта-қайта такрорлаб гапирар эдилар. Бу одатларини ҳадиси шарифларида кўрганмиз, эшитганмиз.
Шунингдек, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қавмнинг олдидан ўтсалар ёки олдига борсалар улар бир-марта саломни эшитмасалар, икки ёки уч мартагача салом берар эдилар.
Шунинг учун бизлар ҳам дарс айтадиган бўлсак, бирор маълумотни ўзгаларга етказадиган бўлсак, ўша нарсанинг эшитувчига тушунарли бўлиши учун ҳаракат қилишимиз, керак бўлса икки-уч марта такрорлашимиз керак. Салом берганда ҳам биринчи мартада саломимиз эшитилмай қолса, иккинчи ва учинчи марта такрор салом беришимиз керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Осонлаштиринглар қийинлаштирманглар, хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар», дедилар». Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга, улар орқали барча умматларига мурожаат қилиб:
«Осонлаштиринглар қийинлаштирманглар», демоқдалар.
Яъни, Ислом ҳақида гапирадиган, баъзи бир масалани ечадиган ёки бирор нарсада ҳукм чиқарадиган бўлсангиз, умуман ҳар бир нарсада осон тарафини олинг, қийинини олманг, демоқдалар. Модомики, иш шариат чегарасидан чиқмаса, осон томонини олиш Ислом динининг асосий қоидасидир. Бошқа ҳадиси шарифларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон икки нарса орасидан бирини танлаб олиш ихтиёрига эга бўлсалар, албатта осон томонини олганлар. Ушбу биз ўрганаётган ҳадисни Исломга кишиларни даъват қилиш учун атрофга юборилаётган ҳар бир саҳобийга қайта-қайта тайинлаганлар.
«Хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар». 
Ислом ҳақида, шариат ҳақида кишиларга гапирилганда доимо яхшиликларни, улар учун хушхабар бўладиган, икки дунё саодатига сабаб бўладиган нарсаларни гапириш керак. Кишиларнинг нафратини келтирадиган, уларни чўчитадиган, кўнглини қолдирадиган гап-сўз ва тасарруфларни қилмаслик керак.
Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бунга айниқса кишиларни Исломга даъват қилиш билан машғул кишилар алоҳида эътибор беришлари лозим. Афсуски, баъзи бир бирадорлар бу ҳадиси шарифдан бехабар бўлганлари учун тескари маънода гап-сўз ва ҳакатлар қилиши ҳам сезилиб туради. Авваллари билмаган бўлсак, энди билдик.
Бундан буён доимо Ислом дини ҳақида гапирадиган, бир иш қиладиган, ҳукм чиқарадиган бўлсак осон тарафини олайлик. Доимо кишиларга динимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг осонлигини, икки дунё бахт-саодтига етказиши башоратини бериб гапирайлик. Ўзимизча шариат ҳудудидаги ишни ҳам қийинлаштирмайлик! Кишиларни турли гап-сўз, бўлмағур ҳатти-ҳаракатларимиз билан Исломдан нафратлантирмайлик, доимо ушбу ҳадиси шарифга амал қилишга интилайлик!

Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ одамларни ҳар пайшанба куни эслатар эди. Бир киши унга: «Эй Абу Абдурраҳмон, бизни ҳар куни эслатишингни истар эдим», деди.
«Ўшандоқ қилишдан мени ман қилган нарса, сизларга малол келтириб қўйишимни ёқтирмаслигимдир. Мен сизларга маъвизани вақти-вақти билан қиламан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизларга худди шундай қилиб, безиб қолмаслигимиз учун вақти-вақти билан маъвиза қилар эдилар», деди».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийлари Абу Воил розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Абу Воил куняси билан машҳур бўлган бу саҳобанинг исмлари Шақиқ ибн Саламадир.
Абу Воил розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг асҳобларидан эдилар. Бу зот тафаккури, ёдлаш қобилияти кучи, Қуръони Каримнинг икки ойда ёд олган, тақволи, дунёда зоҳид бўлган саҳобалардан эдилар. Сиффин жангида, Али розияллоҳу анҳу билан иштирок этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Саъд, Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Оиша оналаримиздан ҳадис ривоят қилдилар. Бу кишидан Шаъбий, Мансур ибн Мўътамир, Аъмаш ва бошқалар ривоят қилганлар.
Бу зот ҳижратнинг 79 санасида вафот этдилар.
Бу ҳадисда исмлари Абдуллоҳ, деб тилга олинаётган зот машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудирлар. У киши ўта илмли саҳобийлардан эканлиги маълумдир. Абу Воил розияллоҳу анҳунинг хабар беришларича Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар пайшанба куни одамлар билан илмий суҳбат қуриб, уларга ваъз-насиҳат қилар эканлар. Ана ўша илмий мажлисда иштирок этиб юрган кишилардан бирига ҳафтада бир кун бундоқ мажлис ва ваъз бўлиши оз кўринади. У киши илм, ваъз-насиҳат қанча кўп бўлса, шунча яхши деб ўйлабди. Бу фикрни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга билдириб:
«Эй Абу Абдурраҳмон, бизни ҳар куни эслатишингни истар эдим», деди».
Абу Абдурраҳмон, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг куняларидир. Арабларда эркакларга ўзининг бош фарзанди исми олдига «Абу», аёлларга «Умму» сўзини қўшиб мурожаат қилинади. Буни куня дейилади. Куня, фалончининг отаси ёки онаси, деган маънодадир. Бу ҳурмат маъносини англатади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудек улуғ кишига «Эй Абдуллоҳ», деб эмас, «Эй Абу Абдурраҳмон» Абдурраҳмонинг отаси, деб мурожат қилиш ҳурматлироқ.
Мазкур киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ҳурмат билан, у кишининг куняларини айтиб мурожаат қиларкан, илмий мажлислари, ваъзлари ҳар куни бўлишини исташини айтди. Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу нима учун ҳар куни эмас, ҳафтада бир кун илмий суҳбат ва ваъз қилишларининг ҳикматини баён қилиб:
«Ўшандоқ қилишдан мени ман қилган нарса, сизларга малол келтириб қўйишимни ёқтирмаслигимдир» дедилар.
Демак, устоз, ваъзхон ўз шогирдларига ва тингловчиларига молол келтирмаслик чораларини кўриши керак экан. Чунки, малол келган нарсанинг фойдали ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар куни эмас, ҳафтада бир куни илмий мажлис қуриб, одамларга ваъз-насиҳат қилар эканлар. Бу аслида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг эмас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экан. Буни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўз сўзлари давомида баён қилмоқдалар:
«Мен сизларга маъвизани вақти-вақти билан қиламан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизларга худди шундай қилиб, безиб қолмаслигимиз учун вақти-вақти билан маъвиза қилар эдилар», деди.
Гап ҳар қанча яхши, ҳар қанча фойдали бўлса ҳам, ҳадеб қайтарилавермаганидан кейин кишиларнинг жонига тегади. Баъзи тузумлар ва улар олиб бораётган ташвиқот ишларидан одамларнинг безиб қолиши ҳам беҳуда такрорнинг кўплигидан бўлади. Шунинг учун ҳам кишилар табиати, улар қалбининг моҳир табиби бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан жуда билиб муомала қилганлар. Кишиларга малол келиб қолмасин, деб уларга доимо эмас, вақти-вақти билан маъвиза қилганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Иложи бўлса ҳар ҳафтада бир кун илмий мажлис ўтказиб туриш.
2. Олим ва воъиз кишилар ўз шогирд ва тингловчиларга дарс ва ваъзларнинг малол келиб қолмаслиги ҳақида чора кўришлари лозимлиги.
3. Олимларга ҳурмат билан, одоб билан муомалада бўлиш зарурлиги.
4. Илмий мажлис ва ваъзларни кишиларни бездириб қўядиган даражада кўпайтирмаслик.

Ушбу ҳадиси шарифни бугунги ҳаётимизга татбиқ қилишимиз жуда зарур. Илмли кишиларимиз худди Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўхшаб ҳафтада бир кун илмий мажлис, ваъз-насиҳат мажлислари қуришлари керак. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин саҳобаи киромлар худди Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўхшаб бу муборак ишни давом эттирганлар. Шундай қилиб, бу иш авлоддан-авлодга ўтиб келган. Ҳозирда ҳам мусулмон ўлкаларда бу иш давом этиб келмоқда. Бировнинг амри-фармонисиз мусулмонлар бўш вақт, жой топиб, уламолардан илтимос қилиб, ўз динлари аҳкомларини ўрганадилар. Баъзи вақт ва жойларда бу иш худосиз ҳокимлардан хавф бўлгани учун яширин равишда ташкил қилинади. Худосиз тузум истибдоди остида қолган мусулмон жамоаларнинг ўз динларини маълум даражада тутиб қолишларига ҳам айни шу тартибдаги яширин дарслар, илмий суҳбатлар, ваъзу насиҳатлар хизмат қилган. Бу ҳаракатни мусулмонларнинг илмий жасорати, маънавий қаҳрамонлиги, деб атасак бўлади.
Бу тарзда илмий суҳбатлар қуриш нафақат оғир вақтларда, балки оддий ҳолатларда ҳам серфойдадир. Биров шахсий дарс олади. Яна бир киши диний китобларни ўқийди. Шунингдек, матбуот ва ахборот воситалари орқали исломий фикрлар, маълумотлар ва бошқа нарсалар билан таниш бўлиши ҳам мумкин. Масжидларда, бошқа оммавий жойларда бўлаётган маърузалар ва илмий суҳбатлардан фойдаланиши ҳам мумкин. Лекин, ўзига ёш, жинс, турар жой, ҳунар ва бошқа жиҳатлардан яқин кишилар доимий равишда маълум вақтда тўпланиб, бир илмли кишидан таълим олишининг ўзгача манфаати ва файзи бор. Бундай ҳолатда ҳеч кимдан тортинмай билмаган нарсани бемалол ўрганиш, сўраб олиш, баҳслиш мумкин. Шу билан бирга исломий биродарлик ришталари ҳам қувватланади. Кишилар бир-бирларига қизиқади ва кўпгина фойдалар ҳосил бўлади.
Ҳозирда Қувайтда бундай йиғилишларни «девонийя», Маккаи Мукаррамада «даврийя» дейишади. Туркистон шароитидаа «гап», «гаштак»», «суҳбат» каби истилоҳлар ишлатилади. Бу жуда ҳам фойдали тадбир бўлиб, ҳамма жойда йўлга қўйилиши зарур нарса.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга ёлғонни қасд қилса дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деганларидир», деди». Тўртовлари ривоят қилишган.
Муслимнинг ривоятида: «Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга ёлғонни қасд қилса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг илмий одобга қанчалар риоя қилишлари кўриниб турибди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ўн йил бардавом турган зот саҳобаи киромлар ичида энг кўп ҳадис биладиганларидан бирлари эдилар. Зеҳнлари ўткир, муҳофазалари кучли эди. Шундай бўлса ҳам Пайғамбаримиз айтмаган бирор оғиз сўзни айтиб қўйиб гуноҳкор бўлиб қолмай, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким менга ёлғонини қасд қилса дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деган ҳадислари тахтига дохил бўлиб қолмай, деб ўзларини кўп ҳадис айтишдан тийиб турганлар.
Ислом дини умуман ёлғонни ҳаром қилган. Ислом назарида ёлғончи Аллоҳнинг душмани, иймонсиз ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Албатта ёлғонни Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганлар тўқийдилар», деган. Шундай бўлгандан кейин Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, у киши айтмаган гапни айтди, қилмаган ишни қилди, дейиш мисли йўқ улкан гуноҳ бўлади.
Шунинг учун ҳам уламолар жумҳури Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш ҳалол санаган одам кофир бўлади, деганлар. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш Аллоҳга, Ислом динига нисбатан ёлғон тўқишдир.
Шунинг учун ўзини мусулмон ҳисоблаган ҳар бир шахс Пайғамбаримиз ҳақларида У киши соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бўйича аниқ билимга эга бўлгандан сўнггина гапириши керак. Гумон ва тахмин билан гапириш мутлақо мумкин эмас. Мусулмон одам ҳар бир нарсада гапми, ҳукмми, хабарми-ёлғон, гумон ва ишончсиз нарсаларни гапирмаслиги керак. Ҳар бир нарсага тўла ишонч ҳосил қилгандан сўнггина гапирмоғи лозим. Айниқса дину диёнатга, иймон-эътиқодга, ҳалол-ҳаромга, шариат аҳкомларига ва оят-ҳадисга тегишли мавзуъда сўз юритишда жуда эҳтиёт бўлиши керак. Улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бу ишда барчамизга ўрнак бўлишлари лозим. Ҳар бир гапни гапиришдан олдин агар шу гапим ёлғон бўлса, дўзахдаги ўрнимни олаверишим керак бўлади, деган эътиқод фикримиздан ўтиши керак.
Ҳазрати Анас ибн Молик ва бошқа саҳобийларнинг илмий одобларига таҳсинлар айтамиз. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитиб туриб бўлса ҳам эҳтиёткор бўлганларига қойил қоламиз.
Шу билан бирга ҳозирги кунимиздаги баъзи бир кишиларнинг нобокорлиги, одобсизлиги ҳайрон қолдиради. Ўзлари оят билан ҳадиснинг фарқига бормайдилару турли диний муаммоларни ҳал этишни даъво қиладилар. Бундай кишилар бир неча тоифага бўлинадилар.
Баъзилари Исломга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Қуръонга душманликларини билдириш учун шундоқ қиладилар. Ҳаётда бўлиб ўтган бир мисол келтирайлик. Худосиз тузумнинг худосизликдан дарс берадиган малайларидан бири ўз дарсида «Қуръонда ундоқ дейилган, бу айб, Қуръонда бундоқ дейилган, бу нуқсон», дея сафсата сотган. Маълумки, ҳеч ким унга қарши бирор нарса дея олмаган. Бир умумий йиғинда ҳалиги худосиз яна ўша дийдиёсини қайтарган.
Шунда талабалардан бири эътироз билдириб: «Сиз бир неча бор Қуръони Карим оятини далил қилиб, Исломга айб қўймоқдасиз, аммо сиз оят деб айтган гап Қуръонда йўқ. Мана қўлимда Қуръон турибди, сиз ўша ўзингиз айтган гапни топиб беринг», деган.
Нобакор, араб тилини билмаслигини айтган. Талаба «сиз билмасангиз, биладиганлар бор, таржима қилиб беришади», деган. Охири нобакор бу гапнинг Қуръонда бор-йўқлигини аниқ билмаслигини айтган. Толиби илм билмасдан туриб, шунчалар гап айтиши дуруст эмаслигини айтган. Заррача инсоф, уяти бор одамга ўзини ўнглаб олиш учун шунинг ўзи етарли эди. Лекин нобакорларда инсоф нима қилсин, уят нима қилсин. Ҳалиги талабани ўқишдан ҳайдатиб яна эски дийдиёсини давом эттира берди.
Ҳа, Ислом душманлари ўзлари тўқиб чиқарган нарсани ҳам оят ёки ҳадис, деб Исломга қарши гапираверишган. Улар баъзи жоҳил одамлар томонидан айтилган гап-сўз, қилинган ишларни ҳам Ислом деб кўрсатиб, Исломни қоралашга ўтверишган.
Улардан кейинда ўзини кўрсатмоқчи бўлган баъзи бир чаласаводлар туради. Илмлари йўқ. Қуръон оятларини ҳам, ҳадисларни ҳам билмайдилар. Билсалар ҳам, бир оз нарсани чала биладилар. Аммо кўпчиликни оғзига қаратиш учун хаёлига келган фикрни айтиб, Аллоҳ ундоқ деган, пайғамбар бундоқ деган, дейишдан тўхтамайдилар. Булар ҳам жуда хавфли тоифадир. Улар инсоф қилишлари, Аллоҳдан қўрқишлари лозим.
Учинчи тоифа-диний таълимдан мутлақо бехабар баъзи бир қаламкашлар тоифасидир. Улар ўз мақолалари, чиқишлари ва ёзувларида исломий масалаларни баён қилишга уринадилар. Ўзларини билимдон қилиб кўрсатиб, одамларни йўлга солмоқчи бўладилар. Аслида эса, бошқа ғаразлари бўлади. Кимгадир ёқиш, кимнингдир розилиги топиш учун ўша кимгадир ёқадиган қилиб сафсата сотишга уринадилар. Оятнинг маъноси тарижимасини олиб, унинг ўзининг бузуқ фикрига мослашга уринадилар ҳадиси шариф билан бўладиган муоммалари ҳам шу тахлитда. Уларнинг Аллоҳга, Исломга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши қилган журъатларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсан. Бу тоифа ҳам ўта хатарли тоифадир.
Мазкур тоифаларга мансуб кишилар ўзларини ўнглаб олишлари лозим. Илм одобларига амал қилишлари керак. Нобакорлик ва беодобликларини йиғиштирмоқлари зарур. Мусулмонлар оммасининг эса улардан ўта эҳтиёт бўлишлари ўта заруратдир. Ўшандоқ тоифадаги кишилардан эҳтиёт бўлиб, уларнинг кирдикорларини фош қилишга шай турмоқлари керак. Токи ҳеч ким Аллоҳга, Исломга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қаршилик, беодоблик қилмасин. Ўзи одобли бўлиши билан бирга ўзгаларни ҳам бунга чақириш Исломий бурчдир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғириш ила суғириб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади. Токи олим қолмаганда, одамлар жоҳил бошлиқларни тутадилар. Бас ўшалардан сўралади. Улар эса, илмсиз равишда фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар», дедилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан танишмиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида шаръий илмлар қай таризда йўқолиб бориши ва унинг оқибатлари ҳақида баён бермоқдалар.
«Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғириш ила суғириб олмайди».
Яъни, шаръий илм ҳозир одамлар ичида мавжуд. У бир вақт келиб йўқ бўлади. Йўқ бўлиши эса илмнинг ўзини одамлар ичидан алоҳида бир тарзда суғириб олиш билан бўлмайди.
«Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади».
Яъни, Аллоҳ таоло аста-секин, бирин-кетин уламоларни вафот эттириб бораверади. Уламолар бирин-кетин ўлиб-тугаб бораверадилар. Ўринларига янги олимлар чиқмаса илм ҳам йўқолиб бораверади. Натижада илм йўқ бўлади. Бу эса ўз навбатида аянчли оқибатга олиб келади.
«Токи олим қолмаганда одамлар жоҳил бошлиқларни тутадилар».
Олимлар бирин-кетин ўлиб-кетиб тугайдилар. Одамлар бошлиқсиз қоладилар. Ана ўшанда илмсиз, шариатдан хабари йўқ одамни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар.
«Бас ўшалардан сўралади».
Яъни, ўша жоҳил бошлиқлардан одамлар турли нарсаларда тушунтириш беришни ва фатволарни сўрашади.
«Улар эса илмсиз равишда фатво берадилар».
Бу-жуда ҳам хатарли ҳолат. Илмсиз, жоҳил одам мусулмонларга бошлиқ бўлиб олган. Мусулмонлар ҳаётида доимо янги-янги масалалар, турли саволлар пайдо бўлиб туради. Улар буларни бошлиқларидан сўрайдилар. Жоҳил бошлиқнинг эса бу масалани мен еча олмайман дейишга ори келади. Инсоф билан илмсиз, жоҳил эканлигини тан олишга жасорати етмайди. Билмайман, десам ёғлик жойдан ажраб қоламан, деб дунёнинг ташвишини қилади. «Модомики, одамлар мени бошлиқ деб билишяптими, мендан фаиво сўрашаяптими, демак мен бошлиқман, мен биламан», деб хаёлига келган гапни гапираверади. Натижада:
«Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар».
Билмаган нарсасини гапиришнинг ўзи залолат, адашув, улкан гуноҳ. Шариат ҳукмини билмасдан туриб, бошқа бир кишига нотўғри нарсани «шу шариат ҳукми», деб айтиш эса, умуман тенги йўқ залолатдир. Чунки, шариатдан бошқа ишларда билмасдан гапириб йўл қўйилган хато туфайли бу дунёнинг баъзи бир ишларига зарар етиши мумкин. Аммо шариат бўйича жоҳиллик билан гапиришда эса ҳам бу дунё, ҳам охират куяди. Чунки, шариат масаласи-ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасида айланадиган масаладир. Бу ишда билмасдаан фатво бериш фатво берувчининг ўзини залолатга кетказади. Шу билан бирга ўша илмсиз равишда фатво берган одам ўзгаларни ҳам залолатга кетказади. Унинг хато фатвоси ҳаммаёқни бузади. Одамлаар фалончи айтди, деб унинг гапини бир-бирларига етказадилар. Ўзаро тарқатадилар. Натижада залолат кенг тарқайди.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таоло шаръий илмни одамлар ичидан суғириб олмаслигини биламиз.
2. Уламоларнинг ўлими илмнинг йўқолишига сабаблиги.
3. Жоҳил одамларни бошлиқ қилиб олмаслик.
4. Билмасдан туриб шаръий ишларда фатво бермаслик.
5. Жоҳил кишиларни бошлиқ қилиб олинганда залолатнинг тарқалиши.

Энди ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадислари мўъжиза эканлиги баъзи бир мусулмон халқлар ҳаётида очиқ-ойдин намоён бўлди. Ўша халқларнинг улмолари худосиз, золим ҳокимлар томонидан ўлдирилди, қамалди ёки сургин қилинди. Соғ қолганлари ҳам аста-секин кексайиб, дунёдан ўтиб кетдилар. Натижада, ҳақиқий шаръий илм ўша диёрдан кўтарилди. Кези келганда бошлиқ излаб қолинди. Ҳақиқий олимлар йўқлиги ёки етишмаслиги оқибатида бошлиқлик ўрнига жоҳиллар ўтирдилар. Кечаси билан ароқхўрлик, бошқа гуноҳларни қилиб чиқиб, кундузи салла-чопонни кийиб, мусулмонларга залолат фатволарни берадиганлар ҳам топилди. Жоҳил бошлиқлар худодан қўрқмай, бандадан қўрқиб, охиратини ўйламай беш кунлик дунёни ўйлаб фатво бердилар. Натижада, ҳадиси шарифда айтилганидек ўзлари ҳам залолатга кетдилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказдилар.
Ўзини билган ҳар бир миллат ўзидан етишиб чиққан уламоларни эъзозлай олади. Ҳақиқий олимларидан дину-диёнат, иймон-эътиқод, элу юрт фойдаси учун фойдалана олади. Чунки, бундай одамларнинг борлиги ҳар бир халқ, ҳар бир миллат учун катта бахтдир. Улар оламдан ўтишлари билан бу бахт ҳам кетади.
«Мавтул олими-матул олами» (яъни, олимнинг ўлими-оламнинг ўлими) дейилган. Шу билан бирга ўзини билган ҳар бир миллат доимо ўз эҳтижларини қондирадиган даражда, сифатда ва сонда уламоларни бўлиши учун қўлидан келган ҳар бир ишни қилади. Чунки, бу ишни қилмай иши ва куни жоҳил кишиларга қолган миллат ўша жоҳил бошлиқлар воситаси ила залолатга кетади.
Ўрини келганда айтиб ўтиш лозим гап шулки, шаръий илмни яхши ўзлаштирмаган киши ўз жоҳиллигини тан олиши айб эмас. Балки мардлик, жасорат ва инсофдир. Бирор нарса сўралганда «бу масалани мен билмайман», дейиш билмасдан, тахмин билан жавоб беришдан кўра миллион марта афзалдир. Шаръий масалаларда фатво бериш, турли саволларга жавоб қайтариш учун диний мансаб, бир оз нарсани билиш ёки чиройли салла-чапон восита бўла олмайди. Бундай мақомга етиш учун махсус илмларни ўқиган, ўша илмнинг устозларидан ижозат олган киши бўлиши керак. Шу билан бирга ўша ўқиб, ижозат олган киши тақво, ростгўйлик, илмига амал қилиш каби маълум шахсий сифатларга ҳам эга бўлиши лозим. Мусулмонлар ана шундай кишиларни олим сифатида ҳурмат қилиб, эъзозлашлари, улардан фатво сўраб, турли ишларда иршодлар олишлари керак.
Беш олти сурани чала ёд олиб, икки-учта ҳадиснинг маъносини бировдан ўрганиб олган, ўзини аллома қилиб кўрсатишага уринаётганлардан эҳтиёт бўлиш керак.
Шунингдек, араб тилини билиш ёки баъзи араб юртларига бориб келиш ҳам кишига шаръий масалада фатво айтиш ҳуқуқини бермайди.
Шунингдек, инсоннинг араб бўлиши, арабча кийиниши, муқаддас жойларда истиқомат қилиш-олим бўлиши дегани эмас. Мазкур васфга эга бўлганлар ичида дунёнинг энг жоҳил одами унвонига даъвогарлар ҳам кўп.
Шунингдек, кимнинг китобини ва қайси йўналишдаги китобни ўқишни ажрата билишда ҳам гап кўп. Қўлга тушган ҳар бир китобни «ҳақиқат шунда экан», деб ўқиб кетавериш ҳам яхшиликка олиб бормайди. Бу масалада ҳам ҳушёр бўлиш керак. Чунки Ислом уламолари мусулмонлар орасини бузиш, динга зарба бериш мақсадида мусулмонларнинг диёрларида кўплаб зарарли, ишончсиз, бетайин китобларни ҳам тарқатишга уринмоқдалар.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган жоҳил бошлиқларга, ўзини ҳам ўзгаларни ҳам залолатга кетказадиганларга эргашиб қолмаслик лозим. Шариат илмларидан тўлиқ хабардор бўлмаган киши бошлиқлик ўрнига интилмаслиги ва билмасдан фатво бермаслиги лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади. Кимки ўз биродарига тўғрилик бошқа тарафда эканлигини билиб туриб бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ унга хиёнат қилган бўлади», деганлар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Ҳадис ровийлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан яхши танишмиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида икки муҳим масалани баён қилмоқдалар.
Биринчиси-илмсиз кишининг фатво бериши мумкин эмаслиги.
Иккинчиси-билиб туриб бировга нотўғри йўл кўрсатиш хиёнат эканлиги.
Бир мусулмон одам қилмоқчи бўлган ишини Аллоҳнинг амрига мувофиқ бўлишини, Ислом шариатига мос бўлишини хоҳлади, дейлик. Аммо уни қандоқ қилса тўғри бўлишини билмади. Бориб бир кишидан ўша ишнинг ҳукмини сўрайди. Чунки, ўша одам бу ҳукмни билса керак, деб ўйлайди. Аслида ўша фатво сўралган одам, фатво беришга қодир бўлмаса, мазкур ишнинг ҳукмини аниқ ва ишончли равишда бўлмаса, «билмайман», деб айтиши керак. Аммо, билмасаю, ўзича тахмин билан нотўғри жавоб берса. Сўраган одам соф ният билан Аллоҳнинг динининг ҳукми шу экан, деб ҳалиги нотўғри ишни қилса нима бўлади?
«Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади».
Чунки, нотўғри ишнинг содир бўлишига ўша илмсиз равишда фатво берган киши сабаб бўлди. Агар у нотўғри фатво бермаганида, ҳалиги одам биладиган бошқа одамдан сўраб, ишини тўғри ҳолда, амалга оширган бўлар эди. Нотўғри фатвога ишониб, нотўғри ишни савоб ниятида қилган кишига эса гуноҳ бўлмайди. Аммо, у киши, фатвонинг нотўғри эканини билиш билан ўша ишни тўхтатиши, иккинчи бор ҳалиги жоҳил одамдан фатво сўрамаслиги лозим. Ўзи учун ишончли, тақводор, инсофли ва билимдон устоз топиб олиш керак.
Яна бошқа бир киши келиб бировдан маслаҳат сўради. «Фалон нарсани амалга оширишим учун қайси йўлни тутмоғим керак?», деб сўради. Сўралган одам ўша нарсани амалга ошириш учун қайси йўлни тутса яхши бўлишини билади. Аммо ўзига ишониб, йўл сўраган одамга билатуриб бошқа, нотўғри йўлни кўрсатди. Бундай алдамчи одамни ким деб баҳолаш мумкин? Ушбу ҳадиси шарифда бундай одамни қуйидагича баҳоламоқда:
«Кимки ўз биродарига тўғрилик бошқа тарафда эканлигини билиб туриб бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ унга хиёнат қилган бўлади».
Бу жойда «ўз биродарига» иборасига эътибор берайлик. Бундан, ўртада биродарлик алоқаси бор одамга нисбатан мазкур ишни қилиб бўлмаса-да, биродар бўлмаган кишиларга нисбатан қилаверса бўлар экан, деган тушунча келиб чиқмайди. Муомала бобида Ислом барча инсонларни бир-бирларига биродар деб билади. Ислом ҳукми бўйича ҳатто ғайри динларга ҳам ёлғон гапириб, уларни алдаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарифда барча одамларнинг биродарлиги кўзда тутилмоқда.
Одатда ишончга, омонатга хиёнат қилган одам «хоин» дейилади. Бир одам иккинчисига ишониб ундан бир ишни қандоқ қилай, деб сўраши омонатдир. Ўша сўралган одам ишончни оқлаб тўғри жавоб берса омонатга хиёнат қилмаган бўлади. Агар билиб туриб, бошқа нарсани айтса, хиёнат қилган бўлади.
Демак, биров қайси бир нарсани сўраса ҳам, билиб аниқ жавоб бериш керак. Билмай туриб жавоб бериш ҳам билиб туриб, нотўғри жавоб бериш ҳам гуноҳ бўлади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бир масалани аниқ билмай туриб фатво бериш мумкин эмаслиги.
2. Бир масалани билмай туриб фатво берган одам гуноҳкор бўлиши.
3. Унинг нотўғрилигини билмай ихлос билан нотўғри фатвога амал қилган одам гуноҳкор бўлмаслиги.
4. Сўралган масалани билган одам тўғри жавоб бериши заарурлиги.
5. Тўғри йўлни билиб туриб бошқа йўлни кўрстган одам хоин ва гуноҳкор экнлиги.

Энди бу ҳадиси шариф ҳукмини бугунги ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Билимсиз равишда фатво бераётганлар қанчалар кўп. «Намоз ўқимаса ҳам бўлаверар экан, ароқни ичиш эмас, маст бўлиб кўчда тўполон қилиши ҳаром экан, у экан, бу экан», деган гапларни айтадиганлар ҳар қадамда учраб туради. Баъзи бир чаласоводлар эса, икки-уч оғиз нарсани чала ёдлаб олиб мусулмонларнинг яримидан кўпини кофир ёки мушрикка, дунёдаги аксар нарсаларни ҳаромга чиқариб юбордилар. Икки томон ҳам Аллоҳдан қўрқмайди. Охиратини ўйламайди.
Билиб туриб тўғрисини айтмайдиганлар ҳам оз эмас. Дунёнинг мансабини ўйлаб бойларга ва зўровонларга яхши кўринаман, деб шариатнинг ҳукмини эмас, ўшаларнинг хоҳишини айтаётганлар ҳам ҳаммага маълум. Бу икки ҳолат ҳам ўз эгалари ва мусулмонлар бошига кўпгина бало офотлар ёғдириши турган гап. Бундай бало офотлардан қутулиш учун ҳар ким ўз чегарасини билиши керак. Билмаган, лаёқатсиз кишилар инсоф қилиб диний ишларга аралашмаслиги, фатво беришга ўтмасликлари фарз. Ким фатво бермоқчи бўлса хато гапни айтса гуноҳи ўзининг бўйнига бўлишини ўйлаб қўймоғи лозим.
Билмаган кишилар эса Ислом таълимотларини, шариат ҳукмини, билган нарсасини тўғрилигича еткзиши лозим. Агар тўғрисини айтиш жонига таҳдид соладиган бўлса унда жим турсин. Лекин, ёлғон гапириб, тўғри нарсани била-туриб тескарисини айтмасин. Билмаган одамнинг бир оғиз сўзи билан қанчадан-қанча одамлар залолатга кетишига, гуноҳга ботишига сабаб бўлади. Беш кунлик дунёнинг матоҳини деб, ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам охиратини куйдирмасин.

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга фақат Амир ёки Маъмур ёки риёкор томонидангина гапирилади», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийлари Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Авф ибн Молик Ашжаий ал-Ғатафоний, кунялари Абу Абдурраҳмон. Хайбар ғазотида аввалгилардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан иштирок этган. Макка фатҳ этилган куни Ашжаъ қабиласи номидан байроқ кўтарган. Муҳожир Абу Дардо билан исломий биродар бўлган. Ҳумс, Шом, Димашқда истиқомат қилган. Ислом учун ғайратли бўлган саҳобалардан эдилар.
Ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 67та ҳадис ривоят қилдилар. Бу кишидан Абу Айюб ал-Ансорий, Абу Ҳурайра, Миқдом ибн Маъдикарибалар, тобеинлардан Абу Муслим Хувлоний, Муслим ибн Қурза, Шаддод ибн Абу Аммор, Рошид ибн Саъд, Язид ибн Асам, Солим ибн Омир, Абу Бурдата ибн Абу Мусо, Шурайх ибн Убайда ва бошқалар ривоят қилишди. Бу киши ривоят қилган ҳадислардан, учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Бу зот ҳижратнинг 73 санасида Димашқда вафот этдилар.
Бу ҳадиси шарифда мусулмон жамиятида, мусулмонлар оммасига ваъз-насиҳат, илмий суҳбат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ва бўлмаган кишилар ҳақида сўз кетмоқда.
Ҳақиқий исломий жамиятда мусулмонларга ичларида Исломни яхши билган, тақводор, илмли, ақл-фаросатли ва бир қанча етук сифатларга эга бўлган чин мусулмон киши амир бўлади.
Биринчи навбатда мусулмонларга амри-маъруф, нахий мункар, ваъзу насиҳат қилиш ҳуқуқига ана ўша амир ҳақлидир.
Иккинчи ўринда эса маъмур-ҳақли томондан, масъул киши тарафидан шу ишга амр қилинган шахс ҳақлидир. Бундоқ шахслар шаръий илмларни тўлиқ ўрганиб, расмий ижозат-шаҳодатнома ёки маълум ва машҳур уламоларнинг рухсатини олган киши бўлади. Ана ўшандай кишиларгина мусулмонларга ваъз-насиҳат, иршод, амри маъруф ва нахий мункар қилишлари мумкин.
Гар мазкур сифтларга эга бўлмаган кишилар бу ишни қилсалар риёкорлик учун қилган бўладилар. Ўзларини билимдан қилиб кўрсатиш учун риёкорлик қилаётган бўладилар. Ушбу риёкорлик йўли билан мусулмонлар ичида обрў қозонмоқчи, уларнинг ишончига, ҳурматига сазовор бўлмоқчи бўладилар. Аслида эса алдамчилик қиладилар. Мусулмонликни қуруқ гап билан эмас, чин ихлос билан, Исломга амал қилиш билан тарғиб қилиш лозим.
Афсуски, ичимизда шу қабилдаги риёкорлар жуда ҳам кўп. Оқкўнгил мусулмонлар ҳақиқий олим ким, риёкор-қаллоб ким-буни яхши билиб олишлари керак. Бунинг учун Исломни ўрганиш, ҳақ-ноҳақ гапларни фарқлай билиш, гапираётганларнинг Исломга амал қилишга қараш керак. Ҳақиқий уламоларга қулоқ осиб, риёкорлардан сақланиш керак.

Абу Ҳорун ал-Абдийдан ривоят қилинади: «Абу Саъиднинг ҳузурига борсак: «Марҳабо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Одамлар сизга тобеъдирлар. Ва, албатта, ҳузурингизга ернинг турли атрофидан динда фақиҳ бўлиш учун келурлар. Ўшалар келган чоғда яхши муомалада бўлинглар» деганлар», деди». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввал ҳадиси шарифнинг ровийлари Абу Ҳорун ал-Абдий розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Абу Ҳорун ал-Абадий куняси билан машҳур бўлган бу тобеиннинг асл исмлари Имора ибн Жувайндур. Бу зот ҳадисларни Абу Саид ал-Худрий, Абдуллоҳ ибн Умарлардан ривоят қилдилар.
Бу зотдан Абдуллоҳ ибн Авн, Абдуллоҳ ибн Шузаб ас-Саврий, Ҳамадан ва бошқалар ривоят қилишган.
Абу Ҳорун ал-Абадий ҳижратнинг 234 санасида вафот этдилар.
Ушбу ҳадисда устозлар, илм масканлари, ўша масканлар жойлашган диёр аҳлининг толиби илмларга бўладиган муносабатари ҳақида сўз кетмоқда.
Ҳадиснинг ровийси Абу Ҳорун ал-Абдий илм ўрганиш учун ўз шериклари билан Абу Съид ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига тез-тез бориб турар эканлар. Ҳар борганларида у кишидан ҳурмат-эҳтиром, иззат-икром кўрар эканлар. Абу Саъид розияллоҳу анҳу уларни кутиб олишда хушмуомалалик билан:
«Марҳабо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари», дер эканлар.
Яъни, «хуш келибсиз, Расулуллоҳ бизга муомаласини яхши қилишни васият қилган шахслар, деб кутиб олар эканлар ва ортидан ўша васиятни ҳам эслаб зикр қилар эканлар:
«Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар сизга тобеъдирлар. Ва, албатта, ҳузурингизга ернинг турли атрофидан динда фақиҳ бўлиш учун келурлар. Ўшалар келган чоғда яхши муомалада бўлинглар» деганлар».
Яъни, мусулмон одамлар Ислом динини яхши тушунган, динда фақиҳ бўлган кишиларга тобеъдирлар. Уларга эргашурлар. Диндаа илмли бўлиш-фақиҳ бўлиш мақсадида, дарс олиш учун турли жойлардан илми бор кишилар ҳузурларига келурлар. Ана ўшанда толиби илмларнинг муомаласини яхши қилиш лозимдир.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларига амал қилиш зарурлиги.
2. Абу Саъид розияллоҳу анҳунинг мадҳлари.
3. Мусулмонлар оммасинининг саҳобаларга ва диний илмни эгаллаган олимларга тобеъликлари.
4. Динда фақиҳ бўлиш учун илмли кишилар ҳузурига бориб, илм олиш зарурлиги.
5. Толиби илм динда фақиҳ бўлиш учун илм талаб қилиб келганда илмли кишилар ва шу ишга алоқадор шахслар унга нисбатан яхши муомалада бўлишлари лозимлиги.

Бу ҳадиси шарифнинг ҳаётимиздаги татбиқи ҳақида гапирадиган бўлсак, турли хатоларни кўрамиз Аллоҳга шукрлар бўлсинким, доимо мусулмонлар томонидан толиби илмларга, айниқса динда фақиҳ бўлмоқчи бўлган талабаларга яхши муносабатда бўлинган. Қадимдан устозлар уларни очиқ чеҳра билан кутиб олиб илм ўргатганлар. Бой-бадавлат мусулмонлар уларни моддий жиҳатдан таъминланганлар. Мусулмон ҳокимлар барча яхши шароит ва имтиёзларни яратиб беришга ҳаркат қилганлар. Оддий мусулмонлар ҳам қўлларидан келган барча яхшиликларни тақдим қилганлар. Хатто худосиз кофирлар, Ислом душманлари мадрасаларни беркитиб, уламоларни ўлдириб, қамаб турган чоғларда ҳам мусулмонлар бу ишни давом эттирганлар. Чин мусулмонлар ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб бўлса ҳам динда фақиҳ бўлишни хоҳлаб келган талабларга диний дарс берганлар, турар жой, кийим-кечак, озиқ-овқат билан таъминлаганлар. Устозлар Қуръони Каримнинг хатто кичик сураларини ўргатганлари учун қамалишларини билсалар ҳам, барибир машғулот ўтказверишган. Қамалсалар, бу ишни қамоқда ҳам давом эттирганлар. Қамоқдан чиқсалар аввалгидан ҳам кўпроқ ғайрат билан дарс беришни қайтадан бошлаб юборганлар. Бу ишлар уламоларимизнинг, мухлис мусулмон биродарларимизнинг илм йўлида кўрсатган қаҳрамонликларидан баъзи бир кичик намуналар холос. Улар бу ишларни ўз пайғамбарлари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу васиятларига амал қилиб, Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб қилганлар. Иншааллоҳ, ниятларига яраша мукофотларини олгайлар. Бу мусулмонларнинг илмга нисбатан, толиби илмларга нисбатан бўлган олийжаноб муносабатларини кўрсатади.
Шу билан бирга бу кофирларнинг нобакорликлари, илмга, толиби илмга бўлган ёмон муносабатини кўрсатади. Аллоҳнинг каломини ўрганишдан қайтариш куфр эмасми?
Исломни ўргатаётган, ўрганаётган кишиларни бу муборак ишдан тўхтатиш қабоҳат эмасми? Ўйлаб кўрадиган бўлсак баъзи бир кофирлар ҳам бу ишни қилмайди. Ҳозирда ҳам барча ноисломий ўлкаларда мусулмонлар ўз динларини ўрганмоқчи бўлсалар, ғайридин давлат ва шахслар барча шароитни яратиб бермоқдалар. Демак, динда фақиҳ бўлишлик йўлига ғов бўлганлар кофирдан ҳам баттар одамлар ҳисобланади.
Ҳақиқий мусулмон киши илмга ўч бўлади, илм талаб қилади, илмга хизмат қилади. Ушбу ҳадиси шарифга тўла амал қилишимиз лозим. Толиби илмларимизга яхши муносабатда бўлиб, уларни доимо рағбатлантириб туришимиз, муомалаларини яхшилаб қилишимиз керак. Ана шундагина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларига амал қилган бўламиз. Охиратда юзимиз ёруғ бўлади.

ИЛМ АЛЛОҲ ТАОЛО УЧУН БЎЛИШИ ЛОЗИМЛИГИ ҲАҚИДА

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди», дедилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Исломда илм талаб қилиш, хусусан динда фақиҳ бўлиш учун илм ўргниш фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлади. Шундай қилган одам икки дунёнинг бахт-саодатига эришади. Бу дунёда ҳурмат-эҳтиром ила ҳаёт кечиради. Охиратда эса жаннати маъводан жой олади. Аммо, кимки диний илмлаарни, яъни ҳадисда айтилганидек, Аллоҳнинг розилигини тилаб қилинадиган илмни дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, яъни мансаб учун, пулу-мол учун, риё учун ўрганса жаннатнингҳидини ҳам топа олмайди. Шунинг учун диний илмларни талаб қилганда киши ўта хушёр бўлиши, ниятини соф қилиши, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ўйлаб иш тутиши керак бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмни Аллоҳдан бошқа учун ёки Аллоҳдан бошқани рози қилишни ирода қилиб ўрганса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо билан танишмиз.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм талаб қилиш фақат Аллоҳ учун, Аллоҳнинг розилиги учун бўлиши зарурлигини қаттиқ таъкидламоқдалар. Агар кимнинг нияти бузилса, яъни, илмни Аллоҳданн бошқа учун, Аллоҳнинг розилигидан бошқа мақсад учун ўрганса дўзахга тушишини муқаррар эканини айтмоқдалар.
Бу ҳадиси шариф ҳам, олдинги ҳадис маъносидадир. Фақат биринчи ҳадисда натижани-жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди, деб баён қилинган бўлса, иккинчи ҳадисда «дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дейилмоқда. Бу эса, диний илмларни талаб қилишда жуда ҳам ҳушёр бўлишни, Аллоҳнинг розилигини тилашдан бошқа нарсани хаёлга ҳам келтирмасликни тақозо қилади.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмни уламолар билан мажаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса Аллоҳ уни дўзахга киритади», дедилар». Бу икки ҳадисни Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида илм талаб қилишда толиби илм ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган учта хатарли ишдан огоҳлантирмоқдалар:

Илм талаб қилаётган шахс уни:

1.«Уламолар билан мажаро қилиш учун» ўрганмаслиги керак. Бир илмни яхшилаб ўрганиш «уламолар билан талашиб-тортишиб, мажоро қилиб, ҳаммасини енгиб, жим қилиб қўяй», деган ниятда бўлмаслиги керак.
2.«Эсипастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун» илм талаб қилмаслик керак. Толиб илм ҳеч қачон илмни ўрганиб олиб, тушинмаган одамларни мағлуб қилиб, ҳаммасини лол қилиб қўяй, деган ниятини қилмаслиги лозим.
3.«Ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун» талаб қилмаслиги керак. Одамлар: «Фалончи қори бўлибди, мулла бўлибди, қойил» дейишлари ва шунга ўхшаган ниятлар билан илм талаб қилмаслик керак. Агар шундай ният билан илм ўрганилса, бундай одамнинг оқибати яхши бўлмас экан. Аллоҳ таоло уни дўзахга киритар экан. Шунинг учун илмни фақатгина Аллоҳ розилиги учун талаб қилиш керак.

Кўпчилик толиби илмлар ушбу ҳадисга амал қиладилар, устозлари бу муҳим қоидани уларга доимо эслатиб турадилар. Лекин, минг афсуслар бўлсинким, баъзи ҳолларда бу ҳадисга амал қилишни ҳаёлига ҳам келтирмайдиган кимсалар учраб турадилар. Баъзи бир ўзига олим нисбатини бериб юрганлар шогирдларига «фалончининг олдига бориб, манави саволни бер, ундоқ деса мундоқ де, деб можаро чиқаришга ундаб юборадилар. Худди илм ўрганиш фақат уламолар билан можаро қилиш учунгина бўладиганидек ҳолатни вужудга келтирадилар. Оқибатда толиби илмлар орасида, элу-юрт ичида талашиб-тортишув, беҳуда можаро, ихтилоф кўпаяди. Исломга, мусулмонларга катта зарар етади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ ишни қилмоқдан эмас, уни ният қилишдан ҳам қайтармоқдалар. Ана шундоқ ножўя ишни хаёлга келтириш, ният қилиш ёмон оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқдалар. Ҳозирги кундаги кўпгина беҳуда можаролар, Ислом даъвати йўлида мусулмонларнинг ўзлари қўяётган ғовлар баъзи бир илмни ўзига нисбат берган ва илм талаб қилаётган шахсларнинг ушбу ҳадиси шарифга амал қилмасликларидан келиб чиқмоқда.
Энди ўзимиздаги илм ила эсипаст, жоҳил, илмсиз кишиларга ғолиб келишга уруниш масаласига ўтайлик. Ҳозирги ҳаётимизда бу иллат ҳам кенг тарқалган. Оммавий диний саводсизлик шароитида уч-тўрт калима нарсани ўрганиб олган жоҳил ўзини аллома ҳисоблай бошлайди. Қаерда бўлса оғзига ҳамманинг қараб туришидан ғурурланиб кетади. Бориб-бориб атрофидаги диний саводи йўқ кишиларнинг унга олим сифатида қараётганлари ҳам унинг учун оз ҳисобланиб қолади. Нафақат ўзи яшаб турган замони ва мақомида, балки, барча замонлар ва маконларда ўзини тенги йўқ аллома ҳисоблай бошлайди. Бу даъвони исботлаш учун замондош ва аввалда ўтган уламоларга осила бошлайди. У аввалда ўтган алломаларни хатокор, адашганлар, деб эълон қиллади. Ўз она тилида икки жумлани тўғрироқ ёза олмайдиган кимса ўнлаб оламшумул китоблар муаллифини танқид қилишга ўтади. Ўз оиласига шахсий диний амалларни тушунтириб бераолмаган нусха Ислом умматига шариатнинг барча ҳукмларини осон йўл билан тушунтириб берган, бутун Ислом уммати томонидан имом, мазҳаб соҳиби, деб тан олинган зотларни ҳақоратлайди. Диний саводи йўқларга ўзини аллома қилиб кўрсатишга уринган жоҳил ҳадис илмини сув қилиб ичиб юборган, юз минглаб ровийлар таржимаи ҳоли, юз минглаб ҳадисларни яхшилаб ўрганган ва ёд олган буюк муҳаддислар, мазҳаб эгаларини сўкади, беҳурмат қилади. Бундай кишилар фиқҳий мазҳабга тобеълигига қарамай илмсизликлари туфайли шундоқ қиладилар. Агар улар озгина илмдан баҳраманд бўлсалар бу ишни қилишмас эди. Улар диний саводи йўқ кишиларга ғолиб келиш, уларнинг олдида ўзини билимли қилиб кўрсатиш учунгина шундоқ қиладилар. Чунки озгина бўлса ҳам диний саводи бор одам унинг сафсатасини мутлақо қабул қилмайди.
Илм билан одамларни ўзига қаратишини хоҳлаганларнинг ҳоли ҳам шунга ўхшаш. Аллоҳнинг розилигини эмас, одамларнинг эътиборини қозониш учун ҳаракат қиладилар. Шу мақсадда ўзларидаги илмга мувофиқ эмас. Одамларни ўзига жалб қилиш қоидаларига мувофиқ кишиларга танилиб, улар орсида шуҳрат қозониш учун ҳаракат қиладилар. Оддий ҳолатда одамлар ичида шуҳрат қозониш қийин бўлганидан «хилоф қилсанг-таниласан» қоидасига амал қиладилар. Ҳар бир нарсада ҳам тирик, ҳам вфот этган уламоларга ихтилоф қилишга ўтадилар. Ўзлари яшб турган жамиятда, мусулмонлар ичида ўз хилофлари билан келишмовчиликлар, мажаролар келтириб чиқарадилар. Натижада, Ислом ва мусулмонлар зарар кўради.
Мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга амал қилмай, илмини Аллоҳ розилиги учун эмас, уламолар билан можаро қилиш учун, диний саводи йўқлардан ғолиб келиш учун, ўзини кўрсатиш учун ишлатадиганлардан кўп азиятлар чекдилар ва чекмоқдалар. Улар бор куч-ғайратни Ислом даъватига, кишиларни диндор қилишга қаратиш ўрнига, ўзлари қилмагани етмаганидек, Исломга даъват ва хизмат билан машғул уламолар ва даъватчилар билан беҳуда тортишиб, уларни ҳам ишдан қўймоқдалар, одамларни диндан совитишга сабаб бўлмоқдалар.
Инсоф қилишимиз, Аллоҳдан қўрқишимиз керак. Аллоҳ таоло озми-кўпми диний илм берган бўлса, у билан фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлашимиз лозим. Толиби илмлар ниятини поклаши лозим зинҳор турли можароларнинг яқинига ҳам йўламасликлари керак. Дииний саводи йўқ кишилар орасида ўзимизни кўрсатиш учун турли беодоб гап-сўзларни айтмаслигимиз, мақтончоқлик қилмаслигимиз зарур. Шунингдек, илм билан одамларни ўзимизга қаратишга, шуҳрат топишга уринмайлик. Аллоҳ берган илмга тўғри амал қилиб, у билан Аллоҳ таолонинг розилигини топишга ҳаракат қилайлик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом суннатларидан бири дуодир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом .Дуо ибодатдир,, деганлар. Дарҳақиқат, банда чин қалбдан дуо қилар экан, Аллоҳга маънавий давоми...

5681 12:11 / 15.03.2017
Олам ҳозирги кундаахлоқсизлик, разолат ва жиноятнинг кенг тарқалганидан аянчли аҳволда қолди. Бунинг сабаби инсон Аллоҳни эсдан чиқариши, унинг улуғлигини давоми...

3140 05:00 / 13.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймЖуфтжуфт бўлиб истиқомат қилишимиз учун эркак ва аёл қилиб яратган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, шаръий йўл билан оила қуриб давоми...

3094 05:00 / 14.03.2017
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари У зотга, тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда, деб одам юборди. У зот давоми...

4155 05:00 / 13.03.2017