1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Сабр давоси ҳақида

05:00 / 14.03.2017 4419 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сабр қилиш қийин ва машаққатли бўлса ҳам илм ва амал қоришмасидан унинг маъжунини тайёрласа бўлади. Зотан, қалбнинг барча хасталикларига худди шу икки нарса, илм ва амал қоришмасидан даво тайёрланади. Аммо, ҳар бир беморлик учун алоҳида илм ва алоҳида амал керак.

Сабр турли қисмларга бўлингани каби, уни манъ қилувчи иллатлар ҳам турли-тумандир. Иллатнинг турига қараб иложнинг тури ҳам ўзгаради.

Бу ишни батафсил баён қилиш чўзилиб кетишини эътиборга олиб, қисқа бир мисол билан кифояланамиз.

Дейлик, бировнинг жинсий шаҳвати ғолиб келиб, сабр қилишга эҳтиёжи тушиб қолди. Фаржини зинодан тийишга қийналмоқда ёки фаржини тийса ҳам, кўзини тия олмаяпти. Кўзини тийса ҳам, қалбини ва нафсини тия олмаяпти. Нафси шаҳватга оид нарсаларни эсига солиб, уни зикр, фикр ва солиҳ амаллардан қолдирмоқда.

Сабрнинг ўзи дийний малаканинг ҳавойи нафс билан курашидан иборат эканини яхши биламиз. Икки курашчидан қай бири ғолиб келишини истасак, ўшани қувватлаб, қарши тарафни заифлаштиришга ҳаракат қилишимиз лозим бўлади. Демак, дийний омилни қувватлашга ва ҳавойи нафсни кучсизлантиришга уринишимиз шарт.

Дийний омилни қувватлаш икки хил йўл билан бўлади:

Биринчиси–мазкур одамни ҳавойи нафсга қарши курашишнинг бу дунё ва охиратдаги фойда ва самараларидан умидвор қилиш. Бу унга сабрнинг фазлини ва унинг оқибати икки дунёда яхшилик эканини яхшилаб англатиш билан бўлади.

Бу услуб маърифий малака бўлиб, иймонга боғлиқ бўлади ва гоҳида кучланиб, гоҳида заифлашиб туради. У кучланганда дийний омил ҳам кучланади ва заифлашганда дийний омил ҳам заифлашади.

Иккинчиси–дийний малакани ҳавойи нафсга қарши курашишга одатлантириш йўли. Бир нарсани кўп такрорлаш туфайли кишида ўша ишни адо этишга қувват ва маҳорат ортиб боради. Такрорлаб турмаганларда қувват ҳам, маҳорат ҳам бўлмайди. Юкчи ва деҳқонларнинг аттор ва ўқитувчилардан кучли бўлишлари ҳам шундан.

Бу ишда кучли бўлиш учун икки хил ишни амалга қўйиш керак. Аввало, адо этиладиган фазийлатли ишнинг ортидан келадиган яхшиликларни такрор ва такрор эслатиб, ваъдаларни бериб туриш керак.

Қолаверса, болаларни ёшликдан ҳавойи нафсга, шаҳватга қарши курашиш руҳида атрофлича тарбиялаб ўстириш лозим.

Жинсий шаҳватни заифлаштириш уч хил йўл билан амалга оширилади:

1. Аввало, шаҳватни кучлантирувчи озиқ-овқат маҳсулотларига назар солиб, уларнинг турлари ва миқдори ўрганилади. Кейин даволанаётган одамга рўза тутишни, ифтор вақтида мазкур шаҳватни кучайтирувчи таомларни тановул қилмасликни тавсия қилинади. 

2. Жинсий шаҳватнинг қўзишига сабаб бўладиган омилларни йўқотилади. Мисол учун, шаҳватни қўзғатадиган нарсаларга назар солишнинг йўлини тўсилади. 

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:


«Сен мўминларга айтгин! Кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Мана шу улар учун покроқдир. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларидан ўта хабардордир. Ва мўминаларга айтгин! Кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар» («Нур» сураси, 30-, 31-оятлар)


Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Назар иблиснинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Бас, ким уни Аллоҳдан қўрқиб тарк қилса, У зот азза ва жалла уни ҳаловатини қалбида топадиган иймон ила мукофотлайди», – дедилар». 

Тобароний ва Ҳоким ривоят қилган.

3. Энг яхшиси–шаҳватни ҳалол йўл билан, никоҳ йўли билан қондиришга шароит яратишдир.

Бошқа сабрга муҳтож бўлинадиган ҳолатларда ҳам шунга ўхшаш иш тутилади. Ҳар бир муаммони ҳал этиш учун барча ҳалол йўлларни ишга солиб, атрофлича муолажа қилиш мақсадга мувофиқдир.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога беадад саловоту саломлар бўлсин. Муҳтарам ўқувчилар, ушбу рисолада мазҳабимизнинг давоми...

3673 12:16 / 15.03.2017
Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизникига меҳмонга келиб қолсаларhellipАгар замин узра қадам босган зотларнинг энг улуғиhellip дунёнинг энг буюк давоми...

2931 05:00 / 14.03.2017
АнНаввос ибн Самъон алАнсорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот давоми...

13600 05:00 / 13.03.2017
Бу китобни ёзиб битиргандан сўнг .Хотима, сарлавҳасини ёзиб, бошқа нарса ёзмасдан, тарк қилган эдим. Хотима кеййнроқ ёзилар, деган фикр бор эди. Китобнинг таҳрири давоми...

3892 05:00 / 14.03.2017
Аудиолар

210887 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130151 14:35 / 11.08.2021