1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

Муқаддима (Салафийлик 2)

05:00 / 13.03.2017 4515 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

• “Салаф” калимасининг луғат ва истилоҳдаги маьнолари.

• Салафи солиҳийнлар ўзларининг қисқагина даврларида, кейинги авлодлар узоқ даврларида эришган тараққиётдан кўпроқ тараққиётга эришганлар.

• Тараққиёт (шариатнинг замон ва маконга қараб ўзгарувчан) ва сабот (ўзгармас масалалари)нинг ҳар иккисида салафи солиҳийнларга эргашишдаги мезон нимадан иборат?!

Агар “Салаф” калимасидан унинг луғавий маьноси ирода қилинган бўлса, у ҳолда бу  калима нисбий маьнони ифодалаб,  у  узлуксиз даврларнинг  галма гал алмашиб келиши бўлади. (Бу борада) у ҳудди (араб тилидаги) “қоблу” (аввал) маьносидек бўлиб қолади. Зеро ҳар қандай замон, ўзининг ортидан келувчи замонга нисбатан  аввалги, яьни “салаф”, ўзидан олдин ўтган замонга нисбатан эса “халаф” кейинги ҳисобланади.

Аммо ушбу калима, ўзида юқорида ўтган  маьнодан  бошқа собит, истилоҳий маьнони ҳам  ифодалаб, у  ана шу маьнодан  бошқа маьнога  ўтиб ҳам кетмайди ёки кўчирилмайди ҳам.

Исломдаги энг афзал ва эргашишга энг муносиб бўлган асрлар ҳақида сўз кетганда “Салаф” калимасининг мазкур истилоҳий маъноси ишлатилади.

Ушбу калиманинг қатьий муқаррар бўлган истилоҳий маьноси, бу саййидимиз Муҳаммад с.а.в уммати бўлмиш Ислом уммати умрининг дастлабки  уч асридир. Мазкур истилоҳий маьнонинг қўлланишининг (асосий) масдари Абдуллоҳ ибн Масьуд р.а орқали икки шайх ривоят қилган Расулуллоҳ с.а.внинг қуйидаги сўзларидир. Расулуллоҳ с.а.в айтадилар: “Инсонларнинг энг афзали менинг асримдагилар, сўнг улардан кейин келадиганлар, сўнг улардан кейин келадиганлар. Сўнгра шундай қавмлар келадики,  уларнинг  гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади." (Яьни, гувоҳлик бериш ва қасам ичиш масаласига шу қадар масьулиятсиз ёндашадиларки, улар гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверадилар. ).

 

Расулуллоҳ с.а.в кетма кет, тартиб билан зикр қилиб,  уларга “энг афзал” дея гувоҳлик берган уч асрдан мурод нима? Ундан  ўша асрларда яшаган барча мусулмонлар ирода қилинганми? “энг афзал” ҳукми, улар орасидаги баьзи бирларининг ҳолатидан қатьий назар, барчага баробар берилаверадими? Ёки ушбу ҳукм, улар орасидаги кўпчилик эьтиборига кўра берилганми? Ёҳуд “энг афзал”лар дея, уларнинг ҳар бири назарда тутилганми? Ўша аср кишиларидан ҳеч бири мазкур “энг афзал”га дохил бўлишдан маҳрум қолмайдими ёки....?!

Бу борадаги ихтилоф машҳурдир: Жумҳур уламолар наздида, ушбу уч асрда яшаган зотларнинг салоҳият ва истиқоматдаги даражаси фарқли бўлишига қарамасдан “энг афзал”лик баҳоси ҳар бири учун собитдир.

Ибн Абд ал-Барр р.а (326-423 ҳ) айтишларича, юқоридаги баҳо ўша уч аср мусулмонлари мажмуаси ҳақида собитдир. Аммо унда яшаган айрим шахслар борки, бу “хайрият” уларга мувофиқ келмайди. Балки, гоҳида улардан кейинги (асрда) улардан афзалроқ (кишилар) келган бўлиши мумкин.  (“Фатҳ ал-Борий” китоби; 47)

Шубҳасиз, ушбу уч асрдаги мусулмонларнинг “энг афзал” бўлишларига сабаб,  уларнинг биринчилари нубувват сарчашмасига, рисолат таьлимотига боғланмиш силсиланинг илк ва  энг яқин ҳалқаларини намоён қилган зотлардир. Ислом ақидаси ва асосларини  тўғридан тўғри Расулуллоҳ с.а.в нинг ўзларидан қабул қилиб олган шахслардан иборат бўлган бу насл, мазкур ҳалқаларнинг биринчиси намоёндаларидир. Бу (“хайрли аср”)га мансуб бўлмиш зотларнинг ақллари ва қалбларига Исломнинг раббоний ҳукм ва одоблари бидьат доғлари, васваса ҳамда турли гумон хираликларидан мусаффо ҳолда мустаҳкам ўрнашган эди.

Иккинчи ҳалқа тобеьийнларни намоён қилади. Улар  Расулуллоҳ с.а.в.ни кўрган,  у зот с.а.в билан ҳаммажлис бўлган, васият ва насиҳатларидан таьсирланиб ўзларида нур касб этган саҳобалар кўрсатмаларига эргашиш бахтига мушарраф бўлган ҳамда мана шу сабабли нубувват зиёси уларни ҳам чулғаб олган зотлар эди.

Учинчи ҳалқа тобеьийнларга эргашган зотларни  намоён қилади. Бу  ҳалқа, фикрий софлик ва исломий фитратнинг  ташқи қоришмалар таьсиридан  холилик даврини ниҳояланишининг огоҳлантирувчиси эди.  Айнан мана шу вақтда, бидьатлар пайдо бўлиб, одамлар орасида улар кенг қулоч ёя бошлади.  Адашган фирқалар бирин кетин ўтган “уч аср”нинг тўғри йўлидан четга чиқа бошладилар.  Эндига келиб, ҳар бир фирқа ўзи учун, равон бўлган “сироти мустақийм”дан фарқли бўлмиш эгри йўллар ажратиб ола бошлади.  Улар ўзи тузиб олган ана шу эгри йўлнинг “оғзида” туриб олиб, (инсонларни) унга чақира бошладилар. Улар бу ишни,  Аллоҳ таолонинг “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз” (Аньом сураси, 153 ояти)га мухолиф ҳолда қилар эдилар.

Ундан кейин нафсу ҳаво, бидьат ва залолат изғиринлари кўпайгандан кўпаяверди, (унинг доираси) кенгайгандан кенгаяверди. Бу ҳолат асрлардан асрларга ўтиб ҳозирги кунимизга қадар давом этди. Бу сўзнинг тасдиқи сифатида, икки шайхлар Анас ибн Молик р.а орқали Расулуллоҳ с.а.в дан ривоят қилган ҳадиси шарифни келтириб ўтамиз. Ушбу ҳадисда шундай дейилади, “ ...албатта сизларнинг (бошингизга )  бир замонлар келадики,  кейингиси унданда ёмонроқ  бўлади.”

*******

Хўш, у ҳолда  шубҳасиз бўлган ана шу ҳақиқат бизларни нимага чорламоқда?

Албатта бу ҳақиқат, бизларни ақлларимиз ва сулукларимизни салафи солиҳийнга валоят арқони ила боғламоқ,  уларга иқтидо қилмоқга даьват қилмоқда.  Шунингдек, у бизни уларнинг (оят ва ҳадис) нассларини тушуниш қоидаларига ўзгаришсиз риоя қилишимиз, уларнинг барчалари ёки кўпчилиги иттифоқ қилган эьтиқодий асослар ва сулукий ҳукмларга муқайяд боғланишимиз ҳамда унга мухолиф бўлган адаштиргувчилар ёки гумроҳлар тўқиб чиқазган  нарсаларни улоқтиришимизга  даьват этмоқда.

Балки мана шундай қилмоқлик, Расулуллоҳ с.а.в нинг бизларга қилган васиятларининг ўзгинасидир.  Расулуллоҳ с.а.в : “...дарҳақиқат, баний Исроил етмиш икки миллат (гуруҳ)га бўлинди, умматим эса етмиш уч миллатга бўлинади. Фақатгина бир миллатдан ташқари уларнинг барчаси дўзахдадир.”- дедилар.  (Саҳобалар) : “(Нажот топган) у (миллат) кимлардир, ё Расулаллоҳ?” деб сўрадилар. (Бунга жавобан, Расулуллоҳ с.а.в) : “ Мен ва асҳобларим унинг узра бўлган ( миллатдир)” дедилар.”[1]

Пайғамбар а.с васият қилган ушбу вазифани амалга ошириш учун, бизлар салафи солиҳларнинг Аллоҳнинг китоби ва расули а.с. нинг суннатларини тушуниш борасидаги мустаҳкам ушлаган манҳажларига  қатьийян риоя  қилмоқлигимиз лозим.  (Акс ҳолда, бу нарса) Аллоҳнинг китобига эргашиш, набийси с.а.в суннатини раҳбар деб билиш (ақидаси)га  мувофиқ ҳолда амалга ошмаган бўлади.

Салафи солиҳларга  эргашмоқлик талаби, бу уларнинг ушбу умматнинг давр тартиби жиҳатидан салафи (аввалгиси) бўлганлари учунгина эмас. Балки (бу талаб), уларнинг инсонлар орасида Аллоҳнинг каломини англаш ва Расулуллоҳ с.а.в суннатини таний билиш борасида энг ҳақлироғи бўлганликлари сабабидандир.  Чунки уларнинг табиий араб тили, сўзлашдаги бузуқ талаффуз ва тушунишдаги араб бўлмаганларга хос бўлган нуқсонлардан доим сақлаб турар эди.  Шунинг учун улар, араб тилида, очиқ –ойдин баён қилувчи Каломуллоҳнинг маьно ва мақсадларини тушуниш борасида инсонларнинг энг муносиброғи бўлган эдилар. Улар шунинг учун,  инсонлар ичида Расулуллоҳ  с.а.в ҳаётларига ва у зот с.а.в билан ҳамнафас бўлмоқликка энг яқинлардан бўлган эдилар. Айнан мана шунинг учун ҳам улар, Пайғамбар с.а.в тарафларидан (бўлган омонатни) тўғри тушунувчи ва тўғри етказгувчи бўлган эдилар. Ундан ташқари, улар дин борасида инсонларнинг энг садоқатлиси, табиатан энг мусаффоси ҳамда соҳтакор кўринишлар ва бидьатчиликка оғишишдан энг йироқлари бўлган эдилар. (Юқорида санаб ўтилган) ана шу жиҳатлар эьтиборига кўра, улар инсонлар орасида  уларга нисбатан қалб ҳотиржам бўлиши ва ишонишга энг лойиқроғи бўлган эдилар.

Вақти келиб, мусулмонлар бошига муаммоли кунлар етиб келди.  Оят ва ҳадис матнларини тафсир қилиш ва матнларнинг ўзаро зиддияти ҳамда ихтилофи чоғларида улар орасини мувофиқлаштиришда керак бўладиган қоидаларни ўзида мужассамлаштиран тайёр чизилган манҳаж бўлмаса, энди Аллоҳнинг китоби ва Унинг расули с.а.в суннатини тўғри тушуниш имконсиз бўлиб қолди.  Устига устак, ўша пайтларда инсонларнинг кўпчилигида араб бўлмаганларга хос бўлган тушуниш тарзи кенг тарқалди, араб тилининг завқини (руҳиятини ҳис қилиш қобилияти) заифлашиб кетди. Аслида, мусулмонларга асослар ва қоидаларни кўрсатиб берган, манҳажни чизиб берган, тақозосига кўра асослар ва ҳукмлар истинбот қилишга  машқ қилдирган зотлар ҳам, биз юқорида зикр қилиб ўтган сифатлар билан сифатланган ўша илк мусулмонлар  “карвони” эдилар. Улар бу борада ҳам умматнинг энг хайрлиларидан бўлдилар.

Ваҳоказо, салафи солиҳга эргашмоқлик,  улар  сўзлаган калималарнинг ҳарфий (маьно)лари билангина чегараланиш ёки улар тутган айрим йўллар билангина кифояланиш дегани эмас. Чунки уларнинг ўзлари ҳам бундай қилмасдилар. Дарҳақиқат, (салафи солиҳга эргашмоқлик), улар ҳакам санаган;  нассларни тафсир қилиш қоидалари, таьвиллари, ижтиҳод усуллари ҳамда асос ва ҳукмлардан иборат нарсаларга мурожаат қилиш билан бўлади.

Мана шу қоида ва усулларга мурожаат қилмоқлик бошқа асрлардаги барча мусулмонлар зиммасига ҳам (бирдек)  вожибдир.  Уларга мурожаат қилишлик ва уларга риоя этмоқликда “халаф” қолиб фақат “салаф” хосланмайди. Балки у, турли мусулмон гуруҳларининг  (улар яшаётган) асрлари ва маконларининг турли туман бўлишига қарамасдан, улар орасидаги (муаммоларни) умумий ҳал қилувчи ва  (улар орасини) бирлаштирувчи ришта ҳисобланади. “Салаф”нинг бу борада “халаф”дан  бўлган устунлиги йўқдир. Фақатгина  уларнинг бу борадаги устунликлари, уларнинг  ана шу қоидаларга бўлган эьтибори, уларга бўлган бутун эҳтиёжни ҳис қилишлари, сўнгра (ана шу қоидалар асосида ҳукмлар) чиқазиш ва уларни тадвин қилишга бел боғлашларининг фазли сабаблидир. Батаҳқиқ, уларда биз ишора қилиб ўтган фазилатлар мавжуд эди.  Ана шу фазилатлар, мазкур манҳаж қоидаларини (Қурьон ва Суннатга асосланган ҳолда) ишлаб чиқиш ва уларни тадвин қилишда уларга комил муваффақият касб этди. Худди ана шу (устунликлар), уларга улар (Қурьон ва Суннатга таянган ҳолда) ишлаб чиқазган ва тадвин қилган нарсаларни қабул қилиш зарурати борасидаги омонатдорлик масаласида бутун ислом умматининг ишончини қозонтирди. (Улардаги мазкур афзалликлар) ислом уммати уларни, ҳудди улар (яьни,“салафлар”)  қилганларига мувофиқ тарзда, нассларни англаш, нассларни тафсир қилиш ҳамда улардан қоида ва ҳукмлар олишда ўзлари учун уларни машьала қилиб олишларига (сабаб) бўлди.

******

Модомики биз юқорида айтиб ўтган нарсалар аниқ ва равшан, уни тасаввур қилиш ҳеч кимга маҳфий эмас экан, у ҳолда бирор ўринда “салаф” калимасини қасд қилиб, ундан исломий шариат ва исломий мафкура тарихига зид ўлароқ янги, бирдан юзага келган истилоҳ ясамоқлигимиз  хато ҳисобланади. Огоҳ бўлиш лозимки, (ҳудди мана шундай истилоҳни пайдо қилган гуруҳ) “Салафийлик” (гуруҳи)дирки, биз бу (ном)ни (мазкур китоб учун) алоҳида унвон қилиб қўйдик.  Бу (ном) остида муайян мусулмонлар гуруҳи жойлашган бўлиб, улар ўзлари учун мана шу унвон маьносининг ўзиданоқ маьлум бир тушунча (ясаб) олганлар.  Улар бу борада алоҳида бир фалсафага таянадилар. Ўша (тушунчалар ва фалсафалар) тақозосига кўра, ушбу гуруҳ бу асримизда афсуслантирадиган даражада кўпайиб кетган, ўзаро зиддиятли мусулмонлар жамоати рўйҳатидаги янги исломий жамоатга айланиб қолди.  Улар ўзларининг фикрлари ва тамойиллари билан бошқа мусулмонлардан ажралиб туради. Балки улар, бугун воқеьликда рўй бераётгандек, улардан ҳаттоки руҳий кайфиятлари ва ахлоқий миқёслари билан ҳам бошқача бўлиб туради.

Балки биз агар, юқорида биз унга ишора қилиб ўтган янги мазмундаги истилоҳни ихтироь қилмоқлик- бу диний борадаги янгилик ҳисобланмиш- бидьатдир, десак ҳақиқатга тажовуз қилмаган бўламиз. Бундай (ихтироьни)  бу умматнинг “салафи солиҳ”лари ҳам, (салаф)нинг манҳажига мустаҳкам амал қилгувчи “халаф”лари ҳам билмаганлар.

Зеро, салафи солиҳийн р.а бу калима маьносининг ўзидан келиб чиқиб, ўзларини бошқа мусулмонлардан ажратиб турадиган, бирорта алоҳида шахсият, ёки алоҳида фикрий борлиқ, ёҳуд махсус жамият пайдо қилиб олмаганлар.  Улар ўзларининг эьтиқодий ишончлари ёки сулукий ва ахлоқий мажбуриятларидан бирортасини мустақил  шахсият ва фикрга эга бўлган янги исломий жамоат пайдо қилиш борасида қоида, асос қилиб қўймадилар. Аксинча, (салаф)лар ва бугунги кунда биз уларни “халаф”лар деб атайдиганлар орасида, унга иттифоқ қилинган, уни (барча) хакам санайдиган  ўша манҳаж салтанати остида мукаммал даражада “борди-келди алоқалари”, ўзаро тушунча алмашуви ва олди-бердилар мавжуд.  На аввалгиларнинг ва на кейингиларнинг ақлига, улар орасида тез орада тўсиқ “яратилиши” ҳамда улардан кейин келган бир мусулмон тоифа “саньати” билан улар ўртасидаги (“тўсиқ”)нинг кўтарилиши, натижада исломий авлод силсиласини икки гуруҳга бўлиниши учун уларнинг ҳар иккаласига мустақил фикрлар, тасаввурлар ва йўналишлар рангини бериш хаёли келмаган.  Балки , уларнинг тасаввурига кўра, “салаф” ва “халаф” калималари, “қоблу” (аввал) ва “баьду” (кейин) калималари далолат қилган (маьно) каби, замон тартиби маьноси ва биз уларга юқорида ишора қилиб ўтган манҳажга қатьий риоя қилиш (маьноси)дан ўзга маьноларни ифодаламайди.

*******

Шунинг билан бирга,  “ён босиш” ва баҳслашиш (қоидалари)га мувофиқ ҳолда, қуйидаги саволларни беришимиз мумкин бўлади.

Хўп, айтайлик, биз ушбу жамоатга кирмоқчимиз, унга мансуб бўлмоқчимиз. Хўш, унинг дастурлари нимадан иборатки, биз унга амал қилиб, унинг аьзосидан бўлиб қолак?

Биз ушбу саволга жавобан икки жавобдан биринигина эшитамиз. Зеро, мантиқий чегара бу икки жавобдан ташқари учинчисини қабул қилмайди.

Биринчи жавоб қуйидагича бўлади: “Бунинг йўли- салафлар унга амал қилган, уни бажарган  сўзлар, амаллар, тасарруфлар ва одатларнинг ҳарфий (яьни, зоҳирий маьноларига),  уларга қўшимчасиз ва нуқсонсиз, ўзгаришсиз қатьий амал қилишликдир”.

У ҳолда бизнинг уларга қарата, “ахир “салафи солиҳийннинг ўзлари ҳам ўзлари тарафидан содир бўлган сўзлар, ёки амаллар, ёҳуд тасарруфларни  (сизлар зикр қилган тарздаги) боқийлик ва абадийлик михлари билан михлаб қўймаган эдиларку. Салафлар уларга нисбатан ҳудди “Жозибадор Шаҳар” (яьни, ривоятлардаги каби, атрофи мис деворлар билан ўралган мустаҳкам қальали шаҳар)га қиладиган муносабатлари каби (муомалада) бўлишини тақозо этадиган “ўзгармас қудсий назар”  билан қарамас эдиларку” демоқлигимиз лозим бўлади.  Дарҳақиқат, улар ана шу “ўзгармас, ажралмас қарашни” Аллоҳнинг китобида уларга очиқ-ойдин, қатьий ҳолда нозил бўлган ёки Расулуллоҳ с.а.в уларга хитоб қилган қарорлар ва ҳукмларга таьвил қилар эдилар.  Яьни, уларга сўзсиз, таьвилсиз итоат қилмоқ лозим дер эдилар. Уларга амал қилиш ортидан эса, салафлар ҳукмларнинг иллатлари ва ҳаётдаги тараққиёт қонунлари, илмий тараққиёт омиллари ва  давомли яхшидан яхшироғига ўтиб бориш мантиқий тақозоси билан биргаликда  “юриб борар”  эдилар.  Шунингдек, улар билан ҳамоҳанг ҳоким  ва назорат қилгувчи насс деворлари ичкарисида кенг тарқалиб ётган, бир асрдан иккинчи бошқа (аср)га ривожланиб борувчи ёки бир диёр билан  иккинчи диёр орасида алмашиб турувчи барча урф-одатлар ҳам бирга “юриб” келар эди.  Баьзида улар ўзаро, нассларга амал қилиш маьноларини чегаралайдиган ва унинг кайфиятини баён қиладиган  кўплаб меьёрларни белгилашда, хусусан, бу меьёрлар баҳс ва ижтиҳод ўрни бўлган чоғларида,  ихтилоф қилар эдилар.

Дарҳақиқат, Маккада Набий с.а.в  ҳамда асҳобларининг, улар ўша асосида ўсиб улғайган ва унга  кўра  ўзаро муомала қилган урф –одатлари мавжуд эди. Улар Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келган вақтларида, уларни аввал амал қилиб юрганларидан бошқачароқ одат, билганларидан ўзгачароқ ҳолатлар қарши олди.  Ушбу урф-одатлардаги фарқлар либос, турар-жой, шунингдек бошқалар билан аралашиш, бегонасираш ёки ўзаро кўмаклашув натижасида юзага келадиган шароитлар каби жиҳатларнинг барчасига бирдек тааллуқли эди. Улар (аввалига) бу одатларнинг барчасига танишувчи сифатида ва мулоҳазакорлик билан ёндашдилар.  Сўнгра бироз вақт ўтгач, улар ҳам рози бўлиб фаол тарзда киришиб кетдилар.

Уларнинг кўпчилиги маккадалик даврларида тикилган кийимни билмас эдилар. Улар Мадинага жойлашгач, бошқа шаҳарликлардан эшитишиб, (ўрганишиб), улар билан аралашиб  тикилган кийимлар, яманий чопонлар ва аьжамий гўзал (либослар) кия бошладилар. Маккадалик чоғларида уларнинг уйлари ҳожатхона нима эканлигини билмас эди. Мадинага борганларидан кейингина, улар ҳожатхона нима эканлигини билдилар ва (ўзгаларни ҳам)бунга даьват қила бошладилар. Улар авваллари шишадан ясалган товоқ ва қадаҳлар ишлатмас эдилар ва аслида буларни билмас эдилар. Анас р.а. саҳиҳ ҳадисда ривоят қилганларидек, Расулуллоҳ с.а.в нинг қадаҳлари қўпол ёғочдан ясалган эди. Саҳобалар шиша (идиш)ни кейинчалик танидилар ва уни (идиш сифатида) олиб, унда ичимлик ича бошладилар[2]

Набий с.а.в Маккада яшаган чоғлари ва Мадинаи Мунавварада ўтказган кунларининг кўп қисмида мухр ишлатмаган эдилар.  Сўнгра ул зот с.а.в га “Подшоҳлар мухрланмаган мактубни ўқимайдилар” дейилгач, ул зот с.а.в ҳам кумушдан ясалган мухр ишлата бошладилар. Мухрда, уч сатр бўлиб, унга “Муҳамммад; расул; Аллоҳ” (калималари) нақшланган эди. Расулуллоҳ с.а.в у билан мактубларни мухрлар эдилар[3]

Расулуллоҳ с.а.в жума хутбаларини етти ёки саккиз йил (хурмо шохидан бўлган) таёққа суянган ҳолда қилдилар. Имом Бухорий р.а Анас р.а дан ривоят қилишларига кўра, кейинроқ ул зот с.а.в ҳузурларига ансорий бир аёл келиб “Эй Аллоҳнинг расули, менинг дурадгор ғуломим бор.  Мен сиз учун сиз унга ўтирадиган нарса ясатиб берайинми?”-деди.  Расулуллоҳ с.а.в “ агар хоҳласанг...” дедилар. Шунда бояги аёл Расулуллоҳ с.а.в учун минбар ясатдириб бердилар. Жума куни бўлганида Набий с.а.в ўзлари учун ясалган ўша минбарга ўтирдилар.”

Саҳобалар р.а маккадалик даврларида ёзиш ва ўқишга унчалик эьтибор бермас эдилар. Набий с.а.в ва саҳобалар р.а Мадинага ҳижрат қилгач, Набий с.а.в уларни ёзиш ва ўқишга тарғиб қилдилар. Худди шу мақсадда Махрама ибн Навфал р.а нинг ҳовлиси “мадраса” қилиб олинди[4].

Шунингдек, Расулуллоҳ с.а в ёзишни таьлим бериш ҳамда уни асҳоблари орасида кенг ёйиш вазифасини (ёзиб- чизишни биладиган) аёллар ва мушрикларга топширганликлари маьлумдир. Расулуллоҳ с.а.в ҳаётлик чоғларида масжидлари (деворлари) ғишт билан, шифти хурмо шохлари билан бино қилинган бўлиб, ери эса тупроқ ҳолича қолган эди.  Ҳазрати Усмон р.а халифалик даврлари келгач, Масжиди Набавий тош ва ганжлар билан барпо қилинди. Илгари Мадина кўчалари тор ва ундаги уйлар паст  эди. Аммо Умар р.а халифалик даврлари келгач, футуҳотлар кенгайиб,  Ироқ ҳам Ислом давлати ҳудудига қўшилди. Умар. р.а Куфа шаҳри архитектурасини чиза бошладилар. Умар р.а тарафларидан шоҳкўча, иккинчи даражали кўчалар кенглиги ва бинолар баландлигига доир янги ўлчовлар таьйин қилинди. (Бу борада янги миқёслар) янги вазиятларга муносиб, ана шу узоқ (ўлкаларда), маданийлашган ҳудудлардаги янги иншоот тараққиётга мувофиқ тарзда қилиб белгиланди.

Саҳобалар р.а ҳаёт кечирган бутун давр мобайнида, ҳеч ким бирор кишини эгалик ёки ижарага олиш ҳуқуқи  асосида Мино ерларида бино қуришдан мань қилмаган.

Умар ибн Абдулазиз р.а даврларида эса, ҳожилар кўпайиб кетганлиги боис,  ул зот Маккага мактуб йўллаб, бу мактуб орқали ҳожиларга қулайлик яратиш мақсадида, одамларни Минода бинолар қуришдан қайтардилар[5].

Биз саҳобалар орасида бирор кишининг, ҳар қандай турдаги маҳкама ёки тортишувда балоғатга етмаган болаларнинг шаҳодатини қабул қилганликларини эшитган эмасмиз. Аммо тобеьийнлардан бўлмиш машҳур фақиҳ Абдурроҳман ибн Абу Лайло даврларига келганда, бу киши раьйларига кўра, ўйин асносида бўладиган жароҳат етказиш, кийимларни йиртиш (каби) ҳолатлардаболаларнинг бир бирларига нисбатан берадиган гувоҳликларига , мадомики ҳали тарқаб ажралиб кетмаган бўлсалар, ижозат  берилди. Бундай фатвонинг берилишига сабаб, одатда адолатли, гувоҳлиги қабул қилинадиган кишилар камдан кам ҳолатларда болаларнинг ўйингоҳларида ҳозир бўладилар ёки улар билан аралашиб юрадилар.  Бордию бу ҳолатлар (эьтиборга олинмасдан), шаҳодати қабул қилинишлик адолатли кишилар билангина чегаралаб қўйилса, у ҳолда болалар орасидаги кўплаб мушкулотлар ечилмай қолган бўлар эди[6]

Саҳобалар р.а Қурьон ва Суннат нассларига таслим бўлмоқликка қаттиқ ҳаракат қилар эдилар. Айниқса ақидага доир бўлган масалаларда улар нассларни мунозара ва муҳокама қилиб ўтирмасдан тўғридан тўғри қабул қилар эдилар. Улар, ақида борасида журьат қилган, тортишган, ногаҳон ақлига келиб қолган шубҳани (ўзгаларга ҳам) улоқтириш ҳаракатини қилган кимсаларни бундан қайтарар, унга нисбатан қўпол гаплар айтишар ва уни бидьатчиликда айблашар эдилар.  Сўнгра тобеьийнлар асрининг гуллаган даври бошланди.  Уларнинг (фиқҳ ва шу каби) “илмий бозори” ривож топди, аммо саҳобалар адади камайиб кетди.  Исломий футуҳотлар доираси кенгайди. Яҳудийлик, насронийлик, монавийлик ва зардуштийлик каби ўзга дин эгаларидан бўлмиш кўпчилик Исломни қабул қила бошлади.  Бироқ  уларнинг баьзилари ҳали ҳам зеҳнларида эски динларининг шубҳалари ва бузуқликларини кўтариб юрган эдилар.  Уламолар зиммасида эса, уларнинг  ана шу шубҳалари ва тушунмовчиликларини  тинглаш ва илмий мантиқ асосида уларнинг ақлларидаги бузуқликларни кетказишдек, муқаддас вазифа турарди. Саҳобаларнинг кўпчилиги ҳудди мана шу муқаддас вазифани ҳис қилар ва унга биноан иш тутар эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос р.а, бошлари  гумону ваҳималарга тўлиб тошган ва улардан шубҳаланиб келган шахслар билан неча маротабалаб мунозаралар ўтказмаган дейсиз.  Алий ибн Абу Толиб к.в эса, қазо- қадар, инсоннинг (тақдири борасида) мажбурлиги ва ҳурлиги масалаларида қанчадан қанча мубохаса ўтказганлар.  Бу айтиб ўтганларимиз эса, тобеьийнларнинг кўплари енгиб ўтган мунозарали ёзишмалар ва илмий тортишувлардан ташқарисидир. Ҳасан ал- Басрий, Умар ибн Абдулазиз, Ато ибн Абий Рабоҳ, Сулаймон ибн Ясор, Товус ибн Кайсон р.а ва улар кабиларнинг қилган мунозараларидан мақсад – (инсонлар қалбидан ақидага доир) шубҳаларни даф қилиш ва мусулмонлар ақлига соҳта нарсалар кириб қолмаслиги учун уларнинг ақлини ҳимоялаш эди.  Имом Байҳақийнинг “ал-Асмо ва ал-Сифот” китобларига мурожаат қилган киши, унда кўплаб мунозара, мантиқий далиллар ва мажозий таьвилларга дуч келади. Ваҳоланки илк асрда, саҳобалар мазкур нарсалар хусусида мунозара қилишликни ўзлар учун ор санар эдилар. Эҳтимол, инша Аллоҳ келгусида биз бошқа муносабат билан  “ал-Асмо ва ал-Сифот” ва бу каби китобларда ворид бўлган мисолларга бироз батафсил тўхталиб ўтармиз.

Юқорида зикр қилинган мисоллар, салафи солиҳийн р.а ҳаётлари давомида бўлиб ўтган тараққиётнинг турлича кўринишларидан айрим намуналар холосдир. Балки бу тараққиёт кўринишларининг аксарияти ислом умматининг илк уч асрининг биринчи асрида наоён бўлгандир. Бу уч аср эса, Расулуллоҳ с.а.в шаҳодатлари ила, исломий идеал асрлар умрининг ўзгинаси эди.

Демак, берилган саволнинг  биринчи жавоби маьносиз, қониқарсиз бўлиб, “салафийлар” ва салафи солиҳлар р.а асри воқеьлиги орасида мувофақатнинг ҳеч қандай кўриниши йўқдир. Зеро салафи солиҳлар  ўзлари тарафдан айтилган сўзларнинг ҳарфийяти (яьни, зоҳирий маьноси) ҳузурида қотиб қолмаган эдилар.  Шунингдек улар, ўзларидаги амаллар ёки одатлар сувратига ёпишиб, сўнгра улардан бошқага кўчиб ўтиб бўлмас даражада уларга боғланиб қолмаган эдилар.  Намуна сифатида келтирилган мисоллардан бизнинг кўрган–билганимиз “салафий” биродарларимиз айтаётганларининг тамоман зиддидир. Бас у ҳолда, қандай қилиб биз салафи солиҳга улар қилмаган ишлари борасида тақлид қиламиз.  Балки  салафи солиҳлар бу йўлнинг акси  узра юрганларку.  Ёҳуд “салафийлар” ва салафи солиҳлар ўзаро “иттибоь” (суннатга эргашиш) ва “ибтидоь” (бидьатчилик) маьноси баёнига тааллуқли қоида ва миқёсларнинг кўпида  ихтилоф қилган(микан)лар?!

Юқорида зикр қилинган саволга иккинчи жавоб қуйидагича бўлади: “Бу жамоат доирасига кирмоқ ва унинг рангига бурканмоқнинг йўли-бу (аввало) насслар тафсири, ҳукмлар истинботи ва мулоҳаза ва ижтиҳод асослари қоидаларига доир тузилган ва тадвин қилинган илмий манҳаж билан танишиб чиқишликдир. Сўнгра, Аллоҳнинг китоби,  расули с.а.в суннатини англашга  ҳамда бу олий шариат ҳукмларидан собит-ўзгармас ва ривожланувчи-ўзгарувчи ҳукмлар синфи орасини ажратишга киришилаётган чоғда мана шу манҳажга амал қилишликдир.”

Берилган жавобга нисбатан биз қуйидагиларни айтиб ўтамиз. “Барча олимлар ва тадқиқотчиларга бирдек маьлум бўлган нарса шулки, бу манҳаж ҳеч қайси замонда “салафий”ми ёки бошқами, бирор муайян мусулмон жамоатининг дастури ёки  ўзига хос рамзи бўлган эмас. Балки салафи солиҳлар асрининг ярми ўтиб кетса ҳамки, бу манҳаж ҳали ҳануз истилоҳ ёки тадвин ёҳуд  унга иттифоқ қилиш ўринларида мавжуд эмаслиги (тарихдан)  маьлумдир.  Дарҳақиқат, ўша даврда билиш, тушуниш ва қоидалар ҳамда ҳукмларни тартибга солишда соф, табиий араб тилининг ўзи биринчи ва сўнгги асос бўлиб қолаверди.  Ҳаттоки тобеьийнлар асри ҳам “раьй” ва “ҳадис” мадрасалари  қутблари орасидаги бўлиб ўтган фикрий ва ижтиҳодий ихтилофлар маьракасига шоҳид бўлди. Аслида бу иккала гуруҳ ҳам салафи солиҳлар асрининг мағзини намоён қилар эдилар.  Ваҳоланки мана шу салафи солиҳлар асри, бугунги кунда ўзлари учун бошқа мусулмонлар ҳолати, фикрий ва илмий йўлларидан ажралиб турадиган борлиқ тузиб олган “салафийлар жамоатининг” ташкил топишида, унинг уриб турган юраги ҳисобланади.

Юқорида биз эслаб ўтган даврлар давом этиб, токи  ўша аср олим ва имомлари насслар тафсири, ихтилоф ва ижтиҳод асослари қоидаларини ишлаб чиқиш вазифаси учун бел боғладилар. Буларнинг бошида имом Шофеьий р.а  турар эдилар. Улар бу муқаддас вазифани бажаришда араб тили табиати, уни англаш низоми ва бу тилни қўллаш меьёрларини ҳакам қилиб олган эдилар. Шунингдек улар бу хусусда, жоҳилият ва ислом аввалидаги араблардан бўлмиш соф табиат эгаларининг билимига эргашувчи бўлдилар. Ана шу даврда барча мусулмонлар учун насснинг тақозоси ва салтанатига бўйсунувчи соғлом ижтиҳодий раьйни тартибга соладиган очиқ-ойдин араб тилидаги меьзон тайёр бўлди. Мана шу вақтда барча мусулмонлар учун насс тақозолари ва ҳукмларига бўйинсинадиган соғлом ижтиҳодий фикрни аниқлаб берадиган ва уни насслардан йироқ ёки унга ҳийла ишлатувчи раьйлар оқимидан ажратиб берадиган очиқ-ойдин арабий мезон муҳайё бўлди. Бас, мана шу мезон ўша асрлардан буён барча замон ва макондаги бутун мусулмонлар учун тўғри билиш ва тушуниш йўли бўлиб қолди.  Бу меьзонга амал қилиш хусусида халаф қолиб салаф, бир гуруҳ қолиб бошқа бири хосланмайди. Шариат  илмлари соҳасида тадқиқот ўтказувчи қай бир киши шариатнинг  унга муттафақ қилинган қоидаларидан ташқарига чиқса, демакки у динни суистеьмол қилган ва унга  нисбатан ҳийлакорлик қилган бўлади.  Балки бу қилмишлар, уни содир этган киши учун зиндиқлик, ислом жавҳари ва асосидан ташқарига чиқиш унвони бўлади. Бунинг муқобилида эса, унга иттифоқ қилинган қоида ва асосларга амал қилган, насслар ижтиҳоди, тафсири ҳамда таьвилларида ана шу асосларга риоя қилган киши, Аллоҳнинг китоби ва Расули с.а.в суннатларига амал қилган мусулмон ҳисобланади.  Юқоридаги қоидаларга риоя қилган киши, у салаф асрида яшайдими ёки халаф асридами, бундан қатьий назар Расулуллоҳ с.а.в унинг остида бирлашишга амр қилган ва уни “Мен ва асҳобим унинг узра бўлган (жамоатдир)” дея тафсир қилган жамоат сафига дохил бўлади. Ўзларини  “салафийлар” деб номлайдиган жамоат, гарчи уни ўзларидан бири сифатида қабул қиладиларми ёки уни бу жамоатдан йироқ, йўлдан адашган ҳисоблайдиларми, бунинг фарқи йўқдир. Чунки бу умматнинг Китоб ва Суннатни фаҳмлашда мустақийм меьзони ягонадир, бу меьзон бирдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ана шу меьзонни ўзига лозим тутган кишилар - Аллоҳнинг фазли ва тавфийқи ила -“аҳли суннат вал жамоат” доирасига кирувчи,  ҳидоятда юргувчи ва ҳидоятга етакловчилардан бўлади. Ундан ёки унинг баьзи бир қисмидан ажралган кимсалар эса, ўша доирадан четга чиққан, адашганлардан бирига айланади. Бу меьзонга бирон алмаштириш киритиш ёки унинг ўхшашини яратиш ёҳуд ундан ўринбосар ихтироь қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқдир.  Бундай “янгилик”ларни пайдо қилишга олиб борган сабаблар,  асрлар ва йиллар ораларидаги фарқларми ёҳуд ўзлари учун алоҳида исломий кўриниш тўқиб олган гуруҳлар ва жамоатларми, бунинг фарқи йўқ.

Ҳа, бу манҳаж қоидалари орасида нассни тушунишда ижтиҳодга бўйсунадиганлари ҳам мавжуддир. Шунинг учун ҳам мусулмон имомлари ва уламолари ўртасида ихтилофлар бўлиб турган. Улар ўзаро фикр алмашув ва мубохасалардан кейин ҳам ягона ечим ва мувофақатга келмаган масалалар мавжуд.  Инша Аллоҳ, кейинги бобда бунга доир кўплаб мисоллар келтирамиз.

Дарҳақиқат, ўша масалалар ечимининг махфийлигига мисол бўлувчи турли –туман қавллар ва уларнинг ижтиҳодга бўйсунишлиги –Аллоҳнинг фазлу карами ила-юқорида зикр қилинган яхлит меьзонга амал қилиш доирасига киришида шак-шубҳа йўқдир. Масалаларда  бир-бирига мухолиф бўлган сўзларнинг барчаси яхлит меьзон доираси ичида бўлганидек, бу сўзлар соҳиблари ҳам “аҳли суннат вал жамоат”  номланмиш нажот топгувчи жамоат доирасига дохилдирлар.

Ижтиҳодий масалалардаги икки ва ундан ортиқ барча раьй эгалари ўз мазҳабини тўғри дея қалби ҳотиржам бўлишга ҳақлидирлар.  Аммо унда, унинг раьйига мухолиф чиққан ўзга  раьй эгаларини тўғри йўл даргоҳидан ташқарига чиққан, адашувчи, дея жазм қилиш ҳуқуқи йўқдир. Бордию иш бунинг аксидек бўлганида, масалаларда уни ижтиҳод ўрни қилиб қўйган махфийликлар бўлиши нодуруст бўлар  ва ҳеч қайси ҳолатда  масалани тушунишда ихтилофлар юзага келмаган бўлар эди.  Аммо воқеьлик эса бунинг тамоман аксидир. Масалаларда уни иттифоқ ва ижмоь йўлидан тўсиб қўйган яширин (маьно) бор эканлиги инкор қилинмайдиган даражада собитдир. Шунингдек бундай масалалар ижтиҳодий ишлар жумласига кириши ҳам аниқ-равшандир. Бирон бир ўринда, масалага жавоб билдирган раьй эгаларидан бири,  ижтиҳод қилиш ва хоҳлаганидек қарор қилиш ҳуқуқини фақат ўзигагина махсус деб билишлиги худбинлик ва фикрий истибдоддан ўзга нарса эмасдир. Бу тарздаги кишилар ўзига жоиз билган ҳақни, у  каби баҳс ва ижтиҳод қилишга эга бўлган кишилардан тўсиб қўяди.  Бирор мужтаҳид ижтиҳодий масалада ўзининг ижтиҳодий раьйи фаразига кўра ўзини бошқа мужтаҳид биродари раьйидан ҳақлироқ кўришлиги мукин эмас. Бу ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқдир. Агар ҳар бир мужтаҳид ижтиҳод қилишга фақат ўзинигина ҳақли кўрадиган бўлса, у ҳолда ҳеч қайси мужтаҳид  учун  ижтиҳод қилиш ҳаққи собит бўлмас эди.

Ваҳоказо, мужтаҳид юқоридаги мазкур  манҳаж асосида ижтиҳод қилса ҳамда тушунишда ихтилоф ва баҳс ўчоғи бўлган масалаларда ўз раьйини билдириб, уни тўғри дея хотиржам бўлса, бу унинг ҳаққидир. Табиийки, у бу билан  ижтиҳод асосида ўзидан бошқача раьйга эга бўлган мужтаҳидни хато қилган дейиш хуқуқига эгадир.  Ваҳоланки,  Аллоҳ таоло хато билдирилган раьйни ҳам, тўғри топилган раьйни ҳам қабул қилади.  Фақатгина, ҳар бир мужтаҳид мавжуд бўлган  бор имкониятини ишга солиши ҳамда нассни тушуниш учун қилаётган саьй-ҳаракатида Аллоҳ розилигини қасд қилмоқлиги шартдир.  Модомики мужтаҳидлар юқорида зикр қилинган шартларга амал қилар эканлар,  Муҳаммад мустафо с.а.в хабар берганларидек, раьйда хато кетгани бир ажр, иккинчиси эса икки ажр билан мукофотланаверади.

Бироқ мужтаҳид бошқа мужтаҳид биродарини залолат ёки диндан ажралиш ёҳуд бидьатчилик ёинки салафи солиҳлар чизиғи ва тўғри йўлидан чиқишда зинҳор айбламаслиги лозим.  Зеро, мазкур манҳажга эргашмоқлик салафи солиҳ чизган чизиққа эргашмоқнинг ўзгинасидир. Ижтиҳод ва баҳс ўрни бўлган масалаларда ихтилоф қилишнинг ўзи ҳам ана шу манҳажнинг доирасига дохил бўлади.

Инша Аллоҳ, муқаддиманинг кейинги бобида бу ҳақида кенгроқ ва батафсилроқ маьлумотлар берилади.

 

 

 

Биз юқорида баён қилган нарсалардан шундай хулоса ясаш мумкин.  “Салафийлар” калимасининг, уни муайян бир мусулмон жамоатига мувофиқлаштирадиган  илмий мазмуни ёки исломий воқеьлиги йўқдир.  Бу калиманинг унга алоҳида ранг-тус берадиган ва улар билан бошқа мусулмонлар орасини ажратиб турадиган белги-ишора мазмуни йўқдир. Ваҳоланки ана шу мусулмонлар ҳам Аллоҳ ва  унинг расулига иймон келтирган, ислом масдарлари ва усулларини ушлашда ихлосли бўлган кишилардир.

Демак, “салафийлар” калимаси уларга нисбат  берилаётган салафи солиҳлар,  ўзлари тарафидан айтилган сўзларнинг ҳарфий маьнолари ёки  билдирган раьйлари ва амалдаги одатларнинг зоҳири билангина кифояланиб, бу билан қотиб қолмаган эдилар.  Улар тарафидан нассларга нисбатан бўлган бу муносабат,  улар яшаган уч асрда, ҳатто саҳобалар яшаган биринчи асрда ҳам шундай эди.  Ваҳоланки нассларга нисбатан салафи солиҳлар қилмаган,  фақат зоҳирий бўлган ёндашув “салафийлар” жамоатига аьзо бўлиш,  (агар уларни бошқа мусулмонлардан ажратиб турадиган  “ҳизб”и бўладиган бўлса) уларнинг “ҳизб”ига қўшилиш дастурига айланди.

Маьлум бўлганидек, Аллоҳнинг китоби ва расули суннатини англаш учун қабул қилинган манҳажга бугунги кунда  “усулул фиқҳ”  ёки “ “Насслар тафсири қоидалари” деб айтилади. Бу қоидалар мажмуаси барча мусулмонлар учун ислом татбиқи йўлидаги  манҳаж ҳисобланиб, унга  риоя қилмаган мусулмон ўзининг исломга мансублиги хусусидаги далилини йўқотган бўлади.  Шунинг билан бир вақтнинг ўзида,  ушбу манҳаж умум мусулмонлар орасидаги муайян бир исломий жамоатга мансуб бўлиш учун алоҳида белги ҳам бўлолмайди.  Балки у Китоб ва Суннатни англаб етиш, сўнгра уларнинг тақозосига кўра ҳукмларни ҳаётга татбиқ қилиш ҳамда  ана шу ҳукмларга бўйсунишлар учун бутун мусулмонлар орасидаги ягона йўлдир.  Нассни тўғри англаш, уни татбиқ қилиш ва унга бўйсуниш борасида усулий қоидаларга амал қилиш зарурати билан араб тилини ҳакам санаш зарурати баробардир. Агар араб тилидаги жорий қоидаларни ҳакам санашни умум мусулмонлар орасидаги муайян исломий жамоат учун уларни бошқалардан ажратиб турувчи дастур деб билиш мумкин бўлганида эди, у ҳолда “усулул фиқҳ” ва “нусус тафсири”ни ҳакам санашни ҳам умум мусулмонлар орасидаги муайян бир жамоат учун алоҳида дастур қилиб олиш жоиз бўлган бўлурди. Аммо воқеьлик  бундай эмаслиги барчага бирдек маьлум.

Энди биз учун айтишлик лозим бўлган бир нарса қолди. Бу ҳам бўлса, “дарҳақиқат, бу исломий уммат тарихининг илк уч асри кейинги асрларда келганлардан бир жиҳати билан устундир. Бу устунликка нисбатан  Расулуллоҳ с.а.в “хайрли” таьбирини қўллаганлар. Биз ўша уч асрнинг “хайрли” эканлигининг сабабларини муқаддима аввалида баён қилиб ўтдик. Бу сабабларнинг, “илк уч аср аҳли”ни муайян исломий жамоат учун модел, қолип ҳолатига келтирадиган даражадаги алоҳида мато тўқишга кучи етмайди. Ана шу муайян исломий жамоат эса (яьни, “салафийлар” жамоати)  (барчаси ўзларини исломий, деб атайдиган) бошқалар билан келишолмайдиган, бидьатчи жамоатлар тоифасига қўшилади.

Ҳадиси шарифларда, унинг  аҳли “хайрли” дея сифатланган асрлар мавжуд бўлиб, бунинг  муқобилида  унинг аҳли “ёмон” дея тасвирланган асрлар ҳам мавжуддир. Бундай асрларни  таьрифлаган Расулуллоҳ с.а.в :  “ ...албатта сизларнинг (бошингизга )  бир замонлар келадики,  кейингиси(нинг аҳли) ундан (аввалги аср аҳлидан)да ёмонроқ  бўлади.” деганлар.  Бу ҳадис Анас р.а дан ривоят қилиниб, унинг саҳиҳлиги муттафақдир.

Юқоридаги зикр қилинган ҳадислардан келиб чиқиб, агар ҳадисда ворид бўлган “хайрият” ўша уч аср аҳлидан уларни омма мусулмонлардан ажратиб турувчи махсус жамоат пайдо қилишларига асос бўла олади, деб билсак, у ҳолда улардан кейингилар учун сифат бўлган “шаррият” (ёмонлик) ҳам, кейингилар орасидан бошқалардан фарқли бўлган жамоат тузишларига имкон бера олган бўлар эди.  Натижада эса, ҳар бир асрдагилар ўзлари учун махсус жамоат тузишга ҳақли бўлиб қолардилар. Ҳолат шундай давом этаверса, ислом умматини бир-бири билан юз кўришмайдиган, тафриқага тушган юзлаб жамоатлар шаклида кўрган бўлардингиз.

Юқоридагиларга қўшимча қилиб шуни айтмоқчимизки, биз айтиб ўтган нарсалар,  “салафийлик”,  ҳар қандай ҳолатда ҳам, мозийда қолган тарихий давр босқичи маьносидан ўзга нарсани билидирмаслиги ҳақидаги далилларнинг мухтасар ва қисқачасидир. Қисқача хулоса шулки, Расулуллоҳ с.а.в ҳар бир асрни кейингисига нисбатан “хайрли” дея сифатлаганларидек, ўша илк асрларни ҳам кейин келадиган асрларга нисбатан “хайрли” деб номлаганлар.  Бордию сиз “салафийлик”дан, уни хоҳлаган киши қабул қилиб унинг аьзоси бўлаверадиган, ўзига хос  муайян манҳажга эга бўлган исломий жамоатни назарда тутаётган бўлсангиз, билингки бу иш Расулуллоҳ с.а.в  дан сўнг янги пайдо бўлган бидьатлардан бири ҳисобланади.

Аллоҳнинг тавфийқи ила, ушбу масала хусусидаги қисқача баён тафсилоти бу китобнинг кейинги бобларида келтирилади.

 

[1] (Мазкур лафз билан қилинган ривоятни Термизий Абдуллоҳ ибн Амр р.а орқали марфуь ҳолда келтиради. Бу ривоятдаги Абдурроҳман ибн Зиёд ал-Ифрийқийни кўплаб ҳадис уламолари заифга чиқазганлар. Аммо  Термизий, ибн Можа ва Абу Довуд р.а лар бир неча бошқа йўллар билан Абу Ҳурайра р.а дан қилган ривоят ҳам мавжуд бўлиб, бу ривоятни Термизий р.а :”Абу Ҳурайра .р.а нинг ҳадиси ҳасан саҳиҳдир." деганлар.)

 

[2] Аммо Расулуллоҳ с.а.в га келсак, ул зот с.а.в шиша идиш ёки қадаҳда ичимлик ичганлари ҳақида саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган. Имом Аҳмад р.а ўзларининг муснадларида ибн Аббос р.а орқали қилган “Муқавқиснинг Набий  с.а.в га шиша қадаҳ ҳадя қилганликлари ва у зот с.а.внинг уни ишлатганликлари ҳақидаги ривоятнинг иснодида айрим гап сўзлар бўлиб, ҳадис саҳиҳлиги собит эмас.

[3] Бу ҳадисни имом Бухорий р.а “Саҳиҳ”ларида ҳазрати Анас р.а орқали ривоят қилганлар.

[4] Ибн Абд ал-Баррнинг “Ал Истийьоб” асарининг 4 жилд 150 саҳифасига қаранг.

[5] Ибн Саьднинг “Табақот”ига қаранг.

[6] Сарахсийнинг “Ал-Мабсут” асари 3 жилд; 153 саҳифасига қаранг. “баьзида “ бу (фатво) ибн Абу Лайло нассга (яьни, “ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан” (Бақара; 282) ва “Эркаклардан икки кишини гувоҳ қилинг” (Бақара; 282)) оятларига мухолиф чиққан нарсалардан эмасми?! –дейилади. Бунга бериладиган жавоб қуйидагичадир ; “ ибн Абу Лайло бу раьйни билдирган пайтларида, юқорида зикр қилинган насснинг зоҳирини ўзининг наздида маслаҳат дея кўрган нарсага биноан хосламаганлар. Балки бу,  унинг оятдаги “рижааликум” (яьни, эркакларингиз) калимасини эркаклар тузган шартнома (яьни қарз олди-берди шартномаси) устида талаб қилинаётган гувоҳлик ўрни дея кўраётганлиги боисидандир.  Бунга ўхшаган нарсалар мана шу раьйга таққосланаверади. Натийжада болалар талашаётган нарсалар уларнинг ўзларига хос бўлмиш ишлардан хисобланади ва у насс баён қиладиган ҳолат (яьни, эркаклар гувоҳлиги талаб қилинадиган ҳолат) ва унга таққосланадиган ўринлардан ташқари ҳисобланади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам .Токи дажжоллар ва каззоблар чиқмагунча қиёмат қоим бўлмас. Улар ўттизга яқиндирлар. Уларнинг давоми...

3278 15:04 / 22.07.2020
9савол. Биз мусулмон таълимотини нотўғри деб ҳисоблаймиз, чунки у Худо нафақат яхшиликни балки ёвузликни ҳам яратган деб ўргатади. Бизнингча Худо ёвузликни давоми...

4428 20:39 / 22.04.2017
.Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида,ги қонун атрофида тортишувлар давом этар экан, таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад домла Ўзбекистон расмийлари давоми...

3988 19:05 / 07.05.2021
Сақийфда каззоб ва озорчи борАбу Навфал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни Мадинага кетадиган йўлда осилган ҳолида кўрдим. давоми...

2637 16:05 / 11.08.2020