1447 йил 2 Рамазон | 2026 йил 20 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Бу нарса раҳматдир!

14:43 / 06 январь 2256 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий алайҳиссаломнинг қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳо ўғилчаси жон бераётганини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақиртирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Олгани ҳам, бергани ҳам Аллоҳники. У Зотнинг ҳузурида барча нарсанинг ўлчаб қўйилган муҳлати бор. Сабр эт, Аллоҳдан савоб умид қил!» деб одам юбордилар.

Қизлари Зайнаб Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яна чақиртириб одам юборди. У зот бир қанча саҳобалар билан Зайнабнинг олдига бордилар. Улар орасида Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум бор эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга болани келтиришди. У охирги нафасларини олаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар, кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ажабланиб: «Бу нимаси, эй Аллоҳнинг Расули?!», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бу бандаларининг қалбига Аллоҳ солиб қўйган раҳмат. Аллоҳ бандалари ичидан раҳмлиларигагина раҳм қилади», дедилар.

Ота Аллоҳдан кейинги таянчдир. Қизлар турмушга чиқиб, фарзандли бўлишса-да, оталаридан беҳожат бўла олишмайди. Отанинг ҳеч кимда бўлмаган ҳиди бўлади. Қизларингиз турмушга чиқишса, тез-тез йўқлаб туринг. Уйларига бориб, уларни зиёрат қилинг. Уларнинг хурсандчилик лаҳзаларида шерик бўлинг. Маҳзун кунларини ўтказиб юборманг. Уйда отасининг овозидан омонлик ва хотиржамлик ҳис қилган кичкина қизалоқ бу омонликка турмушга чиққанидан кейин ҳам муҳтож бўлади.

Азиз оталар! Ёдингиздан чиқмасин, кизимизни турмушга узатамиз, лекин улардан воз кечмаймиз!

Кишининг яқинларини йўқотганида йиғлаши Аллоҳнинг қадаридан норозилик эмас. Аксинча, мусулмон одам раҳмдил, қалби юмшоқ, гўзал ҳис-туйғули бўлади. Ўзининг яқинини йўқотганида йиғлаши, табиий. Мана, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсонлар саййиди ва қадарга розиларнинг энг олди бўлсалар-да, набираларининг жон бераётганини кўриб йиғлаяптилар. Йиғлашга заифлик деб қарамаслик керак. Йиғлаш мусибат пайтида нафсга роҳат беради. Йиғлашни яшириш эса нафсни бўғади, руҳни эзади. Бу ўрин мағрурликнинг жойи эмас!

Имриъул Қайс айтади: «Тўкилган кўз ёшлари менинг шифойимдир. Ўчадиган расмга ишонч бўладими?!»

Буюк муҳаддис ва фақиҳ Абу Бакр ибн Аёш ажойиб ҳикояни айтади: «Ёшлигимда бир мусибат етди. Мен сабр қилиб юравердим, йиғламадим. Бу мени қийнаб аламимни ошираверди. Бир куни бир аъробийни кўриб қолдим. У атрофида одамларни жамлаб шеър ўқир эди (насрий баёни): ичида ўлим «Икки дўстим Ҳузво халқи кўплигидан эгилиб қолди ва турли жойларда йиғлаб юрди. Эҳтимол, кўз ёшидан сўнг соғинч туфайли ёки булбуллар муножотидан роҳат эргашиб келар».

Мен унинг кимлигини сўрадим. Улар шоирнинг Зур-Румма эканини айтишди. Шундан сўнг менга мусибат етса, йиғлаб роҳатланадиган бўлдим. Ўзимга-ўзим, Субҳаналлоҳ! Бу аъробий нақадар олим, унинг басирати нақадар ўткир, дедим».

Розилик ва таслимият ила тўла қалб билан кўзнинг йиғлаши бошқа-бошқа нарса, дод солиб, уввос солиб, кийимларни йиртиб, сочларни юлиб йиғлаш эса, мутлақо бошқа нарса. Бу Аллоҳнинг қадаридан ғазабга минишдир!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жазоирдаги Франция ихтилолига қарши қўзғолон раҳбари, олим шайх Ҳаддод, маҳкамага тортилган пайтда, курсига ўтиришни рад этди. Балки ерга ўтирди. Бунда давоми...

3315 10:00 / 20.04.2021
Дунё Аллоҳ наздида чивин қанотича қадрга эга эмас Бани Исроилда икки киши бор эди. Уларнинг бири кофир бўлиб унинг исми Буротус эди. Иккинчиси эса мусулмон бўлиб давоми...

3016 17:00 / 26.07.2022
Шаръий илм дегани mdash бу Ислом шариатига тааллуқли бўлган ибодатлар ва муомалатлар фиқҳи, Қуръони Карим тафсири илми, Ислом ақидаси илми, Набавий ҳадиси шариф давоми...

2651 18:30 / 22.03.2022
. . Муҳаммад ибн Мункадир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Жобир ибн Абдуллоҳнинг Ибн Соидни Дажжол деб ўйлаб, бунга Аллоҳ номи билан давоми...

2569 14:03 / 17.06.2024