1447 йил 2 Рамазон | 2026 йил 20 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Раҳмни узишнинг уқубати бу дунёда тезлатилиши

15:53 / 05 январь 1576 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي بَكْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا مِنْ ذَنْبٍ أَجْدَرُ أَنْ يُعَجِّلَ اللهُ الْعُقُوبَةَ لِصَاحِبِهِ فِي الدُّنْيَا مَعَ مَا يَدَّخِرُ لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِنَ الْبَغْيِ وَقَطِيعَةِ الرَّحِمِ».

Абу Бакрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ охиратга олиб қўйиш билан бирга, соҳибига бу дунёнинг ўзида уқубатини тезда беришига сазовор гуноҳлар ичида бағий ва раҳмни кесиш кабиси йўқ», дедилар».

Шарҳ: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло асосий жазосини охиратга олиб қўйиб, гуноҳкорга уқубатини бу дунёда тезлаб берадиган гуноҳларнинг ичида энг сазовори бағий ва силаи раҳмни кесишдир. Бир гуноҳ қилинди. Унинг жазоси охиратга ҳам олиб қўйилиб, бу дунёда ҳам тезда уқубати берилади. Бундай жазога энг сазовор гуноҳ нима? Ушбу ҳадиси шарифда мазкур гуноҳлардан иккитаси ҳақида сўз юритилмоқда.

Шулардан бири – бағий.

«Бағий» сўзининг икки хил маъноси бор. Биринчиси – фисқу фасод, бузуқчилик. Иккинчи ва асосийси – мусулмонларнинг жамоасига қаршилик кўрсатиш, қуролли хуруж қилиш.

Мазкур гуноҳларнинг иккинчиси – қариндошлик алоқасини узиш.

Қариндошлар билан алоқани узиш шу қадар оғир гуноҳ эканки, мазкур гуноҳнинг азоби охиратга олиб қўйилган бўлиши билан бирга, Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам унинг уқубатини берар экан. Қариндошига яхшилик қилмаган, ёмонлик қилганлар шу дунёнинг ўзида бу гуноҳларининг уқубатини тортар экан. Бундай нарсалардан Аллоҳнинг Ўзи сақласин.

Банданинг қилган гуноҳи фақат охирати учун эмас, балки аввало бу дунёси учун ҳам зарарлидир. Ана ўша зарарлар бу дунёдаги уқубат ҳисобланади. Гоҳида бу дунёда бериладиган азоб гуноҳкорнинг ўзига бўлиши билан чегараланиб қолмайди. Балки у яшаб турган жамият аъзоларига ҳам тарқалиши мумкин.

«Қайси бир жамиятда зино тарқалса, – дейдилар Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам, – ўша жамиятни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ота-боболари эшитмаган ва кўрмаган касалликларга мубтало қилади».

Жамиятда зино тарқалиб кетгани сабабли ота-бобоси кўрмаган касалликлар ҳам тарқалиши мумкин экан. Ҳеч ким эшитмаган, номини билмаган, қанақа бўлишини тушунмаган касалликлар тарқалади.

Қариндошлик алоқасини узиш ҳам ана шундай, азоби охиратга олиб қўйилиши билан бирга, бу дунёда ҳам уқубати бериладиган гуноҳлар сирасига киради. Қариндоши билан алоқани узган гуноҳкор бу дунёнинг ўзида жазосини тортади. Охиратда эса Аллоҳнинг раҳматидан бенасиб бўлган бу кимсанинг ҳоли нима бўлиши ўз-ўзидан маълум.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таоло асосий азобини охиратга олиб қўйиш билан бирга, соҳибига бу дунёнинг ўзида ҳам уқубатини тезда берадиган гуноҳлар борлиги.

2. Бағий – Аллоҳ жазосини охиратга олиб қўйиши билан бирга, соҳибига бу дунёнинг ўзида уқубатини тезда берадиган гуноҳлардан экани.

3. Қариндошлик алоқаларини узиш Аллоҳ таоло жазосини охиратга олиб қўйиши билан бирга, соҳибига бу дунёнинг ўзида ҳам уқубатини тезда берадиган гуноҳлардан экани.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 2-жуз.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида чоп тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом таълимотлари барча соҳада мукаммал ва гўзал тарзда тақдим этилгандир. Бу нарса кексаларни эъзозлаш бобида ҳам яққол давоми...

2348 18:36 / 26.03.2020
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсон зотини Ўзи яратган нарсаларининг энг азизи, мукаррами ва гултожи қилгандир. У Зот ушбу ҳақиқатни Ўзининг охирги ва қиёматгача давоми...

3974 17:00 / 23.07.2022
63. Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, ораларида қариндошлик алоқасини узган кимса бор қавмга раҳмат тушмайди,, давоми...

2917 14:30 / 15.03.2019
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Олдимга икки етим қизини олиб, бир аёл кириб келди. .Бир нарса беринг,, деб давоми...

2450 17:04 / 21.01.2020
Аудиолар

232117 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150586 14:35 / 11.08.2021