1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Масжидларнинг одоби ҳақида

05:00 / 04.01.2017 4345 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Катта жамоатларга, жума, ийд намозлари ва шунга ўхшаш жойларга ғусл қилиб бориш таъкидланган...

Аллоҳ таоло: «Иброҳим ва Исмоилга Байтимни тавоф, ибодат, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланг, деб амр қилдик», деган. (Бақара: 125)

Шарҳ: Ушбу ояти каримада Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар Аллоҳнинг фармони ила Каъбаи Муаззамани қуриб битирганларидан кейин уларга берилган амри илоҳий ҳақида сўз бормоқда.

Унда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарлари Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларга одамлар Аллоҳга ибодат қилиши учун қурилган биринчи уй - ибодатхона, Каъбани моддий ва маънавий жиҳатдан пок тутиш зарурлиги ҳақида уқтирмоқда.

Демак, ҳамма масжидларни ҳам шу маънода пок тутмоқ лозим экан. Аллоҳ таоло ушбу оятда Каъбани Байтим - уйим, демоқда, аввал ўрганиб ўтилган ҳадиси қудусийларнинг бирида, масжидлар Ер юзидаги уйларимдир, деган.

Демак, Аллоҳнинг уйларини моддий ва маънавий жиҳатдан пок тутиш бандаларнинг бурчидир.

Абу Ҳумайд ёки Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз масжидга кирса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берсин. Сўнгра:

«Аллоҳумма ифтаҳ лий абваба роҳматика», десин.

Агар чиқадиган бўлса, «Аллоҳумма инний асъалука мин фазлика», десин», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Абу Усайд розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Абу Усайд куняси билан машҳур бўлган, бу саҳобани исмлари Абдуллоҳ ибн Собит ал-Ансорийдир.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматкорларидан эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. Бу зот ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.

Ушбу ҳадиси шарифда масжидга кириш ва чиқиш одоби ҳақида сўз бормоқда.

1. Масжидга кирадиган одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ассалому алайка я Расулаллоҳ, деб салом бериши керак экан.

2. Шунингдек, масжидга кираётиб, Аллоҳумма ифтаҳ лий абваба роҳматика» – «Эй, бор Худоё менга раҳматинг эшикларини очгин» деган дуони ўқиши керак.

3. Масжиддан чиқаётган эса «Аллоҳумма инний асъалука мин фазлика» - «Эй, бор Худоё, мен сендан фазлингдан сўрайман» деган дуони ўқимоғи керак.

Олдин билмасак, энди билиб олдик, доимо ушбу дуоларни ўз вақтида ўқиб юрайлик.


Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидга кирсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар айтар эдилар ва:

«Робби иғфир лий зунубий вафтаҳ лий абваба роҳматика», дер эдилар».

Қачон чиқсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом айтар эдилар ва:

«Робби иғфир лий зунубии вафтаҳ лий абваба фазлика», дер эдилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда масжидга кирганда ва чиққанда айтиладиган дуолар бироз батафсилроқ баён қилинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирганларида ҳам, чиққанларида ҳам аввало ўзларига салавот ва саломлар юборар эканлар.

Биз умматлари ҳам бу ишни қилмоғимиз керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кираётиб, салавот ва саломдан кейин,

«Эй, бор Худоё менинг гуноҳларимни мағфират қилгин ва менга раҳматинг эшикларини очгин», дер эканлар.

У зот бобаракот масжиддан чиқаётиб, салавот ва саломдан кейин:

«Эй, бор Худоё, менинг гуноҳларимни мағфират қилгин ва менга фазлинг эшикларини очгин», дер эканлар.

Биз ҳам ушбу ишни доимо қилиб юришимиз керак.


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидга кирсалар:

«Аъузу биллаҳил Азийм ва биважҳиҳил карийм ва султониҳил қадийм минаш шайтонир рожийм», дер эдилар.

Бас, қачон шуни айтсалар, Шайтон:

«Мендан куннинг қолганида сақланди», дер эди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Азаматли Аллоҳ, Унинг карамли юзи ва қадимий султони ила тошбўрон қилинган Шайтоннинг шарридан паноҳ тилайман».

Ушбу дуо ўқилганда, Шайтон «куннинг қолган қисмида мендан сақланди, менинг шаррим унга етмайди», дер экан.

Шунинг учун ушбу дуони ёдлаб олиб, ҳар масжидга кирганимизда ўқиб юрсак ўзимиз учун яхши бўлади.


Ибн Умар розияллоҳу анҳу масжидга ўнг оёғи билан кириб, чап оёғи билан чиқар эди.

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ибн Умардек зот бу ишни ўз-ўзидан одат қилиб олмаган бўлади. Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундоқ қилганларини кўрган ва суннатга амал қилаётган бўладилар.

Масжидга кириб чиқишда оёқ босишнинг одоби шу. Масжидга киришда ўнг оёқни олдин қўйиб, масжиддан чиқишда чап оёқни олдин қўйиш керак. Чунки масжид муборак жой.

Аксинча ҳожатхона ва ҳаммомга чап оёқни олдин қўйиб кириб, ўнг оёқни олдин қўйиб чиқилади.


Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракъат намоз ўқисин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Бу икки ракъатли намозни, таҳийяти масжид (масжид саломи) намози дейилади.

Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабида таҳийяти масжидни қандоқ вақтда бўлса ҳам; намоз ўқиш макруҳ ёки имом хутба ўқиётган пайтда ҳам ўқиш керак, дейилади.

Моликий ва Ҳанафий мазҳабларида эса имом хутба ўқиётган бўлса таҳийяти масжид ўқилмайди.

Шунингдек, Ҳанафий мазҳабида намоз ўқиш макруҳ пайтларда ҳам таҳийяти масжид ўқилмайди.


Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан келсалар биринчи масжидга борар ва унда намоз ўқир эдилар».

Икки шайх ривоят қилган. Муслимнинг лафзида:

«Сафардан фақат кундузи, чошгоҳ вақтида келар эдилар. Бас, қачон келсалар, биринчи масжидга борар, унда икки ракъат намоз ўқиб, сўнгра ўтирар эдилар», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда масжиднинг одоби ва уни улуғлаш ҳақида сўз бормоқда.

Ўз юртига сафардан қайтган одамнинг исломий одоби аввал масжидга кириб, икки ракъат намоз ўқиб олиб кейин бошқа ишларни қилишни тақозо қилар экан.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Сафардан фақат кундузи қайтишга ҳаракат қилиш.

2. Сафардан қайтиб келганда биринчи масжидга кириб, икки ракъат таҳийяти намози ўқиш.

3. Сўнгра бошқа ишларга ўтиш.

Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам мазкур намозни ўқиб бўлиб масжидда ўтириб, одамларнинг саломини қабул қилганлар.

Аҳли солиҳ кишилар шу одатни бошқа юртларга борганларида ҳам қилардилар. Қаерга борсалар биринчи бўлиб ўша ернинг масжидига кирардилар, икки ракъат намоз ўқиб олиб, сўнгра бошқа ишларга ўтардилар.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Масжидга тупурмоқ гуноҳдир, унинг каффорати ювиш, кўмиш биландир», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадисда масжид тупроғига тупуриш ҳаром эканлиги ҳақида сўз бормоқда. Ким масжиднинг тупроғига тупурса гуноҳ иш қилган бўлади. Бу гуноҳни ювиш эса ўша тупукни кўмиб қўйиш билан бўлади. Чунки гарчи тупук нажас бўлмаса ҳам, одоб, ахлоқ, тозалик, соғликни сақлаш қоидаларига тўғри келмайди. Шундан келиб чиқиб, тупуриш умуман мумкин эмаслиги маълум бўлади.


Имом Муслим келтирган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга умматимнинг яхшию ёмон амаллари кўрсатилди. Бас, уларнинг яхши амаллари ичида йўлдан олинадиган озор берувчи нарсани, ёмон амаллари ичида эса масжидда кўмиб қўйилмаган балғам эканини кўрдим», дедилар».

Шарҳ: Демак, масжидга балғам ташлаш ҳам ҳаромдир. Мабодо шу иш содир этилган бўлса, дарҳол тупроқ билан кўмиб қўйиш лозимдир.

Бу нарса Аллоҳ томонидан Пайғамбар алайҳиссаломга кўрсатилишининг ўзи улкан аҳамият касб этади.

Демак, яхшиликни ҳам, ёмонликни катта-кичиги бўлмайди. Бу кичик нарса-ку, деб йўлдаги озор берувчи нарсани олиб ташламай ўтиб кетмаслик яхши эмас. Тупурса ёки балғам ташласа нима бўлибди, деб масжид ҳудудида бу ишларни қилмаслик керак.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қибла томонда балғамни кўрдилар ва уни қўллари билан ишқаб ташладилар. У кишидан кароҳият ёки у зотнинг буни кариҳ кўришлари ва унга нисбатан шиддатлари кўринди. У зот:

«Албатта, қай бирингиз қачон намозида турса Роббисига муножат қилади. Бас, қибласига тупурмасин. Лекин чап томонига ёки қадами остига тупурсин», дедилар. Сўнгра ёки бундоқ қилади, деб ридоларнинг бир томонини олиб унга тупуриб, ўраб кўрсатдилар ва мана бундоқ, дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдалар:

1. Қибла томонга қараб тупуриб бўлмаслиги.

2. Намоз ўқиганда қибла томонда бўлган тупук ва шунга ўхшаш ноқулай нарсалар кўринадиган бўлса уларни тозалаб кетказиш лозимлиги.

3. Намозгоҳдаги қиблага нисбатан ҳурматсизликка қарши шиддатли, муросасиз муносабатда бўлиш.

4. Тупроқли жойда намоз ўқиётганда ноилож тупуриш зарур бўлиб қолса, қибла томонга ёки ўнг томонга эмас, чап томонга ёки оёқ остига тупуриш, имкони бўлмаса кийимнинг бир томонига тупуриб ўраб қўйиш.

Албатта, бу олдинги вақтнинг гапи. Ҳозирда дастрўмол ёки махсус нарсалар ишлатиладиган бўлиб кетган. Ноилож қолган пайтда ўша нарсаларни ишлатиш керак.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир қора киши ёки аёл масжидни тозалаб юрар эди. У вафот қилди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда сўрадилар.

«У вафот этди», дейишди.

«Буни менга билдирсаларингиз бўлмасмиди! Менга унинг қабрини кўрсатинглар!» дедилар ва унинг қабрига бориб(жаноза) намоз ўқидилар».

Икки ҳадисни учовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Ислом дини масжидни тоза тутиш учун хизмат қиладиган ходимни нақадар улуғлашини кўриб турибмиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам турли аслзодалар, бошлиқ, бой-бадавлат ва казо-казоларнинг ўлимидан бехабар қолганлари учун эмас, бир қора танли масжидни тозалаб юрувчи ходимнинг жанозасидан бехабар қолганлари учун ўз саҳобаларини койидилар.

Масжид Аллоҳнинг уйидир. Аллоҳнинг уйининг хизматини қилувчи одамнинг мақоми улуғдир. Албатта, ўша одам бу мақомга лойиқ тасарруфли бўлиш шарти ила.

Эҳтимол, саҳобаи киромларнинг хаёлига бир қора қулнинг ўлими ҳақида хабар қилиб, Расулуллоҳни овора қилмайлик, деган фикр келган бўлса керак.

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат уни эслаб жанозасига чақирмаганлари учун саҳобаларни койидилар. Балки қабрини топиб бориб унга жаноза намози ўқидилар. Ўша кўпчилик эътиборидан четда бўлган қора танли ходим Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улкан аҳамиятларига сазовор бўлди. Ўша туфайли шариатимизда қабр устидан жаноза намоз ўқиш ҳукми жорий қилинди.

Ҳа, масжиднинг хизмати, хусусан, уни пок тутиш учун бўладиган хизмат Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломдан қолган меросдир.

Қадимда Аллоҳ Оли Имронни ҳам Ўз ибодатхонасининг хизматини қилиш имконини бериш ила улуғлаган. Имроннинг аёллари Ҳанна туғадиган боласини «Масжидул Ақсо»га хизматкор қилиб атаган эдилар. Биби Марям туғилдилар. У кишидан Ийсо алайҳиссалом туғилдилар.

Сарвари олам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид қуришда ва уни пок сақлашда шахсан ишлаганларини ўрганиб ўтдик.

Масжид ходими бўлиш улкан бахт эканини тўла англаб етишимиз лозим. Кимга бу бахт насиб этса, унга муносиб бўлишга ҳаракат қилиши керак.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга умматимнинг ажрлари, ҳаттоки, кишининг масжиддан чиқарган чўпи ҳам кўрсатилди. Менга умматимнинг гуноҳлари ҳам кўрсатилди. Бас, Қуръондан бир сура ёки оят берилган одам уни унутганидан кўра каттароқ гуноҳни кўрмадим», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бир кишини масжидга тушиб қолган чўпни олиб чиқиб ташлаши Пайғамбаримизга Ислом умматининг оладиган ажрлари қаторида кўрсатилишини масжидни пок сақлаш учун қиладиган ишлар жуда ҳам фазилатли ишлар эканлигини очиқ кўрсатиб турибди.

Шунинг учун масжидни пок тутишга уринишимиз лозим бўлади.

Шу билан бирга бу ҳадиси шарифда бир одам ёдлаган оят ёки сурасини такрорламай ёдидан чиқариб қўйиши жуда ҳам катта гуноҳ эканлиги баён қилинмоқда.

Шунинг учун Аллоҳ берган улкан неъмат, ёд олган оят ва сураларимизни доимо такрорлаб, ёдимиздан чиқармай туришга ҳаракат қилмоғимиз зарур.


Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳудан, у киши ўз амакисидан ривоят қилади:

«У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни масжидда бир оёқларини иккинчиси устига қўйиб чалқанча тушиб ётганларини кўрган экан».

Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Аббод ибн Тамийм тобеъинлардан бўлиб, ҳадис илмида олим ва ривоят қилган ҳадислари ишончли деб тан олингандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини оталари ва амакилари Абдуллоҳ ибн Зайдлардан ривоят қиладилар.

Бу зотдан Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ва бошқалар ривоят қилишади.

Бу ҳадиси шарифдан масжидда ётиш мумкин эканлиги билинмоқда. Агар жамоатга халал берилмаса ёки ифлосликка сабаб бўлмаса, масжидда ётиш оддий нарса ҳисобланиши ҳамма уламолар томонидан таъкидланган.


Ибн Умар ёш, бўйдоқ, аҳли аёли йўқ пайтида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида ухлаб юрар эди».

Бухорий ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳам масжидда ётиб юриш ҳеч гап эмас эканлигини кўрсатади.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажд томонга отлиқларни юбордилар. Улар Бани Ҳанифалик Сумама ибн Усал деган одамни олиб келдилар ва масжиднинг устунларидан бир устунга боғлаб қўйдилар».

Учовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Аслида воқеъа қуйидагича бўлган;

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз отлиқ саҳобийни Нажд томонга юборганлар. Улар Бани Ҳанифа қабиласига мансуб, аҳли Яман улуғи Сумама ибн Усални асир олиб келиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг масжидларидаги устунлардан бирига боғлаб қўйганлар. Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссалом чиқиб унга:

«Нима гапинг бор, Эй, Сумама?» деганлар.

«Яхшилик, Эй, Муҳаммад. Агар ўлдирсанг, қони борни ўлдирасан. Агар афв қилсанг, шукр қилувчини афв қиласан. Агар мол талаб қилмоқчи бўлсанг, хоҳлаганингча сўра, деди у.

Бир неча кундан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни афв этиб, қўйиб юборганлар ва у Исломга кирган. Бу қисса тўлалигича Аллоҳ хоҳласа, «Ҳадис ва Ҳаёт» бошқа бир китобида келажак.

Ҳожат юзасидан кофир масжидга кирса бўлади, деган фикрга келган уламоларимиз, ушбу ҳадисни далил қилганлар. Хусусан, уни мусулмон бўлишидан умид бўлса, бу иш яна ҳам бошқача маъно касб этади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жинлардан бир Ифрийти кеча менга намозимни бузиш учун бирдан йўлиқиб қолди. Бас, Аллоҳ унга нисбатан менга имкон берди. Ҳаммангиз эрталаб туриб унга назар солишингиз учун уни масжиднинг устунларидан бирига боғлаб қўймоқчи бўлдим. Бас, биродарим Сулаймоннинг «Эй, Роббим, менга мендан кейин ҳеч кимга бўлмайдиган мулкни бергин» деган гапини эслаб, уни ноумид қилиб қайтариб юбордим», дедилар».

Икки шайх ривоят қилган.

Шарҳ: «Ифрийт» – ўтакетган ўзбошимча, ашаддий жин.

Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам намозларини бузиш учун жин йўлиқиши.

2. Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга жинларни тутиб олиш, уларни хорлаш имконини бергани.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ифрийт жинни масжиднинг устунларидан бирига боғлаб қўйиш имконига эга бўлганлари.

4. Одамлар жинни кўриши мумкинлиги.

5. Пайғамбар алайҳиссаломлар бир-бирларини ҳурмат қилишлари. Муҳаммад ва Сулаймон алайҳиссаломларнинг Аллоҳ таолога қилган дуолари ҳурматидан ўзлари қодир бўлган ишни қилмаганликлари бунинг ёрқин мисолидир.

6. Жинларни масжидга кириши эҳтимоли борлиги.


Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят:

«Масжидда турган эдим. Биров менга тош отиб қолди. Назар солсам, Умар ибн Хаттоб экан. У менга:

«Бориб, ҳов анови икковини олдимга олиб кел», деди. Мен бориб икковини олиб келдим. Бас, у:

«Икковингиз кимсиз ёки қаердансиз?!» деди.

«Аҳли Тоифдан», дейишди.

«Агар шу ерлик бўлганингизда кунингизни кўрсатар эдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида овозингизни кўтарасизлар-а!» деди».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ривоят соҳиблари Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Соиб ибн Язид ибн Саид ал-Киндий, кунялари Абу Язийд, ҳижратни иккинчи йилида таваллуд топдилар.

Ҳажжатул Вадоъ куни бу киши ва оталари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилдилар. Ўша вақтда Соиб етти ёшдаги бола эдилар.

Ҳаммаси бўлиб 22 ҳадис ривоят қилдилар.

Бу кишидан ўғиллари Абдуллоҳ, Жуъда ибн Абдураҳмон, Ҳамза ибн Суфён, Умар ибн Ато ва бошқалар ривоят қилишди.

Умар ибн Хаттоб халифалик даврларида бу зот Мадина бозорлари устидан бошлиқ эдилар.

Ҳижратнинг 91-йили Мадинада вафот этдилар. Мадинада энг охирги вафот этган саҳоба, шу кишидирлар.

Ушбу ривоятдаги ҳодиса Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтларида бўлиб ўтган.

Тоифдан Мадинага келган Бани Сақийф қабиласилик икки киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида овозларини баланд кўтариб гаплашаётган эдилар. Ҳазрати Умар секин тош отиб, Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳуни ўзларига қаратганлар ва анови иккови бақираётганни бу ёққа олиб кел, деб ишора қилганлар. Кейин ривоятда айтилган ишлар бўлиб ўтган.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Масжидда баланд овоз чиқариб бўлмаслиги.

2. Масжидда бировни чақирмоқчи бўлса имо-ишора билан бўлгани маъқуллиги.

3. Масъул ходим масжид одобларига риоя қилишни кузатиб туриши, уларни бузганларга чора кўриши кераклиги.

4. Масжид одобини бузган беодобни сўроқ қилиш мумкинлиги.

5. Ҳукмни билмаган, бошқа томондан келган одамни дарҳол жазоламасдан, аввал огоҳлантириш кераклиги.

6. Билиб туриб масжид одобини бузган, унда бақир-чақир қилганларни жазолаш мумкинлиги.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким масжидда йўқолган нарсасини сўраган одамни эшитса, унга «Аллоҳ сенга уни қайтармасин. Масжид бунинг учун бино қилинмаган», десин», дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, масжидда туриб йўқолган нарсани эълон қилиш, уни излаш мумкин эмас. Чунки масжид ибодат, диний ҳожатларни қондириш масканидир. Йўқолган нарсаларни топиш идораси эмас.

Аммо масжид эшигидан ташқарида, у ерга келганлардан йўқолган нарса ҳақида маълумот сўраса бўлади. Ушбу нарсага яхши эътибор беришга муҳтожмиз.

Баъзи жойларда, имомлар томонидан масжиднинг ичида, минбарда туриб йўқолган нарса ҳақида эълонлар қилинади. Бу нарса тўғри эмаслиги ушбу ҳадисдан кўриниб турибди.


Имом Муслим қилган ривоятда айтилишича:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлганларида, бир одам ўрнидан туриб:

«Ким қизил туяни кўрди?» деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни тополмагин. Масжидлар ўзлари бино қилинган нарса учун бино қилингандир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам масжид ичида йўқолган нарсани сўраб бўлмаслиги ҳақида сўз бормоқда.


Учовлари келтирган ҳадисда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким масжидларимиздан ва бозорларимиздан камон ўқига ўхшаш нарса ила ўтса, уни кафти ила тутиб ўтсин, мусулмон одамни кесиб қўймасин», дедилар».

Шарҳ: Масжид, бозор каби жамоатчилик жойларида кишиларга озор берадиган, уларга жароҳат етказадиган қилич, пичоқ, найза ва ўқ-ёй каби нарсалар олиб ўтган одамлар эҳтиёт бўлишлари, бирор кишига озор етказиб қўймасликлари лозим экан.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким пиёз, саримсоқ пиёз ва ёввойи пиёз еса масжидимизга асло яқин келмасин. Чунки фаришталар, одам болалари озор топадиган нарсалардан озор топадилар», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Ким саримсоқ пиёз ёки пиёз еган бўлса, биздан четда бўлсин» ёки масжидимиздан четда бўлсин, уйида ўтирсин», дедилар».

Яна бошқа ривоятда эса:

«Ким ушбу сабзавотни еса унинг ҳиди кетмагунча асло масжидимизга яқин келмасин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Муслим ва Насаий келтирган ривоятда:

«Умар розияллоҳу анҳу ўз хутбаларида:

«Эй, одамлар! Сизлар икки хил нарсани ейсизлар. Мен у иккисини, албатта, яхшимас нарса деб биламан; пиёз ва саримсоқ пиёз. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайси бир одамда уларнинг ҳидини топсалар, уни амр қилиб, Бақеъга чиқартириб юборар эдилар. Бас, ким у иккисини ейдиган бўлса пишириб, ўлдириб есин», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ривоятларда мусулмонлар ичида жамоатчилик одобини сақлаш, жамоат бўладиган жойга нохуш ҳидли бўлиб бормаслик зарурати таъкидланмоқда.

Исломда бу нарсага катта эътибор берилиши маълум ва машҳур. Катта жамоатларга, жума, ийд намозлари ва шунга ўхшаш жойларга ғусл қилиб бориш таъкидланган. Бу ҳам терлаш ва бошқа сабабларга кўра инсонда пайдо бўлган нохуш ҳидларни кетказиш, кўпчиликка озор бермаслик мақсадида шариатга киритилган.

Ушбу ривоятларда эса еган таоми туфайли нохуш ҳид чиқадиган бўлса, жамоатда кўпчилик нохуш ҳиддан озор топишини олдини олиш муолажа қилинмоқда.

Ушбу ривоятлардан олинадиган фойдалар:

1. Пиёз, саримсоқ пиёз ва ёввойи пиёз еган кишилар масжидга яқин келмасликлари кераклиги.

2. Одам болалари озор топадиган нарсага эга шахс масжидга бормаслиги кераклиги.

3. Ундоқ нарсалардан фаришталар ҳам озор топиши, шунинг учун ҳам мазкур кишиларнинг масжидга бормасликлари яна ҳам таъкидли бўлиши.

4. Саримсоқ пиёз ёки пиёз еган одамлар нафақат масжид балки, бошқа жамоатчилик жойларига ҳам бормай, уйида ўтириши лозимлиги.

5. Мазкур нарсаларни танаввул қилган одам, то уларнинг ҳиди кетмагунча кўпчиликка қўшилмай, масжидга бормай туриши лозимлиги.

6. Саримсоқ пиёз ёки пиёз еб масжидга келган одамни имом масжиддан чиқариб юбориши кераклиги. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Бақеъ қабристонига чиқартириб юборар эканлар.

Демак, ушбу ривоятларда зикр қилинган нарсалардан бошқа ноқулай ҳидга сабаб бўладиган нарса билан ҳам масжидга, жамоатчилик тўпланадиган жойларга бориб бўлмас экан.

Ушбу ривоятларда Ҳижоз юртларининг ўша пайтларда маълум ва машҳур ўткир ҳидли нарсалари зикр қилинган. Шунга қиёс қилиниб, ҳамма нохуш ҳидли, кишиларга озор берадиган нарсаларни истеъмол қилган кишиларни масжидга ва бошқа жамоатчилик жойларига бормаслиги зарурлигига ҳукм қилинади.


Термизий ва Насаий келтирган ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда шеър айтишдан, олди-сотди ва жума куни намоздан олдин ҳалқа бўлиб ўтиришдан наҳий қилдилар», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда масжид одобларидан учтаси ҳақида сўз бормоқда:

1. Масжидда шеър айтиш мумкин эмаслиги.

Чунки одатда шеърда ҳажв, баъзи ноқулай гаплар бўлади. Бу нарсалар масжид шароитига тўғри келмаганидан, бу ишни масжидда амалга ошириш ман қилинган. Лекин манфаатли, одоб ҳудудидаги шеър бўлса жоиз.

2. Масжидда олди-сотди қилиш мумкин эмаслиги.

Чунки олди-сотди учун бозор, савдо дўконлари бор, ўша жойларда қилиш керак. Масжид бозор ёки савдо маркази эмас.

3. Жума кунлари жума намозидан олдин халқа бўлиб ўтирмаслик.

Чунки ўша куни масжидга кўп одам келиши маълум. Халқа бўлиб ўтирилса, саф олишга халал бериши мумкин. Бу кунда келган одам олдинги сафлардан жой олиб ўтириши керак.

Ушбу ишларга ҳаётимизда тўла амал қилишга ўтсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини бажо келтирган бўламиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1дарсБИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг кайфиятиҲанафий мазҳаби ижтиҳоди ёғдусига кўраМАТН1Матн Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

3416 05:00 / 09.01.2017
Аллоҳ таоло .Ва қачон уларнинг ичида бўлсанг ҳамда уларга намозни қоим қилсанг, улардан бир тоифаси сен ила турсинлар,, деган.Шарҳ Ушбу оятда Аллоҳ таоло хавф бўлиб давоми...

5952 05:00 / 04.01.2017
Йигитлардан бири айтади .Мен бомдод ва хуфтон намозларини масжидда ўқиш учун дангасалик қилар эдим. Отам мени шижоатлантириш учун жуда кўп урундилар. Афсуски, давоми...

3693 19:00 / 22.02.2022
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб дуруду салавотларимиз бўлсин ....ва намозни тўкис адо эт. давоми...

4963 05:00 / 09.01.2017
Аудиолар

135355 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55603 14:35 / 11.08.2021