1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Ёрқинжон роҳимаҳуллоҳнинг ибратли ҳаёт йўли

09:00 / 08.09.2023 3888 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(учинчи мақола)

«Қори акам Тошкентга келсалар доим бизни уйда тунаб қолардилар. Таҳажжуд намозини ҳеч қолдирмасдилар ва доим бомдоддан кейин ухламай дарс қилишга қаттиқ эътибор қилардилар. Бир куни кечки пайт бирга меҳмонга бордик. Эрталаб одатдагидек, бирга бомдодни ўқидик. Кечаси кеч ётганимиз учун бироз ухлаб дам оламиз деб ётдик. Мен бошқа хонада эдим. Орадан ярим соат ўтмасдан мени чақириб қолдилар. Мен: «Лаббай қори ака» деб ҳузурларига чиқдим. Шунда у киши: «Ҳозир тушимга мавлоно Саид Аҳмад Болонпурий кириб, менга: «Ёрқинжон, биз кимга насиҳат қилган бўлсак, бомдоддан кейин ухламаслигини тавсия қилганмиз» дедилар. Шундан кейин бомдоддан сўнг ухлаганларини кўрмадим. Ўзлари ҳам шунга тавсия қилиб: «Бу пайтда ухламасликни тадбирини қилиб, нонушта қилиш керак ёки кўчага чиқиб юриш керак» дер эдилар.


Илмий мерослари
Шайх Ёрқинжон қори ака илм излаш билан бир қаторда уни тарқатишга ҳам алоҳида аҳамият қаратганлар. У кишининг ёзган китоблари ва таржималари кенг китобхоннинг меҳрини қозонган бўлиб, Hilol-Nashr ва бошқа нашриётлар томонидан қайта-қайта чоп этилмоқда.


Асарлари 
1.  Мавлоно Муҳаммад Абдулҳай Лакнавийнинг «Ғийбат ўзи нима?» асари таржимаси 
2.  Мавлоно Муҳаммад Шафиъ Усмонийнинг «Мажолиси ҳакимил умма» асари таржимаси
3.  «Азон одоблари ва аҳкомлари»
4.  «Суннат ва ҳадис»
5.  «Саждаи саҳв масалалари»
6.  «Анворул маносик. Ҳаж фатволари мажмуаси»
7.  «Исломда зироат масалалари».


Шайх Ёрқинжон қори ака ўсмирлик даврлариданоқ динга хизмат қилиш, кишиларга ваъз-насиҳат қилишни бошлаган эдилар. Аллоҳ таоло у кишига раббоний илм, таъсирли нутқ ато этганди. Ваъзлари кенг қамровли бўлиб, ҳар бир мавзуни оят, ҳадислар билан бирга Сўфи Оллоҳёр, Мирзо Бедил, Саъдий Шерозийнинг байтларидан ҳам иқтибослар келтириб кенг қамровли тушунтирардилар. Сўзларида Ҳинд диёридаги устозларини зикр қилиб, улар билан боғлиқ воқеаларни ҳам кўп эслардилар. Одатда кўпроқ китобдан маъруза қилар, ҳар бир сўзларини манбасини айтиб ўтардилар ва бир фикрни қайта такрорламас, тингловчини мутлақо малоллантирмасдилар.


2000 йилларда асосан ваъз-насиҳатлари халқимизнинг тўй-марака маросимларида бўлар, овозлари ёзилган аудио кассета ва дисклар орқали мухлисларига етиб борарди. Орада яна илмга қаттиқ шўнғиб, бироз маърузалари камайди. У киши масжидларда имомлик қилишдан ўзларини тортардилар. Ихлосманд халқимиз у кишининг илмларидан баҳраманд бўлишни жуда истар эди. Ниҳоят, эзгу ниятлар амалга ошиб, 2021 йили Фарғона вилояти Данғара тумани «Саид Аҳмадхон ҳожи» жомеъ масжидига имом ноиби этиб тайинландилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳробларида хизматга киришишлари барчанинг қалбига хурсандчилик киритди. Илк кунларданоқ, масжидда жамоатга намозлардан кейин гўзал суҳбатларни қилиб бердилар.
Шайх Ёрқинжон қори ҳақларидан уламоларнинг сўзлари :


«Вафотларидан кейин мендан у киши ҳақида сўрашди: «У киши ким эдилар? Биз танимаган эканмиз». У киши Ўзбекистоннинг саноқли уламоларидан бири эди. Араб, урду тиллари ва фиқҳ, ақоид фанларининг зўр мутахассисларидан бири эдилар... Ҳаётлик чоғларида шундай олимни қадрига етиб фойдалана олмадик». Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров.


«Ёрқинжонни ёшлик пайтларида Аҳмадхон домла менга рўпара қилиб: «Ўзи оддий китоблардан сабоқ олади-ю, саволим бор эди деб катта-катта китобларни кўтариб чиқиб мени қийнаб қўйяпти. Майли десангиз шу йигитни сизга берсам» дедилар. Бизни олдимизда китоб очиб, анчагина йил илм ўрганиб юрдилар. Биз берган вазифаларни жуда чиройли бажарардилар. Устоз учун шогирднинг берилган вазифасини тайёрлашдан кўра, олийроқ мукофоти бўлмайди. У киши шундай ишлар билан бизни хурсанд қилиб келгандилар. Сўнг Ҳиндистон ва Мисрда илм ўрганиб келдилар. Шайх Саъдий айтганларидек, чиройли кишига пардозни кераги бўлмаганидек аҳли фазлни тавсифлашга ҳам ҳожат йўқ. Фарғона вилоятидаги «Саодат» жомеъ масжиди имом хатиби устоз Иброҳимжон домла Қодиров.   


«Устоз Ёрқинжон қорининг қисқа ва ёрқин ҳаётлари бизга ибрат бўлди. Жуда гўзал ҳаёт кечирдилар, Аллоҳни ҳеч унутмадилар ва хизматидан ҳеч чарчамадилар». Устоз Мубашшир Аҳмад домла.

«Ёрқинжон қорини асаларига ўхшатаман. Асалари турли гулларга қўниб улардан ширасини йиғгандек, у киши ҳам ҳар куни сафардан бўшамасди. Бир у гулга, бир бу гулга қўниб, энг сара нарсаларни йиғганди... Аллоҳ таоло Ўзининг динига хизмат қилиш ва уни ёйиш учун аввало пайғамбарларни, сўнг авлиёуллоҳлар ва уламоларни танлаб олади. Уларнинг қалбларига ёшликлариданоқ, илм, қалам, китоб каби нарсаларнинг муҳаббатини солиб қўяди. Ёрқионжон қори ҳам шундай танланганлардан эди. Мен у кишидан «Неча ёшлигингиздан талаби илмликни бошлагансиз?» деб сўраганимда илм олишни маҳалламизда жуда эрта бошлаганман. Лекин сафар қилиб илм талаб қилишни тўққиз ёшларимда бошлаганман» дер эдилар. У кишига Аллоҳ энг яхши устозларни насиб қилган эди . У киши улуғ зотларни зиёрат қилиш, дуоларини олишга ҳарис эдилар. Бунга сабаб шайх Саъдийнинг «Гулистон» асарлари катта туртки бўлган. Мен у киши билан қанча юрган бўлсам билдимки, ўз идишларига ширин жумлалар, ҳикматли сўзлар ва дуоларни жамлаган эди. Қаердаки, авлиё зотлар, аҳли илмлар бўлишса, агар ҳаёт бўлсалар ҳузурларига бориб дуоларини олар, вафот этган бўлсалар қабрларини зиёрат қилардилар. У киши доим дуо олишга ҳарис эди. Зиёратларда уламоларнинг суҳбатларидан энг ширин жойини ёдлаб олар, китоблардан ҳам гўзал сўзларни ҳифзида сақларди. Шу тарзда ўзида энг гўзал нарсаларни тўплаган эди. Ваъз қилса, жуда таъсирли қилар, мутойиба қилса ҳам жуда дилни тортадиган тарзда ҳаммани кўнглини кўтарарди. Агар насиҳат қилиб беринг десангиз, катта-катта уламоларнинг ҳикматларини айтар, гўё дунёнинг йирик уламолари ўзи сўзлаётгандек бўларди. Ҳиндистондан ҳар сафар қайтишимизда у киши бир неча кун аввал китоб йиғишни бошлар ва юз килолаб китобларни олиб келардилар. Илк борган пайтларимизда пулимиз кам, урду тилини билмаймиз, илмимиз ҳам чуқур эмас анчагина қийналганмиз. Шунда мавлоно Аршад Маданий ҳафизаҳуллоҳ озиқ-овқат ва бошпана бериб ёрдам қилардилар... Ёрқинжон қори ажойиб тушларни кўрар ва эрталаб туриб менга айтиб берардилар. Кўпинча, биз тушларни таъбирини яхши биладиган кишилардан сўрардик. У ерда туш таъбирига оид китоб сотиб олиб ўзимиз таъбир қилишни бошладик. Шундай қилиб, Ёрқинжон қори туш таъбирига ҳам моҳир бўлиб кетганди. Бир куни эрталаб туриб, менга “Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот сут ичиб туриб, қолганини менга “Ичгин” деб узатдилар, мен ундан ичдим” дедилар. Набий алайҳиссалом ўзлари шу каби тушларда сут ичганларини илмга таъвил қилганлар. Мен ҳам билдимки, Аллоҳ таоло Ёрқинжонга шундай манфаатли илм берган эди. У киши бу каби тушларни жуда кўп кўрардилар ва уларни ёзиб юрардилар... Аллоҳ таоло Ёрқинжон қорига ўткир зеҳн, хотира, гўзал одоб ва асосийси улуғ устозлар, муршиди комилни насиб этган эди. У киши ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Бир сўз билан айтганда у киши умрларини илмга вақф қилиб юборгандилар»... Устоз Абдулманнон Абдуллоҳ.


«Ёрқинжон домла тошқин дарё бўлганда ҳам, илму ҳикматга тўла дарё эдилар. Суҳбатлашиб тўймасдингиз. Ўта беғубор, бетакаллуф, улфатнишин, сертабассум, ҳазилкаш, зарофатли инсон эдилар. Қайси мавзудан гап бошласангиз, у кишидан ўша ҳақида теша тегмаган маълумот олардингиз. Ҳамиша ёнларида бир халта китоб олиб юрардилар. Бўш қолишлари билан мутолаага берилар эдилар.... У киши билан бўлган маэлисда сўз бир фиқҳдан, бир ақидадан бўлар, ҳали фузулийхонлик, ҳали навоийхонликда суҳбатлашардик. Тарих, хусусан, яқин тарихимиз ҳақида кўп маълумотга эга эдилар. Хотираси ўта кучли, заковати ўта тез киши эдилар. Фикрларини жуда ҳам равон етказар, сўзларини равон уқтирардилар. Хуллас, суҳбати тарёк, ўзи жонга малҳам нсон эдилар. Шоир Абдулла Орипов ҳам у кишига ихлос қилиб қолган, у киши ҳам забардас шоир билан басма-бас суҳбатлаша олар эди... Қўлёзмаларни ўрганишда ҳам пешқадам эдилар. Ўзлари жуда чуқур илмли бўлсалар ҳам суҳбатларида фақат уламолар сўзларини нақл қилардилар. Шунинг учун, у кишида улуғларнинг нисбати бор эди. суҳбатлашсангиз сўзига тўймас эдингиз. Доим илм-маърифат ғамида эдилар». Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид. 


Фарзандлари Ёрқинжон қори ака 2005 йили оила қурганлар. Уч ўғил, икки қизлари бор. Ҳаётлик чоғларида фарзандлари таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратар ва улар учун кўп вақтларини ажратар эдилар. Уларни ўз устозлари ва бошқа уламолар ҳузурига зиёратга олиб бориб, ҳақларига дуо олардилар.  У кишининг ихлослари ва меҳнатларининг самараси ўлароқ, барчалари оталари тутган йўлни танлаб, илм олишга астойдил киришганлар.


Вафотлари

Шайх Ёрқинжон қори Қирғизистондаги уламолар ва ўтган улуғларнинг қабрларини зиёрат қилиш учун сафар қиладилар. У ерда ўн кун туриб Қирғизистоннинг Боткент вилоятида 2021 йил 16 июнь куни 43 ёшда йўл-транспорт ҳодисаси туфайли оламдан ўтганлар.

 
Ёрқинжон қори жанозаларида юртимизнинг кўплаб уламолари билан бирга жуда катта жамоат қатнашган. Унда устозлари қўқонлик Иброҳимжон домла ҳафизаҳуллоҳ шундай деган эдилар: «Вафотларидан кейин олдиларига кириб: «Ука биздан рози бўлинг десак, юзлари чиройли ҳолатда табассум қилиб қўйдилар. Бунга кўпчилик гувоҳ бўлди». 


Сўнги манзилга кузатилгач, кўпчилик уламолар, яқинлари, шогирдлари  Ёрқинжон қорининг охиратда нажот топганликлари ва юксак мартабага эришганларини башорат берувчи тушларни кўришганини айтишган. Улардан бирида у киши хурсанд ҳолда «имтиҳон»дан осон тарзда ўтганлари ва роҳатда эканларини айтганлар.


Аллоҳ таоло шайх Ёрқинжон қорини раҳматига олсин ва жаннатда Ўзининг жамолига мушарраф айласин!
(Тамом)


Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 11 августдаги 03-07/6522-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Сирожиддин Жаҳонгировнинг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб чиқамиз.Сирожиддин ЖаҳонгировСаййид давоми...

6434 15:21 / 31.01.2018
Жалолиддин қори 1904 йил Наманган шаҳри Сардоба даҳаси собиқ .Йикчи, кўчаси ҳозирги .Исфархон, савдо мажмуасининг орқасидаги эски маҳаллада дину диёнатли, зиёли давоми...

1437 14:00 / 02.12.2022
Анқарадаги Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гўрмез 1959 йилда Туркиянинг Газиантеп вилояти Низип туманида туғилган. Бошланғич таълимни Низипда, ўрта давоми...

358 13:07 / 14 октябрь
Шайх Абул Фазл Мансур ибн Наср ибн Абдураҳим ибн Матта Самарқандий Коғазий. Самарқанддаги санад соҳибларидан. Мансурий қоғози олий навли шу кишининг номларига давоми...

1315 13:30 / 20.06.2021
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57701 14:35 / 11.08.2021