Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ёмонликдан қайтарадиган нарса ҳаёдир | Тазкия дарслари (329-дарс)

19:00 / 24 май 1386 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ يَعْلَى رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  رَأَى رَجُلًا يَغْتَسِلُ بِالْبَرَازِ بِلَا إِرَازٍ، فَصَعِدَ الْمِنْبَرَ فَحَمِدَ اللهَ وَأَثْنَى عَلَيْهِ، ثُمَّ قَالَ: «إِنَّ اللهَ حَيِيٌّ سِتِّيرٌ يُحِبُّ الْحَيَاءَ وَالسَّتْرَ، فَإِذَا اغْتَسَلَ أَحَدُكُمُ فَلْيَسْتتِرْ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ. 

Яъло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ жойда иштонсиз ғусл қилаётган одамни кўриб қолдилар. Бас, минбарга чиқдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг:

«Албатта, Аллоҳ ўта ҳаёли ва ўта тўсингандир. Бирортангиз ғусл қилса, тўсиниб олсин», дедилар».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Бу гапларда одоб-ахлоқнинг олий даражаси ўз ифодасини топган. Мусулмонлар ичидаги мавжуд камчиликларни муолажа қиладиган ваъзхонлар ва хатиблар бундан ўрнак олишлари керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фалончининг фалон жойда қип-яланғоч ғусл қилаётганини кўрдим, «Шу ҳам иш бўлдими?» демадилар. Бошқа шунга ўхшаган гапларни ҳам айтмадилар. Балки аввал Аллоҳ таолонинг ўта ҳаёли эканини эслатиб, мусулмонларни ҳам ўта ҳаёли бўлишга ундадилар. Аллоҳ таолонинг ўта тўсинган эканини эслатиб, мусулмонларни ҳам ўта тўсинишга ундадилар. Сўнгра асосий мақсадга кўчиб, тўсиниб олиб ғусл қилиш кераклигини баён қилдилар.

عَنْ أَبِي أَيُّوبَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: «أَرْبَعٌ مِنْ سُنَنِ الْمُرْسَلِينَ: الْحَيَاءُ، وَالتَّعَطُّرُ، وَالسِّوَاكُ، وَالنِّكَاحُ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тўрт нарса расулларнинг суннатларидандир: ҳаё, хушбўй сепиш, сивок ва никоҳ», дедилар».

Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.

Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланган улуғ бир сифат, набийларнинг ҳаммаларига муштарак сифат бўлган нарсадир.

Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: «إِيَّاكُمْ وَالتَّعَرِّيَ، فَإِنَّ مَعَكُمْ مَنْ لَا يُفَارِقُكُمْ إِلَّا عِنْدَ الْغَائِطِ، وَحِينَ يُفْضِي الرَّجُلُ إِلَى أَهْلِهِ، فَاسْتَحْيُوهُمْ وَأَكْرِمُوهُمْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ فِي الْأَدَبِ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган шахслар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар», дедилар».

Термизий «Одоб боби»да ривоят қилган.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: مَرَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  عَلَى رَجُلٍ وَهُوَ يُعَاتِبُ فِي الْحَيَاءِ، يَقُولُ: إِنَّكَ تَسْتَحِي، حَتَّى كَأَنَّهُ يَقُولُ قَدْ أَضَرَّ بِكَ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «دَعْهُ، فَإِنَّ الْحَيَاءَ مِنَ الْإِيمَانِ». رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бировни ҳаёси учун «Сен ҳаё қилиб, ўзингга зарар қиласан», деб итоб қилаётган кишининг олдидан ўтиб қолдилар ва:

«Уни ўз ҳолига қўй! Албатта, ҳаё иймондандир», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Демак, ҳаё иймоннинг баркамоллигидан келиб чиқадиган хулқдир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаёли бўлишга ҳаракат қилиши лозим.

عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: «إِنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسُ مِنْ كَلَامِ النُّبُوَّةِ الْأُولَى: إِذَا لَمْ تَسْتَحِ فَافْعَلْ مَا شِئْتَ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири: «Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер»дир», дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Ҳа, ҳаёсиз киши барча ёмонликларни тап тортмай қилаверади. Одам боласини ёмонликдан қайтарадиган нарса унинг ҳаёсидир.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кунларнинг бирида бир гала қурбақаларнинг тўдасидан иккитаси чуқурликка тушиб кетибди. Ночор аҳволга тушиб қолган бечоралар юқорига сакрайверибдилар. Барча давоми...

5930 11:15 / 17.07.2018
Ғурурга кетишнинг зарарлари 1. Ғурурга кетиш нафси бузуқлик ва ичи қораликнинг далилидир. 2. Ғурурга кетиш ҳалокатга олиб боради. 3. Уламоларнинг ғурурга кетиши давоми...

4330 19:01 / 03.07.2022
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир, давоми...

3066 19:00 / 25.02.2024
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик ndash Аллоҳга, давоми...

2124 19:00 / 18.02.2023
Аудиолар

213191 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132411 14:35 / 11.08.2021