
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳалиги икки киши қайтиб келиб, бор гапни ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга етказган эдилар, у киши кулдилар. Кейин фитначиларни чақиртирдилар. Одамларни жамлаб, уларнинг хабарини айтдилар. Тўпланганлар ичидан баъзи кишилар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга «Уларни ўлдириш керак», деб ишора қилдилар.
«Йўқ. Биз афв қиламиз. Уларни қабул қилиб, қилаётган ишларимизни кўрсатамиз. Токи ҳаддга лойиқ иш қилмагунича ёки куфрни зоҳир қилмагунича, ҳеч кимга тегмаймиз. Улар ўзларингиз билган ишларни зикр қилмоқдалар. Фақат ҳозир билмаган одамлар олдида менинг бўйнимга юкламоқчилар», дедилар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу.
Халифа фитначиларнинг ўзларига қўяётган айбларнинг заррача ҳам вазни йўқлигини яхши билар эдилар. Шунинг учун одамларнинг олдида уларнинг иши пуч эканини ошкор қилиб, фитначиларни шарманда қилмоқчи бўлган бўлсалар, ажаб эмас. Шу билан бирга, одамлар «Айби бўлмаса, уларнинг оғзига урмасмиди», дейишлари ҳам мумкин эди. Агар уларга қарши чора кўрилса, «Айби бор экан, уни беркитиш учун айбини очмоқчи бўлганларни йўқ қилмоқчи», дейдиганлар ҳам топиларди.
Нима бўлганда ҳам, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу фитначиларнинг ўзларига қўйган айбларига раддия қилишга ўтдилар. Жумладан, тарихчиларимиз қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Улар намозни сафарда тўлиқ ўқидилар. Аслида тўлиқ ўқилмас эди, дедилар. Огоҳ бўлинглар! Мен бир юртга борган эдим. Ўша ерда аҳлим бор эди. Шу икки иш сабабидан тўлиқ ўқидим. Шундай эмасми?!» дедилар.
«Худди шундай», дейишди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бир марта Маккаи Мукаррамага борганларида намозни қаср қилмай, тўлиқ ўқиган эдилар. Одамлар бунинг сабабини сўрашган эди, ўша вақтдаёқ «Макка менинг ўз юртим, қолаверса, бу ердан уйландим. Шунинг учун намозни тўлиқ ўқидим», деб жавоб берган эдилар.
Фитначилар йиллар ўтгандан кейин шу гапни кавлаб топган эдилар. Аввало, бу иш гуноҳ эмас. Қолаверса, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўзлари бунинг сабабини ўша вақтдаёқ айтиб берганлар. Буни ҳамма билади. Бундай ишни жамият бошлиғига айб қилиб қўйиб, унга қарши қўзғолон кўтариш керакмиди?! Албатта, бу гап куракда турадиган гап эмас эди. Аммо фитначиларнинг услуби шу. Омма ичида ўзларини дин фидокори қилиб кўрсатиш учун диний масалаларни кўтарадилар. Шу билан улар ўз кирдикорларини хаспўшлашни режалаштирадилар. «Биз ўз манфаатимиз учун эмас, дину диёнат учун жон куйдирмоқдамиз», деб, мусулмон оммасини ўзларига оғдирмоқчи бўладилар. Аслида ўша нобакорларнинг ҳаммасининг диндорлиги йиғиб келинса, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бир тукларининг диндорлигига ҳам етмайди. Аммо фитначи ўз номи билан фитначи. Нима қилиб бўлса ҳам, ўзининг манфур ниятига етишга уринади.
«Улар: «Қўриқхоналар қилдинг», дедилар. Аллоҳга қасамки, мендан олдин қўриқхона қилинмаган эди. Улар бирор киши учун қўриқ қилган эмаслар. Қилган бўлсалар ҳам, Мадина аҳли ғолиб бўлган нарсага қилганлар. Бировни ундан ман қилган эмаслар. Мусулмонларнинг садақотларигагина қўриқ қилганлар. Буни ҳам уларга қараб турганлар билан бошқалар орасида низо чиқмасин, деб қилганлар. Менинг икки уловимдан бошқа туям ҳам йўқ. Ҳа, менинг қўй-эчким ҳам, туям ҳам йўқ. Мен бу ишга эга бўлганимда араблар ичида энг туяси ва қўйи кўп одам эдим. Бугун менинг битта ҳам қўйим йўқ. Ҳажимга минадиган иккита туямдан бошқа туям ҳам йўқ. Шундай эмасми?!» дедилар.
«Худди шундай», дейишди».
Аслида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халқнинг камбағал тоифаси манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамият ихтиёрида бўладиган қўриқхоналарга кўплаб ер ажратишни йўлга қўйган эдилар. Шу тариқа ерларга бой-бадавлат кишилар эга чиқиб олишларини тартибга солган эдилар.
Аммо фитначилар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга «Бу ишни ўзингга мол тўплаш учун қилдинг», деб айб қўйдилар. Аллоҳдан қўрқмагандан кейин шундай бўлади. Бу ҳам барча макон ва замон фитначиларининг бир хилда ишлатадиган услублари. Ўзлари мол-дунё, мансаб, шуҳратга эришиш учун қилаётган жирканч ҳаракатлари йўлида пок мўминларни мол-дунёга ва мансабга ўчликда айблайдилар.
Улар «Ўзи фойда олишни кўзлаб, қўриқхона қилди», деб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни айблашди. Аммо ўзларининг кимлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Уларнинг ҳар бири ўрганиб чиқилса, фақат мол-дунё деб, мансаб деб, ушбу фитнага қўшилганлиги келиб чиқади. Улар пок одамни мусулмонлар оммасининг молига хиёнатда айблашади. Аммо ўзлари энг нопок одамлар бўлишади. Уларнинг ҳаммасининг етти пушти билан қилган хайр-эҳсонлари ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бир марта қилган эҳсонларига тенг кела олмаслигини ўйлаб ҳам кўрмайдилар.
«Улар: «Қуръон бир қанча китоб эди. Сен биттасидан бошқасини йўқ қилдинг», дейишди. Огоҳ бўлинглар! Албатта, Қуръон биттадир. Битта Зотнинг олдидан келгандир. Мен бу ишда ўзимдан олдингиларга тобеман, холос. Шундай эмасми?!» дедилар.
«Худди шундай», дейишди».
Мусулмон умматини ягона қуръоний қироатга тўплаш ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу учун энг фахрли ва мақтовга сазовор иш эди. Бу улкан ҳақиқатни ҳамма яхши билар эди. Аммо фитначилар буни ҳам у кишига айб қилиб тақадилар. Чунки фитначиларга ҳақиқат эмас, фитна керак. Улар гапнинг ҳақиқатидан бехабар кишиларни оғизларига қаратиб, ортларидан эргаштирсалар бўлди.
«Улар мен Ҳакамни қайтарганимни айтишди. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборган эдилар. Ҳакам маккаликдир. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Тоифга юбордилар. Сўнгра уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қайтардилар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юбориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтардилар. Шундай эмасми?!» дедилар.
«Худди шундай», дейишди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз вақтларида қилган айби учун Ҳакамни Тоифга сургун қилган эдилар. Аммо вафотларидан олдин Ҳакамнинг сургундан қайтиши мумкинлигини айтган эдилар. Бу гапни ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эшитган эдилар. Шунинг учун ўзлари халифа бўлганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини амалга ошириш учун Ҳакамнинг Тоифдан қайтишига изн берган эдилар. Буни ҳамма билар эди. Шунинг учун ҳам ҳозирги юзма-юз мажлисда ҳамма, жумладан, фитначиларнинг ўзлари ҳам «Худди шундай», дейишди.
«Улар: «Ёшларни омил қилдинг», дедилар. Мен фақатгина ҳамманинг фикри жам бўлган, ишни қила оладиган ва рози бўлинганни омил қилдим. Улар ўз ишларига аҳлдир. Бас, улардан у ҳақида сўранглар. Улар унга ҳамшаҳардирлар. Мендан олдингилар улардан ёшроқларни волий қилганлар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга менга айтилгандан кўра шиддатлироқ гаплар айтилган. У зот Усомани омил қилганларида. Шундай эмасми?!» дедилар.
«Худди шундай», дейишди».
Бу ҳам барча замон ва маконларнинг фитначилари ва шикоятчилари улуғларга қарши ишлатадиган кучли қуроллардан биридир. Раҳбар кишини айблаш учун у киши мансабга қўйган одамларнинг ўша мансабга нолойиқ эканини даъво қилишади. Агар суриштириб чиқилса ва фитначиларнинг ҳар биридан «Сенингча, шу мансабга кимни қўйса яхши бўлар эди?» деб сўралса, «Мени» деган жавобни берадилар. Дарҳақиқат, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши чиққанларнинг кўпчилиги ҳам «Менга мансаб бермади» деган даъво билан фитнага қўшилган эдилар. Аммо улар халқ орасида гап тарқатаётганларида «Нолойиқ одамни ишга қўйди, мусулмонларнинг ичида ундан кўра лойиқлари кўп эди» деган даъвони қиладилар. Бу даъвони эса ҳар кимга қарши, ҳар замон ва ҳар маконда қилиш мумкин. Чунки бу – умумий гап. Уни ўлчаб ҳам бўлмайди, ушлаб ҳам бўлмайди. Шунинг учун, нобакор фитначилар ҳозиргача ҳам ҳар сафар ўзларининг раҳбарларига қарши чиқишда шу даъвони кўтарадилар.
«Улар менинг Ибн Абу Сарҳга Аллоҳ унга ўлжа қилган нарсани берганимни айтишди. Мен унга Аллоҳ ўлжа қилган нарсанинг бешдан биридан бешдан бирини беришни ваъда қилган эдим. Юз минг эди. Шунга ўхшашни Абу Бакр ва Умар ҳам берган эдилар. Лашкарлар буни хуш кўрмасликларини айтган эдилар, мен қайтардим. Уларни бундай қилишга ҳақлари йўқ эди. Шундай эмасми?!» дедилар.
«Худди шундай», дейишди».
Йигирма бешинчи санада ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг амрлари билан Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳуни Африқонинг шимол тарафини фатҳ қилиш учун юборган эди. У Тороблус, Тонжа ва бошқа жойларни фатҳ этган эди. Қайтиб келганидан сўнг Абдуллоҳ ибн Саъд халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан Африқо фатҳини давом эттиришга изн сўраган эди. У киши рухсат берган эдилар ва: «Агар Аллоҳ сенга фатҳни насиб этса, ўлжанинг бешдан бирининг бешдан бири ўзингга», деган эдилар.
Абдуллоҳ ибн Саъд (яъни Ибн Абу Сарҳ) ўша жойларни фатҳ қилди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ваъдаларига мувофиқ ўлжанинг аталган қисмини музаффар лашкарбошига бердилар. Аммо аскарлар ичида норози бўлганлар борлигини билиб, уни қайтариб олдилар. Лашкарбошиларга мукофотлар бериб, уларни рағбатлантириш жамият бошлиғининг шаръий ҳаққи. Унга эътироз қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ бўлса ҳам, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу мукофотни қайтариб олдилар.
Хўш, нима учун шариат рухсат берган нарса у кишига айб қилиб қўйилади?! Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан олдинги халифалар бу ишни қилганларида ҳеч ким индамаган эди-ку! Энди нима учун ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга эътироз қилинмоқда? Бериб туриб, яна қайтариб олинган нарсани нима учун «Бердинг», дейилади?
Бунга ўхшаш барча саволларга «Бу фитна қўзғаш учун керак эди» деган жавобдан бошқа жавоб йўқ. Ҳа, фитначилар мусулмон раҳбарларга қарши ишлатадиган энг кучли силоҳлардан бири мол тақсимлаш масаласидир. Бу ҳам умумий, чегараси йўқ масаладир. Раҳбар бировга мол бердими, бўлди, буни айб қилиб тақаш мумкин. У молни хазинага олиб бориб қўйиш учун бердими, омонатга бердими, ўзининг ҳаққини бердими, фарқи йўқ. Фитначи «Фалончига берди, менга бермади, катта айб қилди», деб ҳукм чиқаради. Бунга турли ёлғонларни ўзидан қўшиб, дунёни гапга кўмиб ташлайди. Қарабсизки, ҳамманинг оғзида мол берган раҳбарнинг ғийбати.
«Улар менинг аҳли байтимни яхши кўришимни ва уларга мол беришимни айтдилар. Уларни яхши кўрсам, нима бўлибди? Мен улардан жабр кўрганим йўқ. Балки уларга ҳақ-ҳуқуқларни юклайман. Уларга мол берсам, ўз молимдан бераман. Мусулмонларнинг молини ўзимга ҳам, бошқа бирор кишига ҳам ҳалол ҳисобламайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Умар ва Абу Бакрнинг замонларида ҳам ўз молимдан кўплаб атолар берар эдим. Ўша пайт менинг молга қизиққан ва рағбат қилган вақтим эди. Энди умрим охирлаб, қариб қолганимда, аҳлимга ҳам ортиқча бўлиб қолганимда динсизлар менга шу гапни айтадиларми?! Аллоҳга қасамки, мен бирор юртга ортиқча юк юкламадим. Бу ҳақда менга бир нарса дейиш жоиз эмас. Мен уни уларга қайтардим. Фақатгина бешдан бирлари келган. Улардан бирор нарса менга ҳалол эмас. Мусулмонлар уларни ўз эгаларига берганлар. Аллоҳнинг молидан сариқ чақа ҳам четга чиқмаган. Мен фақат ўз молимдан еганман».
Агар фитначиларда заррача инсонийлик бўлса, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга ҳеч бўлмаса, шу айбни қўймас эдилар. Аллоҳ таоло мусулмонларга ўз молидан энг кўп сарф қилишни насиб этган одамга шу айбни қўйиш инсонийликка кирадими? Дину диёнат йўлида қилган молиявий сарфлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бугундан кейин Усмонга нима қилса ҳам, зарар бўлмас», деган муборак башоратлари соҳиби бўлган кишига шу айбни қўйиш инсонийликка кирадими?
Фитначилар ҳар нарсани ўз қаричлари билан ўлчайдилар. Ўзи аслида улар фитнани мол-дунё учун қилмоқдалар. Бошқаларни ҳам ўзларига ўхшатадилар. «Мол бор жойда турибдими, демак, уни ейди, қариндош-уруғларига тарқатади», деб ўйлайдилар. Агар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга ўхшаб, ўз молидан берган бўлса ҳам, «Жамиятнинг молидан берди», деб айтадилар.
«Улар: «Одамларга ерларни бердинг», дедилар. Бу ерлар фатҳ қилинганида муҳожир ва ансорлар уларга шерик бўлган эдилар. Улардан ким ўша фатҳ қилинган ерларда истиқомат қилса, ўз аҳли ила баҳам кўрди. Ким қайтиб келса, уларга Аллоҳ ўлжа қилиб берган нарсани кўриб, уларнинг амрларига биноан сотиб, ўрнига бошқа олиб бердим. У ерлар ўз эгаларининг қўлида, менинг қўлимда эмас».
Бу ҳам ер мулкдорлиги асосида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши қилинган молиявий даъво эди. Фитначилар бу ишнинг ҳам ўзларига керак қисмини олиб, гап қилиб тарқатган ва даъво қилган эдилар. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бу даъво ҳам асоссиз эканини фош қилдилар.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўз ҳузурларига келган фитнабошиларга қарши бирор чора кўрмадилар. Уларни бўлиб ўтган мунозарадан кейин келган жойларига қайтариб юбордилар.
Фитначиларнинг юқоридаги ривоятларда зикри келмаган бошқа даъволари ҳам бор эди.
Ана шу даъволардан бири, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қариндошларига иш беришлари эди. Бу айб эмас. Шариатда қариндошга иш бериш мумкин эмас, деган гап йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амаккиваччалари ва куёвлари ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга иш берганлар. Исломда кишиларга қобилиятига қараб иш берилади.
Фитначиларнинг яна бир даъвоси «Усмон Абу Зарр Ғифорийни сургун қилди», деган даъволари эди. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу у кишини сургун қилган эмас, балки Абу Заррнинг ўзлари илтимос қилган эдилар. Келинг, ҳодисанинг мухтасарини қайта эсга олайлик.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Шомда истиқомат қилар эдилар. У киши доимо: «Эй бойлар, камбағалларга шафқат қилинглар! Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга оловдан бўлган дазмолнинг башоратини бер. У уларнинг пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилур», деб юрар эдилар. Бора-бора шундай қилиб, камбағалларни бойларга қарши қайраб қўйдилар. Иш чегарасидан чиқаётганини кўрган бойлар волий Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга шикоят қилдилар. У киши бу ҳақда халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга ёздилар. Халифадан «Уни менинг ҳузуримга юбор», деган амр келди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуни Мадинага, халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг олдиларига йўллади.
У киши Мадинага кириб келганда мажлислар Салъга етганини кўриб, «Мадина аҳлига шиддатли ғоратнинг ва эсдан чиқмайдиган урушнинг башоратини беравер», дедилар.
У киши халифанинг ҳузурига кирганда:
«Шом аҳлига нима бўлди, тилингнинг заҳридан шикоят қилишмоқда?» дедилар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу бўлган гап-сўзларни айтиб бердилар. У кишини диққат билан тинглаган ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу:
«Эй Абу Зарр! Менинг вазифам ўз бурчимни адо этмоқлик. Одамларни хатти-ҳаракатга ва иқтисодга чақирмоқлик. Уларни зоҳидликка мажбур қилиш менинг бурчим эмас», дедилар.
У киши: «Бойлардан токи маъруфга сарф қилмагунларича, қўни-қўшниларга ва ошна-оғайниларга эҳсон қилмагунларича ва қариндошларга силаи раҳм қилмагунларича» рози бўлманглар», деди. Суҳбатнинг охирида Абу Зарр ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан Мадинадан чиқиб кетишга изн сўрадилар ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, агар бинолар Салъ деган жойга етса, чиқиб кетишимга амр қилганлар», дедилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу у кишини ар-Рабзага йўлладилар. У ерда масжид қурдилар. У киши учун халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бир қанча туялар ажратиб бердилар. Маош белгиладилар. Иккита хизматчи бердилар. Абу Зарр вақти-вақти билан Мадинага зиёратга келиб турар эдилар. Шаҳар билан ар-Рабзанинг ораси уч мил эди.
Фитначиларнинг яна бир даъвоси «Усмон ўз укаси Валид ибн Уқба ибн Абу Муъайтни волий қилди. У эса фосиқ, хамр ичиб, қўлга тушди», деган даъво эди.
Куфа волийси Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан шикоят бўлганида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Валид ибн Уқбани у ерга волий этиб қўйдилар. У ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг она бир укалари эди. Аммо ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу уни ўз укаси бўлганлиги учун эмас, ўзини яхши волий сифатида кўрсатгани учун қўйган эдилар У ўша пайтда Умар розияллоҳу анҳу томонларидан Ҳижознинг ғарбий томонига волий этиб қўйилган ерида ишлаб турган эди. Бунинг устига, Валид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари Умму Ҳакимнинг ўғли ҳам эди.
Куфаликлар уни хурсанд бўлиб кутиб олдилар. Айниқса, олдинги волийга қарши бўлганлар хурсанд бўлдилар. Ҳамма ишлар яхши кетиб турганда бир ҳодиса содир бўлди. Ана шу ҳодиса туфайли ишлар бошқачасига айланди.
Бир гуруҳ куфалик ёшлар бировнинг уйини тешиб кириб, уй эгасини ўлдирдилар. Бу ишдан хабар топган бир қўшни одам миршабларни чақирди. Улар жиноятчиларни тутдилар. Уларнинг ичида Зуҳайр ибн Жундаб ал-Аздий, Муварриъ ибн Абу Муварриъ ал-Асадий ва Шуббайл ибн Абул Аздийлар бор эдилар. Маҳкамада уларнинг жиноятлари собит бўлди ва шариат ҳукмига биноан қатл этилдилар. Уларнинг оталари ва қариндошлари бунинг учун волий Валиддан хафа бўлиб, унга қарши пайт пойлай бошладилар. Унинг кечқурун қуриладиган суҳбати бор эди. Бу суҳбатда турли одамлар, жумладан, Абу Зайд Тоий ҳам қатнашар эди. У асли насроний бўлиб, кейин мусулмон бўлган ва ароқ ичиши бор эди. Бир куни ҳалиги ҳасадгўйларнинг олдига биров келиб, «Валиднинг Абу Зайд билан хамр тановул қилишидан хабарингиз борми?» деди. Улар айни шу гапни кутиб туришган эди. Бу гапни бирпасда ҳамма тарафга тарқатишди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб, бу гапни айтишган эди, у киши: «Биз ўзини беркитган одамнинг авратини очмаймиз», дедилар. Валид бу гапни эшитиб, хафа бўлди ва: «Фитначи қавмга сендек одам шундай жавоб берадими?! Мен нимани беркитибман?! Бу нотаниш одам ҳақида айтиладиган гап», деди. Шу билан икковларининг ораларига ҳам совуқлик тушди.
Фитначилар бу билан ҳам кифояланиб қолмадилар. Дорул Хилофага бориб, Валиднинг устидан шикоят қилишга қарор қилдилар. Улар ичларидан икки кишининг гувоҳликка ўтишига келишиб олиб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бордилар. Фитначиларнинг сафида волий Валид томонидан ишдан бўшатилган аламзадалар ҳам бор эди. Одатда, фитначиларнинг доимо шунга ўхшаш кишиларни излаб топиб, ўз сафларига қўшиб олишлари синалган тажрибадир. Улар бориб, ўз мақсадларига эришдилар. Волий Валид ибн Уқба ибн Абу Муаъйт чақирилиб, дарра урилди ва ишдан олинди. Бу айб эмас, фитначиларнинг уйдирмаси эди.
Фитначилар Муовия ибн Абу Суфённинг волийлигига ҳам тил теккиздилар. Аслида эса уни ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр Сиддиқ ва Умари Одил волий қилган эдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида у киши аввалги ишини давом эттирди, холос.
Фитначиларнинг булардан бошқа даъволари ҳам бўлиб, ҳаммаси бир-биридан пуч даъволар эди. Аммо пуч бўлса ҳам, одамлар ичида гап бўлиб тарқалган, фитначилар ўз мақсадларига етишиш йўлида қурол қилиб олган нарсалар эди.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.