1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ҳаётимиз осуда ва фаровон бўлиши учун

17:02 / 11.08.2017 6755 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом кўрсатмалари

Ҳар бир инсон яхши яшашни хоҳлайди. Камбағаллик ва қашшоқлик мукаммал ва давомий ибодат қилишга ҳалақит қилади. Чунки очлик ва етишмовчилик ибодат пайтида ҳам инсонни чалғитади, оила ва рўзғор ғами хаёлни қочиради.

Динимизда ҳаётимиз, умримиз ва ризқимизга барака, осудалик ва фаровонлик бахш этадиган маънавий ва ахлоқий усуллар бор. Афсуски, биз уларни кам қўллаймиз. Баъзида динимизга зид бўлган усулларни ҳаётимизга татбиқ этамизу, диний ва дунёвий манфаатларимизга хизмат қиладиган амалларни қилмаймиз. Қуръони Карим оятлари ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига риоя қилиш  айнан мана шундай фаровонлик ва манфаатлар топишимизда ҳар биримизга кўмак беради. 

Бунинг учун, 


Биринчидан, намозларни хушуъ билан адо этинг.  

«Эй иймон келтирганлар! Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки, зафар топсангиз» (Ҳаж сураси, 77-оят)

Иккинчидан, Қуръони Каримни зикр этинг.

«Биз нозил қилган бу Китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир. Охиратга иймон келтирадиганлар унга иймон келтирурлар. Ва улар намозларини муҳофаза қилурлар» 

(Анъом сураси, 92-оят).


Учинчидан,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуру саловатлар айтинг.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен:
— Ё Расулуллоҳ, мен сизга кўп салавот айтаман, дуоимдан қанчасини сиз учун салавот айтишга ажратай? – деб сўрадим. У зот:
—Истаганингча, – дедилар.
— Тўртдан бирини ажратсам бўладими? – дедим.
— Истаганингча, агар зиёда қилсанг, ўзингга яхши, – дедилар.
— Ярмини ажратсам бўладими? – дедим.
— Истаганингча, агар зиёда қилсанг, ўзингга яхши, – дедилар.
— Учдан иккисини ажратсам бўладими? – дедим.
— Истаганингча, агар зиёда қилсанг ,ўзингга яхши, – дедилар.
— Дуойимнинг ҳаммасини сизга салавот айтишга айлантирсамчи? – дедим.
— Унда ғам-ташвишларингдан қутуласан ва гуноҳларинг кечирилади, – дедилар.

(Термизий, Аҳмад, Байҳақий ривояти)

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Менга саловат айтишни кўпайтиринглар. Чунки менга айтган саловатларингиз гуноҳларингиз учун мағфиратдир. Менга даража ва василани сўранглар. Чунки Раббим ҳузурида менинг василам сизлар учун шафоатдир”, дедилар.


 Тўртинчидан, бомдоддан кейинги вақтни бедорликда ўтказинг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога: "Тонгда ухлаб ётмагин, чунки бу вақтда уч нарса: яхшилик, одоб ва барака тақсимланади", деганлар. Бомдоддан кейин кун чиққунча ухлаб ётиш камбағалликка, қашшоқликка, қарздорликка сабаб бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Саҳарда туринглар, чунки саҳарда барака бордир”, дедилар (Бухорий, Муслим ривояти).

 

Бешинчидан,  саховатли бўлинг.

“Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимаики нафақа қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни ўта билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-оят).

Ибн Имрон ибн Қосим ҳикоя қилади: «Аллоҳнинг расули менга шундай дедилар: «Ё Имрон, дарҳақиқат, Парвардигор мулкни яхши амалларга, ўз оиласини таъминлашга, муҳтожларга сарфлаганни хуш кўради.  Хасислардан нафратланади. Сен харажатлар қил, меҳмон қил. Хасислик қилма, акс ҳолда ҳаётинг мушкуллашади».


 Олтинчидан, гўзал хулқ эгаси бўлинг.

“Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!” (Раъд сураси, 28-оят)

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари Қуръон эди”. Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхшилик бу ҳусни хулқдир. Гуноҳ эса кўнглинг хотиржам бўлмаган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган ишингдир” (Муслим ривояти). 

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу ўғли Ҳасанга қараб: «Ё ўғлим! Такаббурликдан жирканчлироқ нарса йўқдир. Инсонга яхши феъл-атвор ва гўзал маънавий фазилатлар келтирганидан кўпроқ ҳеч нарса бахт келтирмайди», дедилар.

 

Еттинчидан,  омонатдор бўлинг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Омонат ризқни жалб қилса, хиёнат камбағалликни жалб қилади”, дедилар (Дайламий ривояти).  

 

Саккизинчидан,  ҳақгўй, тўғри йўл ва  тўғрисўз эгаси бўлинг.

«Албатта, “Роббимиз Аллоҳдир”, деган, сўнгра мустақим турганларга хавф йўқдир ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар» (Аҳқоф сураси, 13-оят). Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Сўнгра мустақим турганларга хавф йўқдир” оятини шарҳлаб: “Улар Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмадилар. Аллоҳдан ўзга биронта илоҳга юзланмадилар. Аллоҳ таоло Парвардигоримиз, деб собит турдилар”, деганлар.

 

Тўққизинчидан, тақводор бўлинг.

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшалар – ўзлари ютуққа эришувчилардир» (Нур сураси, 52-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга, Аллоҳга тақво этишингизни ва ҳабаший қул (бошлиқ) бўлса ҳам, унинг сўзини эшитиб, итоат қилишингизни васият қиламан. Чунки ким мендан кейин яшаса, кўплаб ихтилофларни кўради. Ана шу пайтда мени суннатимни ва тўғри йўлга етакловчи рошид халифаларни суннатини лозим тутиб, маҳкам ушланглар. Ва уни озиқ тишларингиз ила қаттиқ тишланглар. Аммо ишларнинг янги пайдо бўлганидан сақланинглар. Чунки барча янги пайдо бўлган ишлар бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Ҳар бир залолат эса дўзахдир”, дедилар (Абу Довуд, Термизий ривояти).

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва .Албатта, мен мусулмонларданман, деган кишидан кўра гўзал сўзли ким борДунёдаги энг гўзал сўз Аллоҳ таолонинг давоми...

5888 21:32 / 20.02.2018
Қуръони Карим тиловати борасида саволжавобларСавол Баъзилар Аёлларнинг билаклари ва сочлари очиқ ҳолда Қуръон ўқиши рухсат, яъни зарари йўқrdquo дейишади. Ҳолбуки давоми...

2236 16:25 / 01.04.2023
Яширин даъватдан ошкорага ўтиш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзининг амри ила бўлди. У зот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидаги икки оятни нозил қилди.Ва давоми...

4137 20:47 / 19.12.2017
Ўйлаб кўринг, таҳоратдан олдин .бисмиллах, айтилса, унга қанча меҳнат, вақт сарф бўлади, қанча пул тўланади Лекин ушбу кичкинагина амал инсоннинг зоҳирию давоми...

861 15:54 / 15 октябрь