1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Виждон – Аллоҳнинг нури

12:22 / 15.03.2017 8841 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамлар билан муносабатларда «Виждонинг борми, виждонингга қарши борасанми», «виждонсиз» деган гапларни кўп эшитгансиз. Шунда «Виждон ўзи нима?» деган савол туғилган бўлиши ҳам мумкин. Ғарб олимлари наздида виждон  кишилик жамиятидаги ва атроф-муҳитга муносабатдаги инсоннинг ўзини тутишдаги ахлоқий масъулият туйғусидир. Улар буни ифодали қилиб узоқ вақт пардозланган, силлиқланган, босимга қўйилган, ишлов берилган, печда куйдирилган мис буюмга ўхшатишади. Виждонни ҳам ижтимоий ўзаро таъсир шароитида шаклланадиган ва сайқалланадиган туйғу, жамият фаровонлиги даражасига қараб ўзгариб турадиган нарса ҳисоблашади. Улар наздида  виждон – ижтимоий ҳаётда шаклланган дўқ-пўписа ва тақиқлар ҳокимиятидир. Лекин бу гаплар ҳақиқат эмас!

Ҳақиқатда эса виждон  инсон табиатига Аллоҳ таоло юборган нурдир. Бу шунингдек, кўрсатма, далил-исбот ҳамда биз билан туғиладиган ва бизни ҳидоятга йўлловчи компас, маёқдир. Ижтимоий тараққиётнинг барча даврларида бу компаснинг ойнаси ялтираб, сайқалланиб боради. Бунинг  рад этиб бўлмайдиган далиллари бор.

Ҳайвонот оламига бир назар ташланг: бу ерда жамият ҳам, ижтимоий онг ҳам йўқ. Лекин ҳожат ушатган мушукни кузатсангиз, у ишни бажариб бўлгач, ахлатини кўздан яшириш учун типирчилаб-айланиб қолади. У бу қилиқни қайси мушуклар жамиятида ўрганган, у ахлатни  бошқа тоза нарсалардан қандай ажратади?

Ёки мушук стол устидаги балиқни ўғирлаган ҳолатни кузатинг: уни жиноят жойида қўлга тушириб, урмоқчи бўлсангиз, айбини «сезиб», кўзларини юмиб олади. Ёки болалар билан ўйнаётган мушук тасодифан вазани синдириб қўяди ва «ишни пачава қилиб қўйганини» тушуниб, тезда стол тагига яшириниб олади. Буларнинг ҳаммаси «виждон» деб аталмиш туйғу борлигини исботлайдиган маълумотлардир. Мушуклар оламида ана шу туйғуларни тарбиялайдиган жамият йўқ. Бизга умуман «мушуклар жамияти» деган тушунча мутлақо нотаниш.

Каптарлардаги эр-хотинлик садоқати, отнинг олийжаноблиги, унинг ўз эгасига садоқати ва умрининг охиригача унга боғланиб қолиши, арслоннинг мағрурлиги, унинг ҳеч қачон ўз қурбонига орқасидан келиб ташланмаслик одати, туянинг уятчанлиги, бегона назарни сезган заҳотиёқ урғочиси билан қўшилишни тўхтатиб қўйиши… Ҳайвонот оламидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Улар бу одатларни қаерда, қайси ҳайвонлар жамиятида ўрганишган?

Қоҳира сиркида содир бўлган мана бу ҳодисани олиб кўринг. Ғазабланган шер ўз ўргатувчиси Муҳаммад Хулувининг орқасидан келиб, елкасига чанг солди ва уни оғир жароҳатлади. Воқеа фожиали тугади – шер ўргатувчи оғир яралардан вафот этди. Шундан сўнг шер овқат емай қўйди. Қафаснинг бир бурчагида қимирламай ётаверди. Овқатга ҳам, одамларга ҳам ҳеч қизиқмай қўйди. Кейин уни ҳайвонот боғига ўтказишди, кўнглини кўтариш учун олдига урғочи шерни киритишди. Лекин шер шу заҳоти меҳмонини дўппослаб, катакдан ҳайдаб чиқарди. Унинг тутқунлиги кўп давом этмади, бир куни у гуноҳкор панжасини оғзига олдию, қаҳр-ғазаб билан, токи ўзи жон таслим қилмагунича  ғажиб ташлади.

Ҳайвонлар ҳам изтироб чекади, қийналади, азобланади, ғамга ботади, қайғуради, гуноҳини ювиш учун ўз жонига қасд қилишгача боради. Шер қайси йиртқичлар жамиятида бу ажойиб қилиқни эгаллаган? Умуман ёввойи ҳайвонлар жамиятида инсонга етказилган оғир жароҳат учун ўзини ўлдиришга чақирувчи қонун бормикин?

Қаршимизда турган бундай олийжаноблик, яхши хулқ ва виждонийлик мисолларини ҳатто инсонда ҳам учратиш қийин. Мана шунинг ўзиёқ виждоннинг моҳияти тўғрисидаги моддиюнча таъриф ва тасаввурларнинг батамом барбод бўлганини кўрсатиб турибди.

Виждон – ҳар қандай тирик мавжудотнинг табиатига Аллоҳ томонидан жойлаб қўйилган нурлигига ва жамият тараққиётининг барча босқичлари бу илоҳий ёғду устидаги занг ва ғуборларни артиб-кетказиб туришига ва буни дин ҳам тасдиқлашига шак-шубҳа  йўқ!

Шер ва ҳайвон ўргатувчи ҳодисасини эсланг: мулоқот ва дўстлик шернинг йиртқич қалбини юмшатди ва унда тазарру туйғуларини уйғотди. Шунинг учун у қайғу чекмоқда, чуқур изтиробда, ўз жиноятига тавба қиларкан, у инсонлар каби ғам-аламдан ўзини ўлдиради. Рухсат этилган нарса ҳам аниқ, рухсат берилмагани аниқ. Пайғамбар алайҳиссалом айтганларидай: «Одамлар маслаҳат беришса ҳам, ўз қалбинг билан маслаҳатлаш!»

Биз яхшини – ёмондан, хатони – тўғридан, рухсат берилганни – рухсат берилмаганидан ажратиш учун махсус шариат илмларига муҳтож эмасмиз. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳар биримизнинг қалбимизга бутун шариатни ва мезон тарозиларини ўрнатиб қўйган. Қалбларимизни моддий оламнинг балчиқ-лойларидан, ҳирс-нафс зарарларидан тозалаш учун нима кераклигини ижтимоий билимлар ҳассасисиз ҳам кўрамиз, биламиз ва аниқлаймиз. Бу Аллоҳ таолонинг нури, бу нурнинг номи – виждон! Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун ҳақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато қилур» (Анфол, 29).

Шайх Муҳаммад ибн Абдул Жобир  қуйидаги ҳадиси қудсийни келтиради: «Сенинг қалбингда Менинг элчим ва маслаҳатчим туриб, нега Мендан ноумид бўласан?»

Виждон – чин ҳақиқат ва ахлоқий бокираликдир. Қотиллик ҳам, шунингдек, ўғрилик, ёлғон, зулм, бузуқлик, сўкиниш, беҳаёлик, қўполлик, ёвузлик, мунофиқлик, хиёнат кабилар ҳам ҳеч қачон олийжаноблик бўлолмайди. Буларнинг ҳаммаси – ахлоққа зид нарсалардир ва қиёмат кунигача шундай бўлиб қолажак!

Шунингдек муҳаббат, раҳм-шафқат, ҳақиқат, яхшилик, кечиримлилик, олийжаноблик, сахийлик каби фазилатлар то еру-осмон ёрилиб кетмагунича, бирорта телба кимса ҳокимиятни эгаллаб, ер юзидан ақл-идрок ғойиб бўлмагунича ҳеч қачон ахлоқсизлик кўриниши бўлиб қолмайди.

(Арабчадан таржима)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир,, деган.Ушбу ояти давоми...

3794 05:00 / 13.03.2017
Қуръонни кўтаргувчилар одобининг баёниАбу Закариё Яҳё ибн Шарофиддин НававийБиринчи жузъарабчадан таржимаБарча ҳамду сано Аллоҳгадир, биз ундан ёрдам беришини, давоми...

4796 05:00 / 13.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. давоми...

5628 12:32 / 15.03.2017
Фитрат аҳли икки пайғамбар даъвати орасида яшаб ўтган кишилардир. Улар ўзларига даъват етиб бормагани учун ҳеч қайси пайғамбарга иймон келтирмаган ҳолда ўлиб давоми...

3296 05:00 / 13.03.2017