1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Уч масжид

05:00 / 13.03.2017 6132 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади: Менинг ушбу масжидимга, Масжидул Ҳаромга ва Масжидул Ақсога», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: «Кўч боғлаб бориш» дегани Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун тайёргарлик кўриб, кўч кўронини олиб сафар қилиш, дегани.
Демак, зиёратидан савоб умид қилиб, алоҳида ният қилиб сафар қилиши мумкин бўлган масжид учта экан.

Мадинаи Мунавварадаги Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари.
Маккаи Мукаррамадаги Масжидул Ҳаром.
Қуддус шарифдаги Масжидул Ақсо.

Бу мазкур уч масжиднинг фазли нақадар юксак эканини кўрсатади.
Шу билан бирга бошқа жойларда, масжидларга кўч боғлаб бориш йўқлигини билдиради.
Аллоҳга шукрлар бўлсинким, ҳозирги кунимизда ўн бешинчи ҳижрий асрнинг бошида «Масжидул Ҳаром» ва «Масжидул Набавий»га мусулмонларнинг кўч боғлаб боришлари, улардаги файзу баракотлардан баҳраманд бўлишлари яхши даражада йўлга қўйилган.
Аммо афсуслар бўлсинким, «Масжидул Ақсо» ҳақида бундоқ дея олмаймиз.

ҲАРАМИ МАККИЙ ФАЗЛИ ҲАҚИДА

Аллоҳ таоло: «Иброҳимнинг: «Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин», деганини эсла», деган.
Ушбу оятда Иброҳим алайҳиссалом тилларидан, Байтуллоҳнинг омонлик маскани бўлиши хабари келяпти. Аммо, одобли, сермулаҳаза Пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг мукофотини мўминларгагина сўрамоқдалар.
«Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин», демоқдалар.
Аллоҳ таоло бу дуони қабул айлаган. Ҳозиргача ҳарами шариф дунёнинг энг омон нуқтаси бўлиб келмоқда. Ҳозиргача ҳарами шариф ўзида мевалар ўсиши шароити бўлмаса ҳам дунёнинг энг мева сероб нуқтаси бўлиб келмоқда.

Аллоҳ таоло: «Мен ушбу шаҳарнинг Робби, уни ҳаром қилган зотга ибодат қилишга амр этилдим, холос. Ҳамма нарса Уникидир. Ва мусулмонлардан бўлишга амр этилдим», деган.
Бошқа гап йўқ. Менга амр қилинган нарса битта. У ҳам бўлса, ушбу Макка шаҳарининг Роббига, уни ҳаромга айлантирган зотга–Аллоҳгагина ибодат қилишдир.
У ҳамма нарсага эга бўлган зотдир.
«Ва мусулмонлардан бўлишга амр этилдим».
Бу ҳам ҳарами шарифнинг шараф улуғлигини яна бир бор таъкидламоқда.

Аллоҳ таоло: «Биз уларга омонлик ҳарамини макон қилиб бермадикми?! У ерга ҳар нарсанинг мевалари Бизнинг даргоҳимиздан ризқ ўлароқ йиғилади-ку! Аммо кўплари билмаслар», деган.
Ушбу оятда бутунлай Ислом йўлида юришдан ўзини олиб қочганларнинг баҳонаси келтирилиб, муноқаша қилинмоқда.
«Биз уларга омонлик ҳарамини макон қилиб бермадикми?!» демоқда.
Аллоҳ таоло Маккаи Мукаррамани ҳарам қилиб қўйди. У ерда уруш қилиш, ҳатто қурол кўтариб юриш мумкин эмас. Мушриклар нимадан қўрқадилар ўзи? Ҳарамнинг ҳудудида туриб, ҳидоятга эргашсак, еримиздан ҳайдалишимиздан қўрқамиз, дейдиларми? Шунингдек, Ислом ҳукми жорий бўлган ҳар бир жойда тинчлик-омонлик ҳукм сурган, одамлар узоқ жойларга сафар қилганларида ҳайвонлари ҳам омонда бўлган. Энди эса, Исломга амал қилсак, у бўлишидан қўрқамиз, унга амал этсак, бу бўлишидан қўрқамиз, дейдиларми?
«У ерга ҳар нарсанинг мевалари Бизнинг даргоҳимиздан ризқ ўлароқ йиғилади-ку!»
Ҳеч нарса унмайдиган Маккага дунёдаги ҳамма ризқ тўлиб тошиб турадиган қилиб қўйилган-ку! Нимага энди аҳли Макка, ҳидоятга эргашсак, у бўлади, бу бўлади, деб баҳона қиладилар?
Шунингдек, Ислом шариати тўлиқ амалда бўлган мусулмонлар диёрида закот оладиган (муҳтож) одам топилмай қолиб, уламолар нима қилишни билмай бошлари қотган. Бу дегани, мусулмон юртда яшаётган кишилар ҳаммаси закот берадиган даражада бой бўлишган, деганидир. Энди нимага, Исломга амал қилинса у бўлади, бу бўлади, деб одамлар қўрқитилади? Чунки бу ҳақиқатларни билган билади, холос.
«Аммо кўплари билмаслар».
Ана ўша билмаганлар ишни расво қилиб келмоқдалар. Хўш, Исломдан ҳадиксираб, унга амал этсак, хавф-хатарда қоламиз, маишатимиз бузилади, деган одамларнинг оқибатлари нима бўлган эди?
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Хузоъаликлар Макка фатҳи йили Бани Лайсдан бир кишини улар қатл қилган бир одамнинг ўчини олиш учун қатл қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда хабар қилинди. Бас, у зот уловларига миндилар ва хутба қилиб: «Албатта, Аллоҳ Маккадан филни тутиб қолди ва унга Ўз расулини ва мўминларни султонли қилди. Огоҳ бўлинглар! Албатта, у мендан олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган ва мендан кейин ҳам зинҳор ҳеч кимга ҳалол бўлмагай. Огоҳ бўлинглар! У мен учун наҳордан бир соат ҳалол қилинди, холос. Огоҳ бўлинглар! Албатта, у бу соатимда ҳаромдир. Унинг тикони юлинмас ва дарахти кесилмас», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Ови ҳуркитилмас, тушиб қолган нарсасини, эгасини изловчидан бошқа ололмас. Кимнинг қатл қилинган ўлиги бўлса, унинг икки нарсадан хоҳлаганини қилишга ҳақи бор. Ёки унга (дия) берилади, ёки қасос олинади», дедилар.
Шунда аҳли Ямандан бўлган Абу Шоҳ деб номланадиган бир киши туриб: «Менга ёзиб беринг! Эй Аллоҳнинг расули!» деди.
«Абу Шоҳга ёзиб беринглар», дедилар.
Кейин Қурайшдан бир киши: «Илло Изхир бундан мутасно. Биз уни уйларимиз ва қабрларига қўямиз», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илло Изхир бундан мутасно», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда зикри келаётган ҳодисалар Макка фатҳига оиддир. Ҳудайбия сулҳида «ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шартномасига қўшилмоқчи бўлса қўшилавериши, шунингдек, ким Қурайшнинг шартномасига қўшилмоқчи бўлса қўшилаверишига келишилган эди. Ана ўша бандга биноан Бани Лайс Қурайшнинг, Хузоъа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шартномасига қўшилган эдилар.
Бани Лайс билан Хузоъанинг ўртасида қадимги адоват бор эди. Исломдан олдин улар бир бирлари билан урушиб юрар эдилар. Ислом келгандан кейин бу адоват тўхтаган эди. Ҳудайбия сулҳи тузилгандан кейин бу икки қабила бир-бирига қарши икки томонга шерик бўлиб душманликлари яна янгиланди.
Бани Лайс қабиласи пайтдан фойдаланиб Хузоъадаги эски ўчини олмоқчи бўлди. Хузоъаликлар ўз сувхоналарида машғул бўлиб турганларида Бани Лайс одамлари уларга тўсатдан ҳужум қилиб бир неча кишини ўлдирдилар. Тўс-тўполон бўлиб орада уруш чиқди. Қурайш ўз шартномадоши Бани Лайсга қурол етказиб берди. Қурайшнинг кўзга кўринган одамлари кечаси билдирмай бориб урушда шахсан иштирок этдилар. Хузоъаликлар ҳарамга қараб қочдилар. Ҳарамга етиб борганларидан кейин Бани Лайсликларнинг баъзилари:
«Энди ҳарамга кирдик. Худодан қўрқинглар! Худодан қўрқинглар!» дейишди. Бошқалари эса: «Бугун Худо йўқ! Эй Бани Лайс ўчингизни олиб қолинг! Бундан кейин қулай фурсат келмайди!» деди.
Мазкур ҳодисалардан кейин Хузоъа қибиласининг одамларидан Амр ибн Солим ал-Хузоъий ўз қабиласидан қирқ отлиқ билан Мадийнаи Мунавварага қараб йўл олди. У тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб тик турган ҳолда байт ўқиди. Унда у У зотга ўзлари билан Хузоъа ўртасида шериклик шартномаси борлигини эслатиб ёрдам сўради. Қурайш у зот билан тузган сулҳни бузганлигини, сувхонага келиб рукуъ ва саждада турган кишиларни қатл қилганларини айтди. У зот:
«Сенга нусрат берилур, эй Амр ибн Солим!» дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Солимга ёрдам берилиши ҳақида гапирган бўлсалар ҳам ҳақиқатни текшириб, гапнинг ростини текшириб кўрдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшга одам юбориб хабарни айтдилар ва уларни уч нарсада бирини танлашга чақирдилар;
Хузоъалик ўлдирилган кишиларнинг хунини тўлаш.
Аҳдбузарларни-Хузоъага қарши ҳужум уюштирган Бани Лайсликларни ўз шериклигидан чиқариш.
Аҳдни бузиб уруш ҳолига ўтиш.
Уларнинг бошлиқларидан бири аҳдни бузиб уруш ҳолига ўтишни ихтиёр қилганларини айтиб жавоб берди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга тайёргарлик ҳақида амр бердилар. У зот бу ишни сир тутиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.
Саккизинчи ҳижрий сананинг Рамазон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнадан чиқиб Макка томон йўл олдилар. У зотнинг лашкарлари ўн минг кишидан иборат эди.
У зот юриб бориб «Марриз Заҳрон» номли жойга тушдилар. Қурайш бўлаётган ишлардан бехабар эди. Аллоҳ таоло бу ҳақда унинг кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйган эди.
Анашу ҳаракатлар жараёнида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ривоятда зикри келаётган хутбани ҳам қилганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ Маккадан филни тутиб қолди» деганларида қуйидаги ҳодисаларни кўзда тутганлар:
У зот алайҳиссаломнинг туғилган йиллари Яман ҳокими Абриҳа Каъбани бузиб ташлаб ҳаммани ўз черковига буришни қасд қилди. Шу мақсада катта аскар тўплади, урушга керак бўладиган барча нарсаларни олди, арабларнинг қалбига даҳшат солиш учун кўплаб филларни ҳам олди ва Маккага қараб юрди. Йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамай Тоиф шаҳри тарафидан Маккага яқинлашиб, ал-Миғлас деган жойга аскари билан келиб тушди. Абриҳа аскару филларини тўплаб Каъбани бузишга юрмоқчи бўлди. Лекин филлар ётиб олиб ҳеч ўринларидан турмади. Бошқа тарафга буришса фил тезлаб борди, лекин яна Макка тарафга буришса, ётиб олаверди.
«ва унга Ўз расулини ва мўминларни султонли қилди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаи киромларга Мадийнадан Маккага юриш қилиб бу муқаддас шаҳарни фатҳ қилиш имконини берди.
«Огоҳ бўлинглар! Албатта, у мендан олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган ва мендан кейин ҳам зинҳор ҳеч кимга ҳалол бўлмагай».
Маккада қурол кўтариб юриш, душманларни ўлдириш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган.
«Огоҳ бўлинглар! У мен учун наҳордан бир соат ҳалол қилинди, холос».
Ўша куни ҳижратнинг саккизинчи йили Рамазон ойининг йигирманчи куни эди.
«Огоҳ бўлинглар! Албатта, у бу соатимда ҳаромдир. Унинг тикони юлинмас ва дарахти кесилмас», дедилар».
Унда нафақат уруш қилиб бўлмас, балки бошқа бир қанча ишларни қилиш ҳам ҳаромдир. Жумладан, ҳарами шарифнинг тиконини юлиш ва дарахтини, агар бирорта охни бўлса ҳам, кесиш ҳаромдир.
«Ови ҳуркитилмас, тушиб қолган нарсасини, эгасини изловчидан бошқа ололмас».
Ҳарами шариф ҳудудида яшайдиган ов ҳайвонларини нафақат ўлдириш балки ҳуркитиш ёки парандаларининг тухумини олиш ҳам мумкин эмас. Шунингдек, ҳарами шариф ҳудида тушиб қолган нарсаларни ҳам олиш мумкин эмас. Фақат ўша нарсани йўқолганини эълон қилиш ва эгасини ахтариш маъносидагина олса бўлади.
«Кимнинг қатл қилинган ўлиги бўлса, унинг икки нарсадан хоҳлаганини қилишга ҳақи бор. Ёки унга (дия) берилади, ёки қасос олинади»
Бу барча ерларда баробар амал қилинадиган ҳукмдир.
«Шунда аҳли Ямандан бўлган Абу Шоҳ деб номланадиган бир киши туриб:
«Менга ёзиб беринг! Эй Аллоҳнинг расули!» деди.
«Абу Шоҳга ёзиб беринглар», дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунлари одамларга гапириб бўлганларидан сўнг, яманлик Абу Шоҳ исмли киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менга ёзиб беринг», деган.
У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган гапларни ҳужжат сифатида ўз ҳузурида ёзилган ҳолда сақланиб туришини хоҳлаган. Аммо ўзи ёзишни билмаганидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёзиб беришни сўраган. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Шоҳнинг фикрини тасдиқлаганлар ва ёзишни биладиган саҳобларга ёзиб беришни амр қилганлар. Демак, илмни сақлаш учун, ёзиб, қайд қилиб қўйиш яхши экан. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқлаган, амр қилган нарса экан.
Ушбу ҳадисга амал қилиб, илмни илмий баҳс ва китоб шаклида ёзиб бориш мусулмонлар учун жуда ҳам зарур бўлган, улар шунга қатъий амал қилганлар. Бир замонлар дунёнинг ҳеч бир жойида ўқиш-ёзиш бўлмаганда мусулмон юртларда ҳамма ёзишни билган.
«Кейин Қурайшдан бир киши:
«Илло Изхир бундан мутасно. Биз уни уйларимиз ва қабрларига қўямиз», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Илло Изхир бундан мутасно», дедилар».
Ўша киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу бўлганлар. Шундоқ қилиб ҳарами шариф ҳудудидаги изхир дарахтини кесишга истисно тариқасида изн берлган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни: «Ҳижрат йўқдир. Лекин жиҳод ва ният бордир. Қачон сиздан қўзғолиш талаб қилинса, қўзғолинг. Албатта, бу юртни Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган куни ҳаром қилган. У қиёмат кунигача Аллоҳнинг ҳурмати ила ҳаромдир», дедилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда: «Сизлардан бирортангизга Маккада силоҳ кўтариш ҳалол эмас», дейилган.
Шарҳ: Макка фатҳ қилинишидан олдин шаҳар аҳолисидан мусулмон бўлганларига Мадийнага ҳижрат қилиш вожиб эди. Макка фатҳ бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
«Ҳижрат йўқдир», деган эълонни қилдилар. Чунки, энди Макка ҳам мусулмонлар юртига айланган эди.
«Лекин жиҳод ва ният бордир. Қачон сиздан қўзғолиш талаб қилинса, қўзғолинг».
Жиҳод ва ният бардавом бўлади. Уларнинг вожиблиги ҳижратга ўхшаб вақтинчалик бўлмайди.
«Албатта, бу юртни Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган куни ҳаром қилган. У қиёмат кунигача Аллоҳнинг ҳурмати ила ҳаромдир»
Шунинг бу юртнинг ҳурматини сақлаш ҳар бир мўмин мусулмоннинг муқаддас бурчидир.
«Сизлардан бирортангизга Маккада силоҳ кўтариш ҳалол эмас»
Чунки, Маккага силоҳ ишлатиш ҳаромдир. Аммо эҳтиёт чораси сифатида олиб юрса бўлади.

Абу Шурайҳ ал-Адавий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Маккага аскарларни юбораётган Амр ибн Саъидга: «Эй амир, менга изн бер. Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳининг эртасига айтган гапларини айтиб берай. Уни икки қулоғим эшитган ва қалбм жо қилиб олган. Уни гапирган чоғларида икки кўзим у зотни кўрган. У зот Аллоҳга хамду сано айтдилар ва сўнгра: «Албатта, Маккани Аллоҳ ҳаром қилгандир. Уни одамлар ҳаром қилмаган. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган одам учун унда қон тўкиш ҳалол эмас. Унда дарахтни кесмас. Агар бирортаси расулуллоҳнинг унда қитол қилганларини баҳона қилиб ўзига рухсат топса, унга, Аллоҳ Ўз расулига изн берган сизларга изн берган эмас, денглар. Албатта, Аллоҳ менга унда наҳордан маълум соатга изн берган, холос. Бугунги кунда унинг ҳурмати худди кечаги кунгидек қайтди. Бас, шоҳид ғоибга етказсин», дедилар. 
Абу Шурайҳга: «Ўшанда Амр сенга нима деди?» дейилди.
«Мен уни сендан кўра яхши биламан. Эй Абу Шурайҳ! Албатта, ҳарам осийни паноҳига олмас. Қон тўкиб қочганни ҳам. Хиёнат қилиб қочганни ҳам», деган», деди.

Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда зикри келаётган ҳодисалар ва гап тортишишлар Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Язийд ибн Муовияга байъат қилмай Маккада ўз ҳукмини ўрнатганидан кейин Язийднинг фармонига биноан унинг Мадийнадаги амири Амр ибн Саъид Абдуллоҳ ибн Зубайрга қарши уруш қилиш учун Маккага аскарлар юбораётган бир пайтда бўлиб ўтган. Ўшанда Абу Шурайҳ розияллоҳу анҳу Маккага аскар юборилишига эътироз билдириб бу иш шариатга хилоф эканлигини баён қилишга уринган. 

ْАбдуллоҳ ибн Адий ибн Ҳамро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳазварада туриб олиб: «Аллоҳга қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши ерисан ва Аллоҳнинг Ўзига энг маҳбуб ерисан. Агар мен сендан чиқарилмаганимда чиқмасдим», деганларини эшитдим».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага: «Сен мен учун қандоқ ҳам хушҳол ва маҳбуб юртсан. Агар қавмим мени сендан чиқармаганларида сендан бошқа ерни маскан тутмас эдим», дедилар». 
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу икки ҳадиси шарифдан Маккаи Мукарраманинг фазли қанчалар улуғ эканини яна бир бор билиб оламиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муқаддас шаҳарнинг фазлини Аллоҳ таолога қасам ичиш ила таъкидламоқдалар. Бунинг устига у зот алайҳиссалом Маккаи Мукаррамага нисбатан бўлган ўз муҳаббатларини ҳам энг гўзал иборалар билан изҳор этмоқдалар.
«Аллоҳга қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши ерисан ва Аллоҳнинг Ўзига энг маҳбуб ерисан».
Демак, Маккаи Мукаррама энг аввал Аллоҳ таоло учун энг маҳбуб ер. Қолаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун энг маҳбуб ер.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамадан чиқиш истаклари мутлақо бўлмаса ҳам, у ернинг аҳли у зотни чиқишга мажбур қилганлари учунгина чиққанлар. Манашуларнинг барча Маккаи Мукарраманинг фазли қанчалар улуғ эканлигига ёрқин далилдир.

МАККАГА ЭҲРОМСИЗ КИРИШ ЖОИЗ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ йили Маккага бошларида дубулға билан кирдилар. У зот уни ечган чоғларида бир киши келиб «Ибн Хотал Каъбанинг пўшишига осилиб турибди», деди.
«Уни қатл қилинглар!» дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилганларида унга эҳромсиз кирганларини билиб оламиз. Чунки, бошларига дбулға кийганларидан кейин эҳромсиз бўлишлари турган гап. Умуман фатҳ куни саҳобалардан бирорталари ҳам эҳром киймаганлари маълум ва машҳур. Аммо бу кириш оддий кириш эмас, жанг эҳтимоли катта бўлиб турган ҳолдаги киришдир.
Ушбу ривоятда номи зикр этилаётган Ибн Хотал жоҳилият пайтида Абдул Уззо деб аталар эди. У мусулмон бўлганидан кейин номи Абдуллоҳ деб ўзгартирилганди. Аммо бир муддат ўтганидан кейин у муртад бўлиб Исломдан чиқди. Ўзининг ходими бўлган мусулмон одамни қатл қилди. Аммо энг ёмони у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳажв қилар эди. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Ибн Хотални қатл қилиш ҳақида амр берган эдилар. Бу муртад эса тирик қолишни умид қилиб Каъбанинг пўшишига осилиб олди. Саҳобалардан Назла ибн Убайд келиб:
«Ибн Хотал Каъбанинг пўшишига осилиб турибди», деди».
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни қатл қилинглар!» дедилар».
Ибн Хотални қатл қилишда Назла ибн Убайд розияллоҳу анҳуга Саъид ибн Ҳарийс розияллоҳу анҳу ёрдам берди.
Манашу ҳадиси шарифни далили қилиб Шофеъий мазҳаби, ҳарамда жиноятчини жазоласа бўлади, дейдилар.
Аммо Ҳанафий мазҳабидагилар, бу ҳодиса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳарами шариф ҳалол қилинган соатда бўлган. Бошқа вақтда ҳарамда жиноятчини жазолаб бўлмайди, дейдилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага бошларида қора салла ила эҳромсиз кирдилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ривоят ҳам фатҳ Маккадаги кириш ҳақида сўз юритмоқда. Буни ҳам Шофеъий мазҳаби далил қилиб олган ва, Маккага эҳромсиз кирса бўлади, деган.
Аммо бошқа уч мазҳаб, жумладан, ҳанафий мазҳаби, ҳарами шарифга эҳром билан кириш вожибдир. Чунки байтуллоҳ ибодат учун халқ қилинган, дейдилар.

ЗАМЗАМ СУВИДАН ИЧИШ ВА ОЛИБ КЕТИШ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичиш учун Замзам тутдим. Бас, у зот тик турган ҳолларида ичдилар».
Осим айтди: «Икрима, у зот ўша куни туянинг устида эдилар», деб қасам ичди.
Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
ِМуслимнинг лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Замзамдан, пақирда ва тик турган ҳолларида ичдилар», дейилган.
Шарҳ: Шунинг учун бўлса керак ўлкамизда Замзамни тик туриб қиблага қараган ҳолда ичиш одат бўлган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «У киши ўзлари билан Замзам сувини кўтариб оларди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан кўтариб олишлари ҳақида хабар берарди».
Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Худди шунга амал қилиб бугунги кунгача миллионлаб мусулмонлар Замзамдан ўз юртларига кўтариб олиб кетадилар. .

1580. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир», дедилар».
Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳибон ривоят қилган.
Шарҳ: Яъни, Замзамни ким нима ният билан ичса, ўша ниятига эришади. Бу ҳақиқатни кўпчилик мухлис кишилар ўз тажрибаларидан ўтказганлар.
Имом Дора Қутний ва ал-Ҳокимлар келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир. Уни шифо талабида ичсанг, Аллоҳ сенга шифо беради. Уни паноҳ талабида ичсанг, Аллоҳ сенга паноҳ беради. Агар уни чанқоғингни кесиш учун ичсанг, Аллоҳ чанқонғингни кесади. Агар уни тўйиш учун ичсанг, Аллоҳ сени тўйдиради. У Жаброилнинг ишорасидир. У Исмоилнинг ичимлигидир», дейилган.

ЗАМЗАМНИНГ ТАРИХИ

Замзамнинг тарихини ўрганишни имом Бухорий ўзларининг Жомеъус Саҳиҳ китобларининг «Бадъул халқ» бобида ривоят қилган ҳадиси шарифдан иқтибос келтириш билан бошлаймиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аёллардан биринчи бўлиб белбоғ боғлаш Исмоилнинг онаси томонидан бўлган. У Сорага бўлган ўзининг таъсирини кетгазиш учун белбоғ боғлаган.
(Ўша вақтда фақат хизматкорлар белбоғ боғлашар эди. Биби Ҳожар биби Соранинг олдида ўзини у билан тенг кундош эмас, балки унинг хизматкори қилиб кўрсатиш учун шондоқ қилганлар.)
Сўнгра Иброҳим уни ва унинг эмизаётган ўғли Исмоилни олиб келиб, байтнинг ўрнига қўйиб кетган. Замзам устидаги катта дарахт остига. Масжиднинг юқори тарафига. Ўша пайтда Маккада бирор киши ҳам, сув ҳам йўқ эди.
У икковларининг олдиларига бир хурмоси бор халта ва сувли меш қўйди. Сўнгра Иброҳим ортига қайтиб кетди. Исмоилнинг онаси унга эргашиб:
«Эй Иброҳим! Бизни инс ҳам йўқ, жин ҳам йўқ, бирор нарса ҳам унмайдиган водийга ташлаб қаёққа кетмоқдасан?!» деди. У буни бир неча марта такрорлади. У эса унга ўгрилиб қарамас эди. Шунда:
«Аллоҳ сени шунга амр қилдими?» деди.
«Ҳа», деди.
«Ундоқ бўлса бизни зое қилмайди», деди-да ортига қайтди.
Иброҳим эса ўз йўлида давом этди. Қачонки у тепалик йўлидан ўтганида, улар уни кўрмайдиган бўлганда байтга юзланиб ўша калималар ила дуо қилди ва икки қўлини кўтарди:
«Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимдан, Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим», деб айтди.
Исмоилнинг онаси Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ичиб турди. Мешдаги сув тамом бўлганда чанқай бошлади. Ўғли ҳам чанқади. Унга қараса, у тўлғаниб типирчилар эди. Унга назарим тушмасин деб юриб кетди. У ўзига энг яқин бўлган тоғ Сафони кўрди. Унинг устига чиқиб, бирор кишини кўрармиканман деб водий томон назар сола бошлади. Ҳеч кимни кўрмади. Кейин Сафодан тушди. Водийга етганида кўйлагининг этагини кўтариб қаттиқ ҳаракат қилган инсондек саъйи қилиб водийдан ўтди. Сўнгра Марвага келди. Унинг устига чиқиб, бирор кишини кўрармиканман деб водий томон назар сола бошлади. Ҳеч кимни кўрмади. Етти марта ана шундоқ қилди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Пайғамбар:
«Ана ўша одамларни иккиси орасидаги саъйидир», дедилар», деди.
У Марвага чиққан пайтида бир овоз эшитди. Ўзига ўзи, жим, деди. Сўнгра қулоқ осди. Яна ўша овозни эшитди.
Шунда у:
«(Овозингни) эшитдирдинг. Агар имконинг бўлса менга ёрдам бер», деди. У қараса Замзамнинг ўрнида фаришта турибди. Товони ила ёки қаноти ила излаяпти. Охири сув чиқди. У(Ҳожар) сувни тўса бошлади. Икки қўли билан бундоқ қилиб ҳовучлаб олиб, мешга қуя бошлади. Ҳовучлаб олгандан кейин у яна отилиб чиқар эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ Исмоилнинг онасини раҳмат қилсин. Агар Замзамни тек қўйганида ёки сувни ҳовучлаб олмаганида Замзам кўриниб турадиган булоқ бўлар эди», дедилар.
У ичди ва боласини эмизди. Фаришта унга:
«Зое бўлишдан қўрқма. Бу ерда Байтуллоҳ бор. Уни манави бола ва унинг отаси бино қилади. Албатта, Аллоҳ Ўз аҳлини зое қилмайди», деди.
Байтнинг ўрни тепаликка ўхшаш кўтарилган ер эди. Селлар келса ўнг ва чап томонларидан ўтиб кетар эди. Ана шундоқ давом этди.
Бир вақт Журҳумдан ёки журҳум аҳли байтидан бир гуруҳ рафиқлар Кадаа йўлидан келиб, ўтиб қолдилар. Улар Макканинг паст томонига тушдилар. Бас, айланиб учаётган қушни кўрдилар. Улар, албатта. Бу қуш сув бор жойда айланади, бу водийда билишимизча сув йўқ эди, деб бир ёки икки одамни юбордилар. Улар қайтиб келиб сувнинг хабарини бердилар. Улар борсалар, сув олдида Исмоилнинг онаси турибди. Улар:
«Сенинг ҳузурингга тушишимизга изн берасанми?» дедилар.
«Майли. Лекин сувда сизларнинг ҳаққингиз йўқ», деди.
«Хўп», дедилар.
Бу нарса Исмоилнинг онасига ёқиб тушди. У унси улфатни хуш кўрарди. Улар ўша ерга тушдилар. Аҳлларига ҳам одам юбордилар. Улар ҳам келдилар. Улардан бир қанча аҳли байтлар бўлди. Бола йигит бўлди. Улардан арабчани ўрганди. У йигит бўлиб уларнинг кўзига нафис кўринди, уларга ёқиб қолди. У вояга етганида уни ўзларидан бир аёлга уйлантиришди. Исмоилнинг онаси вафот этди».
Кейинчалик Журҳум қабиласи Аллоҳ таолога гуноҳ ва Байтуллоҳга ҳурматсизлик қилгани учун. Замзам суви қуриди ва қудуқнинг ўзи кўмилиб кетди.
Замонлар ўтди. Авлодлар бирин-кетин келиб кетди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Абдулмутталиб бир куни Каъбаи Муаззаманинг ёнида ухлаб ётганида тушида биров келиб:
«Тийбани ковла», деди.
«Тийба нима?» деди Абдулмутталиб.
Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғоиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги шахс тушига кириб:
«Баррани ковла», деди.
«Барра нима?» деди Абдулмутталиб.
Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғоиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги шахс тушига кириб:
«Мазнунани ковла», деди.
«Мазнуна нима?» деди Абдулмутталиб. Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғоиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги шахс тушига кириб:
«Замзамни ковла», деди.
«Замзам нима?» деди Абдулмутталиб.
«У ҳеч қуримас ва ёмонланмас. Кўп ҳожиларни суғорур. У тезак ва қон бор жойда. Қарға ер чўқиятган жойда. Чумоли бор жойда», деди.
Абдулмутталиб уйқусидан туриб бориб одамлар ҳайвонларини сўядиган жойни, ҳозирги Замзам қудуғи ўрнини, топди. У ерда қарға ер чўқиб турар, чумоли ғиззиллаб юрар эди.
Абдулмутталиб ўша ерни қазий бошлади. Ўша пайтда фақат биргина ўғли, ал-Ҳорисгина бор эди. Ўзи ёлғиз оғир ишни амалга оширишда жуда қийланди. Лекин бор кучини ишга солиб, тишини-тишига босиб жон-жаҳди билан ер қазиди. Унинг учун бу ишнинг охири кўриниши, сув чиқиши қийинга ўхшаб кетди. Ўшанда ўзига ёрдам берадиган ўғиллари йўқлигидан ўксиди. Агар Аллоҳ таоло менга ўн дона ўғил берса улардан бирини Унинг йўлида қурбонлик қиламан, деб назр атади.
Аммо Абдулмутталиб азиматли инсон эди. У мақсади йўлида ҳар қандай ишни қилишга, ҳар қандай машаққатга дош беришга одатланган эди. Шунинг учун ҳам унга ўзининг ёлғизлиги ҳам, ишнинг оғирлиги ҳам таъсир қилмади. Ҳеч бўшашмай ер ковлашда давом этди. Қурайшликлар эса, қани нима бўлар экан, деб узоқдан кузатиб турар эдилар.
Абдулмутталиб сувни кўрганда, «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтди. Қурайшликлар уни ўз мақсадига эришганини англадилар. Абдулмутталиб қазишда давом этиб қудуқ атрофидан Исмоил алайҳиссаломдан қолган табаррук нарсаларни ҳам бирин-кетин топа бошлади. У ҳар бир нарсани топганда такбир айтар эди. Қурайшликлар эса уни яна бир нарсага эришганини билишар эди.
Абдулмутталиб Замзамни қайта ковлаб битирганидан кейин қурайшликлар унга эгалик қилишда шерик бўлмоқчи бўлдилар. Улар Абдулмутталибга, «Бу Исмоилнинг қудуғи, шунинг учун унга эгалик қилишда биз ҳам сенга шерик бўлишимиз керак», дедилар.
Абдулмутталиб эса бўш келмади. Буни менинг ўзим қазидим, менинг ўзим эгалик қиламан, деди.
Қурайшликлар Абдулмутталибнинг яхшилигини билганларидан, ўзларига ҳам Замзамдан фойдаланишга ижозат беришига ишонганларидан гапларидан қайтдилар.
Дарҳақиқат, ҳаммалари Замзам сувидан ичиб, баракасидан баҳраманд бўлдилар. Ҳаммалари бу ишдан хурсанд бўлдилар. Ўзларига иззат ва каромат қайтиб келганидан мамнун бўлдилар. Чунки, Замзам Исмоил алайҳиссалом, у кишиниг оталари Иброҳим алайҳиссалом ва оналари Биби Ҳожарларга тегишли нарса эди. У зотлар эса арабларнинг фахри эди.
Асрлар давомида Замзам қудуғига бир неча бор ўзгаришлар бўлди. Улардан баъзиларини эслаб ўтмоғимиз мумкин.
Халифа Ҳорун Рашид даврида уни бир неча аршин чуқурроқ қилиб қазилди. Халифа Маҳдийнинг даврида ҳам шунга ўхшаш иш қилинди.
Халифа Амийннинг даврида қудуқнинг чуқурлиги қирқ аршинга етди.
Халифа Муътасимнинг давригача Замзам қудуғининг усти очиқ бўлган. Кейин унинг усти ёпилган. Вақт ўтиши билан бошқа ўзгаришлар ҳам киритилган.
Саудийлар даврида кўпгина ишлар қилинди ва қилинмоқда. Тавоф майдонини кенгатириш бўйича биринчи ишлар олиб борилаётган 1377 ҳижрий санада Замзам уйини тамоман бошқача қилинди. Тавоф қилувчиларга қулайлик туғдириш мақсадида Замзам уйини ер остига олинди. Унинг устидан ҳам тавоф қилиш йўлга қўйилди. Қудуқнинг ўзига тамин бетондан девор қилиниб устига мармар қопланди.
1399 ҳижрий санада, иккинчи кенгайтириш ишлари олиб борилаётганла Замзам қудуғининг чуқурлиги ўн саккиз метр, олтмиш сантиметр эди.
Аббосий халифалар даврида Замзам сувини қудуқдан тортиб олиб усти очиқ ҳавзларга қуйилар ва улардан одамлар олишар эди. Кейинчалик сув сақланадиган омборларга жўмраклар қўйилди. Замзамчилар мешкобларда одамларга сув тарқатадиган бўлди.
1383 ҳижрий санадан бошлаб Замзамни моторда тортиб олиш йўлга қўйилди. Ҳарами шарифнинг остига тортилган сувни тўплаб, совутадиган марказ қилинди. Ўша марказ Марванинг остида. Марказ ва унга тегишли барча нарсалар сўнгги замонавий асбоб ускана ва комютерлар билан жиҳозланган. Марказдаги сувга Замзамнинг ўзидан қилинган муз қўшилади. Сўнгра ҳамма тарафларга тарқатилади. Ҳозирда ҳарами шарифнинг ўзида етти юз ўттиз учта жумракдан сув ичиш мумкин. Бунинг устига саккиз мингта махсус катта термослар ҳам доимий равишда Замзамга тўлғизиб турилади.
Аммо Замзам тарқатиш шу билан кифояланиб қолмайди. Ҳарами шарифдан узоқроқ жойларга Замзамни идишларда олиб кетиш учун марказлар қилинган. Улардан милёнлаб ҳожи ва умрачилар кўтарганларича олиб кетмоқдалар. Сув ташиш машиналари тинмай Мадийнаи Мунавварага ва Саудиянинг бошқа шаҳарларига Замзам ташийдилар.
Шунчалар кўп ишлатилишига қарамай кичкина бир қудуқнинг суви ҳеч камаймаслигининг ўзи катта мўъжизадир.
Охирги сел пайтида Замзам мўъжизасини кўрган икки кишининг камина ходимингизга айтишларича ҳарами шарифни сел лойқаси қоплаганда Замзам лойқанинг устида кўтарилиб пок-покиза ҳолида отилиб чиқиб тураверган. Лойқа кўтарилса, Замзам ҳам унинг устида кўтарилиб бораверган. Сел қайтиб лойқа пасайганда Замзам ҳам унинг устида пасайиб-пасайиб охири ўз ўрнига тушган.
Аллоҳ таоло барчамиз Замзамдан қайта-қайта, тўйиб-тўйиб ичишни ва мақсадларимизга етишни мушарраф қилсин! Омийн!

ҲОЖИГА СУВ БЕРИШ ФАЗЛИ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мешкобчиларнинг олдига келиб сув сўрадилар. Бас, Аббос: «Эй Фазл! Онанингнинг олдига бориб унинг ҳузуридан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шароб келтир», деди.
«Менга сув бер», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули! Улар унинг ичига қўлларини солворадилар», деди.
«Менга сув бер», дедилар.
Бас, у зот ундан ичдилар. Сўнг Замзамга келдилар. Улар ундан сув берар ва қудуқдан сув тортар эдилар.
Бас, у зот:
«Ишлайверинглар! Албатта, сизлар солиҳ амалдасизлар. Агар мағлуб бўлишинглар бўлмаганида мен ҳам тушиб манабунга арқонни қўяр эдим», деб бўйинларига ишора қилдилар».

Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифда «Агар мағлуб бўлишинглар бўлмаганида мен ҳам тушиб манабунга арқонни қўяр эдим» деганларини у зот елкаларига арқонни қўйиб сув тортиб чиқаришда қатнашсалар, бошқа одамлар ҳам бу ишга ўзини уриб сувчиликни касб қилиб олганлардан ғолиб келиб улардан бу ишни тортиб олишлари мулоҳазаси деб тушунмоғимиз лозим.
Албатта, бу ҳадиси шариф ҳожиларга сув бериш қанчалар катта савобли иш эканини ёқин далилидир.

Ибн Аббос Каъбанинг ёнида ўтирган эди. Унинг олдига бир аъробий келди ва: «Не бўлдиким, мен амакибаччаларингиз асал ва сут билан суғорганда, сизлар набийз билан суғараётганингизни кўрмоқдаман. Бу сизнинг ҳожатингиз борлиги учунми ёки бахиллигингизданми?!» деди.
Шунда Ибн Аббос: «Аллоҳга ҳамд бўлсин! Бизнинг ҳожатимиз ҳам, бахиллигимиз ҳам йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларига миниб келдилар. Орқаларида Усома бор эди. Бас, у зот сув сўрадилар. Биз у зотга бир идишда набийз бердик. У зот ичдилар ва ортганини Усомага бердилар ҳамда «Яхши қилдигиз! Гўзал қилдингиз! Шундоқ қилинглар!» дедилар. Бас, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган нарсани ўзгартиришни истамаймиз», деди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Набийз - ивитилган майиз ва хурмо.
Албатта, чанқаган кишиларга, хусусан, ҳожиларга чанқоқбосди ичимлик тутиш ўта савобли ишдир. Қадимдан мусулмонлар бу ишни қилишга ўзаро мусобақалашганлар. Бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қандоқ бўлганини ушбу ривоятдан ҳам билмоқдамиз. Ҳозирги кунда бу ишга қанчалар эътибор берилаётганини ўз кўзимиз билан кўрмоқдамиз.

КАЪБАНИ АЛЛОҲ ҲИФЗ ҚИЛШИ ҲАҚИДА

Аллоҳ таоло: «Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй, Баккадаги уйдир. Унда очиқ аломатлар ва мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, тинч бўладир», деган.
Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Байтуллоҳнинг фазлини, қибла бўлишга энг ҳақли жой шу ер эканини баён қиляпти. Намоз вақтида у томонга юзланишдан ташқари, имкон топганлар уни ҳаж қилиши ҳам фарз бўлганини эълон этяпти.
«Бакка» Маккаи Мукарраманинг исмларидан биридир. «Бакка» сўзининг луғавий маъноси, «тақиллатиб урмоқ» бўлиб, Маккада ҳар қандай мағрурнинг ҳам бўйни эгилади, шунинг учун уни «Бакка» ҳам деб аталади.
«Одамларга муборак, Оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй, Баккадаги уйдир».
«Баккадаги уй» Байтуллоҳдир. Одамларга ибодат учун, бутун оламларнинг ҳидояти учун қурилган биринчи уй Байтуллоҳдир. Ундан аввал бундай уй қурилгани йўқ. Бу уй муборак бўлиб, уни ким ҳаж ёки умра қилса, кўплаб яхшилик ва манфаатлар топади.
«Унда очиқ аломатлар», яъни, Байтуллоҳнинг ўзида бошқалардан устунлигига очиқ-ойдин аломатлар бор.
«...ва мақоми Иброҳим бор».
Уламоларимиз фикрларича, «Мақоми Иброҳим» деб, Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қураётганларида устида турган тошга айтилади. У тошга у зот алайҳиссаломнинг оёқ излари тушиб қолган. Авваллари Каъбаи муаззамага тегиб турар экан. Кейинроқ ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, унинг ёнида намоз ўқиётганлар тавоф қилаётганларга ҳалақит бермасин, деб четроққа олдирганлар. Ҳозирги кунда шиша ғилоф ичига олиниб ердан маълум миқдор кўтариб қўйилган.
«Ким унга кирса, тинч бўладир».
Бу фазилат дунёдаги ҳеч бир жойда йўқ. Иброҳим алайҳиссалом бу байтни Аллоҳнинг амри ва ўғиллари Исмоилнинг ёрдами билан қурганларидан буён ҳар бир хавф-хатардаги одам учун тинчлик-омонлик маскани бўлиб келмоқда. Ҳатто араблар жоҳилият даврида ҳам бу қоидага амал қилишган. Баъзи бир жиноятчилар Масжидул Ҳаромга кириб олишса, унга тегмаганлар. Араблар ўч олиш туйғуси жуда юқори бўлишига қарамасдан, отасини ўлдириб Масжидул Ҳаромга кириб олган одамни учратган ўғил ҳам унинг олдидан индамай ўтиб кетаверган.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунларида:
«Албатта, бу юртни Аллоҳ осмонлару ерни яратган кунда ҳаром қилган. У Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир. Мендан олдин ҳеч кимга унда уруш қилиш ҳалол бўлмаган. Менга ҳам кундуз куни, бир оз муддат ҳалол қилинди, холос. У Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир. Тикони юлинмайди. Ов ҳайвонлари ҳуркитилмайди. Тушиб қолган нарсани таниган одамдан бошқа олмайди...» деганлар.
Демак, Ҳарами Шарифда нафақат одамга, балки ҳайвонот ва набобот оламига, ҳеч бир нарсага озор берилмайди.
Олимларимиз ушбу ояти каримадан, жиноят қилган одам қочиб Ҳарами Шарифга кириб олса, унга озор берилмайди, аммо унга жой, таом берилмасдан, муомала қилинмасдан, Ҳарами Шарифдан қайтиб чиқишга мажбур этилади ва чиққандан сўнг ушлаб жазоси берилади, дейишган.
Аллоҳ таоло: «Иброҳим билан Исмоил «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла», деган.
Имом Бухорий Аблуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун қиссада, жумладан, шу иборалар ҳам бор:
«Иброҳим: «Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», деди.
Исмоил: «Роббингиз буюрган ишни адо этинг», деди.
«Сен ёрдам берасанми?» деди.
«Ёрдам бераман», деди.
«Аллоҳ менга мана шу ерга уй қуришни буюрди», деб кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди. Ана ўшанда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Ўғил тош таширдилар, ота қурардилар».
Юқоридаги оятлар Байтуллоҳнинг қурилиш жараёнини жонлантириб кўз олдимизга олиб келади.
Ота-бола Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, дарҳол иш бошладилар. Қалблари тўла тақво ила: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб илтижо айлаб, дуо қилдилар. Бу жуда улкан мақомдир. Салафи солиҳлардан Вуҳайб ибн ал-Вард раҳматуллоҳи алайҳи ушбу оятни ўқиганларида йиғлаб туриб:
«Эй Роҳманнинг халили! Роҳманнинг байтининг пойдеворларини кўтариб турибсан-у, яна қабул бўлмай қолармикан, деб қўрқяпсанми?!» деган эканлар. Улкан қалблар, етишган шахслар ана шундай ҳассос бўладилар.
Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом Байтуллоҳни қурар эканлар, фурсатни қулай билиб, кўнгилларидаги бошқа дуоларни ҳам қилиб олдилар: «Роббимиз, икковимизни сенга мусулмон бўлганлардан қил...»
Ўзлари мусулмон бўла туриб, яна шу дуони қиляптилар. Ҳидоятда бардавом бўлиш учун Аллоҳдан ёрдам умиди. Бутун борлиғи ила Аллоҳга таслим бўлишдан ажрамаслик умиди. Ва улар шу билан бирга ўзларига насиб бўлган иймон неъматидан, зурриётлари ҳам баҳраманд бўлишини тиламоқдалар: «... ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил», демоқдалар.
Ақида иши муҳим иш, у мўмин инсон учун энг аҳамиятли масаладир. Шунинг учун аввалги оятларда аҳли ҳарамга ризқ сўраган ота-бола Пайғамбарлар энди зурриётларига Аллоҳдан иймон-ислом сўрамоқдалар.
Улар яна Аллоҳдан: «Бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт», деб сўраяптилар.
Биз, «ибодатларимизни» деб таржима қилган сўз арабчада «манасикана» дейилган. «Маносик» сўзи аслида ибодат маъносини англатса ҳам, урфда ҳаж ибодатлари маъносида ишлатилади. Шунинг учун бу дуода, мана, Сенинг уйингни қуряпмиз, энди уни ҳаж қилишни ҳам Ўзинг ўргат, деган маъно бўлади. Дуонинг охирида Аллоҳнинг уларни умидвор қилган сифатлари ҳам қўшиб айтиляпти:
«Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этув- чи, раҳмли зотсан».
Учинчи оятда Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом Аллоҳ таоло томонидан катта неъмат–зурриётларига ўз ичларидан Пайғамбар юборишини сўрамоқдалар.
«Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор».
Ўша Пайғамбар уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беради. Китобни, яъни, Аллоҳнинг китобини ўргатади. Ўқишни, маъноларини, унга амал қилишни ва унга тааллуқли бошқа нарсаларни ўргатади. Ҳикматни ҳам ўргатади. «Ҳикмат»нинг маъноси–ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш демакдир. Уламоларимиз «ҳикмат»дан мурод – Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари, деганлар.
Мазкур Пайғамбарнинг вазифаларидан бири – уларни поклашдир. Яъни, ширк, куфр ва ёмон одатлардан поклашдир.
Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг дуоларини кўп асрлардан сўнг истижобат қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборди. У киши Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг зурриётларидан бўлиб, дуодаги барча сифатлар у кишида мужассам.
Чин дилдан қилинган дуо, албатта, қабул бўлади. Лекин қабул қилувчи Зот қачон хоҳласа, ўшанда қабул қилади. Одамлар буни тушунмай шошилади, ноумид бўлади, холос. Хўш, ўзини Иброҳим алайҳиссаломнинг меросхўрлари деб фахрланиб юрган яҳудийлар, насронийлар ва араб мушриклари шунча гапдан кейин нима дейдилар?! Тўғри, ҳаммалари Иброҳим алайҳиссаломнинг зурриётларидирлар. Аммо Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан бирга Байтуллоҳни қураётганларида, «Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган» зурриётларигагина ризқ ва барака сўраб дуо қилдилар. Бошқаларга эмас. Улар яна:
«Икковимизни ўзингга мусулмон бўлганлардан қилгин», деб дуо қилдилар. Яҳудий ё насроний ёки мушрик қилгин, деб эмас. Улар:
«Зурриётимиздан ҳам ўзингга мусулмон уммат қилгин», деб дуо қилдилар. Бундан бошқага эмас. Улар бутун оламлар Роббидан илтижо ила сўраган Пайғамбар ҳам (Муҳаммад алайҳиссалом) келди. Энди у кишига иймон келтириш лозим. Булар ҳаммаси Иброҳим алайҳиссаломга эргашганларнинг энг бирламчи иши бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло: Аллоҳ Каъбани – Байтул Ҳаромни одамлар учун асос қилиб қўйди», деган.
Каъбаи Муаззаманинг турли номлари бор. Жумладан, уни Байтул Ҳаром ҳам дейилади. Яъни, у ерда ҳар хил ёмонликлар, қон тўкишлар, уруш қилиш, ов овлаш, майсаларни юлиш, дарахтларни синдириш-кесиш каби ишлар ҳаром қилингандир. Бу ўринда фақат Каъбаи Муаззама биноси ёки Каъба атрофидаги Масжидул Ҳаромгина кўзда тутилмайди. Балки Маккаи Мукаррама атрофидаги белгиланган муайян минтақа ҳам назарда тутилади. Ҳозирги кунда ўша чегарадан мусулмон бўлмаганлар кирмаслиги ёзиб қўйилган ва тафтиш ҳам бор. Ўша минтақа ҳарам дейилади ва у ерда айрим ишлар ҳаром ҳисобланади.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррама фатҳи куни: «Албатта, бу юрт ҳаромдир; дарахти кесилмайди, ўсимликлари юлинмайди, ови чўчитилмайди ва тушиб қолган нарсалар олинмайди. Магар тушган нарса эканини билдириш учун олса бўлади», деганлар. Бу ҳудудда ҳаром бўлган қолган амаллар бошқа оят ва ҳадисларда баён этилган. Шунингдек, баъзи бир зарарли ҳайвонларни истисно тариқасида ўлдиришга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари изн берганлар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беш фосиқ ҳайвонни ҳалолда ҳам, ҳарамда ҳам ўлдиришга амр қилдилар. Улар: қарға, калхат, чаён, сичқон ва қутурган итлардир», дейилган.
Яна маълумот тариқасида айтиб ўтиш керакки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳижратга қилган шаҳар Мадийнаи Мунавварани ҳаром қилганлар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим Ибод ибн Тамийм розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иброҳим Маккани ҳарам қилди ва унинг ҳақида дуо қилди. Иброҳим Маккани ҳарам қилганидек, мен Мадийнани ҳарам қиламан», деганлар.
Икки ҳарамдаги ҳукмлар ҳам бир хил. Аллоҳ таоло бу маконни, хусусан, Маккаи Мукаррама ҳарамини Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар давридан буён омонлик минтақаси қилиб қўйди. Бу муқаддас маконда жамийки жонзот ва наботот тинчлик-омонликда. Атрофдаги халқларга қирғин-барот келса ҳам, ҳарам аҳолиси, гарчи ўзлари мушрик бўлсалар-да, тинчлик-омонликда бўлиб келди. Уларга биров қўл кўтармади. Абраҳа ал-Ашрамга ўхшаш бу жойга кўз олайтирганлар эса, бало-офатларга учради. Бу жойдан кишиларга доимо яхшилик келадиган қилиб қўйилди. Охири, мазкур яхшиликларнинг тожи ўлароқ шу шаҳарда Ўзининг сўнгги ва энг маҳбуб Пайғамбарининг дунёга келишини, унга шу ерда охирги илоҳий китоб нозил бўлишини, сўнгги ва мукамммал дини жорий бўлишини ирода қилди. Ояти каримадаги: «Аллоҳ Каъбани – Байтул Ҳаромни одамлар учун асос қилиб қўйди».
Уламоларимиз, ояти кариманинг ушбу жумласини, динга ва ҳаж ибодатларига асос қилиб қўйди, деган маънода таъвил қиладилар. Ҳақиқатда ҳам Ислом дини асослари, ҳаж ибодати Маккаи Мукаррамага, ҳарамга, Каъбага чамбарчас боғлиқдир.
Аллоҳ таоло Байтуллоҳнинг фазлида бошқа бир жойда қуйидагиларни айтади:
«Уй»ни одамлар учун масаба ва омонлик жойи қилганимизни эсла. Ва Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг. Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар», деб амр қилдик.
Оятдаги «масаба» сўзи Қуръони Каримнинг мўъжизалигига, ҳамда араб тилининг бойлигига далолат қилади. Тилимиздан бу сўзнинг айнан маъносини бера оладиган сўзни топа олмай, ўзини ёзиб қўйдик. Масаба–одамлар қайта-қайта келиб тўймайдиган жой, деганидир. Каъбатуллоҳга неча бор келса ҳам, одам ҳар гал тўймай қолавериши, яна келгиси келаверишининг боиси ҳам шу ояти карима шарофати билан бўлса керак.
«Уй»ни одамлар учун масаба ва омонлик жойи қилганимизни эсла».
Аллоҳ бу ерни омонлик юрти ҳам қилиб қўйган ким бу ерга келса, омон бўлади. Ҳанафий мазҳаби уламолари: «Жиноятчи Байтуллоҳга кириб олса, уни тутиб жазолаб бўлмайди», дейишган.
Маълумки, араб мушриклари ҳам, биз Иброҳим алайҳиссаломнинг набираларимиз, деб фахрланишар эди. Хўш, улар бу муқаддас даргоҳнинг ҳурматини жойига қўйдиларми? Йўқ, улар Исломга қарши турдилар, мусулмонларни ҳайдаб чиқардилар, омонлик йўриғини оёқости қилиб, уларни хавф-хатар остига қўйдилар, кўпларини ўлдирдилар ёки ўлдирмоқчи бўлдилар.
«Ва Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг».
Иброҳим алайҳиссаломга келинлари–Исмоил алайҳиссаломнинг хотинлари, Байтуллоҳни қуришда иштирок эта туриб, қайиноталарига бир тош узатган эдилар, у киши ўша тош устида туриб Каъбатуллоҳни қурганлар. Шунда ўша тошга оёқ излари тушиб қолган. Шу тош ҳозирда ҳам мавжуд. «Мақоми Иброҳим» шу тош ва унинг атрофидир. Ривоятларда келишича, Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қуриб бўлганларидан сўнг ўша ерда намоз ўқиганлар. Мусулмонларга Аллоҳ таоло ўша жойни намозгоҳ қилиб олишни буюрмоқда. Шунга биноан тавофдан кейин ҳамиша ўша ерда икки ракъат намоз ўқилади.
Имом Муслим ибн Ҳажжож раҳматуллоҳи алайҳи Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки:
«Расулуллоҳ алайҳиссалом Ҳажарул Асвадни истилом қилиб, уч марта тез (паҳлавон юриш билан) ва тўрт марта оддий юриш билан тавоф қилдилар. Сўнгра мақоми Иброҳимга ўтиб, «Ваттахизуу мим-мақоми Иброҳима мусалло»ни ўқидилар ва у жойни ўзлари билан Каъбанинг орасида қолдириб намоз ўқидилар».
Иброҳим алаҳиссаломнинг набирасиман, деяётган мушриклар Байтуллоҳга буту санамларини ўрнатиб, уларга чўқинар эдилар. Аллоҳ таоло эса: «Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар», деб амр қилдик», демоқда.
Яъни, Байтуллоҳни атрофдан келиб тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйишни буюрган эдик демоқда. Бу эслатма араб мушрикларининг бундай муқаддас байтни маънавий нажас бўлмиш уч юз олтмишдан ортиқ бут билан, ширк ақидаси билан ифлос қилганликлари нақадар ёмон иш эканини кўрсатади. 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Каъба бино қилинаётган пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Аббос тошларни нақл қила бошладилар. Бас, Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Изорингни елканга қилиб ол» деди. Бас, у зот ерга йиқилдилар ва кўзлари осмонга тикилиб қолди ва «Менга изоримни кўрсат!» деб уни ўзига тортиб олдилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Ўша кундан кейин ялонғоч кўринмадилар», дейилган.
Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз беш ёшга кирганларида қурайшликлар Қаъбани қайта қуришга киришдилар. Замон ўтиши, хусусан, сел келиши оқибатида қайта қуриш зарурати туғилиб қолган эди.
Ана ўша қурилиш ишларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб билан бирга қатнашдилар. Иш пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тош кўтариш тўғри келиб қолди. У кишига киндикларида пастларига тутиб олган латта-изорлари халақит берди. Бас, Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Изорингни елканга қилиб ол» деди. У зот бу ишни қилган эдилар. Авратлари очилиб қолди ва дарҳол ерга қулаб тушдилар. Шунда у зот шошилиб «Менга изоримни кўрсат!» деб уни ўзига тортиб олдилар».
Ана ўша кундан кейин у зот ҳеч ҳам авратлари очиқ ҳолда кўринмадилар.
Ушбу ҳодисалар 605 мелодий йили бўлиб ўтган эди. Ўшанда каъбани янгитдан қуриш иши юз берган эди. Қурилишни бошлаб, ҳамжиҳатлик ила иш олиб бордилар. Аммо ҳажарул асвадни жойига қўйиш вақти келганда ихтилоф чиқди. Ҳар бир қабила бу шарафли ишни ўзига бўлишини хоҳлар эди. Хилоф кучайиб уруш чиқиш хавфи туғилди.
Баъзилар жангга ҳозирлана бошладилар. Бани Абдуддорликлар бир тоғарада қон олиб келдилар. Улар Бани Адийликлар билан келишиб қўлларини тоғарадаги қонга солиб туриб ўлимга тайёр эканликларини эълон қилдилар. Бу уруш дегани эди.
Шу ҳолатда бир неча кун туриб қолдилар. Узоқ баҳслашувлардан кейин ишни уларнинг олдига биринчи бўлиб кириб келган кишига ҳавола қилишга келишдилар.
Уларнинг олдига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб кириб келдилар. У зотни кўриш билан ҳаммалари хурсанд бўлиб, ана Муҳаммад келди! Ана Амин келди! Рози бўлдик! Ишни унга ҳавола қилишга розимиз! дедилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бир ридо келтиришларини сўрадилар. Уни олиб келиб ерга ёздилар. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажарул асвадни олиб ридонинг ўртасига қўйдилар ва ҳар қабиладан биттадан вакил келиб ридонинг турли жойлардан тутиб кўтаришини таклиф қилдилар. Вакиллар кўтариб олиб келганларида ўзлари ҳажарул асвадни олиб жойига қўйдилар. Шундоқ қилиб У зот ўзларнинг беқиёс ҳикматлари ила урушнинг олдини олиб қолдилар.
Ислом тарқалгандан кейин Масжидул Ҳаромни кенгайтириш бўйича биринчи уриниш Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида бўлди.
Умавийлар даврида халифа Валид ибн Абдулмалик масжидга маълум миқдор ер қўшди ва унинг биносини янгилади. Мисрдан мармар устунлар келтириб ўрнатди ва уларни зийнатлади.
Аббосийлар вақтида халифа Абу Жаъфар Мансур Масжидул Ҳаромга кенг ерларни қўшди ва доира шаклидаги равоқ қурдирди.
776 мелодий санада халифа ал-Маҳдий Масжидул Ҳаром билан саъйи қиладиган жой орасидаги уйларни сотиб олиб, уларни бузиб ерини Масжидул Ҳаромга қўшди.
Халифа ал-Маҳдийнинг даврида Масжидул Ҳаромнинг майдони 120000 квадрат аршинга етди.
Мўътазид биллаҳ, Муқтадир биллаҳ номли халифалар ҳам Масжидул Ҳаромга анчагина ерларни қўшдилар. 306 ҳижрий, 918 мелодий санага келиб Масжидул Ҳаромнинг майдони анча кенг бўлган эди.
Фотимиийлар, Айюбийлар, Мамлуклар ва Усмонийлар даврларига Масжидул Ҳаромда ислоҳ ишлари олиб борилган бўлса ҳам уни кенгайтирилмади.
Саудийлар даврида Масжидул Ҳаромни кенгайтириш ишлари тўрт марта содир бўлди.
Биринчи кенгайтириш 1375 ҳижрий – 1955 мелодий санада бошланди.
Саъйи қилинадиган ерга яқин турар жой ва дўконлар ва Марванинг шарқий тарафидаги бинолар бузилиб, Марва ва Сафо ёнидан ўтадиган йўл қурилди.
Саъйи қилинадиган жойни икки қават қилинди. Саъйи қилинадиган жойнинг ички тарафининг узунлиги 394, 5 метр, эни 20 метр бўлди. Саъйи қилинадиган жойнинг пастки қавати баландлиги 12 метр, устки қавати 9 метр бўлди.
Сафо билан Марва орасидаги масофани ўртасидан тенг бўлиниб борувчилар алоҳида қатор, келувчиларга алоҳда қатор қилинди.
Саъйи қилинадиган жойнинг шарқий томонидан унга 16 та эшик қилинди.
Иккинчи кенгайтириш 1379 ҳижрий – 1959 мелодий санада бошланди.
Жанубий равоқнинг асоси қурилди. Унинг деворига мармар қопланди. Шунинг баъзи девор ва шифтларга ҳам нақшли тошлар қопланди.
Селхонанинг қолган ишлари охирига етказилди.
Сафо тепалиги устига жанубий равоққа ўтиш учун доира шаклдаги ўтиш йўли қурилди. Сафонинг устига қубба ҳам қурилди.
Учинчи кенгайтириш 1381 ҳижрий – 1961 мелодий санада бошланди.
Жанубий ғарбий равоқнинг иккинчи қисми бино қилинди ва шу тарафнинг пастки қавати битирилди.
Шимолий равоқнинг бобул умрадан бобус саломгача бўлган масофада шимолий равоқ қурилди.
Масжидул Ҳаром атрофида бешта катта майдон қилинди. Ҳарами Шарифнинг эшиклари 64 тага етди. Ер остига ўтиш йўллари таҳоратхоналар ва ғуслхоналар қилинди.
Каъбаи Муъаззама тармим қилинди. Мақоми Иброҳимнинг жойи ўзгартирилди. Уни Каъбаи Муъаззамадан бир оз узоқлаштирилди.
Шундан кейин Ҳарами Шарифнинг ҳудудлари 193000 квадрат метрга етди.
Тўртинчи кенгайтириш подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз даврида бўлди.
Бу сафар мисли кўрилмаган улкан ҳажмдаги ишлар қилинди.
Масжидул Ҳаромнинг ғарбий томонига катта қўшимча бино қурилди. Ўша бинода иккита меъзана ҳам қурилди. Улар аввалги етти меъзанага ўхшаш. Баландликлари саксон тўққиз метрдан.
Ер ости йўллари қурилиб, Масжидул Ҳаромга келиб кетишни осонлаштирди.
Масжидул Ҳаром атрофидаги майдонлар кенгайтирилиб мармар билан қопланди.
Каъбаи Муъаззама тўлиқ тармим қилинди. 377 йил давомида Каъбаи Муъаззамада бу каби кўп ишлар қилинмаган эди.
Марва томонда кўпгина қурилиш ишлари олиб борилди.
Қилинган ишлар ҳажмини қуйидаги жадвалдан билиб олиш мумкин.

МАЪЛУМОТЛАР ЖАДВАЛИ

ном

олдинги ҳол
қилинган иш
умумий ҳол
Масжидул Ҳаром
19300 кв.м.
16300 кв.м.
365 кв.м.
Намозхонлар
410000
773000
1000000
Меъзаналар
7
2
9
Бош дорвозалар
3
1
4
Оддий дорвазалар
27
18
45
Ертўла эшиклари
4
2
6
Эскалатор
7
4
11
Эшиклар
27
14
41
Тоҳоратхона
5000
4000
9000



КАЪБАДА НАМОЗ ЎҚИШ ЖОИЗ ВА ҲИЖР УНДАНДИР

Ибн аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида ичида олиҳалар борлиги учун байтга киришдан бош тортдилар. Бас, амр қилдилар ва уларни чиқариб ташланди. Иброҳим ва Исмоилнинг сувратини олиб чиқдилар. Уларнинг қўлларига фол чўплари бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ уларни қатл қилсин! Албатта, иккилари улар билан ҳеч ҳам фол очмаганларини яхши билар эдилар-ку!» дедилар. Кейин байтга кирдилар ва унинг атрофларида намоз ўқидилар».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни Каъбаи Муаззаманинг ичига кирганлари ҳақида сўз кетмоқда. Ўша куни ҳижратнинг саккизинчи йили Рамазон ойининг йигирманчи куни эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага киришлари билан Байтуллоҳга қараб юрдилар. Ўша пайтда Байтуллоҳнинг атрофида уч юз олтмишта бут бор эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбани тавоф қилиш жараёнларида «Ҳақ келди ва ботил йўқ бўлди» оятини ўқиб юриб бирин-кетин ўша бутларни йиқитдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавофларини битирганларидан кейин Каъбанинг калидига соҳиб бўлган Усмон ибн Толҳани чақириб калидни олиб келишни сўрадилар. У калидни олиб келиб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбага киришларидан олдин унинг ичидаги бут ва сувратларни чиқариб талашга амр қилдилар. Одамлар Каъба ичидаги барча нарсаларни чиқариб ташладилар. Сўнгра У зот ичкарига бир неча саҳобалар билан кирдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнаи Мунавварага ҳижрат қилишларидан олдин ҳам бир марта Усмон ибн Толҳадан Байтуллоҳнинг калидини бериб туришни сўраганларида у қўполлик билан жавоб берган эди. Энди эса у калидни бериб қўйиб ҳаёжонда турар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг ичидан қайтиб чиққанларидан кейин яна Усмон ибн Толҳани чақириб калидни бердиларда:
«Уни абадийликка олинглар. Уни сизга мен берганим йўқ. Уни сизга Аллоҳ берди. Уни сиздан фақат золимгина тортиб олиши мумкин», дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам каъбанинг ичига кирганларида нима қилганларини келгуси ҳадиси шарифда баён қилинади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам байтга кирдилар. У зот билан бирга Усома, Билол ва Усмон ибн Толҳа ҳам кирди. Бас, уларнинг устидан эшикни ёпиб қўйдилар. Очганларида биринчи кирган одам мен бўлдим. Шунда Билолни учратиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ичида намоз ўқидиларми?» деб сўрадим.
«Ҳа. Икки ямоний устунлар орасида»
, деди.
Бошқа ривоятда:
«Бир устинни чап томонларида қўйдилар, икки устинни ўнг томонларида ва уч устунни ортларида. Байт ўша кунлари олти устунли эди. Сўнг намоз ўқидилар», дейилган.
Шарҳ: Икки ямоний устунлар-деганда ҳажарул асвад ва рукни ямоний томондаги устунлар кўзда тутилган. Манашу ривоятни далил қилган ҳолда каъбанинг ичига кириб намоз ўқиш фазилатли амал сифатида кўрилади.
Камина ходимингизга ҳам Аллоҳ таоло каъбаи муаззаманинг ичига кўп марталаб кириш бахтини ато қилиб келмоқда. Баъзи йиллари уч марталаб ҳам киришни ва у ерда кўплаб нафл намоз ўқиб дуолар қилишни насиб этди.
Авваллари кирганимда кўрилган ҳолат ва нарсаларни қоғозга тушириб қўйган эдим. Энди уч юз саксон йил ўтгандан кейин қилинган таъмир ишларидан кейин каъбанинг ички кўриниши ҳақида икки оғиз маълумот бериб ўтишга ижозат бергайсиз.
Каъбаи муаззамага унинг эшигига қўйилган кўчма зина орқали кирилади. Каъбага кириш учун, албатта, подишоҳнинг махсус амри бўлиши керак. Ўша амрга биноан содин - махсус ходим калит билан эшикни очади. Ҳозиргача Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган имтиёзга биноан Усмон ибн Толҳанинг авлодлари содинлик қилиб келмоқдалар.
Эшик очилганидан кейин махсус қўйилган аскарлар қуршовидан ўтиб, берилган махсус ҳужжатни кўрсатиб зинага чиқилади ва тилло эшикдан каъбага кирилади. Каъбанинг ичига эшикдан бошқа ёқдан ёруғлик тушмайди. Каъбанинг ери мармар билан қопланган. Шунингдек, деворлари ҳам одам бўйидан баланд жойигача мармар билан қопланган. Ҳаммаёққа ўта хушбўй миску анбарлар суртиб ташланган.
Каъбанинг эшигидан тавоф қилиб юриб келгандаги биринчи бурчаги бир метрдан ортиқроқ ичкарига чиқиб туради. Олдинлари аввалги кичик эшик ўша чиқиб турган жойга суялган бўлар эди. Аммо охирги таъмирдан кейин ўша эшик кўринмай қолди.
Каъбанинг эшигига кўндаланг равишда бир тўсини бўлиб уни учта устун кўтариб туради. Устунлар наршинкор қилиб ишланган. Тўсинга баъзи эски қандиллар осиб қўйилган. Икки устуннинг орасида бир сандиқ ҳам бўлиб унга каъбани тозалашда ишлатиладиган анжомлар жойланган.
Каъбанинг шифти ва ён деворларининг одам бўйидан баланд жойи «Лаа илаҳа иллаллоҳу» ёзилган яшил рангдаги ипак матоҳ ила қопланган.
Каъбанинг ичига кириш бахтига муяссар бўлганлар хохлаган тарафга қараб икки ракъат намоз ўқиб дуо қилишаг шошиладилар. Аскарлар ва масъуллар чиқишни талаб қилишларига қарамай ҳамма кўпроқ намоз ўқишга ҳаракат қилади. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимдан масрур ҳолда чиқиб кетдилар ва кейин ғамгин ҳолда кириб келдилар. Бас, у зот «Мен каъбага кирдим. Агар ишимни қайтадан қилиш имконига эга бўлсам, буни қилмасдим, унга кирмасдим. Мен умматимга машаққат туғдириб қўйишдан қўрқаман», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг каъбанинг ичига кирганларини одамлар фарз ёки вожиб алам деб тушуниб унга кириш учун ўзларини уриб қийналишларидан қўрққанларидан ушбу гапларни айтганлар. Албатта, каъбанинг ичига кириш фазилатли бир иш, холос. У фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Байтга кириб, унинг ичида намоз ўқишга муҳаббатим бор эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимдан тутиб, мени Ҳижрга киритдилар ва «Агар байтга киришни ирода қилган бўлсанг, Ҳижрда намоз ўқийвер. Албатта, у ҳам байтнинг бир бўлагидир. Сенинг қавминг, каъбани бино қилган пайтларида уни байтда чиқариб қўйганлар, холос», дедилар».
Сунан эгалари ривоят қилган. Термизий, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Ҳижр - каъбанинг тарнови тарафдаги ярим девор шаклида ўраб қўйилган жойи. Аслида Иброҳим алайҳиссалом қурганларида Каъба ўша ердан бўлган. Шунинг учун ҳам ҳозирда тавофга ўша ерни ҳам қўшиб қилинади. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз беш ёшга кирганларида қурайшликлар каъбани қайта қурганларида уни кичикроқ қилиб қурганлар. Улар каъбани фақат ҳалол мол билан қуришга аҳдлашганлар. Лекин ҳалол моллари асл пойдевордан қуришга етмаслиги аниқ бўлганидан уни кичикроқ қилиб қайта қуришга келишганлар ва бу ишни амалга оширганлар. Каъбанинг биносидан ташқарида қолган жойни эса паст девор билан белгилаб қўйганлар. Ўша ерни Ҳижр ёки Ҳижри Исмоил дейилади.
Албатта, Ҳижр ҳам каъбанинг ичидан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз каъбанинг ичида намоз ўқимоқчи бўлганларида Ҳижрда намоз ўқишни тавсия қилганлар.
Ҳозирда ҳам Ҳижир доим намозхонлар билан тўла бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Жадр ҳақида: «У ҳам байтданми?» деб сўрадим.
«Ҳа», дедилар.
«Нима учун уни байтга киритмаганлар?» дедим.
«Қавмингнинг нафақаси етмай қолган», дедилар.
«Нима учун унинг эшиги баланд?» дедим.
«Буни қавминг қилган. Хоҳлаганларини киритиш учун ва хоҳлаганларини ман қилиш учун. Агар қавмингнинг жоҳилиятга яқинликлари бўлмаганида ва уларнинг қалблари инкор қилишидан қўрқмаганимда, албатта, Жадрни байтга киритиш ва унинг эшигини ерга ёпиштиришга бир назар қилган бўлардим», дедилар».

Бошқа ривоятда:«Агар қавмингнинг ширкка яқинлиги бўлмаганида, албатта, каъбани бузиб, уни ерга тенглаштирган, унга икки эшик; шарқий эшик ва ғарбий эшик қилган бўлар эдим. Бир эшикдан кириб, бир эшикдан чиқар эдилар. Кейин унга Ҳижрдан олти аршин зиёда қилар эдим. Қурайш каъбани қурганда уни қисқа қилиб қўйган», дейилган.
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Жадр - Ҳижр.
Ушбу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қилмоқчи бўлган ишни одамларнинг ҳолини мулоҳаза қилиб қилмаганлари алоҳида эътиборга сазовордир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ривоятда орзу қилган нарсани Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг жиянлари Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўзлари умавийларга қарши чиқиб Маккага амри бўлиб турганларида амалга оширганлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айганларидек қилиб каъбани қайта қурганлар. Аммо умавийларнинг аскарбошиси Ҳажжожи золим Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўзларини қатл қилиб, қурилишларини бузиб, қурайшликлар қурганга ўхшатиб қайта қурган.
Каъба сўзи араб тилида куб маъносини англатади. Каъбаи Муаззама куб шаклида бўлгани учун шу ном билан аталган. Каъбаи Муаззама Маккадаги тоғларнинг бирининг тошида қирқиб олинган тўрт бурчакли катта ғиштлардан қурилган. Унинг томонлари ўн икки метрдан иборат.
Каъбаи Муаззаманинг эшиги остонаси одам бўйидан баланд. Бу муборак байтнинг эшиги ҳам ўзига яраша тарихга эга.
1. Иброҳим алайҳиссалом Каъбаи Муаззамани қурганларида эшик ўрнига девор орасидан очиқ қўйганлар, холос.
2. Жоҳилият даврида Журҳум қабиласи Каъбаи Муаззамага икки табақали ва қулфли эшик қурган.
3. Мусил ҳокими Азиз Жамолиддин Жавод Каъбаи Муаззаманинг эшигини янгилаган.
4. Яман ҳокими Малик Музаффар ҳам ўз даврида Каъбаи Муаззаманинг эшигини янгилаган.
5. Подшоҳ Носир Қолавуун ал-Мамлукий ҳам Каъбаи Муаззаманинг эшигини янгилаган.
6. Султон Сулаймон Қонуний ҳам Каъбаи Муаззаманинг эшигини янгилаган.
7. Султон Муродхон Усмоний ҳам Каъбаи Муаззаманинг эшигини янгилаган.
8. Подшоҳ Абдулазиз Оли Сауд 1366 ҳижрий – 1947 мелодий санада Каъбаи Муаззаманинг эшигини янгилаган.
9. Подшоҳ Холид ибн Абдулазиз 1402 ҳижрий санада Каъбаи Муаззаманинг эшигини янгилаган.
Kaъбaи мyaззaмaнинг бaлландлиги 15 мeтp
Kaъбaи мyaззaмaнинг шимолий вa жaнубий тарафлари узунлиги 10,1 метр.
Кaъбaи мyaззaмaнинг шapқий вa ғарбий тapaфлapи yзyнлиги 12 мeтp.
Kaъбaи мyaззaмa эшигининг баландлиги 2 мeтp.
Kaъбaи мyaззaмaнинг шарқий бурчагига Ҳажарул асвад ўрнатилган. У ердан бир ярим метр баланддадир.
Kaъбaи мyaззaмaнинг шарқий, ғарбий ва жанубий томонларида пойдеворга ўхшаб девордан оғиб чиқиб турадиган нарса Шозрувон деб аталади.
Каъбага биринчи тарновни қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз беш ёшларида уни қайта қуришганда қўйганлар. 

КАЪБАНИНГ ХАЗИНАСИ

Каъбанинг хазинаси дейилганда жоҳилият даврида каъбага ишлатиш учун тўланган ва ҳожат бўлмагани учун унинг ичига кўмиб қўйилган мол тушунилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар қавмингнинг жоҳилиятга ёки куфрга яқинлиги бўлмаганида, албатта, каъбанинг хазинасини Аллоҳнинг йўлида нафақа қилар, унинг эшигини ердан қилар ва унга Ҳижрни киритар эдим» деганларини эшитдим».
Муслим ривоят қилган.

Шақиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Шайба ибн Усмон билан ўтирган эдим. Шунда у: «Умар сенинг жойингда ўтириб «Каъбанинг молини тақсимламагунимча чиқмайман», деди.
«Сен буни қила олмайсан», дедим.
«Йўқ! Албатта, қиламан», деди.
«Сен буни қила олмайсан», дедим.
«Нима учун?» деди.
«Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр унинг маконини кўрганлар. Икковлари молга сендан кўра муҳтож бўлганлар. Аммо уни қимирлатмаганлар», дедим.
У туриб, чичқиб кетди».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилган.
Бухорийнинг лафзида: «Батаҳқиқ, унда сариқни ҳам, оқни ҳам қолдирмасликка қасд қилдим», деди.
«Икки соҳибинг буни қилмаганлар», дедим.
«Иккилари эркаклар эди. Уларга эргашаман», деди», 
дейилган.
Шарҳ: Шайба ибн Усмон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги содин Усмон ибн Толҳанинг ўғли. Баъзи уламолар, каъбанинг хазинасидан омма манфаати учун ишлатса бўлади, деганлар. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг куфрга яқинлигини мулоҳаза қилиб ишлатмаганлар, холос.
Улар бу фикрни қувватлаш учун каъбанинг янги пўшиши келганда эскисини улашиб юборилишини далил қилиб келтирадилар.
Жоҳилият даврида каъбага пўшиш ёпилар эди. Жоҳилиятда Каъбаи Муаззамага биринчи бўлиб пўшиш ёпган киши Яманнинг туббаъи – ҳоким Асъад Карб номли одам бўлган.
Каъбаи Муаззамага биринчи бўлиб пўшиш ёпган аёл киши Аббос ибн Абдулмуттоллибнинг оналари Натийла бўлган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ямоний матоҳлардан каъбага пўшиш ёпганлар.
Шунингдек, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумолар ҳам каъбага Қиботий деб аталган матодан пўшиш ёпганлар. Ҳазрати Умар ҳар йили каъбанинг пўшишини ҳожиларга тақсимлаб берар эдилар.
Муовия розияллоҳу анҳу каъбага дебождан пўшиш ёпган эканлар. У киши Ошуро куни дебождан, Рамазонда Қиботийдан пўшиш ёпганлар.
Шунингдек, Маъмун, Мутаваккил, Носир номли халифалар ҳам каъбага пўшиш ёпганлар. Бу иш бошқа ҳукмдорлар тарафидан давом этдирилган.
Аббосийлар Каъбаи Муаззамага Мисрнинг Танийс номли шаҳрида тўқилган матодан пўшиш ёпганлар.
Аббосийлардан кейин, 659 ҳижрий санада Яман подшоҳи Музаффар, ундан кейин Зоҳир Бийбарс Каъбаи Муаззамага пўшиш ёпган.
Саккизинчи ҳижрий асрда Солиҳ ибн Носир Муҳаммад ибн Қолавуун Мисрдаги Бийсус номли қишлоқни бу иш учун вақф қилди.
Кейинроқ Мисрнинг амираси Шажаратуд Дур хоним кўп вақфлар қилди.
Султон Сулаймон ибн султон Салимхон Мисрдаги бир неча қишлоқни ўша вақфга қўшди.
Ана ўша вақфлардан узоқ муддат каъбанинг пўшиши учун маблағ олиниб турди.
Кейинроқ, 1346 ҳижрий санада Маккаи Мукаррамада аолҳида каъба пўшиши фабрикаси қурилди. Ҳозирги кунларда ана ўша муассаса ҳар йили битта пўшиш тайёрламоқда.
Пўшишнинг матоси қора рангдаги соф ипакдан бўлиб унга тилло суви юритилган кумуш иплар ила «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳи», «жалла жалолуҳу», «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» ва «Субҳаналлоҳил азийм» иборалари нақш қилинган бўлади.
Ҳозирда Каъбаи Муаззамага бир дона пўшиш тайёрлаш учун тўрт юз эллик килограмм соф ипак ишлатилади.
Ўша ипакдан тўқилган мато олти юз эллик саккиз квадрат метр бўлади.
Пўшиш учун тўқилган мато кирқ саккиз парчадан иборат бўлади.
Ҳар бир парчанинг узини ўн тўрт метр, эни тўқсон беш сантиметр бўлади.
Каъбаи Муаззамага ёпиладиган пўшишнинг баландлиги ўн тўрт метр бўлади.
Каъбаи Муаззамага ёпиладиган пўшишнинг юқори қисмида тўқсон беш сантиметр қалинликда тилло иплар ила оятлар ёзилган камар бўлади. Камарнинг узунлиги қирқ саккиз метр. У қирқ сакказта парчадан иборатдир. Камарнинг Каъбаи Муаззаманинг бурчакларидаги қисмига тўрт бурчакли шаклга Ихлос сураси ёзилган. Камарнинг пастида унинг баландлигича тўртбурчак шаклда олтита ояти карима ёзилган. Ўша тўртбурчаклар орасида қандил шаклидаги бўлакларга «Яаа ҳаййу! Яаа Қайюму!» «Яаа Роҳман! Яаа Роҳийм!» деб ёзилган.
Пўшишнинг таг қисми алоҳида мато ила қопланган. Пўшишнинг Каъбаи Муаззаманинг эшиги устига қилинган алоҳида безакли ва оятлар ёзилган қисми «Бурқуъ» деб аталади.
Авваллари Тарвия куни қизил ипакдан, биринчи Ражаб куни Қиботий ва йигирма еттинчи Рамазон куни оқ ипакдан пўшиш ёпилар эди.
Каъбаи Муаззамага қора рангли пўшиш ёпиш олтинчи ҳижрий асрда аббосий халифа Носир лидиниллоҳ томонидан йўлга қўйилган. 

КАЪБАГА ҒАЗОТ ҚИЛГАННИ ЕР ЮТАДИ

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир аскар каъбага ғазот қилади. Қачонки улар сайҳонлик ерга етганларида уларнинг аввалини ҳам, охирини ҳам ер ютади», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули! Уларнинг бозорларидагилар ва улардан бўлмаганлар қандоқ бўлурлар?» дедим.
«Авваларини ҳам, охирларини ҳам ер ютади. Аммо қиёмат куни ниятига қараб қайта тирилтирилади», дедилар»
.
Бешовлари ривоят қилган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каъбани икки болдири ингичка ҳабаший хароб қилади», дедилар».
Бошқа ривоятда: «Мен худди унинг қора ва оёғи қинғир ҳолда битта битталаб тошларни кўчираётганини кўраётгандекман», дейилган.
Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Бу икки ривоятда васфи келаётган ҳодисалар қиёмат яқин қолганда бўлади.


МАДИЙНАНИНГ ФАЗЛИ ҲАҚИДА


Жобир ибн Самурата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло Мадийнани Тоба деб номлаган», дедилар».
Шарҳ: Тоба - яхши, покиза, хушрўй каби бир-бирига яқин маъноларни ўзида мужассам қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаҳарларни ейдиган шаҳарда туришга амр қилиндим. Уни Ясриб дейдилар. У Мадийнадир. У (ёмон) одамларни худди босқон темирнинг кирини сургун қилгандек сургун қилади», дедилар».
Иккисини икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Мадийнаи Мунавварада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва хулафои рошидинларнинг маркази бўлгани учун шаҳар қишлоқлар бирин кетин унга қарам бўлганлари учун уни шаҳарларни ейдиган шаҳар деб васф қилинган.
Мадийнаи Мунавварада ёмон одамлар истиқомат қилиш имконига эга бўлмаганлари учун уни одамларни сургун қиладиган шаҳар ҳам дейилади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб у зотга Ислом учун байъат қилди. Бас, эртасига у иситмалаган ҳолда келди ва «Мени байъатдан бўшатинг», деди.
Бас, у зот уч марта бош тортдилар. Сўнг аъробий чиқиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мадийна худди босқонга ўхшайди. У зангини кўчириб ва яхшисини мусаффо қилиб туради», туради», дедилар».
Шарҳ: Мадийнаи Мунавварада ёмон одамлар истиқомат қилиши мумкин бўлмайди. Аммо яхши одамлар бу муқаддас шаҳарда туриши осонлашади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, иймон Мадийнага худди илон инига киргандек киради», дедилар».
Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Қиёмат яқин қолганда бошқа тарафларда иймон қолмаганда ҳам Мадийнада иймон қолади. 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Ислом шаҳарларидан энг охири хароб бўладигани Мадийнадир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.


ТЎРТИНЧИ БОБ УНИНГ ҲАРАМИ ҲАҚИДА

Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Осим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Иброҳим Маккани ҳарам қилди ва унинг аҳлини дуо қилди. Албатта, мен Мадийнани худди Иброҳим Маккани ҳарам қиганидек ҳарам қилдим ва унинг соъига ва муддига худди Иброҳим Макка аҳлига дуо қилганидек дуо қилдим», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким бизда Китоб ва ушуб саҳифадан бошқа нарса бору ўни ўқишимизни гумон қилса, батаҳқиқ, ёлғон айтибди. Унда туя тишлари ва жароҳот етганда тўланадиган нарсалар ҳақида гап бор. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мадийнанинг ҳарами Айр билан Савр орасидадир. Бас, ким унда бир бидъат пайдо қилса ёки бидъатчига жой берса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин. Қиёмат куни Аллоҳ ундан нафлни ҳам, фарзни ҳам қабул қилмайди. Мусулмонларнинг зиммаси бирдир. Уни уларнинг энг пасти ҳам бериши мумкин», дедилар».
Бошқа ривоятда: «Ким мусулмонга берган аҳдини бузса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин. Қиёмат куни ундан нафл ҳам, фарз ҳам қабул қилинмас. Ким отасидан бошқанинг насабини даъво қилса ёки ўз маволийларидан бошқага нисбат берилса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин. Қиёмат куни Аллоҳ ундан нафлни ҳам, фарзни ҳам қабул қилмайди», дейилган.
Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: «Айр» Мадийнаи Мунавваранинг жанубидаги тоғнинг номи.
Савр Мадийнаи Мунавваранинг шимолидаги тоғнинг номи. Булар ҳарами маданийнинг жануб ва шимол томондаги чегараларидир.
Аммо ҳарами маданийнинг шарқ ва ғарб томондаги чегаралари келгуси ҳадиси шарифда зикр қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнанинг икки ҳарраси орасини ҳарам қилдилар. Агар мен унинг икки ҳарраси орасида кийикларни кўриб қолсам, уларни чўчитмайман. Ва Мадийнанинг атрофидан ўн икки милни қўриқхона қилдилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳарра-Мадийнада машҳур бўлган қора тошли икки минтақа.

Муслимнинг ривоятида: «Эй Аллоҳим! Албатта, Иброҳим Маккани ҳаром қилди ва уни ҳарамга айлантирди. Албатта, мен Мадийнани ҳаром қилиб, уни ҳарамга айлантирдим. Унинг икки тоғи орасида қон тўкилмайди. Унда қитол учун силоҳ кўтарилмайди. Унда дарахт алафдан бошқа нарса учун кесилмайди», дейилган.

Абу Довуднинг ривоятида: «Унинг ўт ўлани юлинмас, ови чўчитилмас ва тушиб қолган нарсасини, эгасини изловчидан бошқа ололмас», дейилган.
Шарҳ: Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, ҳарами маккийнинг барча ҳукмлари ҳарами маданийга ҳам тўла жорий бўлади.

КИМ ҲАРАМНИНГ ДАРАХТЛАРИГА ЁКИ ОВИГА ТАЖОВУЗ ҚИЛСА КИЙИМИ ЕЧИБ ОЛИНАДИ

Саъд ибн Абу Ваққос Ақиқдаги қасрига улов миниб кетаётган эди. Бир қулнинг дарахт кесаётганини ёки синдираётганини кўриб қолди ва унинг кийимини ечиб олди. Бас, қулнинг аҳли келиб ундан ғуломдан олган нарсаларни қайтариб беришни сўрашди. Шунда у «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ўлжа қилиб берган нарсани қайтариб беришимдан Аллоҳ сақласин!» деди ва уларга қайтариб беришдан бош тортди».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Абу Довуднинг лафзида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким Мадийнанинг дарахтидан бирор нарсани кесса, уни тутган одам кийимларини ечиб олади» деганларини эшитганман», дейилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳарамни ҳаром қилганлар ва «Ким бировни унда ов қилаётганини кўрса, унинг кийимини ечиб олсин» деганлар», деди».
Шарҳ: Ҳарами маданийнинг овини овлаган ва дарахтининг кесганнинг жазоси фидя ўрнига жиноятчининг кийимини ечиб олишдир.

МАДИЙНА АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ИНОЯТИ ИЛА ҚЎРИЛГАН

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мадийнанинг йўлларида фаришталар бор. Унга ўлат ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди», дедилар».

Бошқа ривоятда: «Мадийнага масийҳи Дажжолнинг қўрқинчи кирмайди. Ўша кунда унинг етти эшиги бўлиб ҳар эшикда иккитадан фаришта туради», дейилган. 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Макка ва Мадийнадан бошқа ҳар бир юртни, албатта, Дажжол оёқ ости қилади. Иккисининг ҳар бир йўлини фаришталар саф бўлган ҳолларида қўриқлайдилар. Кейин Мадийна уч марта титрайди ва ундан барча кофир ва мунофиқ у(Дажжол) томон чиқади», дедилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Дажжол Мадийнаи Мунавварани қўриқлаб турган фаришталарни кўриб тузли ерда тўхтайди. Унинг келганини эшитиб Мадийнадаги барча кофир ва мунофиқлар чиқиб олдига боришади.

Муслимнинг ривоятида: «Масийҳ машриқ томондан келади. Мадийнаган киришни кўзлаган бўлади. У Уҳуднинг орқасига тушади. Сўнг фаришталар унинг юзини Шом томон буриб қўядилар. Ўшаёқда у ҳалок бўлади», дейилган».

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аҳли Мадийнага бирор кимса ҳийла қилса, албатта, худди туз сувда эригандек эриб кетади», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Муслимнинг лафзида: «Ким аҳли Мадийнага ёмонликни ирода қилса, Аллоҳ уни худди туз сувда эригандек эритиб юборади», дейилган.

НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МАДИЙНАГА ВА УНИНГ АҲЛИГА ДУОЛАРИ ҲАҚИДА

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим! Бизга худди Маккага бўлган муҳаббатимиз каби ёки ундан ҳам шиддатлироқ қилиб Мадийнани маҳбуб қилгин.
Эй Аллоҳим! Бизнинг соъимизни ва муддимизни баракали қилгин. У(Мадийна)ни биз учун сиҳҳат маскани қилгин. Унинг иситмасини Жуҳфага кўчиргин», дедилар».
(Оиша) айтди: «Биз Мадийнага келганимизда у ер Аллоҳнинг энг вабоси кўп ери эди. Батҳон (водийси) суви ўзгариб оқарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага келганларида Абу Бакр ва Билол қаттиқ иситма бўлдилар. Абу Бакрни иситма тутганда: «Ҳар бир киши ўз аҳлида тонг отдирур
Ҳолбуки ўлим унга кавуш ипидин яқиндур».
Билол бўлса, иситма уни қўйворганда овозини кўтариб: «Кошки билсам, яна бир кеча ётурманми
Бу водийда, атрофимда Изхир ва Жалил ила?
Бирор кун Мижанна сувларидан ўтирманми?
Ёки кўринурми менга Шома ва Тофийл ила?» дер эди». 

Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятнинг аввалида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадийна шаҳрига ва унинг аҳлига қилган дуолари келмоқда.
«Эй Аллоҳим! Бизга худди Маккага бўлган муҳаббатимиз каби ёки ундан ҳам шиддатлироқ қилиб Мадийнани маҳбуб қилгин».
Маълумки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ аҳли Маккадан бўлган саҳобаи киромлар Макка шаҳрини жуда ҳам яхши кўрар эдилар. Уларнинг ўз она шаҳарларига бўлган муҳаббатлари мисли йўқ эди. Аммо дину диёнат йўлида улар бу шаҳарни ташлаб Мадийнага кўчиб келишга мажбур бўлдилар. Энди улар ўзлари ҳижрат қилиб келган диёрга ҳам муҳаббат қилишлари керак эди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда Аллоҳ таолодан ёдам сўраб ушбу дуони қилганлар. Шу билан бирга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа нарсаларни сўраб қуйидаги дуони ҳам қилдилар:
«Эй Аллоҳим! Бизнинг соъимизни ва муддимизни баракали қилгин. У(Мадийна)ни биз учун сиҳҳат маскани қилгин. Унинг иситмасини Жуҳфага кўчиргин», дедилар».
Дарҳақиқат, ўша даврда Мадийнаи Мунаввара вабо касали кўп тарқалган макон эди. Буни Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам ҳадиси шарифнинг давомида баён қилиб бермоқдалар. У киши ўз оталари Абу Бакр Сиддиқ ва машҳур саҳобий Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳумолар иситма дардини ўз бошларидан қандоқ ўтказганлари ва қандоқ байтларни айтганларини сиз билан бизга айтиб бермоқдалар.
Шу ерда Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу айтган байтдаги баъзи луғатларни ҳам билиб қўйишимиз лозим.
«Изхир ва Жалил» - Маккаи Мукаррама водийларида ўсадиган икки хил ўсимлик.
«Мижанна» - Маккадан Марриз Заҳронга қараб кетганда бир неча милдан кейин келадиган жойнинг номи. У ерда Ҳижр бозори ўтар эди.
«Шома ва Тофийл» - Маккадан тахминан ўттиз мил узоқликдаги икки тоғнинг номи.

Муслимнинг лафзида: «Биз Мадийнага келганимизда унинг вабоси кўп эди. Абу Бакр ва Билол бемор бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз асҳобларини бемор бўлганларини кўриб: «Эй Аллоҳим! Бизга Мадийнани худди Маккани маҳбуб қилганинг каби ёки ундан ҳам шиддатлироқ қилиб маҳбуб қилгин. Уни биз учун сиҳҳат маскани қилгин. Бизга унинг соъини ва муддини баракали қилгин. Унинг иситмасини Жуҳфага кўчиргин», дедилар», дейилган.

1612. Бошқа бир ривоятда: «Эй Аллоҳим! Мадийнада Маккага берган баракангдан икки ҳисса кўп қилгин», дейилган.

1613. Муслимнинг ривоятида: «Эй Аллоҳим! Бизга шаҳримизни баракали қилгин.
Эй Аллоҳим! Бизга соъимизни баракали қилгин.
Эй Аллоҳим! Бизга муддимизни баракали қилгин.
Эй Аллоҳим! Бир барака ила икки барака қилгин», дейилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан келиб, Мадийнага назарлари тушса уловларини тезлатар ва агар бирор ҳайвон минган бўлсалар унга бўлган муҳаббатларидан ҳалиги ҳайвонни қистар эдилар».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Бундан Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини қабул қилиб у зотга Мадийнани маҳбуб қилиб қўйгани кўриниб турибди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳудга назар солдилар ва «Албатта, Уҳуд бизга муҳаббат қилган ва биз унга муҳаббат қилган тоғдир», дедилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Уҳуд Мадийнаи Мунавварадаги машҳур тоғ. Бу ҳадисдаги икки тарафлама ўзаро муҳаббатга эътиборни қаратмоқ лозим.

ХОТИМА

МАДИЙНАНИ МАСКАН ТУТИШГА ТАРҒИБ

Суфён ибн Абу Зуҳайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яман фатҳ қилинур. Бас, қавмлар унга шошилурлар. Аҳллари ва ўзига итоат қиладиганлари ила унга кўчурлар. Ҳолбуки, Мадийна улар учун яхшидир. Гар улар билсалар.
Шом фатҳ қилинур. Бас, қавмлар унга шошилурлар. Аҳллари ва ўзига итоат қиладиганлари ила унга кўчурлар. Ҳолбуки, Мадийна улар учун яхшидир. Гар улар билсалар.
Ироқ фатҳ қилинур. Бас, қавмлар унга шошилурлар. Аҳллари ва ўзига итоат қиладиганлари ила унга кўчурлар. Ҳолбуки, Мадийна улар учун яхшидир. Гар улар билсалар», дедилар».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда турли иқлимлар фатҳ қилинганда одамлар улардаги бойликлар ва яхшиликларга қизиқиб аҳли аёллари ва ўзига эргашганлари билан ўша томонларга кўчиб кетишлари ҳақида хабар бермоқалар. Аммо шу билан бирга улар учун аслида Мадийнада туришлари хайрли эканлигини ҳам айтиб қўймоқдалар. Чунки Мадийнаи Мунаввара хайри баракали шаҳар. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратгоҳи, ҳарамлари, ваҳий тушиб турган шаҳар, Маккадан кейинги энг хайрли шаҳар.

1617. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Барча яхшиликларига қарамай Мадийнани тарк қилурлар. Унга қути лаа ямут излаган ҳайвону қушлар келур. Энг охири ҳашр қилинадиган кимса, музайналик икки чўпондир. Улар Мадийнани ирода қилиб келур. Қўйларини ҳайдарлар. Бас, улар уни кимсасиз ҳолда топирлар. Токи Санияятул Вадоъга етганларида юзлари тубан йиқилурлар», дедилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда зикр қилинаётган ҳодисалар қиёмат жуда ҳам яқин қолганда содир бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга бир замон келур. Унда киши амакиваччасини ва яқинларини «Фароғатга келинглар! Фароғатга келинглар!» деб чақирур. Ҳолбуки, Мадийна улар учун яхшидир. Гар улар билсалар. Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, улардан бирортаси ундан безиб чиққан бўлса, албатта, Аллоҳ унинг ўрнига у ерга ундан яхшини киритади. Огоҳ бўлинглар! Албатта, Мадийна худди босқон каби ифлосни чиқариб туради. Токи Мадийна ўз ёмонларини худди босқон темирнинг зангини кўчирганидек кўчирмагунича қиёмат қоим бўлмас», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда бир замонлар келиб одамлардан бирлари дунё кезиб роҳат ва фароғатли жойни топиб ўз қариндошларини ўша томон чорлаши ҳақида сўз кетмоқда. Ҳозир ўша нарса бошланган. Бу нарса авж олиб одамлар ҳатто Мадийнаи Мунавварани ташлаб ўша айшу ишрат масканлари томон ошиқар эканлар. Аллоҳ Ўзи сақласин!

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У кишининг озод қилган чўриси келиб: «Мен учун замон шиддатлашди. Мен Ироққа чиқмоқчиман», деди.
«Маҳшар ери Шомга борсанг бўлмайдими?! Сабр қил! Эси йўқ! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким у(Мадийна)нинг шиддатига ва қийинчилигига сабр қилса, қиёмат куни мен унга гувоҳ ёки шафоатчи бўлурман» деганларини эшитганман», деди у».
Термизий ва Муслим ривоят қилган.

Бошқа ривоятда: «Умматимдан бирортаси Мадийнанинг қийинчилиги ва шиддатига сабр қилса, албатта, қиёмат куни мен унга шафоатчи бўлурман», дейилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Мадийнада ўлишга қодир бўлса, унда ўлсин. Албатта, мен ким унда ўлса, уни шафоат қиламан», дедилар».
Шарҳ: Шунинг учун кўпчилик умрини охирида Мадийнаи Мунавварада яшаб у ернинг қабристонига дафн бўлиш учун ҳаракат қилади.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ менга ваҳйи қилиб «Ушбу учтадан; Мадийна, Баҳрайн ва Қиннисрийндан қай бирига тушсанг, у сен учун ҳижрат диёрингдир», деди», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Қиннисрийн - Ҳалаб ва Ҳимс орасидаги машҳур шаҳар.

Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳим! Мени Ўз йўлингда бўладиган шаҳидлик ила ризқлантиргин ва ўлимимни Расулинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юртларида қилгин», деди.
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифларнинг барчасида Мадийнаи Мунавварани маскан тутишга кучли тарғиб бор.

НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ҚАБРЛАРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга салом берса, албатта, Аллоҳ менга руҳимни қайтаради ва мен унга алик оламан», дедилар».
Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уйларингизни қабрлар қилиб қўйманг. Менинг қабримни ийдгоҳ қилиб олманг. Бас, менга саловот айтинг. Албатта, қаерда бўлсангиз ҳам, сизнинг саловотингиз менга етади», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлур», дедилар».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мени Мадийнада, савоб умидида зиёрат қилса, қиёмат куни менинг ёнимда бўлади ва мен унга шафоатчи бўлурман», дедилар».
Бошқа ривоятда: «Ким мени ўлимимдан кейин зиёрат қилса, худди тириклигимда зиёрат қилгандек бўлади», дейилган.
Учовини қози Иёз ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжид хом ғиштдан бино қилинган эди. Унинг шифти хурмо шохлардан эди. Устунлари эса хурмо ёғочидан эди. Абу Бакр унга ҳеч нарсани зиёда қилмади. Умар унга зиёда қилди. У масжидни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги асосга қайтадан хом ғишт ва хурмо шохидан қурди. Устунларини яна хурмо ёғочидан қилди. Сўнгра уни Усмон ўзгартирди. Кўпгина зиёдалар қилди. Деворларини нақшланган тош ва пишган ғиштдан қилди. Устунларини нақшланган тошдан, шифтини, саж ёғочидан қилди». 
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини, У зотнинг ўзлари ва уч халифалари даврларидаги васфини қисқача сўзлар билан ифода қилмоқдалар.
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари.
Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохидан, устунлари хурмо ёғочидан эди.
Масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шахсан иштирок этган эдилар.
Масжиднинг ҳажми ҳам кичик эди. Ёмғир ёғса хурмо шохларидан қилинган шифтдан ўтиб ерга тушар, сажда қилган одамнинг пешонасига лой ёпишар эди. Масжид ерига ҳеч нарса тўшалмаган эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давларида ана шундоқ содда ва кичик эди.
2. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврлари.
Масжидин Набавий бу даврда ўзгаришсиз қолди. Чунки, ҳазрати Абу Бакр оз муддат халифа бўлиб, сўнгра вафот топдилар. Ўша оз муддат ҳам ридда урушларида сарф бўлди.
Бунинг устига ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу табиатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги нарсанинг ҳеч бирини ўзгартишни хоҳламас эдилар. Шунингдек, у кишининг даврларида Масжидин Набавийга ўзгартиш қилиш эҳтёжи ҳам йўқ эди.
3. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврлари.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин халифа бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўн икки йилдан кўпроқ халифалик қилдилар. Табиийки, хом ғиштдан қилинган, шифти фақат хурмо шохи ила тўсилган масжид ислоҳга муҳтож бўлиб қолди. Ана шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини айни қурулиш моддалари, хом ғишт, хурмо шохи ва ёғочидан, худди ўзига ўхшатиб қайта қурдилар. У киши масжид Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги кўринишини йўқотмаслигига эътибор бердилар.
4. Ҳазрати Усмон ибн Аффон даврлари.
Маълумки ҳазрати Усмон узоқ вақт халифалик қилдилар. Бу давр ичида Ислом давлати мислсиз равишда кенгайди. Турли халқлар Исломга кирди. Мусулмонлар сони жуда ҳам кўпайди. Саҳобаи киромлар ҳам турли юртларга тарқаб кетдилар. Шунга ўхшаш кўпгина ўзгаришлар бўлди.
Ана шу давр ичида ҳазрати Усмон ҳам анчагина ишлар қилдилар. Бу ишларнинг кўпи янгилик ҳисобланар эди. Бу янгиликлар асосан давр тақозаси ила юзага чиққан янгиликлар эди. Ўша янгиликлар ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини янгидан кенгайтириб қуриш ҳам бор эди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятларида айтилганидек, ҳазрати Усмон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кўплаб зиёдалар қилдилар. Аввало уни анчагина кенг ва катта қилдилар. Қолаверса қурулиш моддаларини тамоман бошқа қилдилар. Хом ғишт ўрнига нақш солинган тош ва пишиқ ғишт ишлатдилар. Устунларини ҳам хурмо ёғочи ўрнига нақшиндор тошлардан қилдилар. Шифтини эса, хурмо шоҳлари ўрнига Ҳиндистондан келтирилган саж ёғочларидан қилдирдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг бу ишлари 649 – 650 мелодий йилларда амалга оширилган.
Умавий халифалардан Валид ибн Абдулмалик Масжидун Набавийни кенгайтириш ва биносини янгилаш ишини амалга оширган. Унинг амрига биноан бу муборак масжидда биринчи бор болахоналар, меъзаналар ва деворнинг ичига кириб турадиган меҳроб қурилган. Ўшанда оналаримизнинг ҳужралари ҳам масжидга қўшиб юборилган.
Халифа Валид ибн Абдулмаликнинг давридаги масжидга 2369 кв. ер қўшилган.
Аббосий халифалардан ал-Маҳдий даврида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари кенгайтирилиб баъзи қурулиш ишлари олиб борилган.
Мамлуклар ҳукмронлиги вақтида султон Қойтбой масжиднинг кўп қисмларини қайтадан қурган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг журалари устига гумбаз қурдирган.
Усмоний халифалардан бўлган султон Маҳмуд иккинчи 1813 мелодий санада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужралари устига қўрғошиндан янги қубба қурилди ва уни яшил рангга бўялди.
Султон Абдулмажид иккинчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраи шарифларидан бошқа ҳамма нарса бузиб қайтадан қурдирди. Ўшанда Масжидун Набавийнинг ҳудуди 1293 кв. м.га етди. Бу ишлар 1277 ҳижрий – 1861 мелодий санада бўлган эди.
Подшоҳ Абдулазиз 1370 ҳижрий – 1951 мелодий санада Масжидун Набавийни кенгайтиришга амр қилди. 1955 йили охирига етган мазкур ишлардан кейин Масжидун Набавийнинг ҳудуди 12271 кв. м.га етди.
1405 ҳижрий сана, 9 Сафар, Жума – 1984 мелодий сана, 2 ноябр куни подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз Масжидун Набавийнинг кенгайтириш бўйича қилинадиган янги ишларга биринчи ғиштни қўйди. Ғоят катта ишларни ўз ичига олган бу кенгатиришда қилинган ўзгаришлардан баъзиларини эслаб ўтамиз.
Янги бино замонавий меъморчиликнинг энг кўзга кўринган намунасига айланди.
Масжидун Набавийнинг атрофига кенг майдонлар қилинди.
Масжидун Набавийнинг эски ва янги бинолари орасига очилиб ёпилиб турадиган иккита катта соябонлар қилинди.
Масжидун Набавийнинг янги қисмига диаметри 18 метр, оғирлиги саксон тоннадан бўлган йигирма саккизта ҳаракатланадиган қурилди.

МАЪЛУМОТЛАР ЖАДВАЛИ

номолдинги ҳолқилинган ишумумий ҳол
масжид ҳудуди16500 кв. м.148500 кв. м.165000 кв. м.
намозхонлар85000642000700000
меъзаналар4 та 72 м.6 та 104 м.10 та.
дорвозалар71623
эшиклар166581

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мен амакиларим билан бирга мутоййибийн шартномасига ҳозир давоми...

2868 05:00 / 14.03.2017
Аллоҳ таоло .Инсон ўзи кўп тортишувчи бўлган эди,, деган. Соиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим. Бас, давоми...

5040 05:00 / 13.03.2017
Тақводор ва обид сифатида танилган саҳобалардан бири Абу Зарр алҒифорий р.а. бир қанча ҳадиси шарифларни ривоят қилган. Улардан бири жуда машҳур ҳадиси шариф давоми...

3642 12:17 / 15.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймЖуфтжуфт бўлиб истиқомат қилишимиз учун эркак ва аёл қилиб яратган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, шаръий йўл билан оила қуриб давоми...

3092 05:00 / 14.03.2017