Жорий йил Япония пойтахти Токиода 26 Қуръон мусобқаси ўтказилади. Ушбу мусобақа Японияда ҳар йили ўтказилиб келинмоқда, унга катта тайёргарлик кўрилиб, байрам шукуҳи остида нишонланади.
Ушбу мусобақа Япония исломий вақф жамияти томонидан ўтказилади. Тадбирнинг мақсади мусулмонлар орасида Аллоҳнинг каломини кенг ёйиш, Қуръон ёдлаш ва тиловат қилишни рағбатлантиришдир.
Ташкилот маълумотига кўра, саралаш босқичи 14 декабр куни онлайн тарзда zoom платформаси орқали ўтказилади. Якуний босқич эса 2025 йил 30-31 декабр кунлари Токио масжиди ва Турк маданият марказида бўлади. Икки кунлик тадбир давомида мусобақа босқичлари, очилиш ва ғолибларга соврин топшириш маросимлари ўтказилади.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, рўйхатдан ўтиш 2025 йил 8 декабргача онлайн тарзда очиқ бўлади. Мусобақада Японияда яшовчи барча мусулмонлар иштирок этишлари мумкин.
Мусобақада 15 ёшгача бўлган болалар учун бир нечта йўналишлар мавжуд:
Энг қуйи йўналишда камида бир сурани ёд олганлар учун танловсиз тиловат босқичи;
Энг юқори босқичда эса бутун Қуръонни ёд олганлар беллашиб боради.
16 ёшли иштирокчилар эса фақат Қуръонни ҳифз йўналишида қатнашадилар.
Ҳар бир саралаш босқичи ғолиблари мусобақанинг сўнгги куни эълон қилинади.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу мусобақанинг мақсади иштирокчиларда Қуръонга бўлган муҳаббатни уйғотиш, тиловатни тараннум билан гўзал оҳангда ўқиш ва ҳифзни мустаҳкамлашдир. Бундан ташқари, мусобақада фақат рақобатлашиш эмас, балки рағбат ва қўллаб-қувватлаш, фарзандларни меҳр билан Қуръон йўлида тарбиялаш ва уларни яхшиликка ундашга чақиришдир.
Тадбир «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни ўргатганларингиздир» шиори остида ўтказилади.