1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Қуръон ҳомилларининг ахлоқи

05:00 / 13.03.2017 3129 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тақдим


Қуръон аҳлини Ўз аҳлим деб эълон қилган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. 

Қуръон аҳлининг пешвоси Росулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин.

Қуръони каримни асрлар оша дилларида ва тилларида сақлаб, кейинги умматларга ҳеч бир ўзгаришсиз етиб келишида жон фидо қилган барча аҳли Қуръонларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китоби Қуръони каримни ер юзига нозил қилар экан, уни инсонларга етказиш учун Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламни танлади ва у зотнинг қалбларига Ўзининг каломини фаришта Жаброил алайҳиссалом воситасида оят-оят нозил қилди, ҳарфма-ҳарф таълим берди.

Ўз навбатида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нозил бўлган оятларни қандоқ ўрганган бўлсалар, худди шундоқ қилиб инсонларга ўқиб бердилар, саҳобаларига ўргатдилар. Шу билан бирга, у зот кишиларни Қуръон ўқишга, уни ёд олишга тарғиб қилдилар ва бу соҳага қизиққан, лаёқатли саҳобалар билан алоҳида шуғилландилар. Натижада саҳобаи киромлар ичидан айримлари Қуръонга моҳирлиги ва бу борада бошқалардан кўра кўпроқ билимга эгалиги билан ажраб чиқа бошлади. Улар одамлар орасида қорилар, Қуръон аҳли ёки Қуръон ҳомиллари  деб номланадиган бўлдилар. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ўша соатлардан бошлаб то бугунги кунимизгача Ислом уммати ичида бу тоифа кишилар узуликсиз бардавом бўлиб келмоқда.

Даставвал ўнлаб, юзлаб қорилар мавжуд бўлган бўлса, бора-бора уларнинг сонлари кўпайиб, минглаб, ўн минглаб мусулмон фарзандлари Қуръон қорилари ўлароқ мусулмон умматининг кўрки бўлиб, Ислом динининг асрлар оша сақланиб қолишида шарафли хизмат қилиб келмоқдалар.

Аммо ҳамма соҳаларда бўлгани каби Қуръон қорилари ичида ҳам айрим камчиликлар содир бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Қолаверса, улар руҳий камолот, илоҳий қурбат касб этишлари учун ҳам ўз фаолиятлари давомида маълум ахлоқий меъёрларни назардан қочирмасликлари лозим. Ана шу эътибордан динимизда бошқа барча соҳаларда бўлгани каби Қуръон аҳли риоя қилиши лозим бўлган ахлоқ-одоблар, кўрсатмалар Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар маъноларида батафсил баён қилиб берилган. 

Уламоларимиз қадимдан бу борада ҳам улкан ишларни амалга ошириб келганлар. Уларнинг баъзилари ўз китобларида Қуръон фазилатлари, Қуръон одоблари деган маълум боблар ажратган бўлсалар, айримлари бу борада алоҳида китоблар ҳам ёзганлар. Ана шундай мўътабар китоблардан бири, шубҳасиз, «Ахлақу ҳамалатил Қуръан – Қуръон ҳомилларининг ахлоқлари» китобидир. 

Бу асар муҳаддисларнинг дастлабки авлодининг кўзга кўринган пешқадамларидан Абу бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн Ожуррий раҳматуллоҳи алайҳининг қаламига мансуб бўлиб, ҳижрий тўртинчи асрнинг ўрталарида таълиф этилган. 

Имом Ожуррий асли Бағдодлик бўлиб, шу ерда ўсганлар, илм таҳсил қилганлар. Кейинроқ, аниқроғи 330 ҳижрий санада Маккаи Мукаррамага сафар қилиб, то ҳаётининг охиригача шу ерда яшаганлар. Мазкур китобни ҳам шу муборак шаҳарда ёзишга мушарраф бўлганлар. 

У киши етук олимлиги, ўта парҳезкорлиги ва зоҳидлиги билан Ислом оламида машҳур бўлганлар. Буни у кишининг асарларидан ҳам англаш мумкин. Барча тарихчи ва муҳаддис уламолар у зотнинг ишончли, мўтабар, олий табақадаги муҳаддислардан бўлганликларини таъкидлашган. 

Муаллиф муҳаддислардан бўлгани учун асарни ушбу фан услубида, яъни ровийлар санадини  келтириш ва ривоятларни мавзулар асосида тартибга солиш усулида ёзган. Шу билан бирга ҳар бир бобда ҳадисларнинг мазмунидан келиб чиқиб, уларга изоҳ маъносида ва ўзининг тажрибалари, билганлари асосида ҳар бир иймонли мўмин киши учун билиш зарур бўлган қийматли маълумотларни бериб борганлар. У киши ўз сўзларини бошқа нақллардан ажратиш учун  уни «Абу бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн Ожуррий айтади», деб бошлаганлар.

Имом Ожуррий Қуръон аҳлининг фазилатлари ҳақида сўзлар экан, уларнинг ушбу мақомга муносиб инсонлар бўлишга, юксак ахлоқий фазилатларга, маънавий покликка, зоҳиру ботинни бир хил тутиш каби олийжаноб одобу ахлоқларга тарғиб қиладилар. Айни вақтда уларни ҳар қандай ахлоқсизликдан, хўжакўрсинлик, кўзбўямачилик, тамаъ, ужуб каби маънавий иллатлардан сақланишликка чақирадилар. Муаллифнинг бу борада айтган сўзларидан у кишининг руҳий тарбия борасида ҳам ўта зийрак, етук олим бўлганликларини пайқаш қийин эмас.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир ўқувчи, хусусан Қуръон қорилари китобдан катта манфаат топади ва Ислом уламолари жамиятнинг поклиги, соғломлиги учун қанчалар жонкуяр, хушёр бўлганларига яна бир бор гувоҳ бўлади.  


Таржима ҳақида


«Ахлақу ҳамалатил Қуръан» китобининг қўлёзма нусхалари бугунги кунгача тўлиқ шаклда етиб келган. Уларнинг ҳозирда дунёнинг турли кутубхоналарида сақланаётгани ҳақида аниқ маълумотлар бор. Аммо бизнинг қўлимизда улардан бирортаси ҳам йўқ. Бироқ, китобнинг тадқиқ этилган янги нашрларидан айрим нусхалар мавжуд.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, охирги йилларда замонамизнинг тадқиқотчи уламоларининг ташаббуслари билан кўплаб қадимги уламоларимизнинг китоблари янги кўринишда, танқидий ўрганилган ҳолда мусулмонлар қўлига қайтмоқда. Жумладан, Имом Ожуррийнинг «Ахлақу ҳамалатил Қуръан» асари ҳам турли матбаалар томонидан бир неча марта нашр қилинди. Улардан бири Мадинаи Мунаввардаги «Мактабатуд-дар»  матбаасида 1408 ҳ. 1987 м. санада чоп этилган нусха бўлиб, уни Доктор Абдулазиз қори ибн Абдулфаттоҳ таҳқиқ қилган. Иккинчиси эса, Искандария матбаасида 1426 ҳ. 2005 м. санада Мисрлик олим Абу Муҳаммад Аҳмад Шаҳота таҳқиқи остида чоп этилган нашрдир. 

Биз таржима учун Мадина нашрини танладик. Чунки у тадқиқотчи томонидан ҳар томонлама тўлиқ ўрганилган ва энг ишончли қўлёзмалар асосида тикланган. Шу билан бирга Доктор Абдулазиз қори китобдаги ҳадисларни ҳам танқидий ўрганган ва керакли хулосаларни ўз ўрнида бериб борган. Шунингдек, китобга муаллиф ва унинг асарлари ҳақида қимматли маълумотларни ва қўёзмалардан парча суратларни ҳам илова қилган.

Биз таржимада мазкур хулоса ва маълумотлардан фойдаланишда ўзбек китобхонларининг эҳтиёж ва қизиқишларини ҳисобга олдик. Чунки маълумотларнинг кўп қисми илмий хулосалар бўлиб, улардан фақатгина мутхассиларгина фойдаланишлари мумкин.

Бунга қўшимча сифатида, айрим ҳадис ва нақллар ҳақида қўлимиздан келганича маълумотлар бериб бордик. Баъзи бир фиқҳий масаларда зурурат бор ўринда ҳанафий мазҳабининг фатво ва далилларини ҳам баён қилиб ўтдик. Шунингдек, китобда ҳадислар билан бир қаторда нақл қилинган саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва улардан кейинги айрим Ислом олимларига тегишли сўзларни ўрганишда уларнинг аҳамиятини ўқувчиларга англатиш мақсадида ўша сўзларнинг муаллифлари ҳақида матн остида тегишли манбалар асосида қисқсача малумот ҳам бериб бордик. Аммо санаддаги ровийлар ҳақида тўхталмадик. Таржимада ишлатилган айрим илмий истилоҳларни биринчи бор қўлланиши асносида ўз ўрнида изоҳлаб ўтдик. 

Муаллиф ҳар бир ҳадисда унинг ўзигача бўлган санадини тўлиқ келтирган. Шу боис, айрим ҳадислар бошқа-бошқа санадлар билан такроран ҳам келган. Аммо биз ровийлардан фақатгина биринчисини келтириш билан кифояландик ва матни айнан бир хил бўлган ҳадисларнинг санади энг саҳиҳ бўлганини танладик. 

Аллоҳ таолодан ушбу ожизоналик билан қилинган амални камчиликларини кечириб, Ўз даргоҳида ҳусни қабул этишини ва ундан халқимизни манфаатлантиришини сўраб қоламиз.


Тадқиқотчи ҳақида


Тадқиқотчи Абу Мужоҳид Абдулазиз бин Абдулфаттоҳ бин Абдурраҳим бин Муҳаммад ал-қори ал-Маданий. 1365 хижрий санада Маккаи мукаррамада таваллуд топганлар. Ҳозирда Мадинаи мунавварада истиқомат қиладилар.

Оталари - Абдулфаттоҳ қори, асли Марғилонда туғилганлар. Руслар босқини даврида аввал Афғонистонга, кейин Саудия Арабистонига ҳижрат қилганлар.

Абдулазиз қори ибн Абдулфаттоҳ қори 1375 йилдан 1380 йилгача Риёздаги илмий маъхадда таҳсил олдилар. Кейин илм талабини Мадинаи мунавварада ислом университетида давом эттирдилар. Бу илм даргоҳидаги талабалик даврлари университет ташкил қилинган 1381 йилдан бошлаб, то 1389 йилгача бўлган муддатни ўз ичига олади. Қори жаноблари университетнинг шариат факултетини битиргандан сўнг Қоҳиранинг ал-Азҳар университетида ўкишни давом эттириб, у ерда магистер даражасига, сўнг шаръий сиёсат бобида докторлик унвонига эга бўлдилар

Устоз Абулазиз қорининг илмий - амалий фаолиятларидан. Мадинаи мунаввара ислом университетида ўқитувчи, Қубо жомеъ масжидида имом - хатиб. Қуръон тажвиди, Қироат усуллари, Улумул-Қуръон, Тафсир ва бошқа фанлар соҳасида бир қатор асарлар муаллифи. "Шужуну ғариб" номли шеърий тўплам соҳиби. Саудия Арабистони подшоҳи Фаҳд ибн Абдулазизнинг Қуръони Карим мужаммаасида Қуръонни нашрга тайёрлаш ишини амалга оширган машхур қорилар ҳайъатининг раиси.

У кишининг Қуръон илмига доир бир қанча асарлари нашр қилинган. Жумладан, тажвид илмига доир уч босқичли тажвид дарслиги, «Сунанул-қурро ва манаҳижул-мужаввидин» китоблари ўз мавзусидаги қийматли китоблардан ҳисобланади.

Абу Мужоҳид Абдулазиз қори бундан ташқари бир қанча қадимги уламоларнинг асарларини таҳқиқ қилиб, омма мусулмонлага тақдим қилган. ана шундай китоблардан бири биз ўрганмоқчи бўлиб турган Имом Ожуррийнинг қаламига мансуб «Ахлақу ҳамалатил Қуръан» китобидир.


Муаллиф ҳақида


Исми ва нисбати. Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Бағдодий Ожуррий дастлабки муҳаддислар авлодидан бўлиб, ҳадис илмида мўтабар уламолардан ҳисобланадилар. У киши Бағдоднинг Ожурр номли маҳалласида ёки шу номли қишлоғида таваллуд топганлар.  Ожуррий нисбатлари ана шундан олинган.

Таваллуди ва вафоти. Имом Ожуррийнинг туғилган санаси ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бироқ, Имом Заҳабий у кишини саксон ёшлар атрофида ўтганларини айтган. Аллома Фосий бунга аниқлик киритиб, етмиш олти ёшда вафот этганликларини зикр қилган. Агар шунга кўра ҳисоблайдиган бўлсак, Муҳаммад ибн Ҳусайн Ожуррий 264 ҳижрий санада таваллуд топган бўладилар. 

Имом Ожуррий Бағдодда ўсганлар ва шу ерда илм олганлар. Ожуррий ўзининг «Аш-шариъа» китобида «Бизга Абу Жаъфар Аҳмад ибн Холид Бардаъий 279 йили Масжидул Ҳаромда шундай деб айтган...», деб хабар берганлар. Бундан у киши илм таҳсили даврида Маккаи Мукаррамада ҳам бўлганликлари келиб чиқади. Лекин бу ҳақида бошқа манбаларда ҳеч қандай маълумот учрамайди. 

Хатиб Бағдодий, Самъоний ва бошқалар Имом Ожуррийнинг 330 йилгача Бағдодда ҳадис айтганини, кейин Маккага бориб, то вафотигача шу ерда қолиб кетганликларини айтганлар. У киши ўттиз йил Маккада ҳадис айтганлар ва асосий китобларини шу ерда ёзганлар. 

Имом Ожуррийнинг вафот саналари барча манбалар 360 ҳижрий деб кўрсатилган. Ибн Жавзий бу ҳодиса Муҳаррам ойида бўлганини аниқлаган. 

Ибн Жавзий, Ибн Халликон, Ас-софадий, Ас-Субукий, Ибн Аммодлар Ожуррийининг Маккага келишлари ва у ерда қолиб кетишлари ҳақида бир ҳикояни нақл қиладилар. Унинг тафсилоти ҳақида Ибн Жавзий шундай дейди: «Бизга Муҳаммад ибн Абу Тоҳир ўз отасидан нақл қилиб хабар беришича, Абу Саҳл Маҳмуд ибн Умар Ал-Ъукбарий шундай деган: «Абу Бакр Муҳаммад ибн Ал-Ҳусайн Ожуррий Маккага келганида шаҳар унга маъқул келди ҳамда ёқиб қолди ва кўнглида: «Эй Аллоҳим, мени бу шаҳарда ҳеч йўқ бир йил яшатгин», деб дуо қилди. Шунда у ҳотифдан: «Эй Абу Бакр, нега бир йил? Балки ўттиз йил», деган овозни эшитди. Бас, ўттиз йил бўлганида унга ҳотифдан: «Эй Абу Бакр, батаҳқиқ, биз ваъдага вафо қилдик», деган овоз эшитилди ва у шу йили вафот этди». 

Устозлари. Абу Бакр Ожуррий жуда ҳам кўп етук олимдлардан таълим олганлар ва ҳадис ривот қилганлар. Жумладан, Абу Муслим Кажжий, Жаъфар ибн Муҳаммад Фирёбий, Муҳаммад ибн Яҳё Марвазий, Муҳаммад ибн Солиҳ Ал-ъукбарий, Жаъфар ибн Аҳмад ибн Осим Димашқий ва бошқаларни келтириш мумкин. Ушбу китобни таҳқиқ қилаган Абу Мужоҳид Адулазиз қори у кишининг етмиш еттита устозини номма-ном таништириб ўтган. 

Шогирдлари. Абу Бакр Ожуррий умрларининг охиригача ҳадис айтиш билан машғул бўлганлар. Бинобарин, у кишидан жуда ҳам кўп кишилар таълим олган. Хатиб Бағдодий ва Имом Заҳабийлар улардан қуйидагиларни зикр қилишган: Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Бағдодий, Али ибн Умар Ал-муқрий, Маҳмуд ибн Умар Ал-ъукбарий, Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Фазл, Ҳофиз Аҳмад ибн Абдуллоҳ Асбаҳоний, Абдурраҳмон ибн Умар ибн Ан-наҳҳос ва бошқалар.

Ёзган китоблари. Имом Ожуррий ўзларидан бой илмий мерос қолдирганлар. У кишининг китоблари асосан ҳадис ва фиқҳга доир. Энг машҳур китоблари «Аш-шариъа» ва «Арбаъин» асарлари бўлиб, кўпчилик таърихчи ва муҳаддис олимлар муаллифни мана шу китоблари орқали таништирадилар. 

Абу Мужоҳид Адулазиз қори ўз тадқиқотлари асосида аниқлаган Ожуррийнинг 41та асарини бирма-бир айтиб, таништириб ўтган ва уларнинг баъзилари бизгача етиб келган бўлса ҳам, кўпларининг фақатгина номлари китобларда зикр қилинганини таъкидлаб ўтган. Улардан ҳозирда мавжудлиги аниқланганлари қуйидагилардир:

1.    «Аш-шариъа» (Шариъат) китоби. Суннат ва аҳли сунна ва жамоанинг эътиқоди ҳақида. 1369 ҳ.да Мисрда Шайх Муҳаммад Ҳомид таҳқиқи остида чоп этилган. Унинг қўлёзма нусхаси жуда ҳам кўп.

2.    «Ал-арбаъин» (Қирқ ҳадис) китоби. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан қирқта сайланма ҳадислар тўплами. Унинг қўлёзма нусхалари Берлинда, Британия музейида, Ватикан музейида ва Дамашқ кутубхоналарида мавжуд. 

3.    «Ахлақу ҳамалатил Қуръан». Бу қўлингиздаги китоб бўлиб, у ҳақида кейинроқ батафсил тўхталамиз.

4.    «Ахлақул ъулама» (Уламоларнинг ахлоқлари). Унинг қўлёзма нусхаси Берлинда, Мисрдаги «Дорул кутуб»да мавжуд.

5.    «Фазлул илм» (Илмнинг фазилати). Берлинда «Фарзу толабил илм» (Илм талаб қилишнинг фарзлиги) номи билан унинг қўлёзма нусхаси сақланмоқда.

6.    «Сифатул ғуроба минал-мўминийн» (Ғариб мўминларнинг сифатлари). Дамашқнинг Зоҳирийя кутубхонасида унинг қўлёзма нусхаси мавжуд. У охирги марта Қувайтда «Китабул ғуроба» номи билан нашр қилинган.

7.    «Китабу ар-руъя» (Аллоҳни кўриш ҳақлиги тўғрисида китоб). Унинг иккита қўлёзма нусхаси Дамашқнинг Зоҳирийя кутубхонасида сақланмоқда. У Риёзда Муҳаммад Ғиёс таҳқиқи остида 1405 ҳ.да чоп қилинган. 

8.    «Ас-саманийн» (Саксонта ҳадис). Муаллиф унда саксонта ҳадисни саксонта шайхдан ривоят қилган. Работда унинг қўлёзма нусхаси мавжудлиги ҳақида маълумотлар бор.

9.    «Жузъун фиҳи масъалатул жаҳр бир Қуръан фит-товаф» (Тавофда Қуронни овоз чиқариб ўқиш масаласи ҳақида). 

10.    «Ахбару Умар ибн Абдулазиз» (Умар ибн Абдулазиз ҳақида хабарлар). Дамашқнинг Зоҳирийя кутубхонасида унинг қўлёзма нусхаси бор. У 1399 ҳ.да Доктор Абдаллоҳ Абдурраҳим таҳқиқи остида чоп қилинган.

11.     «Таҳримун нард ваш-шатранж вал-малаҳий» (Нарда, шахмат ва малоҳийнинг ҳаромлиги ҳақида». Унинг уч нусха қўлёзмаси Дамашқнинг Зоҳирийя кутубхонасида мавжуд. 1400 ҳ.да Риёзда Умар Ғорома таҳқиқи остида нашр қилинган.

12.     «Вусулул муштақийн ва нузҳутулс-самиъийн» (Муштоқларнинг висоллари ва тингловчилариннг қувончлари». Унинг қўлёзма нусхаси Туркияда Бурса унверситетида мавжуд.

13.     «Китабу ма варода фи лайлатин-нисфи мин Шаъбан» (Шаъбоннинг ўртасидаги кеча ҳақида келган хабарлар ҳақида китоб). Дамашқнинг Зоҳирийя кутубхонасида унинг қўлёзма нусхаси бор.

14.     «Жузъун фиҳи ҳикаяту Аш-Шафиъий ва ғойриҳи» (Шофеъий ва бошқаларнинг ҳикоялари ҳақида қисқача маълумот). Унинг қўлёзма нусхаси Дамашқнинг Зоҳирийя кутубхонасида бор.

15.     «Ал-фаваидул мунтахаба» (Сайланган фойдалар). Дамашқнинг Зоҳирийя кутубхонасида унинг қўлёзма нусхаси мавжуд.

16.     «Ал-мухтар ъала усулис-суннати ъла сияқи китабш-шариъа» («Аш-шариъа» китобининг оқимига кўра суннатнинг асллари асосида танланганлари). Бу «Аш-шариъа» китобииннг қисқартирилган шакли. Унинг Ҳофиз Абдулғани Мақдисий қаламига мансуб қўлёзма нусхаси Дамашқнинг Зоҳирийя кутубхонасида сақлнмоқда.


«Ахлақу ҳамалатил Қуръан – Қуръон ҳомилларининг ахлоқлари» китоби ҳақида


Бу асарнинг Ожуррий қаламига мансублиги ҳақида Ибн Хойр Ишбилий ўзининг «Феҳрисат»ида (285- с) зикр қилган. Шунингдек, китобнинг қўлёзма нусхалари ва уни Ҳофиз Абдулғани Мақдисий (в. 600 ҳ.), Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Саъдуллоҳ Ҳанафий (в. 584 ҳ.) ва Ибн Закнун Ҳанбалий (в. 837 ҳ.) каби буюк муҳаддис ва фақиҳларнинг ўз санадлари билан қилган ривоятлари ҳам китобнинг муаллифи Абу Бакр Ожуррий эканини таъкидлайди. Бинобарин, китобнинг Ожуррий қаламига мансублигини китобдаги ровийлар санади, унинг услуби ва бошқа жиҳтлари муаллифнинг «Аш-шариъа», «Ахлақул ъулама» ва «Ахбару Умар ибн Абдулазиз» каби асарларига монанд келишини айтиб тасдиқлашимизга ҳожат ҳам қолмайди. 

Китобдаги ровийлар силсиласидан шу нарса маълум бўладики, муаллиф уни Маккаи Мукарармада таълиф этган. Буни Ибн Закнун нақл қилган нусхада муаллиф китобни Абулҳасан Али ибн Аҳмад ибн Умар Ал-муқрий Ҳаммамийга Маккада имло қилдирганини очиқ айтилганидан тутшуниб оламиз.

Китобнинг илмий қийматига келсак, у ўз мавзусига кўра Қуръон илмига доир ҳисобланади ва бевосита ушбу илмга таъаллуқли бўлгани эътиборидан энг шарафли шаръий китоблар сарасига киради. 

Абу Бакр Ожуррийнинг юқори табақа муҳаддислардан бўлганини ва ўз даврининг энг мўътабар олимларидан, жумладан, дарс мажлисида ўн мингга яқин ҳадис ёзувчиларга ҳадис айтадиган буюк муҳаддис Абу Бакр Фирёбийнинг шогирдларидан эканини эътиборга олсак, мазкур китоб ўз мавзуида асл ва бош манбалардан ҳисобланиши равшан бўлади. Ўз навбатида бу асар Абу Убайд Ал-Қосим (в. 224 ҳ.), Муҳаммад ибн Айюб Аз-Зорис (в. 294 ҳ.) ва Абу Бакр Фирёбий (в. 301 ҳ.) каби илк муҳаддисларнинг ушбу мавзуда ёзган китоблари каби илмий аҳамиятга эга.

Китоб муҳаддисларнинг услубида, санад билан ривоят қилиш усулида ёзилган бўлиб, 90та нақлни ўз ичига олган. Улардан 45таси муаллифнинг санади билан марфуъ – узуликсиз равишда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача етиб бориб, у зотдан нақл қилинган ҳадислардир. Қолган хабарлардан 14таси саҳобалардан, 29таси тобеъин ва улардан кейинги муҳаққиқ олимлардан ривоят қилинган нақллар ҳисобланади. Булардан ташқари, муаллиф китобда яна 7та ҳадис нақл қилган бўлиб, улардан баъзиларини муаллақ – иснодсиз , бошқаларини мурсал – тобеъинлардан (саҳобани тушириб) ривоят қилган.

Муаллиф айрим ривоятларни заиф санад билан ҳам ривоят қилган. Бу муҳаддисларнинг илк авлодларининг одатлари бўлиб, улар бунда кўпинча ҳадиснинг бошқа санадлар ва ривоятлар билан қувватланишини ҳисобга олганлар. 

Абу Мужоҳид Адулазиз қори «Ахлақу ҳамалатил Қуръан» китобининг матнини тайёрлашда бешта қўлёзма нусхага таянган ва улардан бирини асос қилиб олган. У ҳам бўлса, Ибн Закнун номи билан машҳур бўлган Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Урва Ҳанбалий (вафоти 837 ҳ.) раҳматуллоҳи алайҳининг «Ал-кавакиб ад-дарорий» («Ёрқин юлдузлар») номли катта асаридан олинган. Ибн Закнун ўзининг бу асарида Имом Аҳмаднинг «Муснад» китобини Имом Бухорий услубида тартибга солган ва шу билан бирга Имом Ожуррийнинг мазкур китобларини муаллифгача бўлган санади орқали тўлалигича келтирган. 

Бу нусханинг эътиборга молик ери шундаки, унда китобнинг тўла матни мавжуд ва уни буюк олимлардан бири Ибн Закнун мўътабар саҳиҳ санади ила нақл қилган. У «Ал-кавакиб ад-дарорий» асарининг қириқ биринчи мужалладида келган бўлиб, уни хаттот Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Бадр Ҳанбалий ёзган ва 827 ҳижрий сананинг Зулқаъда ойининг йигирманчиси шанба кунида тамомлаган. 

 Абу Мужоҳид Адулазиз қори фойдаланган қолган тўрт нусха қуйидагилар:

1.    Шайх Муҳаммад Маҳмуд ибн Ат-таламийд Ат-Туркузий Шинқийтий (вафоти 1322 ҳ.) қаламига мансуб нусха бўлиб, унда китоб тўлиқ акс этган. Шайх Шинқийтий уни китобни асл нусхасига солиштириб чиққан ва баъзи бир тўғирлашларни китоб қирғоғига ўз қалами билан қайд этган. Бу нусха Қоҳиранинг «Дорул кутуб» кутубхонасида сақланади.

2.    Дамашқдаги Зоҳирийя кутубхонасида сақланаётган нусха. Бу нусха жуда ҳам олий санад билан нақл қилинган. Аммо унинг баъзи қисмларига шикаст етган.

3.    Бу нусха ҳам Дамашқдаги Зоҳирийя кутубхонасида сақланади.  Унинг боши йўқ.

4.    Дамашқдаги Зоҳирийя кутубхонасида сақланаётган яна бир қўлёзма нусха.

Китобнинг булардан ташқари Берлин ва Туркия кутубхоналарида ҳам қўлёзма нусхалари мавжуд.


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олийгоҳи

«Таҳфизул­ Қуръон» кафедраси 3 ­босқич талабаси.

1431 23 ­Рабиъул­аввал.



Китобни юклаб олиш

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом таълимоти хиромантия ҳақида нима дейди Хиромантия ҳақ таълимми Мусулмонлар хиромантия билан шуғулланишлари ёки шуғуллаётганларга мурожаат қилишлари давоми...

5807 05:00 / 14.03.2017
Имом Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад Айний бундай дейдилар.Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи ила қисқа қилиб қуйидаги иймон шуъбаларини айтамиз .Иймоннинг асли қалб ила давоми...

3431 12:21 / 15.03.2017
Хамрга қарши олиб борилган ишлар фақат Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари билан кифояланмаган. Жамиятнинг барча аъзолари бу давоми...

2573 05:00 / 13.03.2017
Араб мушриклари гаплари ва кучларини бир қилиб, Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Барча далолатлар, барча ўлчовлар давоми...

10165 05:00 / 13.03.2017