1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Нафл намоз ўқиш ман қилинган вақтлар

05:00 / 04.01.2017 11423 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши:

«Менга энг рози бўлинган кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг рози бўлингани Умардир.

«Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча ва Асрдан кейин (қуёш) ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар».

Бешовлари ривоят қилишган.


Шарҳ: «Энг рози бўлинган кишилар»дан мурод, ростгўйликларида ва динларида ҳеч қандай шубҳа йўқ одамлар, деганидир. Бу эса келтирилган хабар ўта ишончли ва муҳим эканидан дарак беради.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар:

1. Бомдод намози ўқилганидан кейин қуёш чиққунича намоз ўқиб бўлмаслиги.

2. Аср намозини ўқигандан қуёш ботгунча намоз ўқиб бўлмаслиги.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Намозингиз ила қуёшнинг чиқишини ҳам, ботишини ҳам қасд қилманглар. Чунки у шайтоннинг шохлари орасидан чиқади», дедилар».

Яна бир ривоятда:

«Қачонки қуёшнинг қоши чиқса, намозни у кўтарилиб бўлгунча кечга суринглар. Қачонки қуёшнинг қоши ботса, намозни у ботиб бўлгунча кечга суринглар», дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.


Шарҳ: Ушбу ривоятдаги «Қуёшнинг қоши» иборасидан мурод, қуёш доирасининг бир тарафи, қошга ўхшаб эгилган жойи тушунилади.

ҳадисдан олинадиган фойидалар:

1. Қуёш чиқаётган вақтда намоз ўқимаслик.

2. Қуёш ботаётган вақтда намоз ўқимаслик.

3. Қуёшнинг бир тарафи чиқиб кўрингандан ке¬йин у то тўлиқ кўтарилиб бўлгунча намоз ўқимай туриш.

4. Қуёшнинг бир тарафи ботгандан кейин то у тўлиқ ботиб бўлмагунча намоз ўқимай туриш.

5. Мазкур вақтларда намоз ўқиб бўлмаслигининг сабаби «Чунки у шайтоннинг шохлари орасидан чиқади», деган ибора билан баён қилинган.

Имом Муслимнинг ривоятида:

«Ва кофирлар унга сажда қилурлар» жумласи зиёда келган.

Демак, қуёшпарастлар унга чиқаётган, ботаётган пайтида сажда қилар эканлар. Шайтон эса ўша жойда туриб олиб, улар менга сажда қилаяптилар, деб масхара қилар экан. Ана ўша кофирларга ўхшамаслик учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни мазкур вақтларда намоз ўқишдан қайтарганлар.


Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши айтадилар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, кечанинг қайси вақти (дуо) эшитилувчироқ?» дедим. У зот:

«Кечанинг охирги қисми. Бас, хоҳлаганингча намоз ўқи. Албатта, намоз шоҳид бўлинган ва ёзилган бўлур. Токи бомдодни ўқигунингча, сўнгра қуёш чиқиб, бир ёки икки найза бўйи кўтарилгунча тўхта. Чунки у шайтоннинг шохлари орасидан чиқур ва кофирлар унга ибодат қилурлар. Сўнгра хоҳлаганингча намоз ўқи. Албатта, намоз шоҳид бўлинган ва ёзилган бўлур. Токи найзага ўзининг сояси тенглашганда тўхта. Чунки ўша пайтда жаҳаннам қизитилур ва унинг эшиклари очилур. Қачонки, қуёш моил бўлганда, хоҳлаганингча ўқи. Албатта, намоз шоҳид бўлинган бўлур. Токи, асрни ўқиганингдан ҳатто, қуёш ботгунча тўхта. Чунки, у Шайтоннинг шохлари орасидан ботур ва кофирлар унга ибодат қилур».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Абу Довуд ва Байҳақий ривоятида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунидан бошқа пайтда наҳорнинг ярмидаги намозни хуш кўрмаганлар. Чунки жаҳаннам Жума кунлардан бошқа вақтда қизитилади», дейилган.

Насаий ривоятида эса:

«Эй Бани Абду Маноф, ушбу уйни тавоф қилган ва кечаю кундузнинг хоҳлаган соатида намоз ўқиган одамни ман қилманглар», дейилган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийи Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Амр ибн Абаса ибн Омир ибн ҳомид ас-Самий, куниялари Абу Нужайҳ. Исломга биринчи бўлиб кирганлардан ҳисобланади. Амр Исломга кирганидаги воқени шундай баён қилади: «Қалбимга нимагадир: «Бутларга ибодат қилиш ботил», деган фикр келди. Бир одамга бу фикримни айтсам, у менга:

«Эй Амр, сен ўйлаган нарсани Маккада бир одам гапираётган эмиш», деб қолди. Бу гапдан кейин Маккага бордим. У одам ҳақида сўрадим, менга:

«Кечқурун Каъбани тавоф қилгани келади, кундузи бекиниб юради», дейишди. Каъба ёнида ухлаган эдим, «Лаа илаҳа иллаллоҳу» сўзидан уйғониб кетдим. У одамга бориб:

«Кимсан?» дедим. У киши менга:

«Аллоҳнинг Расулиман», дедилар.

«Аллоҳ сени нима билан юборди?» деб сўрадим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга ширк келтирмасдан Ўзига ибодат қилишга, қон тўкмаслик, қариндош-уруғлар орасида борди-келдини тиклашга», деб жавоб бердилар. У кишига:

«ҳозир сиз билан ким бор?» десам,

«Бир ҳур ва бир қул бор», дедилар.

«Қўлингизни беринг, сизга байъат қиламан», деб Исломга кирдим.

«Ана шу пайтда тўртта мусулмон эканмиз. Сўнгра, сиз билан турайми?» десам,

«Йўқ қавмингга қайт, агар мени бошқа жойга кўчганимни хабарини эшитсанг, келгин», дедилар.

Мен қавмимга қайтиб у ерда кўп вақт турдим. Кейин менга бир одам Муҳаммад Маккадан Ясрибга кўчди, деб қолди. Ясриб томон йўл олдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кириб:

«Мени танияпсизми?» десам,

«ҳа, сен менга Маккада байъат қилган эдинг», дедилар. Кейин билсам, орада Бадр, Уҳуд, ҳандақ жанглари ўтиб кетган экан.

Амр ибн Абаса Мадинага келиб, шу ерда турдилар. Сўнг Шомга кўчиб ўтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. Бу зотдан Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Умома ал-Боҳилий, Саҳл ибн Саъд, тобеинлардан Абу Идрис ҳувлоний, Салим ибн Омир, Касир ибн Мурра ва бошқалар ривоят қилишди.

Ушбу ҳадиси шарифда нафл намоз ўқиш мумкин бўлмаган вақтлар батафсил баён қилинмоқда. Уларнинг ҳикматлари ҳам баён қилиниши билан бирга, баъзи бир истиснолар ҳам зикр этилмоқда.

ҳадисдаги баъзи бир истилоҳлар билан танишиб олайлик:

«Кечанинг қайси вақти (дуо) эшитилувчироқ?»

Яъни, кечанинг қайси вақтида дуо ва ибодат яхшироқ қабул бўлади? Сўралган нарса ижобат қилинади?

«Кечанинг охирги қисми»

Яъни, кечанинг охирги олтидан бир қисми, деб тушумоқ керак.

«Албатта, намоз шоҳид бўлинган ва ёзилган бўлур»

Яъни, ўша намозга фаришталар шоҳид бўлурлар ва савобини ёзиб қўюрлар.

Хаттобий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Қуёшнинг шайтон шохлари орасидан чиқиши ва жаҳаннамнинг қиздирилиши каби нарсалар ҳис қилиш ва кўриш билан идрок этиб бўлмайдиган нарсалар. Ундоқ нарсаларга иймон келтириш ва улар ҳақида баҳс қилишни тарк этиш лозим», деганлар.

Бундоқ истилоҳлар мажозий бўлишини олдин ҳам ўрганиб чиққанмиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар:

1. Ибодат ва дуо қачон кўпроқ ҳамда яхшироқ қабул бўлишини сўраш мумкинлиги.

2. Кечанинг охирги олтидан бири дуо ва ибодат энг яхши қабул бўладиган вақт экани.

3. Ўша вақтда хоҳлаганча намоз ўқиш яхшилиги.

4. Ўша вақтдаги намозга фаришталар гувоҳ бўлиб, савобини ёзиб туришлари.

5. Бомдодни ўқигандан сўнг то қуёш бир найза бўйи кўтарилмагунча нафл намоз ўқиб бўлмаслиги.

6. Бу вақтда кофирлар қуёшга ибодат қилганлари учун уларга ўхшаб қолмаслик учун ман қилинганлиги.

7. Қуёш бир найза бўйи кўтарилганидан то найзанинг сояси ўзининг узунлигига тенг бўлгунча қадар хоҳлаганча нафл намоз ўқиш мумкинлиги.

Бу вақтдаги намозга фаришталар шоҳид бўлиб, савобини ёзиб туришади.

8. Найзанинг сояси ўзининг узунлигига тенг бўлганидан қуёш қиёмдан пасайгунча намоз ўқиб бўлмаслиги.

9. Ўша пайтда Жаҳаннам қизитилиб, эшиклари очилиши.

10. Қуёш қиёмдан оққандан кейин аср намозигача хоҳлаганча нафл намоз ўқиш мумкинлиги.

11. Ўша намозга фаришталар шоҳид бўлиши.

12. Асрдан кейин то қуёш ботгунича нафл намоз ўқиб бўлмаслиги.

13. Қуёш шайтоннинг шохлари орасидан ботиши ва кофирлар унга ибодат қилиши.

14. Жума куни наҳорнинг ярмида жаҳаннам қизитилмаслиги ва ўша куни у вақтда нафл намоз ўқиш мумкинлиги.

15. Байтуллоҳда кеча-кундузнинг хоҳлаган соа¬тида тавоф қилиб, намоз ўқиш мумкинлиги.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки намозга такбир айтилса, фарз намоздан бошқа намоз бўлмас», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Жамоат намози учун такбир айтилгандан кейин нафл намоз ўқиб бўлмаслигини ушбу ҳадисдан билиб оламиз.

Бу фаслда келган ҳадисларга ҳаётимизда тўлиқ амал қилишимиз лозим.


ХУЛОСА


Уламоларимиз мазкур далиллар ва улардан бошқа ҳужжатлару қоидаларни ишга солиб, намоз ўқиш ҳаром ёки макруҳ бўлган вақтларни тартибли равишда баён қилиб берганлар.

ҳанафий мазҳаби бўйича қуйидаги вақтларда барча намозларни ўқиш ҳаромдир:

1. Қуёш чиқаётган пайтда.

2. Қуёш қиёмга келган вақтда. (Жума куни мустасно)

3. Қуёш ботаётган пайтда.

Қуйидаги вақтларда нафл ўқиш ҳаром:

4. Бомдод намози фарзини ўқигандан то қуёш найза бўйи кўтарилгунча.

5. Аср намози фарзини ўқигандан то қуёш ботгунича.

ҳанафий мазҳаби бўйича қуйидаги вақтларда ҳам нафл намозлари ўқиш макруҳдир:

6. Тонг отгандан сўнг бомдоднинг суннатидан бошқа намозларни ўқиш.

Бунинг далили «Фажрдан кейин Бомдоднинг икки ракат суннатидан бошқа намоз йўқ» деган ҳадисда айтилган. Табароний Ибн Умардан ривоят қилган.

7. Шом намозидан олдин нафл ўқиш.

Чунки шом намозини тез ўқишга амрлар бор. Ундан олдин нафл ўқиш шомни кечиктириш бўлади.

8. Жума, ийд, ҳаж, никоҳ, кусуф ва истисқо хутбалари бўлиб турган вақтда.

Бу вақт имом минбарга чиққандан то намозни ўқиб бўлгунча давом этади.

9. Ийд намозидан олдин ва кейин.

10. Фарз намозга иқомат айтилгандан сўнг.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ёз ойларида одамлар енгил кийимларда намоз ўқишга ўтадилар. Ҳар хил енги, етаги калта кийимлар кийилади. Айрим намозхонлар сажда қилганларида орқаси, кети давоми...

9425 05:00 / 09.01.2017
НАМОЗНИНГ ҲИКМАТЛАРИБу дунёда ҳаёт кечираётган одамнинг ўзига яраша дарди ҳасратлари бўлади. Уларни бошқа одамларга айтса, ёрдам ола билмаслиги мумкин, давоми...

9530 05:00 / 04.01.2017
Шарҳ .Истисқо, сўзи арабча сўз бўлиб серобчилик, суғориш талаб қилиш маъносини англатади. Одатда, кутиб турилган сувнинг келиши кечикса уни талаб қилишга давоми...

7699 05:00 / 04.01.2017
...Исломни .севган кишиси, туфайли қабул қилган қизлар ҳам анчагина. Баъзи экспертлар бундайларни янги динга кирганлар қаторида юзлаб, ҳатто минглаб рўйхатга давоми...

4551 05:00 / 09.01.2017