1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Салафи солиҳларнинг намоздаги аҳволлари ва бизнинг аҳволимиз

05:00 / 14.03.2017 3144 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

23-ҳижрий, 644-милодий  йил. Мадина. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари. Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бомдод намозини ўқиш учун уйларидан масжидга кириб келдилар. Намозга иқомат айтилди. Ҳазрати Умар олдинги сафга ўтар эканлар, сафларни бирма-бир тўғрилаб борар эдилар.

“Аллоҳу акбар” деб намозга киришганлари заҳотиёқ Абу Луълуъа исмли бир бадбахт мажусий орқадаги сафдан чиқиб, у зотнинг баданларига икки томони тиғли пичоқ билан қайта-қайта санчди. Биринчи сафда турган саҳобалар бу даҳшатли манзарадан саросимага тушдилар. Сафнинг энг охирида турганлар эса, нима бўлганидан ҳали хабарлари йўқ эди. Ҳазрати Умар жим бўлиб қолганларини сезишгач, қироатни эслатиш мақсадида “Субҳаналлоҳ”, “Субҳаналлоҳ” деб бақиришди. Бироқ у зотдан ҳеч қандай жавоб бўлмади. Мана шу чоғда Умар розияллоҳу анҳу Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг қўлларидан тутиб, у кишини ўзларининг ўринларига имомликка тортдилар. Ул Ҳазратни эса уйларига кўтариб олиб кетишди. Буюк саҳобий ярадор ҳолда борар эканлар хушларидан кетиб қолдилар. Шу аҳволда то қуёш чиқишига бироз вақт қолгунича ётдилар. Саҳобалар у зотнинг атрофларида тўпланиб ўтиришарди. Улар Ҳазрати Умарни нимадир қилиб хушларига келтирмоқчи бўлишди. Ҳаммалари қандай қилиб ўзларига келтириш чорасини излашарди. Шунда бирдан барчалари Умар розияллоҳу анҳунинг қалблари доимо намозга боғлиқлигини эслашди. Ҳатто баъзи саҳобалар “Бу кишини ҳеч бир нарса намозчалик қўрқитолмайди” дейишди. Кейин барчалари: “Намоз, эй Мўминлар амири, намоз!” дея қичқиришди. Ҳазрат хушларига келдилар ва: “Намозим қолиб кетди” деб ўкиндилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан: “Одамлар намоз ўқиб бўлишдими?” деб сўрадилар. Ибн Аббос: “Ҳа” дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Намозни тарк қилган кишига исломда ҳеч қандай насиба йўқ” дедилар-да, сув келтиришга буюрдилар. Сув келгач, таҳорат олиб, намозларини ўқиб олдилар. Жароҳатларидан эса тинмай қон кетиб турарди. 

Ҳа, азизлар, саҳоби киромларнинг намоз борасидаги аҳволлари мана шундай эди. Вазият қандай бўлишидан қатъи назар, ҳатто ҳаёт билан видолашаётган чоғларида ҳам намозга эътиборсиз бўлишмаган. 

Муҳтарам ўқувчилар, биз ушбу мақолада салафи солиҳларнинг намоз ўқишга чоғланганларидаги аҳволларини ўзимизнинг намоз пайтидаги аҳволимиз билан солиштиришга ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз буларни ўқигандан сўнг гуноҳкор банда тавба қилса, намозга бепарво қараётганлар намозни ҳаётининг ажралмас бир қисми деб билса, хато ва хушуъсиз намоз ўқиётганлар ҳам ўз хатоларини тузатиб, намоз пайтида дунёдан бутунлай узилиб, Роббилари билан ёлғиз қолишса... 

Энди салафи солиҳларимизнинг намоз билан боғлиқ ҳолатларини бирма-бир келтириб ўтамиз. Зеро, улар намозни жамоат билан адо этишга ҳарис эдилар. 

Улар намозни бошиданоқ, “такбири таҳрима”сиданоқ имом билан бирга киришишга ҳарис эдилар. 

Улар намознинг арконларини, фарз, вожиб, суннат ва одобларини ўз ўрнига қўйишга жуда ҳам ҳарис эдилар. 

Улар намозларини хушуъ ва хузуъ билан адо этишга ўта ҳарис эдилар. 

Ҳадисдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, намоз мўминларнинг кўз қувончларидир. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Кўзимнинг қувончи намозда қилинди”. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Намоз билан бизларни роҳатлантир, эй Билол” дер эдилар. Бизнинг бугунги кундаги ҳолатимизнинг тили эса, “Бизни тезроқ намоздан халос эт, эй имом” дейди. 

 Салафи солиҳлар намозни жамоат билан ўқишга қанчалик жон куйдиришлари тарих саҳифаларига битиб қолдирилган. 

“Саҳиҳи Муслим”да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан саҳобаларнинг жамоат намозига қанчалик эътибор беришлари жонли суратларда шундай нақл қилинади: “Биз намоздан фақатгина нифоқи очи-ойдин ошкор бўлган мунофиқгина кеч қолади деб ўйлар эдик”. 

Таналари соғ бўлса ҳам бомдод намозидан ухлаб қолувчилар эртага Аллоҳнинг ҳузурида қандай узрларни айтар эканлар-а?! 

Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳ атадилар: “Қир йил бир вақт намозни ҳам жамоатсиз ўқимадим”. 

Рабиъ ибн Хусаймни масжидга олиб борилар эди. Чунки, у кишида фалаж касаллиги бор эди. Шунда ёнидагилар у кишига “Сизга рухсат берилган-ку, уйингизда ўқисангиз бўлмайдими?” дейишди. У зот: “Мен “Ҳаййа алас солаҳ” ни эшитаман. Қандай қилиб бўлса ҳам намоз учун масжидга боришга имкон топсангиз, боринглар. Ҳатто эмаклаб бўлса ҳам боринглар” деб жавоб бердилар. 

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр жон талвасасида ётган чоғларида муаззиннинг овозини эшитдилар ва: “Мени қўлимдан тутиб масжидга олиб боринглар” дедилар. У кишига: “Ахир сиз касалсиз-ку?!” дейишганда, у зот: “Аллоҳнинг чорловчисини эшитдим, энди қандай қилиб унга жавоб бермайман?!” дедилар. Кейин у кишини қўлларидан тутиб, масжидга олиб боришди. Масжидда шом намозига имом билан бирга киришдиларда, бир ракат ўқиб, жон бердилар. 

Саъид ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ агар намозни жамоат билан бирга ўқий олмасалар, йиғлар эдилар. 

Ҳа, улар жамоат намозига улгура олмай қолишса, йиғлашар эди. 

 “Саҳиҳи Муслим”да шундай ривоят келтирилган: “Бир қавм агар намозга кеч келишда бардавом бўлсалар, Аллоҳ ҳам уларни охирига суриб қўяди”. Ушбу ҳадиснинг шарҳида Имом Нававий шундай дейдилар: “Улар биринчи сафдан кеч қолаверганлари учун Аллоҳ таоло уларни Ўзининг раҳматидан ёки улкан фазлидан, мартабанинг юксалишидан, илмдан ва бошқа нарсалардан ортга суриб қўяди”. 

Адий ибн Ҳотим айтадилар: “Мусулмон бўлганимдан бери намозга иқомат айтилаётганда, доимо, таҳоратли ҳолда бўлдим”. 

Муҳаддислардан бўлмиш Иброҳим ибн Маймун заргарлик билан шуғулланар эдилар. Болғаларини кўтарган пайтда азонни эшитиб қолсалар, ўша заҳоти болғани қўйиб, намозга чиқиб кетар эдилар. 

Саъид раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ўттиз йилдан бери муаззиннинг азонини масжидда туриб эшитдим”. 

Бир ҳадисда шундай дейилган: “Ким қирқ кун “такбири таҳрима”ни имом билан топиб жамоат билан намоз ўқиса, унга иккита омонлик ёзилади: дўзахдан омонлик ва мунофиқликдан омонлик”. Термизий ривояти. 

Аъмашдан ривоят қилинишича, у кишининг ёшлари етмишга яқинлашиб қолган бўлса ҳам ҳеч “такбири таҳрима”дан ортда қолмаган эканлар. 

Иброҳим Таймий айтадилар: “Агар “такбири таҳрима”га бепарволик қилаётган одамни кўрсанг, ундан қўлингни юв”. Яъни ундан узоқлаш. 

Ҳа, салафи солиҳларимизнинг намозга ҳарисликлари, эрта боришга уринишлари мана шундай эди. Бизчи? Биз ҳам намозга эрта бориш учун бир-биримиз билан мусобақа қиламизми? Биз имом билан бирга такбири таҳримани топишимиз у ёқда турсин, жамоат билан намоз ўқиб бўлингандан кейин масжидга кирамиз-да, апил-тапил намозимизни ўқиб оламиз. Бизнинг ушбу кеч қолишимизга айтадиган узрларимиз ўргимчакнинг уясидан ҳам заифроқ, бўшроқ маънодаги узрлардир. 

Намозни мукаммал тарзда, рукнларини ўз ўрнига қўйиб адо этишлари

Қуръони каримда намозга буюрилган оятларга назар солсак, ҳамасида “намозни қоим қилиш” лафзи келтирилган. Намозга буюрилган оятларда бундан бошқа лафз ишлатилмаган. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларнинг сифатлари тўғрисида шундай дейди: “Улар ғайбий хабарларга (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга)  имон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир” (Бақара, 3). 

Бошқа бир оятда бундай дейилади: “Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз ва рукуъ қилувчилар (намозхонлар) билан бирга рукуъ қилингиз (намоз ўқингиз)!” (Бақара, 43). 

Яна бир оятда мана бундай дейилади: “...Намозни баркамол ўқинг, закот беринг...” (Бақара, 83). 

Оятларда намозни қоим қилиш, яъни баркамол адо этиш айтиляпти. Бундан ҳадиси шарифларда намозни қандай ўқиш айтилган бўлса, мазҳабимизда намознинг мукаммал бўлиши учун қандай шартлар келтирилган бўлса, худди шундай қилиб ўқиш кераклиги тушунилади. 

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу рукуъ ва саждани батамом қилмаган бир кишини кўриб: 

“Намоз ўқимадинг! Агар ўлсанг, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни халқ қилган табиатидан бошқа табиатда ўласан!” дедилар”. 

Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар. 

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу машҳур саҳобалардан, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарсани эшитиб, билмасалар гапирмайдилар. У киши розияллоҳу анҳу рукуъ ва саждани тўлиқ қилмай, бошқа ривоятда айтилишича, худди қарға ерни чўқигандек қилиб, намоз ўқиган одамни кўриб, унга танбеҳ бердилар: Бу ўқиган намозинг намоз эмас. Агар доим шундоқ қилиб намоз ўқиб юрган бўлсанг ишинг чатоқ. Мободо ўладиган бўлсанг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг миллатларидан бошқа миллатда ўласан, дегандек гап қилдилар. Бу кофир ҳолинг¬да ўласан, маъносини бошқа лафзлар билан айтиш эди.

Ушбу ривоятни далил қилиб Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва ҳанафийлардан Имом Абу Юсуфлар рукуъ ва саждада хотиржам бўлиш фарздир, деганлар.

Имом Абу Юсуф рукуъ ва саждадаги хотиржам туришнинг фарзлиги бир марта «Субҳана Роббиял азийм» ёки «Субҳана Робиял аъло»ни шошилмай айтгунча, деганлар.

Афсуски, ҳаётимизда кўпчилигимиз, худди ушбу ривоятда рукуъ ва саждани яхши қилмай, шошилиб қарға ерни чўқигандек, қилиб намоз ўқиймиз. Демак у одатни ташлаб ҳар бир амални шошилмай, ўринлатиб қилиб намоз ўқишимиз керак. Илмли кишиларимиз Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу ан¬ҳуга ўхшаб иш юритиб, намозни чала ўқиётганларга танбеҳ бериб туришлари керак. 

Ҳа, азизлар намозларимизни гўзал тарзда адо этмоғимиз лозим. Намозни гўзал қилиб адо этиш эса фарз вожиб, суннат каби, одобларини ўрнига қўймоқдир. 

Бир куни бир одам Набий алайҳиссаломнинг масжидларига кирдида, намоз ўқий бошлади. Намозини ўқиб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, салом берди. У зот унинг саломига алик олгач, “Орқангга қайт ва намозингни бошқатдан ўқи. Чунки, сен намоз ўқимадинг” дедилар. Ҳалиги одам ортига қайтиб намозини бошқатдан ўқиди. Кейин келиб, яна салом берди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг саломига аввалгидек жавоб қайтардиларда, яна “Орқангга қайтиб, бошқатдан намоз ўқи. Чунки, сен намоз ўқимадинг” дедилар. Бу ҳол учинчи марта такрорлангандан кейин бояги одам “Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, бундан чиройли ўқий олмайман. Менга ўргатинг” деди. Кейин Набий алайҳиссалом унга қандай намоз ўқиш кераклигини ўргатиб, намознинг барча рукнларини хотиржам адо этиши лозимлигини тушунтирдилар. 

“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлиб қайрилдилар ва: 

“Эй, фалончи намозингни яхшилаб ўқимайсанми?! Намозхон намоз ўқиганида қандоқ ўқиганига назар солмайдими?! Ахир ўзи учун ўқийди-ку?! Аллоҳга қасамки, албатта, мен худди олд томонимдан кўрганимдек, орт томонимдан ҳам кўрурман”, дедилар”. Муслим ривояти. 

Муҳтарам ўқувчи, одамларнинг ичидаги энг ёмон ўғри кимлигини биласизларми? Масжиддаги нарсаларни ўғирлайдиган кишими? Ёки фақирнинг ва етимнинг молини ўғирлайдиган кишими? Йўқ! 

Набий алайҳиссалом айтдилар: “Одамлар ўғирлайдиган нарсаларнинг энг ёмони намоздан ўғирлашидир”. Шунда саҳобалар: “Қандай қилиб намоздан ўғирлаш мумкин?” деб сўрашди. У зот: “Рукуъ ва саждасини тўлиқ қилмаслик билан” деб жавоб бердилар. 

Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Намоз икки (ракат), икки (ракат)дир. ҳар икки ракатда ташаҳҳуд ўқийсан. Хушуъ қиласан, тазарруъ қиласан, мискинлик изҳор қиласан, Роббингга икки қўлинг кафтларини юзингга қилиб кўтариб, “Ё, Робб!” дейсан. Ким шундоқ қилмаса, намози чаладир”, дедилар”. 

Ушбу ҳадиси шарифларни ўрганиб бўлганимиздан кейин ихлос, хушуъ-хузуъ, тазарруъ ва мискинлик ила намоз ўқиш қанчалик муҳим эканлигини тушуниб етдик.

Шундай экан, биз ҳам талаб даражасида хушуъ ва хузуъ ила намоз ўқишга, олий мақомга эришишга ҳаракат қилишимиз керак. 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қачон намозга турсалар, ўзларини йиғидан тутиб туролмас эдилар. 

Али розияллоҳу анҳу намоз ўқиётганларида пешоналаридан ари чақиб олганини сезмаганлар. Шунингдек, у зот намозга таҳорат олаётиб татрашга тушардилар. “Сизга нима бўлди?” деб сўрашса, “Таклиф қилинганда осмонлар, ер ва тоғлар олмаган Аллоҳнинг омонатини адо этадиган пайт келди”, деб жавоб берар эканлар. 

“Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ҳисоблаб устларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг ҳатийм тарафида намоз ўқиётганида тош тушиб кийимининг бир томонини узиб кетганда ҳам сезмаганлар”.

Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳу айтадилар: 

“Муслим ибн Ясорни ҳеч намозда у ёқ бу ёққа қараганини кўрмадим. Бир куни у масжидда намоз ўқиётганида масжиднинг бир томони ағдарилиб бозордаги одамлар ҳаммаси қочиб кетган, аммо у сезмай намозини ўқийверган”.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёқларига қорасон касали тушди. Табиблар оёқни сонидан кесиб ташламаса, дард бутун танага тарқаб, ҳалокатга олиб келади, деган қарорга келишди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: 

“Ундоқ бўлса, кесиб ташланглар”, дедилар. 

Табиблар: 

“Бунинг учун сизга банж беришимиз керак”, дейишди. 

У киши: 

“Банж ҳаром, уни истеъмол қилмайман”, дедилар. 

Табиблар: 

“Ундоқ бўлса, оёқни сонингиздан кесиб ташлашнинг иложи йўқ”, дейишди. 

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: 

“Иложи бор. Сиз асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганда, билганингизни қилаверинг, ҳеч нарса бўлмайди”, дедилар. 

У зот намоз ўқидилар. Баданлари титрай бошлади. Табиблар ўша даврнинг услуби ила қорасон тушган оёқни сонидан кесдилар. Сўнгра кесилган сонни қайнаб турган ёғга солиб, оқаётган қонни тўхтатганларида, Урва розияллоҳу анҳу намозни тугатиб ҳушларидан кетдилар”.

Қосим ибн Муҳаммад айтадилар: “Ҳар куни эрталаб Оиша розияллоҳу анҳога салом берар эдим. Бир куни одатдагидек салом бериш учун унинг олдига келсам, зуҳо (чошгоҳ) намозини ўқиётган эканлар, намозда: “Мана, Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди ва бизларни самум (баданларни илма-тешик қилиб юборадиган шамол) азобидан сақлади” (Тур, 27), оятини ўқиб йиғлар эдилар. Ўша оятни такрорлайвердилар, чўзилиб кетди. Бу ҳол менга малол кела бошлади. У киши эса ҳамон ўша-ўша эдилар. Бозорга бориб, ишларимни битириб келмоқчи бўлдим. Хуллас, ҳожатларимни тугатиб келсам, у киши ҳали ҳам ўша оятни такрорлар, йиғлар ва дуо қилар эдилар”. 

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳам хушуънинг кучидан намозда ёғочдек қотиб турардилар. У кишининг ибодатга ниҳоятда ҳарис бўлганларини тарих китобларида кўп ўқиганмиз. Муслим ибн Банноқ Маккий айтадилар: “Ибн Зубайр рукуъга борди, мен Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида сураларини ўқиб бўлдим, сўнг у бошини кўтарди”. 

Ҳабиб ибн Собит узоқ сажда қилганларидан одамлар уни ўлиб қолдими, деб ўйлашар экан. 

Анбас ибн Уқба саждада тахтадек қотиб қолганларидан, ҳатто чумчуқлар у кишининг устига қўниб-учиб юришаркан. 

Бу зотлар намозда ҳаловат топганлари боис ундан ташқарига чиқишни ҳечам истамаганлар, фақат қарилик, куч-қувватнинг кетиши узоқ ибодат қилишларига бир озгина халал берган. 

Абу Исҳоқ Сабиъий айтадилар: “Намоз менга оғирлик қилди, заифлашиб қолдим, кучим кетди. Бугун намозга туриб, Бақара билан Оли Имроннигина ўқий олдим, холос”. 

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ кўп намоз ўқиганлари ва унда узоқ вақт турганлари боис, қозиқ деб ном олган эканлар. 

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир куни намоз ўқиётганларида ўн етти жойларидан ари чақибди. Ибодатни адо этиб бўлгач, улуғ имом: “Қаранглар-чи, менга нима озор берди?” деган эканлар. 

Абдуллоҳ ибн Умар намоз ўқиётган бир йигитни кўриб қолдилар. У намозини ҳаддан ташқари жуда чўзиб ўқиётган эди. У зот: “Бу йигитни ким танийди?” деб сўрадилар. Бир киши: “Мен танийман” деди. Шунда Ибн Умар: “Агар уни таниганимда рукуъ ва саждани узайтиришга буюрардим. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта, банда намозга турса, барча гуноҳлари билан бирга туради. Ўша гуноҳлари унинг бўйнига қўйиб қўйилади. Ҳар гал рукуъ-сажда қилганида ўша гуноҳлар бирма-бир тўкилади” деганларини эшитганман” дедилар. 

Ибн Журайж шундай деганлар: “Мен Атодан 18 йил ажралмадим. У киши ёшлари катта бўлиб, заифлашиб қолганларидан кейин ҳам намозда тик турган ҳолда Бақара сурасидан 200 оят ўқир эдилар. Буни ўқиш асносида умуман қимирламас, заррача ҳаракат қилмас эдилар”. 

Холид ибн Амр айтадилар: “Мусъирни кўрдим. Қарасам, унинг пешонаси сажда қилаверганидан эчкининг тиззасига ўхшаб кетибди”. 

Ибн Раҳб айтадилар: “Ҳарамда Саврийни кўрдим. Шом намози ўқиб бўлингандан кейин намоз ўқиди, сажда қилди. Хуфтонга азон айтилгунича бошини саждадан кўтармади”. 

Ибн Зубайр намозга турсалар худди дарахт шохига ўхшаб эгилиб қолар эдилар. 

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу намоз ўқиётганларида, у киши турган уйга ўт тушди. Шунда ташқаридагилар “Эй Расулуллоҳнинг набиралари, олов!” деб бақиришди. У зот бошларини кўтариб ҳам қўймадилар. Олов охири ўчди. У кишидан нега бундай қилганлари сўралганида “Мени охират олови сизлар айтган оловдан банд қилиб қўйди” деб жавоб бердилар. 

Али ибн Ҳусайн агар таҳорат қилсалар рангилари сарғаяр, агар намозга турсалар қўрқувдан қалтираб, даҳшатга тушар эдилар. У кишидан бунинг сабаби сўралганида, “Кимнинг ҳузурида туришимни, кимга зорланиб, илтижо қилишимни биласизларми?!” деб жавоб бердилар. 

Мансур ибн Муътамирнинг қўшнисининг қизи отасидан сўради: “Отажон, Мансур амакининг томларида турадиган катта ёғоч қаерга кетиб қолди?” Шунда отаси: “Қизалоғим, ўша сен ёғоч деб айтаётган нарса, аслида, Мансур амакинг бўлади. Кечаси ўша ерда намоз ўқийди-да” деб жавоб берди. 

Яъқуб ибн Исҳоқ намоз ўқиётганда елкасидаги ридоси ўғирлаб кетилди. У киши буни сезмади. Яна жойига қайтариб олиб келинди. У Роббисининг ибодатига бутунлай ғарқ бўлгани учун буни ҳам сезмади. 

Исҳоқ ибн Иброҳим айтадилар: “Мен намозда Саъид ибн Абдулазизнинг кўз ёши бўйрага тушишини эшитар эдим”. 

Намоздаги хушуъ худди танадаги руҳ кабидир. Хушуъсиз намоз руҳсиз жасаддир. 

 Мутаррифдан, у отасидан ривоят қилади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди”.  “Сунан” эгалари ривоят қилишган.

 Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи намозхон бўлиб, намоз ўқишни бошқаларга таълим берганлар. Намоз нималигини ҳаммадан яхши англаб етганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хушуъ ва хузуъини жойига қўйиб ўқиганлар. 

Юқоридаги ривоятдан кўриниб турибдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хавф олиб, йиғи тутар ва кўксиларидан тегирмон ёки қозоннинг қайнашига ўхшаш овоз эшитилиб турар экан.

Энди ўзимизни ўйлаб кўрайлик. Намоз ўқиганимизда бизни қандай хавф босади?! Кўксимиздан Аллоҳ таолодан қўрқинч йиғиси эшитиладими?! Ёхуд намозда аъзоларимиз барчаси ибодатга берилиб сукунатга тўлиб, қалбларимиз ўз Роббисига чамбарчас боғланиб турадими?..

Салафларимизнинг намоздаги хушуълари қандай бўлганини кўрдик. 

Бир одам қилган ишни бошқаси такрорлаши осон. Фақат ихлос ва ҳаракат бўлиши керак, холос. 

Бугунги кунимизда айнан ана шу нарсалар етишмайди. Шунинг учун бўлса керак, намозларимиз талаб даражасида эмас. Бу эса ўз навбатида ҳамма нарсага ўз таъсирини ўтказади. Бу таъсирнинг энг оддий мисоли, дуонинг қабул бўлмаслигидир. Дуо қабул бўлмаганидан кейин, у ёғи нима бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверади. 

Бугунги кунги мусибатларимиз, эҳтимол, намозни қойиллатиб ўқимаётганимиздандир. Ўзимиз, оиламиз, жамиятимиз ва бутун инсониятга кўзланган хайр-баракага сабаб бўла олмаётганимиз ҳам, эҳтимол, шундандир? 

Ўқиб ўрганган нарсаларимизга амал қилишга ўтайлик, ҳар бир намозга Аллоҳнинг қабулига кираётгандек тайёргарлик кўрайлик. Ҳар бир намозни Аллоҳ таоло билан муножот, деб билайлик. Ундаги рукуъни, хушуъини жойига келтириб ўқийлик. Натижа, Аллоҳ хоҳласа, кўп куттирмайди.

Бугунги кунда намозларимиз биз билан Роббимизнинг ўртасидаги руҳоний боғланиш эмас, балки, қуруқ ҳаракатлар мажмуасидан иборат бўлиб қолган. Шунинг учун қалбимизнинг қаттиқлигидан, намозларимизда хушуъларимиз йўқлигидан Аллоҳ таолога шикоят қилишимиз, дуо қилиб сўрашимиз лозим. Намозларда у ёқ-бу ёғимизни қашиймиз, соатимизни, узугимизни ўйнаймиз, ўринсиз йўталамиз ва бошқа ҳаракатларни содир этамиз. Агар қалбимиз хушуъ қилганида, тана аъзоларимиз ҳам хушуъ қилган бўларди. Ёнингиздаги намозхонларнинг қилаётган бемаъни хатти-ҳаракатлари сизни алдаб қўймасин. Зеро, сиз унинг намозига, у эса сизнинг намозингизга жавоб бермайди. Кишилар намозда бир сафда, бир хил кўринишда турсаларда, уларнинг ўша намоздан қўлга киритадиган ажрлари орасида осмон билан ерча фарқ бор. 

Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Албатта, бир одам (намозидан) турганда, унга унинг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки ярмигина ёзилган бўлади”, дедилар”. 

Абу Довуд ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан намоз билан намознинг фарқи борлиги, ҳатто, қабул бўладиган намозлар орасида ҳам фарқ бўлиши кўриниб турибди. ҳамма ҳам намоз ўқийверади, аммо ўша намозга Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажр намозхоннинг ихлоси ва хушуъ-хузуъига қараб берилар экан. Хушуъ-хузуъни, ихлосни жойига қўйган одам намоз учун белгиланган савобнинг ҳаммасини олар экан. Хушуъ-хузуъ ва ихлос камайган сари бериладиган савоб ҳам камайиб ярим, учдан бир, тўртдан бир, ўндан бир бўлиб кетаверар экан.

Шунинг учун намозни қўлимиздан келганича тўлиқ қилиб, ихлос билан хушуъ-хузуъни жойига қўйиб, ўқишга ҳаракат этишимиз керак бўлади. 

Хушуъни қозонишда ҳам ҳаракат, ҳам дуо уйғунлашса, иншааллоҳ, мақсадимизга етамиз.

Аллоҳ таоло барчамизни арконларини тўлиқ бажарган ҳолда, хушуъ ва хузуъ билан намоз ўқийдиганлардан қилсин. Омин! 


Нозимжон Ҳошимжон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дунёда мақтовни ёқтирмаган, ҳеч йўқ хушомадли сўзларга эътироз билдирадиган одам топилмаса керак. Ақлини энди таниган ёш болалардан тортиб ҳаётда ҳамма нарсани давоми...

4397 12:23 / 15.03.2017
Имом Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад Айний бундай дейдилар.Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи ила қисқа қилиб қуйидаги иймон шуъбаларини айтамиз .Иймоннинг асли қалб ила давоми...

3430 12:21 / 15.03.2017
Уламолар пайғамбарлар меросхўрларидир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, давоми...

4538 05:00 / 14.03.2017
Олам ҳозирги кундаахлоқсизлик, разолат ва жиноятнинг кенг тарқалганидан аянчли аҳволда қолди. Бунинг сабаби инсон Аллоҳни эсдан чиқариши, унинг улуғлигини давоми...

3138 05:00 / 13.03.2017