1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Пайғамбар ила суҳбат

05:00 / 14.03.2017 2539 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизникига меҳмонга келиб қолсалар…

Агар замин узра қадам босган зотларнинг энг улуғи… дунёнинг энг буюк раҳнамоси… барча алломалар, уламою фузалоларнинг устози… ҳабибур-Роҳман алайҳиссалам Сизникига меҳмонга келиб қолсалар – нима қиласиз?

Бир ўйлаб кўринг-чи. Хўш, нима қиласиз?

У зотни кўз тўла қувонч ёшлари, юз тўла табассум ила «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меникига меҳмонга келдилар! Менинг уйимга!!! Ҳаётимга нур олиб кирган энг улуғ меҳмон ташриф буюрдилар!!!» деб қучоқ очиб, эшик томон отиласизми?


Ёки шоша-пиша у зот алайҳиссаломни кутиб олишга тайёргарлик кўра бошлайсизми? Хонангизга кириб, ДВД плеердан машҳур қўшиқчининг янги дискини олиб ташлаб, ўрнига Қуръон тиловати ёки бирор маъруза ёзилганини қўясизми? Ҳар хил фильмлар ёзилган дискларни тезда диваннинг тагига тиқиб, деворлардан ўзингиз ёқтирган қўшиқчининг сурати туширилган календарларни ола бошлайсизми? Балки турли романлар, бўлмагур ҳикоялар билан тўла китобларни жавондан олиб, ўрнига исломий китобларингизни териб қўярсиз? 

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ёқмайдиган нарсаларингизни тезда кўздан яшириб, у зотга ёқишга ҳаракат қилиб қолсак керак ҳаммамиз ҳам?

Бироқ, у зот келгунларича тезда соқол қўйиб олишга, тиш чўткасининг ёнига янги мисвак қўйиб қўйишга улгурармикансиз? Қуръондан охирги ёдлаган сураларингизга қўшимча яна икки-учта қисқагина суралар ёдлаб олишга улгурармиканмиз? Айниқса, у зот алайҳиссаломдан ривоят қилинган беш-ўнта ҳадислар ёдлашга вақт қолармикин?

Сиз ҳам,  муслима синглим, Набий алаҳиссаломни кутиб олишингизни бир кўз олдингизга келтиринг-чи... Ташқи кўринишингиз, либосингиз у зот алайҳиссаломнинг кўзларини қувонтирадиган даражадами? Яна сочларингиз тўзиган, юз-кўзларингизга бўёқ чапланган, эгнингизда тор ва юпун кийим билан юрганингизда келиб қолмасинлар тағин! Сизни кўриб, бу хонадоннинг бекаси муслима экан, десинлар ахир… Адашиб, бошқа уйга, Исломдан узоқ бир оилага кириб қолибман демасинлар ахир..

У зот алайҳиссаломнинг ҳузурларида ота-онанингизга хушмуомалада бўлиб, ҳурмат-иззатларини жойига қўйиб, отажон, онажон деб туриш эсингиздан чиқмасина, биродар? Азиз меҳмоннинг олдида ота-онанинг бир оғиз имоси билан сакраб туриб, уларнинг истагини бажо келтириб туришни унутманг!

Яна одат бўлиб қолиб, у зот алайҳиссаломнинг олдиларида ҳам уларга гап қайтариб, жеркиб, бақириб қолманг! Эсингизда бўлсин, ота-онага яхшилик қилиш, уларни ҳурмат қилишни бизларга ўргатган зот мана шу меҳмонимиз бўладилар!!!

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сиздан: «Бомдод намозини вақтида ўқияпсизми деб сўраб ўтирмайман. Фарз намозларни масжидларга бориб, жамоат билан ўқияпсизми деб сўраб ўтирмайман. Тунлари таҳажжуд намозларига тура оляпсизми деб ҳам сўраб ўтирмайман. Бу нарсалар, табиийки, Сизнинг ҳаёт тарзингизга айланиб кетган бўлса керак, шундай эмасми?» деб сўраб қолсалар, у зот алайҳиссаломга нима деб жавоб берасиз, қай аҳволга тушасиз? Балки уятдан ерга киргудек бўларсиз? Аламдан, ғам-қайғудан йиғлаб юборарсиз? Ё кўзингизни олиб қочмай, бироз кулимсираб «Ҳа, албатта» деб жавоб бериб юборасизми?

Хўш, салкам бир ойдан бери бомдодга ухлаб қолаётганлигингизни билиб қолсалар-чи? Одамларнинг орасида ҳар куни ётишдан олдин тиловат ўқийман деб юрганингизни, лекин аслида охирги марта қачон бир пора Қуръон ўқиганингиз эсингиздан ҳам чиқиб кетганини сезиб қолсалар-чи? Унда нима бўлади? Нима дейдилар? «Исломнинг, мусулмонларнинг фахри экансиз!» дейдиларми?! Ё ғазабдан муборак юзлари қизариб, уйингизни тарк этадиларми? Аллоҳ асрасин!

У зот билан нима ҳақда суҳбатлашган бўлардингиз?‎

Дунёнинг турли чеккаларида мусулмонларнинг бошига тушаётган бугунги муаммолар ҳақидами? Бу муаммоларни қандай қилиб ҳал қилиш ҳақидами? Исломий илмлар ҳақидами? Исломнинг тарихи ҳақидами? Инсониятнинг қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга дуч келаётгани ҳақидами?

Ёки аксинча, суҳбат асосан мусиқа ва унинг замонавий, янги йўналишлари ҳақида, янги мегаюлдузлар ҳақида, жаҳон киноси янгиликлари ҳақида бўладими? Янги латифалар, шоу-бизнес машҳурларининг ҳаётида бўлиб ўтган қизиқарли воқеалар ҳақида гап очиб қоларсиз балки? 

Балки у зот алайҳиссалом билан ўтган йилги футбол чемпионати ҳақида гаплашгингиз келиб қолар? Айфонга кимларнинг қўшиқларини ёзиб олганингизни, Айстордан ташлаб олган ўйинда нечанчи даражага чиққанингизни айтарсиз?

Агар, Аллоҳ асрасин, шундай бўлиб қолса, бу дунёга келиб, ҳаётда тутган ўрнингиз қандай эканлигини холис, очиқчасига бир баҳолаб, ҳис қилиб кўрдингизми, замондошим?

Балки, бу гапларни ўқиб кўриб, бизга алоқаси йўқ экан, деб саҳифани ёпиб қўярсиз?

Бироқ, ўзингизни шу ҳолатга бир солиб кўринг-чи… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйингизга ростдан ҳам кириб келгандай ҳис қилиб кўринг ўзингизни. Бу саволлар бекордан бекорга пайдо бўлмайди. Демак, аҳвол унчалигам яхши эмас…

Хўш, бизга нима бўлди? Аллоҳ таоло кунни тун билан, тунни кун билан алмаштириб туришини, сизу биз ҳақимизда ғамхўрлик қилиш У Зотга малол келмаслигини, У Зотни уйқу ва мудроқ босмаслигини унутиб қўйдикми? 

Аллоҳ таоло тунда кундузи содир қилган гуноҳларимизга тавба қилиш имкониятини беради, кундузи эса – тундагиларига… Туннинг охирги қисмида эса «Тавба қилувчи борми? Мен унинг тавбасини қабул қиламан. Мағфират сўровчи борми? Мен уни мағфират қиламан. Сўровчи борми? Мен унга сўраганини бераман» дейди.

Бизни ғафлатда қолдираётган нарса нима? Дунёнинг зарарли ҳою ҳавасидан, бизни ҳалок қилувчи ҳирсу шаҳватдан қочиб, У Зотга талпинишдан нима тўсмоқда? Аллоҳ таоло олдимизга минглаб тавба ва нажот эшикларини очса, бу эшикларнинг бирортасидан кириб қолишдан бизни нима тутиб қолмоқда?

Ака-укалар, опа-сингиллар! Шак-шубҳа йўқки, Қиёмат куни ҳар бирингиз бу сўзларни албатта эслайсиз! Ана шунда икки ҳолатдан бири албатта юз беради: ё Сиз мана шу каби сўзлар ҳаётингизда улкан бурилиш ясаб, икки дунё саодатига эриштиргани учун Аллоҳ таолога беҳад шукроналар айтасиз, ёки бу сўзларни шунчаки ўқиб қўйиб, бепарволикда, ғафлатда қолганингиз учун бефойда пушаймонлар айтасиз… Шундай экан, бўшашманг, ожизлик қилманг. 

Ушбу муборак ойда сарвари олам, хотимул анбиё ҳазрати Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Бу улуғ айёмда у зот алайҳиссаломни эслаб, салавоту дурудлар айтсак, иншааллоҳ, саломларимизга алик оладилар. Ана шу пайтда қай ҳолатда бўлсангиз, у зот алайҳиссаломни шу ҳолатда кутиб оласиз. 

Ҳушёр бўлинг, уйингизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмонга келяптилар!!!


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оламларга раҳмат бўлмиш зот ndash расули акрам ва ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳар бир ҳадислари, иршодлари, кўрсатмалари ислом умматининг ҳар бир давоми...

3054 05:00 / 14.03.2017
Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордирrdquo Нур, 30. Ушбу давоми...

3634 12:08 / 15.03.2017
Йиғи инсон табиатининг ажралмас қисмидир. Имом Қуртубий Аллоҳ таолонинг quotАлбатта, кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг ўзидирquot оятининг тафсирида шундай дейди давоми...

5803 05:00 / 14.03.2017
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шунда марҳамат қилади Бас, Мени ёд этингиз, Мен ҳам сизларни ёд этурманrdquo Бақара, 152.Бу ерда ёд этиш зикрrdquo лафзи билан келган. Зикр давоми...

7491 12:09 / 15.03.2017