1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

ХАМРГА ҚАРШИ ҚУРЪОНИЙ КУРАШ

05:00 / 13.03.2017 3430 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Исломдан олдин хамрхўрлик жуда кенг ёйилган эди. Кишилар хамрхўрлик билан фахрланишар, бу борада мусобақа қилиб, бир-бирларидан ўтишга ҳаракат этишарди. Хамр шоирларнинг шеърида, муғаннийларнинг қўшиқларида бош ўринда турарди. Кишилар хамрсиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олмас эди. 

Албатта, бундоқ жамиятни хамрхўрлик иллатидан тозалаш осонмасди. Шуларни эътиборга олиб, бу муаммони муолажа қилишда Қуръони Карим аста-секинлик билан, даражама-даража ҳаракат йўлини тутган. 

Хамр ҳақидаги илк оятлар нозил бўлгандаёқ уларнинг вақтинчалик эканини, кейинроқ ниҳоий ҳукм тушиши муқаррарлигини кишилар сезиб туришар эди.

Ҳа, Аллоҳ таоло кишилар ҳаётига сингиб кетган хамр хўрлик иллатини аста-секин муолажа қилишни ирода қилди. 

Аввал «Наҳл» сурасида маст қилувчи нарсани яхши ризққа қарама-қарши қўйиб қуйидаги оятни нозил қилди: «Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бордир».

Хурмо ва узумларни ҳам Аллоҳнинг Ўзи яратган. Эътибор қилган одам уларда ҳам улкан илоҳий мўъжизаларни кўради. 

Ҳозир у мўъжизаларни бир томонга қўйиб турайлик-да, ушбу оятда зикр қилинган нарсага эътибор берайлик.

«...хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз».

Хурмонинг ҳам, узумнинг ҳам меваси бор. Ўша мевага маълум бир усулда ишлов берилса, ундан маст қилувчи ичимлик олинади. Яна ўша меванинг ўзидан бошқча йўсинда яхши ризқ олиш ҳам мумкин. Бу мевага бундай қобилиятни-турли ҳолатни қабул қилиш истеъдодини-ким берди? Албатта, Аллоҳ таоло берди.

«Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бор».

Бу нарсаларнинг мўъжизалигини, уларни яратган зот-Аллоҳнинг Ўзигина ибодатга сазовор маъбудлигига белги эканини тушуниб етиш учун ақл бўлиши лозим. Ана шу ақл эгалари хурмо ва узумлар мевасидан маст қилувчи ичимлик эмас, яхши ризқ олишга ҳаракат қилади.

Ушбу ояти карима Қуръони Каримда маст қилувчи ичимлик ҳақида нозил бўлган тўрт оятнинг биринчисидир. 

Кўриниб турибдики, бу оятда маст қилувчи ичимлик ҳақида муайян бир ҳукм йўқ. Аммо унинг яхши ризққа қиёсан ёмон эканига ишора бор. Бу ишора мусулмонлар ичида маст қилувчи ичимликка қарши қуръоний тарғиботнинг бошланишидир.

Кўпчилик ушбу оят нозил бўлгандан кейин, хамр яхши эмас экан, деб ичишни ташлади.

Бирмунча вақт ўтгандан сўнг одамлар Пайғамбар алайҳиссаломдан хамр ва қимор ҳақида сўрадилар.

Шу билан бир вақтда ҳазрати Умар бошлиқ бир гуруҳ мусулмонлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, хамр ҳақида бизга фатво беринг, бу ақлни кетказувчи, молни тортиб олувчи нарса», дедилар. 

Аллоҳ таоло Бақара сурасидаги ушбу оятни туширди. 

«Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт».

Хамр ва қимор ҳақидаги саволга жавоб беришни Аллоҳ таоло Пайғамбар алаҳиссаломга: «Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт», деб ўргатмоқда. 

Хамрнинг ҳам, қиморнинг ҳам катта гуноҳ эканлиги аввалдан таъкидланмоқда. 

Шу билан бирга, ўша вақтдаги кишиларнинг эътиқоди бўйича, манфаатлари ҳам борлиги эслатиб ўтилмоқда. 

Хамр сотиб пул топишни, улар манфаат деб тушунишган. Шунингдек, қиморда пул ютишни, ундан одамларга чўтал беришни манфаат деб тушунишган. Лекин бунга ўхшаш манфаатлари гуноҳи олдида ҳеч нарса эмаслиги ҳам уқдирилмоқда. 

Хамрнинг жамиятга, шахсга, давлатга ва инсониятга келтирадиган зарари ҳозиргидек кўзга яққол кўринмаган бўлса керак. 

Қиморнинг ҳукми ҳам шундай: осонлик билан, меҳнат қилмай, ошиқ ёки карта ўйнабми ёки бошқача номланган ўйинлар ўйлаб чиқарибми, одамларнинг пулини олиш ҳаром. Ҳозирги пайтда қиморнинг ҳам хамрга ўхшаб тури кўпайиб кетди. Инсониятга катта зарар келтирмоқда, уларнинг барчаси ҳаром.

Бу оят ҳам ўз ишини қилди. Жамиятни хамрдан тозалаш борасида катта хизмат қилди. Масалани тушуниб етганлар хамр тановул қилишни ташладилар. Қолганларда эса, унга қарши нафрат ўсди.

Кейинроқ Абдуроҳман ибн Авфнинг уйида меҳмондорчилик уюштирдилар, у ерда хамр истеъмол қилиб маст бўлишди. Намозда имомлари Кафируун сурасини хато қилиб ўқиди. 

Шунда Аллоҳ таоло «Нисо» сурасидаги ушбу оятларни туширди: «Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда–то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча-намозга яқинлашманг». (43 оят)

Бу ояти каримада кўпгина ҳукмлар баён этилгандир. Шу билан бирга, хамрни ҳаром қилиш йўлида татбиқ қилинган чоранинг яна бир босқичи ҳам шу ояти каримадан жой олгандир.

Имом Термизий ва Ибн Аби Ҳотимлар Али ибн Аби Толиб каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилган ҳадисда, у киши қуйидагиларни айтадилар: 

«Абдурроҳман ибн Авф таом қилиб бизни меҳмонга чақирди. Хамр ҳам қуйиб берди. Бизга хамр ўз таъсирини кўрсатди. Намоз вақти бўлиб қолувди, фалончини олдинга-имомликка ўтказдилар. У «Эй кофирлар! Сиз ибодат қиладиганга мен ибодат қилмайман ва сиз ибодат қиладиганга биз ибодат қиламиз», деб ўқиб юборди. 

Шунда Аллоҳ: «Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда–то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг...» деган оятини нозил қилди». 

Бу мусулмонларга қаттиқ таъсир қилди. Чунки аввало намоз энг улкан ибодат, бу ибодат уларнинг кўз қорачиғи ҳисобланар эди. Иккинчидан, кофирлар билан тикма-тик тортишиб турган ғоялари, улар ибодат қилган нарсага ибодат қилмаслик эди. Намозда туриб оят маъносини тескари қилиб, «сиз ибодат қилганга биз ибодат қиламиз», деб юборилиши катта мусибат эди. 

Ушбу оят тушгандан сўнг хамр ичиш имкони яна ҳам камайди. Чунки беш вақт намознинг орасида маст бўлмай туриш осон эмас эди. 

Бир муддат ўтгандан кейин Атабон ибн Молик зиёфат бердилар. Хамр истеъмол қилиб ўтириб, маст бўлиб жанжал чиқди, муштлашув бўлди. 

Шунда Аллоҳ таоло «Моида» сурасидаги хамрни бутунлай ҳаром қилувчи ушбу оятларни нозил қилди: «Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз.
Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?!» 
(90-91 оятлар)

Аллоҳ таоло ушбу оятда хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирмоқда. 

Баъзи одамлар бутга чўқинишдан қаттиқ ҳазар қиладилар, ўлиб кетса ҳам бу ишни қилишга кўнмайдилар. Аммо хамрни ичаверадилар, қиморни ўйнайверадилар. Фолбинга бориш ҳақида ҳам шу фикрни айтса бўлади. Аллоҳ таоло бу ишларнинг барчасини қўшиб-жамлаб туриб бир хил баҳо бермоқда.

«Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир», демоқда. 

Сўнгра иймон келтирган бандаларига хитоб қилиб:

«Бас, ундан четда бўлинг», демоқда.

Яъни, мўмин бандаларнинг нажот топишларига шояд ушбу ифлосликдан ва шайтоннинг ишидан четда туриш сабаб бўлса, демоқда.

Кейинги оятда эса, хамр билан қиморнинг ушбу сура сиёқига мос келадиган равишда зарарларини ҳам эслатиб ўтмоқда:

«Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?!»

Юқорида ўтган оятларда аввалги умматларнинг ҳалокатига уларнинг ораларига тушган адоват ва ёмон кўришлик ҳам сабаб бўлгани эслатилган эди.

Бундай ўзаро адоват ва ёмон кўришлик мусулмонлар орасида ҳам пайдо бўлишига хамр билан қимор сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда. 

Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кўп, маълум ва машҳурдир. 

Бу ҳақиқатларни бутун дунё–мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам, ҳатто хамрхўрлар ҳам яхши билади. Биз у маълумотларни такрорлаб ўтирмайлик-да, ушбу ояти каримада зикр қилинган зарарини–кишилар ўртасида адоват ва ёмон кўришга сабаб бўлишини эслаб ўтайлик. 

Агар эътибор берадиган бўлсак, қаерда хамр бўлса, ўша жойдан кўнгилсизлик келиб чиқади. 

Хамр туфайли оилалар бузилгани қанча, ака-укалар, ота-болалар, дўст-оғайни, қўни-қўшнилар бир-бирига душман бўлгани қанча. Ишхона, маҳалла-кўй, тўй-маросим, дам олиш жойлари ва жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва ёмон кўришларнинг ҳисобига етиб бўлмайди. 

Шунингдек, қимор ҳам зарари кўп иллатдир. Айниқса, кишилар ўртасига адоват ва ёмон кўришлик солиши ҳаммасидан ўтиб тушади. Буни содда мантиқ ҳам кўрсатиб туради. Ютқизган қиморбоз ўзидан бир дақиқа ва бир ҳаракат ила катта ёки оз миқдордаги маблағни ютиб олган қиморбозни ҳеч қачон яхши кўрмайди ёки унга ўзини дўст санамайди. Қиморнинг орқасидан чиққан жанжаллар, душманликлар, ёмон кўришлар, қотилликлар ҳақида ҳар доим эшитиб турамиз.

Аллоҳ таоло бу икки нарсани–хамр ва қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши», деб атамоқда. 

Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам бандаларига зарарли бўлгани учун ҳаром қилади.

Ушбу ояти каримада зикр қилинган хамр билан қиморнинг зарарларидан иккинчиси–улар одамларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсиши.

Бу маълум ва тушунарли ҳол. хамрхўрнинг хамр ичишининг ўзи Аллоҳни эсламаслигига далил. Хамр истеъмол қилиб маст бўлиб олгандан кейин эса, умуман эсга олмайди. Намоз ҳам, бошқа ишлар қатори, хамрхўрнинг эсидан чиқади. Шунингдек, қиморга берилиб кетган қиморбоз Аллоҳнинг зикрини ҳам, намозни ҳам унутади. Бу нарса хамр ва қимор келтирадиган зарарларнинг энг каттасидир. Бошқа жиноятлар шу унутишдан келиб чиқади.

Хамрхўр халқларнинг вакиллари хамрдан фазилат топмоқчи бўладилар: «Бу дунёнинг ғам-ғуссаларини унуттиради, бир оз бўлса ҳам, бўшашиб, ўша ғамлардан, аламлардан узоқлашиш имконини беради», дейдилар.

Исломда бунга масъулиятдан қочиш, ғам-ғусса устига яна ғам-ғусса қўшиш деб қаралади. Албатта, биров хамрни истеъмол қилиб, маст бўлиб, ғам-ғуссасини унутгани билан, хушига келганда ғам-аламлардан қутулиб қолмайди. Балки аввалги ғам-ғуссаларига хамрхўрлик туфайли келган ғам-ғуссалар қўшилади.

Исломда ҳаётнинг ғам-ғуссаларини улардан қочиш билан эмас, балки уларга қарши курашиш билан муолажа қилинади. Мусулмонлар қийинчиликларни енгиб ўтишда доимо Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолларида иш олиб борадилар. Ҳамиша Аллоҳ таолонинг зикрида бўладилар, намозни канда қилмайдилар. Аллоҳнинг зикри ва намоз дунёдаги барча ғам-ғуссаларни тўкиб-соладиган, уларни ҳал қилишда, улардан холос бўлишда ҳақиқий ёрдамчи бўлмиш Аллоҳдан мадад сўрайдиган энг қулай фурсатдир. 

Бундай қулай фурсатни хамр ичиш, қимор ўйнаш билан қўлдан бой бериш катта бадбахтликдир.

Хамрхўрликка қарши гапирсанг, баъзилар: «Сенинг ишинг нима? Қилса ўзининг пулига истеъмол қилибди. Зарар кўрса, ўзи кўради», дейишади.

Исломда бундай фалсафа йўқ. Мусулмон одам фақат ўзи учун яшамайди. У ўзидан ташқари оиласи, қариндош-уруғи, жамияти, қолаверса, бутун инсоният олдида масъулиятли шахс ҳисобланади. 

Энг муҳими–Аллоҳнинг олдида масъулиятлидир. 

Шунинг учун ҳам у, аввало, ўз жони олдидаги масъулиятни ҳис этиб, хамр туфайли молу мулкини, соғлиғини ва обрўйини йўқотиш билан ўзини қийнамаслиги керак. 

Шунингдек, унинг ўз оиласини ҳам қийнашга ҳаққи йўқ. Оилани боқиб, кийинтириб, яхши жой билан таъминлаб, унинг обрўйини ҳимоя қилиш ўрнига, топганини истеъмол қилиб, етмаса, оиланинг бошқа аъзолари топган унча-мунча маблағни ҳам сарфлаб, уларнинг обрўйини тўкиш катта жиноят ҳисобланади. Шунингдек, қариндош-уруғлар ҳам ундаги ҳақларидан бебаҳра қолмасликлари керак.

Хамрхўр киши жамият унга яратиб берган имтиёзлардан фойдаланса-ю, ўзи унга хизмат қилиш ўрнига, тирик тавон бўлиб, ногиронлик нафақаси сўраб турса, шунда ҳам хамрхўр лик «ўзининг иши» бўладими?!

Хамрхўрнинг Аллоҳ таоло олдидаги масъулияти ҳақида ҳар қанча гапирсак шунча оз. Қисқа қилиб айтганда, хамрхўр умуман Аллоҳни унутган одам бўлади. Бунақа одам ҳақида қандай қилиб, «истеъмол қилса, ўзининг пулига истеъмол қилибди, зарар кўрса, ўзи кўради», дейилади?!

Ушбу икки оят Қуръони Каримдаги хамр ҳақидаги сўнгги оятлардир. Бу ерда унинг батамом ҳаром эканлиги баён қилинган.

Хамр ҳақидаги илк оятлар нозил бўлгандаёқ уларнинг вақтинчалик эканини, кейинроқ ниҳоий ҳукм тушиши муқаррарлигини кишилар сезиб туришар эди. 

Бу ҳақда баъзи ибратли ривоятлар ҳам келган.

Наҳл сурасидиги биринчи оят нозил бўлгандан кейин бўлса керак, ишончли ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Ҳазрати Умар ибн Хаттоб: 

«Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» деган эканлар. 

Вақти келиб, «Бақара» сурасидаги «Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар. Уларда катта гуноҳ ва одамлар учун манфаатлар бор. Гуноҳлари манфаатдан кўра каттаорқдир», деган оят нозил бўлди. 

Умар розияллоҳу анҳуни чақириб, у кишига бу оят тиловат қилиб берилди. У киши яна: 

«Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» дедилар. 

Сўнгра вақти келиб, «Нисо» сурасидаги: «Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда намозга яқинлашманглар», деган оят нозил бўлди. Ҳазрати Умар чақирилиб, бу ояти карима ҳам у кишига тиловат қилиб берилди. У киши яна: 

«Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» дедилар. 

Ва ниҳоят, «Моида» сурасидаги: «Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!» ояти нозил бўлди. 

Яна ҳазрати Умар чақирилиб, бу оятни ҳам тиловат қилиб беришди. Шунда у киши: «Тўхтадик!!! Тўхтадик!!!» деб қичқирдилар».

Хамрнинг ҳаромлигини баён қилувчи ушбу оят нозил бўлгандан, кишилар хамр сақлайдиган идишларини кўчага олиб чиқиб ерга урганлар. Мадинаи Мунаввара кўчаларида хамр оққан. Одамларга ушбу оят тушганлиги хабари етганда ичишга шайланиб турган хамрларини қайтарганлар, истеъмол қилиб қўйганларини қусиб ташлаганлар. Шу билан бу иллатдан жамият тамоман қутулган.

Бунга ўхшаш иллатларнинг муолажаси фақат чуқур иймон ва эътиқод асосида бўлмаса, муваффақиятсизликка учраши турган гап.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони карим нозил бўлган кундан бошлаб то қиёмат кунига қадар инсониятни ожиз қолдиришда, ҳайрон қолдиришда, лол қолдиришда давом этаверади. Қуйида Қуръондаги давоми...

3262 12:15 / 15.03.2017
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Эй Аллоҳнинг Расули Йўлим кесилди, мени давоми...

3137 05:00 / 13.03.2017
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми, давоми...

9094 05:00 / 13.03.2017
Дунёда мақтовни ёқтирмаган, ҳеч йўқ хушомадли сўзларга эътироз билдирадиган одам топилмаса керак. Ақлини энди таниган ёш болалардан тортиб ҳаётда ҳамма нарсани давоми...

4397 12:23 / 15.03.2017