1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намозда ҳожат учун енгил иш қилинса жоиз

05:00 / 04.01.2017 3824 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одамларга имом бўлиб намоз ўқиётганларини кўрдим. Умома бинти Абу Осс, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Зайнабнинг қизи, елкаларида эди. Бас, қачон рукуъ қилсалар, уни ерга қўяр ва саждадан турсалар, қайтариб олар эдилар».


Бошқа бир ривоятда:

«Қачон сажда қилсалар, уни қўяр ва қачон турсалар, кўтариб олар эдилар», дейилган.

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта болажон эканликлари маълум ва машҳур. У зот Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларни кўтариб олиб намоз ўқиганлари ҳақида ривоятлар кўп.

Ушбу ривоятда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам катта қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳо ва куёвлари Абу Осснинг қизлари Умомани кўтариб олиб имомлик қилганлари ҳақида сўз бормоқда.

Демак, ёш болаларни кўтариб олиб, уларни ерга қўйиб, яна қўлга олиш билан намоз бузилмайди. Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа ҳадислар бунга далил ва ҳужжатдир. Чунки кичик болалар ота-она ва бобо-момоларига кўп осилишади. Ҳожатлари бор. Бунинг устига, бу ишнинг бола тарбиясига ҳам катта фойдаси бор. Намознинг ичида аралашиб ўсган болалар ибодатга мойил бўлиб ўсадилар.

Болалар ва уларнинг кийимлари поклигига ҳукм қилинган. Фақат нажосат очиқ-ойдин кўриниб турган бўлса уни кетказиш керак бўлади.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки қорани – заҳарли илон ва чаённи намозда ҳам ўлдиринглар», дедилар».

«Сунан» эгалари ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.

Шарҳ: Исломнинг асосий ғояларидан бири инсонни турли зарар ва кўнгилсизликлардан сақлашдир. Шунинг учун барча Исломий ҳукмларда ушбу ғояга катта эътибор берилади. Мана кўриб турибмизки, ҳатто, намозда ҳам кишиларга зарар етишининг олдини олиш чоралари кўрилган. Илон ва чаён инсонга зарар етказиши аниқ нарсалар. Шунинг учун намоз ўқиётган одам намозда туриб уларга кўзи тушиб қолса, ўлдиришга амр қилинмоқда. Албатта, у нарсаларни иложи борича кам ҳаракат билан, бир ёки икки ҳаракат билан ўлдиришга уриниш керак.

Илон ва чаёндан бошқа заҳарли ва зарарли нарсалар ҳам шу ҳукмга киради.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

У киши:

«Келсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда, эшикни бекитиб олиб намоз ўқиётган эканлар. Бас, юриб келиб менга эшикни очдилар ва яна ўз жойларига қайтдилар», дедилар. Ва у(Оиша) эшикни қибла тарафда эканини васф қилдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилган.

Шарҳ: Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма фарз намозларни масжидда жамоат билан ўқиганлар. Ҳужраларида эса нафл намоз ўқиганлар. Бинобарин, ушбу ривоятда ҳам нафл намоз ҳақида сўз бормоқда. Зотан, ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида, нафл намоз ўқиётган эканлар, ҳам дейилган.

Эшик қибла тарафда экан. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бориб эшикни Оиша онамизга очганларида юзлари қибладан бурилмаган экан.

Демак, шундоқ ҳолатда эшикни очиш ёки ушбу ҳажмдаги ишни қилиш билан нафл намоз бузилмайди. Албатта, ҳожат юзасидан қилинганда.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Батаҳқиқ, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида У зот билан қибланинг ўртасида ёнбошлаб ётганим бор. Бас, қачон сажда қилишни хоҳласалар, оёқларимни қўллари билан туртар эдилар. Мен оёқларимни йиғиштирар эдим. У зот сажда қилар эдилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Бошқа бир ривоятда:

«Намоз ўқиб турганларида оёқларимни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиблаларига чўзар эдим. Бас, қачон сажда қилсалар, мени туртар эдилар. Мен оёқларимни кўтарар эдим. Бас, қачон турсалар уларни чўзар эдим», дейилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф аввал ҳам ўтган. Лекин бу ерда намозда енгил ҳаракат қилиш мумкинлигига далил келтириш учун қайтадан ривоят қилинмоқда.

Нафл намозида аёл киши эрининг қибла тарафида оёғини чўзиб ётиши мумкинлиги, эр сажда қилмоқчи бўлса уни туртиши мумкинлигини билиб олмоқдамиз. Демак, намозда шунга ўхшаш нарсаларни қилиш мумкин.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тасбиҳ эркаклар учун, қарсак хотинлар учун», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Намоз ўқиётган шахс бирор нарсани билдирмоққа ҳожатманд бўлиб қолса, нима қилиши кераклиги ушбу ҳадисдан билинади. Агар намоз ўқувчи эр киши бўлса, у тасбиҳ айтади. Мисол учун имом хатога йўл қўйганда, ёки ўзининг намоз ўқиётганини бошқага билдирмоқчи бўлганда. Аёл киши эса «Субҳаналлоҳ», деб овоз чиқариб тасбиҳ айтиш ўрнига, қарсак чалади.

Ушбу нарса намоздан бошқа жойларда ҳам йўлга қўйилган. Ўз муносабатини билдириш учун аёл киши қарсак чалади, эр киши тасбиҳ ёки такбир айтади.


Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят:

«Кимга намозда бир нарса ориз бўлса, тасбиҳ айтсин. Чунки, қачон тасбиҳ айтса, унга илтифот қилинур. Қарсак аёллар учундир», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ривоят ҳам аввалгисини таъкидлайди. Намозхон эркакка бир зарарни дафъ қилиш ёки фойдага эътибор бериш учун тасбиҳ эҳтиёжи тушса «Субҳаналлоҳ» деб, тасбиҳ айтади. Аёл киши эса шу мақсадда қарсак чалади.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Билолга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда турганларида улар У зотга салом беришса, қандоқ қилиб жавоб беришлари ҳақида айтдим. У:

«Қўллари билан ишора қилар эдилар», деди».

Термизий ривоят қилган.

Абу Довуд:

«Кафтларининг ортини юқорига қилиб ёзар эдилар», деган жумлани зиёда қилган.

Шарҳ: Демак, намозда мазкур миқдорда амал қилиш мумкин.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. У зот мени бир ҳожат ила юбордилар. Қайтиб келсам, намоз ўқиётган эканлар. У зотга салом бердим, У киши жавоб қайтармадилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Қўллари билан, бундоқ, дедилар, яъни, ишора қилдилар». Намоздан бурилганларидан кейин:

«Мени сенга алик олишимдан намоз ўқиётганимгина ман қилди», дедилар».

Бухорий, ишоратсиз, Муслим ва Абу Довуд тўлалигича ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, намозда саломга алик олиб бўлмайди. Лекин ишора қилса бўлади.


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келадиган маълум вақтим бор эди. Қачон келсам, У зотдан кириш учун изн сўрар эдим. Агар намоз ўқиётган бўлсалар, томоқ қириб йўталар эдилар, мен кирар эдим. Агар фориғ бўлсалар, киришимга изн берар эдилар».

Насаий ва Аҳмад ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг фазллари. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун доимий маълум вақтга соҳиб бўлиш ҳар кимга ҳам насиб бўлавермайди.

2. Намоз ўқиётган одам изн сўраган кишига йўталиши билан ва шу миқдордаги ишларни қилиш жоизлиги.

3. Бировнинг ҳузурига келган одам албатта изн сўраши лозимлиги.


Уқба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Аср намозини ўқидим. У зот салом беришлари билан шошилиб туриб, баъзи хотинлари олдиларига кирдилар. Сўнгра қайтиб чиқдилар ва қавмнинг юзидаги шошилганларидан таажжубни кўриб:

«Намозда туриб, ҳузуримиздаги ёмби тиллони эслаб қолдим, унинг бизнинг ҳузуримизда тунаб қолишини хуш кўрмадим. Бас, уни тақсимлаб юборилишини амр қилдим», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунё хою ҳавасига қизиқмаганлари ва У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хайр-садақага қизиқишлари.

2. Намозда хайр-садақа, тақво амали ҳақида эслаш мумкинлиги.

3. Кишилар таажжубланган ишларни баён қилиб уларни таажжубдан чиқариш, ҳақиқатни баён қилиб бериш кераклиги.


Умар: «Албатта, мен намозда турган ҳолимда ўз аскарларимни ҳозирлайман», деди».

Икковсини Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу намоз ўқиётиб, Ислом лашкарини қандоқ тартибга келтириш, бошлиқлар тайёрлаш ва бошқа шунга ўхшаш жиҳодга ҳозирланишга оид ишлари ўйлаган вақтлари бўлар экан.

Бу ҳам иймон - Ислом, дин - диёнат тараққиёти ҳақидаги фикр қилиш билан намоз бузилмаслигига далилдир.

Бошқа хаёллардан эса узоқда бўлиш ҳар бир намозхон учун лозимдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир йигит айтади .Менинг онам ёшлигимда барчага таом тайёрлар эдилар, аммо чой эса фақат намозхонлар учун эди. Онам .Ким намозини ўқиса, бир пиёла чой бераман, лекин давоми...

2480 15:00 / 06.12.2021
4543. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Бомдод намозидан кейин оёғини йиққан ҳолида туриб, гапирмасдан олдин ўн давоми...

24285 21:12 / 08.11.2017
6дарс9МатнСўнгра тааввузrdquo ва басмалаrdquoни махфий ўқирдилар.9Матннинг далиллар۱ 1. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий давоми...

3519 05:00 / 09.01.2017
Мен бу ерда ушбу буюк диннинг аниқ кўзга ташланиб турган ҳақиқатларини эслаб ўтишимга эҳтиёж бор деб ўйламайман. Лекин бу асрга келиб одамлар ажойиб ва ғаройиб давоми...

7480 08:53 / 18.12.2017