1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳ ҳар кимни қилганига яраша мукофотлайди ёки жазолайди.

19:00 / 20 май 925 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ

«Билингки, албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир ва албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Моида сураси, 98-оят).

Ҳалол-ҳаром ҳақидаги оятлардан сўнг бу оятнинг келиши юқоридаги амрларга бўйсуниш лозимлигини, бўйсунмаганлар шиддатли иқобга учрашини англатади, Аллоҳ таоло тавба қилиб, ўзини ўнглаганларнинг гуноҳини кечириб, уларга раҳм-шафқат кўрсатишини билдиради.

ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ

«Расулнинг зиммасида фақат етказиш бор, холос. Аллоҳ сизлар ошкор қилаётган нарсаларни ҳам, беркитаётган нарсаларни ҳам биладир» (Моида сураси, 99-оят).

Пайғамбар ўз вазифасини қойилмақом қилиб адо этди. Энди умматлар қиёматгача у зот етказган нарсага амал қилиб яшамоқлари лозим. Ошкораю махфийни билиб турган Аллоҳ ҳар кимни қилганига қараб мукофотлайди ёки жазолайди.

Кейинги оятда нарсалар қийматини солиштириш асоси баён қилинади:

ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ

«Сен: «Агар нопокнинг кўплиги сени ажаблантирса ҳам, нопок пок билан тенг бўла олмас. Аллоҳга тақво қилинг, эй ақл эгалари! Шоядки, зафар топсангиз», – деб айт» (Моида сураси, 100-оят).

Бу ояти карима Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитобдир. Унда исломий ўлчовда пок билан нопок тенг бўла олмаслиги баён қилинмоқда. Агар нопок нарса ўзининг кўплиги билан одамни қизиқтирса ҳам, озгина покка тенг кела олмайди. Ҳаром нарсалар кўп ва турли-туман, аммо Ислом ўлчовида ҳаром қанчалик кўп бўлмасин, озгина ҳалол билан баробар бўла олмайди. Албатта, ҳаромдан тўпланган нопок миллион-миллиард сўмлар ҳалолдан топилган пок бир сўмга тенг эмас. Сон-саноқсиз нопок ишлар биттагина пок ишга тенг кела олмайди. Ақл-ҳуши жойида бўлганлар шунга қараб иш кўрадилар:

«Аллоҳга тақво қилинг, эй ақл эгалари! Шоядки, зафар топсангиз».

Бундай гаплардан эси-ақли бор одамларгина ибрат оладилар.

«…эй ақл эгалари!» – деб хитоб қилинаётганининг боиси ҳам шу. Демак, инсоннинг ақли бўлса, нажот топиш умиди-нияти бўлса, Аллоҳга тақво қилиши лозим.

Исломий жамият аъзоларини тарбиялаб бориб, келаси оятларда ўз бошлиқлари билан, хусусан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юқори даражада одоб ва ахлоқли муносабатда бўлиш ҳақида сўз кетади.

Имом Термизий Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Одамлардан қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтуллоҳни ҳаж қилиш фарздир» ояти нозил бўлганда, одамлар:

– Эй Аллоҳнинг Расули, ҳар йилими? – деб сўрашди. У киши индамадилар. Улар яна:

– Ҳар йилими? – дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Йўқ. Агар, ҳа, десам, фарз бўлиб қолади, – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:

ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ

«Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар сизга изҳор қилинса, ўзингизга ёмон бўладир. Агар улар ҳақида Қуръон нозил қилиниб турган чоғда сўрасангиз, сизга изҳор қилинадир. Аллоҳ уларни афв қилди. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта ҳилмлидир» (Моида сураси, 101-оят).

Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида кўплаб ривоятлар бор. Улардан бирини юқорида зикр қилдик. Аслида бу оят ўша пайтда кенг ёйилган бир одатни муолажа этиш учун нозил қилингандир.

Эндигина жоҳилият замонидан чиқа бошлаган одамларнинг табиати ҳар хил бўлган. Улар орасида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлар-бўлмас саволлар билан мурожаат қилувчилари ҳам мавжуд экан. Баъзилари ўзини кўрсатиш учун, баъзилари фитна қўзиш учун ва яна бошқалари фаросати етмаганидан ҳам савол бераверар экан. Ўша пайтдаги воқеъликни тасвирловчи ривоятларда бу ҳол яққол кўзга ташланиб туради.

Имом ибн Жарир Тобарий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар зикр қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб, юзлари қизариб, минбарга чиқиб ўтирдилар. Шунда бир одам туриб, қаршиларига борди-да:

– Менинг жойим қаерда? – деб сўради.

– Дўзахда! – дедилар. Бошқа бири туриб:

– Менинг отам ким? – деди.

– Отанг Ҳузайфа! – дедилар.

Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб:

–        Аллоҳни Робб деб, Исломни дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар ва Қуръонни пешво деб рози бўлдик. Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, биз жоҳилиятдан ва ширкдан яқиндагина чиққан одамлармиз. Оталаримизнинг кимлигини Аллоҳнинг Ўзи билади», – деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабдан тушдилар. Кейин

«Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар» ояти нозил бўлди».

Бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Аммо мазкурлари кифоя қилар, деган фикрдамиз.

Бу оятни ўрганар эканмиз, англаб етамизки, Қуръони Карим ақийда, шариат масалаларини баён қилиш билан бирга, мусулмонларнинг кундалик ҳаётларига аралашиб, уларнинг қўлидан етаклаб, тарбиялаб ҳам борган. Ҳатто савол бериш одобигача ўргатган.

Аслида сўраб ўрганиш, маърифат ҳосил қилиш яхши нарса. Аммо ҳамма нарсанинг меъёри ва чегараси бўлганидек, саволнинг ҳам чегараси ва услуби бор. Ислом воқеълик дини бўлганидан, маърифат учун бериладиган саволлар ҳам воқеъликдан келиб чиқиши, кишиларга манфаат жалб этиши лозим. Инсоннинг илмини оширмайдиган, маърифатига хизмат қилмайдиган, воқеъликда бўлмайдиган икир-чикирларни сўрайверишдан кимга нима фойда бор? Айниқса, Қуръон нозил бўлиб турган пайтда. Чунки шариатнинг янгидан-янги ҳукмлари жорий этилиб турган пайтда ҳар хил саволлар берилаверса, қўшимча ҳукмлар тушиб, кўпчиликка жабр бўлиб қолиш эҳтимоли бор. «Ҳаж ҳар йили фарзми?» деб қайта-қайта сўраган одамга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Агар, ҳа, десам, фарз бўлиб қоларди», деб жавоб қилганларидан ҳам шу маъно чиқади. Ўша бир кишининг саволи сабаб бўлиб, ҳаж ибодати ҳар йили фарз бўлиб қолганда, мусулмонларга қанчалик қийин бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Бўлар-бўлмас нарсаларни сўрайвериш ҳар хил қийинчилик ва ноқулайликларга сабаб бўлиши мумкинлигидан ҳам бу нарса ман қилинмоқда.

Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, юқоридаги ривоятда «Отам ким?» деб сўраган одам Абдуллоҳ ибн Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бўлган. У киши қадимдан мусулмон эди. Ҳабашистонга ҳижрат қилган, Бадр ғазотида қатнашган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчилари сифатида у зотнинг мактубларини Форс подшоҳи Кисрога олиб борган эътиборли шахс эди. Аммо у киши дабдурустдан «Отам ким?» деб ноқулай савол берди. Саволининг ноқулайлигини айниқса, онасидан дакки эшитганида яна ҳам яхшироқ ҳис этди. Онаси у кишига:

– Сендан кўра оқроқ болани кўрмадим. Онанг жоҳилият аёллари қилган ишларни қилиб қўйган бўлганида, уни одамлар орасида шарманда қилган бўлар эдинг! – деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Ҳузайфа:

–        Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ менга «Бир қора қул насабидансан», деганларида, шундай бўлар эди, – деди. Яъни, Абдуллоҳнинг отаси Ҳузайфа экани маълум ва машҳур бўлишига қарамай, худди онам хиёнат қилиб, биров билан зино қилмаганмикан, дегандек шубҳага бориб, савол берган.

Мусулмонларни шунга ўхшаш ноқулайликлардан сақлаш мақсадида уларга хитоб қилиниб:

«Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар сизга изҳор қилинса, ўзингизга ёмон бўладир», – дейилмоқда.

Яъни, «Сизга бир ҳукмнинг керакли қисми айтиб қўйилган, масалан, ҳажнинг фарзлиги. Лекин сиз у ҳақда сўраб-суриштираверсангиз-у, ўша сўраган нарсангиз юзага чиқса, ўзингизга ёмон бўлади. Тоқатингиздан ташқари таклиф бўлиши ёки бошқа бир оғирроқ ҳукм келиши мумкин».

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ таоло сизларга фарзларни буюрди, уларни зое қилманг; чегаралар қўйди, уларни бузиб ўтманг; бир қанча нарсаларни ҳаром қилди, поймол қилманг; унутиб эмас, сизларга раҳм этиб, бир қанча нарсаларни зикр қилмади, улар ҳақида сўраманг», деганлари ривоят қилинади.

Имом Муслим Омир ибн Саъддан, у эса ўз отасидан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмонларга ҳаром қилинмаган бир нарса ҳақида сўраса-ю, унинг саволи сабабидан ўша нарса мусулмонларга ҳаром қилинса, ўша одам мусулмонлар ҳақида энг катта гуноҳ қилган бўлади», – дейдилар.

Бу ҳоллар Қуръони Карим тушиб турган пайтда айниқса, хавфли бўлиб, ҳар бир лаҳзада янги оят нозил бўлиб, қўшимча савол туфайли мусулмонларга таклиф кучайиши эҳтимоли бўлган.

Аввалги авлод мусулмонлари бу ҳақиқатни яхши тушуниб етганларидан ўзларини эҳтиёт қилишар эди.

Имом Доримий ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши: «Расулуллоҳнинг саҳобаларидан кўра яхшироқ қавмни кўрмадим. Улар у зот вафот этгунларига қадар ўн учта савол сўрашган, холос. Бу саволларнинг ҳаммаси Қуръонда зикр қилинган: «Сендан ҳаром ой ҳақида сўрайдилар»; «Сендан ҳайз ҳақида сўрайдилар», каби. Улар фақат ўзларига манфаатли нарсаларнигина сўрашар эди», – деганлар.

Имом Молик эса: «Мен бу юртнинг (яъни Мадинаи Мунавваранинг) Китоб ва суннатдан бошқа нарсага амал қилмаслигини кўрдим. Агар бир янги масала пайдо бўлса, амир уламоларни тўпларди. Уламолар нимага иттифоқ қилсалар, амалга оширар эдилар. Сизлар эса саволларни кўпайтираверасизлар. Расулуллоҳ бу ишни хуш кўрмаганлар», – деган эканлар.

Ҳа, афсуски, замонлар келиб, мусулмонлар Исломнинг бошқа таълимотлари қатори, бу таълимотини ҳам унутиб, бўлар-бўлмас масалаларни хаёлан тўқиб чиқаришга, уни ҳал қилишга ортиқча вақт, ақл-заковат ва куч-қувват сарфлашга ўтиб кетдилар. Бу ҳақда кўп гаплар бўлиб ўтган. Аммо ҳаммаси бефойда нарсалар экани одамни афсуслантиради. Баъзи фиқҳ китобларида шу қабилдаги масалани ўқисанг, ҳайрон қоласан. Мисол учун, қуйидагича савол берилади: «Ҳомиладор аёлни тўлғоқ тутиб, боланинг боши чиққанда намоз вақти кириб қолса, қандай қилиб намоз ўқийди?» Жавоб тайёр: «Боланинг бошидан каттароқ қилиб ердан чуқур кавлайди. Саждага борганда, ўтирганда, боланинг боши ўша чуқурда тушиб туради, ҳеч қаерга тегмайди. Зарар тортмайди». Лекин «Воқеъликда шу иш бўлиши мумкинми?» деган фикр хаёлга келмаган.

Бунга ўхшаш саволлар ва уларга жавоб ахтаришлар, жавоб бир хил бўлмай қолса, орада жанжал чиқаришлар керагидан ортиқ кўрилган. Бундай ҳол фақат фиқҳда эмас, илми калом, фалсафа ва бошқа соҳаларда ҳам авж олган. Оқибат ҳаммага маълум. Аслида бу ишлар Ислом руҳига тўғри келмайди. Воқеъликда бўлмаган нарсани савол қилиб сўраш аввалги мусулмонларнинг одатида йўқ эди.

Имом Доримий ўзларининг «Сунан» китобларида ривоят қилишларича, Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлмаган нарсани сўраган одамни лаънатлар эканлар.

Зуҳрий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятга қараганда, улуғ саҳобалардан Зайд ибн Собит Ансорий розияллоҳу анҳу бирор иш ҳақида масала сўралса, «Бу содир бўлдими?» – деб сўрар эканлар. Агар «Ҳа содир бўлди», дейилса, у иш ҳақида билганларини айтар эканлар. Агар «Ҳали содир бўлгани йўқ», дейилса: «Содир бўлгунча қўйиб туринглар», – дер эканлар.

Беҳуда саволларни беравермаслик ҳақида бир қанча ҳадиси шарифлар ҳам бор.

Имом Муслим Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло сизларга оналарга оқ бўлишни, қизларни тириклайин кўмишни ва ман қилиб туриб, бер, дейишни ҳаром қилди. У сизларга уч нарсани ёмон кўрди: қийлу-қолни («деди-деди»ни), кўп саволни ва молни зое қилишни», – дедилар.

Ушбу оятнинг нозил бўлишига бир қанча сабаблар бўлиб, уларнинг ҳар бирида етарлича ваъз-насиҳатлар борлигини аввалда кўрдик. Шунга қарамасдан, Аллоҳ таоло кўп ноўрин савол яхшиликка олиб бормаслигини ўтганларнинг мисолида ҳам ўрнак қилиб кўрсатишни ирода қилди.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Биз барча одамларни ўз имомлари ила чақирадиган Кунни эсла. Кимга китоби ўнг томонидан берилса, бас, ана ўшалар давоми...

1663 19:00 / 21.06.2024
.Эй Расул Оғизлари ила .Иймон келтирдик, деб, қалблари иймон келтирмаганлар ва яҳудий бўлганлардан иборат куфрга давоми...

2309 19:00 / 28.09.2023
.Улар осмонлару ерни яратган Аллоҳ уларга ўхшашини яратишга қодир эканини ва улар учун шакшубҳасиз ажал белгилаганини билмадиларми Бас, золимлар давоми...

1554 19:00 / 13.08.2024
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб давоми...

4508 16:00 / 01.03.2023
Аудиолар

210851 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130115 14:35 / 11.08.2021