1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Катта Лангар Мусҳафи реставрация қилинмоқда

17:55 / 12.11.2019 2393 pdf Ўқиш режими + -

Қуръоннинг энг қадимги ва нодир қўлёзма нусхаларидан бири ҳисобланган Катта Лангар Қуръони франциялик мутахассислар томонидан реставрация қилинмоқда. Бу ҳақда kun.uz манбаси хабар беради.

Катта Лангар Қуръони Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида узоқ вақт сақлангани боис шундай ном олган бўлиб, Ислом оламидаги энг қадим тарихга эга Мусҳаф қўлёзмаларидан бири саналади.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шаъфелигида мазкур қўлёзма саҳифаларини реставрация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнга Франциянинг Лувр музейи реставратор мутахассислари жалб қилинган.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси вакили, реставрация лойиҳаси куратори Шаҳноза Ишматованинг маълумот беришича, реставрация ишлари уч босқичда олиб борилиши режалаштирилган.

6-12 ноябрь кунлари тиклаш ишларининг биринчи босқичи якунланди. Кейинги йилнинг февраль ойидан реставрация давом эттирилади, сентябрь ойидаги учинчи босқич ишларидан сўнг жараён якунланади.

«Ҳозиргача 5та саҳифа муваффақиятли тарзда тўлиқ реставрация қилинди, улар ҳозир босмада сақланмоқда», ─ дейди лойиҳа куратори.

Реставрация жараёнини олиб бораётган мутахассислар Kun.uz билан суҳбатда қўлёзманинг ҳолати ҳақида гапириб берди.

«Катта Лангар Қуръонининг [Ўзбекистон Мусулмонлар идорасида сақланаётган қисми] 12та бирлаштирилган саҳифа ва битта алоҳида ─ жами 13та саҳифадан иборат. Саҳифалар XIX асрда муқоваланган. Қуръоннинг ўзи эса VIII асрда битилган деб ҳисобланади.

Саҳифалар пергаментдан тайёрланган. Бу маҳсулот бузоқ терисидан тайёрланган. Ёзувларни тушириш учун қаламдан фойдаланилган. Стандарт сиёҳ (iron gall ink) қўлланилган. Ёзувлар устидан қўшимчалар киритилган. Сўзлар талаффузи аниқроқ бўлиши учун қизил сиёҳ билан белгилар қўйиб чиқилган.

Пергаментлар мустаҳкам сақланиши учун боғлаб чиқилган, бироқ улар саҳифаларга қараганда чидамсизроқ. Шунинг учун биз саҳифаларни бирлаштириб турган боғламни ечдик», – дейди Лувр музейи реставратор мутахассиси Аурель Стрери.

Франциялик реставратор Аксель Дело қўлёзмани тиклаш жараёнига тўхталди.



«Катта Лангар Қуръонини тадқиқ қилгандан сўнг уни тиклаш ишлари
бошланди. Ишни ҳар бир саҳифанинг сиёҳини қуритишдан бошладик. Аввал ёпиштирилган қоғозларни, зарарланган қисмларга ямалган бўлакларни кўчириб олдик. Сўнг қоғозларга дам берилди. Улар жуда ҳам қуруқ бўлиб қолган, эгилувчанлигини йўқотган эди. Бу эса ҳужжат билан ишлашда хавф туғдириши мумкин. Шунинг учун қоғозни юмшатиш мақсадида кедр мойидан фойдаландик.

Сўнг саҳифалар босмага қўйилди. Босма учун япон қоғози парчаларидан фойдаланилди. Чунки бу қоғоз яхши толадан таркиб топган ва чидамли. Ёзув учун қоғоз юзасига жуда яхши сингадиган махсус сиёҳ ишлатилди. Йўқолган жойларни тиклаш учун корейс қоғози қўлланилди», – дейди мутахассис.


Катта Лангар Қуръонининг Ўзбекистонга қандай келиб қолгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Илмий тадқиқотлар хулосасига асосан, қўлёзманинг битилиши VIII асрнинг охирги чорагида – араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади.

Тахминларга кўра, Катта Лангар Қуръонининг умумий ҳажми 206 саҳифани ташкил этган. Ҳозиргача уларнинг фақатгина 97таси сақланиб қолган. Қолган қисмининг тақдири номаълум.

Саҳифаларнинг 81таси Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади, бу ерга ўтган асрнинг 30-йиллари охирларида келтирилган. Қўлёзма қандай қилиб Россияга бориб қолгани аниқ эмас.

Ўзбекистонда мавжуд 16та саҳифанинг биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида, иккитаси Бухорода (Бухоро вилоят кутубхонаси ва Бухоро давлат музей қўриқхонасида) сақланмоқда.

Нодир қўлёзманинг 13та саҳифаси Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонасида муҳофаза қилинади.

 

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
Kun.uz
Мавзуга оид мақолалар
Германия ҳукумати Рамазон ойида мамлакат масжидларида азонни овоз кучайтиргичларда чақиришни маъқуллади. Германиядаги Эрон маданият марказининг хабар давоми...

1966 09:28 / 23.04.2021
2017 йилда Бельгияда дунёга келган чақалоқлар орасида энг оммавийлашган исм Муҳаммад бўлди. Бельгия Статистика институтининг маълумотларига қараганда, 2017 йилда давоми...

2664 11:19 / 06.10.2018
Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида ўтказилган халқаро Қуръон мусобақаси доирасида иштирокчилар учун шаҳар бўйлаб зиёрат тадбири ташкил этилди. Бу ҳақда давоми...

3596 15:56 / 11.10.2018
Юртимизда сўнги йилларда барча соҳалар қатори маънавиймаърифий, маданийдиний соҳаларга, хусусан, мўминмусулмонлар Умра, Ҳаж зиёратларини адо этишлари учун қулай давоми...

2357 18:28 / 23.04.2019
Аудиолар

210897 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130160 14:35 / 11.08.2021