1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Кимнинг Исломи яхши?

12:20 / 15.03.2017 3179 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Амрдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Кимнинг Исломи яхши?» деб сўради. «Таом берганнинг ҳамда таниган ва танимаганга салом берганнинг», дедилар»(Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ривояти).


 Шарҳ: Бир киши Пайғамбаримиздан Исломдаги кишининг энг яхши фазилатлари ҳақида сўради. Ислом ўзи яхши нарса, лекин сўровчи ўша яхши нарсанинг ҳам энг афзали ҳақида сўраган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, Исломдаги одамнинг энг яхши фазилатларидан иккитасини айтиб берганлар. Нима учун айнан шу икки нарсани зикр қилганлар? Уламоларимизнинг айтишларича, бировга яхшилик қилиш, асосан, икки хил бўлади: Биринчиси, моддий яхшилик бўлиб, унинг энг боши бошқаларни таомлантириш. Иккинчиси, маънавий яхшилик бўлиб, унинг боши салом беришдир, деганлар.

Шу билан бирга, савол берилган жой, вақт ва одамларнинг ҳолати ҳам эътиборга олинган. Айниқса, Пайғамбаримиз бошчиликларида саҳобалар янги ҳижрат қилиб келганларида Мадинаи мунавварада очлик ҳукм сурар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда бировга овқат бериш, очнинг қорнини тўйдиришга жуда кўп тарғиб қилганлар. Шунингдек, танигану танимаган одамга салом беришни ҳам лозим санаганлар.

Ислом динининг ушбу икки фазилати ҳақида қанча кўп гапирилса, шунча оз. Чунки бу икки нарса инсониятга кўплаб хайр-барака келтиради.

Оч кишиларга таом беришни диннинг энг афзал амалларидан қилган яна бошқа қайси дин ёки мафкура бор?! Фақат Қуръони карим ўз оятларида очларга таом беришни энг яхши амаллардан бири ҳисоблаган, ўзи муҳтож бўлса-да, таомини мискин, етим ва асирларга бериш мусулмонликнинг олиймақом сифатларидан эканини таъкидлаган. 

Фақат Ислом дини иймон комиллигини очларга таом беришга боғлаган. Ҳа, фақат Исломгина – Аллоҳнинг охирги ва мукаммал динигина шундай қилиши мумкин. Бу ишни иймон даражасига кўтарган, Ислом тарбиясини топган ҳақиқий мусулмонларнинг дунё халқлари тарихида мисли кўрилмаган даражада сахий бўлишлари ҳам шундан. Фақат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорулфунунларида таҳсил кўрганларгина бу ишни қойилмақом қилиб адо этишлари мумкин.

Очарчилик пайти. Мадинаи Мунавварага ҳазрати Усмонга тегишли озиқ-овқат карвони етиб келди. Бозор чаққонлигидан хабардор савдогарлар эрталабдан карвонни ўраб олишди. Ким ошди савдоси бошланди. Бир савдогар бир нархни айт¬ди. Мол эгаси ҳазрати Усмон: «Менга бу нархдан юқори нарх ваъда қилинган», дедилар. Савдогарлар бирин-кетин ўз имконлари етадиган нархларни айтиб чиқишди. Ҳаммасига ҳам ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу: «Менга бу нархдан юқори нарх ваъда қилинган», дедилар. Охири савдогарлар: «Мадинада биздан бошқа савдогар қолмади, ким сенга бундоқ юқори нарх ваъда қилди, ахир?» деб сўрашди. Шунда ҳазрати Усмон: «Аллоҳ таоло: ким очларга таом берса, ўн баробар қилиб савоб бераман, деган. Ҳамма молим Мадина фуқаро ва мискинларига садақа бўлсин», дедилар. Қани, ҳазрати Усмондан бошқа бу ишни ким ҳам қила олади?

Халифа Умари Одил кечаси ҳеч кимга билдирмай одамлар ҳолидан хабар олиб юрарди. Бир аёл овқат топа олмаганидан қозонга қуруқ сув қуйиб, тагига олов ёқаркан: «Сабр қилинглар, ҳозир таом пишади», деб болаларни ухлатишга уринаётганини кўрди. Халифа дарҳол ортга қайтиб Байтулмолдан бир қоп таомни ажратиб, ҳамроҳидан қопни орқалатиб қўйишда ёрдам сўради. Ҳамроҳи: «Эй мўминлар амири, ижозат беринг, юкни мен кўтариб борай», деди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар қиёмат куни ўша оиланинг оч қолгани гуноҳини ҳам  ўрнимга кўтарадиган бўлсанг, бу юкни кўтар, бўлмаса, ўзимга қўйиб бер, ўзим кўтарай», дедилар. Сўнгра қопни ўзлари кўтариб олиб бордилар. Оддий мусулмонлар, ҳатто ўзи овқатга муҳтожларининг ҳам қўлидаги таомини ўзгага тутиши фақат Ислом тарбиясидандир.

«Ассалому алайкум» исломий сўрашиш, исломий табрикдир. Турли халқ, миллат ва элатлар турлича сўрашадилар. Бир-бири билан кўришган одамлар «хайрли эрта», «яхшимисиз», «саодатли бўлинг», каби иборалар орқали ўзаро истак билдирадилар. Лекин ҳеч ким, ҳеч бир тузум, ҳеч бир жамият ёки фалсафа «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу», яъни, «Сизга тинч¬лик, саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракалари бўлсин», деб сўрашишни ўзининг энг афзал ишларидан қилмаган, ибодат даражасига кўтармаган. Таниса-танимаса, кўрган одамига салом берсин, демаган, салом бериш – суннат, алик олиш – вожиб, демаган. Кўринишидан оддийгина бу нарса оламшумул аҳамият кашф этишини мусулмонларгина биладилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳтож кишиларни таом билан таъминлаш энг фазилатли иш экани ва бунга тарғиб.

2. Танигану танимаган мусулмонларга салом беришни йўлга қўйиш зарурлиги.

3. Энг яхши нарсаларни билганлардан сўраб ўрганиш кераклиги.

4. Исломдаги амаллар бир-биридан афзал бў¬лиши.

Ислом дини ушбу ҳадисда кўтарган икки масаланинг ҳикмати қанчалик катта экани бугунги кунимизда яққол намоён бўлмоқда. Дунёда ҳар дақиқада бир қанча гўдаклар, кекса кишилар, эркак ва аёллар очликдан ўлмоқда. Ҳа, айнан таом етишмаганидан ўлмоқда. Аслида эса, улар таом танқислигидан эмас, Ислом етишмаганидан ўлмоқда. Чунки Исломдан бехабарлар, Исломга амал қилмайдиганлар шунча одам очдан ўлаётган бир пайтда, уларга ўхшаганлардан бир неча марта кўп одамга етиб-ортадиган таомни исроф қилиб, ташлаб юборишмоқда. Савдогарлар нарх тушмасин, деб ортиб қолган таомларини камбағалларга бермай, бошқа йўл билан йўқ қилишмоқда. Очларга таом бериш ҳақидаги хабарларнинг кўпи сохта, риё учун қилинаётган ташвиқот, холос. Исломсиз бу муаммони ҳал қилиш қийинлиги кундан-кунга ойдинлашиб бормоқда.

Салом бериш ва ундан кўзланган мақсадлар ҳам бугунги кунимизнинг жуда муҳим масаласидир. Кишилар бир-бирлари билан яхши муносабатда бўлишлари зарур. Бир-бирлари билан ҳар кўрганда саломлашиб, бир-бирларига тинчлик-омонлик, саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракасини сўраб туришлари, тинч-тотув, дўст-биродар бўлиб яшашлари лозим.


(“Ҳадис ва Ҳаёт”, 2-жилд, 166-168-бетлар).



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Толиби илм бор имкониятини такрорлаш ва ёдлашга қаратиши лозим. Унинг учун энг муҳим нарса олаётган илмини ёд олишидир. Халил ибн Аҳмад раҳимаҳуллоҳ толиби илм давоми...

2656 05:00 / 14.03.2017
Фитрат аҳли икки пайғамбар даъвати орасида яшаб ўтган кишилардир. Улар ўзларига даъват етиб бормагани учун ҳеч қайси пайғамбарга иймон келтирмаган ҳолда ўлиб давоми...

3297 05:00 / 13.03.2017
Қозилик дейилганда бугунги истилоҳимизга ажнабий тилдан кириб қолган .суд, калимаси тушинилади.Биз ҳозир барча қозилар ва қозилик ҳақида китоб ёзганлар учун давоми...

4112 05:00 / 13.03.2017
Бунда илмни охират учун талаб қилган ва ишлатган содиқ олимлар кўзда тутилади. Қадимдан охират уламолари қандай бўлишлари ҳақида баҳслар бўлиб келган. Улардан давоми...

3453 05:00 / 13.03.2017