
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Мотуридийнинг тафсири ўзининг кенг қамровлилиги, осонлиги, тушунарлилиги билан ажралиб туради. Бунинг сабаби ҳақида юқоридаги маълумотлар асосида қуйидагича хулоса қилиш мумкин:
1. Ҳам нақл, ҳам ақл йўли тутилган. Ўтган муфассирларнинг кўпчилиги фақат нақлий йўлни тутганлар. Ҳатто Мотуридийдан кейин келган, ҳижрий саккизинчи аср тафсирчилари ҳам шу йўлни тутишган. Имом Мотуридий бу билан нафақат ўзидан аввалгилар учун, балки ўзидан кейин келганлар учун ҳам янгилик киритган.
2. Кенг қамровлилиги. Унда оятлар тафсири билан бир қаторда эътиқодий масалалар ҳам, фиқҳий масалалар ҳам жамланган. Бошқа тафсирлар эса кўпроқ бир томонга, масалан, фиқҳ ёки луғатга оғиб кетиб қолади.
3. Имом оят ҳақида нақлга асосланган ҳолда фикр ва эҳтимолларни келтирар экан, «баъзилар айтдилар», «бошқалар айтди», «айтилган» каби ибораларни ишлатади, сўнг уларни таҳлил ҳам қилади. Аммо раъй – ақл билан тафсир қилганида «эҳтимол қилинади» иборасини ишлатади.
4. Ақийдавий ва фиқҳий масалаларни баён қилади.
5. Қироатларни баён қилади.
6. Оятнинг нозил бўлиш сабабини баён қилади.
7. Баъзи лафзларнинг маъносини келтиради. Шеърдан жуда кам фойдаланган. Арабларнинг бадиий сўз воситаларига унчалик эътибор қилмайди.
8. Сураларнинг маккий ва маданий, оятларнинг носих ва мансух каби фазилатларига эътибор бермайди.
9. Бир суранинг тафсирини бошлаганда унга муқаддима қилмайди.
Буюк мутакаллим ва ақийдашунос олим Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ўн жузлик «Таъвийлоту аҳлис-сунна» («Аҳли суннанинг таъвиллари») номли тафсир китоби бўлиб, у нафақат ўзидан аввалги тафсирларга нисбатан, балки ўзидан кейин келган тафсирларга қараганда ҳам тафсиршуносликда катта янгиланиш ҳисобланади. Ушбу тафсир ўзига хос хусусиятларга бой бўлиб, авваламбор унда ат-тафсир бил-маъсур – асарлар билан тафсир қилиш, ат-тафсир бир-роъй – фикр билан тафсир қилиш жамланган. Фикрнинг мустақиллиги, шумулий назар ва мазмунга бўлган эътибор ҳам яққол кўриниб турадиган хусусиятлардандир. Имом яшаб ўтган давр эътиборидан тафсирида калом илмига бўлган мойилликни ва оятларни тушунишда ақлни ишлатишга бўлган чорловни идрок қиламиз. Имом Мотуридий ўз тафсирида фиқҳий масалаларни ҳам баён қилган. У Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мадрасаларига тобе бўлиб, кўпинча масалаларни ҳанафий мазҳабида келтиради. Шу билан бирга, бу тафсир ўзининг осон услуби ва енгил таъбири билан ҳам ажралиб туради.
«Кашфуз-зунуни ъан асомил-кутуби вал фунун» китобининг соҳиби Ҳожи Халифа «Таъвийлоту аҳлис-сунна» тафсири ҳақида қуйидагиларни ёзади:
«У – ҳеч бир китоб тенг кела олмайдиган китобдир. Балки бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди».
«Ҳидоят имоми» китоби асосида тайёрланди.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023 йил 11 декабрдаги 03-07/9264-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.