1446 йил 6 рабиъус сони | 2024 йил 09 октябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

“МАН ТАШАББАҲА БИ-ҚАВМИН, ФА-ҲУВА МИНҲУМ”

05:00 / 14.03.2017 4316 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу: مَنْ تشبّهَ بِقوْمٍ فهُوَ مِنْهُمْ – "Ман ташаббаҳа би-қавмин, фа-ҳува минҳум" (“Кимки ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир”) маъносидаги арабча жумлаларни кўпчилик уламо ва илмдонларимиз аксар ерларда ҳадис деб, кўп нарсаларни манъ қилиб, кўп ишларда қурол қилишлари бор гап. Ушбу ҳадиси шариф саҳиҳми? Ёки тўқима ҳадислар жумласиданми? Агар саҳиҳ ҳадиси шариф бўлса, унинг асл маъноси нима?


Бу ҳадиси шариф ҳақиқатан ҳам Шориъ алайҳиссалом, Ҳабиби муҳтарам, Расули акрам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан айтилгандир. Ҳадисни Имом Аҳмад (р.ҳ.), Имом Абу Довуд (р.ҳ.) ва Имом Табароний (р.ҳ.) Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят этмишлар. Ибн Ҳиббон (р.ҳ.) ва ал-Ироқий (р.ҳ.) ҳадисни саҳиҳ деганлар.

Аммо, бу ҳадиси шарифнинг, ана шу ташаббуҳ (ўзини ўхшатиш) ҳадисининг фақатгина зоҳир маъноси олинса, биз юзлаб, минглаб, балки, миллёнлаб ватандошларимиз, диний биродарларимиздан айрилиб қоламиз. Жузъий ташаббуҳнинг – бир нави ўхшашнинг, ўхшатишнинг эса “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-расулуллоҳ” калимасига ғолиб келиши унчалик тўғри келмаса керак. Юз йиллик куфр ва ширкни бир каррада маҳв ва йўқ қилишга қуввати етадиган бу илоҳий калиманинг биргина жузъий ташаббуҳдан отиладиган куфр ўқларига эмас, балки, бундан-да зиёдароқ бало-у офатларга қалқон бўлажагига калимагўйларнинг иймонлари комил ва ишончлари мустаҳкамдир.

“Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-расулуллоҳ” калимасини айтмоқни, қиблага қараб намоз ўқимоқни, Рамазон ойи келса, ҳамма билан қўшилиб рўза тутмоқни эътиборга олмасдан, бир неча оқибати номаълум кишиларнинг маънолари ва муродлари билан фалончи ташаббуҳ (ўзини ўхшатиш) этди, у этди, бу этди, кофир бўлди, диндан айрилди, дейиш билан миллёнларча чин иймонли миллатдошларимизни маъюс қилмоқ Аллоҳ таоло наздида ҳам, Расул алайҳиссалом олдида ҳам қабул қилинмаса керак.

Энди, ана шу ҳадиси шариф – “Ман ташаббаҳа би-қавмин фа-ҳува минҳум”нинг лафзларига эътибор берайлик, фикр қилайликки, бу ердаги қавмдан мурод ким, ташаббуҳ (ўзини ўхшатиш)дан мурод қайси, “минҳум” (“улардан”)нинг бу ердаги маъноси нима?!

Ташаббуҳ (ўзини ўхшатиш) бирор қавм билан шу ҳолда бўладики, “ма биҳи-т-ташаббуҳу” (ما به التشبّه), яъни, қайси нарсадаки ташаббуҳ (ўзини ўхшатиш) бор, ўша қавмга хос бўлсин, бошқа қавмда топилмасин.

Энди, бу ердаги ташаббуҳ (ўзини ўхшатиш)дан мурод ташаббуҳи томм, яъни тўла ташаббуҳми ёки жузъий ташаббуҳми?! Яъни, бутун ташқи кўриниши, ички сийрати, гап-сўзи, қилиқлари-ю қилмишлари, кийинишлари-ю, юриш-туришлари, хуллас, бутун борлиғи билан ўхшашми, ўхшатишми ёки фақат бир томондан, бир жиҳатидан ўхшашми?!

Ғайри томм ташаббуҳда, яъни, тўла ўхшатиш бўлмаган жиҳатларда – жузъий ўхшатишларда Расули акрам соллаллоҳу алаҳи васаллам ҳам ўзларини аҳли китобларга ўхшатишни мақбул санар эдилар. Чунончи, Имом Термизий (р.ҳ.) ўзларининг Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, сурат ва сийратларига бағишланган асарлари – “Шамойили Муҳаммадиййа”да Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят этганлар. Буни Имом Бухорий (р.ҳ.) ва Имом Муслим (р.ҳ.) ҳам ривоят қилган:

وعن ابن عباس قال كان النبي صلى الله عليه وسلم يحب موافقة أهل الكتاب فيما لم يؤمر فيه وكان أهل الكتاب يسدلون أشعارهم وكان المشركون يفرقون رؤوسهم فسدل النبي صلى الله عليه وسلم ناصيته ثم فرق بعد .   ( متفق عليه ) 


 “Пайғамбари Худо соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса буюрилмаган (қайтарилмаган) вақтда аҳли китобга мувофақатни ёқтирар эдилар. Аҳли китоблар сочларини осилтириб, ёйиб юрар эдилар. Мушриклар эса сочларини фарқ (олдидан тўғри очиш) қилиб қўяр эдилар. Бас, Пайғамбар алайҳиссалом бошларининг олд қисмларини осилтириб қўйдилар, кейинчалик фарқ қилиб соч қўя бошладилар”.

Агар ҳадис лафзидаги ташаббуҳ (ўзини ўхшатиш)дан мурод тўла ташаббуҳ бўлса, унда маъноси шундай бўладики, “Би-анна ла йуърафу ам ҳува мин ан-насоро, ам ҳува мин ал-атрок?” (بانّ لا يعرف ام هو من النصارى او هو من الأتراك), яъни, уни ўзини ўхшатганлигидан насоролигини ёки турклигини ажратиб бўлмаса, деганидир. 

Бас, шундай бўладиган бўлса, жузъий ўхшашлик билан, фақат бирор жиҳатини, масалан, кийим-кечагини ёки оддий одатини ўхшатиш билан уни ўша қавмдандир, деб ҳукм чиқариб бўлмайди. Зеро, ҳар қандай инсон озгина андиша билан ҳам ўз диндошини таниб олмоғи мумкин.

Гарчи, Шоҳ Абдулазиз Деҳлавий (р.ҳ.) ўзининг 1237-ҳижрий йилда ёзган фатовосида ташаббуҳга жуда кўп қайдлар келтирган бўлса-да, ана шу ташаббуҳ билан ўша қавмнинг жумласидан бўлиб қолади, деб ёзган бўлса-да, аммо, бизнингча, бу ҳадиснинг бу турли ўхшатишларга алоқаси йўқдир.

Энди, “минҳум” (“улардан”)нинг маъносига келайлик. Маъноси шуки, кимики насоро билан мушобаҳати томм, яъни, зоҳирда-ю ботинда тўла ўхшаш бўлса, у киши насоро бўлди. 

Агар у “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-расулуллоҳ” деса, қибламизга қараб намоз ўқиб юрган бўлса, ҳалол сўйган жонлиқларимизнинг гўштидан еса, намоз ўқиса, рўза тутса ҳамми? Йўқ, албатта! Бундан мутаассибларнинг энг мутаассиби ҳам, ҳатто насронийлар ҳам “минҳум”дан шундай маънони чиқармаса керак.

Бу ҳадиснинг бир ҳукмдан бошқасига умуман алоқаси йўқ, десак муболаға бўлмас. У ҳам бўлса, охир умрдаги шаръий ҳукмдир. Яъни, бирор жангда, кофиру мушриклар билан бўлган жидолу қитолда ўлдирилганларнинг, ўлганларнинг ҳар қайсисини ўз миллати ва динига кўра ажратиб олиш ва шу орқали тажҳиз, такфину тадфин (ювиб кўмиш) ва жаноза ўқиш ишларида ажратиб олмоқ, фарқламоқ учун айтилган бўлса, ажаб эмас. Шунинг учун, “Кимки ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир” ҳадисининг зоҳирий маъносига қараб, қайси ўликнинг зоҳири қайси миллатга, қавмга ўхшаса, ўша қавм ҳукмида тажҳиз ва тадфин (дафнга тайёрлаш ва дафн қилиш) қилинсин, деганидир. Фиқҳ китобларида келганидек, муқотала майдонидаги ўликлар хусусида, яъни, улар қайси қавмга ўхшаса, ўша қавмдан ҳисоб қилинсин, деганидир. Ҳадиси шарифнинг маъноси шунга далолат қилади.

Чунки, бундай ҳолатда асл кўринишни, асосан, кийим ва қиёфага қараб билинади. Шунинг учун ҳам муҳаддислар бу ҳадиси шарифни “Китоб ал-либос”да келтирганлар. 

Шу каби, шунинг тасдиғи сифатида бошқа бир ҳадисни ҳам келтириш мумкин. Уни Имом Абу Довуд (р.ҳ.) “Китоб ал-жиҳод”нинг охирида Самура ибн Жундаб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من جاء مع المشركين وسكن معهم فانه مثله

“Кимки мушриклар билан улар билан яшаётган ҳолда келса, бас, у уларга ўхшашдир”.

Бу дегани ҳар қандай инсон агар душман тарафда бўлса, бизга қарши улар билан келса, зоҳирига қараб, уни жанг вақтида ўлдирилур, унга раҳм қилинмас.

Бизнинг мазкур ҳадиси шариф борасида берган изоҳимиз кўпгина мусулмонман деб юрган инсонларни куфр балосидан сақлаб қолиши шубҳасиз. Бундан зиёда, бундан ортиқ изоҳнинг кераги ҳам йўқ.

Кимларнингдир мақсади мазкур ҳадиси шариф билан жузъий ўхшашлик сабабли мусулмонларни куфрга, ширкка мубтало қилиш бўлса, бизнинг мақсадимиз ва виждонимиз “Ла илоҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” калимаси соясида уммати Муҳаммадиййани барқарор қолдирмоқдир!

Кимлардир куфрдан хабари йўқ оддий мусулмонларни заҳматга, нафратга мубтало қилсалар, биз раҳмати Парвардигор ҳимоясида уларни ноумид бўлмасликка чақиришдир! 

Валлоҳу аълам би-с-савоб! 


"ал-Ислоҳ" журналидаги бир мақола асосида

Ҳамидуллоҳ Беруний тайёрлади.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўпчилик инсонлар истаган пайтимизда кулиб, истаган пайтимизда йиғлай оламиз деб ўйлайдилар. Лекин улар бу гап мутлақо нотўғрилигини, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким давоми...

5198 12:31 / 15.03.2017
Ушбу мақолада бир қанча оят ва ҳадислар келтирилган бўлиб, уларда жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллар зикр қилинган. Албатта, жаннатга эришиш Аллоҳ давоми...

9203 05:00 / 14.03.2017
Аллоҳ таоло .Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. Ва у дўзах башар учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмас,, деган.Бу ояти каримадаги .аскарлар,дан давоми...

4131 05:00 / 13.03.2017
Иймон заифлиги ҳозирги кунда мусулмонлар орасида кенг тарқалган мусибатдир. Кўпчилик инсонлар қалбининг қотиб кетаётганидан шикоят қилишади. Баъзан Мен Қуръон давоми...

4960 12:08 / 15.03.2017
Аудиолар

131377 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51869 14:35 / 11.08.2021