
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифаликлари давомида ўзларидан аввалги халифаларнинг ишларини давом эттириб, мусулмонлар оммаси учун фойдали бўлган катта ишларни қилишда ижтиҳодлар қилдилар. У киши қандай қилиб мусулмонларнинг Қуръон тўғрисида ихтилофга тушишининг олдини олиб қолганларини юқорида ўрганиб чиқдик. Бу иш қанчалик аҳамиятли эканини ҳам англадик. Энди ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодлари ила у зот томонларидан жорий қилинган, мусулмон умматига катта фойдалар келтирган баъзи ишларни эслаб ўтамиз.
Жумъа намозида биринчи азоннинг зиёда қилиниши
Имом Бухорий, Термизий, Насаий ва Абу Довудлар Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Жумъа кунининг аввалги нидоси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарнинг даврларида имом минбарга ўтирганида бўлар эди. Усмон (халифа) бўлганида одамлар кўпайиб кетиб, Завроънинг устида учинчи нидони зиёда қилди».
Бошқа бир ривоятда:
«Иш шундай собит қолди», дейилган.
Ушбу ҳадисдаги нидодан мақсад, азондир. Нидонинг учта, дейилиши эса азон ва иқома эътиборидандир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва икки халифа, яъни ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ҳамда ҳазрати Умар даврларида имом минбарга чиққанида азон айтилар, хутба ўқиб бўлиб, минбардан тушганида иқома айтилар ва намоз ўқилар эди.
Аммо ҳазрати Усмон халифа бўлган пайтларида Ислом диёри кенгайиб, мусулмонлар сони кўпайган эди. Имом минбарга чиққанидан кейин азон айтиб, хутба қилиб, ундан сўнг Жумъа намози ўқиладиган бўлса, узоқроқдаги кишилар азонни эшитгандан сўнг ҳаракат қилиб, масжидга келсалар, намозга кечикадиган бўлиб қолдилар.
Чунки у пайтларда соатлар йўқ эди. Кишилар намоз вақтининг кирганини азон айтилганидан билар эдилар.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида одамлар намозга кечикаётганлари мулоҳаза қилинганидан сўнг уларни олдинроқ хабардор қилиш учун Жумъа намозининг вақти кириши билан бир қўшимча азон айтиш жорий қилинди.
Бу азон Мадинаи Мунавваранинг бозори ичидаги «Завроъ» деб аталган жойда, бир уйнинг томида айтилар эди. Бозор қилиш ва бошқа ишлар билан машғул бўлиб юрган одамлар ўша биринчи азонни эшитиб, Жумъа намозининг вақти кирганидан хабардор бўлар, ишларини йиғиштириб, таҳорат қилиб, масжидга тўпланар эдилар.
Пешин намозининг ҳақиқий вақти бўлганида эса имом минбарга чиқар ва муаззин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳазрати Абу Бакр ва Умарлар давридаги каби азон айтар ва одатдагидек давом эттириб кетилар эди.
Бу иш ўз самарасини кўрсатди. Мусулмонлар Жумъа намозига кеч қолмайдиган бўлдилар. Бу амал ҳаммага маъқул келиб, Жумъа намозига икки марта азон айтиш ҳамма жойларда жорий қилиниб, собит бўлиб қолди.
Бу нарсага ҳозир ҳам ҳамма жойларда ва мазҳабларда амал қилинади. Бирорта одам «Нима учун бундай?» деб эътироз билдирмайди. Шундай бўлиши керак ҳам.
Қўриқхоналарни ташкил қилиш
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халқнинг камбағал тоифаси манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамият ихтиёрида бўладиган қўриқхоналарга кўплаб ер ажратишни йўлга қўйдилар. Шу тариқа ерларга бой-бадавлат кишилар эга чиқиб олишлари тартибга солинди.
Масжидларни хушбўй қилиш
Авваллари масжидларни хушбўй қилиш эҳтиёжи бўлмаганлиги учун бу нарса ҳеч кимнинг ёдига келмаган эди. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида одамларнинг кўпайганлиги, уларнинг табиатлари ҳам ўзгарганлиги эътиборга олиниб, масжидларни турли нохуш ҳидлардан асраш учун «халуқ» номли хушбўй модда сочиб туриш йўлга қўйилди. Бу эса ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қанчалик нозик дид эгаси эканликларини кўрсатади.
Муаззинларга маош белгилаш
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларигача муаззинларга маош белгиланмаган эди. Ўша пайтдаги ҳаётнинг соддалигидан, муаззинларга ажратилган ишнинг озлигидан бунга эҳтиёж ҳам йўқ эди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб, масжидлар катталашди, жамоатлар ниҳоятда кўпайди. Бинобарин, муаззинларнинг хизмати ҳам кўпайди. Энди муаззинлар ажралиб чиқиб, муаззинлик қилишлари лозим бўлиб қолди. Фақат муаззинлик билан машғул бўлган одам эса маош билан таъминланиши зарур эди. Шунинг учун ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кенг Ислом жамиятининг барча жойларида муаззинларга маош беришни жорий қилдилар.
Миршабликни жорий қилиш
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб, барча шароитлар ўзгарган эди. Ўзгарганда ҳам, салбий маънода ўзгарган эди. Ҳар бирлари «тирик Қуръон» бўлган улуғ саҳобийларнинг кўпчилиги шаҳид бўлган, вафот этган ва турли юртларга тарқаб кетган эдилар. Жамиятда турли-туман халқ, миллат ва элатларнинг турли одамлари ҳам кўпайган эди. Уларнинг ичида одоблилари ҳам, бошқачалари ҳам бор эди. Бунинг устига, мусулмон бўлмаганлар ҳам, Исломни ғаразгўйлик билан қабул қилганлар ҳам оз эмас эди. Бу ва шунга ўхшаш омиллар миршабликни жорий қилишни талаб қилар эди. Шунинг учун ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу миршабликни йўлга қўйдилар.
Масжидда бошлиққа алоҳида жой қилиш
Бу ишни ҳам шароит тақозо қилган эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бир нобакор шахс қўлида фожиали равишда қатл этилишлари ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу учун катта дарс бўлган эди. Шунинг учун у киши масжидда ўзларига ана шундай тўсатдан бўлиши мумкин бўлган ҳужум ва суиқасдларнинг олдини олиш учун алоҳида жой қилдилар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.