1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

ИЛМ ВА УЛАМОЛАР ҲАҚИДА

05:00 / 13.03.2017 10164 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб мушриклари гаплари ва кучларини бир қилиб, Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Барча далолатлар, барча ўлчовлар мусулмонларнинг мағлубиятидан дарак берар эди. Лекин Аллоҳнинг тадбири ила оз сонли, кучсиз мусулмонлар ғолиб, кўп сонли, кучли мушриклар мағлуб бўлдилар. Арабистон ярим оролида ширк байроғи йиқилиб, Ислом байроғи ҳилпиради.

Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар», деган.
Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, улардан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузулиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларни тўлиқ ўрганиб ҳам уларни яратган зот Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидир», деган эканлар.
Имом Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳу: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб: «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эканлар.
Яна У зот: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладиларми?» деган.
Албатта, тенг бўлмайдилар. Биладиганлар иймон келтириб, ибодат қиладилар. Билмайдиганлар куфр келтириб, исён этадилар.
У зот яна: «Бу мисолларни одамларга келтирамиз, уларга фақат олимларнигина ақли етар», деган.
Шарҳ: Мана шу уч оятда илм ва уламолар фазли ҳақида сўз кетмоқда.
Биринчи оятда Аллоҳдан қўрқиб, Уни улуғлаш фақат илмли кишилар томонидангина содир бўлиши таъкидланмоқда. Демак, илмсиз киши Аллоҳдан қўрқмайди ҳам, уни улуғламайди ҳам. Тажриба ушбу Қуръоний ҳақиқатни тасдиқлади. Турли илмлар бўйича мутахассис олимлар Аллоҳни танишларини эълон қилиб, иймон-эътиқодсиз яшаш мумкин эмас, деган фикрга келганларини айтдилар ва айтмоқдалар.
Иккинчи оятда биладиганлар билан билмайдиганлар, яъни илмлилар билан илмсизлар тенг бўла олмасликлари ҳақида сўз кетмоқда. Илмли доимо устун туриши ва фазилатли ҳисобланиши, илмсизда эса бу нарсалар бўлмаслигига ишора қилинмоқда.
Учинчи оятда эса, келтириладиган масалаларни англаб улардан ўрнак олиш учун ҳам илм зарурлиги таъкидланмоқда. Бу ҳам илмни ва олимни улуғлашдир.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар». Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввал у киши билан танишиб олайлик:
Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб Қурайший ал-Умавий, оналари Ҳинд бинти Утба ибн Робийъа, кунялари Абу Абдурраҳмон, Қурайш қабиласидан, Умавийлар давлатининг асосчиси.
Ҳижратнинг саккизинчи санасида Фатҳ кунида Исломга кирганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳунайн ғазотида иштирок этганлар. Исломда улуғ фотиҳлардан, бу киши қилган фатҳлар Атлантика океанигача етиб борган.
У зот Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Ислом аскарларига қўмондон бўлганлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврларида тўрт йил, Усмон розияллоҳу анҳу халифлик даврларида 12 йил, Али розияллоҳу анҳу халифалик даврларида тўрт йил чамаси Шомга волий бўлдилар. Шу вақтда у киши билан Али розияллоҳу анҳу ўрталарида келишмовчилик чиқади. Муовия Шомда ўзларини халифа деб эълон қиладилар. Бу ишнинг охири Али розияллоҳу анҳунинг ўлимлари билан тугайди. Оталари вафотидан кейин халқ Ҳасан розияллоҳу анҳуга байъат қиладилар. Аммо, Ҳасан розияллоҳу анҳу бу фитналар барҳам топишлиги учун ҳижратнинг 41-санасида халифаликни Муовияга топширадилар.
Муовия розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб, 163та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Дардо, Жарир ибн Абдуллоҳ, Нўъмон ибн Башир, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Саид ал-Худрий, Соиб ибн Язид, Абу Умома ибн Саҳл, тобеинлардан Саид ибн Мусаййиб, Холид ибн Абдурраҳмон, Ибн Сийрийн ва бошқа бир нечта кишилаар ривоят қилишади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳ, Муовияни ҳидоят қилувчи, ҳидоят топган ва у сабабли кишиларни ҳидоят қил», деб дуо қилганлар.
Умар ибн Хаттоб Муовияни араблар Кисроси деб атадилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос: «Муовия динда фақиҳлардан эди», дедилар.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 60-санасида Шомда вафот этдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дин илмидан бахраманд бўлган кишиларнинг фазлини баён қилганлари учун муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳадисни келтирмоқда.
«Фиқҳ» сўзи луғатда бир нарсани дақиқ жойларигача тушунишни англатади. Шарият ҳукмини дақиқ жойларигача тушуниш ҳам «фиқҳ» дейилиши шундан. Ана шундай малакага эга бўлган одамни «фақиҳ» дейилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», демоқдалар.
Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларининг давомида:
«Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради», демоқдалар.
Яъни, мен Аллоҳ берган илмни етказаман холос, ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифнинг давомида сиз билан биз умматларига улкан башорат қилмоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматининг келажаги ҳақида сўз юритиб:
«Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар.
Бу гап дарҳақиқат улкан башоратдир. Мусулмон уммати қиёмат қоим бўлгунча Аллоҳнинг амрини тутиб туриши ҳақидаги таъкидли хабардир. Эҳтимол ҳамма мусулмонлар Аллоҳнинг амрини бирдек тутмаслар. Баъзилари, ҳатто баъзан кўплари Аллоҳнинг амрини тутмаслар. Аммо, Ислом уммати ичида Аллоҳнинг амрини доимо тутувчилар қиёматгача бўлиши аниқ. Шу билан бирга Ислом умматига хилоф қилувчилар бўлиши ҳам аниқ. Энг муҳими, хилоф қилувчилар Ислом умматига зарар етказа олмаслиги аниқ.
Бу башорат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари экани ҳам очиқ-ойдин. Агар у зотдан бошқа одам бўлганида бу гапни Ислом уммати заиф бўлиб турган пайтда айта олмас эди. Бир минг тўрт юз йилдан ортиқ муддатли тажриба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу башоратларини тасдиқлаб келмоқда.
Араб мушриклари гаплари ва кучларини бир қилиб, Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Барча далолатлар, барча ўлчовлар мусулмонларнинг мағлубиятидан дарак берар эди. Лекин Аллоҳнинг тадбири ила оз сонли, кучсиз мусулмонлар ғолиб, кўп сонли, кучли мушриклар мағлуб бўлдилар. Арабистон ярим оролида ширк байроғи йиқилиб, Ислом байроғи ҳилпиради.
Ўша вақтда дунёни сўраб турган Рум ва Форс салтанатлари ёш Ислом давлатини ер юзидан супуриб ташлашнинг пайига тушдилар. Оқибати нима билан тугагани ҳаммага маълум. Мазкур икки кучли салтанат қулаб, улар эгаллаб турган ерлардаги мазлум инсонлар Ислом адолатидан баҳраманд бўлдилар.
Ундан кейин ҳам турли кучлар, тузумлар Исломга ва мусумонларга зарар етказишга уриниб кўрдилар. Бу урушларнинг кўпида инсон ўлчови бўйича Ислом душманлари мақсадларига эришишлари аниқ эди. Кучлар тенг эмас, шароитлар бошқача эди.
Ҳар сафар энди Исломга қарши ҳал қилувчи зарба берилди, деб гумон қилинар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратларидан бехабар мусулмонлар ҳам ноумид бўлар эдилар. Лекин, ҳар сафар душманларнинг Ислом умматига қарши зарар етказиш учун қилган ҳаракатлари чипакка чиқаверди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари тасдиқ бўлаверди.
Мўғил босқинчилари мусулмон олами бошига бало-офатдек ёғилиб келдилар. Улар Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва бошқа Ислом марказларида тарихчилар таърифи ила айтилганда кишиларни устара билан соч қиргандек қирдилар.
Ўша пайтда «осмон ерга узилиб тушди, деса ишонгину мусулмон мўғилдан устун келибди, деса ишонма», деган гап тарқалган эди.
Тарихчилар ривоят қилишларича мўғиллар номининг ўзиёқ кишиларни даҳшатга солиб, қўл-оёқларидан мадорини олиб қўядиган даражага етганди. Бир мўғил мусулмонни кўчда учратиб қолиб: «Эй мусулмон, тўхтаб тур, ҳозир қиличимни олиб келиб сени ўлдираман», деб қиличини олиб келиб, мусулмонни чопгунича у сеҳрлангандек турверган ҳоллари ҳам бўлган.
Баъзи вақтларда бир мўғил аёл бир тўп мусулмон эркакни ўлдириб бўлгунча ҳаммалари лол бўлиб қараб тураверганлар.
Кўпчилик мусулмонлар мўғилларни қиёматдан олдин пайдо бўладиган яъжуж-маъжужларга ўхшатиб, қиёмат қоим бўлиши яқин, деб ўйлаганлар ҳам.
Аммо Қуръон ва Суннатдан бохабар Изиддин ибн Абуссалом каби уламолар, Саййид Қутуз каби аскарбошилар мусулмонлар оммасини тавба қилишга, Қуръон ва Суннатга амал қилишга, душманга қарши курашга чорлаганлар. Мусулмонлар Айни Жолут номли жойда мўғилларга биринчи қақшатғич зарба берганларидан сўнг, ўзларига келиб Ислом юртларини босқинчилардан озод қилганлар. Кўпчилик мўғилларнинг ўзлари эса Исломга кириб, яхши мусулмон бўлганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари яна бир бор тасдиғини топган.
Масиҳий олами Папа бошчилигида бирлашиб Исломга, мусулмонларга қарши салб-хоч юришлари уюштирди.
Саккиз юз йилга яқин мусулмон юрти бўлган Андалус диёрида бир нафар ҳам мусулмонни қўймай қиришди. Номи мусулмон бўлса, қиличдан ўтказилди. Юртини ташлаб Шимолий Африқо томон қочаётган Андалус мусулмонлари қони ила Ўрта Ер денгизи сувининг ранги бошқача тусга кирди.
Андалусдаги ғалабаларидан ғурурланган салбчилар Ислом ва мусулмонларни ер юзидан бутунлай супуриб ташлаш мақсадида Ислом оламига юриш бошладилар. Яқин Шарқни, Фаластин ва Шомни тамоман босиб олдилар. У ерларда инсон боласи қилмаган вахшийликларни қилдилар. Шунда ҳамма «энди иш битди, Ислом ер юзида қолмайди», деб ўйлади.
Лекин Нуриддин Зангий, Салоҳиддин Аюбий каби асл мусулмонлар хатоларни тузатиб, Қуръон ва Суннат асосида мусулмонларни қайтадан жиҳод руҳида тарбия қилдилар.
Сўнгра, уларни Ислом ерларини салбчилардан озод қилиш учун жиҳодга чорладилар. Узоқ давом этган босқинчиликлардан сўнг салбчиларни қувиб чиқариб, Ислом ватанини озод қилдилар. Уларнинг мардлиги, жасорати ва одамгарчилигини кўриб, баъзи салбчилар мусулмон бўлдилар.
Лекин салбчилик руҳи давом этаверди. Мусулмонлар таъсирида Ўрта аср илмий уйғонишига эришган Оврупо давлатлари дунёни бўлиб олиш ҳаракатини Қуръон ва Суннатдаан узоқлашиб, ғафлат уйқусида ётган Ислом юртларини ҳам босиб олдилар.
Ислом ўлкалари у ёки бу Ғарб давлатининг асорати остида мустамлака бўлиб қолди. Бу сафар услуб бошқача эди. Мустамлакачилар энди очиқдан-очиқ Исломни йўқ қилиб, мусулмонларни қириб ташлаш даъвосини қилмас эдилар. Улар бу йўл билан мусулмонларни енгиб бўлмаслигига ишонч ҳосил қилган эдилар. Шунинг учун «биз сизнинг динингизга тегмаймиз, балки сизга янгича маданиятли ҳаёт қуришда ёрдам бергани келдик», дейишди. Турли алдовларни ишлатишди. Ҳатто Фаранг императори Наполеон Мисрга бостириб киришдан аввал ўзини мусулмон, деб эълон қилди. У ўзи билан Қуръони Каримни чоп қилиш учун босмахона олиб келганини, юртда Ислом шариатини жорий этишини ҳам эълон қилди.
Шу билан бирга мустамлакачилаар турли ниқоблар остида Исломга қарши қўлларидан нима келса шуни қилдилар.
Шарқшунослар ўзларига тобеъ бўлган хоинлар орқали турли фитначи фикрлар тарқатиб, Ислом таълимотларидан мусулмонларни узоқлаштирдилар. Уларга ўз фикр ва услубларини сингдирдилар. Аста-секин мусулмонларни ароқ ичишга, қиморга, фохишабозликка, рибохўрлик ва бошқа разилатларга ўргатдилар. Аёллар асосий куч эканликларини англаб етганлари учун муслима аёлларни бузиш учун алоҳида куч сарфладилар. Турли илмларни ўргатиш баҳонаси билан ёшларни ўз юртларига олиб бориб, Исломдан узоқ руҳда, ўзларига содиқлик руҳида тарбия қилдилар. Энди улар мусулмонларни Исломдан чиқариб ўз динларига киритишни эмас, балки нима қилиб бўлса ҳам мусулмонларни Исломдан узоқлаштиришни асосий мақсад қилиб олган эдилар. Улар Исломни ҳам ўз динларига ўхшатиб ибодатхонага қамаб қўйиш, фақат руҳий маънода керак бўлгандагина ишлатиш йўлини ўйлар эдилар. Улар режаларини қисман амалга оширдилар ҳам. Мусулмонлар ичида овруполашган тоифа пайдо бўлди. Кўп нарсалар мустамлакачилар хоҳишига биноан юритиладиган бўлди.
Лекин жуда қийинчилик билан бўлса ҳам мусулмонларни яна ҳақиқий Исломга чақирувчи кишилар топилди.
Амир Абдул Қодир Жазоирий, Шаҳидлар шайхи Умар Мухтор, Шайх Аҳмад Ирфон каби уламо ва суфийлар мусулмонларнинг кўзини очдилар. Мустамлакачиларга қарши жиҳод бошланди. Мужоҳидлар миллионлаб шаҳид бериб бўлса ҳам, ўз юртларини озод қила бошладилар.
Шу ерга келганда кўпчилик эътибор бермаган нарса содир бўлди. Ўз юртини мустамлакачилардан озод қилишга уринган мухлис мусулмонлар, уларни ҳайдаб чиқаргандан кейин юртда ҳукмни ўз қўлларига олишни ўйламаган, тўғрироғи бунга тайёрланмаган эдилар. Мустамлакачилар буни яхши билар эдилар. Шунинг учун мусулмонларнинг бу камчилигидан ўта усталик билан фойдаланишди. Озодлик ва мустақиллик курашчилари ичига ўзи тайёрлаган ерлик хоинларни қўшиб қўйди. Булар эса «устоз»лари гапи асосида ўзларини мустақиллик фидокори қилиб кўрсатиб, ҳукмни қўлга олиш учун ҳаракат қилдилар ва бунга эришдилар ҳам. Шундоқ қилиб, араб ва мусулмон давлатларида ўз тилидан кўра инглиз ёки франсуз тилини яхши билдиган, ўз урф-одатидан кўра ғарб урф-одатини яхши ўзлаштирган, Исломдан узоқ, номигагина Исломни эслаб қўядиган одамлар ҳукмини қўлга олдилар. Лекин, шунга қарамасдан ҳам, яна бир бор Ислом умматига зарар етказмоқчи бўлганлар мақсадларига ета олмаслиги исбот бўлди.
Исломнинг янги душмани коммунистлар бўлди. Булар ҳамма душманлардан кўра ашаддийроқ, маккарроқ ва шафқатсизроқ эдилар. Улар аввал мусулмонларга мурожаат қилиб, барча талабларини қонидиришга ваъда бердилар. Ҳукм курсисига яхшилаб ўтириб олишганидан сўнг эса, мусулмонларни қиришга ўтдилар. Масжид-мадрасаларни вайрон, китобларни йўқ қилишдилар. Ҳатто Ислом китоблари ёзиладиган алифбони ҳам ўзларига душман, деб билишди. Тарихда мисли кўрилмаган қонхўрлик, жаллодлик ва хоинликни амалга оширдилар.
Коммунистлар ўз тузумларини бутун дунёга тарқатишни мақсадида ҳаракат қилдилар. Уларнинг бу ҳаракати баъзи юртларда худосизлик империяси тадбири ила ерли коммунистлар ҳукмга келдилар.
Натижада, бу юртларда ўн минглаб мусулмон уламолар қўйдай бўғизландилар. Қуръони Карим ва диний китоблар гулханга ёқилди.
Коммунистлар Исломни ер юзидан супуриб ташлашларига оз қолгани тўғрисида гапира бошладилар. Лекин улар айнан Ислом ўзларининг империялари гўркови эканини билмас эдилар.
Бундоқ шарафни Аллоҳ таоло Афғонистон муслмонларига берди. Худосизлик империяси уларнинг юртига ҳам чанг солди. Мусулмон Афғонистон жиҳодга отланди. Шунда баъзи бирлар уларга «сизлар нима қиляпсизлар, Советга қарши чиқиб бўладими? Ахир, у дунёдаги энг катта давлат-а!»-дедилар. Лекин Афғонистон мусулмонлари «Аллоҳу акбар!»-Аллоҳ каттароқдир!»-дедилар. «Аллоҳ биз билан, биз Аллоҳ йўлида жиҳод қиламиз, Аллоҳ бизни ноумид қўймайди», дедилар. Ва Аллоҳ уларга нусрат берди. Аллоҳ Исломнинг бошқа душманларини ҳам афғонистонлик мужоҳидларга хизматкор қилиб қўйди. Худосизлик империяси қулади. Яна бир бор Ислом умматига хилоф қилганлар уларга зарар еткза олмаслиги исбот бўлди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисда марҳамат қилган башоратлари мўжизаси намоён бўлди.
Ҳозирги кунимизда Исломга ва мусулмонларга душманлик қилаётганларнинг янги синфи мавжуд. Улар турли услуб ва тадбирлар билан Исломга қарши курашмоқдлар. Лекин, уларнинг барчаси бир кун келиб мағлуб бўлиши турган гап. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари ҳақ:
«Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди»
Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз:

1. Исломни яхши англаб, фақиҳ бўлишга тарғиб.
2. Исломда фақиҳ бўлишлик-Аллоҳнинг яхшилиги экани.
3. Ислом уммати қиёматгача Аллоҳнинг амрида қоим бўлиши.
4. Ислом умматига биров зарар етказа олмаслиги.

Ҳозирги ҳаётимизда бу ҳадиси шариф ҳикматига қанчалар муҳтожмиз.
Нима учун ичимизда динимиз ҳукмларини дақиқ тушунувчи кишиларимиз йўқ даражада?
Нима учун орамизда Аллоҳ унга яхшиликни ирода қилган одамлар йўқ даражада?
Ёки биз учун Аллоҳ яхшилик ирода қилишининг кераги йўқми?
Ислом аҳкомларининг дақиқ ва аниқ тушунишнинг зарурати йўқми?
Бу-чидаб бўлмайдиган даражадаги ачинарли ҳолдир. Агар биз ўзимизни мусулмон ҳисобласак, Аллоҳдан, қиёмат кунидан умидвор бўлсак, Исломни яхши тушунишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло яхшиликка ирода қилган кишилардан бўлишга уринмоғимиз лозим. Бунинг учун ушбу ҳадисга амал қилмоғимиз лозим.
Бугунги кунимизда мусулмонларнинг тушкун ҳолини кўриб, ҳафсаласи пир бўлаётганлар кўп. Лекин, ушбу ҳадис бошқа оят ва ҳадислар билан бир қаторда келажак-Ислом ва мусулмонларники эканига далолат қилмоқда. Тарих тажрибаси ҳам бунга шоҳид. Аллоҳ таоло ўз дини Исломни қиёмат кунигача муҳофаза қилишга ваъда берган. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ-ку! Бари бир бу ваъда юзага чиқиши ҳам-ҳақ! Ислом душманлари қанчалик кучли бўлмасинлар, мағлуб бўлишлари ҳам-ҳақ! Ислом сиз билан бизга муҳтож эмас, биз Исломга муҳтожмиз. Ислом бизсиз ҳам барибир юзага чиқадию. Лекин биз хизмат қилиб қолсак ўзимиз учун фойда топамиз. Хизмат қилмасак ажри савобдан бебаҳра қоламиз. Аллоҳ кўрсатмасин, бирортамиз Исломга душманлик қилсак, икки дунёмиз куяди. Демак, бугунги кунда Исломни заифҳол бўлиб кўриниши бандалар учун синов, холос. Бу ҳолни кўриб иймони заиф ва мунофиқлар ўзларини фош қилиб қўядилар. Иймони пухта, ҳақиқий мусулмонлар эса яна ҳам собитқадам бўладилар. Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўшандоқ собитқадам мусулмонлардан қилсин!

Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўлтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири халқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин: «Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми? Улардан бири, Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди. Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довудгина ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилмоқда. Аввал у киши билан танишиб олайлик:
Абу Воқид ал-Лайсий куняси билан машҳур бу саҳобанинг асл исмлари Авф ибн ал-Ҳорисдир.
Бу соҳаба Бадр, Макка фатҳи, Ярмук кунларида иштирок этганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилганлар. Бу кишидан Ибн Мусаййиб, Урва ибн Зубайр, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ, Ато ибн Ясорлар ривоят қилишган.
Бу зот ҳижратнинг 68-санасида Маккада 85 ёшларида вафот этадилар. Жасадлари муҳожирлар қабристони бўлган, «Фаҳҳа» қабристонига дафн этилган.
Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳадисда илм ҳақида сўз кетаётгани учун уни ушбу бобда келтирган.
Ҳадиснинг ровийси мусулмонлар ҳаётида бўлиб ўтган бир ҳадисини ўзи қандоқ кўриб, эшитган бўлса шундай қилиб нақл қилмоқда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўлтирган эдилар». 
Бу ерда, илмий суҳбат қуриб, деган қўшимчани зикр қилишнинг ҳожати йўқ. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўлтирган бўлсалар, албатта илмий суҳбат бўлиши турган гап.
«Бирдан уч киши кириб келди».
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан илмий суҳбат қуриб ўлтирган масжидга уч киши кириб келди.
«Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди». 
Ўша уч кишидан иккитасининг илмга рағбати бор экан, илмий суҳбатдан фойдаланмоқчи бўлиб, илм манбаъси бўлмиш зот-Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам тамон юрди. Учинчи шахснинг илмга рағбати йўқ экан, илмий суҳбат бўлаётганини кўриб, ортга қайтди.
«Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири халқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди». 
Яъни, ҳалиги уч кишидан илмга қизиққан иккитаси бориб, Расулуллоҳнинг тепаларига тўхтади. Илмий суҳбатга қулоқ осишга жой ахтаради.
Улардан бири илмий суҳбат учун халқа қуриб ўтирган саҳобалар орасидан бўш жойни топиб ўтирди.
Иккинчиси унчалик илмга ўч эмас экан халқадагиларнинг орқасига келиб жойлашди.
Учинчи шахс, илмга умуман қизиқмайдиган одам эса, бурилиб масжиддан чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса илмий суҳбатни давом эттирвердилар.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин».
Яъни, илмий суҳбатни тугатиб бўлганларидан сўнг:
«Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми?-дедилар. 
Яъни, илмий суҳбат бўлиб турганда масжидга кириб, ўзларини уч хил тутган кишиларнинг хабарини берайми?-дедилар. Ва улар ҳақида хабар беришни бошладилар.
«Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди». 
Бу халқадан бўш жойни топиб ўтирган одм. Одатда зулмга, тазйиққа учраган, хавф-харатда қолган одам бошпана сўрайди. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм халқасига келиб ўтирган одамнинг Аллоҳдан бошпана сўрайди, деб айтишлари улкан маъно касб этади. Илм халқасига ўлтирган одам жаҳолат, онгсизлик зулмидан, тазйиқидан ва улардан келадиган хавф-хатардан Аллоҳнинг паноҳига қочганини англатади. Бундай бало-офотдан қутилиб қолишнинг бирдан-бир йўли илм йўли эканини, илм орқалигина Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиш мумкинлигини билдиради. Илм талаб қилишга бунчалик тарғиб ҳеч қаерда йўқ.
«Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди».
Бу халқанинг орқасига бориб ўтирган одам. У ўзини одамлар орасига уришдан ҳаё қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам уни савобсиз қолдиришдан ҳаё қилди. Унга қилганига яраша муомала қилди.
«Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди». 
Бу илмий мажлисдан юз ўгириб чиқиб кетган одам. Ҳадисда унинг илмдан юз ўгириши Аллоҳдан юз ўгиришга тенглаштирилмоқда. Шунинг учун ҳам ундан Аллоҳ юз ўгиргани баён қилинмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинётган фойдалар:

1. Масжидларда илмий мажлислар уюштириш.
2. Илмий мажлисларда халқа бўлиб ўтириш.
3. Илмий мажлис бўлаётган жойга кирганда дарҳол унга қўшилиш.
4. Иложи борича халқага кириб ўтириш.
5. Халқадан жой топилмаса, орқароққа бўлса ҳам ўтириш.
6. Илмий мажлисни ташлааб чиқиб кетмаслик.
7. Илмий мажлисда ихлос билан иштирок этган одам Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиши.
8. Илмдан қочишдан ҳаё қилган одамни иқоб қилишга Аллоҳ таолонинг ҳам ҳаё қилиши.
9. Илмдан юз ўгирган одамдан Аллоҳ ҳам юз ўгириши.

Энди ушбу ҳадиси шариф ҳикматидан ҳаётимизда қанчалик фойда олаётганимизга бир назар ташлайлик.
Ҳозирги ҳаётимизда илм халқалари кўпми, қимор, рақс, қўшиқ, томоша, телевизор ва шунга ўхшаш турли беҳуда «халқа»лар кўпми?
Масжидлар, мадрасалар, турли илм даргоҳлари кўпми ёки турли-туман айшу-ишрат, кўнгилхуши даргоҳлар кўпми?
Илму маърифат қадрлими, молу-дунё, мансаб ва шунга ўхшаш ўткинчи нарсалар қадрлими?
Ҳозирги ҳаётимизда илм халқасига ўзини урган қадрлими ёки сўму-доллорлар «халқа»сига ўзини урган қадрлими?
Ҳозирги ҳаётимизда илмдан юз ўгирган одамни Аллоҳдан юз ўгирган одамдек қоралай оламизми?
Бу ва бунга ўхшаш саволларга ушбу ҳадиси шариф руҳида ижобий жавоб беришимиз жуда мушкул.
Агар Аллоҳ таоло ҳузуридан бошпана топмоқчи бўлсак, илм халқаларини кўпайтиришимиз, ҳаммамиз ўзимизни уларга уришимиз керак. Чунки илмсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.
Ана шундагина, турли бало-офотлардан қутилишимиз учун Аллоҳ таоло бизга бошпана беради.
Ана шундагина, Аллоҳ бизни ноумид қўйишдан ҳаё қилади, биздан юз ўгирмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади. Кимнинг амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди», дедилар. Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан танишмиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида бошқа яхши амаллар қатори, талаби илмнинг фазлини ҳам баён қилганлари учун муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи илм китобида келтирмоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қилиши лозим бўлган яхши амаллардан бир нечтасини ва уни бажарган мўмин-мусулмон бандага бериладиган мукофотларни зикр қилмоқда. Шу орқали сиз билан биз умматларини ўша яхши амалларни қилишга тарғиб этмоқдалар. Келинг, ўша амаллар ва уларнинг натижаларини бирма-бир кўриб чиқайлик:

1.«Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни ундан машаққатларидан бирини аритади». 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу муборак гапларида ҳар бир мўмин учун бошқа бир мўминнинг бошига тушган оғирликни аритишга ёрдам бериш учун катта тарғибот бор.
Бу дунёда одамларнинг бошига тез-тез турли ғам - ғусса, қийинчилик ва машаққатлар тушиб туради. Бошига машаққат тушган одам, дарҳол ўз яқинларинидан ёрдам кутади. Чунки, бир ўзи машаққатга қарши туриши осон эмас.
Ислом дини мусулмон жамиятидаги кишиларни доимо ўзаро ёрдам асосида яшашга чақиради. Айниқса, қийинчиликда қолган шахсларга алоҳида эътибор беришни тайинлайди. Лекин ҳозирги пайтда кўпчилик бошига машаққат тушган кишидан ўзини олиб қочади, унинг машаққатига шерик бўлишни хоҳламайди. Аксинча, яхшилик ичида юрган одам атрофида ўралашади. Унинг яхшилигидан фойда олишни умид қилади. Бу эса, беш кунлик дунёнинг матоҳига учган кишиларнинг ишидир.
Ҳақиқий мўмин киши, охиратни ўйлаган киши ушбу ҳадисга амал қилади. Бошига иш тушган биродарининг машаққатини аритишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга, қиёмат куни ўз бошига тушадиган бир машаққатни аритган бўлади. Демак, у биров учун эмас, ўзи учун амал қилибди. Шунинг учун у бошига машаққат тушган биродарига миннат қилмай, раҳмат айтиши, «Эй биродар, Аллоҳ сенга сабр берсин, сенинг сабабингдан мен охират машаққатларининг биридан холос бўлдим», дейиши керак.

2.«Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади». 
Бу дунёда қийинчилик билан кун кўрадиган кишилар доимо учраб туради. Чунки дунё ўзи шундоқ тузилган.
Шунингдек, мусулмонлар жамиятида ҳам қийинчилик билан кун кечирадиган, камбағал, бечора кишилар учраб туради. Шундай кишиларга нисбатан бошқа мўмин-мусумонлар қандоқ муносабатда бўлишлари зарурлигини ушбу ҳадисдан билиб оламиз.
Демак, бошқа мусулмонларнинг ҳар бири қийин ҳаёт кечираётган биродарининг мушкулини енгиллаштириш учун ҳаракат қилмоғи лозим. Кийим-кечак топишда қийналаётган бўлса, кийим-кечак олиб бериши лозим. Озиқ-овқат топиш машаққат бўлса, озиқ-овқат топишни енгиллаштириши лозим. Турар жой топа олмай қийналаётган бўлса, унга турар жой топишда ёрдам беришлари керак. Даволанишда қийналаётган бўлса, бу ишда ёрдам бериши керак ва ҳоказо. Қийинчиликда яшаётган мўмин кишининг оғирини енгил қилиш сиртдан бировга ёрдам бериш бўлса ҳам, аслида ёрдам берувчининг ўзига фойда. Фойда бўлганда ҳам бу дунёю охиратда фойда! Чунки, ўша қийинчиликда яшаётган мўминнинг ишини енгиллаштиришга ёрдам бергани учун Аллоҳ таоло унинг бу дунёю охиратдаги ишларини енгиллаштиради.

3.«Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади». 
Уламоларимизнинг айтишларича, айбини беркитиш моддий ва маънавий жиҳатдан бўлади.
Биринчиси-моддий камчиликларни беркитиш, мисол учун баданини беркитиш учун кийим олиб бериш бўлса, маънавийси эса ёмон иш қилганини кўриб қолиб ҳеч кимга айтмай беркитишдир. Бу ҳам инсон ҳаётида доимо учраб турдиган ҳолат. Бир жамиятда яшаб турган кишилар бир-бирларининг айбларини беркитиб яшасалар яхши бўлади.
Инсон билиб-билмай турли хатоларга йўл қўйиши мумкин. У ўзи йўл қўйган хатони беркитишга ҳаракат қилмоқдами, демак ўша одамда яхшилик бор. Шунинг учун унинг айбини очишга, ҳаммага ошкор этишга ҳаракат қилиш дуруст эмас. Агар биров гуноҳ ва айб ишларни ошкор қилса, ундан яхшилик кутиб бўлмайди.
Бировнинг айбини беркитган одам аслида ўзининг айбини беркитади. Аллоҳ таоло шу қилган иши учун унинг бу дунёю охиратдаги айбини беркитади. Чунки, у бировнинг айбини ошкор қилса, бошқа биров ёки ўша айби очилган киши унинг ҳам айбини очиши турган гап. Бу туфайли жамиятнинг ҳар бир аъзоси бошқасининг айбини очиш учун ҳаракат қиладиган бўлиб қолади. Оқибатда жамият аъзолари орасида ўзаро келишмовчилик ва душманчилик кучаяди, ҳамда жамият таназулга юз тутади.

4.«Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади». 
Бу, сен бировга ёрдам берсанг, Аллоҳ сенга ёрдам беради, деганидир. Инсонларнинг ўз ҳаётлари давомида доимо бир-бирларига ёрдам бериб яшайдиган жамият кучли жамият бўлади. Чунки ўзаро ёрдам, кишилар орасидаги алоқаларни яхшилайди, уларни дўст-биродар қилади, турли қийинчиликларни ҳамкорлик билан бартараф қилишни ўргатади.
Шунинг учун ҳам, Ислом мусулмонларни доимо бир-бирларига ёрдам беришга чақиради. Ўз биродарига ёрдам берган мусулмонга ўзининг ёрдамидан бир қанча кўп ёрдамни ваъда қилади. Ожиз банда ўз биродарига ўзининг ожизона ёрдами учун улуғ Аллоҳнинг улуғ ёрдамига сазовор бўлади.
Шунинг учун ҳам, бир мўмин бандага ёрдам берган инсон у ёрдамини миннат қилиши керак эмас. Балки ўзига Аллоҳнинг ёрдамини жалб қилишда сабабчи бўлган биродарига ташаккур айтиши керак.

5.«Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради». 
Илмга тарғиб қилиш учун бундан ортиқ, тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарса, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр. Илм талаб қилиш эса, жаннатнинг йўлига тушишдир. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиқади.
Кези келганда муҳим бир масалани эслаб қўйиш зарур. Ояти карима ва ҳадисларда зикри келган илм ҳақида кишилар ичида тушунмовчиликлар мавжуд. Баъзилар оят ва ҳадисларда зикр этилган илмдан мурод, диний илмлар, дейдилар. Бу нотўғри фикр! Оят ва ҳадисларда зикри келган илм ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олади. Диний илмлар албатта биринчи ўринда туради. Аммо, бошқа илмлар кўзда тутилмаган дейишлик мутлақо нотўғридир. Агар фақат диний илмлар кўзда тутилса қайд қилинади. Мисол учун, Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса динда фақиҳ қилиб қўяди, дейилган ҳадис. Шунга ўхшаш бошқа исломий илмлар ҳақида гап кетганда уларнинг номи ва сифати ҳам зикр қилинади.
Яна бир тоифа кишилар илм ва унинг савоби ҳақида сўз кетганда ким бўлса ҳам илмли бўлса, ушбу гап ва савоблар унга ҳам тегишли, дейдилар. Кофир, мунофиқ, фосиқ, ибодатсиз кишилар томонидан илмга уриниш бўлса уларни ҳам мазкур ваъдаларда ҳаққи бор дейди. Бундоқ кишилар Исломда ҳар бир амални қабул бўлиши, савоби етиши учун иймон, ният, ихлос шартлигини унутиб қўйган одамлардир.
Шунинг учун ояти карима ва ҳадиси шарифларда зикри келган илмдан мурод барча фойдали илмлар бўлиб, уларга қилинган ваъдаларга иймон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонлар эришади, дейишимиз тўғри бўлади.
Бу қоидани ушбу ҳадиси шарифга ишлатадиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши ўзи учун, жамияти учун, инсонлар учун фойдали илмга «бу-менга Аллоҳнинг амри, Исломнинг талаби» дея уринса, у жаннатнинг йўлига тушган бўлади. Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради.

6. «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади». 
Ҳадисларда «Аллоҳнинг уйлари» дейилганда масжидлар кўзда тутилган бўлади. Демак, масжидлардан бирида ўтириб, Аллоҳнинг китоби-Қуръони Каримни тиловат қилган, уни ўрганган одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган даражага эришадилар.
Бу ҳадиси шаарифда эса уларга тўртта буюк даража ваъда қилинмоқда:
а) «Албатта, уларнинг устига сакийна тушади».
«Сакийна»-сокинликдан олинган бўлиб, қалб хотиржамлиги, ҳамма тарафдан сокинлик, хотиржамликни англатади.
Демак, масжидда жам бўлиб Қуръони Каримни етарли даражада тиловат қилган, уни ўрганган одамларга қалб хотиржамлиги, ҳар бир нарсада сокинлик, хотиржамлик тушади. Қуръони Каримнинг хайру баракаси уларнинг ҳаётларини безайди.
Б) «Уларни раҳмат ўраб олади».
Яъни, ўша масжидда ўтириб Қуръон тиловат қилиб, унинг маъно ва ҳукмларини ўрганаётган кишиларни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олади. Мўмин-мусулмон қавм учун уни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишидан ҳам кўра яхшироқ ҳолат бўлмаса керак?!
В) «Фаришталар қуршаб олади».
Яъни, ўша масжидда ўтириб Қуръон тиловат қилаётган, уни ўрганаётган кишиларни Қуръоннинг ҳурматидан фаришталар қуршаб оладилар. Дунёда фаришталар ҳурмат билан қуршаб турган бир қавм бўлса, ана ўша қавм бўлади. Ҳеч бир мусулмон қавм учун бундан ортиқ муборак мақом бўлмаса керак!
Г)«Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».
«Аллоҳнинг ҳузуридагилар»-«Малауъил Аъло» номли олиймақом зотлардир. Бу энг олий мақомдир. Тўпланиб Қуръон тиловат қилган, уни ўрганиб турган қавмларни Аллоҳ таоло ўша олий мақом зотлар билан бирга зикр қилар экан. Бу дунёда бирор мансбдор бир одамнинг номини тилга олиб қўйса, ўша одам умрбод «фалончи акам мени фалон жойда, фалон вақтда зикр қилган», деб ғурурланиб юради.
Энди Аллоҳ таоло ўз ҳузуридаги энг олиймақом зотлар қаторида зикр қилиши қанчалик бахт эканини тасаввур қилиб кўринг. Бу олий мақомга эришиш эса жуда ҳам осон. Аллоҳ таолонинг китоби-Қуръони Каримни тиловат қилиш, уни ўрганиш керак, холос.

7.«Кимнинг амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди».
Яъни, охиратда ҳамманинг насабига эмас, амалига қараб даража берилади. Кимнинг амали яхши бўлса, насаби қандай бўлишига қарамай олдинга сурилади, олий мартабаларга эришади. Кимнинг амали ёмон бўлса у ортга сурилади, иши чатоқ бўлади. Насаби қанчалик олий бўлмасин, иши олдинга сурилмайди. Шунинг учун ҳеч ким ишонмаслиги, мағрурланмаслигини керак. Аксинча кўпроқ яхши амал қилишга уруниш лозим.
Ушбу улуғ ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларни яна бир бор қисқача зикр қилиб ўтамиз:

1. Бу дунёда ҳар бир мўминдан машаққатни аритишга тарғиб.
2. Бир мўминдан машаққатини аритган одам ўзидан қиёмат куни машаққатини аритилишига сазовор бўлиши.
3. Қийинчиликда қолган мўмин кишининг оғирини енгил қилишга уринишга тарғиб.
4. Мўмин кишининг оғирини енгил қилган одамнинг оғирини Аллоҳ таоло ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда енгил қилиши.
5. Мўмин кишининг айбини беркитишга тарғиб.
6. Мўмин кишининг айбини беркитган одамнинг айбини Аллоҳ таоло ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда беркитиши.
7. Мўмин киши доимо ўз биродарларига ёрдам бериши лозимлиги.
8. Ўз биродорларига ёрдам берган кишига Аллоҳ таоло ёрдам бериши.
9. Мўмин киши илм талаб қилиш йўлига юриши лозимлиги.
10. Ким илм талаб қилиш йўлига кирса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон этиши.
11. Масжидларда Қуръон тиловати ва дарси халқалари ташкил қилишга тарғиб.
12. Қуръон тиловати ва дарси халқасида иштирок этадиганларга сакийна тушиши, уларни раҳмат ва фаришталар ўраб олиши ва Аллоҳ ўз ҳузуридаги аъло даражали зотлар билан бир қаторда зикр қилиши.
13. Ҳар бир кишига фақат амалигина ёрдам бериши.
14. Ҳеч кимга насаби ёрдам бера олмаслиги.

Аллоҳга шукрлар бўлсин, ушбу ҳадисдан кўплаб фойдаларни ўрганиб олдик. Энди инсоф билан ушбу ҳадиси шариф ҳикматларини ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Сўнгра ўзимизни ким эканлигимизга баҳо берайлик.

1-Мўминлардан бу дунё машаққатларини аритиш масаласини олиб кўрайлик.
Бизда «агар мен бир мўмин биродаримдан бу дунёнинг машаққатларидан бирини аритсам, Аллоҳ мендан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади», деган тушунча борми?
Биз мўмин биродаримиздан машаққатни аритишга устамизми ёки уларни бошига машаққат келтиришга устамизми?
Агар бировга машаққатида ёрдам берадиган бўлсак, холис, Аллоҳ учун ёрдам берамизми ёки бошқа мақсадлардами?
Эҳтимол, биз мўмин биродарларимиз машаққатини аритишга уринмаганимиз учун Аллоҳ таоло ҳам бизнинг бошимиздаги машаққатларни аритмаётгандир?
Эҳтимол, аввал бу ҳақиқатни билмагандирмиз?
Эҳтимол, диний тарбия кўрмай ўсганимиз таъсир қилгандир?
Аммо энди яхшилаб билиб олдик. Бошига машаққат тушган биродаримизнинг машаққатини аритишга Аллоҳ учун, холис ният билан уринайлик!

2. Қийинчиликдаги камбағал мўмининг оғирини енгил қилиш масаласига ўтайлик.
Агар Исломга тўлиқ амал қилганимизда мусулмон оламида камбағал, муҳтож, бева-бечора деган гап бўлмас эди. Халифа Умар ибн Абдулазиз даврларида шундай бўлган. Шунчалик кенг Ислом ўлкаларида закот оладиган одам топа олмай қийналишган. Яъни, ҳамма аҳоли закот берадиган даражада бой бўлган. Ҳукумат ноилож қолиб, закотдан тушган маблағни нима қилиш ҳақида уламолардан фатво сўраган. Ана ўшанда уламолар: агар Ислом юртларида закот олишга ҳақдор камбағаллар йўқ бўлса, закотдан тушган маблағни Ислом динини бошқа ўлкаларда тақатишга сарфлансин, деб фатво берганлар.
Ҳозирда эса, Исломга амал қилмаганимиздан дунёдаги табиий бойликларнинг қарийб саксон фоизи мусулмон ўлкаларда бўлишига қарамай мусулмонлар энг камбағали кўп халқлардан ҳисобланади. Ана ўша камбағал ва ночор кишиларнинг риояси ҳам бошқалардан кўра мусулмонларда ёмон аҳволда. Бошқа миллатлар ва диёнатлардаги кишилар камбағалларига турли йўллар билан шароит яратиб турган бир пайтда, мусулмонларда бу иш қаровсиз қолган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни худди мусулмонлардан бошқаларга айтгандек туюлади. Бу ҳам мусулмонларнинг ўз динларига амал қилмасликлари, пайғамбарлари суннатидан узоқ эканликларининг далилидир.
Бошқаларни қўяйлик-да ўзимизни ҳолимизни инсоф билан бир ўйлаб кўрайлик.
Қайси биримиз «агар мен бир камбағалнинг оғирини енгил қилсам, Аллоҳ менинг ҳам бу дунёдаги, ҳам у дунёдаги оғиримни енгил қилади», деган эътиқод билан яшамоқдамиз?
Нима учун тўй ва маросимларимизга бойларни териб айтамизу, камбағалларни айтмаймиз?
Нима учун турли беҳуда нарсаларга мол-пул сарфлаймизу, камбағал, бечорага бир дона нон беришга қизғанамиз?
Ёки Аллоҳ таоло оғиримизнинг енгил қилишининг бизга кераги йўқми?
Бу ноқулай ҳолатни орамиздан йўқотишимиз зарур. Бир-биримизга айтиб, орамиздаги ночор кишиларимизнинг оғирини енгил қилишимиз керак. Шу билан бир вақтда уларга миннат қилмасдан, аксинча савоб ишлаб олишимизга, Аллоҳнинг розилигини топишимизга сабаб бўлганлари учун ташаккур айтишимиз лозим.

3. Мўмин кишининг айбини беркитиш лозимлиги ҳақидаги масалага ўтайлик.
Пайғамбаримиз мўмин киши ўз биродарининг айбини беркитиши лозимлигини таъкидламоқдалар. Бу ишни қилган одамнинг айбини Аллоҳ таоло икки дунёда беркитишини ваъда қилмоқдалар.
Хўш, биз шу амрга амал қилмоқдамизми?
Аллоҳ менинг айбимни ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда беркитсин, деган ниятимиз борми?
Бўлса, нима учун унга керакли амални қилмаймиз? Бировнинг айғбини беркитиш у ёқда турсину, ҳамманинг айбини қидириш билан оворамиз. Қидирганда ҳам тирноқ остидан кир излагандек ахтарамиз. Унда ҳам топилмаса, ёлғон-бўҳтон тўқиб айб тақаймиз. Мусулмонман, деб юрганларнинг бу ҳолини кўриб мусулмонмаслар, булар ўзи шунақа, бир-бирини ковламаса тура олмайди, дейдиган бўлиб қолишган.
Диний таълимотлардан бебаҳра кишиларнинг узри бордир? Аммо диндорликни, диний илмнинг даъвосини қилаётганларнинг бу бордаги қилмишларининг кўриб ёқангни ушлайсан. Мусулмон биродарининг айбини беркитиш улар учун катта мусибатдек туюлади. Ҳатто «жон биродар, бу иш мусулмончиликка тўғри келмайди, мусулмон одам ўз биродарининг айбини беркитиши лозим, сиз бўлсангиз йўқ нарсани айтиб бўҳтон қилаяпсиз», десанг ҳам, бурунларига пашша қўнганчалик таъсир қилмайди. Охир оқибат нима бўлади? Мусулмонлар шарманда бўлади. Кишиларнинг мусулмонлардан кўнгли қолади. Душманлар мусулмонлар устидан кулиб, масхара қилади. Исломга янги қизиқиб турганларнинг кўнгли совийди. Мусулмонларнинг ораси бузилади, ишлари ортга кетади. Ўша мусулмоннинг айбини очган ҳам мақсадига етмайди. Чунки мусулмоннинг айбини беркитганнинг айбини икки дунёда беркитувчи Аллоҳ мусулмоннинг айбини очувчининг айбини икки дунёда очади. Тажриба кўрстиб турибдики, мусулмонларнинг айбини очганларнинг айблари дунёнинг ўзида шармандаларча очилиб келган, очилмоқда ва очилаверади ҳам. Улар бу дунёдан хору зор ва шарманда бўлиб ўтадилар. У дунёдаги хору зорликлари ва шармандаликлари эса мислсиз бўлади.
Бас шундай экан, бир-биримизнинг айбимизни беркитайлик! Шунда, Аллоҳ таоло ҳам бизнинг айбимизни беркитади. Баъзи кишилар билмай бу ишни қилаётган бўлсалар уларга тушунтирайлик. Ана шунда ишларимиз яхши бўлади. Жамиятимизда турли бўлмағур гап-сўзлар тарқалмайди. Бир-биримиздан хафа бўлишимиз камаяди. Гўзал исломий сифатлардан бирини ўзимизда мужассам қилган бўламиз.

4. Мўмин биродарларга ёрдам бериш масаласини олайлик.
Бизда «модомики мен мўмин биродаримнинг ёрдамида эканман, Аллоҳ менинг ёрдамида бўлади», деган тушунча борми? Агар бор бўлса унга қанчалик амал қиламиз? Инсоф билан айтганда, кўнглимизда мазкур тушунча йўқ. Бир-биримизга ёрдам беришимиз ҳам динимиз талаб қилган савияда эмас. Агар бизга Аллоҳ таоло ёрдам беришни истасак, мўмин биродарларимизга ёрдам қўлини чўзайлик. Модомики, биз мўмин биродаримиз ёрдамида эканмиз, Аллоҳ таоло бизнинг ёрдамимизда бўлади.

5. Илм талаб қилиш масаласини кўрайлик.
Илм талаби йўли-жаннат йўли эканини ҳаммамиз тушуниб етганимизми?
Илмга динимиз талаб қилгандек уринамизми?
Нима учун динимиз илм талабини ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз қилган бўлишига қарамай, кўплаб мусулмон юртларида ялпи саводсизлик ҳукм сурмоқда?
Дунёдаги бошқа миллатлар илмнинг юқори чўққисига чиққан бир пайтда кўпгина мусулмон давлатлар аҳолисининг ярмидан кўпи ўқиш-ёзишни билмайди. Кўпларида таълим ишлари йўлга қўйилмаган. Мусулмонлар ҳаётнинг энг зарур соҳаларида ўз олимлари йўқлигидан ғайридинларга муҳтожлар.
Бошқалар болаларини илм олишга ундасалар, мусулмонлар болаларини пул топишга, мол боқишга мажбур қиладилар.
Бошқаларда илм ва олимлар юкасак қадрланса, мусулмонларда илм ва олимлар ерга урилади. Исломнинг илм дини эканлигининг аломати шуми?
Қуръони Каримда илмга тарғиб қилувчи оятларга амал қилиш шуми?
Илм ҳақидги ҳадиси шарифларга амал қилиш шуми?
Бу ҳолатга барҳам бериш пайти келган. Ҳар бир мусулмон илмга нисбатан муносабатини Ислом таълимотига мувофиқ қилиши керак. Ҳар ким ўзига керак нарсанинг илмини талаб қилиши лозим. Ҳар бир соҳада ўз эҳтиёжимизни қондирадиган олимлар тайёрлашимиз фарзи кифоя. Бўлмаса ҳаммамиз баробар гуноҳкор бўламиз.

6. Энди Қуръон тиловати ва уни ўрганиш масаласига ўтайлик.
Маълумки, Қуръонсиз Ислом ҳам йўқ, иймон ҳам йўқ. Ҳамма нарса Қуръонга боғлиқ. Нималарга ва қандоқ қилиб иймон келтириш ҳам, нималарга ва қандоқ қилиб амал қилиш ҳам Қуръонда баён қилинган.
Қуръон-илоҳий дастур, икки дунё саодатининг калиди. Қуръон-тиловат қилиш, ўрганиш ва амал қилиш учун Аллоҳ томонидан юборилган. Уни тиловат қилиш ва ўрганиш қандоқ даражаларга еткзишини ушбу ҳадисдан билиб олдик. Қуръонга амал қилиш қандай улуғ мартабаларга етказишни бошқа ҳадислардан билиб оламиз иншааллоҳ! Бас, шундай экан, Қуръон тиловат қилмайдиган мусулмон бўлиши мумкинми? Бўлса, бу- худди нафас олмайдиган одам бўлиши мумкин дегани билан тенг эмасми?
Энди инсоф билан айтайлик, ичимиздан неча фоизимиз Қуръон ҳарфларини таниймиз?
Неча фоизимиз Қуръон тиловатини биламиз?
Неча киши Қуръонни аввалидан охиригача тўғри тиловот қила олади?
Неча киши Қуръоннинг маъноларини, ҳукмларини дарс қилиб ўқиган ёки ўқимоқда?
Ушбу саволларга жавобимизнинг тўғрилигига қараб ўзимизнинг қандай мусулмон эканимизни билиб оламиз.
Ҳадиси шарифда масжидда тўпланиб Қуръон тиловот қилиб, уни ўрганётган қавм ҳақида сўз кетмоқда.
Бизнинг қайси масжидларимизда, кимлар тўпланиб Қуръон тиловот қилмоқдалар, уни ўрганмоқдалар?
Уларнинг сонини масжиддан бошқа жойларда ўтириб ғийбат ўтиб, бўҳтон ўрганётганларга солиштира оламизми?!
Нима учун мусулмонлик даъвосини қил туриб Қуръон ўқиймиз, уни ўрганмаймиз?
Нима учун устимизга сакийна-хотиржамлик тушишини хоҳламаймиз?
Нима учун ўзимизни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишига қарши турамиз?
Нима учун бизни фаришталар қуршаб олишини хоҳламаймиз?
Нима учун Аллоҳ бизни ўзига муқарраб зотлар билан бир қаторда зикр қилишини истамаймиз?
Бу-ўта ачинарли ҳол. Бу ноқулай холатдан чиқиш керак.
Мусулмонман, деган ҳар бир шахс Қуръон тиловот қилиш, уни ўрганиш фарз эканини тўлиқ тушуниб етиши керак.
Ҳар-бир мусулмон ўзининг илоҳий дастурини ўқиб-ўрганиши лозим.
Бу ишда масжидлардан кенг фойдаланиш керак. Зотан масжиднинг бош вазифаларидан бири-шу!
Авваллари алоҳида дарсхоналар, мадрасалар бўлмаган. Ҳамма нарса масжидда амалга оширилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобаларга Қуръони Каримни масжидда ўтириб ўргатганлар. Кейинги авлодларга ҳам шундоқ бўлган. Ҳозирда ҳам мусулмон ўлкаларда Қуръон таълими асосан масжидларда бўлади. Агар шундоқ қилсак, Аллоҳ хоҳласа, аста-секин диний саводсизлик барҳам беришимиз мумкин бўлади.

7. Амал фойда қилмаса, насаб фойда қила олмаслиги масаласи.
Баъзи бир одамлар ўзининг аслзодалиги, насл-насабига ишониб юргани, амалга эътиборсиз қарагани учун шу гап айтилган. Ислом келишидан олдинги жоҳилият даврида анашундай фикр бўлган.
Йигирманчи аср жоҳилиятида эса ундан ҳам баттарроқ ҳолат бор.
Кўпчилик амалсиз, калимаи шаҳодатни ҳам билмайди, ота-бобосининг мусулмон ўтганига ишониб юрибди.
Кўпчилик уялмай-нетмай: «Биз ҳам мусурмонмиз, бувамиз намоз ўқиган экан», дейди.
Баъзилар эса ўзининг мусулмонлигини мусулмонча исмга эгалиги билан тасдиқламоқчи бўлади.
Исломнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар:
«Кимни амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди», деб турибдилар.
Ислом Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам қандоқ айтган бўлса шундоқдир. Исломни ҳар ким ўзича белгилаб олмайди, амалсиз эса ҳеч қандай насаб, мартаба фойда бермайди.
Демак, амал қилишга, Исломнинг барча кўрсатмаларини бажаришга ўтайлик.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди», деганларни эшитдим, деган эканлар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Лафз Термизийники.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абу Дардо розиялоҳу анҳудан ривоят қилинмоқдаа. У киши билан танишиб олайлик:
Уваймир ибн Молик ибн Қайс Ансорий ал-Хазражий. Бу зотнинг кунялари Абу Дардо билан танилади. Уҳуд ва бошқа ғазотларда иштирок этганлар, исломлари зоҳир бўлганда, шижоатлари ва ибодатлари билан машҳур бўлганлар. Умматнинг ҳаким ва паҳлавонларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Қуръон жамловчиларнинг бири эдилар. Муҳожир Салмон Форсий билан исломий биродар бўлганлар.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Шом шаҳри қозиси бўлган ва Фаластин фақиҳларидан бўлган улуғ саҳобалардан эдилар.
Ҳаммаси бўлиб 179та ҳадис ривоят қилдилар ва бу ҳадисларни Оиша онамиз ва Зайд ибн Собитлардан олдилар. Бу зотдан ўғиллари Билол, хотинлари Умму Дардолар ривоят қилишди.
Бу киши тўплаган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Улуғ зотлардан Масруқ айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илмларини олти киши ҳузуридан топдим, шуларнинг бири Абу Дардодир».
У зот ҳижратнинг 32 санасида Димашқда вафот этдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларидаа илм талаб қилиш билан бирга, илмнинг ва олим одамнинг фазлини баён қилиб бермоқдалар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу умрларининг охирида Дамашқда яшаган эканлар. Бир куни ҳузурларига Аҳли Мадинадан бир одам келибди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга:
«Сени бу ерга нима келтирди?»-дебдилар. У киши:
«Мени фақатгина сендан эшитган бир ҳадисим келтирди», деган. Ана шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни айтганлар.
«Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди».
Худди шу маънодаги жумла бундан олдинги ҳадисда ўтди:
«Албатта фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди».
Баъзи тавилларда уларнинг оёқ остиларига қанотларини қўяди, дейилган. Бошқа бир таъвилда эса, фаришталар учишдан тўхтаб, илм билан машғул кишиларни ўраб олишади, уларнинг раҳматлари ва нурларидан иқтибос олишга уринадилар, дейилган. Нима бўлганда ҳам толиби илмларнинг Исломда қадрлари баланд эканликларини, илм талаб қилиш улуғ даража эканини кўрсатади.
«Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади».
«Осмонлардаги зотлар»дан мурод-фаришталар. «Ердаги зотлар»дан мурод-инсу жин ва ҳайвонлар. Истиғфор айтиш эса, бировнинг ҳаққига дуо қилишдир. Олим киши илм олгани учун, одамларни Аллоҳнинг йўлига чақиргани ва ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Шунинг учун ҳам унинг муҳаббатини фаришталарга, бутун махлуқотларга солади. Шу муҳаббат туфайли улар олимнинг ҳаққига дуо қилади. Бу эса диний илмлар олими бўлиш нақадар фазл эканини кўрсатади.
«Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди».
Олим диний илмларни яхши билувчи шахс. Обид ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул шахс. Осмонга қараган одамга ой катта билиб кўринади, у ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади, уларнинг нури ўз атрофини зўрға ёритаётган бўлиб кўринди. Қаронғи кечада осмонга боққан инсон ойнинг юлдузлардан қанчалик афзал эканини дарҳол мулоҳаза қилади. Олим кишининг фазли ҳам обид кишиларнинг устидан шундай бўлади. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғи кечада нур сочган ой каби жоҳилият зулматида юрган одамларга Ислом ҳидояти нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.
«Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир».
Шу жумла бу ерда гап диний олимлар ҳақида кетаётганига далолатдир. Демак, уламоларимиз оддий кишилар эмас, пайғамбар алайҳиссаломларнинг меросхўрларидир.
«Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар».
Чунки уларга Аллоҳ таоло молу дунёни берган эмас. Аллоҳ таоло уларга илмни берган эди. Шунинг учун ҳам:
«Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар».
Жумладан, пайғамбарларнинг охиргилари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат илмни мерос қилиб қолдирганлар.
«Ким ўшани олса улуғ насибани олибди».
Яъни, қайси бир одам ўша пайғамбарлардан мерос қолган илмни олса, улуғ насибани олган бўлади. Пайғамбарлар меросидан ҳам улуғ насиба бўлиши мумкинми?!
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларимиз:

1. Илм талаб қилиш йўлида юриш лозимлиги.
2. Илм талаби йўлидагиларга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осон қилиши.
3. Фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини унинг оёғи остига қўйиши, учишдан тўхтаб толиби илмларни қуршаб, уларнинг ўраб турган раҳматдан баҳраманд бўлишига уринишлари.
4. Олим кишига осмондаги зотлар-фаришталар дуо қилиши.
5. Олим кишига ердаги зотлар-одамлардан ўзини билган, одам васфини йўқотмаганлари, жинлар ва ҳайвонларнинг дуо қилиши.
6. Олим кишига ҳаттоки, сувдаги балиқлар ҳам дуо қилиши.
7. Олим киши обид кишидан кўп марта афзаллиги.
8. Диний олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари эканлиги.
9. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмагани.
10. Пайғамбарлар илмни мерос қолдирганлари.
11. Пайғамбарлар мероси бўлмиш диний илмни олган кишилар улуғ насибани олган бўлишлари.

Энди, ушбу ҳадиси шариф ҳикматини ҳаётимиз воқеълигига солиштириб кўрайлик.
Илм талаби йўлига юрган одамга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осонлаштириб беришини аввал ўтган ҳадисда кўрдик.
Энди, толиби илмни рози қилиш учун фаришталар унинг оёғи остига қанотларини қўйишлари, уни ўраб турган Аллоҳнинг раҳматидан баҳраманд бўлишга уринишлари ҳақида сўз юритайлик.
Инсоф билан айтакликчи, бизда шу тасаввурнинг ўзи борми?
Илм талаб қилиш шу даражада улуғ иш эканини тушуниб етканмизми?
Бу ишга фаришталар ҳам хавас қилишини англаймизми?
Ҳозиргача англамаган бўсак, энди англашимиз керак. Ислом илм талабини ҳар бир мусулмонга бешикдан қабргача фарз қилганини эслаб, дарҳол ўз шахсимиз учун фарзи айн бўлган диний илмни талаб қилишга киришайлик! Бир ҳарф, бир сўз, бир жумла бўлса ҳам ўрганиб, унга амал қилишга ҳаракат бошлайлик! Ўзимиз ўрганишимиз билан бирга оила аъзоларимиз, болаларимиз, қўни-қўшни ва таниш-билишларимизга ҳам ўргатишга ҳаракат қилайлик! Турли илмларни ўрганаётган талабаларимизни қўллаб-қувватлайлик, уларга ўзлари танлаган йўл қанчалар улуғ эканини тушунтирайлик! Илм талаб қилиш фаришталар ҳам ҳавас қиладиган иш эканини одамларимизга тушунтирайлик. Толиб илмларни фаришталар ўраб туришини, уларнинг оёқлари остига қанотларини қўйиб туришини ҳаммага англатайлик! Фаришталар ҳавас қилган одамларга биз ҳам ҳавас қилайлик, улар ҳурмат қилган одамларни биз ҳам ҳурмат қилайлик!
Ҳадиси шарифда олим кишига осмондаги ва ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтишиҳақида таъкидли сўз кетмоқда.
Диний олим Ислом таълимотларини кишиларга етказиш орқали кўп яхшиликликларни амалга оширади. Ундан ва у тарғиб қилган яхшиликлардан ҳамма фойда топади. Чунки, Ислом таълимотлари бутун мавжудотлар учун кони фойдадир. Шунинг учун ҳам ҳамма мусулмон олимнинг ҳаққига яхшиликлар тилаб Аллоҳ таолога дуолар қилади. Унга доимо яхшилик етиши тарафдори бўлади. Ихлосли мусулмонлар қадимдан бу улкан маънони яхши тушуриб, унга амал қилиб келганлар. Улар ўз уламоларини ғоятда ҳурмат қилганлар, эъзозлганлар. Ҳар бир ишни улардан сўраб, шариатимизга мослаб бажришга ҳаракат қилганлар. Ихлосли мусулмонлар уламоларни доимо ўз раҳбарлари, руҳий устозлари деб билганлар. Уларнинг сўзларидан чиқмаган ҳолда уламоларимизга хизмат қилиб, кўнгилларини олишга, дуоларига сазовор бўлишга ҳаракат қилиб келганлар. Халқимизнинг ўз уламоларига бўлган муносабати доимо таҳсинга сазовор бўлган. Вақти келса, оддий мусулмонлар ўзлари емай уламоларга егизган, ўзлари киймай уламоларга кийгизган.
Яқин тарихимизга мурожаат қилган киши ҳам буни дарҳол англаб олиши мумкин. Худосиз коммунистлар Исломга ва мусулмонларга қарши қатағон эълон қилдилар.Улар мусулмон уламолар халқнинг виждони, кўз-қулоғи, қўл-оёғи, фикрловчи ақли эканини яхши билар эдилар. Шунинг учун ҳам биринчи бўлиб уламоларга ташланадилар. Номи мулла ёки қори бўлса аёвсиз ўлдиришга, қиришга, йўқ қилишга киришдилар. Қанчадан-қанча уламоларимизни қирғинбарот қилдилар. Уламоларни сотган хоинларга эса мукофотлар бердилар. Уламоларга ёрдам берганларини жазоладилар. Шундай бўлса ҳам, оддий мусулмонлар ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса ҳам уламоларига ёрдам бердилар. Уламолари коммунистларнинг қонли панжасига тушиб қолмасликлари учун қўлларидан келган чораларни кўрдилар. Бу жасорат албатта тарих саҳифаларида қолади. Энг муҳими Аллоҳ таоло кўриб-билиб турибди. У зотнинг ўзи билиб муомаласини қилади, қилди ҳам.
Биз ҳам уламоларимизнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз, осмондаги зотлар-барча фаришталар ҳурматлаган зотларни биз ҳам ҳурмат қилишимиз лозим. Ердаги зотлар-инсу жин ва ҳайвонлар ҳурмат қилган зотларни биз ҳам иззат қилмоғимиз лозим. Жинлар ва ҳайвонлар қандай қилиб уламоларнинг ҳаққига истиғфор айтишларини ва ҳурмат қилишларини Аллоҳ билади. Аммо, биз инсонлар уламоларни қандай ҳурмат қилишни ўзимиз биламиз. Агар уламоларни ҳурмат қилишни билмасак, бу ҳадисда зикр қилинганлар қаторидан чиқиб қоламиз.
Олимнинг обиддан қанчалик афзал эканини билиб олдик. Энди олим бўлишига уринайлик! Ҳеч бўлмаса обид бўлишга уринайлик. Олим ҳам, обид ҳам бўлмасак ким бўлишимиз мумкин? Жоҳил ва бетавфиқ бўлишимиз мумкин холос. Бундан бошқа мартаба ҳам йўқ-ку!
Олимларнинг афзаллиги нимада? Нимадалиги ҳадиси шарифда: «Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», деб баён қилинмоқда. Дунёдан ўтган авлод келажак авлодга нимнидир мерос қолдиради. Кейинги авлодлар эса ўша меросни қабул қилиб олади ва уни ишлатади.Яхшидан-яхшилик, ёмондан-ёмонлик, золимдан-зулм, одилдан-адолат мерос қолади ва ҳоказо.
Инсоният тарихида Аллоҳнинг танлаган бандаси бахтига муяссар бўлган, доимо инсониятни Аллоҳнинг ҳидоят йўлига бошлаб келган пайғамбар алайҳиссаломлардан нима мерос қолган?
Уларнинг меросхўрлари бўлган уламолар нимани мерос қилиб олганлар?
Эҳтимол уламоларни ҳурмат қилишимиз уларнинг Пайғамбар алайҳиссалаоларга меросхўр бўлганларидандир?
Эҳтимол, меросга олган нарсаларидандир? Ҳа, ҳадисда айтилганидек:
«Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар».
Уламолар ана ўша муқаддас меросни қабул қилиб олган улуғ зотлардир. Улар ўша илм ила кишиларни Аллоҳнинг динига, тўғри йўлга Ислом шариатига чақирувчи, пайғамбарлар, уларнинг охиргилари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ишлари давомчиларидир. Уламолар кишиларга Қуръони Карим, суннати шариф ва шариати Ислом таълимотлрини баён қилувчи ҳидоят юлдузларидир. Улар кишиларни ҳидоят йўлига чақириб залолат йўлидан қайтаришди. Олимлар кишиларни Исломга чақириш билан уларни икки дунё саодатига чақиришади. Бу дунёнинг фаровон турмушдан, охиратнинг жаннати маъвосига даъват этишади. Шунинг учун ҳам олимлар ҳар қанча ҳурматга, эъзозга сазовордирлар. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, пайғамбарларнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, ўзимизни икки дунё саодатига чақираётган кишиларимизни ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, ўзимизни бу дунёнинг фаравон турмушига ва охиратнинг жаннати маъвосига чақирувчиларни ҳурмат қилган бўламиз. Шу йўл билан ҳар биримиз пайғамбарлар қолдирган меросдан олишга ҳракат қилайлик, Улуғ насибага эришайлик!

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм учтадир. Улардан бошқаси зиёда фазилатдир: муҳкам оят, қоим суннат ва одил фаризат», дедилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан танишмиз.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаръий-исломий илмларнинг жавҳари-ўзагини баён қилиб бермоқдалар:
«Илм учтадир».
Бу ибодатдаги «илм»дан мурод шаръий илм эканини кейинги иборалардан тушуниб оламиз. Уларда оят, суннат ва фарз ҳақида гап кетмоқда, демак нима демоқчи эканлиги маълум.

1.«Муҳкам оят».
Оят-Қуръони Каримнинг маълум бўлаги. Қуръондаги бошланиши ва тугаши маълум бўлакни оят дейилиши ҳаммага маълум. Ҳадисда оят «муҳкам» деб васф қилинмоқда. Баъзи уламоларимиз буни очиқ-равшан ва насх бўлмаган оят, деб баён қилганлар. Менимча бу тўлиқ тушунча бера олмайди.
Қуръони Кримда оятларнинг ҳаммаси очиқ-равшан эканлиги баён қилинган. Насх қилинган (ҳукми амалдан қолдирилган) оятларни ўрганмаса бўлаверади, деган гап ҳам йўқ. Балки, аксинча Қуръонни яхши тушуниши учун аввало оятларнинг носих-мансухини яхшилаб ўрганилиши лозимлиги қайта-қайта таъкидланган. Демак, ҳадиси шарифдаги «муҳкам оят» иборасидан Қуръони Каримнинг оятларини тўлиқ ўрганиш маъносини тушуниб оламиз.
Шаръий илмнинг биринчи-асосий қисми Қуръони Каримни ўрганиш экан. Бу эса улуғ илм бўлиб ўзида бир қанча шўбаларни мужассам қилгандир. Келинг, қисқача бўлса ҳам шу ҳақда тўхталиб ўтайлик.
Аввало Қуръон тиловатини ўрганиш керак. Бунинг учун эса устоздан «Тажвид» илмини ўрганиш лозим. Ҳа, ўзича бир тажвид илмига бағишлангн китобни ўқиб олиш билан киши бу илмни ўзлаштирган ҳисобланмайди.
Сўнгра ўша тажвид қоидаларига биноан устоздан ҳар бир калимани, ҳар бир оятни қандоқ қироат қилишни ўрганиш керак. Устоз ўқиб бергандек қилиб, у кишига қайтариб ўқиб бериш ва шу ҳолда ўқишга устознинг ижозатларини олиш керак. Ана шунда, Қуръон тиловот қилишни ўрганган бўлинади. Бу ҳар бир мусулмон учун фарз нарсадир.
Қуръон илмини тўлиқ билмоқчи бўлган киши араб тилини яхши билмоғи лозим. Чунки, Қуръони Карим араб тилининг олий даражадаги балоғат ва фасоҳат намуналарини ўзида мужассам қилган илоҳий мўъжиз китобдир.
Араб тилини ўрганиш эса, нахв-сарф, балоғат ва фасоҳат илмларини ва бошқа зарур илмларни тўлиқ ўрганиш билан бўлади. Буни эса, ҳар қандай араб ҳам уддалай олмайди.
Қуръони Каримни билиш учун «Қуръон илмлари» деб номланган илмлар мажмуасини ўрганиш керак.
Бу мажмуага жумладан, Қуръони Карим тарихи, оятларнинг Маккий ёки Маданийлиги, муҳкам муташобеҳлиги, ом-хослиги, носих-мансухлиги, нозил бўлиш сабаби, қайси оят аввал, қайсиниси кейин нозил бўлгани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай тафсир қилганлари каби бир қанча илмлар киради. Ким ушбу илмларни яхши ўзлаштириб, ояти карималар маъноси, уларда кўзланган мақсадни баён қилиш малакасига эга бўлса муфассир-тафсирчи бўлади. Буни ҳар бир мусулмон билиши шарт эмас.
Ҳар бир мусулмон имкони борича ўрганишга уриниши лозим. Аммо ҳар бир жамиятда ўша жамият эҳтиёжларига яраша муфассир бўлиши шарт. Бўлмаса, ўша жамият аъзоларининг ҳаммаси гуноҳкор бўладилар.
Мазкур илмларни ўзлаштирган одам ушбу ҳадис таъбирича исломий илмларнинг учдан бирини ўзлаштирган бўлади. Икки учта қисқа сурани чала ёдлаб олган одам «қори ака» бўлиб қолмайди.
Қуръони Карим маънолари таржимасини ўқиган одам ёки араб тилини билиб, арабча тафсир ўқиган одам муфассир бўлиб қолмайди.

2. «қоим суннат»
Шаръий илмларнинг иккинчи асоси-«қоим суннат»-яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
Суннат нималиги, унинг шариатимиздаги аҳамияти ва бошқа масалаларни китобимиз муқаддимасида ўргандик.
Бу илм ҳам юқорида зикр қилинган Қуръон илмларига ўхшаб ўзига хос бир қанча илмларни ташкил этади. Ўша илмларни устозлардан ўрганиб, уларнинг изнини олган кишилар суннат-ҳадис илми мутахассислари ҳисобланади.
Ҳадиси шарифлар маъносининг таржимасини ўқиган ёки баъзи бир ҳадисларнинг арабчадан таржима қила оладиган кишилар муҳаддис эмаслар.
Ҳар бир мусулмон имкони борича пайғамбаримиз суннатидан хабардор бўлишга уруниши лозим. Лекин, ҳар бир жамиятда, ҳар бир диёрда суннат илмида ўша жамият, диёр эҳтиёжини қондирадиган даражада суннат илмини балувчи олимлар бўлиши фарзи кифоя. Шу нарса бўлмаса, ўша жамият, ўша диёр мусулмонлари ҳаммаси тарки фарз қилган гуноҳга қолдилар.

3. «одил фаризат»
Шаръий Исломий илмнинг учинчи асоси-«одил фаризат»дир. Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган «одил фаризат»дан мурод нима эканлиги ҳақида уламоларимиз икки хил фикр айтганлар.
Биринчиси, «одил фаризат»дан мурод меросни адолат билан тақсим қилиш илми.
Бу илмни «Фароиз» илми ҳам дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи всаллам бу илмга алоҳида эътибор берганларининг сабаби, бу илм энг биринчи орадан кўтариладиган илм бўлгани учундир.
Иккинчиси, «одил фаризат»дан мурод, мусулмонларга фарз бўлган нарсаларни билдирадиган илм, дегани. Яъни, Китоб ва Суннатдан кейинги, шариатимизнинг учинчи ва тўртинчи масдарлари ижмоъ ва қиёсларни билиш деганидир, дейилади.
Менимча, бу икки фикрнинг қўшилгани мақсадга мувофиқ.
«Одил фаризат» ижмоъ ва қиёсни, мерос илмини ҳамда мусулмонларга фарз-вожиб бўлган ҳамма нарсалар илмини ўз ичига олади.
Бошқача қилиб айтганимизда фиқҳ илмини ифода қилади. Китобнинг аввалида ҳар бир муҳаддис ҳам фақиҳ бўла олмаслигини, баъзи Аҳмад ибн Ҳанбал ва Молик ибн Анас розияллоҳу анҳуларга ўхшаш улкан муҳаддислар эса, фиқҳий мазҳабга асос солганларини, бошқа муҳаддислар эса, фиқҳий мазҳаблардан бирига эргашганларини айтган эдик.
(Машҳур муҳаддислардан фақат Имом Бухорийнинггина қайси фиқҳий мазҳабда бўлганликлари маълум эмас).
Худди, шу гапни муфассирларимиз ҳақида ҳам такрорлаймиз. Улар ҳам маълум фиқҳий мазҳабга эргашганлар. Чунки, тафсир ўзига хос илм, фиқҳ ўзига хос илм. Фиқҳ илмига эга бўлиш ҳам осон эмас. Фақиҳ бўлиш учун кўпгина илмлардан бохабар бўлиш керак. Хусусан «Усули фиқҳ» номли илмни билмаган одам шариатда ҳукм чиқариш масдарлари, усуллари нима эканлигини ва бошқа кўпгина қонун-қоидаларни билмайди.
Табийки, бу улуғ илмга ҳамма ҳам сазовор бўлавермайди. Ҳар бир мусулмон учун фиқҳ илмидан ўзига керакли нарсаларни ўрганиб олиш фарзи айн ҳисобланади. Ҳар бир жамият, ҳар бир ўлкага эса ўз эҳтиёжига ярша фаҳқиҳлар тайёрлаб олиш фарзи кифоя бўлади. Бу ишни қилмаган жамият ва ўлка мусулмонлари барчалари гуноҳкор бўладилар.
Шу билан бирга баъзи фиқҳ китоблари ёки уларнинг таржимасини ўқигани билан одамлар фақиҳ бўла олмаслигини ҳам билиб қўйишимиз керак.
Юқоридаги уч илмдан ўзга шариатга тааллуқли илмлар зарурат эмас, фазилат ҳисобланар экн.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Қуръони Каримни ўрганиб, унга тегишли илмни ўрганиш.
2. Суннат ва унга тегишли илмни ўрганиш.
3. Фарз нарсаларга ва илми фароизга тегишли илмни ўрганиш.
4. Мазкур нарсалардан ташқари шариатга тегишли бошқа илмлар фазл эканлиги.

Қадимдан мусулмон уммати мазкур уч илмга катта эътибор билан қараб келган. Доимо мусулмонлар ичидан ушбу уч илмда етук олимлар чиққан. Ҳозир ҳам бу маънода кўпгина мусулмон ўлкаларда тафсир, ҳадис ва фиқҳ уламолари мажуд. Улар ўз жамиятлари, юртлари учун хизматларини адо этмоқдалар. Ўз соҳалари бўйича илмий асарлар, китоблар битмоқдалар.
Лекин, минг афсуслар бўлсинким, баъзи бир мусулмон ўлкаларда бу ҳолат йўқ. Турли ички ва ташқи сабабларга кўра мазкур илмлардан мусулмонлар оммаси бехабар. Уларнинг ичида том маънодаги муфассир, муҳаддис ва фақиҳлар йўқ. Мусулмонлар мазкур илмлардан ҳар бир мусулмон шахс билиши зарур, лозиму-лобуд бўлган, фарзи айн нарсаларни ҳам билмайдилар. Бу эса ўша шахсларнинг ҳар бирига ўз шахси учун фарз бўлган нарсани қилмаганчалик гуноҳини юклайди. Ўша жамият ва юртларда етарли даражада муфассир, муҳаддис ва фақиҳлар ҳам йўқ. Бу эса, мазкур юртлар мусулмонлар оммаси зиммасига фарзи кифояни тарк қилганлик гуноҳини юклайди.
Энди эса, ўзини мусулмон ҳисоблаган ҳар бир шахс ушбу ҳадисда зарур ҳисобланган уч илмдан ўзи учун зарур миқдорда ўрганиши учун ҳаракатга ўтмоғи лозим. Зиммасида турган гуноҳни соқит қилиш учун интилмоғи керак. Билган одамлардан ўрганмоғи, китоблардан ўқиб-ўзлаштирмоғи фарзи айндир.
Шунингдек, мазкур илмлар бўйича етарли сон ва савияда мутахассисларни йўқ жамият ва юртлар ҳам уларни тайёрлаб олиш учун, зиммаларида турган умумий гуноҳни соқит қилиш учун ҳаракат қилмоқлари зарур. Бунинг учун юқорида зикр қилинган илмларни тўла эгаллаган юртлардан уламоларни таклиф қилиб, ўқув юртларини очиш, керакли машғулотларни йўлга солиш керак. Ёки вақтинчалик бўлса ҳам чет элларга талабаларни юбориб ўқитиш керак. Ана шундагина шариатимизни билиш учун энг зарур ҳисобланган уч илм бўйича Аллоҳнинг олдидаги мажбурият бажарилган бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки хислат мунофиқда жам бўлмайди: Гўзал шакл ва динда фақиҳ бўлишлик», деганлар».
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифлари хабар шаклида келса ҳам буйруқ маъносини ифода қилмоқда.
У зотнинг: «Икки хислат мунофиқда жам бўлмайди: Гўзал шакл ва динда фақиҳ бўлишлик» деганлари «Эй умматларим, мунофиқ бўлмайин десангиз, гўзал шаклга эга бўлишга ва динда фақиҳ бўлишга урининглар», деганларидир.
Демак, ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимиздаги татбиқ қилиб, гўзал шаклга эга бўлиш учун ва Ислом динида фақиҳ бўлиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Гўзал шаклга эга бўлишлик том маънода гўзал бўлишликдир. Исломда ҳар бир нарса гўзал бўлишига тарғиб қилинди. Шунинг учун биз мусулмонлар том маънода гўзал бўлишга ҳаракат қилмоғимиз матлубдир.
Динда фақиҳ бўлиш-Ислом динини дақиқ тушиниш эса икки дунёдаги саодатимиз учун ниҳоятда зарурдир. Динда фақиҳ бўлишлик-иймон нимаю-куфр нима, Ислом нимаю-нифоқ нима, савоб нимаю-гуноҳ нима, ҳалол нимаю-ҳаром нима, жаннат нимаю-дўзах нима, жаннатга нима билан эришиладию- дўзахга нима сабаб бўлади ва шунга ўхшаш муҳим масалаларни тўлиқ билишлик деганидир.
Биз мусулмонлар мунофиқ бўлмайлик, десак ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилган икки нарсани ўзимизда жам қилишга урунишимиз лозим. Бу билан эса икки дунёмиз саодатини таъминлаган бўламиз.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсасидек, мўмин уни қаерда топса ҳам, ҳақлироқдир», деганлар. Бошқа бир ривоятда: «Ким талаби илм қилса, ўтган нарсаларга каффорат бўлур», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Ҳадиси шарифдаги «ҳикматли калима»дан мурод-фойдали илмдир. Ҳикмат-илм экани ҳаммага маълум. Ўша ҳикмат бир калима бўлса ҳам мўмин киши уни олишга уруниши лозим экан.
«Ҳикматли калима, худди мўминнинг йўқотган нарсасидек».
Яъни, фойдали илм бир калима бўлса ҳам мўмин уни худди йўқотиб қўйган нарсасини излаб юргандек излаб юриши керак.
«Мўмин уни қаерда топса ҳам, ҳақлироқдир».
Яъни, бир калима бўлса ҳам илмни мўмин қаердан топишидан қатъий назар олиши зарур.
Бу ҳадиси шарифда мўмин инсон илмга доимо талабгор бўлиши, қаердан топса ҳам уни олишга ҳаракат қилиши лозимлиги баён қилинмоқда.
Шунинг учун ҳам, уламоларимиз ақида ва дин илмларидан бошқа илмларни ғайри динлардан ҳам олиш мумкинлигини қаттиқ тайинлайдилар.
Мусулмон инсон ўз ақидасини ва динини маҳкам тутган ҳолида ўзи учун, жамият ва эл-юрти учун фойдли илмларни ғайридин кишилардан, ғайри дин юртларда ҳам олиши мумкин. Илмни қаердан олишнинг фарқи йўқ. Албатта, мусулмон юртида, мусулмон шахсларда бор илмларни улардан олиш керак. Аммо, мусулмонлар учун, эл-юрт учун керакли илмни ғайридиндан олмайман, деб ўрганмай юриш мутлақо нотўғри эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз.
Минг афсуслар бўлсинким, бошқа Исломий таълимотлар қатори, ушбу ҳадиси шарифга бугунги ҳаётимизда кам амал қиламиз. Бошқалар илм соҳасида ғоят катта ютуқларга эришган бўлишларига қарамай бизнинг юртларимизга келиб, тарихимизни, асори атиқаларимизни, илмий меросларимизни ва бошқа нарсаларимизни ўрганаётган бир пайтда ҳаётимизнинг кўплаб соҳаларида ўзимиздан етарли мутахассислар тайёрлашга уринмаймиз.
Кўпчилик муҳим соҳалар илмга рағбатсизлигимиз оқибатида ўз юртимизда ўзгаларга топширилиб қўйилган. Баъзи бир илмга уринганларимиз эса, диндан бехабар бўлганларидан, кимнинг олдида илм ўрганган бўлса, ўшанинг эътиқоди, урф-одати ва ҳаёт тарзидан таъсирланган, ўшанинг измига тушиб қолган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир калима илмни ҳам худди йўқотган нарсамизни қидириб юргандек излаб юришимизни амр қилган бўлсалар ҳам бизда умуман илмга қизиқиш йўқ. Бутун бошли илмлар бўйича етарли мутахассисларимиз йўқ.
Тараққиётдан орқада қолишимизнинг сабаби ҳам–шунда!
Илм-маърифатдан, маданиятдан орқада қолишимизнинг сабаби ҳам-шунда!
Мантиқан илм соҳасидаги қолоқлигимиз бошқалардан кўра илмга кўроқ уринишимиз лозимлигини тақазо қилади. Воқеъликда эса, бунинг тескариси бўлмоқда. Бошқа тарааққий этган халқлар йил сайин, ой сайин илмга кўпроқ маблағ сарфлаб, илмдан яна ҳам кўпроқ фойда олишга урунаётган бир пайтда биз–мусулмонлар бефойда нарсаларга керагидан ортиқ маблағ ва куч сарфлаб, илмга эса керакли нарсани ҳам сарфламаяпмиз. Илм учун қилинган ҳамма ишлар хўжакўрсинга қилинмоқда.
Ислом юртларида илмий савияни ўқув юртларининг сони ва номига қараб, талабаларнинг ададига қараб ўлчаш одат бўлган. Бу эса ожизлик аломатидир. Бизда «фалончи дорулфунун бор, аҳолининг фалон фоизи талаба» дейиш билан нима фойда топилади.
Аслида эса, илмнинг савияси унинг жамиятга келтираётган фойдасига қараб белгиланади. Бошқалар ҳар бир илмдан инсон учун, инсоннинг яхши яшаши учун фойда олиш билан банд бўлиб турган бир пайтда биз саводхонликни илм, деб юрибмиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаердан бўлса ҳам илм олишимиз зарурлигини қаттиқ таъкидлашларига қарамай, биз ўзимизда бор илмларни ҳам йўқотиб, буюк боболаримиз қолдирган илмий меросни бошқалар қўлига топшириб қўйиб юрибмиз.
Агар биз ҳақиқий тараққиётга эришмоқчи бўлсак, дунёнинг пешқадам халқлари сафига қўшилмоқчи бўлсак, илмга бўлган бугунги муносабатимизни Ислом таълимотлари асосида тамоман ўзлаштиришимиз лозим. Фойдали бўлган бир калима илмни ҳам ўзимиз йўқотиб қўйиб излаб юрган нарсамиз, деб билишимиз керак. Уни қаерда топсак ҳам бошқалардан кўра ўзимиз ҳақли эканимизни билишимиз керак. Ана ўшандагина ушбу ҳадисда васф қилинган мўминлик сифатига эришган бўламиз.
Энди, бошқа бир ривоятда келган маънони диққат билан ўрганайлик.
Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким талаби илм қилса ўтган нарсаларга каффорат бўлур», демоқдалар.
Талаби илм ибодат эканини билар эдик. Талаби илм савоб иш эканини билар эдик. Энди эса, талаби илм баъзи ўтган гуноҳларнинг ювилишига ҳам сабаб эканини билиб олмоқдамиз. Бу-Ислом дини талаби илмга қанчалик аҳамият беришини яна бир бор кўрстади. Гуноҳга йўл қўймаган банда йўқ. Демак, ҳар бир банда ўз гуноҳининг ювилишига муҳтож. Тавба билан, бошқа ибодатлар билан, гуноҳлар ювилиб туради, аммо баъзи бирлари талаби илм билан ювилади. Ана ўша гуноҳларимизни ювиш учун ҳам талаби илм қилишимиз керак. Бундан ҳеч кимга эмас, фақат ўзимизга фойда келтирамиз холос. Ҳа, илм талабида бўлсак гуноҳларимиз, албатта, ювилажак!

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир фақиҳ Шайтон учун минг обиддан ҳам ашаддийроқ (душман)дир», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳазрати Абдулоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида диний илмлар олимининг фазли қанчалар улуғ эканини баён қилмоқдалар. Ушбу фазлни яна ҳам равшанроқ кўрсатиш учун диний илмлар олимини обид кишига солиштириб баён қилмоқдалар. Обид–ўзини ибодатга бағишлаган одамдир. Қўшимча ибодатларга кўп аҳамият берувчи, кўп вақтини нафл ибодатларга бағишлаган одамдир. Шубҳасиз бундай одам фазилати бўлади. Кўпчилик унинг ибодатли шахс бўлгани учун ҳам ҳурмат қилади.
Аммо олимга солиштирганда мингта обиднинг фазли ҳам битта олимнинг фазлига тўғри келмас экан. Нима учун? Чунки, обид сифатига эга бўлган инсон илмдан унчалик хабардор бўлмайди, бўлса ҳам фақат ўзи учунгина ишлатади. Кўпинча ибодатли кишиларга илм етишмаса, шайтон васвасасига учиб йўлдан озишлар ҳам содир бўлиб туради. Шунинг учун ҳам обид шахс шайтонга нисбатан ҳеч қандай қаршилик кўрсатмайди. Тўғрироғи, шайтоннинг ишларига қарши фаолият кўрсатмайди.
Олим киши эса, Аллоҳ таолога берган илм ёрдамида шайтоннинг бирга макр-ҳийлаларидан хабардор ва уларга қарши кўриладиган тадбир-чораларни яхши биладиган шахс бўлади. Шайтон қаерда одамларни иғвога солса, уларни тўғри йўлдан адаштирмоқчи бўлса, олим ўша ерда пайдо бўлади ва шайтоннинг иғвосига қарши зарур чораларни кўради. Шунинг учун бир олим шайтон учун минг нфар обиддан кўра ашаддийроқ душман ҳисобланади.
Исломда шунинг учун ҳам диний илм олимлари юқори қадрланадилар. Олим бор жойда кишиларнинг шайтон васвасасига учиши оз бўлиши тарихий тажрибадан исбот бўлган ҳақиқатдир. Қайси бир жамиятда кераклигича диний олим бўлса, ўша жамиятда шайтоннинг васвасаси оз бўлади. Олимлар ваъз-насиҳат, дарсу-иршодлари билан халқни шайтонга малай бўлишдан қайтариб, Аллоҳнинг йўлига юришни уқдириб турадилар. Уламолари йўқ ёки кам жойларда эса халқ оммаси шайтонга малай бўлиб қоладилар.
Шунинг учун ҳам орамиздан кўпроқ етук диний олимлар чиқиши учун ҳаракат қилмоғимиз лозим. Бор уламоларни эса жамият учун, эл-юрт учун, уларнинг шайтоннинг васвасасидан сақланишлари учун зарур кишилар сифатида тақдирлашимиз лозим.

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди: «Бири обид, бошқаси олим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Одатимизга кўра аввал у киши билан танишиб олайлик:
Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳунинг асл исмлари Судай ибн Ажлондир. Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилганлар. У киши ривоят қилган ҳадисларни кўпчиликлигини шомликлар ҳузуридан топиш мумкин. Ҳаммаси бўлиб 250та ҳадис ривоят қилганлар.
Абу Умома аввал Мисрда яшайдилар, кейин Шомга кўчиб ўтадилар. Ҳижратнинг 86 санасида ўша ерда вафот этадилар. Бу зот Шомда энг охирги вафот этган саҳоба эдилар.
Саҳобаи киромлар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши-олим ва обид зикр қилинди ва уларнинг қайси бири афзал эканлиги ҳақида сўралди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди», дедилар.
Саҳобалик катта бахт, ҳатто энг кичик саҳоба бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини топиш ҳам чексиз саодат. Шунингдек, обид бўлишлик ҳам яхши нарса. Аммо обидни олим билан тенглаштириб бўлмайди. Олимлик даражаси жуда ҳам устундир. Олим билан обиднинг орасидаги фарқ худди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳобанинг орасидаги фарққа ўхшайди.
Бу солиштиришни тўла тушуниб етиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зоти мубораклари нақадар олий эканлигини тушуниб етишимиз керак бўлади. У зот одам боласининг энг улуғи, Аллоҳ пайғамбарларининг энг афзалидир. Оддий инсонлар ичида энг афзал инсонлар саҳобалар, уларнинг ичида катта саҳобалар, катта саҳобалар ичида тўрт халифалар энг афзл бўлсалар, уларнинг ҳаммалари тўплангандаги фазллари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Энди шу солиштиришни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳобий орасида қилиб кўрайлик. Орада қандоқ фарқ бўлишини билиб олаверсак бўлади.
Ислом назарида олим билан обид орасидаги фарқ ўшанча бўлади. Энди олим билан обид ҳам, олим ҳам бўлмаган одамнинг орасида қанчалик катта фарқни билиб олиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.
Шунинг учун ҳам, ўшандоқ фазлга эга бўлишни хоҳлаган киши диний илмларни эгаллаб, олим бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Диний илмларни эгаллаган мусулмон олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари эканлиги аввал ўрганган ҳадисларимизнинг бирида айтиб ўтилган эди. Энди эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг кичик саҳобийдан қанчалик афзал бўлсалар диний илмлар олимининг обид кишилардан шунчалар афзал эканликлари баён қилинмоқда. Бунда эса диний илмларни ўрганишга катта тарғиб бордир. Чунки ҳар бир жамият, балки бутун инсоният Исломий илмларнинг яхши билган олимларга жуда ҳам муҳтождир. Аллоҳнинг каломини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини, шариатимиз таълимотларини кишиларга етказишда ана ўша омиллар зарурдирлар. Инсониятни Ислом ҳидоятига таништириш, мусулмонларга шариат аҳкомларини баён қилиш, ҳалолни ҳаромдан, гуноҳни савобдан, яхшини ёмондан ажратиш йўлларини кўрсатиш учун мусулмон уламолар керакдир.
Шунинг учун ҳам динимизда уламоларимиз юксак тақдирланади. Уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меросхўрлари, умматимизнинг гултожлари, деб қаралади. Уларни чексиз ҳурмат қилинади. Исломда ҳақиқий диний илмлар уламолари қанчалик тақдирланишларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадис давомидаги сўзларидан ҳам билиб олса бўлади:
«Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар».
Саловот айтиш Аллоҳ таоло томонидан бўлганда У зотнинг бандага кўрсатадиган раҳматини ифода қилади.
Саловот осмонлар аҳли, яъни, фаришталр томонидан бўлганида эса, уларнинг бандага истиғфор айтишини ифода қилади.
Саловот айтиш ер аҳли, яъни, одамлар томонидан бўлганда эса уларнинг дуо қилишларини ифода этади. Одамларга яхшиликни ўргатувчилар мусулмон уламолардир.
Чунки, Ислом нуқтаи назарида яхшилик-Ислом шариати яхши, деб айтган нарсалардир. У нарсалар нима эканини уламолар биладилар ва уларни одамларга ўргатадилар. Уламолар дарсларда, ваъз-насиҳатларда, илмий суҳбатларда, ёзган китобларида ва ҳозирги замонда матбуот ва ахборот воситалари орқали тарқатган мақолаларида одамларга Аллоҳнинг динини-айни яхшиликни ўргатадилар. Ана шундай ишни ихлос билан, Аллоҳнинг розилиги учунгина адо этадиган ҳақиқий уламоларга:

1. Аввало Аллоҳ таоло саловот айтади, яъни, уларга раҳмат назари билан қарайди.
2. Сўнгра осмонларнинг аҳли, яъни фаришталар ва яна осмонда бўлиши мумкин бўлган зотлар саловот-истиғфор айтади.
3. Ернинг аҳллари, яъни одамлар ва жинлар ҳам ўша уламоларга одамларга яхшиликни ўргатганлари учун дуо қилиб турадилар.
4. Ердаги бошқа жонзотлар ҳам, ҳаттоки уясидаги чумоли ва сувдаги балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи кишиларга саловот айтиб турадилар.

Бу нарсалар ҳақиқий мухлис уламолар Исломдан қандоқ тақдирланишларини яна бир бор намоён қилмоқда.
Кези келганда эслатиб ўтиш жоиз бўлган бир нарса бор. Ҳамма яхшиликлар суиистеъмол қилинганидек, уламолик шарафи ҳам баъзи кишилар томонидан суистеъмол қилинади. Баъзи одамлар мусулмонлар томонидан уламоларга кўрстиладигн эҳтиромни кўзлаб, ўзларини уламо қилиб кўрсатиб юрадилар. Аслида эса, улар ҳақиқий уламо бўлмайдилар, баъзилари билганларига амал ҳам қилмайди. Албатта бундай кишилар мазкур мадҳ ва ваъдалардан мустаснодирлар. Дунё учун, риё учун, шуҳрат учун ўзини олим кўрсатган, илмига амал қилмаган кишиларнинг ҳоли қандоқ бўлиши бошқа ҳадисларда баён қилинади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Олим билан обиднинг орасидаги фарқни ва шунга ўхшаш нарсаларни сўраш мумкинлиги.
2. Олимнинг обиддан фазли-худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг кичик саҳобийдан афзалликларига ўхшаши.
3. Аллоҳ таолонинг одамларга яхшилик ўргатувчига раҳмат назари билан қараши.
4. Осмонлардаги зотлар уламолар ҳаққига истиғфор айтиб туришлари.
5. Ердаги зотлар уламолар ҳаққига дуо қилиб туришлари.
6. Ҳаттоки уясидаги чумоли ва сувдаги балиқ ҳам уламолар ҳақига дуо қилиб туришлари.

Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилиш учун олим бўлишга уруниш, олимнинг обиддан фазли қанчалар кўп эканини тушуниш керак. Олимлар эса, ўз исмларига яраша ихлос билан Аллоҳнинг йўлида кишиларга яхшиликни ўргатишлари зарур. Мусулмонлар эса, ҳақиқий олимга Аллоҳ тарафидан, осмонлар аҳли тарафидан, ер аҳли тарафидан, ҳаттоки уясидаги чумоли ва сувдаги балиқ ҳам саловот айтишидан ўрнак олиб, уламоларнинг ҳақларига дуо қилишлари, уларни иззат икром қилишлари лозим. Мусулмонман, деган одам. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиман, деган одам У зотнинг ҳадисларига амал қилиши керак. Пайғамбаримизнинг ҳадиси эса уламоларнинг ҳурмат қилишни буюрмоқда. Бу нарса бир вақтнинг ўзида уламоларни беҳурмат қилмаслик маъносини ҳам англлатади. Ислом динида ҳақиқий уламоларни беҳурмат қилишлик-одамларга яхшилик ўргатувчини беҳурмат қилиш, пайғамбарлар меросхўрларини, Аллоҳнинг раҳмат назарига сазовор бўлган кишиларни, осмондаги ва ердаги зотлар барчасининг саловотига сазовор бўлган кишиларни беҳурмат қилиш бўлади.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа бир ҳадисларида «Ким кичигимизни иззат қилмаса, каттамизни улуғламса ва уламоларимизни эҳтиром қилмаса биздан эмасдир», деганлар.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин интиҳоси жаннат бўлгунча ўзи эшитган яхшиликдан зинҳор тўймайди», дедилар». Юқоридаги беш ҳадисниТермизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг ровийлари Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу билан танишмиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида мўмин киши умрининг охиригача яхшилик-илмни талаб қилиб бориши зурурлигини, ана шунда жаннатга дохил бўлишини таъкидламоқдалар. Исломдаги бешикдан қабргача илм талаб қилиш зарурлигига ишора бу ҳадисда ўзига хос услиб билан янгиланмоқда. Мўмин киши доимо илм талаб қилиши, ўзи, дини, биродарлари, эли-юрти учун фойдали бўлган нарсаларни ўрганиб юриши лозим.
Бу қоидага ҳаммамиз тўлиқ амал қилсак, улкан бахту саодатга эришган бўламиз.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қиёмат куни уч тоифа шафоат қилади: «Анбиёлар, уламолар ва шаҳидлар», дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ:Бу ҳадиси шариф ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши билан яқиндан танишиб олайлик:
Усмон ибн Аффон ибн Абу Осс Умавий ал-Қураший, кунялри Абу Абдуллоҳ. Маккада таваллуд топганлар. Аввалгилардан бўлиб Исломни қабул қилганлар. Мўминларнинг амири, хулафои рошидинларнинг учинчиси, жаннатга киришга башорат берилган ўнта саҳобанинг бири бўлганлар. Икки ҳижрат соҳиби. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Руқия ва Умму Гулсум исмли қизларини ўз никоҳларига олганликлари учун «Зуннурайн (икки нур соҳиби) лақабини олганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этаётганларида рози бўлган олти саҳобанинг бири.
Жоҳилиятда Усмон розияллоҳу анҳу шарафли бойлардан бўлган. У киши тақводор, ҳаёли саҳобалардан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳамма ғазотларда бирга бўлдилар. Фақат Бадр ғазотида хотинлари Руқия қаттиқ касал бўлганликлари сабабли иштирок эта олмадилар. Анашу кунда мусулмонлар ғалабаси билан Руқия розиялоҳу анҳонинг вафотлари бир кунга тўғри келди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу серэҳсон ва саҳий кишилардан эдилар. Ғазотларнинг бирида аскарларнинг ярмини ўз тасарруфарига олган ва минг динор пулни камбағалларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилган, бундан ташқари бир яҳудийдан «Равма» номли қудуқни сотиб олиб, мусулмонлар фойдаланишлиги учун бериб юборган эдилар.
Ҳижратнинг 23 санасида мусулмонлар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга байъат беришди. Бу зот халифлик даврларида кўп ишларни амалга оширдилар. Шулардан Африка, Сижистон, Хуросон, Арманистон, Кавказ, Кармон, Қибрис фатҳ этилди. Қуръони Каримнинг асл нусҳали китоб ҳолига келтирилди. Зобитлик йўлга қўйилди. Масжиди Ҳаром ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари кенгайтирилди. Ийд намозига хутба ўқиш ва Жума намозига аввалги азонни айтишлик жорий қилинди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 146та ҳадис ривоят қилдилар. Бу кишидан бир неча саҳоба ва тобеинлар ривоят қилишган ва у киши ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 35 санасида Зулҳижжа ойининг 12-кунида 80 ёшдан ўтганларида вафот этдилар.
Ҳадиси шарифнинг маъносидан кўриниб турибдики, Ислом улмолари нафақат бу дунёда, балки энг муҳими у дунёда ҳурматланар эканлар. Қиёмат куни уламолар пайғамбарлардан кейинги мартабага эришар эканлар. Ҳатто Ислом учун Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиб жон берган шаҳидлардан ҳам устун мартабага эришар эканлар. Қиёмат кунининг нима экани ҳаммага маълум. У кунда ҳамма ғам-ташвишда, қўрқинчда қолиши, биров билан бировнинг иши бўлмай қолиши ҳам барчага яхши маълум. Ана ўшандоқ кунда Аллоҳ таоло ўз бандаларидан уч тоифасига алоҳида имтиёз берар экан. Улар мазкур қўрқинч, даҳшат ва хорликлардан мустасно қилинар экан. Балки ундан ҳам зиёда ҳолда бошқа бандаларга шафоат бериш ҳақини ато этилар экан.
Аввало анбиё алайҳиссаломлар ўзлари хоҳлаган, муносиб билган кишиларга шафоат бериб, Аллоҳдан уларни жаннатга киритишини сўрар эканлар.
Анбиёлардан сўнг эса, уламоларга шафоат қилиш ҳуқуқи берилар экан. Улар ҳам ўзлари муносиб деб билган одамларга шафоат бериб, Аллоҳдан уларни жаннатга киритишни сўрар эканлар. Сўнгра бу ишга шаҳидлар муяссар бўлишаркан. Улар ҳам маълум кишиларни шафоат қилар эканлар.
Бу ҳадис уламоларнинг охиратдаги мартабалари қанчалик улуғ эканини кўрсатиб турибди. Бу эса олим бўлиш учун қаттиқ ҳаракт қилишга тарғиботдир.
Уламоларнинг фазли ҳақидаги ҳадислар жуда ҳам кўп. Улардан бъзиларини келтирамиз:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

1. «Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла курсисига бандалари орасида ажрим қилиш учун ўтирганда улмоларга: «Мен сизларга илмимни ва хилмимни фақат сизларнинг бор нарсаларингизни, танламасдан мағфират қилишим учун берганман», дейди», дедилар.
2. «Аллоҳ қиёмат куни бандаларни қайта тирилтирганда улмоларни ажратиб олиб: «Эй уламолар жамоаси, Мен сизларга илмимни сизни азоблашим учун берган эмасман. Кетаверинглар, сизларни мағфират қилдим» дейди», деганлар.
3. «Ибодатнинг афзали фиқҳдир. Диннинг афзали парҳезкорликдир», деганлар. (Пархезкорлик-энг ҳалол нарсаларни истеъмол қилиб, шубҳали нарсаларни тарк этиш, тақволи бўлишдир).
4. «Толиби илмга илм талаб қилиб турган ҳолатида ўлим келса, у шаҳиддир», деганлар.
5. «Кимга илм талаб қилиб турган ҳолида ажали келса, у билан пайғамбарларнинг ўртасида фақат пайғамбарлик бўлади, холос», деганлар.
Ушбу беш ҳадисни Имом Термизий ривоят қилганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ер юзида уламолар худди еру сувнинг қоронғулигида йўл топишга ёрдам берувчи йўлчи юлдузга ўхшайди. Юлдузлар ғойиб бўлганда йўловчилар адаша бошлайдилар», дедилар.
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олим билан обид қайта тирилтирилади. Обидга: «Жаннатга кир», дейдилар. Олимга: «Одамларнинг одобини гўзал қилиб тарбиялаганинг учун, уларга шафоат бериш учун собит тур» дейилади», дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифлардан ибрат олмоғимиз, ҳаётимизда фойдаланмоғимиз-ҳаммамизнинг мусулмонлик бурчимиздир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Руҳий қоидалар кўпгина лаззатлардан ва бадан хоҳлаб турган нарсалардан воз кечишни талаб қилади. Бу эса дабдабабозликка, ҳоюҳавасга берилган кишиларда содир давоми...

2610 05:00 / 13.03.2017
...Еб ичгандан кейин ҳамд айтишда Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи ризқ беруви зот эканини эътироф қилиш бор. Шу билан бирга бу ишда Аллоҳ таолога шукрни доимий янгилаб давоми...

3156 05:00 / 13.03.2017
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мелодий 2002 йил 4 январда қилган жумъа хутбалариАлҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога давоми...

5709 12:29 / 15.03.2017
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳим Қулоғим ва кўзимни менга салоҳиятли қилгин. Иккисини менга давоми...

3551 05:00 / 14.03.2017