1447 йил 5 ражаб | 2025 йил 25 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Туркияда халққаро симпоизум, Саудияда электрон платформа тақдимоти

14:48 / 03 декабрь 638 pdf Ўқиш режими + -

Ўзбекистонлик бир гуруҳ олимлар Туркия Республикасида бўлиб, қатор анжуманлар, давра суҳбатлари, тақдимот ва кўргазмаларда иштирок этишди. Сафарнинг марказий воқеаси Истанбул шаҳридаги халқаро симпозиум бўлди. Унда 37 мамлакатдан 50 дан ортиқ маърузачи ва 300 га яқин иштирокчи қатнашди, музей иши ва маданий меросни асраш бўйича замонавий ёндашувлар муҳокама қилинди.

Тадбирда Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг видеомурожаати намойиш этилди. Вице-президент Жевдет Йилмаз, Миллий саройлар директори Ясин Йилдиз ва бошқа расмийлар иштирокчиларни қутладилар.

Мазкур анжуманда Ўзбекистондан Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова, «ЎзАрхив» Миллий агентлиги директори ўринбосари Шерзод Содиқов, агентлик катта илмий ходими Насриддин Мирзаев сингари ўзбекистонлик олимлар мамлакатимизда маданий меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш масалалари бўйича маърузалари билан иштирок этишди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган. Марказнинг асосий мақсади – ислом маърифатини ўрганиш ва аждодларимиз меросини халқимизга ҳамда дунё жамоатчилигига етказишдан иборат. Марказда музей экспозициялари замонавий талаблар асосида шакллантирилган, илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳалар билан бойитилган. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда марказ экспозициялари яратилмоқда, музейда сунъий интеллект орқали буюк аждодларимизнинг сиймоси жонлантирилмоқда, деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ўз маърузасида.

Анжуманда марказ фаолияти ҳақида видеоролик намойиш этилди. Роликда марказнинг сўнгги йиллардаги ривожланиши, илмий-тадқиқот ва музей экспозициялари, маҳаллий ва хорижий экспертлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида кенг маълумот берилди.

Сафар доирасида марказ вакиллари ИРСИКА раҳбари Маҳмуд Эрол Қилич билан учрашдилар. У Ўзбекистоннинг ислом маданияти ва меросини асрашда 57 мамлакат орасида етакчи ўринда эканини, Марказ эса Президент ташаббуси билан амалга оширилган йирик мегалойиҳа сифатида бутун Ислом олами учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. ИРСИКА томонидан Ўзбекистондаги маънавий-маърифий ислоҳотлар ҳақида махсус китоб-альбом тайёрланаётгани ҳам маълум қилинди. Унда сўнгги йиллардаги туб ўзгаришлар, қўшма тадбирлар ва келгуси лойиҳалар акс эттирилади.

Ташрифнинг муҳим қисми сифатида делегация Сулаймония кутубхонасидаги нодир қўлёзмалар фонди билан танишди. Туркия Қўлёзма асарлар бошқармаси раиси Жўшқин Йилмазнинг айтишича, бу ерда 200 мингдан ортиқ қўлёзма замонавий шарт-шароитларда сақланади, уларнинг катта қисми Ўзбекистон тарихий мероси билан боғлиқ. Ўзбек ва турк мутахассислари қўлёзмаларни ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича узоқ йиллардан бери самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Туркияда амалга оширилган тадбирлардан сўнг, вакилларимиз Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида хизмат сафарида бўлди. Сафар Бутунжаҳон ислом лигаси (Muslim World League) Бош котиби таклифига биноан амалга оширилди.

Маккада Марказ (ИЦМ) раҳбари Уюшма томонидан ишга туширилган янги MWL электрон платформасининг тақдимотида иштирок этди. Платформа исломий меросни рақамлаштириш, илмий ҳамкорликни кучайтириш ва ислом цивилизациясига оид манба ва тадқиқотларни глобал аудиторияга етказишни мақсад қилади. Тақдимотда кўплаб халқаро илмий ва диний ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, Фирдавс Абдуҳолиқов Бутунжаҳон ислом олами уюшмаси Бош котиби Абдулкарим ал-Исса билан учрашди. Музокара чоғида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Уюшма ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик, қўшма тадқиқотлар, манбаларни рақамлаштириш, халқаро конференциялар ва кўргазмалар уюштириш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш каби йўналишлар муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар стратегик ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканликларини билдирди.

Туркия ва Саудия Арабистонида ўтказилган тадбирлар Ислом цивилизацияси марказининг халқаро майдондаги нуфузини янада оширди. Истанбулдаги учрашувлар илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш, қўшма лойиҳалар ва ахборот алмашинувини йўлга қўйиш имконини яратган бўлса, Маккада MWL электрон платформасининг ишга туширилиши исломий меросни рақамлаштириш ва глобал илмий интеграция йўналишида янги босқични белгилади. Ҳар икки ташриф ҳам Ўзбекистоннинг маърифий дипломатияси, илмий ҳамкорлик ва ислом цивилизацияси меросини жаҳонга етказиш борасида стратегик қадамларни мустаҳкамлади.

 

Мавзуга оид мақолалар
Кордова Испаниядаги меъморий ёдгорлик. Жаҳондаги қадимий энг йирик масжидлардан бири. Ушбу масжид асрлар давомида барпо этилган бўлиб, ҳар гал кенгайтириб давоми...

2651 11:00 / 05.04.2021
Жорий йилнинг 20 февраль куни GRAND TA`LIM муассасасининг Наманган вилоятида филиали очилди.Очилиш маросимига бир қатор ҳурматли меҳмонлар, устозлар таклиф давоми...

3422 11:04 / 22.02.2021
Саудия Aрабистони зиёратчилар манфаати учун санитарияэпидемиологик хавфсизлик тизимини такомиллаштиришда давом этмоқда.Икки муқаддас масжидлар бош бошқармаси давоми...

1756 12:30 / 14.06.2021
АҚШнинг шимолий штати ҳисобланган Аляскадаги Уткиагвиг Собиқ Барроу шаҳрида баъзан ўн саккизинчи, баъзан эса йигирманчи ноябрь куни қуёш ботиб шу билан 6567 кундан давоми...

2464 16:41 / 22.11.2024
Аудиолар

216561 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

135723 14:35 / 11.08.2021