1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Рашк нима?

14:23 / 12 май 1807 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ اللهَ يَغَارُ وَالْمُؤْمِنُ يَغَارُ، وَغَيْرَةُ اللهِ أَنْ يَأْتِيَ الْمُؤْمِنُ مَا حَرَّمَ اللهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки – мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсасини қилмоғидир», дедилар».

Термизий ва Бухорий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Рашк аслида шерикчилик мумкин бўлмаган нарсага шерикчилик қилиш оқибатида ҳақ эгасининг ғазаби қўзишини англатади. Кўпроқ эр-хотиннинг бир-бирини бошқалардан қизғанишини рашк деб аташ одат тусига кириб қолган.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рашк Аллоҳ таолога ҳам хос нарса эканлигини айтиш билан бирга, мўмин кишида рашк бўлиши зарурлигини таъкидламоқдалар. Аллоҳнинг рашки Ўзи қилмасликни амр этган ҳаром ишлар мўмин киши томонидан қилиниши туфайли келиши ҳам баён қилинмоқда. Яъни, Аллоҳ учун тарк қилиниши лозим бўлган ишнинг қилиниши, Аллоҳнинг амри эмас, бошқанинг амри бажарилиши Аллоҳнинг рашкини, яъни ғазабини келтириши турган гап эканлиги айтилмоқда. Ожиз инсон ўзига тобе одам бошқанинг айтганини қилса, қанчалар аччиғи чиқади. Аммо ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳнинг айтганини қилмай, бошқанинг айтганини қилишни ўзига эп кўради.

Аллоҳ таоло рашк қиладиган бўлганидан кейин мўмин киши ҳам рашк қилмоғи лозим. Васваса даражасига ўтмаган, мўътадил рашк яхши сифатдир.

قَالَ سَعْدُ بْنُ عُبَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: لَوْ رَأَيْتُ رَجُلًا مَعَ امْرَأَتِي لَضَرَبْتُهُ بِالسَّيْفِ غَيْرَ مُصْفَحٍ، فَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : أَتَعْجَبُونَ مِنْ غَيْرَةِ سَعْدٍ؟ لَأَنَا أَغْيَرُ مِنْهُ وَاللهُ أَغْيَرُ مِنِّي. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ. وَزَادَ مُسْلِمٌ: مِنْ أَجْلِ غَيْرَةِ اللهِ حَرَّمَ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ، وَلَا شَخْصَ أَغْيَرُ مِنَ اللهِ، وَلَا شَخْصَ أَحَبُّ إِلَيْهِ الْعُذْرُ مِنَ اللهِ، مِنْ أَجْلِ ذَلِكَ بَعَثَ اللهُ الْمُرْسَلِينَ مُبَشِّرِينَ وَمُنْذِرِينَ، وَلَا شَخْصَ أَحَبُّ إِلَيْهِ الْمِدْحَةُ مِنَ اللهِ، مِنْ أَجْلِ ذَلِكَ وَعَدَ اللهُ الْجَنَّةَ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ.

«Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу:

«Агар хотиним билан бегона эркакни кўрсам, уни қиличнинг тиғидан ўтказар эдим», деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Саъднинг рашкидан ажабланяпсизларми?! Мен ундан кўра рашкчироқман, Аллоҳ мендан кўра рашкчироқ», дедилар».

Муслим қилган зиёдада:

«Аллоҳ Ўз рашки сабабидан фоҳиша ишларнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ҳаром қилди. Аллоҳдан кўра рашкчироқ ҳеч қандай зот йўқ. Аллоҳдан кўра узрни яхши кўрадиган зот ҳам йўқ. Шунинг учун Аллоҳ Расулларни башорат берувчилар ва огоҳлантирувчилар этиб юборди. Аллоҳдан кўра мадҳни яхши кўрувчи зот йўқ. Шунинг учун Аллоҳ жаннатни ваъда қилди», дейилган. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Шарҳ: Аҳли Мадина, ансорий саҳобаларнинг раҳбарларидан бўлмиш улкан саҳобий Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу жуда ҳам ғайратли – рашкчи киши эдилар. У киши зино тўғрисида, бир эркак кишининг ўз хотинини бегона эркак билан ушлаб олиши тўғрисида гап кетганда ушбу ҳадисдаги гапни айтиб, ўша зинокор эркакни қилич билан чопиб ўлдиришларини айтганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ўзлари Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан кўра, Аллоҳ таоло эса у зотдан ҳам кўра рашкчи эканлигини баён қилганлар.

Аммо шундай бўлса ҳам, на Аллоҳ таоло, на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинини бегона эркак билан ушлаб олган кишига зинокорларнинг иккисини ёки бирини ўлдиришга рухсат беради! Чунки одам ўлдириш жуда ҳам оғир иш, у бир кишининг гувоҳлиги ёки ҳукми билан бўлиши керак эмас. Агар хотинини бегона одам билан ушлаб олган кишига ўша кишини ўлдириш ҳуқуқи берилса, ҳар ким ўзи ёмон кўрган одамни ўлдириб қўйиб, кейин «Хотиним билан ушлаб олиб, ўлдирдим», деб, қутулиб кетаверарди.

Бундай ҳолатда ҳукуматга арз қилинади. Агар зино собит бўлса, зинокорларга нисбатан шариатда белгиланган жазо берилади. Зино собит бўлмаса, эр-хотин қасам ичиб, бир-бири билан лаънатлашадилар ва оралари ажратилади.

Аммо эр зино тўғрисида арз қилиб туриб, лаънатлашишдан бош тортса, унга туҳматчи сифатида дарра урилади. Бу ҳукмлар иншааллоҳ, кези келганда батафсил ўрганилади.

Ушбу ҳадиси шарифнинг Имом Муслим келтирган ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим ҳикматни баён қилмоқдалар:

1. «Аллоҳ Ўз рашки сабабидан фоҳиша ишларнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ҳаром қилди. Аллоҳдан кўра рашкчироқ ҳеч қандай зот йўқ».

Аллоҳ таоло бандаларни яратиб, уларга ҳалол-пок яшаш йўлларини кўрсатиб қўйди. Улар ўша Аллоҳ кўрсатган йўлдан юришлари лозим. Аллоҳ шуни амр қилган, шуни хоҳлайди. Энди бир одам Аллоҳнинг бандаси бўла туриб, бошқанинг йўлидан юрса, албатта, Аллоҳнинг ғазаби келади. Жумладан, жинсий ҳаётда ҳам ҳамма бандалар Аллоҳ кўрсатган йўлдан юришлари лозим. Акс ҳолда Аллоҳ таолонинг рашки келади. Ана ўша рашки туфайли, бандаларим рашкимни келтирмасинлар, деб, ошкораю махфий – барча фоҳиша ишларни ҳаром қилган.

2. «Аллоҳдан кўра узрни яхши кўрадиган зот ҳам йўқ. Шунинг учун Аллоҳ Расулларни башорат берувчилар ва огоҳлантирувчилар этиб юборди».

Бандалар Расулларнинг айтганларига юриб, Аллоҳга тавба қилиб, узр айтсалар, ўзларига башорати берилган жаннатга эришадилар ва огоҳлантирилганлари дўзахдан қутуладилар.

3. «Аллоҳдан кўра мадҳни яхши кўрувчи зот йўқ. Шунинг учун Аллоҳ жаннатни ваъда қилди».

Демак, Аллоҳ ваъда қилган жаннатга эришиш учун У зотга мадҳ – ҳамду сано айтиш лозим экан. Бу Аллоҳ таолога ибодат қилиш, шукр қилиш ва У зотни зикр қилиш билан бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мўътадил рашк – яхши нарса, бу сифат Аллоҳнинг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва ҳақиқий мўмин-мусулмонларнинг сифатидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 13-жуз

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 03-07/7030-сонли тавсияси ила чоп этилган

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Тобароний, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қайси бир қавм закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни давоми...

1368 11:22 / 27.11.2024
Сафия онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикофда эдилар. Кечаси у кишини зиёрат қилгани келдим. давоми...

3234 16:35 / 30.04.2024
Ҳужжатулислом Абу Ҳомид Ғаззолий айтадиларАллоҳ таолонинг сифатлари борасида ҳам аксар инсонлар идрок қилолмайдиган махфий нарсалар бор.Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2219 09:00 / 10.09.2021
Алҳамдулиллаҳ, доимо халқ орасида юрамиз, кечаю кундуз одамлар билан мулоқотда бўламиз. Кимнингдир ҳаёт тарзидан хурсанд бўлсак, кимларнингдир дунёқарашидан давоми...

4459 18:06 / 21.05.2018
Аудиолар

210859 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130124 14:35 / 11.08.2021