1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Офиятга сабабчи бўлган барг

16:00 / 20.03.2023 4939 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир қиз тўшакда ётганча оғир касалликдан азоб чекарди. Деразадан кўриниб турган дарахтга назар солганча опасидан сўради: «Дарахтда нечта барг қолди?».

Опаси кўзлари ёшга тўлган ҳолда: «Нега сўраяпсан синглим?», деб жавоб берди.

Бемор сингил: «Чунки охирги барг ерга тўкилиши билан менинг умрим ҳам ниҳоясига етади деб ўйлайман-да», деди.

Опа табассум қилган ҳолда: «Ундай бўлса ўша кун келгунича ҳаётимиздан фойдаланиб, кунларимизни гўзал тарзда ўтказамиз», дея таскин берди.

Орадан кунлар ўтиб, дарахтдаги барглар бирин-кетин тўкилиб-тўкилиб, охири бир дона барг қолди. Бемор қизалоқ ўша баргга термулар, шу барг тўкилиши билан ҳаётим ҳам тугайди деб ўйларди. Куз фасли якунланиб, ортидан қаҳратон қиш келди. Шу тарзда бир йил ҳам ўтиб кетди. Аммо барг ҳали-ҳануз дарахтдан узилиб ерга тушмади. Қизалоқ бундан хурсанд эди. Опаси билан бахтиёр ҳолда кунларни ўтказар, аста-секин саломатлиги ҳам яхшиланиб борарди. Охир-оқибат қизалоқ оғир дарддан бутунлай соғайиб кетди. Оёққа тургач баргни нега тўкилмаганини билиш учун дарахт олдига борди. Қараса, опаси пластик барг олиб келиб, дарахтга ўрнатиб қўйган экан.

Хулоса

Умид мўмин кишининг қанотидир. Шунинг учун мўмин-мусулмон инсон Аллоҳ таолонинг раҳматидан асло умидини узмаслиги лозим.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишни амр қилиб шундай марҳамат қилди:

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
 

(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига исроф, жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Зумар сураси, 53-оят)

Имом Бухорий Саъийд ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» – деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилган экан.

Тафсирчи уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу ояти карима Қуръондаги энг умидворлик ояти ҳисобланади. Бу оятда бандалар учун энг улуғ башорат бор.

Аввало, Аллоҳ таоло:

«Эй ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим», – деб, бандаларига Ўз нисбатини бермоқда.

Аслида, «исроф» деб мол-дунёни ортиқча сарфлашга айтилади. Шунингдек, бу сўз маънавий жиҳатдан ҳаддан ошишга нисбатан ҳам ишлатилади. Бинобарин, гуноҳ қилган одам исрофчи бўлади, чунки у Аллоҳ белгилаб қўйган ҳаддан (чегарадан) чиққан ҳисобланади. Гуноҳ туфайли ҳаддидан ошган одам ўзига зарар, жабр қилади. Аллоҳ таоло ушбу оятда бандаларининг гуноҳ сабабли исрофга йўл қўйиб, ўзларига жабр этишларини айтмоқда.

«…Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!»

Унинг раҳмати жуда кенгдир.

«Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар».

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида ширкдан бошқа барча гуноҳларни мағфират этишини таъкидлаган. Чунки,

«Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

Тавба қилган бандаларнинг гуноҳларини кечиради.

Муфассирларимиз, аввал айтиб ўтилганидек, ушбу ояти каримани Аллоҳнинг Китобидаги энг умидли оят, деб таъкидлайдилар ва, шу билан бирга, бу умид гуноҳга ташвиқ этувчи умид эмаслигини ҳам қаттиқ уқтирадилар. Яъни «Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради» деган умид билан била туриб, гуноҳларда давом этишнинг фарқи бор. Бу оятда Аллоҳнинг қонун-қоидаларини билмасдан аввал гуноҳ қилиб юрганлар мағфиратдан умид узмасликлари кераклиги айтил­япти.

Манба: «Ал-Мутанаббий» саҳифаси

 

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

 

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бразилиялик ёзувчи Пауло Коэло қуйидаги қисқа ҳикояни шундай баён қилади.Бир ота газета ўқишга уринарди. Лекин кичик ўғли унга халақит бериб, газета ўқитмас эди. давоми...

2661 14:00 / 27.12.2022
Тошкентлик аҳли илм биродарларимиздан бири ҳикоя қилади.Бир куни узоқ вилоятга бир иш билан боришимга тўғри келиб қолди. Йўл узоқ бўлгани сабабли тадорик ҳам давоми...

2692 09:00 / 07.07.2021
У танасига орқа томондан ёки ён тарафдан ўқ зарбаси келишига одатланиб қолганди. Лекин уни хафа қилган, унга даҳшатли фожиа бўлиб таъсир қилган, жойида донг қотиб давоми...

1827 11:00 / 04.08.2023
Университетлардан бирида доктор талабалардан сўради .Агар дарахтда тўртта чумчуқ қўниб турган бўлса, улардан учтаси учишга қарор қилса, дарахтда нечта чумчуқ давоми...

3217 16:00 / 01.01.2024
Аудиолар

213157 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132378 14:35 / 11.08.2021