1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Комил иймон эгалари

12:20 / 15.03.2017 2957 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аббос ибн Абдулмуттолибдан (розияллоҳу анҳу¬) ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳни – Робб, Исломни  – дин, Муҳаммадни – Расул, деб рози бўлса, иймон таъмини тотган бўлади», дедилар». (Имом Муслим ва Термизий ривояти). Абу Довуд ривоятида эса: «Ким Аллоҳ учун муҳаббат қилса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун ман қилса, батаҳқиқ, иймонни мукаммал қилган бўлади», деб келтирилган.

Ушбу ҳадисда улкан маъно баён этилмоқда. Унда иймон таъмини тотиш, иймон мукаммаллигига эришиш қайси йўл билан амалга ошиши мумкинлиги баён қилинмоқда. Бунинг учун эса, қуйидагилар амалга ошиши керак:

«Аллоҳни – Робб» деб рози бўлиш. 

 Робб «тарбиячи» маъносини англатади. Урфда эса кўп маъноларни, жумладан «ризқ берувчи», «тадбирини қилувчи», «яратувчи», «эга» маъноларини ифода қилади. Робб Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Аллоҳ таоло бутун оламларнинг яратувчиси, уларга ризқ берувчи, тадбирини қилувчи, эгалик қилувчи ва тарбияловчиси бўлганидан шундай аталган. Аллоҳни Робб, деб рози бўлиш эса, Аллоҳ менинг яратувчим, тарбиякунандам, эгам, ризқ берувчим, тадбиримни қилувчим, деб чин дилдан рози бўлишни англатади. Рози бўлиш оғиздаги қуруқ гап эмас ёки кўнгилдаги гумон ҳам эмас. Балки, тўлиқ ишонч ва қаноатдир. Ким шу ишонч билан, шу қаноат билан яшаса, иймон таъмини тотиш йўлида катта қадам босган бўлади. Кейинги қадамлар эса:

2. Исломни – дин деб рози бўлиш ва

3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни – Расул деб рози бўлиш билан бўлади.

«Дин» деганда ҳозирги бузуқ тушунча кўзда тутилмайди. Ҳозирда дин деганда, масжид, намоз, қабристон, ўлганларга маросим қилиш ва шунга ўхшаш нарсалар тушуниб қолинган. Аслида эса, дин Аллоҳ томонидан юборилган, инсоннинг икки дунё саодатига эришиши учун зарур бўлган кўрсатмалар тўпламидир. Демак, иймон таъмини тотиш учун инсон Исломга тўлиқ амал қилиб яшашим керак, деган ишонч ва қаноатга эга бўлиши керак.

Бунинг учун эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул яъни, Аллоҳнинг элчиси, Пайғамбари деб рози бўлиш керак. Ислом таълимотларини, ҳукмларини Аллоҳдан қабул қилиб, бандаларга етказган, ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зотни Расул, деб рози бўлинмагунча иймон таъмини тотиб бўлмайди. Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул деб, рози бўлган одамгина иймон таъмини тотиши мумкин. Шу мақсад йўлида машаққатларни кўтаришга рози бўлган одамгина иймон таъмини тотиб кўриши мумкин. Аммо чин қалбдан розилик–ишонч ва қаноат бўлмаса, иймон таъми ҳам бўлмайди.

Иймоннинг мукаммал бўлиши учун амалга оширилиши лозим бўлган ва имом Абу Довуд ривоятида келган ишлар қуйидагилардан иборат: 

1. Аллоҳ учун муҳаббат қилиш. Кимга ёки нимага муҳаббат қиладиган бўлса, Аллоҳ учун муҳаббат қилган кишигина иймонининг мукаммал бўлишидан умид қилса бўлади. Бировга муҳаббат қиладиган бўлса, ўша одам Аллоҳнинг амрида юргани учун, Аллоҳга иймони борлиги учун, Аллоҳга ибодат қилиб яшаётгани учун, Аллоҳ учун муҳаббат қилади. Бунга бошқа ғараз, мақсад аралашиб қолса, муҳаббат Аллоҳ учун бўлмай қолади. Шунингдек, бирор ишни, гуруҳни, жамоатни ва шунга ўхшаган нарсаларни яхши кўриш ҳам Аллоҳ учун бўлгандагина муҳаббат эгаси ўз иймони мукаммал бўлишидан умид қилса бўлади. 

2. Аллоҳ учун ёмон кўриш. Кимни ёки нимани ёмон кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрадиган кишигина иймонининг мукаммал бўлишидан умид қилса бўлади. Бировни ёмон кўрадиган бўлса, ўша одам Аллоҳнинг амрида юрмагани учун, Аллоҳнинг динига амал қилмагани учун, гуноҳ ишларни қилгани учун ёмон кўради. Бошқа сабабдан ёмон кўриш эса мумкин эмас. Шунингдек, бирор ишни, гуруҳни ёки шунга ўхшаш нарсаларни ҳам Аллоҳ учун, Аллоҳнинг таълимотларига тескари бўлгани учун ёмон кўрган одамгина иймони мукаммал бўлишидан умид қилса бўлади.

3. Аллоҳ учун бериш. Бунга моддий, маънавий ҳамма нарсалар киради. Бировга бир яхшилик қилса, Аллоҳ учун, ўша яхшиликдан манфаатдор одам ҳам Аллоҳнинг йўлида юргани учун қилсагина иймони мукаммал бўлиши учун ҳаракат қилган бўлади. Демак, мусулмон одам ўзгаларга моддий ва маънавий эҳсонлар бериш пайтида фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб иш тутса, иймони комиллиги учун интилган бўлади. 

4. Аллоҳ учун ман қилиш. Бунга моддий, маънавий ҳамма нарсалар киради. Бировдан бир нарсани ман қилса, тўсса, фақат Аллоҳ учун, ўша иш Аллоҳнинг амрига тўғри келмаслиги учун, ўша шахс Аллоҳнинг амрида юрмагани учун бериладиган нарсани ман қилиши керак.


(“Ҳадис ва Ҳаёт”, 2-жилд, 178-182-бетлар).



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабр қилиш қийин ва машаққатли бўлса ҳам илм ва амал қоришмасидан унинг маъжунини тайёрласа бўлади. Зотан, қалбнинг барча хасталикларига худди шу икки нарса, илм давоми...

3855 05:00 / 14.03.2017
Аллоҳ таоло бизларни бу дунёга синаш учун юборган. Бу дунё синов дунёсидир. Кишининг охиратдаги мақоми унинг синовлардан яхши ўтиши ёки ўтолмаслиги билан давоми...

3421 05:00 / 14.03.2017
Қуръонни кўтаргувчилар одобининг баёниАбу Закариё Яҳё ибн Шарофиддин НававийБиринчи жузъарабчадан таржимаБарча ҳамду сано Аллоҳгадир, биз ундан ёрдам беришини, давоми...

4796 05:00 / 13.03.2017
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Парвардигорингиз Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун дуоларингизни ижобат қилайrdquo ndash дедиrdquo Ғофир, 60 деб марҳамат қилган. Бошқа бир давоми...

4192 05:00 / 14.03.2017